Поиск

"Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун соғлом куч ва ташкилот керак"

 


Албатта, қуйидаги сўзларни Усмон Носир таҳаллуси остида ёзган одам ўзининг ва ўз яқинларининг ҳавфсизлигидан келиб чиқиб, таҳаллус қўллаган бўлиши мумкин.

Аммо, унинг фикрларида жон бор.

Ҳақиқатан ҳам, шу кунгача очиқ ёки яширин "фаолият" кўрсатиб келаётган "партия" ва ҳар -хил "ҳаракат"ларнинг миллатчилик, ирқчилик, диний ва дунёвий бўлгинчилик каби иллатлар устига қурилган сиёсий платформаси, тактикаси, бугунги вазиятга мос келмайдиган даражада эскирди, яроқсиз ҳолатга келди.

Уларнинг тожу тахт, молу дунё, қасос васвасаси билан мийялари айниб, телбаланиб қолган бири тажанг, бири ўлгудек лақма, бирлари ёмон хотиндай маккор, яна бирлари кулгили даражада чаласавод "лидер ва лидерчалари" эса, аллақачон сиёсий арвохларга айланган.

Бу чириб, тешилиб кетган етмишямоқ "сиёсий ташкилотлар"ни таъмирлаш ҳам керак эмас.

Бугунги ўзбек жамияти, сиёсий платформаси УМУМИНСОНИЙ ҒОЯЛАР билан суғорилган соғлом янги сиёсий партияларга, ҳамда ақли тиниқ, фикри теран, қуруқ гап - лақмалогиядан йироқ, қўлидан амалий иш келадиган, сиёсий маданият ва одобга эга, замонавий сиёсатдаги баланд -пастликларни, балансировкани яхши  биладиган, узоқни кўра оладиган саводли, серқирра билим эгаларига,ҳақиқий маънодаги дипломат лидерларга мухтож.

 

 

Холдор Вулқон.

 

Усмон Носир деган муштариймиз шундай фикрда:


Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун, уни ўзгартира оладиган бир соғлом куч ва ташкилот керак. Бундай ташкилот, миллионлаб муҳожирларни бирлаштира оладиган сиёсий партия бўлиши мумкин. Бу партияни программаси халқ дардини тушуниш, миллат келажагини ўйлагани ҳолда, адолатпарварлик, ҳақиқатпарварлик руҳида, ватанни севган инсонлар ғоялари ифодаланган программа бўлиши керак. Бу партия ишончни қозонса, қудратли бир кучга айланади.

 

 

Ўртадаги матн BBC радиоси ўзбек бўлими сайтида эълон қилинган "Би-би-сига айтаман" мақоласидан олинди.

 

Севимли кар гаранг пушти панохинг, сендан фойдаланиб бўлгач, кетинга қаратиб тепган хўжайининг халқнинг фарёдига қулоқ солмаса, эшитиб, эшитмаганга олса, Элимиз дардини BBC га айтмай кимга айтсин?Энанга айтсинми?

 

 

Фарид Усмон

CCCР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, таниқли ўзбек ғазалнавис шоири.

 

 

Ҳа, менга илк бор шеър ёзиш техникасини ўргатган устозимиз Фарид Усмон айтмоқчи, ёруғлик ҳаммага тенг ва у бою камбағал демай барчага баробар хизмат қилади.

Баъзан баъзиларнинг деразалари ёруғ, ўзлари шодумон яшаган ҳолатда кимларнингдир уйида чироқ ёнмайди.Уйида чироқ ёнаётганлар вақти келиб, зулмат ҳам шоху гадога баробар бўлиб қолиши ҳақида ўйламайдилар.

Яхшиям бошқармаларга бўйсунмайдиган беминнат, бепул қуёш бор, ой бор, юлдузлар бор!

Устоз, ғазалларингизни ва муҳаммасингизни ўқиб, хурсанд бўлдим.Ҳамиша соғ -омон бўлинг!Жиянларимга, келин аямга, устоз Олимжон Холдорга,Туячи бойга, Турсунбой Тилсимга, Нусрат акага, Мухсин акага, Одил Нишонга, Одилжон Эгамбердиевга,Рафиқ Мухторга ва бошқа ижодкор дўстларга салом айтинг.Ҳурмат билан,

 

Холдор Вулқон.

 

Ёруғлик барчага тенг…

 



Салом йўллай дедим сенга саболардан, саболар йўқ,
Кўнгил арзимни айтмоққа азм этсам, наволар йўқ.
Сабосиз боғда гул хомуш, навосиз гул эса вайрон,
Сукунат тош каби бағрим эзар, сирли садолар йўқ.
Фидо қилмоққа жонимдан кечиб эрдим ўшал фурсат,
Хаёл тўхтатди: эй, тўхта, гўзалларда вафолар йўқ.
Қадрдон дўст хаёлим бирла кездим кўча-кўйларда,
Бу не ҳол, кўча-кўйлар ичра чин дўст-ошнолар йўқ.
Фақат “йўқ-йўқ” садоси янгради солсам қулоқ ҳар ён,
Ўзим ҳайрон, кўзим гирён, бу йўлда раҳнамолар йўқ.
Фарид бир номанинг бор изтиробин айта олмай лол,
Салом йўллай деган сари саболардан, саболар йўқ.

* * *


Ёруғлик барчага тенг, ҳар бутоғ-у гулга, япроққа,
Ёйилгай кўчага у, далага, ҳам қирга, ўтлоққа.
Масофа англамасдир ўтибон боргай узун йўлдан,
Сингиб кетгандир у ҳар фурсату, ҳар лаҳза, ҳар чоққа.
У ҳар ободу ҳар вайронани тенг кўргали боис,
Муяссардир кўнгиллар мулкида эъзозу ардоққа.
Ажаб, тонг уфқида бир тонг уни бир зум қучиб эрдим,
Нетай, у кулди устимдан, ёйилди шунда ҳар ёққа.
Фарид, хушнуд бўлурман гоҳи-гоҳо дуч келиб унга,
Нигоҳ солсам чўзиб бўй қўшни қизлар сайр этар боққа…

* * *


Кўзим, гулзора боқ, сен ушбу гуллар қадрига етгил,
Ватан эъзозини гул васфида авлодлара элтгил.
Қара, оқ, пушти ранг, ҳам сап-сариқ, ҳам қип-қизил рангни,
Бу ранглар ичра сен ҳар субҳидам бир сайр этиб ўтгил.
Тароват гулшанида сайраган булбулга минг раҳмат,
Кўнгил, боғларга оққан тип-тиниқ сувдек сингиб кетгил.
Бўлиб чин улфатинг шодлик, қувончга ошнолиғ эт,
Унут буткул аламларни — жаҳон қайғусини тепкил.
Бу гуллар — кўз, бу гуллар — юз, табассум айлаган чеҳра,
Фарид, бағрингга бос, ардоқлагин, ҳар сония ўпгил.

 

 

 

 

 

Подробнее...

 

Восит Аҳмад ҳақида икки оғиз сўз

Восит Аҳмад андижонлик ҳажвчи ёзувчи. Юз тузилиши билан чойхоначи Абдусалом ролини қойил мақом қилиб ижро этган ажойиб актерни эслатадиган бу ижодкор табиатан қувноқ  ва  айни пайтда, бировнинг ҳаққидан қўрқадиган  ҳалол,  камтарин, донишманд  инсон, яхши  дўст, қолаверса баъзи сохта шохер ва язувчилар, найнов, довдир тахтапешоналар каби ақлсиз бошини адабиёт кулохига, тожига ҳозирлаб, "ДАҲО"ликни даъво қилмайди.

Демоқчимизки, Восит Аҳмад ёниқ - ёрқин истеъдоди Худо тамонидан ато этилган ҳақиқий маънодаги иқтидорли замонавий ўзбек ёзувчиларидан биридир.

 

Холдор  Вулқон

 

Восит Аҳмад

Ақллилик балоси

(ҳажвий ҳикоя)



Ота-онаси хизмати ва меҳнати билан Хушнуд тенгдошларига нисбатан барвақтроқ улғайди: кўп китоб ўқигани учун билимлироқ бўлиб ўсди. Лекин уни ишлатишда ҳали меъёрни билмагани сабабли азиятлар ҳам чека бошлади. Бу бутун ҳаётида одат тусига айланди.

Ҳар қалай баҳсларда қатнашиб, калтак остида қолган Суқротнинг ачинарли ҳолати бошига тушмаган бўлса-да, у ҳам бу борада кўп кўргиликларни кечирди. Нохушликлар мактаб ёшидаёқ юз берди.

Бешинчи синфда ўқиётган болакай ёш ўқитувчига уч марта танбеҳ берди.

– Опа, Навоий билан Бобурни алмаштириб юборяпсиз.

Учинчи танбеҳдан кейин тоқати тоқ бўлган ўқитувчи қулоғидан чўзиб ташқарига олиб чиқди. У ёқ-бу ёққа қараб олгач сўради:

– Хўш, қаерида адашдим?!

– Ҳамма ерида, айниқса, туғилган ва вафоти саналарида…

– Тўғриси қандай?

Хушнуд айтиб берди. Ўқитувчи ҳозиргина чўзган қулоқларини силаб қўйди.

– Энди, Хушниджон, программа катта. Адашиб кетаркансан-да. Лекин буни секин, синфдан ташқарида, дарсдан кейин айтсанг ҳам бўлади-ку. Болалар олдида…

Йўқ, у бундай қилмади. Чунки у тенгқурлари нотўғри билимга эга бўлишини ҳоҳламасди. Қулоқлари ҳам кўп чўзилаверганидан каттайиб борарди, лекин шартакилик қилишни қўймас эди.

Мактабни тамомлаб муҳандислик олийгоҳида ўқиётганда ота-онаси уйлантириш пайига тушди. Бунда ҳам у кўп ғавғоларни келтириб чиқарди. Аввалига бечора оила пешволари “ўзимиз пиширган ош…” дея, қўл қовуштириб туришди. Аммо Хушнуд тобора қуюшқондан чиқиб борарди. Ақлли ўғил ҳар гал қиз кўргани чиққанда ё ўзи ҳурпайиб қайтар, ё келин бўлғувчи қочиб кетган бўларди. Аммалари ҳам ундан обдон зерикишди.

Бир куни Хушнуд учрашувга чиққан қизни мактабга етаклаб қолди. Одатда йигитлар қизларни боғларга, музқаймоқхоналарга бошлагувчи эди. Аммалар ҳайратда қараб қолдилар. Қиз ҳам “Бу жинни бўлганми” дегандек, ортидан хушламайгина эргашди. У қизни география хонасига олиб кириб:

– Қани, Маҳлиёхон, Ўзбекистонни кўрсатиб юборинг, – деди харитага ишора қилиб.

Ҳам эсанкираб, ҳам жаҳлланган қиз мактабдан қочиб чиқди. Хушнуд ҳукм чиқарди: Ўзбекистонни кўрсатиб беролмаган қиз менга муносиб эмас.

Бошқа бир қиздан:

– “Ўткан кунлар”ни ўқиганмисиз? – дея сўраб қолди.

Қиз ўқимаган экан, у ҳам кун тартибидан тушди. Яна бир куни янги “номзод”дан “Амир Темурни биласизми?”, деб сўради. Билмас экан – у ҳам хотинликка нолойиқ топилди. Нолойиқ топилдигина эмас, тутқазилган гул ҳам ундан тортиб олинди.

Бундай чегараси йўқ машмашалардан тўйган она охири ёрилди:

– Ҳой, сен харидор киёвмисан ё ишга ўқитувчи олаётган мактаб директори?

– Ойи, оддий саволларимга жавоб беролмаган қиз билан қандай қилиб бир умр яшайман?

– Вой ўлмагур, қиз кир ювиш, овқат қилишу нон ёпишни билса бўлди-да. У сенинг ўқувчингмики, ҳар куни савол-жавоб қилиб ўтирсанг…

Ҳартугул унинг ҳам муносиби топилди. Бу борада у Хушнуддан ҳам ўтиб кетди. Ўқув юртларида таълим олмаган эса-да, шундай ғазаллар ўқидики, Хушнуд маҳлиё бўлди-қолди. Учрашув сўнггида ҳатто четларига Саъдий ҳикматлари битилган рўмолча ҳам ҳадя этди. Ўша қиз умр йўлдоши бўлди.

Хушнуддан ҳамкасблари ҳам безор эди. У туйқусдан савол бериб қолишидан ёки олдида қовун тушириб қўйишдан чўчиб ўзларини олиб қочиб юришарди. Айниқса, у “Техник ходимга адабиёт-санъат-у, тарих нега керак?”, деганларни талаб ташларди. Бир куни тушлик пайтида ҳамхонаси билан кино санъати борасида суҳбатлашиб қолди. Гап айланиб аввалроқ вафот этган машҳур ўзбек артисти тўғрисида кетганда шериги хол қўйди.

– Ҳақиқатдан зўр артист-да, янги кинолари чиқмай қолди-я.

Мириқиб суҳбатлашаётган Хушнуд томоғига бир нарса тиқилгандек ютинди.

– У энди ўйнолмайди…

Бир куни ишхонага лектор келиб Амир Темур ҳақида маъруза қилди. Бир соатли нутқда Амир Темур сўзи ўттиз етти марта такрорланди. У ҳар гал Амир Темир дер, Хушнуд Амир Темур дея тузатарди. Лектор, қайта-қайта танбеҳ эшитгач, анча тўғри талаффуз эта бошлади.

Хушнуд оддий муҳандис бўлишига қарамай, ҳар соҳадан яхшигина маълумотга эга эди. Айниқса, миллий қадриятлар, маданиятга оид соҳаларда анча зукко эди. Шунинг учун атрофидагилар уни Даҳо, Мавлоно деб аташарди. Бинолар пештоқи, йўл бўйларидаги нотўғри ёзувлар ҳам нигоҳидан қочиб қутилмасди. Ўша ёзувлар ўнгланмагунча мутасаддиларни тинчитмасди. Бир олим уни шундай дея алқаганди:

– Яхшиям шундайлар бор-а. У санитар, атрофдаги иллату кирларни тозалаб юради…

Лекин ёши улғайган сари, қолаверса, атрофида жини суймайдиганлар кўплиги боис асаблари қақшаб, тез-тез хасталанадиган бўлиб қолди.

Қайси куни бир ҳамкасби ногаҳон ташланди.

– Ўлчовни ўз даражангизда қўяверманг, ўз ишимизни пухта билсак бўлади-да, – дедию балога қолди.

– Аввало, ўз ишингизни ҳам яхши билмайсиз. Иккинчидан, эсингизга солиб қўяй. Фудболдан йироқ бўлганингиз боис, ашаддий ишқибоз бўлмиш бошлиқ машинасидан ўсал ҳолда тушириб юборилганингиздан сўнг ўлиб-тирилиб шу спорт турини ўргандингиз-ку. Нега энди ҳеч бўлмаса ҳар бир фуқаро билиши керак бўлган, ўзга миллатлар олдида хижолатчилиги ўлим билан баробар бўлган оддий қадриятларимизни, адабиётимиз ва санъатимизни билишдан, ўрганишдан қочасиз?

Хушнуд ака таъсирида атрофидагилар – қариндош-уруғлар, хусусан, ҳамкасблари у-бу нарсаларни ўрганиб қўйишга тиришишар, унинг тиғига учрашдан, тўғриси, қаттиқ чўчишар эди.

Оилада хотини анча маслакдош бўлса-да, баъзида у ҳам эри “қилмиш”ларидан додлаб юборишига сал қоларди. Айниқса, қизига харидор бўлган йигитларни минг чиғириқдан ўтказишлари жонига тегди. Куёвликка номзодлардан бири физика ўқитувчиси экан. Уни хўп тафтиш қилгач, бир неча қонунни билмаганлиги учун, “Чала ўқитувчи куёвум бўла олмайди” деди. Яна бир бўлғуси куёв одам анатомиясини билмагани учун, пешонасига “йўқ” муҳрини босиб тўнғиллади.

– “Куёвингиз жарроҳми ёки қассоб?” дейишларини хоҳламайман.

Шундай ҳолларда тоби тобора ёмонлашарди. Ҳар қанча ўзини эҳтиётласа ҳам ўчакишгандек нохушлик рўпарасидан чиқиб қоларди.

Узоқроқ танишларидан бириникидаги зиёфатда китоб жавонидаги турфа ҳил чиройли муқовали бадиий адабиётларни кўриб кўзи қувнади. Сўнг Теодор Драйзернинг “Америка фожиаси” романини кўрсатиб:

– Буни ўқиганмисиз? – дея сўради.

– Йўқ, – деди уй эгаси.

– Манову, Жек Лондонни-чи?

Хушнуд ака феълидан бехабар уй соҳиби дангалини айтиб қўя қолди:

– Қаёқда? Ҳеч бирини ўқимаганман. Бу абадий китоблар уйни безаш учун-да…

Адабий сўзи билан абадий сўзининг фарқига бормаган катта китоб жавони эгасининг лоқайдлиги Хушнуд акага қимматга тушди. У бир йўла ётиб қолди. Энди хотинига қийин бўлди-да. Ҳол сўровчи касларни зимдан тергаб, қовун туширувчи думбуллардан беморни эҳтиётларди. Аммо… Танишларидан бири кўргани келди. Келмасаям бўларкан, у шошаётгани, бир ёзувчи юбилейига бориши кераклигини гап орасига қистирди.

– Шеърларини ўқимаганман. Сўз бериб қолишмасмикин?!

– У шоир эмас, носир.

– Йўқ, Носиржон эмас, Камолжонни юбилейи.

– Ўхх!

Хушнуд ака юрагини чангаллаганча эшикни кўрсатди-ю, ўзи…

 

 

МАНБА: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.

 

 

 

Подробнее...

 

 

Мавлуда АЗИМОВА

 

ИШОН

 


Мен гўё ҳаёт саҳросида ёлғизман.

Юрмоққа мадор йўқ, ҳолсизман.

Атрофдан бир илинж истайман,

Бироқ вужудим эгаллаб олган бир титроқ.

 


Умид тўла нигоҳла боқаман ҳамон,

Бу қурғур юрагим ёнмоқда ёмон.

Ҳувиллаган қалбим, ранглари сомон,

Муҳаббатим қаршимда ожиз, нотавон.

 


Қўлимни узатсам, осмон йироқда,

Қийналар, оҳ, қалбим, дилим фироқда!

Ҳаёл у ҳам бугун машъум тузоқда,

Ўй сурар мен билган ўшал қирғоқда!

 


Олдинга интилгим келади шу дам,

Соям менла борар қадам ва қадам.

Олисда нур кўринар субҳидам!

Аста босаётган қадамим илдам.

 


Шу дам яна ёлғиз қолгим келади,

Юзларим силаб шамол елади.

Ўтган кунларим эсга келади, оҳ,

Ҳаёт сабрим роса элади.

 


Сирлашгим келади сирлашгувчим йўқ.

Сўзлашгим келади сўзлашгувчим йўқ,

Ўйлагим келади, ўйлагувчим йўқ.

Қўлласа дейман-у, қўллагувчим йўқ!

 


Меҳр кўчасидаман: меҳрибон излаб,

Тузалмас дардимга бир дармон излаб.

Ҳатто, айрилиқни ёлвориб сизлаб,

Суратига боқаман висолни излаб!..

 


Ненидир кутади бу интиқ юрагим!

Ўртаниб ёнади менга керагим,

Ҳаётда умид отли тиргагим,

Не бўлишин келар ундан сўрагим.

 


Телбадек кезади, кезади ҳаёл!

Қани, қалбим, ўзинг бўлди, бас деёл!

Эҳ, сизга бу кўз ёшим демасман увол,

Қалбимни тирнайди жавобсиз савол!

 


Кимсасиз боғдаман: ўйчан паришон,

Сарғайган япроқлар кузакдан нишон!

О, тақдир, сизга қуллуқ, сизга шараф-шон,

Ҳотиржам олқишлар сизни бир инсон!

 


Бу менман! Мен ўзим, ўзимман ишон!

 

 

 

 

Манба: "Иқбол" интеренет газетаси.Андижон.

 


 

 
Stephen Leacock.jpg

Канада ёзувчиси

Стивен ЛИКОК



Стивен Батлер Ликок (1869-1944) юмористик ҳикоялар устаси сифатида маълум ва машҳурдир. У аслида Англияда таваллуд топган бўлса-да, етти ёшга тўлганида ота-онаси билан Канадага мигрант сифатида кўчиб боради.

Торонто университетини тамомлаган ёзувчи сиёсий иқтисод ҳамда тарих фанлари бўйича бир қанча китоблар ёзади. Лекин Стивен Ликокни юмористик ҳикоялари дунёга машҳур қилди.


 

Торонто шаҳри. 1944 йил қаҳратон қиш.Шу йили Стивен Ликок вафот этган эди.Бу қадимий кўча ҳали ҳам бор ва мен бу шинам кўчалар аро машинада, Шерали Жўраев қўшиқларини тинглаб, сайр қилишни яхши кўраман.Айниқса тунда.Торонто гўзал шаҳар.Бу шаҳарга бир марта келган одам унга яна қайтгиси келаверади, соғинаверади.(Х.В.)

 

ОНАМНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ

(Ҳикоя)


Инглиз тилидан

Қандолат ЮСУПОВА таржимаси.Андижон.



Менимча, йилда бир маротаба бўлса ҳам "Оналар байрами"ни нишонлаш - бебаҳо фикр.

Шундай экан, биз ҳам онамизнинг туғилган куни учун маҳсус тантана уюштиришга қарор қилдик. Бу қароримиз ўзимизга ҳам жуда маъқул тушди. Ахир онаизоримизнинг биз учун нечоғлик жон куйдиришларини дил-дилимиздан ҳис этамиз. Ўз навбатида биз - фарзандлар меҳрибонимиз учун ҳотамтойлигимизни кўрсатиб қўйиш учун маҳкам бел боғладик.

Дастлаб уйимизни гуллар билан безатишга киришдик. Бунинг учун онамиздан бир оз кўмак сўрадик, негаки, онам ҳар байрам кунларида бу ишни қойилмақом тарзда уддаларди. Сингилларимиз шундай муҳим кун шарафига ўзлари учун янги шляпалар харид қилишди. Онамиз учун ҳам янги шляпа олмоқчи бўлгандик, бироқ онамиз ўзининг эски шляпасини маъқул кўргач, биз ҳам янгисига ҳожат йўқ, деб ҳисобладик.

Шундай қилиб, нонуштадан сўнг онамизни шаҳар ташқарисига, табиат қўйнига айлантириб келмоқчи бўлдик. Чунки онамиз бутун кунни уй ичида, бир дунё ишга кўмилганча ўтказар, шу важдан ҳеч сайру саёҳатга чиқишга вақт тополмасди.

Бироқ бу режамизни бироз ўзгартиришимизга тўғри келди. Чунки дадам яхшиси, онамни балиқ овига олиб боришни афзал деб билди.

Ов учун бор нарсамиз тахт бўлгач, шу вақтда онамиздан биз учун бир-икки дона бутерброд тайёрлаб беришини сўрадик. Балиқ овига олиб бориш учун машина эшик олдига келиб тўхтагач, у ерда ҳаммамиз учун етарли жой йўқлигини кўриб, бор қувончимиз ичимизга тушиб кетди. Дадам уйда қолиб, боғда ишлашини билдирди. Кейин иккала қиз - Анна билан Мария ҳам уйда қолишларини айтдилар, бироқ бошларидаги янги шляпаларини ҳеч кимга мақтана олмасликларидан уларнинг ҳам кўнгиллари чўкди.

Охир-оқибат сўнгги қарор шу бўлдики, онамизнинг ўзи уйда қолиб, кечки овқатни тайёрлаб турадиган бўлди. Умуман олганда, балиқ ови онамга унчалик ҳам хуш келмасди.

Ана энди ҳаммамиз машинага сиғиб, севинганча жўнаб кетарканмиз, то қорамиз кўздан йўқолгунича онамиз айвонда турганча бизларга қўл силкиб қолдилар.

Оҳ, шаҳар ташқарисида шу қадар маза қилиб дам олибмизки! Дадам анчагина катта-катта балиқ тутди, қизлар эса ўзларига дугоналар топишиб, уларга янги шляпаларини мақтаниб олишди. Қайтаётганимизда қуёш аллақачон уфққа бош қўйиб бўлганди.

Хайриятки, кечки таомимиз анча аввал ҳозирлаб қўйилган экан, барчамиз шоду хуррамлик билан байрамона безатилган дастурхон атрофига ўтирдик. Овқат пайтида ҳам онам ҳеч бемалол ўтиролмади, ошхонадан егуликларни келтириш ҳамда бўшаган идишларни йиғиштириб олиш учун ошхона билан дастурхон ўртасида тинмасдан бориб келаверди.

Ниҳоят, кечки нонушта тугагач, биз ҳаммамиз онамизга идишларни ювиб олишда ёрдам беришни хоҳладик, лекин онамизнинг бу ишни ўзим қилмасам кўнгилдагидек бўлмайди дейиши бизга маъқул тушди. Онаизоримизнинг истакларини ерда қолдирмаслик учун, ноилож, бу ишни ҳам ўзларига қолдирдик, ахир биз нима қилиб бўлса-да, меҳрибонимизни хурсанд қилишга қарор қилгандик-да!

Уюштирган тантанамиз ўз поёнига етганида анча кеч бўлиб қолганди, уйқуга ётишдан олдин барчамиз онажонимизни ўпиб қўйдик, у эса бахтиёр ҳолда бу кунни ҳаётидаги энг ажойиб кун бўлганини айтар экан, нигоҳларида бир дунё меҳр товланар, бахтдан гўё сармаст эди.

 

 

Манба: "Иқбол" интернет газетаси, Андижон.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаким Назир ҳақида икки оғиз сўз


Мен ёшлигимда устоз ёзувчи Ҳаким Назирнинг "Сўнмас чақмоқлар" номли китобини ўқиб маза қилардим.

Чунки Ҳаким аканинг асарларида туйғу кучли эди.У жала қуяётган тунги пахта далаларини, чақмоқларда юзлари ёришиб, ғўзаларни сув ювиб кетмаслиги учун ариқ қирғоқларига кетмон билан чим босаётган усти боши шалоббо одамларни, гумбирлаётган момақалдироқларни, чақмоқ шуъласидан ёришган далаларни, ариқлардаги тошқин бўтана сувларни тасвирларкан, ўқувчи беихтиёр ўзини ўша одамлар билан жала қуяётган тунги далада юргандай, ёмғирли мусаффо ҳаволардан нафас олаётгандай ҳис қиларди.

Шу маънода Абдулла Қаҳҳор Ҳаким Назир домладаги ёниқ истеъдодни ўз вақтида илғаб, унга жуда тўғри баҳо берган эканлар.

Ўзбек адабиёти болалар насрига ўша ёмғирлар шовқинини, чақмоқларни, гиёхлар хидига тўйинган далаларнинг тоза ҳавосини олиб кирган  устозимиз Ҳаким Назирнинг прозамиз ривожидаги хизматлари беқиёс.

Мен гарчанд тақдир тақозоси билан ўзга қитъада, уммонлар ортида яшасам ҳам, ҳамон шундай ажойиб ёзувчимиз бор деб Ҳаким Назирни бот -бот эслаб,фаҳрланиб юраман.

ҲАКИМ НАЗИР ҒАФУР ҒУЛОМ, АБДУЛЛА ҚОДИРИЙЛАРДАН КЕЙИН ТОШКЕНТДА ТУҒИЛГАН ИСТЕЪДОДИ ЁНИҚ САНОҚЛИ ИЖОДКОРЛАРНИНГ БИРИДИР.

 

Холдор Вулқон.



Ҳаким Назир.

Устозга ёқмаган бир сўз…





Ўсмирлар билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашиб қолсам, улар кўпроқ: “Ўзингиз қандай қилиб ёзувчи бўлгансиз?”, деб сўрашади. Мен жавобни устозим Абдулла Қаҳҳорни таърифлашдан бошлайман. Ахир, мени ёшлик чоғимда қўлимдан етаклаб адабиёт майдонига олиб кирган улуғ оғамиз Абдулла Қаҳҳор эди-да, дейман фахр билан. Устозни тилга олганда икки ноёб хислати кўз олдимизда намоён бўлади: биринчиси, қаламининг ўткирлиги, иккинчиси, синчков, ўткир дидга эгалиги, бағрикенглиги.
Менда кичкинтойлик пайтимдан ёзув-чизувга ҳавас туғилган. Ота-онам ўқимишли кишилар бўлишиб, бизнинг хонадонда китобхонлик жуда авж олган эди. Онам Малика отин уйда мактаб очиб, маҳалла болаларини ўқитардилар. Шулар қаторида мен ҳам ўқиб, хат танийдиган бўлиб қолдим. Кечки соатларда эса қўшни аёллар бизникига йиғилишиб онам бошчилигида китоблар ўқишарди: Навоий, Бобур, Фузулий каби улуғларнинг ғазалларини жону дилдан берилиб тинглашарди. Мен ҳам берилиб қулоқ солардим. Айрим сўзларни, чиройли ибораларни қулоғимда сақлаб юришимни кўрганлар: “Тузуксан!”, деб кулиб қўйишарди…
Хуллас, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини қайта-қайта ўқиган сари ижодкорлик сирини билиб олишга қизиқишим ортди. Қани энди устоз билан бир учрашсам-у, суҳбатларини олсам, деган орзу менга тинчлик бермасди. Бироқ учрашувни ўйласам юрагим орқамга тортиб кетар, бу катта адибнинг салобатидан чўчирдим. Очиғи, илк ҳикояларим болалар матбуотида эълон қилинган бўлса-да, улар ҳали ҳаваскорлик машқлари эди.
1947 йили ҳикояларимга Абдулла аканинг назарига тушибди, “Салим отанинг чинаси” номли ҳикоям газетада эълон қилиниб, танловда мукофотланди. Сўнг мукофотланган ҳикоя ва очеркларим “Тортиқ” номи остида китоб бўлиб чиқди. Китоб Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилиб, Абдулла ака маъруза қилдилар.
Шундан кейин, мени олдиларига чақириб, ўқиган китобларим, ёзган нарсаларимни суриштирдилар. Менинг тортиниб, чала-ярим жавоб беришим у кишини қаноатлантирмади шекилли:
— Очиқ, лўнда қилиб айтавер, тортинма! — деб қўйдилар.
Абулла ака ўзбек болалар адабиётига қизиқиб қарарди. Бирон ёзувчининг болалар ҳаётидан олиб ёзилган қизиқарли асари чиқса, дарров ўқиб, муаллифга фикр-мулоҳазаларини билдирарди. Устознинг Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Қудрат Ҳикмат каби болалар ёзувчиларига муттасил ёрдам ва маслаҳатларини берганини кўрганмиз. Жумладан, камина ҳам у кишининг яхши маслаҳатларидан кўп баҳраманд бўлганимни ҳақларига дуо қилиб фахр ва ғурур билан эслаб тураман.
Болалар ёзувчисини иккинчи муаллим, деб ҳисоблаган адиб: “Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак!”, деб уқтирар, ҳақиқий талант эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турарди. Бу хусусиятлари биз ёшларга куч-қувват бағишларди.
Юқорида айтганимдай, мен устозга узоқ вақт яқинлашолмай юргандим. Бир куни у радиокомитетга мен ишлайдиган бўлимга кириб қолдилар. Адиб ёзган асарларини дастлаб радиога узатар, бу сафар ҳам янги ҳикояларини олиб келган экан. Бу ҳикояларни кимга ўқитишимни сўраганида, мен Қодир Махсумов номини тилга олувдим, уни чақиртириб, ўқитиб кўрдилар. Ўқиши, умуман, маъқул бўлса-да, айрим сўзларини ифодалашидан камчилик топиб, тузатиб турдилар. Шунда Абдулла аканинг ўта синчков, нозиктабиатлигини яна бир марта яққол кўрдим. У киши мени гапга солиб, ижодий ишга қандай киришаётганимни синчиклаб сўрадилар. “Салим ота” номли ҳикоямни дуруст топиб, фақат унда ишлатилган “зараркунанда”, деган бир сўзни ўринсиз ҳисобладилар. Абдулла аканинг ортиқча мақтов айтишдан тийилишини билардик. Ижодга ғоят масъулият билан қарашларини, у кишидан “дуруст”, деган баҳо эшитишни биз ўзимизга мукофотдай қабул қилардик.
Устоз менинг нашриётга, уюшмадаги йиғинларга бормай тортиниб юрганимни танқид қилдилар. Сўнг папкамдаги бошқа ҳикояларимга назар солдилар-да, баъзи бир сўз, ибораларнинг тагига чизиб, бу ишларни тузатгач, нашриётга топширишим мумкинлигини айтдилар. Гапларидан қанчалик қувонган бўлмай, барибир нашриётнинг бу ишимга қандай қарашини ўйлаб, иккиланиб юрдим. Кейин таваккал қилиб қўлёзмани топширдим-да, натижасини сабрсизлик билан кутдим. Хайрият, ҳикояларим нашриёт томонидан маъқулланди, бу ишда устозимнинг қўли борлигини сездим.
Абдулла Қаҳҳорнинг ижодимга ишонч билдириб Ёзувчилар уюшмаси пленумидаги маърузаларида, йиғинларда қўллаб-қувватлаганини пайқаб юрувдим. Кўп жилдли асарларининг V жилдида менинг ижодимга тўхталиб: “Ҳаким Назир ҳикоячиликда жуда тез суръат билан илгарилаяпти”, деб умидли фикр билдирганларки, булар мени қувонтирмаслиги, кучимга куч қўшмаслиги мумкин эмасди. Йиғинлардан бирида эса, мени мақтаб айтган қуйидаги қизиқ гапларини дўстлар кулиб эслашади: “Ҳакимжоннинг ижоди ҳақида шуни айтишим керакки, унинг асарлари тараша ёки пайраханинг ўтига ўхшаб ловиллаб ёниб, бир зумда ўчмайди, балки саксовулнинг чўғига ўхшаб тутаб-тутаб ёнади-ку, лекин ҳарорати зўр бўлади, анча фурсат ўчмай туради”.
Биринчи ҳикоялар тўпламим “Қишлоқдаги жиянларим” номи билан чоп этилди. Мен китобимнинг бир нусхасини олиб, устознинг уйига югурдим. У киши, одатдагича, вазминлик билан “дуруст”, деб китобимни олдилар-да, кейинги ишларимни суриштира кетдилар. Мен янги ҳикоялар ёзаётганимни айтгандим, елкамга қоқиб қўйдилар ва шу ернинг ўзидаёқ менга бир хат ёзиб бердилар. Бу мени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиш учун тавсиянома эди.
Мана меҳрибон устозимнинг шу чоққача асли қўлимда сақланиб қолган унутилмас қўлёзмалари:

ТАВСИЯНОМА


Ўртоқ Ҳаким Назир ҳозирги ёш ёзувчи-ҳикоянавислар орасида энг кўзга кўринган талант, ўз билим ва тажрибасини оширишга ҳаракат қилаётган ёзувчидир.
У адабиёт соҳасига яқиндагина (биринчи ҳикояси 1946 йилда чиққан) кирганига қарамасдан тез кўзга кўринди, кичик, мароқ билан ўқиладиган ҳикоялари билан адабиёт аҳлларининг диққатини ўзига тортди. Унинг газета, журналларда, турли тўпламларда чиққан, 1948 йилда алоҳида тўплам ҳолида босилган ҳикояларининг кўпчилиги ҳозирги ҳикоячилигимизда маълум ўрин тутади.
Ўртоқ Ҳаким Назирни Ёзувчилар союзига ҳақиқий аъзо қилиб олинишини тавсия қиламан.

9.02.48 й.                            /А.Қаҳҳор/


Тавсияномада айтилган бу сўзлар устознинг бағрикенглиги, ёшларга меҳр-муруввати, ҳиммати ғоят баландлигидан дарак бериб туради. Шундай улуғ зотга шогирд бўлганимдан ҳамон фахрланиб юраман.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 5-сонидан олинди.

 

 

 

МАНБА: ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИНИНГ "ИЖОД.УЗ" САЙТИ.

 

 

 



Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари.

 

1983 -2006 йиллар.


Маслахат,Тошкент, Бишкек.




Сўз сеҳри

(Хайку ҳақида )




Хайку ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб, у ташвишлардан безган,нохақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, хорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгохи, хилватидир.

Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб, хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб, ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларидаги чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар.

Хайкуларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ.

Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини, ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб, табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик ғуборларидан тозалайди.

Хайкуларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.

Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.

Қуйида, бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиларканман,шундай ажойиб япон шоирларининг хайкуларини ва танкаларини она тилимизга ўгириш менга ҳам насиб этгани учун Жаноби Ҳаққа ҳамду санолар айтаман.

 



 

БУНДАН 600 ЙИЛ АВВАЛ ЁЗИЛГАН ХАЙКУ ВА ТАНКАЛАР:

 

Мацуо Басё ёзган хайкулар:

 

 

 

***


Қорли тонг.

Яна қуритилган балиқни

Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.


***


Денгиз сувида сузиб юрар

Майда ялтироқ балиқчалар

Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар.


***


Совуқ шамолларда шолоплар эшкак

Юрагим сиқилар

Тун яна кўз ёш…


***


Шу қоядан туриб

Кўм - кўк денгизга

Қалпоғимни улоқтираман!


***


Қишки дала

Узоқларда юрар дехқонлар

Қолган - қутган чўпларни йиғиб


***

Сочим ўсибди

Озиб кетдим, рангим олинган

Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.


***


Банан япроқлари сўлғин

Ойнинг порлаб чиқишини

Сарғайиб кузатар дехқонлар


***


Йўллар тойғоқ музлама

Аттанг, тойиб йиқилди

Ширакайф дўстим.


***


Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота

Сўнаётган гулхан чўғлари

Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.

 

 

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

 

Бахт

(ҳикоя)

 

 


Райҳонгул Попоппот ўзининг қачонлардир турмушга чиқишини биларди, аммо бу қадар бахтли бўламан деб сира ўйламаганди. Ахир ўзингиз ўйланг,  шаҳарда ўсган оддийгина бир қиз  қишлоқда истиқомат қилувчи, кимсан, миришкор дехқон  йигит билан турмуш қурса! Райҳонгул Попоппот билан Ғуслвожибнинг тўйига қишлоқнинг казо -казолари келгани айниқса тарихий воқеа бўлдида.Ҳатто маҳалла комитетининг раиси Позил Бераҳим, учаскавой милиционер Адразақ маҳалла посбонлари билан актив иштирок этиб; "Тўй тўйдай бўлсиииин, пичоқбозлик бўлмасиииин!" дея бақириб, мунтазам элни огохликка даъват қилиб турдилар. Ўлик ювадиган мурдашўй Патидин ғассол,  Ўсарқул гўрковлар  ҳоразмлик ҳофиз Гулобидиннинг барқутдай юмшоқ овоз билан айтган нафис қўшиқларига эшилиб, муқом қилиб, елка учириб, бўйинларини ликиллатиб, қош қоқиб, оёқларини шиқиллатиб, рақсга тушиб, тўйни роса қиздиришдида ўзиям.Райҳонгул Попоппот айниқса никох ўқилаётган маҳал кулиб юборишига оз қолди. У аёллар, кампирлар ва дугоналари қуршовида паранжи чачвонга ўраниб, чиммат ғалвиридан воқеани изчил кузатаркан, пахса девор ортида, шундоққина тахтадан қилинган, тобут сиғиб -сиғмайдиган, қийшиқ кўк дорвоза миёнасида куёв йигит Ғуслвожиб ўтирганини дилдан сезиб турар, шарму ҳаёдан юзлари оловдай лов -лов ёнарди. Домла дуоларни ширали овоз билан қироат қилганича никох ўқиётган маҳал аёллар, кампирлар ва Райҳонгул Попоппотнинг дугоналари жаврайверишгач, пахса ортида қандайдир эркакнинг ғазабнок овози янгради: -Эй, хотинлар! Жим ўтиришасанми ё йўқми? Хў товуққа ўхшаб қақағлашмай ўла!Курканинг эркагидай "Ғулғулғул! Ғулғулғул!" -қилиб, қулоқ -мийяни ейишдингку! Хў жағингасссс... сенларни! -деди у.Кейин домлага мурожаат этиб: -Ўқийверинг, тақсир -деди.Домла хўп деб никох ўқишни давом этдирди.Шунда Райҳонгул Попоппот кулгидан ўзини аранг тўхтатиб қолди. Никох ўқиб бўлингач, Ўринбой карнайчи лунжини коптокдай шишириб карнайни шундай пуфладики,  Райҳонгул Попоппотнинг назарида хаво  ғар хотиннинг чириб кетган иштонидай "жаррррррр!" этиб йиртилиб кетди гўё.Ноғоралар худди Брянский ўрмонларидаги қатлгохда  партизанни қарағай дарахтига осаётган фашистларнинг жангавор барабанидай янграб, қулоқларни батанга келтирди.Кейин яхши қиздирилмаган доиранинг дапир -дупир товушлари, аёллар, кампирлар ва Райҳонгул Попоппотнинг дугоналари ингичка овозда жўр бўлиб айтган "Ёр -ёр" ўлани сурнай нолаларига қўшилиб кузги қушлар галаси каби узоқ -узоқларга учди. Райхонгул Попоппот оила аъзолари билан ҳайрлашаётиб, айниқса дадасининг бўйнидан қучган маҳал хўнграб йиғлаб юборди.

-Қизим, баъзида қаттиқ -қуруқ гапириб, дилингни ранжитган бўлсам, айтган нарсангни олиб беролмай ўкситиб қўйган бўлсам, мендан рози бўл -деди дадаси ҳам йиғидан овози хириллаб ва кўз ёшлари шамол дувиллатиб тўккан шудринг доналаридай ҳар тамонга сочилиб. Райҳонгул Попоппот дадасининг бўйнидан қучиб, узоқ йиғлади.Қиз бола учун шунча йил бирга яшаган яқинларини, туғилиб, ўсиб, вояга етган ота уйини тарк этишдан ҳам оғирроқ нарса бўлмас экан.Кейин яна  метал халқали доира шокилаларининг шиқиллаши, дапир -дупир товушлари, карнай ғат -ғутию сурнай фарёди, юлдузлар чарақлаб ётган осмон остидаги мудроқ шаҳарнинг машиналар қатнови озайиб, йўловчилар оёғи тийилган серчироқ кўчаларидан қишлоқ сари жўнаб кетган одам тўла сариқ автобус.Тўйхона олдида зулматли осмонларни олов тиллари билан ялаб, қаср -қусир ёнаётган гулҳан, оловга керосин сепилганда кучайган аланга шуъласидан олтиндай товланган одамларнинг шодон чеҳралари, болалар қий -чуви, тўйхонада вахимали айланаётган одамлар гирдоби, хоразмлик ҳофиз Гулобидиннинг маҳзун -маҳзун нолишлари, нафис ҳонишлари тошларга битилган тарихий солномалар каби Райҳонгул Попоппотнинг ҳотирасига бир умр мухрланиб қолди.Куёв йигит Ғуслвожиб автобус эшигига яқин келгач, паранжи -чавонга ўранган Райҳонгул Попоппотни елкасига даст кўтариб, одам коридори оралаб уйга югирганда Райҳонгул Попоппот айниқса қўрқиб кетди.У улкан личинкадай куёв йигит Ғуслвожибнинг елкасида билтанглаб, йиғлаб  бораркан, ишқилиб Ғуслвожибни биронта қаро нийятли одам чалиб йиқитмасинда дея ҳавотирланарди.Ғуслвожиб тавонлари билан ерни дупиллатганича югириб, Райҳонгул Попоппотни чимилдиққа олиб кириб қўйди.Шундан кейин маст -аласт куёв навкарлар "Қуллуғўсиииин! Муборагўсиииин!" дея қийқириб, Ғуслвожибни табрикладилар. Қандай ажойиб, унитилмас дамлар! Мана энди тўй ҳам кузаб, юзочди ҳам ўтди.Бугун Райҳонгул Попоппот илк бор, субҳи содиқда ҳовлини, кўчаларни супурди.Кўчани супириб бўлгунича Ғуслвожиб эснаб, уйқусираб, унга қараб турди.Ғира -ширада қаторлашиб бомдод номозини ўқиш учун масжидга кетаётган одамлар шарпасини сезиши биланоқ, Райҳонгул Попоппот уйга қочиб кириб олди.Кейин, келин салом, янги оила даврасда нонушта.Энди бўлса у онаси Сўзилатиф билан суҳбатлашиб ўтирибди. Сўзилатиф севинганидан кўзларига ёш олди.

-Қара, қизим, қандай бахтлисана! Дордаги кийимларингнинг кўплигини!Қўлда тўқилган қимматбаҳо,чўғдай қип -қизил гиламлааар, ажойиб дарпардаларни, италян мебелларини айтмайсанми!Эҳ-ҳеееей!Ҳўх-ҳўўўўўв!Серевантдаги биллур идишларнинг чироқ нурида товланишинииии!Мен даданга турмушга чиққанимда битта кийгиз, битта сандиқ, битта обдаста билан қўлга сув тутганда ишлатадиган мис чилопчинимиз бор эди ҳалос.Сенга Худо бериб қўйибди, болам.Илоё ўзинга буюрсин, яхши кунларда тапа -тепа ишлатинглар -деди Сўзилатиф кўз ёшларини рўмолининг четига авайлаб артганича.

-Айтганингиз келсин, онажон -деди Райҳонгул Попоппот  онасини меҳр билан қучиб.Ўша куни Райҳонгул Попоппотнинг онаси Сўзилатиф хурсанд бўлиб, кўзларида севинч ёшлари билан уйига кетди.

Эртасига, Ғуслвожиб кўчага бир ров айланиб келиш учун чиққан маҳал Райҳонгул Попоппотларнинг уйига бир нечта одам келиб, э йўқ, бе йўқ, мебелларни, биллур идиш - оёқларни эхтиётлаб, ташқарига олиб чиқа бошладилар.Райҳонгул Попоппот "Ҳой, сизлар кимсизлар?Нима қиляпсизлар?" деди ҳайрон бўлиб.

-Йўлдан қочинг, халақит берманг, келин -деди кирза этик кийган, шоп мўйловли, қотма -қорча одам. Кейин тушунтириб: -Бу мебеллар бизга қорашлик.Тўй ўтгач олиб кетишга келишганмиз -деди у.Мебелларни олиб кетишгач, яна бошқалари келиб, кимдир гиламларини, кимдир дарпардаларини, яна кимдир дордаги кийимларни олиб кетишди. Янги кўрпа -тўшакларни ҳам. Уйда қуруқ пол билан битта хонтахта, симлари гамакдай осилиб қолган каравот ва эскироқ кўрпа қолди ҳалос. Райҳонгул Попоппот эшик кесакисига суянганича унсиз йиғлаб юборди.

 

 

 

 

17 сентябр, 2013 йил.

Тунги соат 4 дан 47 дақиқа ўтди.

Кембридж шаҳри, Канада.

 

 

 

Мақсуд Пўлкан

Ўғлимга



Жажжи кўзларингга термулиб,
Чуқур-чуқур ўйга толаман.
Дўмбоққина юзингдан ўпиб,
Ўз отамни эсга оламан.



У ҳам жуда қувонган ахир,
Мен келганда бу қаро ерга.
Балки отам жуда истаган,
Сайр этишни боғларда бирга.



Аммо тақдир шуни истади,
Дийдоримиз тўйиб кўрмадик.
Ва отамнинг ҳоҳлаганидек,
Сайр этиб боғда юрмадик.



Мен боғчада ўртоқларимга,
Армияда дердим дадамни.
Ёш боланинг тилида шундай,
Аташаркан ўлган одамни.



Йиллар ўтди, ақлим танидим,
Ва тушундим дунё ишларин.
Ўз елкамда кўтариб билдим,
Шодлигию, ғам-ташвишларин.



Ниятим шу сен бахтли яша!
Отасизлик ғамин емагин.
Сўрасалар бошингни эгиб,
“Армияга кетган!” – демагин.

 



14.03.2009й.



* * *


Биласизми туриб-ўтириб,
Хаёлимга бир ўй қуйилди.
Тепамдаги мана шу осмон,
Меникидай бўлиб туюлди.



Биласизми яна бир фикр,
Хаёлимга келди тўсатдан.
Меникига ўхшади жуда,
Ўхшаб кетди мана шу ВАТАН!

 

 

 

 

1997й.

 

 

МАНБА: Пўлкан шоир сулоласи cайти

 


 

 

ТОҲИР МАЛИК

 

Бир куни устоз ёзувчи Тоҳир Маликнинг хонадонига бордим.Ичкаридан домланинг аёли чиқдилар.Ўзимни таништириб, устозни йўқлаб келганимни айтдим. -Тоҳир акангиз яқинда жаррохлик амалиётини бошидан кечирувдилар.Ҳозир ётибдилар. Айтиб кўрайчи, нима деркинлар -деди Тоҳир Маликнинг аёли. -Унда безовта қилмай  қўяқолинг, кенейи -дедим мен. - Йўқ, йўқ, шошмай туринг.Ман сизнинг келганингизни айтайинчи -дея кенейи ичкарига кириб кетдилар.Бир маҳал қарасам, устоз Тоҳир Малик ранги бир аҳвол бўлиб, деворларга суяниб ташқарига чиқдилар ва мен билан кўришдилар.У инсоннинг ўрнида бошқа одам бўлса, "Хозиргина осма укол олувдилар, узр -деб қайтариб юборавер" -дейиши мумкин эди.Тоҳир ака бўлсалар қалтираб юриб мени мехмонхоналарига бошлаб кирдилар. -Устоз, сизни безовта қилдим -дейман нуқул ҳижолат ичра. -Ундай деманг, ука -дедилар Тоҳир ака. Бу орада чой келтирдилар.Ёнғоқ, писта, майиз, анжир қиёмлар билан чой ичдик.Суҳбатлашиб ўтирдик. Тоҳир Малик мана шундай камтарин, одобли, меҳмондўст, ҳеч қачон ёлғон сўзламайдиган имони бутун одам, буюк ёзувчи ва меҳрибон устоз.

 

Холдор Вулқон

 

 

 

Бекат


Бу ерда кимлар бўлмаган...

Қора мойга беланган шпаллар нималарни эшитмаган...

Оҳ-фарёд, ҳайқириқ, қувонч билан айтилган ҳар бир сўз ҳудди қора мой сингари ана шу йўл, ана шу кўҳна бино бағрига сингиб кетган. Йўл ҳам, бино ҳам жонсиз. Аммо у кўп воқеаларнинг гувоҳи. Даҳшати кишини ларзага келтирувчи ҳар қандай воқеа ҳам улар учун паровоз қичқириғидай оддий бир нарса бўлиб қолган.

Шунинг учун ҳам бу мунғайган бино, қорамойга беланган йўл жим...

 

Биринчи ҳикоя: 1942 йил.


Асқархўжаникида тўй тарқаши билан Нафиса ўғлига аза очди. “Қўшнимнинг тўйига зомин бўлмайин”, деб қорахатни яшириб, ёниб-куйиб юрган она қалбида йиғилиб қолган дардини энди йиғи билан чиқарарди.

Ҳозиргина тўйхонадан чиққанлар, энди қўшни эшикка азага кирдилар...

Полвон тоға фотиҳага келганларни ўзи кутди. Муборак ҳам Нафисага далда бериб ўтириб, қош қораймай уйига қайтди. Ўнг қўшниникидаги тўй, чап қўшниникидаги аза ташвишлари охирига етди. Шом азони ҳамма нарсага барҳам берди. Одамларнинг қувончлари ҳам киприкдаги ёшдай омонат бўлиб қолган эди. Хурсандчилик ҳеч ерга ўз ҳукмини мутлақ ўтказа олмас, изма-из қувиб юрган ғамга жойини бўшатиб кетишга мажбур бўларди.

-Дунёнинг ишлари шу эканда... ишқилиб, Аллоҳим кўпнинг қаторида Нарзимни ҳам ўз паноҳида асрасин,-деб қўйда Полвон тоға.

-Айтганингиз келсин,-деди Муборак. Кейин кўча эшик томон тикилди:-қаранг-чи, кимдир турганга ўхшаяпти.

Полвон тоға бир йўталиб олиб: “Кимсиз, келовринг”, деб қўйди. Эшик томондан қиз боланинг “менман, Полвон тоға”, деган синиқ овозини эшитиб, “ўзинг қарай қоласанми?” деган маънода аёлига савол назари билан боқди.

-Келовринг, қизим, тортинманг,-деди Муборак ўрнидан тураётиб.

Қиз супага яқинлашиб салом берди-да, кўрпачанинг четига омонатгина ўтирди. Бир вақтлар у Полвон тоғадан ҳайиқарди. Нарзи “дадам кўриб қолмасинлар”, деб ҳадиксирагани ҳадиксираган эди. Фақат бир марта... Нарзи урушга жўнаётгани куни Нозик қўрқмади. Билишса билишар, деб Нарзининг ёнига келди. Келишга келди-ю, лекин уятдан юзлари ёниб, ерга қараб олди. Қариндошлари билан хайрлашаётган Нарзи Нозикдан бир нарса кутгандай унга умидвор кўз билан тез-тез қараб қўйган эди.

Нозик Полвон тоғага ўшандан бери рўпара бўлгани йўқ. “Полвон тоға ўшанда мени кўрганмидилар?... Балки... эсларидан чиқиб кетгандирман...” Нозик шу хаёлда бошини қуйи эгиб ўтирарди.

-Қизим, тинчликми?-деб сўради Полвон тоға, аёли билан кўз уриштириб олгач.

Бир дақиқагина хаёл оғушига шўнғиган Нозик чўчиб, тоғага қаради. Гапни нимадан бошлашни билмай, тараддудланди.

-Тинчлик, тоға... Ҳм... ҳалиги... ўғлингиздан... Назрулла акамдан хат келмадими?

Дабдурустдан берилган бу саволдан ажабланган эр-хотин бир-бирларига қараб олишди.

-Бир ҳафта бўлди шекилли, а, Нарзи?-деб сўради Полвон тоға хотинидан.

-Бир ҳафтадан ошди, саккиз ярим кун бўлди,-деб аниқлик киритди Муборак.

-Нимага сўраяпсиз, қизим, тинчликми?

-Бизга хат келмай қолди.

-Кимдан, Нарзиданми?

-Йўқ... акамдан. Улар урушга бир кунда кетишган эди...

-Сабр қилинглар, келиб қолар. Нарзимдан бир ойча хат олмадик. Ўғлимни Худойим асрабди, қўлини ўқ таталаб ўтганмиш. Айтиб туриб, бировга ёздирибди. Хати бошқа бўлса ҳам., гаплари ўша-ўша.

-Ҳа, менинг ўғлим қизиқ гапларни топишга уста,- Муборак бу чиройли қиз олдида ўғлининг мақтовини келтириб, ошхона томон юрди.

Аёли нари кетиши билан Полвон тоға қизга синовчан тикилди:

-Қизим, ҳавотирингизни кўзингиз айтиб турибди. Яширманг. Бугун айтолмасангиз, эртами- индинми, барибир айтасиз. Нарзи омонми? Холангиз йўғида тўғрисини айтовринг, омма у эшитмасин, юраги чатоқ.

Нозик Полвон тоғага бир қараб олди-да, сўнг нигоҳини узумзорга тикиб, тез-тез гапира бошлади:

-Менга хат ёзибдилар... “Уйга бормайман...” дебдилар.

Нозикнинг овози титради. Полвон тоға унга ҳайрат билан тикилди:

-Нега?

-Кўзлари... кўзлари кўрмаётганмиш...

-Ё, қудратингдан!

Полвон тоға паст овозда бир нималар деди, лекин Нозик эшитмади. Полвон тоға бошини эгиб бир пас жим қолди.

-Мен эртага кетяпман,-деди Нозик.

-Қаёққа?

-Бокуга. Ўша ердаги госпиталда эканлар. Олиб келаман.

Муборак бир чинни косада таом кўтариб қайтди:

-Қизим, тўйдан насиба, олинг.

-Раҳмат холажон, қорним тўқ...

-Бир чимдим бўлса ҳам олинг. Насиба-да. Худойим ҳаммани тўйга етказсин.

...Бурилишда пишқириб паровоз кўринди. Орқадан таниш овоз эшитилди:

-Қизим...

Нозик ўгирилди. Полвон тоға унга тугунча узатди:

-Ўғлимни сизга, сизни Худога топширдим. Нарзига айтинг: кўнгли чўкмасин. Омон қайтса Худога шукурлар қиламиз. Бор бахтимиз ҳам ўша. Бекорчи хаёлларга бориб биз бедаволарни бебахт қилмасин.

Поезд бу бекатда икки дақиқагина тўхтади. Кейин чуқур “уф” тортиб, жўнаб кетди.

“Шундай қиз яхши кўраркан, Нарзи мендан нега яширди? Айтганида урушга кетмай туриб уйлантириб қўярдим-а... Бошимизга бахт қуши қўниб турган экан-у... билмапмиз. Ажаб... Худойим, ўзинг меҳрибонсан, энди бу қушни учириб юбормагин...Нотавон бандаларингга раҳминг келсин...”

...Назруллага зулукдай от беришди. Ҳудди ўзининг қорабайирига ўхшайди. Ман-ман деган чавандозлар ҳам унинг шу отига тан беришган эди. Мана ўша оти. Йўқ, бу эмас, бунинг пешонасида оқ қашқаси йўқ. Оёғи ҳам унча ингичка эмас, аравага қўшилганга ўхшайди, яхши чополмайди. На илож, урушда яхшисини танлашга вақт йўқ. Назрулла чаққонлик билан эгарга ўтирди-ю, отга қамчи босди. Жонивор елдек учди.

-Яхши чопаркан,-деб ўйлади Назрулла.-Лекин совутиш керак. Нима бу? Жарликми? Дирр!

От ҳам Назрулла ҳам пастликка шўнғиди...

Унинг юзларини таниш қўл силади.

-Ким бу?

-Менман...

-Нозик?!

Бу бекат Полвон тоға билан Муборак холани бошқа кўрмади. Нозик билан Назруллани ҳар йили кузатади, кейин кутиб олади. Аввал улар икки киши эдилар, кейин учта бўлишди, сўнг эса тўртта...

 

 

 

Манба: Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг ижодий саҳифаси.

 

Подробнее...