Поиск

 

 

Таниқли ёзувчи Собир Ўнар ҳақида


Ўзига ҳос ёзиш услубига эга бўлган юксак дидли, истеъдодли ва камтарин ёзувчи Собир Ўнарнинг ёзган асарларини одам иштиёқ билан, ҳеч қийналмай бир зумда ўқиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Кейин мазахўрак бўлиб, унинг асарларини излай бошлайди.

Собиржон насрий асарлар ёзсада, унинг ёзганларини ҳудди лирик шеърни ўқигандай қайта -қайта ўқисангиз ҳам зерикмайсиз.

Собир Ўнар ижодида ўзи туғилиб ўсган қишлоқ одамларининг содда, шу билан бирга машаққатли ҳаёти асосий мавзу ўлароқ, қишлоқда яшаётган халқимизнинг қувончу шодликлари, ғам -ташвишлари, қайғу ҳасратлари, муаммолари бежалмай, хаспўшланмай, қандай бўлса шундайлигича ёрқин бўёқларда махорат билан акс этдирилади.


Ҳа, ҳақиқий маънодаги ижодкорлар асалариларга ўхшайдилар.


Улар асар эмас,  АСАЛ ёзадилар.


Бу сўзларимга ишонмаганлар Собир Ўнарнинг қуйида эълон қилинаётган ажойиб ҳикоясини ўқиб чиқсин.Шахсан мен бу ҳикояни ўқиб, маза қилдим.


Кам бўлманг, қадрли  Собир Ўнар!

 

 

Сизга ва барча ижодкор дўстларга, ватандошларга ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 


Собир Ўнар

Ака - укалар

(ҳикоя)

 



Тўғриси, бизнинг уйга қуёш ҳожи бобонинг иморатидан ошиб тушади. Офтоб бизга нурларини тўшашдан аввал ҳожи бобонинг уйини ёритади: кенг-мўл, девор-дармиёнсиз дашт ҳовлиси. Пастга эниб тушадиган жойда бир оёғи «оқсоқ» Т-28 трактори икки йилдан бери қадалган кўйи, ҳайкалдек туради, мабодо у юрса ҳам ё бирор транспортнинг шатагида, ё пастга қараб шўнғиб ўт олдирилади, қишлоқда аккумулятори соғ транспортни ўзи учратиш қийин.
Ҳар қалай трактор шу туришда бировга зарари тегаётгани йўқ. Ҳожи бобонинг кичик ўғлидан неваралари уни тайёр, «индамас» эшак қилиб минишларини ҳисобга олсак, «фойдали жонивор» қаторига қўшсаям бўлаверади.
Бир уйда уч оила жам бўлган. Катта ўғил чўлда, лекин бола-чақаси шу ҳовлида. Кичик ўғил шу ерда. Кичигининг болалари тўртта. Ўртанчаси иккинчи марта уйланди. Биринчи хотини туғмас чиқди — қўйиб юборди. Иккинчисидан уч қиз бор. Келин, қишлоқ тили билан айтганда нақ «қора товон», яъни кеча-кундуз тиним билмайди, ёзда, кузда яқин-атроф қирнинг тезагини ясалгандай қилиб уйига ташийди. Қиш бўйи уч рўзғор шу ўтин ҳисобидан исинади, роҳатланади. Албатта, бошқалари ҳам қараб туришмас, аммо каттаю кичикнинг тилида шу келин. Кам уйқу ҳожининг ҳар таҳоратига илиқ сув тайёр, ҳар чой сўраганида аччиқ чой ҳам тайёр. Одамлар унга ўғил тирноқ тилашади. Кўпнинг дуоси кўл, боз устига ҳожи бобоям қишлоқда ягона ҳожи — дуоси ижобат бўлиб, ажабмас, Оллоҳ ол қулим деб ўғил ато этса.
У кампири билан яшайдиган кичик нашахонанинг деворига ҳожининг онасидан қолган чилдирма оқ сурпда сақланади. Табаррук. Кампир юз ёшни қоралаб қазо қилди. Тўқсон ёшларидаям авжи келиб сумалак бошида ё артисти йўқ тўйларда қарсиллатиб бир-икки терма айтиб ташлаб келинчакларни ўйнатиб юборар эди.
Бултур ҳожи бобо Маккаи мунавварага, ҳаж зиёратига борганида онасини ҳам ҳажжи бадал қилдириб кепти. Яхши-да. Шундан бўлса керак, бу уй нурли, баракали.
Менинг синфдошим, ҳожининг кичик ўғли кўпкарига қизиқади. Бир чўбири бор. Гаштак кўпкариларда ҳа-ҳа деб тўдага уриб туради. Норбўта обдон ичар эди, отаси ҳожи бўлгач, таққа тўхтаб номозхон бўлиб олди. Лекин «шайтон ўйини» — кўпкаридан қолмайди.
Биз эртага Қизил олмада бўладиган кўпкарига икки чавандоз ва икки яйдоқ кечин ола йўлга тушдик.
Мен Қизил олмага эмас, шу қишлоқнинг бошидаги қайнотамникига, Ингичкага борамиз, отларни қантарамиз, жойи бор, эрталаб тўйхонага тушамиз, дедим. Кўмак ака бунга кўнмади. Тўй эгаси Қорабош менинг қирқ йиллик қадрдоним, борсак, ҳамма нарсани тўкиб ташлайди, бошқаникига борганимизни эшитса хапа бўлади, деб туриб олди. Қоронғу тушган, лекин электр йўқ. Бизда-ку, кечқурун икки-уч соат чироқ ёнади, бу шўринг қурғурларда шуям йўқ экан.
«Тўй тоға» деб товуш берганимиздан сўнг кимдир оёғига калиш кийиб чиқди. Қорабош аканинг армия жўралари келиб, улар билан ичиб маст бўлиб қолганини айтиб, бермон томон бошланглар, деб сойнинг нариги бетида турадиган Эсиргап дегич укасиникига бошлади. Эсиргап бир чағат жойдан уй солган экан, отларимизгаям жой тегмай, дуч келган жойга боғлаб ичкарига кирдик. Ўртада мойчироқ, кун совуқ, печкага ўтин ташланмаган, қунишибгина ўтириб олдик. Бир маҳал дастурхон келди, нон йўқ; аллазамон ўтиб нон келди, чой йўқ. Оббо, бу ёғи неча пулдан тушди энди деб ўтирабердик. Кўмак аканинг жонига тегдим:
— Ҳалиям кеч эмас, сурдик бизнинг қайнотаникига.
Аммо ака унамади. Қайнотанг меҳмон қилолмайди. Булар эл кезиб юрган, донғи чиққач одамлар деб мени мулзам қилди.
Яна бир муддатдан сўнг бир тақсимчада тош конфет ва бир тақсимчада, чамаси бултурги ҳайитдан қолиб кетган парварда келди. Бошқа ҳеч нарса келмади. Чавандозлар бирор ёғлироқ овқат еб қорин тўйғазиш қайғусида, биз ночавандоз, ҳайбаракаллачи Кўмак ака иккимиз тўйда эски ошналар билан мириқиб улфатчилик қилиш иштиёқида эдик. Додимиз Худога етмади чоғи, қамоққа тушган тўрт ўғлондай ўтиравердик. Овқатдан дарак йўқ, ҳеч ким хабар олмайди. Ухлайлик десак, уй совуқ, печкага ўт қаланмаган. Бир вақт бир одам келиб печкага ўт қалаб керосин сепди, олов ёнгандай бўлди, аммо у яна ўчди. Қайтанга уй тутунга тўлди.
Кўмак ака димиқиб деразани очди. Дераза ортидан бир ниманинг хириллагани эшитилди.
— Ана, меҳмонга сийлов деб қўй сўйилаётир, — деди Кўмак ака хурсанд бўлиб қўлларини бир-бирига ишқалаганча.
Лекин хирилдоқ узоқ давом этди ва бирдан тўхтаб, «онангни фалон қилай», деган бўғиқ сўкинишга айланди. Ҳар қалай бу «сийлов» биз учунми, бошқа бировга аталганми — дабдурустдан билиш қийин эди. Алоҳа, бунинг орқасидан тарсиллаган товуш келди. Чамаси икки эркак бўғишаётган эди.

 

 

 

 

Подробнее...

 

 

Холдор Вулқон

Бадиий адабиёт бўйича халқаро "Наследие" мукофотининг номзоди

 

Роман Холдора Вулкана "Жаворонки поют над полем".Читайте, очень интересный роман, который размещен в крупной электронной библиотеке ЛитМир.

Приятного чтения!

 

Чори Аваз шеърияти ҳақида

 

Чори Аваз 1957 йил 11 декабрда Қашкадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1985). «Ҳаётийлик чоғида», «Тортилган камон», «Уйғонишдан ўзга толе излама», «Куз эртаси» (1992), «Сайланма» (2003) каби асарлари нашр этилган. Фин эпоси «Калевала»ни ҳамда И.Такубоку, Р. Акутагава ва бошқа ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1992 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

 

 

Шоир ёди

 

Чори Аваз ўзбекнинг истеъдодли шоирларидан бири эди.У ўзининг бир шеърида савдо дўконига кирган адабий қаҳрамон тилидан сотувчига қарата: "Менга ярим кило виждондан тортинг" қабилида ҳайратомуз сўз қотади.Ҳа, у кутилмаган ташбехларга бой, бошқа шоирларнинг ёзганларига ўхшамаган, ўзига ҳос  чапани шеърлар ёзарди.Чори Аваз булутларга ёндош баланд минорада арқонларни тортиб, қўнғироқ чалаётган қўнғироқбонни эслатарди гўё.У юз бераётган адолатсизликларга, ноҳақликларга лоқайд ғафлат ҳайлини уйғотишга чоғланган бедор руҳ эгаси эди.

 

Ёқасидан тутиб дунёнинг –

Силкитгинг келар…

Токи Ёмонлари тўкилгунича.


дея ёзган эди  шоир куйиниб.Мен Чори Аваз билан ҳамсуҳбат бўлмаган эсамда, унинг нашр қилинган китобларини ўқиганман.Шеърлари орқали танирдим, ҳурмат қилардим ва ҳозир ҳам шундай ҳурмат қиламан. Чори ака раҳматли Аъзам Ўктам билан қалин дўст эди.Аъзам раҳматлининг айтишича Чори Аваз виждонига қарши бормайдиган ҳалол инсон бўлган ва  Яратганга беш вақт ибодат қиладиган эътиқоди мустахкам шоирлардан эди.Ҳатто касалхонада, ўлим тўшагида ётиб ҳам ибодат қилишдан тўхтамаган дейишади.Афсус, шоирнинг умри қисқа экан, оламдан ўтиб кетди.Чори ака оламдан ўтган йиллар устозимиз Анвар Обиджон ва марҳум Аъзам Ўктамлар ташаббуси билан талабалар шаҳарчасидаги ётоқхона залида кечаси мўъжазгина ҳотира кечаси ўтказганмиз.Шунда шоирлар Чори Авазга бағишланган шеърларини ўқиб, унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маърузалар тингланган.Ўша даврада мен ҳам Чори Авазга бағишлаб ёзган шеъримни ўқиган эдим.

Тўғрисини айтсам, "Баҳор ҳақида" номли шеър ёзилган пайт Чори Авазга бағишланмаган эди.

Ўша талабалар шаҳарчасида ўтказилган ҳотира кечасида инсон вафоти билан боғлиқ бўлгани учун ҳам бу шеърни Чори Аваз ҳотирасига деб ўқиганман ва кейинчалик бағишлов шундайлигича китобга киритилди.

Чори Аваз эса ҳотирасига шеър битилса арзийдиган шоирлар сирасидан эди.

Барча ўтиб кетган марҳум шоир ёзувчиларимизни, шу жумладан  Чори Авазни ҳам Худо раҳмат қилсин, Жойлари Жаннатдан бўлсин.

 

Холдор Вулқон

 

БАҲОР ҲАҚИДА

(Чори Аваз ҳотирасига)



Баҳор келаётир.
Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
Бултур сенинг изларинг қолган,
Сўқмоқлардан келаётир ул.
Очилади шубҳасиз энди,
Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.

Баҳор келаётир,
Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор…



1993 йил . Тошкент шаҳри .



 

Манба:

Ғафур Ғулом нашриёти

 

 

Подробнее...

 

Фарид Усмон.

Бир пиёла сув

(қатра)

 



Чол қотиб кетган болишга тирсагини тираб ўтирди. Оёқларини кўрпачадан чиқариб узатаркан, чуқур “уҳ” тортди. Қўли билан пайпаслаб, кўрпача тагига қистирилган дастрўмолни олиб, ёшланган нурсиз кўзларини артди. Пахмоқ соқолини силар экан, кўнгли ўртанаётганини ҳис қилди. Кўз олдига муздеккина, қип-қизил бир тилик тарвуз келди.
Қани энди, ҳозир бир тилик тарвуз бўлса, вужуди сал ҳузур топарди, чанқоғи босиларди. Дардига малҳам бўларди. Балки… кўнгли ёришиб енгил тортармидийкин…
Чолнинг хаёлида тарвуз бозори гавдаланди. Ўтган йили пишиқчилик вақтида, бирорта тарвуз ё қовун олиб кетай, деб жума намозини ўқигач, бозорга кирди. Тарвуз-қовун тўп-тўп бўлиб ётибди. Харидорлар етилиб пишган қовунларни “тап-тап” уриб деҳқон билан савдолашади.
У айланиб юриб тарвуз сотаётган эски қадрдони Мамадалини учратиб қолди. Мамадали дўстини қўярда-қўймай ёнига ўтқизиб катта бир тарвузга пичоқ тортди. Улар тарвузхўрлик баҳонасида шомгача суҳбатлашиб ўтиришди. Қайтишда уни уйга таклиф қилди, кўнмади, лекин қўлтиғига бирмас иккита тарвузни қистириб қўйди. Кўтара олмайман, йўлда қийналаман, деб зўрға биттасини олгани кечагидек эсида.
Чол юзларига қўнган пашшани елпиб ҳайдаркан, дўсти ҳақида ўйлай бошлади. Ўшанда анча тетик эди. Балки ҳали ҳам бардамдир.
У қовоқлари ичига чўккан кўзлари билан озганлигидан шалвираб қолган оёқларига тикилди. Оёқларини йиғиб, тиззасини букди. Гўшти кетиб бўш халтага ўхшаган болдирларида ҳаракат қилиш учун мадор қолмаганлигини сезди.
Серфарзанд бўлсанг маъқул экан. Биттаю битта қизи ўзидан ортмайди. Кампири раҳматли вафот этгандан кейин чолнинг юрагини кўпроқ ёлғизлик даҳшати кемирарди. Энди-чи, энди боши ёстиққа тегиб қолгандан бери кўпроқ ёшлигини қўмсайдиган бўлиб қолди.
Ёшлигида ўт бўлган. Ҳеч нарсадан ҳайиқмаган. Ҳозиргидек чорасиз, ташна бўлмаган. Энди-чи?
Рўпарасида кўзига хира-шира ташланаётган деворлар ойнадек кўринади. Ана бу ниманинг товуши бўлди? Калтакесак чиқиллаганга ўхшадими, ё кўча эшик занжирини биров тақиллатдими? Невараси кириб келса-я, кошкийди, дарҳол “Кўчадаги ариқдан бир пиёла сув олиб кир” дер эди. Бир пиёла сув. Оғзи қуруқшаяпти. Тили танглайига ёпишиб қолгандек. Нимжон гавдасидан сўнгги қуввати ҳам чиқиб кетаётганга ўхшайди. Бир пиёла сув…
Хаёлан бир пиёла сувни, тиниқ зилол сувни сипқорди. Толиққан томирларига қон югурди. Бемажол вужудини кўрпага ташлаб оёқларини узатди. Бир пиёла сувнинг қуввати панжаларининг учларигача етиб бориб, ҳаракатга келтирди гўё.
Узала тушиб ётгиси келди. Нимжон қўллари билан кўрпани кўтариб, оёқларини йиғди. Боши айлангандек бўлди. Томоғи баттар қақрай бошлади. Нотекис ишлаётган миясида яна бир пиёла сув гавдаланди. У қуруқ лабларини бемажол тили билан яламоқчи бўлди. Бўлмади. Ютиниб қўя қолди. Ютинганда қуруқшаб қолган кекирдагини бир нарса тилиб кетди.
Ҳаёлида чопиб борарди. Ана анҳор. Тўлиб-тошиб оқяпти. Энгашиб бир пиёла сув олиб ичди, яна ичди, яна… Сўнг юзини ювди. Сув томчилари юзида мунчоқ-мунчоқ бўлиб қолди. Сув ҳайқириб оқмоқда. Ёшлик сингари ҳайқирмоқда. Худди ўзидай…
Ёшлик ариқдаги ўйноқи сув мисол. Тошиб оқади. Орқасига қарамайди. Тўсиқларга учраганда димланиб қолади, лекин у бу димланишга деярли эътибор бермайди. Ёшлик ҳам шу сингари, жуда тез ўтиб кетади. Ариқдаги сувдан ҳам тез. Ёшликда инсон бунинг қадрига етмайди. Уни эъзозлаш ўрнига таҳқирлайди, бевақт барбод қилади. Ёшлигини хазон қилганлар камми. Жуда кўп. Ёшлик қувватини эҳтиёт қилиш керак. Дунёда энг ёмон дард — кексалик. Мана шу дардни вақтинча бўлса-да, даф қилиш учун ёшлик бунёд этган кучдан фойдаланиш мумкин бўлсин. Оҳ ёшлик, қайлардасан? Қани, сендаги куч-қувват?!
Чол сўнгги жумлаларни пичирлаб айтди, кўзини очиб шипга қаради. Шу пайт бир нарса чирқ этгандек бўлди. У калтакесакмикан, қаерда чиқиллаяпти, деб диққат билан қулоқ сола бошлади. Қулоғига кўча томондан қадам товуши чалингандек бўлди. У бошини кўтариб оёқ товуши келган томонга қаради. Товуш яқинлашиб “ота” деган овоз келди. Чол киприкларини пирпиратиб сўридан пастга қаради.
— Менман, мен Равшанман, овқат олиб чиқдим, — деди яна ҳалиги жарангдор овоз.
Чол қўшнисининг кичик ўғлини таниди. Кучаниб боши томондаги пиёлани қўлига олди ва болага узатди.
— Сув ичасизми, ё чойми?
Чол қўли билан кўча томонни кўрсатди. Бола чопқиллаб кетди. У ариқдан бир пиёла сув олиб кириб, чолнинг қалтироқ қўлларига тутқазди. Чол сувни бир ҳўплаб чуқур нафас олди ва “худога шукр”, деб қўйди. Бир қултум сув унга забон ато этди. Қотиб қолган тили юмшаб, шукур келтирди. Энтикиб-энтикиб нафас оларкан, пиёладаги сувга сўзсиз тикилди. Бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Бола пиёлани қўлига оларкан, “янами” деб сўради.
Чол:
— Майли, — деди. Бола яна сув олиб келди. У бу сафар ичмади. Ёнбошига қўйиб қўйди. Сувга тикилиб туриб боланинг жингалак сочидан силади ва секин:
— Раҳмат, болам! — деди.
Бола чолнинг гапини уқмади. Кўчага қараб чопди. Чол унинг югуришига қулоқ солиб туриб, ўзининг ёшлигидаги оёқ товушларини эшитгандек бўлди.

 

 

 

Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.

 

Жаворонки поют над полем-Холдор Вулкан

 

 

"Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун соғлом куч ва ташкилот керак"

 


Албатта, қуйидаги сўзларни Усмон Носир таҳаллуси остида ёзган одам ўзининг ва ўз яқинларининг ҳавфсизлигидан келиб чиқиб, таҳаллус қўллаган бўлиши мумкин.

Аммо, унинг фикрларида жон бор.

Ҳақиқатан ҳам, шу кунгача очиқ ёки яширин "фаолият" кўрсатиб келаётган "партия" ва ҳар -хил "ҳаракат"ларнинг миллатчилик, ирқчилик, диний ва дунёвий бўлгинчилик каби иллатлар устига қурилган сиёсий платформаси, тактикаси, бугунги вазиятга мос келмайдиган даражада эскирди, яроқсиз ҳолатга келди.

Уларнинг тожу тахт, молу дунё, қасос васвасаси билан мийялари айниб, телбаланиб қолган бири тажанг, бири ўлгудек лақма, бирлари ёмон хотиндай маккор, яна бирлари кулгили даражада чаласавод "лидер ва лидерчалари" эса, аллақачон сиёсий арвохларга айланган.

Бу чириб, тешилиб кетган етмишямоқ "сиёсий ташкилотлар"ни таъмирлаш ҳам керак эмас.

Бугунги ўзбек жамияти, сиёсий платформаси УМУМИНСОНИЙ ҒОЯЛАР билан суғорилган соғлом янги сиёсий партияларга, ҳамда ақли тиниқ, фикри теран, қуруқ гап - лақмалогиядан йироқ, қўлидан амалий иш келадиган, сиёсий маданият ва одобга эга, замонавий сиёсатдаги баланд -пастликларни, балансировкани яхши  биладиган, узоқни кўра оладиган саводли, серқирра билим эгаларига,ҳақиқий маънодаги дипломат лидерларга мухтож.

 

 

Холдор Вулқон.

 

Усмон Носир деган муштариймиз шундай фикрда:


Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун, уни ўзгартира оладиган бир соғлом куч ва ташкилот керак. Бундай ташкилот, миллионлаб муҳожирларни бирлаштира оладиган сиёсий партия бўлиши мумкин. Бу партияни программаси халқ дардини тушуниш, миллат келажагини ўйлагани ҳолда, адолатпарварлик, ҳақиқатпарварлик руҳида, ватанни севган инсонлар ғоялари ифодаланган программа бўлиши керак. Бу партия ишончни қозонса, қудратли бир кучга айланади.

 

 

Ўртадаги матн BBC радиоси ўзбек бўлими сайтида эълон қилинган "Би-би-сига айтаман" мақоласидан олинди.

 

Севимли кар гаранг пушти панохинг, сендан фойдаланиб бўлгач, кетинга қаратиб тепган хўжайининг халқнинг фарёдига қулоқ солмаса, эшитиб, эшитмаганга олса, Элимиз дардини BBC га айтмай кимга айтсин?Энанга айтсинми?

 

 

Фарид Усмон

CCCР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, таниқли ўзбек ғазалнавис шоири.

 

 

Ҳа, менга илк бор шеър ёзиш техникасини ўргатган устозимиз Фарид Усмон айтмоқчи, ёруғлик ҳаммага тенг ва у бою камбағал демай барчага баробар хизмат қилади.

Баъзан баъзиларнинг деразалари ёруғ, ўзлари шодумон яшаган ҳолатда кимларнингдир уйида чироқ ёнмайди.Уйида чироқ ёнаётганлар вақти келиб, зулмат ҳам шоху гадога баробар бўлиб қолиши ҳақида ўйламайдилар.

Яхшиям бошқармаларга бўйсунмайдиган беминнат, бепул қуёш бор, ой бор, юлдузлар бор!

Устоз, ғазалларингизни ва муҳаммасингизни ўқиб, хурсанд бўлдим.Ҳамиша соғ -омон бўлинг!Жиянларимга, келин аямга, устоз Олимжон Холдорга,Туячи бойга, Турсунбой Тилсимга, Нусрат акага, Мухсин акага, Одил Нишонга, Одилжон Эгамбердиевга,Рафиқ Мухторга ва бошқа ижодкор дўстларга салом айтинг.Ҳурмат билан,

 

Холдор Вулқон.

 

Ёруғлик барчага тенг…

 



Салом йўллай дедим сенга саболардан, саболар йўқ,
Кўнгил арзимни айтмоққа азм этсам, наволар йўқ.
Сабосиз боғда гул хомуш, навосиз гул эса вайрон,
Сукунат тош каби бағрим эзар, сирли садолар йўқ.
Фидо қилмоққа жонимдан кечиб эрдим ўшал фурсат,
Хаёл тўхтатди: эй, тўхта, гўзалларда вафолар йўқ.
Қадрдон дўст хаёлим бирла кездим кўча-кўйларда,
Бу не ҳол, кўча-кўйлар ичра чин дўст-ошнолар йўқ.
Фақат “йўқ-йўқ” садоси янгради солсам қулоқ ҳар ён,
Ўзим ҳайрон, кўзим гирён, бу йўлда раҳнамолар йўқ.
Фарид бир номанинг бор изтиробин айта олмай лол,
Салом йўллай деган сари саболардан, саболар йўқ.

* * *


Ёруғлик барчага тенг, ҳар бутоғ-у гулга, япроққа,
Ёйилгай кўчага у, далага, ҳам қирга, ўтлоққа.
Масофа англамасдир ўтибон боргай узун йўлдан,
Сингиб кетгандир у ҳар фурсату, ҳар лаҳза, ҳар чоққа.
У ҳар ободу ҳар вайронани тенг кўргали боис,
Муяссардир кўнгиллар мулкида эъзозу ардоққа.
Ажаб, тонг уфқида бир тонг уни бир зум қучиб эрдим,
Нетай, у кулди устимдан, ёйилди шунда ҳар ёққа.
Фарид, хушнуд бўлурман гоҳи-гоҳо дуч келиб унга,
Нигоҳ солсам чўзиб бўй қўшни қизлар сайр этар боққа…

* * *


Кўзим, гулзора боқ, сен ушбу гуллар қадрига етгил,
Ватан эъзозини гул васфида авлодлара элтгил.
Қара, оқ, пушти ранг, ҳам сап-сариқ, ҳам қип-қизил рангни,
Бу ранглар ичра сен ҳар субҳидам бир сайр этиб ўтгил.
Тароват гулшанида сайраган булбулга минг раҳмат,
Кўнгил, боғларга оққан тип-тиниқ сувдек сингиб кетгил.
Бўлиб чин улфатинг шодлик, қувончга ошнолиғ эт,
Унут буткул аламларни — жаҳон қайғусини тепкил.
Бу гуллар — кўз, бу гуллар — юз, табассум айлаган чеҳра,
Фарид, бағрингга бос, ардоқлагин, ҳар сония ўпгил.

 

 

 

 

 

Подробнее...

 

Восит Аҳмад ҳақида икки оғиз сўз

Восит Аҳмад андижонлик ҳажвчи ёзувчи. Юз тузилиши билан чойхоначи Абдусалом ролини қойил мақом қилиб ижро этган ажойиб актерни эслатадиган бу ижодкор табиатан қувноқ  ва  айни пайтда, бировнинг ҳаққидан қўрқадиган  ҳалол,  камтарин, донишманд  инсон, яхши  дўст, қолаверса баъзи сохта шохер ва язувчилар, найнов, довдир тахтапешоналар каби ақлсиз бошини адабиёт кулохига, тожига ҳозирлаб, "ДАҲО"ликни даъво қилмайди.

Демоқчимизки, Восит Аҳмад ёниқ - ёрқин истеъдоди Худо тамонидан ато этилган ҳақиқий маънодаги иқтидорли замонавий ўзбек ёзувчиларидан биридир.

 

Холдор  Вулқон

 

Восит Аҳмад

Ақллилик балоси

(ҳажвий ҳикоя)



Ота-онаси хизмати ва меҳнати билан Хушнуд тенгдошларига нисбатан барвақтроқ улғайди: кўп китоб ўқигани учун билимлироқ бўлиб ўсди. Лекин уни ишлатишда ҳали меъёрни билмагани сабабли азиятлар ҳам чека бошлади. Бу бутун ҳаётида одат тусига айланди.

Ҳар қалай баҳсларда қатнашиб, калтак остида қолган Суқротнинг ачинарли ҳолати бошига тушмаган бўлса-да, у ҳам бу борада кўп кўргиликларни кечирди. Нохушликлар мактаб ёшидаёқ юз берди.

Бешинчи синфда ўқиётган болакай ёш ўқитувчига уч марта танбеҳ берди.

– Опа, Навоий билан Бобурни алмаштириб юборяпсиз.

Учинчи танбеҳдан кейин тоқати тоқ бўлган ўқитувчи қулоғидан чўзиб ташқарига олиб чиқди. У ёқ-бу ёққа қараб олгач сўради:

– Хўш, қаерида адашдим?!

– Ҳамма ерида, айниқса, туғилган ва вафоти саналарида…

– Тўғриси қандай?

Хушнуд айтиб берди. Ўқитувчи ҳозиргина чўзган қулоқларини силаб қўйди.

– Энди, Хушниджон, программа катта. Адашиб кетаркансан-да. Лекин буни секин, синфдан ташқарида, дарсдан кейин айтсанг ҳам бўлади-ку. Болалар олдида…

Йўқ, у бундай қилмади. Чунки у тенгқурлари нотўғри билимга эга бўлишини ҳоҳламасди. Қулоқлари ҳам кўп чўзилаверганидан каттайиб борарди, лекин шартакилик қилишни қўймас эди.

Мактабни тамомлаб муҳандислик олийгоҳида ўқиётганда ота-онаси уйлантириш пайига тушди. Бунда ҳам у кўп ғавғоларни келтириб чиқарди. Аввалига бечора оила пешволари “ўзимиз пиширган ош…” дея, қўл қовуштириб туришди. Аммо Хушнуд тобора қуюшқондан чиқиб борарди. Ақлли ўғил ҳар гал қиз кўргани чиққанда ё ўзи ҳурпайиб қайтар, ё келин бўлғувчи қочиб кетган бўларди. Аммалари ҳам ундан обдон зерикишди.

Бир куни Хушнуд учрашувга чиққан қизни мактабга етаклаб қолди. Одатда йигитлар қизларни боғларга, музқаймоқхоналарга бошлагувчи эди. Аммалар ҳайратда қараб қолдилар. Қиз ҳам “Бу жинни бўлганми” дегандек, ортидан хушламайгина эргашди. У қизни география хонасига олиб кириб:

– Қани, Маҳлиёхон, Ўзбекистонни кўрсатиб юборинг, – деди харитага ишора қилиб.

Ҳам эсанкираб, ҳам жаҳлланган қиз мактабдан қочиб чиқди. Хушнуд ҳукм чиқарди: Ўзбекистонни кўрсатиб беролмаган қиз менга муносиб эмас.

Бошқа бир қиздан:

– “Ўткан кунлар”ни ўқиганмисиз? – дея сўраб қолди.

Қиз ўқимаган экан, у ҳам кун тартибидан тушди. Яна бир куни янги “номзод”дан “Амир Темурни биласизми?”, деб сўради. Билмас экан – у ҳам хотинликка нолойиқ топилди. Нолойиқ топилдигина эмас, тутқазилган гул ҳам ундан тортиб олинди.

Бундай чегараси йўқ машмашалардан тўйган она охири ёрилди:

– Ҳой, сен харидор киёвмисан ё ишга ўқитувчи олаётган мактаб директори?

– Ойи, оддий саволларимга жавоб беролмаган қиз билан қандай қилиб бир умр яшайман?

– Вой ўлмагур, қиз кир ювиш, овқат қилишу нон ёпишни билса бўлди-да. У сенинг ўқувчингмики, ҳар куни савол-жавоб қилиб ўтирсанг…

Ҳартугул унинг ҳам муносиби топилди. Бу борада у Хушнуддан ҳам ўтиб кетди. Ўқув юртларида таълим олмаган эса-да, шундай ғазаллар ўқидики, Хушнуд маҳлиё бўлди-қолди. Учрашув сўнггида ҳатто четларига Саъдий ҳикматлари битилган рўмолча ҳам ҳадя этди. Ўша қиз умр йўлдоши бўлди.

Хушнуддан ҳамкасблари ҳам безор эди. У туйқусдан савол бериб қолишидан ёки олдида қовун тушириб қўйишдан чўчиб ўзларини олиб қочиб юришарди. Айниқса, у “Техник ходимга адабиёт-санъат-у, тарих нега керак?”, деганларни талаб ташларди. Бир куни тушлик пайтида ҳамхонаси билан кино санъати борасида суҳбатлашиб қолди. Гап айланиб аввалроқ вафот этган машҳур ўзбек артисти тўғрисида кетганда шериги хол қўйди.

– Ҳақиқатдан зўр артист-да, янги кинолари чиқмай қолди-я.

Мириқиб суҳбатлашаётган Хушнуд томоғига бир нарса тиқилгандек ютинди.

– У энди ўйнолмайди…

Бир куни ишхонага лектор келиб Амир Темур ҳақида маъруза қилди. Бир соатли нутқда Амир Темур сўзи ўттиз етти марта такрорланди. У ҳар гал Амир Темир дер, Хушнуд Амир Темур дея тузатарди. Лектор, қайта-қайта танбеҳ эшитгач, анча тўғри талаффуз эта бошлади.

Хушнуд оддий муҳандис бўлишига қарамай, ҳар соҳадан яхшигина маълумотга эга эди. Айниқса, миллий қадриятлар, маданиятга оид соҳаларда анча зукко эди. Шунинг учун атрофидагилар уни Даҳо, Мавлоно деб аташарди. Бинолар пештоқи, йўл бўйларидаги нотўғри ёзувлар ҳам нигоҳидан қочиб қутилмасди. Ўша ёзувлар ўнгланмагунча мутасаддиларни тинчитмасди. Бир олим уни шундай дея алқаганди:

– Яхшиям шундайлар бор-а. У санитар, атрофдаги иллату кирларни тозалаб юради…

Лекин ёши улғайган сари, қолаверса, атрофида жини суймайдиганлар кўплиги боис асаблари қақшаб, тез-тез хасталанадиган бўлиб қолди.

Қайси куни бир ҳамкасби ногаҳон ташланди.

– Ўлчовни ўз даражангизда қўяверманг, ўз ишимизни пухта билсак бўлади-да, – дедию балога қолди.

– Аввало, ўз ишингизни ҳам яхши билмайсиз. Иккинчидан, эсингизга солиб қўяй. Фудболдан йироқ бўлганингиз боис, ашаддий ишқибоз бўлмиш бошлиқ машинасидан ўсал ҳолда тушириб юборилганингиздан сўнг ўлиб-тирилиб шу спорт турини ўргандингиз-ку. Нега энди ҳеч бўлмаса ҳар бир фуқаро билиши керак бўлган, ўзга миллатлар олдида хижолатчилиги ўлим билан баробар бўлган оддий қадриятларимизни, адабиётимиз ва санъатимизни билишдан, ўрганишдан қочасиз?

Хушнуд ака таъсирида атрофидагилар – қариндош-уруғлар, хусусан, ҳамкасблари у-бу нарсаларни ўрганиб қўйишга тиришишар, унинг тиғига учрашдан, тўғриси, қаттиқ чўчишар эди.

Оилада хотини анча маслакдош бўлса-да, баъзида у ҳам эри “қилмиш”ларидан додлаб юборишига сал қоларди. Айниқса, қизига харидор бўлган йигитларни минг чиғириқдан ўтказишлари жонига тегди. Куёвликка номзодлардан бири физика ўқитувчиси экан. Уни хўп тафтиш қилгач, бир неча қонунни билмаганлиги учун, “Чала ўқитувчи куёвум бўла олмайди” деди. Яна бир бўлғуси куёв одам анатомиясини билмагани учун, пешонасига “йўқ” муҳрини босиб тўнғиллади.

– “Куёвингиз жарроҳми ёки қассоб?” дейишларини хоҳламайман.

Шундай ҳолларда тоби тобора ёмонлашарди. Ҳар қанча ўзини эҳтиётласа ҳам ўчакишгандек нохушлик рўпарасидан чиқиб қоларди.

Узоқроқ танишларидан бириникидаги зиёфатда китоб жавонидаги турфа ҳил чиройли муқовали бадиий адабиётларни кўриб кўзи қувнади. Сўнг Теодор Драйзернинг “Америка фожиаси” романини кўрсатиб:

– Буни ўқиганмисиз? – дея сўради.

– Йўқ, – деди уй эгаси.

– Манову, Жек Лондонни-чи?

Хушнуд ака феълидан бехабар уй соҳиби дангалини айтиб қўя қолди:

– Қаёқда? Ҳеч бирини ўқимаганман. Бу абадий китоблар уйни безаш учун-да…

Адабий сўзи билан абадий сўзининг фарқига бормаган катта китоб жавони эгасининг лоқайдлиги Хушнуд акага қимматга тушди. У бир йўла ётиб қолди. Энди хотинига қийин бўлди-да. Ҳол сўровчи касларни зимдан тергаб, қовун туширувчи думбуллардан беморни эҳтиётларди. Аммо… Танишларидан бири кўргани келди. Келмасаям бўларкан, у шошаётгани, бир ёзувчи юбилейига бориши кераклигини гап орасига қистирди.

– Шеърларини ўқимаганман. Сўз бериб қолишмасмикин?!

– У шоир эмас, носир.

– Йўқ, Носиржон эмас, Камолжонни юбилейи.

– Ўхх!

Хушнуд ака юрагини чангаллаганча эшикни кўрсатди-ю, ўзи…

 

 

МАНБА: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.

 

 

 

Подробнее...

 

 

Мавлуда АЗИМОВА

 

ИШОН

 


Мен гўё ҳаёт саҳросида ёлғизман.

Юрмоққа мадор йўқ, ҳолсизман.

Атрофдан бир илинж истайман,

Бироқ вужудим эгаллаб олган бир титроқ.

 


Умид тўла нигоҳла боқаман ҳамон,

Бу қурғур юрагим ёнмоқда ёмон.

Ҳувиллаган қалбим, ранглари сомон,

Муҳаббатим қаршимда ожиз, нотавон.

 


Қўлимни узатсам, осмон йироқда,

Қийналар, оҳ, қалбим, дилим фироқда!

Ҳаёл у ҳам бугун машъум тузоқда,

Ўй сурар мен билган ўшал қирғоқда!

 


Олдинга интилгим келади шу дам,

Соям менла борар қадам ва қадам.

Олисда нур кўринар субҳидам!

Аста босаётган қадамим илдам.

 


Шу дам яна ёлғиз қолгим келади,

Юзларим силаб шамол елади.

Ўтган кунларим эсга келади, оҳ,

Ҳаёт сабрим роса элади.

 


Сирлашгим келади сирлашгувчим йўқ.

Сўзлашгим келади сўзлашгувчим йўқ,

Ўйлагим келади, ўйлагувчим йўқ.

Қўлласа дейман-у, қўллагувчим йўқ!

 


Меҳр кўчасидаман: меҳрибон излаб,

Тузалмас дардимга бир дармон излаб.

Ҳатто, айрилиқни ёлвориб сизлаб,

Суратига боқаман висолни излаб!..

 


Ненидир кутади бу интиқ юрагим!

Ўртаниб ёнади менга керагим,

Ҳаётда умид отли тиргагим,

Не бўлишин келар ундан сўрагим.

 


Телбадек кезади, кезади ҳаёл!

Қани, қалбим, ўзинг бўлди, бас деёл!

Эҳ, сизга бу кўз ёшим демасман увол,

Қалбимни тирнайди жавобсиз савол!

 


Кимсасиз боғдаман: ўйчан паришон,

Сарғайган япроқлар кузакдан нишон!

О, тақдир, сизга қуллуқ, сизга шараф-шон,

Ҳотиржам олқишлар сизни бир инсон!

 


Бу менман! Мен ўзим, ўзимман ишон!

 

 

 

 

Манба: "Иқбол" интеренет газетаси.Андижон.

 


 

 
Stephen Leacock.jpg

Канада ёзувчиси

Стивен ЛИКОК



Стивен Батлер Ликок (1869-1944) юмористик ҳикоялар устаси сифатида маълум ва машҳурдир. У аслида Англияда таваллуд топган бўлса-да, етти ёшга тўлганида ота-онаси билан Канадага мигрант сифатида кўчиб боради.

Торонто университетини тамомлаган ёзувчи сиёсий иқтисод ҳамда тарих фанлари бўйича бир қанча китоблар ёзади. Лекин Стивен Ликокни юмористик ҳикоялари дунёга машҳур қилди.


 

Торонто шаҳри. 1944 йил қаҳратон қиш.Шу йили Стивен Ликок вафот этган эди.Бу қадимий кўча ҳали ҳам бор ва мен бу шинам кўчалар аро машинада, Шерали Жўраев қўшиқларини тинглаб, сайр қилишни яхши кўраман.Айниқса тунда.Торонто гўзал шаҳар.Бу шаҳарга бир марта келган одам унга яна қайтгиси келаверади, соғинаверади.(Х.В.)

 

ОНАМНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ

(Ҳикоя)


Инглиз тилидан

Қандолат ЮСУПОВА таржимаси.Андижон.



Менимча, йилда бир маротаба бўлса ҳам "Оналар байрами"ни нишонлаш - бебаҳо фикр.

Шундай экан, биз ҳам онамизнинг туғилган куни учун маҳсус тантана уюштиришга қарор қилдик. Бу қароримиз ўзимизга ҳам жуда маъқул тушди. Ахир онаизоримизнинг биз учун нечоғлик жон куйдиришларини дил-дилимиздан ҳис этамиз. Ўз навбатида биз - фарзандлар меҳрибонимиз учун ҳотамтойлигимизни кўрсатиб қўйиш учун маҳкам бел боғладик.

Дастлаб уйимизни гуллар билан безатишга киришдик. Бунинг учун онамиздан бир оз кўмак сўрадик, негаки, онам ҳар байрам кунларида бу ишни қойилмақом тарзда уддаларди. Сингилларимиз шундай муҳим кун шарафига ўзлари учун янги шляпалар харид қилишди. Онамиз учун ҳам янги шляпа олмоқчи бўлгандик, бироқ онамиз ўзининг эски шляпасини маъқул кўргач, биз ҳам янгисига ҳожат йўқ, деб ҳисобладик.

Шундай қилиб, нонуштадан сўнг онамизни шаҳар ташқарисига, табиат қўйнига айлантириб келмоқчи бўлдик. Чунки онамиз бутун кунни уй ичида, бир дунё ишга кўмилганча ўтказар, шу важдан ҳеч сайру саёҳатга чиқишга вақт тополмасди.

Бироқ бу режамизни бироз ўзгартиришимизга тўғри келди. Чунки дадам яхшиси, онамни балиқ овига олиб боришни афзал деб билди.

Ов учун бор нарсамиз тахт бўлгач, шу вақтда онамиздан биз учун бир-икки дона бутерброд тайёрлаб беришини сўрадик. Балиқ овига олиб бориш учун машина эшик олдига келиб тўхтагач, у ерда ҳаммамиз учун етарли жой йўқлигини кўриб, бор қувончимиз ичимизга тушиб кетди. Дадам уйда қолиб, боғда ишлашини билдирди. Кейин иккала қиз - Анна билан Мария ҳам уйда қолишларини айтдилар, бироқ бошларидаги янги шляпаларини ҳеч кимга мақтана олмасликларидан уларнинг ҳам кўнгиллари чўкди.

Охир-оқибат сўнгги қарор шу бўлдики, онамизнинг ўзи уйда қолиб, кечки овқатни тайёрлаб турадиган бўлди. Умуман олганда, балиқ ови онамга унчалик ҳам хуш келмасди.

Ана энди ҳаммамиз машинага сиғиб, севинганча жўнаб кетарканмиз, то қорамиз кўздан йўқолгунича онамиз айвонда турганча бизларга қўл силкиб қолдилар.

Оҳ, шаҳар ташқарисида шу қадар маза қилиб дам олибмизки! Дадам анчагина катта-катта балиқ тутди, қизлар эса ўзларига дугоналар топишиб, уларга янги шляпаларини мақтаниб олишди. Қайтаётганимизда қуёш аллақачон уфққа бош қўйиб бўлганди.

Хайриятки, кечки таомимиз анча аввал ҳозирлаб қўйилган экан, барчамиз шоду хуррамлик билан байрамона безатилган дастурхон атрофига ўтирдик. Овқат пайтида ҳам онам ҳеч бемалол ўтиролмади, ошхонадан егуликларни келтириш ҳамда бўшаган идишларни йиғиштириб олиш учун ошхона билан дастурхон ўртасида тинмасдан бориб келаверди.

Ниҳоят, кечки нонушта тугагач, биз ҳаммамиз онамизга идишларни ювиб олишда ёрдам беришни хоҳладик, лекин онамизнинг бу ишни ўзим қилмасам кўнгилдагидек бўлмайди дейиши бизга маъқул тушди. Онаизоримизнинг истакларини ерда қолдирмаслик учун, ноилож, бу ишни ҳам ўзларига қолдирдик, ахир биз нима қилиб бўлса-да, меҳрибонимизни хурсанд қилишга қарор қилгандик-да!

Уюштирган тантанамиз ўз поёнига етганида анча кеч бўлиб қолганди, уйқуга ётишдан олдин барчамиз онажонимизни ўпиб қўйдик, у эса бахтиёр ҳолда бу кунни ҳаётидаги энг ажойиб кун бўлганини айтар экан, нигоҳларида бир дунё меҳр товланар, бахтдан гўё сармаст эди.

 

 

Манба: "Иқбол" интернет газетаси, Андижон.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаким Назир ҳақида икки оғиз сўз


Мен ёшлигимда устоз ёзувчи Ҳаким Назирнинг "Сўнмас чақмоқлар" номли китобини ўқиб маза қилардим.

Чунки Ҳаким аканинг асарларида туйғу кучли эди.У жала қуяётган тунги пахта далаларини, чақмоқларда юзлари ёришиб, ғўзаларни сув ювиб кетмаслиги учун ариқ қирғоқларига кетмон билан чим босаётган усти боши шалоббо одамларни, гумбирлаётган момақалдироқларни, чақмоқ шуъласидан ёришган далаларни, ариқлардаги тошқин бўтана сувларни тасвирларкан, ўқувчи беихтиёр ўзини ўша одамлар билан жала қуяётган тунги далада юргандай, ёмғирли мусаффо ҳаволардан нафас олаётгандай ҳис қиларди.

Шу маънода Абдулла Қаҳҳор Ҳаким Назир домладаги ёниқ истеъдодни ўз вақтида илғаб, унга жуда тўғри баҳо берган эканлар.

Ўзбек адабиёти болалар насрига ўша ёмғирлар шовқинини, чақмоқларни, гиёхлар хидига тўйинган далаларнинг тоза ҳавосини олиб кирган  устозимиз Ҳаким Назирнинг прозамиз ривожидаги хизматлари беқиёс.

Мен гарчанд тақдир тақозоси билан ўзга қитъада, уммонлар ортида яшасам ҳам, ҳамон шундай ажойиб ёзувчимиз бор деб Ҳаким Назирни бот -бот эслаб,фаҳрланиб юраман.

ҲАКИМ НАЗИР ҒАФУР ҒУЛОМ, АБДУЛЛА ҚОДИРИЙЛАРДАН КЕЙИН ТОШКЕНТДА ТУҒИЛГАН ИСТЕЪДОДИ ЁНИҚ САНОҚЛИ ИЖОДКОРЛАРНИНГ БИРИДИР.

 

Холдор Вулқон.



Ҳаким Назир.

Устозга ёқмаган бир сўз…





Ўсмирлар билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашиб қолсам, улар кўпроқ: “Ўзингиз қандай қилиб ёзувчи бўлгансиз?”, деб сўрашади. Мен жавобни устозим Абдулла Қаҳҳорни таърифлашдан бошлайман. Ахир, мени ёшлик чоғимда қўлимдан етаклаб адабиёт майдонига олиб кирган улуғ оғамиз Абдулла Қаҳҳор эди-да, дейман фахр билан. Устозни тилга олганда икки ноёб хислати кўз олдимизда намоён бўлади: биринчиси, қаламининг ўткирлиги, иккинчиси, синчков, ўткир дидга эгалиги, бағрикенглиги.
Менда кичкинтойлик пайтимдан ёзув-чизувга ҳавас туғилган. Ота-онам ўқимишли кишилар бўлишиб, бизнинг хонадонда китобхонлик жуда авж олган эди. Онам Малика отин уйда мактаб очиб, маҳалла болаларини ўқитардилар. Шулар қаторида мен ҳам ўқиб, хат танийдиган бўлиб қолдим. Кечки соатларда эса қўшни аёллар бизникига йиғилишиб онам бошчилигида китоблар ўқишарди: Навоий, Бобур, Фузулий каби улуғларнинг ғазалларини жону дилдан берилиб тинглашарди. Мен ҳам берилиб қулоқ солардим. Айрим сўзларни, чиройли ибораларни қулоғимда сақлаб юришимни кўрганлар: “Тузуксан!”, деб кулиб қўйишарди…
Хуллас, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини қайта-қайта ўқиган сари ижодкорлик сирини билиб олишга қизиқишим ортди. Қани энди устоз билан бир учрашсам-у, суҳбатларини олсам, деган орзу менга тинчлик бермасди. Бироқ учрашувни ўйласам юрагим орқамга тортиб кетар, бу катта адибнинг салобатидан чўчирдим. Очиғи, илк ҳикояларим болалар матбуотида эълон қилинган бўлса-да, улар ҳали ҳаваскорлик машқлари эди.
1947 йили ҳикояларимга Абдулла аканинг назарига тушибди, “Салим отанинг чинаси” номли ҳикоям газетада эълон қилиниб, танловда мукофотланди. Сўнг мукофотланган ҳикоя ва очеркларим “Тортиқ” номи остида китоб бўлиб чиқди. Китоб Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилиб, Абдулла ака маъруза қилдилар.
Шундан кейин, мени олдиларига чақириб, ўқиган китобларим, ёзган нарсаларимни суриштирдилар. Менинг тортиниб, чала-ярим жавоб беришим у кишини қаноатлантирмади шекилли:
— Очиқ, лўнда қилиб айтавер, тортинма! — деб қўйдилар.
Абулла ака ўзбек болалар адабиётига қизиқиб қарарди. Бирон ёзувчининг болалар ҳаётидан олиб ёзилган қизиқарли асари чиқса, дарров ўқиб, муаллифга фикр-мулоҳазаларини билдирарди. Устознинг Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Қудрат Ҳикмат каби болалар ёзувчиларига муттасил ёрдам ва маслаҳатларини берганини кўрганмиз. Жумладан, камина ҳам у кишининг яхши маслаҳатларидан кўп баҳраманд бўлганимни ҳақларига дуо қилиб фахр ва ғурур билан эслаб тураман.
Болалар ёзувчисини иккинчи муаллим, деб ҳисоблаган адиб: “Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак!”, деб уқтирар, ҳақиқий талант эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турарди. Бу хусусиятлари биз ёшларга куч-қувват бағишларди.
Юқорида айтганимдай, мен устозга узоқ вақт яқинлашолмай юргандим. Бир куни у радиокомитетга мен ишлайдиган бўлимга кириб қолдилар. Адиб ёзган асарларини дастлаб радиога узатар, бу сафар ҳам янги ҳикояларини олиб келган экан. Бу ҳикояларни кимга ўқитишимни сўраганида, мен Қодир Махсумов номини тилга олувдим, уни чақиртириб, ўқитиб кўрдилар. Ўқиши, умуман, маъқул бўлса-да, айрим сўзларини ифодалашидан камчилик топиб, тузатиб турдилар. Шунда Абдулла аканинг ўта синчков, нозиктабиатлигини яна бир марта яққол кўрдим. У киши мени гапга солиб, ижодий ишга қандай киришаётганимни синчиклаб сўрадилар. “Салим ота” номли ҳикоямни дуруст топиб, фақат унда ишлатилган “зараркунанда”, деган бир сўзни ўринсиз ҳисобладилар. Абдулла аканинг ортиқча мақтов айтишдан тийилишини билардик. Ижодга ғоят масъулият билан қарашларини, у кишидан “дуруст”, деган баҳо эшитишни биз ўзимизга мукофотдай қабул қилардик.
Устоз менинг нашриётга, уюшмадаги йиғинларга бормай тортиниб юрганимни танқид қилдилар. Сўнг папкамдаги бошқа ҳикояларимга назар солдилар-да, баъзи бир сўз, ибораларнинг тагига чизиб, бу ишларни тузатгач, нашриётга топширишим мумкинлигини айтдилар. Гапларидан қанчалик қувонган бўлмай, барибир нашриётнинг бу ишимга қандай қарашини ўйлаб, иккиланиб юрдим. Кейин таваккал қилиб қўлёзмани топширдим-да, натижасини сабрсизлик билан кутдим. Хайрият, ҳикояларим нашриёт томонидан маъқулланди, бу ишда устозимнинг қўли борлигини сездим.
Абдулла Қаҳҳорнинг ижодимга ишонч билдириб Ёзувчилар уюшмаси пленумидаги маърузаларида, йиғинларда қўллаб-қувватлаганини пайқаб юрувдим. Кўп жилдли асарларининг V жилдида менинг ижодимга тўхталиб: “Ҳаким Назир ҳикоячиликда жуда тез суръат билан илгарилаяпти”, деб умидли фикр билдирганларки, булар мени қувонтирмаслиги, кучимга куч қўшмаслиги мумкин эмасди. Йиғинлардан бирида эса, мени мақтаб айтган қуйидаги қизиқ гапларини дўстлар кулиб эслашади: “Ҳакимжоннинг ижоди ҳақида шуни айтишим керакки, унинг асарлари тараша ёки пайраханинг ўтига ўхшаб ловиллаб ёниб, бир зумда ўчмайди, балки саксовулнинг чўғига ўхшаб тутаб-тутаб ёнади-ку, лекин ҳарорати зўр бўлади, анча фурсат ўчмай туради”.
Биринчи ҳикоялар тўпламим “Қишлоқдаги жиянларим” номи билан чоп этилди. Мен китобимнинг бир нусхасини олиб, устознинг уйига югурдим. У киши, одатдагича, вазминлик билан “дуруст”, деб китобимни олдилар-да, кейинги ишларимни суриштира кетдилар. Мен янги ҳикоялар ёзаётганимни айтгандим, елкамга қоқиб қўйдилар ва шу ернинг ўзидаёқ менга бир хат ёзиб бердилар. Бу мени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиш учун тавсиянома эди.
Мана меҳрибон устозимнинг шу чоққача асли қўлимда сақланиб қолган унутилмас қўлёзмалари:

ТАВСИЯНОМА


Ўртоқ Ҳаким Назир ҳозирги ёш ёзувчи-ҳикоянавислар орасида энг кўзга кўринган талант, ўз билим ва тажрибасини оширишга ҳаракат қилаётган ёзувчидир.
У адабиёт соҳасига яқиндагина (биринчи ҳикояси 1946 йилда чиққан) кирганига қарамасдан тез кўзга кўринди, кичик, мароқ билан ўқиладиган ҳикоялари билан адабиёт аҳлларининг диққатини ўзига тортди. Унинг газета, журналларда, турли тўпламларда чиққан, 1948 йилда алоҳида тўплам ҳолида босилган ҳикояларининг кўпчилиги ҳозирги ҳикоячилигимизда маълум ўрин тутади.
Ўртоқ Ҳаким Назирни Ёзувчилар союзига ҳақиқий аъзо қилиб олинишини тавсия қиламан.

9.02.48 й.                            /А.Қаҳҳор/


Тавсияномада айтилган бу сўзлар устознинг бағрикенглиги, ёшларга меҳр-муруввати, ҳиммати ғоят баландлигидан дарак бериб туради. Шундай улуғ зотга шогирд бўлганимдан ҳамон фахрланиб юраман.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 5-сонидан олинди.

 

 

 

МАНБА: ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИНИНГ "ИЖОД.УЗ" САЙТИ.

 

 

 



Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари.

 

1983 -2006 йиллар.


Маслахат,Тошкент, Бишкек.




Сўз сеҳри

(Хайку ҳақида )




Хайку ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб, у ташвишлардан безган,нохақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, хорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгохи, хилватидир.

Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб, хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб, ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларидаги чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар.

Хайкуларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ.

Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини, ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб, табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик ғуборларидан тозалайди.

Хайкуларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.

Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.

Қуйида, бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиларканман,шундай ажойиб япон шоирларининг хайкуларини ва танкаларини она тилимизга ўгириш менга ҳам насиб этгани учун Жаноби Ҳаққа ҳамду санолар айтаман.

 



 

БУНДАН 600 ЙИЛ АВВАЛ ЁЗИЛГАН ХАЙКУ ВА ТАНКАЛАР:

 

Мацуо Басё ёзган хайкулар:

 

 

 

***


Қорли тонг.

Яна қуритилган балиқни

Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.


***


Денгиз сувида сузиб юрар

Майда ялтироқ балиқчалар

Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар.


***


Совуқ шамолларда шолоплар эшкак

Юрагим сиқилар

Тун яна кўз ёш…


***


Шу қоядан туриб

Кўм - кўк денгизга

Қалпоғимни улоқтираман!


***


Қишки дала

Узоқларда юрар дехқонлар

Қолган - қутган чўпларни йиғиб


***

Сочим ўсибди

Озиб кетдим, рангим олинган

Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.


***


Банан япроқлари сўлғин

Ойнинг порлаб чиқишини

Сарғайиб кузатар дехқонлар


***


Йўллар тойғоқ музлама

Аттанг, тойиб йиқилди

Ширакайф дўстим.


***


Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота

Сўнаётган гулхан чўғлари

Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.

 

 

 

Подробнее...