Поиск
ТулкинАХ (500x613, 99Kb)

Тўлқин Эшбек

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Истеъдодли ёзувчи Тўлқин Эшбек ижоди ҳақида


Тўлқин Эшбек билан биз бир кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганмиз.


Тўлқинжон истеъдоди Худо тамонидан ато этилган ҳақиқий маънодаги ёзувчиларимиздан биридир.


Унинг асарларида қишлоқ ҳаёти шундай акс этдириладики, асарни ўқиётган одам ўзини гўё ўша асар қаҳрамонлари билан бирга юргандек ҳис қилади.


Унинг ҳикояларида ой балқиб турган кеча, чигирткалар чириллаётган бедазор,уч -тўрт чақирим масофадаги тун қаърида акиллаётган итлар овози, ошиқларнинг сирли учрашувлари, уларнинг руҳий кечинмалари, ўзига ҳос ёзиш услубига уйғун махорат билан ғоят ҳаётий тарзда акс этдирилади.


Тўлқин Эшбекнинг беда ўғрилари тўғрисидаги ҳикоясида жамият ўқилдизини эшакқурт каби зимдан кемираётган турли тоифадаги нонобқочарларга, халқ мулкини талон тарож қилаётган коррупционерларга гизли ишора ва киноя қилинади.


Коррупция, ўғриликлар ҳақида фикр юритаркан Тўлқин Эшбек газетавий сўзларни истефода этмайди, ҳикояни мақолага, фелъетога айлантирмайди, бадиийликка путур етказмайди, асарларида ҳамиша гўзал лирикани сақлаб қола олади.


Унинг ҳикояларини ўқир экансиз, ой охиста кўтарилаётган сокин оқшомлар бедазорларда товушларини гоҳ баландлатиб, гоҳ пастлатиб куйлаётган чигирткаларнинг маҳзун қўшиғи қулоққа чалинаётгандай туюлади.


Тўлқин Эшбек асарларида шунингдек  руҳий таҳлил (психоаналитика) ҳам кучли.


"Кушанда" ҳикоясида воқеаларни айлантириб, бир бирига туташтириш, яъни халқалаш санъатини ҳам кузатиш мумкин.


Ҳикоянинг бош қаҳрамони Турдибой Тошкентдаги бир амакининг гапларидан таъсирланиб, қайта ароқ ичмасликка ахд қиладию, қишлоққа тўйга боргач, иродаси сустлик қилиб, яна ичиб юборади ва ароқни ичаётиб, ўша тошкентлик амакининг гапларини эслайди, ундан ғойибона уялади.


Яъни воқеалар ҳикоянинг ичида айланиб, халқа хосил қилади.


Тўлқин Эшбек Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбековнинг садоқатли шогирдларидан бири.


Тўлқинжон нафақат истеъдодли ёзувчи, балки бошқаларнинг муваффақиятларидан астойдил қувона биладиган қалби тоза ИНСОН.


У бир пайтлар менинг болалар учун ёзган "Қоратаппак" номли асаримни мактаб дарслигига киритиш керак дея курашганининг ўзиёқ, бу ёзувчи ҳақида шундай яхши гапларни айтишимизга хуқуқ беради.

 

 

Холдор Вулқон

 

 

 

 

Кушанда

(ҳикоя)

 

 


Қишлоқда бирга ўсган Жасур жўрам тўйга айтиб келмаганида шунча ғалва қаёқда эди?..
Миёнқолдан атай келганига яраша Тошкентни ҳам томоша қилмоқчи бўлса керак, деб ўйлагандим. Нияти бошқа экан...
– Сенга ўхшаб катта шаҳарда униб-ўссин, деб исмини Турдибой қўйган ўғлимнинг қўлини ҳалоллаяпман,– деди у елкамга қоқиб.– Уч қиздан кейин кўрган тойчоғимнинг тўйига келадиган сийли (сийлашга лойиқ, демоқчи) меҳмонларга “Тошкент ароғи”дан олиб кетишни ният қилганман! Тўй тўйдек бўлсин-да, туврими?
Тўй тўйдек бўлиши учун ароқ шартми, дейишимнинг мавриди эмасди. Қувончи ичига сиғмаётган жўрамнинг қулоғига унақа гап кирармиди? Қисиқ кўзларини қисиб қўйганча у шундай деди:
– Тўй олдидан аввал ўзимиз қиттак-қиттак қиламиз! Ароқ сотадиган дўконларинг қаерда?
– Уйда зўридан бор,– дедим илтифот кўрсатиб.
– Йў-ўқ,– деди жўрам пахмоқ сочли бошини силкиб.– Тўйга аталганидан ичамиз! Баҳонада ҳамма мақтаган “Тошкент ароғи”нинг таъмини кўрамиз!
Дўстимнинг раъйига қарамасам бўлмасди:
– Унда, ана маҳалламизнинг дўкони...
Одам яқинлашганда эшиклари ўзи очилиб-ёпиладиган дўконга кириб, лол қолдик: бир бурчакда спиртли ичимликлар терилган пештахтанинг олди қора ойнадан ясалган девор билан тўсиб қўйилибди! Алоҳида эшикчаси ҳам бор. Харидорларга ароқ қора халтачага солиб бериляпти (гўё бошқаларнинг кўзи тушмасин, дегандек...)
Анграйиб турганимизни кўрган дўкончи амаки биз томон яқинлашди. Салом-аликдан сўнг оппоқ сочларига ярашган дўпписини тўғрилаб қўяркан, дўкон ичидаги дўкончага изоҳ берди:
– Ҳалол маҳсулотларга ҳаром қилинган нарсанинг нуқси урмасин, деб атай шундай қилду...
Бу гап жўрамнинг тилини қичитди, шекилли, истеҳзоли тиржайган кўйи ўзича нишонга урди:
– Ароқни харом, деб, ўзингиз нега сотяпсиз?
Дўкончи амаки қизишмади. Нурли чеҳрасига нимтабассум югурган кўйи ётиғи билан тушунтирди:
– Ёдийизда бўлса, бир пайтлар уни сотиш таъқиқланганди. Оқибати нима бўлди? Бировлар ҳар балони ичди. “«қўлбола”” ароқ ясайдиганлар пайдо бўлди ўшанда. Улар ҳозиргача одамларни заҳарлашивотти. Ҳеч бир ишши зўравонлик билан амалга ошириб бўлмаскан. Муқаддас китобда ичкиликни одамнинг қўлидан эмас, қалбидан олиб ташлаш буюрилган!
Жўрам ўзича бўш келмади:
– Ҳозир унга амал қиладиганлар топилармикин?!
– Амал қилиш-қилмаслик ҳар кимнинг ўз хоҳиш-иродаси,– деди амаки салмоқ билан.– Бироқ, биза билганимиззи айтиб қўйишивуза фарз-у қарздир. Ичкилик – умр заволи, ҳаёт кушандаси! Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан. Ўрнини эса шайтон эгалларкан... Ичганлардан фаришта қочиб, юзида нур бўлмаскан...

 

 

Аватар для Nigora Umarova

Манба: (Нигорабегим)Нигора Умарованинг "U forum.Uz" сайти.http://uforum.uz/showthread.php?t=18666

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл

(Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига)

 

Республикамиз мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ тўйини нишонлаш арафасида бу  байрамга етолмай оламдан кўз юмган ватандошларимиз беихтиёр кўз олдингизга келади.


Шундай улуғ инсонлардан бири, марҳум устозимиз Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов эди.


"Ўзбегим" қасидаси билан халқимиз юрагида ЎЗБЕКЛИК ифтиҳорини уйғотган, элимизни қалбан ва руҳан бирлаштирган шоир Эркин Воҳидов, ва бу қасидани қўшиққа айлантирган Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевлар Миллий Мустақиллигимиз учун ҳаммамиздан кўпроқ хизмат кўрсатдилар.


"Ўзбекистон Ватаним маним" шеърини ёзган яна бир устозимиз, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳам халқимизга ўзлигини, ўзбеклигини  танитиш борасида хизматлари беқиёс.


Қани энди Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев ўша "Ўзбегим", "Ўзбекистон Ватаним маним", "Замон замон бизнинг замон" ва имкони бўлса "Ватан" номли қўшиқларини Мустақиллик байрами нишонланадиган қутлуғ кунларда Мустақиллик майдонидан туриб куйласалар, бу қўшиқлар халқимиз юрагини ватанпарварлик туйғуларига тўлдирган ва эл севган ҳофизнинг сахналарга қайтиши барчани қувонтирган бўлар эди.


Одатда истеъдодини яратганнинг ўзи ато этган раҳбарлар,шоир ёзувчилар, ҳофизлар, рассомлар, композиторлар, кино ва театр санъати намоёндалари, олимлар бошқа халқларни камситмаган ҳолда ўз Халқини, Ватанини бошқаларга қараганда кучлироқ севадилар.


Улар ИРҚЧИЛИК ва МИЛЛАТЧИЛИК каби халқлар ўртасида низолар келтириб чиқарадиган, нафрат уруғини экадиган, охир оқибат, уруш ва қонли қирғинларга сабаб бўладиган ёвуз ғоялардан хазар қиладилар, ундай жирканч иллатлардан узоқроқ юрадилар.


Бундай улуғ инсонлар юрагига МАҲАЛЛИЙЧИЛИК, МИЛЛАТЧИЛИК деган бузғунчи иллат чаёнлари ин қуролмайди, яқин йўлолмайди.


Ваҳоланки айнан МАҲАЛЛИЙЧИЛИК мамлакатнинг (Худо кўрсатмасин) худудий парчаланишига, бир бутун қудратли халқнинг майда бўлакларга бўлиниб кетишига сабаб бўлади.


Биз Ўзбекистонликлар Ватанимизнинг худудий яхлитлигини истасак, МАҲАЛЛИЙЧИЛИК деган иллатдан, "Мен водий фарзандиман", "Мен воҳа фарзандиман" ёки "Ман тошканликман сан вилоятдан пойизга осилиб келгансан" каби тахқирли гапларни йиғиштиришимиз керак.


Маҳаллийчилик ёвлар шамини ёндириб, мўнгизини ўстириши, бу иллат ёрдамида кўринмас учинчи кучлар халқимизни бир бирига гиж -гижлашлари мумкинлигини ёдимиздан чиқармайлик.


Эркин Воҳидов айтганларидай тошкандликмизми, наманганликмизми, хоразмликмизми, сурхондарёликмизми, самарқандликмизми, ғиждувонликмизми ҳаммамиз Ўзбеклармиз,Абдулла Орипов айтганларидай Ўзбекистон бизнинг ягона Ватанимиз.


Биз умуммиятла қардош халқлар, қорақалпоқлару русларимиз, татарлару тожикларимиз, қозоғу қирғизларимиз  билан бирга, барчамиз бир оила фарзандларидай аҳил иноқ яшовчи ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАРМИЗ.


Уруш қирғин бўлмаслиги, халқимиз қочқинларга, шаҳарларимиз култепага айланмаслиги учун биз энг аввало МАҲАЛЛИЙЧИЛИК, МИЛЛАТЧИЛИК, ИРҚЧИЛИК касалидан мангуга қутилишимиз ва ҳар қандай муаммони маслахат, машварат, музокара йўли билан хал қилишни ўрганмоғимиз керак.


Айниқса Республикамиз Президенти Ислом Каримов бетоб бўлиб қолган шу тахликали кунларда биз ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҳар қачонгидан ҳам мустахкамроқ, орага провокатор ғанимлар сиғмайдиган даражада бақамти баҳамжихат бўлиб бирлашмоғимиз керак.


Мустақиллигимизни асраб қолмоғимиз лозим.


Ўзбекистонимиз нафақат қўшни ва қардош давлатлар билан, балки дунёдаги барча мамлакатлар, хусусан Хитой, Япония, Африка ва Европа давлатлари ҳамда Америка ва Канада каби қудратли мамлакатлар билан ҳам бирдай дўстона муносабатда бўлмоғи керак.


Энди Президентимиз ҳақида икки оғиз яхши гап.


Яхшими ёмонми Ислом Каримов чорак асрдан кўпроқ халқимизга қўлидан келганича хизмат қилди.


Автомобиль заводини барпо этиш, Республикамизни индустриялаштириш, тоғларни тешиб, тунеллар қуриб, тезюрар поездларни йўлга қўйиш, ободончилик ва яна кўплаб савобли ишларни амалга оширилишида бошу қош бўлди.


Энг муҳими, халқимиз учун сув ва ҳаводай зарур бўлган мамлакатимизда ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКнинг сақланиши йўлида улкан ишларни амалга оширди.


Кўзга кўринмас кучларнинг турли фитна ва провокацияларига усталик билан чап бериб, ўзига ҳос сиёсий тактика билан иш юрита олди.


Биз бировларнинг хатолари ҳақида гапиришга жуда устамиз.


Негаки ўзгалар хатосини, камчилигини топишданда осонроқ иш йўқ.


Аммо бу дунёда хатога йўл қўймайдиган биронта идеал одамнинг ўзи йўқлигини ва ундай мукаммал одам ё фаришта ёки пайғамбар бўлиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслик зарур.

 

Барча яхши, барча оқил, барча доно файласуф,

Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.

 


Ўзбекистонимизни, Халқимизни ҳар хил фитнаю фожиалардан Худои Таоло ўз панохида асрасин!

 

 

31/08/2016.

Тунги соат 12:16.

Канада.


 

Франц Кафка

Кўнгил иши

(ҳикоя)


Вазирабону Асадова таржимаси

- Стив, севиб қолдим!

- Табриклайман! Сен учун хурсандман, Оливер!

- Раҳмат, дўстим, бироқ бошим қотган.

- Нега?

- Суйганимнинг турмуши бор.

- Оилалими? Боши очиқ хотинлар қуриб кетганмиди сенга? Келиб - келиб эрли аёлга илакишасанми?

- Шуни айт. Кўнгил иши-да, оғайни, энди нима қилишга ҳайронман?

- Муҳаббатнинг кўзлари кўр, деб шунга айтадилар. Аёл - чи? У сени дейдими?

- Шубҳасиз!

- У ҳолда иккиланишга ҳожат йўқ. Ёринг хоҳиши шундай экан, бирга бўлинглар. Умр бир марта берилади, дўстим. Қандингни ур! Энг яхши йўли суюкли маъшуқангни олиб қоч! Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда, жон куйдирмасанг, жанона қайда?

- Эри - чи?

- Нима эри? От тепкисини от кўтаради, дейдилар. У тушунади ва тақдирга тан беради, оғайни. Начора ҳаётнинг ўзи шафқатсиз! Қачонгача алданиб яшайди шўрлик! Кўргилик ўргилай, кўргилик! Бошга тушганни кўз кўради.

- Эри кўнмаса - чи?

- Унинг бошқа иложи йўқ. Севмаганга суйкалиш бефойдалигини ҳар қандай эркак ҳам тушунади. Бир ёстиққа бош қўйдим, деб энди бир умр севмаган одам билан яшашга ҳеч ким мажбур эмас. Маслаҳатим: бировнинг хотинини олиб қочганга яраша, суйганингни бахтли қил!

- Бундан ташвишланмасанг ҳам бўлади.

Эртасига каллайи саҳар хотинининг ёнида йўқлигидан безовталаниб Стив ёстиқ устидан икки энлик хат топиб олди: "Мени излама, ортга қайтмайман! Бошқани севиб қолдим..." бу сўзларни ўқиган Стивнинг кўнглидан нимадир "шиғ" этиб ўтиб кетди. У беш йил бирга яшаган жуфти ҳалоли танлаган "бошқа"нинг кимлигинию алданиб яшаган ўша шўрлик ўзи бўлганини англаб етди.


Манба: "Иқбол" интернет саҳифаси.

Андижон шаҳри.

 


 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Фарид Усмонга



Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,

Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.

 


Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,

Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.

 


Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,

Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.

 


Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,

Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.

 


Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,

Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.




16/06/2016.

Кеч соат 8:02.

Канада.

Андижонлик улуғ ИНСОНларни ёд айлаб

 

Андижонда кўплаб бообрў, камтарин, донишманд ижодкорлар, олимлар ўтганларки, уларнинг саноғига етиш мушкул.

Шундай улуғ инсонлардан бири буюк навоийшунос олим математик Омонуллохон Валихонов Боқир бўлиб, мен бу инсоннинг ҳам назарига тушиш, ва дуоларини олишга улгурганман.Қотма қорачадан келган, нигохи фикрлари каби ўткир ва теран бу олим билан Андижон адабиёт музейида, шеърият анжуманида учрашиб қолдим ва у менинг шеърларимга юксак баҳо бериш билан бирга аруз вазнида қилган машқларимдаги айрим хатоларимни тўғрилашга ёрдам берди, архаик сўзлар маъно -моҳиятини эринмай тушунтирди.

Унинг менга сенлаб мурожаат этганидан хафа бўлмадим.Қайтага, шундай улуғ адабиётшунос олим мени қалбига яқин олди дея хурсанд бўлдим.

Аммо Имодиддин Улфат, Восит Саъдуллалар билан учрашиш менга насиб этмади.

Устоз адиб, лирик шоир Олимжон Холдорнинг дуосини олганман.Олимжон Холдор шундоқ кўчада қўлларини дуога очиб: Буюк шоир бўлинг, бошқа гап йўқ, омин Оллоху Акбар дея юзларига фотиха тортдилар.

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ҳам қийналиб қолган пайтларим менга кўп ёрдам берганлар.

Ёниқ шоир Фарид Усмон эса менга илк бор шеър ёзиш техникасини ўргатганлар.

Ул зотлардан Яратган Парвардигори олам рози бўлсин.Андижонда яна бир тилшунос олим борки, бу инсон ҳақида ҳам ёзмасам бўлмайди.

У Мухторхон Умархўжаевдир. Бу инсон немис тили бўйича мутаҳассис олим.У ўзининг немис тили шеваларидаги сўзлар таснифотига бағишланган докторлик диссертациясини Германияда ёқлаганлар.

Германияни бошдан оёқ кезиб, немисларнинг ўзларига ҳам маълум бўлмаган шева сўзларини тўплаб, уларнинг келиб чиқиши, мазмунини изохлаб, таснифлаганлар.

Мухторхон ака Пайғамбар Алайхиссаломнинг авлоди эканлиги учунми, юзларида нур, амалида файзу баракотлар бор.

У олим билан суҳбатлашган одам ҳар доим янги, қулоқ эшитмаган ҳикматли гапларни эшитади.

Қалбида кири, кибри йўқ, доимо суҳбатдошига беғараз жилмайиб қарайдиган, хасад, кек, бахиллик, қитмирлик, макру ҳийла нималигини билмайдиган бу очиқчеҳра улуғ инсоннинг бирон марта қовоғини уйганини, бировнинг устидан кулганини, кўча кўйда майда чуйда, бачкана кимсалар билан ичкилик ичиб юрганини кўрмаганман ва нимадандир норизо бўлганини, бировни ғийбат қилганини, ёлғон гапирганини, сўкинганини эшитмаганман.

Доимо кастим шим кийиб, бўйинбоғ тақиб юрадиган маданиятли, диди юксак, камтарин,одоб ахлоқли, ҳар хил зиною маъсиятлардан, харом харишдан йироқ, қалби тонг каби беғубор, олийжаноб у инсонга ҳамиша хавас қилиб яшаганман.

Мухторхон ака узоқ йиллар Андижон чет тиллар институтида ректор бўлиб  ишладилар.

Ҳозир невара чеваралари бағрида қарилик гаштини сураётир.

Камтарин, донишманд олим, филология фанлари доктори Мухторхон Умархўжаевнинг умрлари узоқ бўлсин, илоҳим.

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 

 

06/07/2016.

Кундуз соат 2:27.

Канада.

 

 

 

 

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов вафотлари муносабати билан.

 

Амир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан кейин Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр, Огоҳий, Ҳазиний, Эшони Ҳувайдо, Мохларойим Нодира, Жаҳонотин Увайсий, Муқумий, Фурқат, Мужрим Обид, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Чустий, Ҳабибий, Ғафур Ғулом, Уйғун, Собир Абдулла, Туроб Тўла, Восит Саъдулла, Жамол Камол, Ўлмас Жамол, Жуманиёз Жабборов, Шокиржон Ҳакимий, Олимжон Холдор, Фарид Усмон каби забардаст шоирлар шеъриятимизда аруз анъаналарини изчил давом этдирдилар.


ХХ аср охирида аруз вазнида ижод қилган шоирларимиз орасида Эркин Воҳидов шеърияти алоҳида кўзга ташланади.


Унинг "Ёшлик девони" китобидан жой олган ғазалларида баҳорий тонглар мусаффолигига уйғун муҳаббат қуёшининг тафти, таровати бор.

 

Эркин Воҳидов "Ўзбегим" қасидаси билан халқимизга ўзлигини, ЎЗБЕКлигини танитиб, ўзбекман деганларнинг шуурини ифтихорга тўлдирди.

 

Бу буюк қаҳрамонлик эди.

 

Устоз Эркин Воҳидовнинг вафотлари муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига ва муҳлисларига чин юракдан таъзия изҳор қиламиз.


Шоирнинг жойлари Жаннатдан бўлсин.

 

Чуқур қайғулар билан, Холдор Вулқон.

 

 

 

 

Xoldor Vulqon

O'zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a'zosi

G'ozlar galasining bom -bo'sh chelagi



Yog‘ar kuz yomg‘iri maydalab, ezib,
Yomg‘irda yuvilgan oynaday tuyg‘u.
Soyabon ostida yurarman kezib,
Ko‘lmaklar ko‘zida ismsiz qayg‘u.


Suv yuzida g‘amgin kumush xalqalar,
Shivirlar qamishli sohillar labi.
Bir yupun majnuntol yolg‘iz chayqalar,
Unsiz yig‘layotgan parizod kabi.


Nahot tamom bo‘ldi yomg‘ir ko‘z yoshi?
Tabiat yig‘idan to‘xtadi, tindi.
Yer qadar egildi maysalar boshi,
Borliqqa musaffo halovat indi.


Tortinchoq yalong‘och bog‘lar bir yonda,
Oynadek yaltirar bog‘lar yo‘lagi.
G‘iyt - g‘iyt etar kuzgi g‘amgin osmonda,
G‘ozlar galasining bo‘m - bo‘sh chelagi.




9 iyulь, 2011 yil.

Tungi soat 2 dan 36 daqiqa o‘tdi.

Toronto shahri, Kanada.

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Бадиий асарлар кўзгусида тарихлар акс этади



 

Бадиий асарлар сеҳрли кўзгу - афсонавий  Жаҳонойна каби бизга асрлар  хроникасини намойиш қиладилар.

Ҳазрати Алишер Навоийнинг:


Юзни гуллардин безабму бизни қурбон айладинг,

Ё юзинга тегди қонлар бизни қурбон айлагач.


дея ёзган мисраларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Юқоридаги байтлари  билан Алишер  Навоий  ўша олис замонларнинг жаллодлари одамларни қай йўсинда қатл этганини, жаллод юзларига қурбоннинг қони сачраши каби  машъум манзаралар  воситасида қилич  билан  омма  кўзи  ўнгида амалга оширилган қатл  сахнасини авлодларга етказади.

Шоир  ёрининг ғамзалар  қиличи билан бошини танасидан жудо қилганда ул гўзалнинг юзларига мақтул ошиқ, яъни ўзининг қони сачрагани ва шу сабаб маъшуқанинг юзлари гулдай қизарган  ҳолатни   ифодаларкан, сўз  билан  ишланган  маҳобатли полотнони тамоша қилаётган одамдай ғазал қаршисида ҳайратдан бир лахза қотиб қоласиз.

Навоий бу гўзал қатлнинг азоблари роҳат эканига ишора қилиб, мутлақ, мангу жаннатга ҳукм қилинган шуҳадо каби севинади.

Шу ўринда қатл сўзининг кўплиги “Қутул” эканини мухтарам ўқувчи бизданда  яхшироқ  билса керак."Қатл" ва "Қутул" сўзлари ўзакдош.Луғотимиздаги арабий "Қутул" сўзи фақат дунёвий зулмдан, ёвдан ҳалос бўлиш маъносини англатибгина қолмай, балки охират азобларидан қутулишга ҳам ишорат берадир.

Энди кейинги байтни қаранг. У байтни ўқир эканмиз, қадимда бир ўлкани босиб олган хукмдор , ўша ўлканинг вайрон қилинган шаҳарлари ўрнини омочда шудгорлатиб, уруғ эккани тўғрисидаги фактларни билиб оламиз.

Ғазал мисраларининг қатламларида қадимги замонларнинг суратлари динозавр суяклари каби диққатимизни тортади. Айни пайтда Алишер Навоий ёрнинг нозу истиғнолари, соғинчли қийноқлари хунрез ҳанжар ва найзалар каби обод кўнглини харобага айлантиргани, ҳижрон омочларида шудгор қилиб, соғинч уруғини экиб, яна у экинларни яшнатиш учун кўз ёшлари билан суғораётганидан ҳайратланади.


Тийғ ила пайконларинг етди, кўнгил бўлгач хароб,

Сув қуйиб тухм экдинг ул кишварни вайрон айлагач.


"тухум" дегани уруғ деган маънони англатади.Ҳамма мавжудод тухмдан,  уруғдан вужудга келади.Яъни ҳамма нарса тухмдан чиқади.Жумладан одам боласи ҳам.

Ғазалда пиримиз Навоий ҳазратлари буғдой ё арпа уруғини назарда тутганлар албатта.

Энди навбатдаги мисраларга назар ташланг.


Қон эмаским ёпди гулгун хулла жаннат хозини,

Иишқ мақтулин қатл айларда урён айлагач.


Қатл этилган мақтулнинг аввал урён, яъни ялонғочлантирилиб сўнг қатл этишдек машъум  манзарани сўзлар елкалари  яғир  ҳаммоллар  каби асрлардан асрга олиб ўтар эканлар, шоир мақтул қонини унинг танаси устига ёпилган ҳуллага, Жаннатда ҳурлар кийиб юргувчи ҳарир матога ўхшатади. Ғазалда акс этдирилган мудхиш манзара воситасида қатлдан сўнг мақтул қонининг ҳурлар киядиган ҳарир мато - хулладай қизариши  беихтиёр кўз олдимизга келади.

Яна бир мисолни Девонаи Машрабдан келтириш мумкин. Бобораҳим Машраб “Йиғларман” номли ғазалида :


Алололар этиб бутхона йиғларман


– дея ёзади.

“Алололар этиб” дегани Бутхонадаги насронийларнинг Хочга чормих қилинган ўз пайғамбарлари “Иисус Христос қайта тирилди” маъносидаги “Аллелуя! Аллелуя!” дея ҳайқиришларига ишорадир. Яъни Машраб Оллохнинг ишқида ўзини йўқотиб, эси оғиб, девона бўлиб, ҳатто ўз динини ҳам унитиб,  бутхоналарга кириб, "аллелуя!" дея элнинг таънаю маломатларига учрагани ҳақида зорланмоқда. Бу мисрадаги сўзлар қадимги ота – буваларимиз ҳам бошқа диний урф – одатларни, удумларни жуда яхши билишгани ҳақида, ва ўша замонларда ҳам диний бағрикенглик бўлганидан дарак беради.Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин дея ўйлайман. Сўзлар ҳам архиологик қазув чоғида топилган кўхна буюмлар каби тарихлардан сўйлайди, улар мозийнинг хилват ҳазиналарини ой каби ёритадилар.

Энди яна Ҳазрати Алишер Навоийга қайтамиз. Ҳазрат ўзининг “Топмадим” радифли ғазалидаги мисрада:


Бир камон абрўда тузлукдин нишоне топмадим


- дея ёзади. Бу қарама - қарши маъноли сўзлар ўйинидан иборат мисра Аруз вазнидаги "Тазод", яъни зидлаш санъатининг гўзал намунасидир.

Шоир тазод санъатини қўлларкан, камон абрў, яъни эгма қош эгрилигини туз, яъни тўғриликка зидлайди, қошлари эгма, аммо қалби эгри, хиёнаткор, сатанг аёлларда тузликдин - тўғриликдан ҳатто нишона ҳам топмадим – дейди.

Шу маънода соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг китобига "Темур тузуклари" дея ном берилиши ҳам мазкур китоб тузликка, яъни тўғриликка етаклайдиган қўлланма эканига ишорадир.

Энди, закий ўқувчиларда : "Тўғри" маъносини англатгувчи сўзнинг биз истеъмол қилгувчи неъмат бўлмиш тузга нима алоқаси бор?" деган савол туғилиши табиий.

Бу ўринда "Туз" сўзи овқат таъмини тўғриловчи мазмунида истеъмол қилинади.

Ўзбеклар боласига баъзан: - Қилиғингни тузат! - деб қўядики, бу ҳам қилиғингни тўғрила, яъни феълингни тузат деганидир.

"Тузлиқ" сўзи билан "Тузлук" сўзлари маъно жихатидан фарқли бўлсаларда, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтаргувчи, таомни еб, дастурхонга кетини артиб кетадиган кимсанинг туз сақланадиган қутига туфлаши, тўғриликка туфлаш маъносида уйғундир.

Тўғрилик эса туз каби зарур ва муқаддас тушунча.

Мен "туз" сўзининг асл маъносини сақлаб қололган шаклини араб ва форс сўзлари интервенцияси унчалик кучли таъсир қилмаган, деградацияга учрамаган қирғиз тилида кўрдим.

Тақдир тақозоси билан Бишкек шаҳрида яшаб юрган вақтларим, бир куни кўчада кетаётиб, бир қирғиз йигитдан: "Тўгўлўк мўлда кўшеси қай жерде?" дея йўл сўрадим.Қирғиз йигит: -Светофордан қайрилиб, туз басасиз, байке -деди.Туз басасиз деганда у тўғри юрсангиз, Тўгўлўк мўлдў кўчасига чиқасиз деган маънода гапирди.Туз қирғиз тилида тўғри деган маънони ташийди.

Тузатиш - тўғрилаш мазмунини билдирса, "Тузум" сўзи тўғри сиёсат олиб боргувчи тизим, яъни қонун доирасида ишлайдиган сиёсий ва ижтимоий система маъносига эга.

Агар тузум туз бўлса, яъни тўғри бўлса яхши.

Ҳа, сўзлар вақтнинг ойдин саҳролари аро  залворли юкдан туялари бўкириб бораётган вазмин карвонлардир.

 

 


11/08/2010.

Кундуз соат 4 дан 55 дақиқа ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.


Шоир ПОЙИДА. Яъни жойида...

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Навоийдан ибратланмоғимиз керак

(Ҳазрат Навоийдан ҳам донишмандроқ бўлиб кетган кимсалар бу мақолани ўқимасин)

 


Пиримиз Амир Алишер Навоий ҳазратлари узоқ йиллар султон Хусайн Бойқаро саройида вазири аъзам вазифасида хизмат қилганлари тарихдан маълум.

Шу ерда бир ҳақли савол туғилади.


Нега барча бирдай ҳурмат қиладиган мулохазали, шарқ шеъриятининг баҳайбат, сўнмас қуёши, донишманд шоир Алишер Навоий подшо саройида хизмат қилдилар?


Нега унинг шеъру ғазалларида хақорат, ношукрлик, мангу норозилик, қарғишу қора фарёд, ғийбату  фисқу фасод кўринмайди, диний ва дунёвий фанатизм, миллатчилик, ирқчилик каби ғоялар кўзга чалинмайди?


Нега?


Ё Пайғамбар Алайхиссалом хадисларига арбаъинлар ёзган Навоийнинг шаръий, фиқхий маърифати, диний ва дунёвий илми, саводи етарли эмасмиди?


Нега Алишер Навоий шеърияти асрлар оша, барча даврларда,  ҳатто худосиз жамиятларда ҳам қатағонга, тазйиқу тақиқларга учрамади, лаънатланмади, аксинча,бирдай буюк ҳурматга, эҳтиромларга сазовор бўлди?


Бугунги давримизда ҳам бобомиз ҳазрати Навоий халқимизнинг энг буюк ва ардоқли шоири бўлиб қолаётганига сабаб нима?


Нега Мир Алишер Навоий ҳазратлари:

 

Олам аҳли билингиз иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир бирингизға, ки эрур ёоорлиғ иш.

 


дея ёздилар?


Нега "уммат аҳли билингиз" ёки "миллат аҳли, ёинки аҳли ирқ билингиз" дея ёзмадилар?


Лоақал "Дунё аҳли билингиз" деб ҳам қўймадилар?


Нега шоир ОЛАМ аҳлига мурожаат қилмоқда?

Олам тушунчаси чексиз галактикаларни, қуёш системларини, поёнсизликни англатадику.


Нечун Ҳазрати Навоий ИЛМИ ҚОЛга эмас, ИЛМИ ҲОЛга эргашдилар, сиёсий исломни эмас, тариқат йўлини танладилар?


Нега мутлақ ҳокимликка, подшоликка, тожу тахтга интилмадилар, маишатга, айшу ишратга, хашаматга, молу матога меҳр қўймадилар?


Нима учун уни подшо мамлакатдан қувиб чиқармади, сассиқ зиндонларида канаю битга талатиб, тириклай чиритмади, бошини жаллод кундасида кесдирмади ё дорга осдирмади?


Чунки Навоий ўз асарларида умуминсоният дарди қайғуларини куйлади, инсониятга, барча одам болаларига бирдай тегишли муҳаббат ва фалосифа мавзуларида ўз ўқувчисини ҳайратлантира оладиган даражадаги нафис, теран, руҳ билан ишланган гўзал сўз санъати намуналарини яратиш билан машғул бўлдилар.


Навоийда илоҳий истеъдод билан бирга одамзод учун энг зарур жихатлар: камтаринлик, ҳалимлик, тавозуъ ва энг муҳими, инсонни эл назаридан қолмаслигига кафил бўлгувчи фазилат - ОДОБ бор эди.

У инсонда одамни маънавий ҳалокатга элтгувчи кибр иллати, хасад, макр йўқ эди.


Навоий гарчанд сўздан ҳар қандай шакл яратиш қудратига эга бўлсада, подшоларни ёки бошқа оддий одамларни мазаммат қилмади, тахқирламади, устидан кулиб роҳатланмади.


Шу яхши фазилатлари учун Худои Таоло уни муносиб тақдирлади, мукофотлади, унга буюк илҳомлар, олий мартабалар, юксак иззату ҳурмат, элнинг, инсониятнинг қиёматгача битмас туганмас меҳру муҳаббатини ато қилди.


Дарвоқеъ, шоирнинг ёки бирор инсоннинг буюклигини, азиматини унинг айтаётган гапларидаги сўзлар залворидан осонгина билиб олса бўлади.


Қаранг, Алишер Навоий, кўриниши одми, содда сўзлари билан олам аҳлига, унсу жинсга, тамоми онгли, идрокли мавжудодларга мурожаат қилиб, душманлик келтириб чиқаргувчи фисқу фасоддан тийилишга,фисқу фасод сабаб бир бирларини ўлдириб, оний чақиндай, йилдиримдай йилт этиб ўтгувчи бу арзимас муваққат умр мобайнида оғир гунохлар ботқоғига ботмасликка, охиратини куйдирмасликка, динидан, миллатидан, ирқидан қатъий назар барча халқлар дўст -биродар бўлиб, бир оила фарзандларидай тинч -тотув, ўзаро уйғун яшашга чорламоқдалар.


Лекин биз ўзбекистонликлар бу насихатга қулоқ тутдикми, тутяпмизми?


Аксинча, ақл билан иш юритиб, мавжуд муаммоларни қиличсиз, қонсиз, муросаи мадора йўли билан хал қилиш ўрнига, асрлар оша турли бахоналар билан улусни урушга чорлаб, кўринмас душманлар тамонидан қўлимизга тутқазилган пантуркизм жадидизм туғини кўтариб, ура ура қилиб, миллион  миллион бегунох одамларнинг қирғин бўлишига, муаззам шаҳарларимиз вайрон бўлишига, юртимиз ер остки ва устки бойликларининг аёвсиз талон тарож қилинишига сабабчи бўлдик ҳалос.Кўпчилик ҳамюртларимиз, учинчи кучлар тузиб берган ғояларга алданиб, йўлдан озиб, ҳануз ўз ўзанини топа олмай, сиёсат сахросида тентираб юрганлари ғоят ачинарли.Биз ўрмонга дарахт кесгани кетаётган буратиноларга ўхшамаслигимиз, аксинча, вақт борида зулматли йўлларимизни мангу сўнмас машъала бўлиб беминнат ёритгувчи Навоийга қайтмоғимиз керак.


Биз Ўзбекистонликлар ўзимизни Амир Алишер Навоийнинг меросхўрлари дея хисоблаб юриш билангина кифояланмай, донишманд бобомизнинг шеъру ғазалларидаги ҳикматлар мағзини чақмоғимиз, улардан тўғри хулоса чиқармоғимиз, амалга оширган ҳайрли ишларидан, ҳаёт йўлларидан ибратланмоғимиз керак.




02/05/2016.

Кундуз соат 12:49.

Канада.

 

 

Ҳалима Аҳмад

"Ва ҳаводан келар йиғининг хиди", "Соғинч боғларида мудрайди кунлар","Сарғайган китобдай титилади боғ"

Қандай дардли ва гўзал ташбеҳлар!(Х.В.)

 

Яшил

(баллада)

 

Эй, қайғу билан бахтни
яраштирувчи,
Эй, Ажал кўзларини
қамаштиргувчи,
Ўзимни
ўзимда адаштиргувчи
Ноламга гул тиккан-
тонгни кўрдингми,
Кўрдингми иситмаси баланд шафақни…
Бу лаҳза кўнглимнинг ямоқларига
Ошиқ этгим келар ҳар бир япроқни.
Хаёл кенгликлари
яшил ва қўнғир,
Соғинч боғларида мудрайди кунлар
Қовжираган эрта ташналигида
Томирда ҳаллослаб чопади хунлар
Самонинг ортида
куйган бир юлдуз
Кулларин тўрт ёнга сочиб очар фол
Ёришмаган фолдай таниш бир овоз
Чорлайди:
Ҳалима, қайдасан, келгин, кела қол!
Мана шу овозга айланар
хокисор умрим,
Аммо кўнглим чироғини ўғирлар кимдир
Ва шодликсиз қолган қорачиқларим-
Ичида
Ненидир шивирлаб тинмайди ёмғир…

 

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Дарё

Одил Икромга

 

Хисор тоғларининг этакларида,

Ёввойи ўт -ўлан одамни кўмар.

Шудринг ярақлайди чечакларида,

Ва ойдин сукунат ўйларга чўмар.



Асқар бу дарёни соғинди қанча,

Кимлар англамади, кимлар англади.

Янги ой ярақлаб мисоли лангар,

Шоир кўз ёшига чўкиб занглади.

 

Боғлар шовуллади шаршарамисол,

Дарё балиқларнинг унсиз кўз ёши.

Помир тизмалари, ҳайбатли Хисор,

Шоир мозорининг ёдгорлик тоши.



Чор тараф тоғу тош, чор тараф харсанг,

У ёнда Исфара, нарёғи Водил.

Ойдин соҳилларни соғиниб борсанг,

Танирмикан сени шамоллар, Одил?

 

Нечун Кофарниҳон дарёнинг номи?

Нечун у тошларга бош уриб, қақшар?

Чўкар далаларнинг ҳасратли шоми,

Чигирткалар оҳин тингларми Асқар?

 

 

 

 

25 январ, 2014 йил.

Кундуз соат 2 дан 3 дақиқа ўтди.

Канада.

Бир неча бор қайта ишланган ушбу шеър ниҳоят шакл -шамоил, қиёфа касб этди чоғи.(Х.В.)