Халқаро мукофот муборак бўлсин, Худойберди ака!



Замонавий ўзбек адабиёти болалар ва ўсмирлар прозасида ўз асарлари билан буюк юксалиш содир этолган Худойберди Тўхтабоев нафақат Ўзбекистон халқи, балки дунё халқларини орасида ҳам эътибор қозонди, миллионлаб мухлислар ортдирди, адабиётимизни жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Бу ёзувчимизга ҳам "Ўзбекистон қаҳрамони" унвонини берилса, яна бир адолат қарор топган бўлар эди.

Дарвоқе, Халқ асарларини севиб ўқиганининг ўзи ижодкор учун энг катта унвон эмасми?

Бир куни Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домланинг уйида нонушта қилаётгандик, домла кутилмаганда ўзидан ўзи ҳижолат чекиб: -Шоир, ман нонни Садриддин Айнийга ўхшаб жуда майда ушатвормадимми? -дедилар.

-Йўқ, нега ундай дейсиз, домла? Нима, Садриддин Айний нонни майда ушатар эканларми? -дедим мен ҳайрон бўлиб.

-Э, нимасини этасан.Садриддин Айнийнинг ичаётган мошхўрдасига пашша тушиб қолса, мошхўрда исроф бўлмасин деб, пашшани шундоқ қанотларидан ушлаб, косадан оларканладе, кейин уни оғзига шундо солиб, обдон шимарканлар.Кейин пашшани бир ёнга қўйиб, мошхўрдани ичиб оларканла -деди Шукрилло домла жилмайиб.

Домла Садриддин Айнийнинг пашша шимишларини шу қадар маҳорат билан намоиш этдиларки, менга Шукрилло домланинг бармоқлари  учида ростдан ҳам шимилган пашша бордай туюлди.

Бу латифадан домла иккаламиз кулар эканмиз, эрта тонгданоқ кайфиятимиз кўтарилди.

Шукрилло домла тушмагур шунақа қизиқчи одам эканлар.Суҳбат асносида домла жиддийлашиб дўстлари Қайсин Қулиев, Чингиз Айтматов, Давид Кугултинов, Расул Гамзатов, Одил Ёқубовларни эслади ва қайғули овозда: -Шу кунларда Одил(Одил Ёқубовни назарда тутдилар) бечора жуда яккаланиб қолди -дедилар.Мен Одил Ёқубовнинг уйига бориб, кекса ёзувчимизни ҳам йўқлаб, ҳол -аҳвол сўраб, дуоларини олсаммикин деб  ўйлаб қўйдим.Аммо насиб этмаган экан.

Тошкентга борган кунимоқ шоир Икром Отамурод: "Холдор, укажон,"Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасида менга бағишланган шеърингиз эълон қилингач, шоир ёзувчилар сизни сўрайвериб, менга тинчлик беришмаяпти.Жуманиёз Жабборов ҳам "Холдоржон Тошкентга келса, айтинг бизнинг ишхонага ҳам бирров келсин" дегандилар деди у.

Шунинг учун Маданият вазирлигига бориб, раҳматли Жуманиёз Жабборов билан учрашдим.Биз узоқ суҳбатлашдик.

-Холдоржон, биласиз, Худойберди Тўхтабоев бизнинг қудамиз бўлади.Абдулла Орипов ҳам.Куёвимиз, яъни Худойберди Тўхтабоевнинг ўттизга кирган ўғиллари кутилмаганда вафот этдилар.Бу мусибат Худойберди аканинг қоматини эгиб қўйди.Илож топсангиз, Худойберди аканинг уйларига бориб, дуои фотиха қилиб, ҳол -аҳвол сўраб қўйсангиз, кўнгиллари кўтарилади -дедилар.Менинг ўша куни зарур ишларим чиқиб, Худойберди Тўхтабоевга тазия билдиргани янаги келганимда кирарман дебман.Қолган ишга қор ёғар деб машойихлар бекорга айтмаган эканлар. Ўғилларининг вафоти муносабати билан Худойберди Тўхтабоевга таъзия изҳор қилолмадим.

Лекин ғурбатда Худойберди Тўхтабоевни кўп эслайман.Ахир, шу ёзувчининг ажойиб асарларини ўқиб, улғайганмиз.Қолаверса, Худойберди Тўхтабоевнинг камтарин, кичиккўнгил, одамохун инсон эканликларига у ёзувчи "Ёш куч"журналида бош мухаррир бўлиб ишлаётган пайтлари амин бўлганман ва Худойберди Тўхтабоевга янада ҳурматим ортган.Ўшанда "Ёш куч" журнали Қатортол кўчасидаги 64 уйда жойлашган эди адашмасам.Мен бир попка шеърларимни қўлтиқлаб, ўша бинога бордимда, "Ёшлик" журнали редакциясини ахтара бошладим.Шунда Худойберди ака ёшлари улуғ, таниқли ёзувчи бўлишларига қарамай ўринларидан турдилар ва мен билан самимий кўришдилар.Сўнг мени эргаштириб, коридордан юрарканлар, "Ёшлик" журнали редакциясига олиб кириб, мутасаддилар билан таништирди.Кейин узр сўраб, яна ортларига қайтдилар.Дилида кири кибри йўқ,камтарин бу ёзувчини шу шу ҳурмат қиламан, бот -бот эслайман.

Ҳурматли  Худойберди ака, ҳайрли ишнинг эрта кечи йўқ дейдилар.Аввало, дардингизни янгилаганим учун узр айтиб, ўғлингизнинг вафоти муносабати билан кеч бўлса ҳам чуқур таъзия изҳор қиламан.

Илоҳим ўғлингизнинг жойи Беҳиштнинг боғларидан бўлсин.

Бугун "Озодлик" халқаро радиосининг сайтида сиз ёзган асар асосида суратга олинган бадиий фильм Москва кинофестивали мукофотига сазавор бўлганини ўқиб, чин юракдан қувондим.

Халқаро нуфузли мукофот муборак бўлсин, ҳурматли устоз!

Адабиётимиз, халқимиз, яқинларингиз, миллионларни ташкил қиладиган муҳлисларингиз, биз каби шогирдларингиз бахтига доимо соғ -омон бўлинг.Янги -янги ажойиб асарларни ёзишдан чарчаманг.

 

Холдор Вулқон

Бадиий адабиёт бўйича халқаро "Наследие" мукофотининг номзоди

 



“Сеҳрли қалпоқ” фильми Москва фестивалида яна икки соврин олди



Москва кинофестивалининг “Эртакдаги юмор” ва “Энг яхши эркак роли ижрочиси” номинацияси бўйича бош соврин Ўзбекистонда 2013 йили суратга олинган “Сеҳрли қалпоқча” фильмига берилди. Бу мукофот¸ ўзбек киносининг қайнона-келин машмашасидан кўтарилиб¸ болалар учун жиддий фильмлар яратишга жазм этаëтгани ифодаси сифатида кўрилмоқда.


Қишки таътил  кунлари Москвада 15-марта ўтказилаëтган “Сказка” халқаро кинофестивалининг икки соврини 27 яшар ўзбек киночиси Сарвар Каримов суратга олган “Сеҳрли қалпоқча” фильмига насиб қилди.

2013 йили суратга олинган бу кинокартина Москва кинофестивалининг “Эртакдаги юмор” ва “Энг яхши эркак роли ижрочиси” номинацияси бўйича бош совринни эгаллади.

Фильмда бош ролни ўйнаган 14 яшар  тошкентлик мактаб ўқувчиси Бунёд Раҳматуллаев болалар фильмларида энг яхши ўғил бола ролини ижро қилган актëр дея эътироф қилинди.

Фестивал ëйинлаган матбуот хабарномасида айтилишича¸ ўзбек киночиси Сарвар Каримовга бу мукофот тимсоли бўлган биллур калит ва диплом топширилган.

Шу кунларда 82 ëшга кирган таниқли ўзбек болалар ëзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” деган  машҳур асари асосида яратилган “Сеҳрли қалпоқча” фильмини суратга олган киночи Сарвар Каримов телефон алоқасидан узоқ тоғли ҳудудда ижодий сафарда бўлгани боис¸ Озодлик мухбири унинг ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасанов билан суҳбатлашди.

 

 

 

Режиссер ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасановнинг Озодликка айтишича¸ “Сеҳрли қалпоқча” фильми аввалига Россиянинг Анапа шаҳридаги “Киношок” фестивалида қатнашиб¸ мунаққидлар эътиборига тушган:

- Анападаги фестивалдаги муваффақият боис “Сеҳрли қалпоқча” филми “Сказка” халқаро кинофестивалига йўлланма олди. Бу фестивалда биз яратган фильм бир эмас, иккита “Биллур калит” олди. Энди бу биллур калитлар бундан ҳам обрўлироқ фестиваллар эшигини очса ажаб эмас¸ дейди суҳбатдош.

Ҳабиб Ҳасановнинг айтишича¸ давлат болалар учун махсус ажратган грант асосида суратга олинган бу фильм Ўзбекистон болалари орасида ҳам машҳур:

- Фильм тақдимотларида кўраяпмиз мана кинотеатрлар болалар билан лиқ тўла. Биласиз¸ болалар учун ишланган ўзбек фильмлари нисбатан кам. Шуни ҳисобга олиб¸ фильмнинг давомини ҳам суратга олишга қарор қилдик. Ҳозир шу кунларда “Сеҳрли қалпоқча 2 “ киносини суратга олаяпмиз. Бу кино ҳам ўша ҳамма севган “Сариқ девни миниб” китоби асосида суратга олинмоқда¸ дейди “Сеҳрли қалпоқча 2 “филмини суратга олиш жараëнида қатнашаëтган режиссер ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасанов Озодлик билан суҳбатда.

Фильм кийган заҳотинг кўринмас бўлиб қоладиган сеҳрли қалпоқча топиб олган Ҳошимжон исмли болакайнинг кўрган-кечирган қизиқарли воқаеаларидан ҳикоя қилади.

Ўзбекистонлик таниқли киночи¸ қатор халқаро совринлар эгаси Аюб Шаҳобиддинов бу фильм болалар учун яратилган бўлса ҳам¸ катта маҳорат ва юқори дид билан яратилганини эътироф қилади:

- Фильм профессионал жиҳатдан маҳоратли олинган. Воқелар шиддатли. Болалар зерикмайди кўрганда. Фильмнинг бош қаҳрамони – безори Ҳошимжон доим турли-туман кулгили ҳолатларга тушиб юради. Ҳошимжон мактабда   ўқишни истамайди, меҳнат қилмасдан¸ роҳатда яшашни истайди, аммо ҳаётнинг ўзи унга яхши сабоқ беради. Охир-оқибатда фильм қаҳрамони инсон ҳаётда билим ва меҳнатсиз узоққа бора олмаслигини тушуниб етади¸ дейди суҳбатдош.

Аюб Шаҳобиддиновга кўра¸ шу кунларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги болалар учун суратга олинадиган фильмларга алоҳида эътибор бериб¸ маблағ ажратмоқда.

Суҳбатдош ана шундай фильмлардан бири сифатида болалар учун  махсус суратга олинган “Сой қўшиғи” асарини тилга олиб¸ унинг тарбиявий жиҳатдан муҳим эканини айтади.

“Сой қўшиғи” фильмида компютер ўйинларнинг болалар руҳиятига таъсири мавзуси кўтарилган. Фильм сценарийсини таниқли драматург Шароф Бошбеков ëзгани муваффақият гарови сифатида баҳоланмоқда.

Компютер ўйинларининг болалар дунёқарашига таъсири ҳақидаги киноасарнинг номи “Олабўжи” бўлиши керак эди, кейинроқ ўзгартиришди, дейди сценарий муаллифи Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда:

- Компютер ўйинларининг болалар руҳиятига зарари бутун дунëда долзарб бўлиб турибди. Компютер ўйинидан таъсирланган болаларнинг қотиллик қилишгача бориб етганини биламиз, дейди Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда.

"Зумрад ва Қиммат"дан бошланган тажриба

Тошкентдаги Кино музейида илмий ходим бўлиб ишлайдиган ишлайдиган мунаққид Сожида Аҳророванинг Озодликка айтишича¸ ўзбек киносига тамал тоши қўйилган пайтдаëқ болаларбоп кино яратишга жиддий интилишлар бўлган:

- 1945 йилда суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра “ фильми ëки нисбатан кейинроқ олинган “Семурғ" фильмларини бутун Совет Иттифоқи болалари севиб томоша қилган эди. “Зумрад ва Қиммат”¸ “Ëқимли ëмғир ëғади” каби мултфильмлар ҳам савия жиҳатдан ҳеч кимдан қолишмайди¸ дейди суҳбатдош.

Сожида Аҳророва шу кунларда ўзбек киночилари яна болалар учун кино суратга олаëтганини олқишлайди.

Кейинги 20 йилда Ўзбекистонда хусусий студиялар тарафидан асосан қайнона-келин мавзуидаги мингга яқин кино суратга олингани ҳолда¸ болалар учун фақат бир неча кинокартина ишлангани кузатилади.


 

Манба: "Озодлик" радиоси