Очиқчеҳра, кўнглида кири йўқ, лирик шоир Муҳаммад Раҳмонни ёд этиб.

 

 

Қайси йили эди, эсимда йўқ.


Газета журналларнинг редакцияларини бир қатор кезиб чиқиш, ижодкор дўстлар билан кўришиш, ижодий муҳитдан руҳ олиш каби эзгу мақсад билан Тошкентга бордим ва  "Журнальный центр" биносига чиқиш учун лифтга кирдиму, баногоҳ лирик шоир, раҳматли Муҳаммад Раҳмонга дуч келдим.


Тўғриси, Муҳаммад Раҳмондек буюк шоир билан лифтда учрашиб қоламан деб сира ўйламаган эдим.


Ундай катта шоир мени ҳатто танимаса ҳам керак.Салом - алик қилсам, бу одам ким бўлди дея, ҳайрон бўлиб юрмасин -деган ўй келди мийямга.


Бир маҳал Муҳаммад Раҳмон самимий жилмайиб: -(Холдор Вулқон ҳам эмас, )Холдоржон, қалайсиз, яхши юрибсизми? Ижодлар яхшими? -деса бўладими.


Муҳаммад ака мени танир эканлар.Ҳатто ижод қилишимни ҳам биларканлар дея қувониб кетдим ва айни дамда улуғ шоирнинг бу гапларидан шошиб қолдим.


-Э, ассалому алайкум, Муҳаммад ака, ўзингиз ҳам яхши юрибсизми?Хонадонлар тинчми?Келин аям, жиянларим ҳаммалари соғ -омонми? - дедим мен ҳам шошиб, Муҳаммад Раҳмонга кўришиш учун қўл узатарканман.


Биз кўришдик.


Бу орада мен тушадиган қават чироғи ёнаркан, Муҳаммад Раҳмон билан ҳайрлашдим ва лифтдан чиқдим.


Лифтдан чиқдиму: -Эх, галварс, шоирнинг "Драхтларни уйғотади шаббода" китобини ўқиганингни, "Ёшлик" журналида эълон қилинган "Кўкка тутиб ховучларини" дея бошланадиган "Паландара" номли шеърини қайта қайта ўқиганингни айтсанг бўлардику -дея ўзимни ўзим койидим.


Кейин, ҳа майли, янаги учрашганимизда айтарман дея ўзимни ўзим тинчлантирдим.


Надоматларким, Муҳаммад Раҳмон билан биз қайта учрашмадик.


Шоирнинг шеърлари ҳақида айтмоқчи бўлган гапларим қалбимда қолиб кетди.


Ўзбекнинг Ҳамид Олимжондай жўшқин лирик шоири Муҳаммад Раҳмон тирик бўлганларида бугун қутлуғ 65 ёшга кирган бўлардилар.

Интернетдан ахтариб, унинг "Тақвим варақлаётган одам" ҳамда "Кўхи падаркуш" номли икки шеърини топдим ва бу  гўзал шеърларни сайтимиз ўқувчилари ҳукмига ҳавола қилгим келди.Қаранг, қандай ажойиб шеърлар!

 

 

Тушликни қаердан қилсам экан,

Эрта кимнинг йилоши эди?

Ўтириб қолмадимми бир жойда узоқ,
Кимнинг тагига сув қуйсам экан?..


Пойабзал қалашиб ётар остонасида нуқул,
Худонинг берган куни уйида меҳмон -
Ёмби топиб олганми ялангоёқ қўшним?!

 


ёки

 

…Ватан учун осилиб кетиш,

Ватанга «осилиб» ҳам яшаш мумкин…

 


Каби мисраларда янги гапларни ўқийсиз, беихтиёр шоирга қойил қоласиз!

Ҳа, Ватан дея осилиб, отилиб кетганлар қанча!

Ватанга осилиб яшаётганларчи!..

Муҳаммад Раҳмон шеърларида ҳамма айтавериб медага теккан, увадаси чиқиб кетган сийқа гаплар йўқ.Ҳатто унинг ижтимоий - сиёсий мавзудаги кинояли шеърларида ҳам бадиийликка путур етмайди.Энг муҳими, у ҳали ҳеч бир шоир айтмаган янги гапларни айтади.Муҳаммад Раҳмон шеърияти ёруғ, сувли селли шеърият.

Камтарин шоир Муҳаммад Раҳамоннинг бахти шундан иборатки, унинг ортидан қора қарғиш, хақорат, бўм -бўш туника бўчкадай хуеук танғиллагувчи шовқин, ўпкасини чўпга илган бақир - чақир, ўз бошига кул, тупроқ сочгувчи йиғи сиғи тўла ёзғавалар, қуруқ газетавий техник сўзлар йиғиндисидан иборат, майда маҳаллийчилик, миллатчилик, туз еб туздонга туфламоқ, айёрлик, макру ҳийла, сохта муомала, фитна каби иллатларга эш фисқу фасод, қон йиринг тўла хандак эмас, аксинча, осуда, ойдин сукунатли соҳилларида кўзагуллар очилиб ётадиган, тўлқинлари лапанглаб оқадиган зилол сувли чуқур ва сокин дарёлар каби гўзал шеърият қолди.

Муҳаммад Раҳмон ХХ аср ўзбек шеъриятининг буюк ва бетакрор ёниқ ёрқин шоирлари Рауф Парфи, Муҳаммад Солих, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддинлар даражасидаги шоир эди.

Муҳаммад Раҳмон шеърияти бинафшалар, ялпизлар ариқ бўйлаб чопиб юрадиган, дарахтларини шаббодалар уйғотадиган мангу бир баҳор!

Марҳум устозимиз Муҳаммад Раҳмонни Худо ўз раҳматига олиб, жойларини Жаннатдан қилсин!

Изох: ("Паландара" номи Паланг, яъни йўлбарс сўзи билан боғлиқ бўлиб, "Йўлбарслар яшайдиган дара" маъносини англатади.Бу номдан билиб олса бўладики, қадим замонлар юртимиз тоғу тошларида, дараю тўқайларида йўлбарслар яшаган, кейинчалик улар қириб ташланган.Ҳозир у ерларда тулки, қуён ва оғизларидан сўлак оқиб тургувчи, маккорона иржайганларича бир бирларига тангадай йилтиллаган кўзлари билан тикилиб,  сарғайиб кетган сўйлоқ тишларини такиллатгувчи жирканч шакаллар қолган ҳалос.)

 

Холдор Вулқон


 

 

 

Муҳаммад Раҳмон (1949-2010)

 



Муҳаммад Раҳмон 1949 йил Қашкадарё вилояти, Китоб туманидаги Паландара қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2003). ТошДУнинг журналистика факультетида тахсил олган (1967— 72). «Мувозанат» (1976), «Яшил дарё» (1979), «Юрагимнинг дастхати» (1986), «Ижобат» (1984), «Асраганим, авайлаганим» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам асарлар ёзган («Момоқаймоқ», 1978; «Ерга тушган камалак», 1981; «Қанотли тушлар», 1989). К. Чуковский, А. Л. Барто шеърларини, Лизолетта Вельскоф-Генрихнинг «Токей Ито» романини ўзбек тилига таржима қилган.

 

 

 

ТАҚВИМ ВАРАҚЛАЁТГАН ОДАМ

 

 


Тақвим варақлаётган одам
Хомуш тортиши керак:
Умр ўтяпти, умр!
Тақвим варақлаётган одам
Ўйга толиши керак:
Рози қила олдимми ота-онамни?
Фарзандларим тарбияси нечук?
Тиқ этса эшикка термилиб,
Кўзлари йўлимга тўрт бўлмадими
Ўсал ётган биродаримнинг?
Учмадимми шайтон васвасасига,
Иймоним саломатми?
Сўнгти манзилимга қўйиб қайтсалар,
Йўлда биров астойдил куйиб,
Хўрсиниб-хўрсиниб айта оларми:
«Кетган — қайтар,
Кетмонланган қайтмайди!»
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Ўзгачароқ ўйлаши ҳам мумкин
Тақвим варақлаётган одам:
Тушликни қаердан қилсам экан,
Эрта кимнинг йилоши эди?
Ўтириб қолмадимми бир жойда узоқ,
Кимнинг тагига сув қуйсам экан?..
Пойабзал қалашиб ётар остонасида нуқул,
Худонинг берган куни уйида меҳмон -
Ёмби топиб олганми ялангоёқ қўшним?!
Чапқанот қўшнимиз — ёлғиз аёлнинг
Эшик дастбандига кеча аллаким
Илиб кетди бир сават оқ гул! -
Сабаби 8 мартмикан фақат?..
…Ватан учун осилиб кетиш,
Ватанга «осилиб» ҳам яшаш мумкин…
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Дейлик, гарчи Улуғбек эмас,
Ал-Беруний ёки Галилей,
Валекин мунажжим иштиёқи-ла
Кузатиб бориши мумкин у
Буржларда қуёшнинг ҳаракатини.
Тақвим варақларидан
Кунма-кун, соатма-соат
Кузатиб бориш мумкин!
Масалан, жавзонинг йигирманчиси:
Қуёш чиқиши — роппа-роса беш.
Бир ярим — авжи камоли,
Вақти заволи — етти ярим…
Етказган кунига шукур қилиш керак,
Тасаннолар айтиши керак
Ҳисобдон инсоннинг заковатига
Тақвим варақлаётган одам.
Лекин…
Хулосаси бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.
Айтдим-ку, сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Хусусан, қалбини ўраган бўлса
Кулча илон каби ҳасад ва ғараз,
Кибру ҳаво ўраган бўлса.
Ҳамма ва ҳамма нарсага,
Борингки, Қуёшга ҳам
Мефистофел назари ила боқса:
«Биламиз, ҳозиру нозирсиз қаерда, қачон -
Босган қадамингиз ўлчоқли!»

…Бир кифтимда раҳмон,
Бир кифтимда шайтон –
Ўзинг инсоф бергил бандаларингга.

 

 

КЎҲИ ПАДАРКУШ

 


Тутаб ётар кўҳи Падаркуш*,
Шамол увлар мағораларда.
Кўрган каби хатарли бир туш
Жилғалар тўлғонар жарларда.

Чўзилган ҳу, уфққа қадар
Қизғалдоқлар — узун қонли из.
Бунда мунгли қиссалар айтар
Ҳар бир сўқмоқ, ҳар майса, ялпиз.

Кўринмайди юлдуз-да, ой-да,
Таҳликали кишнаган отлар…
Улуғбекни худди шу жойда
Қувиб етган эмиш жаллодлар!

Ўғил — нонкўр, қисмат — беомон,
Ёзиқда ёзгани ўқилган:
Бу жойларда бир вақт, бир замон
Улуғбекнинг қони тўкилган!

…Тикиламан зирваларга жим,
Юрак-бағрим ғуссаларга ғарқ…
Шарқ, ростдан ҳам нозиксан, тилсим,
Билиб бўлмас сени бирдан, Шарқ!

Ҳиммат деган бўлар-да шунча,
Неклик борми бундан ҳам ортиқ –
Зеру забар подшоларингга
Ҳаж сафарин айлабсан тортиқ!

Йиғлаб - сиқтаб ком, анжом билан
Олис йўлга кузатганинг дам, -
Унутмабсан улар ортидан
Ҳатто… қотил жўнатишни ҳам!..


____________
Кўхи падаркуш* - Ҳисор тоғ тизмаларидан бирининг номи,  Ургут ва Китоб туманлари чегарасида.

Китоб туманининг номи китоб билан боғлиқ эмас. Бу номнинг луғовий маъноси "Кифти об" яъни елкаси, яна ҳам аниқроғи, "чор тарафи сув, дарё" деганидир.Ўша тамонларда Сиёб дарёси ҳам бўлса керак.(Х.В.)


Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фейсбукдаги саҳифаси.