Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Шоирнинг сурати маърифатимиз жонкуярларидан бири Давронбек Тожиалиевнинг "Зиё.Уз" сайтидан олинди.


Дўст ёди


Равшан Файз қисқа умр кечирган бўлсада, жисман ҳалок бўлган эсада, унинг юракка яқин, дардли, лирик шеърлари мангу сўнмас чироқлар маржони каби шеъриятнинг бепоён дала даштлари ортида маюс порлаб, шууримиз зулматларини ёритаверади.

Унинг шеърларини ўқиган инсон руҳияти тозаради, қалб кўзи равшанлашади.

Равшан Файз гарчанд Тошкентда истиқомат қилсада, доимо ўз она қишлоғини соғиниб, унга талпиниб яшади, соғинчини ўз лирик шеърларида акс этдирди.

Унинг шеърларини ўқир экансиз, Самарқанд билан Жиззах орасидаги Нурота тоғларида тумшуқларини тошларга қайрагувчи какликларнинг, Қўшработ далалари этагидаги жийдазорларда сайраётган каккуларнинг хасратли оҳи, ботиш шуълаларига йўғрилган шомги теракзорларда қулоқни батанга келтириб сайрагувчи қушлар шовқинини ва ойдинда чириллаётган чигирткаларнинг товушларини эшитаётгандай бўласиз гўё.

Равшан Файз шундай ажойиб шоир эди.У мен почта орқали юборган бир дона шеъримни ўқиб, Холдоржон, тезлик билан 10 та шеърингизни машинкалаб, журналга юборинг дея менга жавоб мактуби йўллаганди.

Шеърларим "Ёшлик" журналида суратим билан эълон қилинди.Аммо тақдир тақазосими, менга Равшан билан учрашиш насиб этмади.

Равшан оламдан ўтиб кетди.Худо раҳмат қилсин.

У газетавий техник қуруқ сўзлардан иборат бақир чақирни, фисқу фасодни, шундай оғзаки айтиб қўйса ҳам бўладиган оддий, одми гапларни кимгадир етказиш учун шеърни овора қилмайдиган, илоҳий сўз санъати қадрини баланд тутадиган юксак дидли, лирик шоир эди.

Равшан бир умр ойдин, боқий, мангу ўлмас мавзуларда туйғули лирик шеърлар ёзиб ўтди.

"Ёшлик " журналида узоқ йиллар адабиёт бўлимини бошқарган бу шоир адабиётимизга сидқидил, ҳалол хизмат қилди.

Равшан Файз маҳаллийчиликни, ғийбатни, макру ҳийлани, қитмирликни, бахилликни, хасадгўйликни, дилозориликни билмасди.

Ҳаммага яхшилик истаб, доим бошқа ижодкорларга қўлидан келганича ёрдамлашарди.

Жойинг Жаннатдан бўлсин, дўстим!


 

 

Холдор Вулқон

Дўст

(Ўзбекнинг энг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз ҳотирасига)

 

 

Гуллар ернинг табассумлари ,

” Қайда ? ” – дея берма саволлар .

Саф чекар дов дарахт лашкари,

Эсар ёвуз, вахший шамоллар .

 


Бошланаркан булут босқини,

Шаррос қуяр шиддатли жала .

Ариқларда сувлар тошқини,

Кўринмайди ёмғирда дала.

 


Куз келади сўнгра сездирмай,

Сукунатда хазонлар рақси.

Ботаргохда шом қушларининг,

Муросасиз шовқини, бахси.

 


Хувиллатиб борлиқни сўнгра,

Қушлар кетар инларин ташлаб.

Қолмагандай яшашдан маъно,

Дўст кетгандай кўзингни ёшлаб.

 

 

 

2003 йил, 27 ноябрь.

Тунги соат 9 дан 30 минут ўтди.

Андижон .

 

Холдор Вулкан

Член Союза писателей Узбекистана

Занятая линия

(Памяти моего друга, великолепного узбекского поэта Равшан Файз)



В летнем сумраке лишившись ума,
Комариный рой гудит и бродит.
Над полем ослепительно сияет луна,
Освещая проселочные дороги.

Даль рокочущим трактором храпит,
Голаса лягушек улавливать не сложно.
Чтобы не сбивать росу с травы,
Шляется ветер осторожно.

Колышутся тихо от ветра незабудки,
Луга и поля как синие заливы.
Раздаются с лугов короткие гудки,
Сверчок на линии.



16/08/2015.
11:11 дня.
Канада.

cc5f0c5ce00463f63803c31d61bc7092 (220x300, 14Kb)

Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Қўралос  қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). “Мен шамолни тутволдим” (1992) болалар учун шеърий тўплами, “Ухлаётган одам” (1989), “Ташриф” (1990), “Кел, эй кўнглим”(1997) каби китоблари нашр этилган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автоҳалокат туфайли) вафот этган.

Равшан Файз

 

 

 

ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ



Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни
Орзу-ҳавас деган танти ел
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.


Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим:
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.


Улангандим юрагим билан
Асли сенинг жону жисминга.
Энди яна бу дунё бир кам –
Орзуйим йўқ, армоним мингта!


Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени, қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир
Қояларга урилган чоғим.


Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой,
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!

 

Қишлоғим

 

Бу шеърни сурхондарёлик истеъдодли ҳофиз Маҳмуд Номозов ажойиб қўшиққа айлантирган.

 


Кўнглима орзулар солган, қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим.


Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.


Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўқдир.


Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.


Айтгил, сенмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элтмасмиди мен танлаган йўл.


Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлаган йўл.

 

Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим...

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 

 

КЕЛДИМ




Ой нуридай милён йил оқдим,
Сўнг кўзда ёш, кукайимда куй
Сенинг темир дарвозанг қоқдим:
Йўлимга чиқ, қўлимга сув қуй.


Мен бор-йўғи битта меҳмонман,
Сен-да мезбон бўлмоққа яра:
Эртаю кеч кулиб юр, шўх-шан,
Қадримга ет, кўнглимга қара.


Кечалари сиғмай ўзимга
Кўп сиқилиб кетаяпман, о.
Мўъжизага чанқоқ кўзимга
Мақтангулик ниманг бор, дунё?


Кийдир, тўйдир ва гоҳ-гоҳида
Айтиб бергин бир ғазал ё шеър.
Тингламасам койима, чида,
Тилинг тишла, шайтонга ҳай бер.


Хато қилсам, кўл силтаб қўй-у
Сибирларда бермагил жазо:
Сен шу қадар муқаддас, мангу,
Мен — беш кунлик меҳмонман, дунё!

 

 

 

МЕН БИР ДАРАХТ


( Отам Ризоқул

Файзулла ўғли хотирасига)



Мен юзага чиққан давомингизман...
Қуёшга талпиниб турибман, вале
Япроқлар ёзишим, гуллашим сиздан,
Сиз менинг томирим, менинг аввалим.


Мен эса ўйингиз, хаёлингизман,
Бир озод руҳингиз бўламан яна.
Дунёга бежавоб саволингизман –
Турибман-ку, қайта-қайта айтила.


Бири биримизни кўрмадик бироқ,
Қарайман майсалар бўй берар тизга
Ва сизни яширар бу тошли тупроқ,
Мен тупроқни ёрган давомингизман.



*           *           *



Аввал тақдиримнинг камига куйдим,
Сўнг ғариб дунёнинг ғамига куйдим,
Энди кўзларингнинг шамига куйдим,
Куйдириб, ёндириб яшайвер, эй ёр.


Соядай сарғайиб соғу сўлингда
Нигоҳим тутарман юрган йўлингга.
Сен шундай толеим тутиб қўлингга
Куйдириб, ёндириб яшайвер, эй ёр.


Дунёни тўлдириб волаю воҳим,
Охир осмонга ҳам етдими оҳим -
Бошимдан зар сочди тунлари моҳим,
Куйдириб, ёндириб яшайвер, эй ёр.


Майли мен кўйингда юрагим юлиб,
Остонангда ётай ит каби улиб,
Сен эса ер бўлган ишқимдан кулиб,
Куйдириб, ёндириб яшайвер, эй ёр.



ВИДО



Қўй, энди бу гуллар меники эмас,
Ётга айланганим қалбим туяди.
Агар узмоқ бўлиб қўл чўздимми, бас,
Кафтларим жизиллаб куяди.


Мен қушман, рози бўл, жанубга оқсам...
Қарагин, осмон ҳам қовоқ уяди.
Энди мен дон терган ерларга боқсам,
Кўзларим гавҳари куяди.


Кетаман, заминдан ивирсиркан куз
Боғларнинг бошидан олов қуяди.
Бешафқат бир ўтда ёнар дала-туз,
Тушсам, оёқларим куяди.


Англадим, кўкда ҳам кун йўқ энди ҳеч,
Билмадим бу осмон кимни суяди.
Елларга тўш урсам хоҳ кундуз, хоҳ кеч
Қанотим қовжираб куяди.



*       *        *



Мана, соҳилингдан кетаяпман мен,
Ортимда қоляпсан сарғайиб, синиб.
Энди сенга сўзим: юрагингни енг,
Энди суратимга яша исиниб.


Эрка ҳисларимни янчиб бу лаҳза,
Кетяпман, кетяпман тенг бўлиб тошга,
Сен ҳам жим кузатгин... агар хоҳласанг,
Юзларингни ювма, жоним, кўз ёшга.


Майли, сир бўлиб қол, асрор бўлиб қол,
Саволлар яшасин мен билан бирга.
Токи кун кечирмай бефарқ, бемалол,
Сени ўрганайин бутун умрга.


Хат-хабар қилсанг-да юрагинг тўлиб,
Барибир тилингга бўлолгин собир.
Токи сен деганда кўнгил тўқ бўлиб,
Шаҳарда хиёнат бўлмасин содир.


Қара, ич-ичимдан кетмоқдаман зил,
Қара, елканларин кўтарди кема.
Сен қорам ўчишин кутгил, сабр қил,
Сен қорам ўчгунча “Севаман” дема.

МЕН  ЕТГАН ҲАҚИҚАТ



Қай кун чиқиб кетдииг шамолдай шоша,
Изладим билмасдан тиним нима ул.
Қидирдим қишлоқлар, шаҳарлар оша,
Лекин ҳеч кўриниш бермадинг шу-шу.


Кўкларга учдингми, кирдингми ерга,
Сени тополмадим – бу дунё қат-қат.
Чарчаган чоғимда суяндим шеърга,
Сўнг сени изламай қўйдим, ҳақиқат.


Ва шунда мен сенга етдиму бирдан
Тугади илондай эшилган йўлим:
Англадим, минг бора узанган билан
Барибир фалакка етмайди қўлим.



*     *     *


Юртни сўраб турган шаҳаншоҳмидинг,
Тунни сутга чайган малак-моҳмидинг,
Оҳулар кўксида озор-оҳмидинг,
Ёр, сенинг васлингга етолмадим мен.


Шоҳнинг одамлиги ёдига етди;
Ийиб гадосининг додига етди,
Гадо шоҳ бўлди - муродига етди,
Бир сенинг васлингга етолмадим мен.


Бошимдан олтинин сочдими кун, о,
Сим-сиёҳ сочимда битдими тун ё?
Билдим, бир кам экан беш кунлик дунё,
Ёр, сенинг васлингга етолмадим мен.


Алпомиш Барчинни қошига етди.
Ёсуман Фарҳоднинг бошига етди.
Исминг олган қизим ёшига етди
Бир сенинг васлингга етолмадим мен.



*          *         *



Сен энди ҳеч қачон ушалмас орзу,
Силламни қуритган унут фармонсан.
Сен сўнган умидсан, қиррадор қайғу,
Аламсан, аттангсан, афсус, армонсан...


Майлими, энди бир кўзгуга боқиб,
Чеҳраи зардимга бироз ачинсам:
Боиси бағримни ўтларга ёқиб,
Сен менинг юзимга тушган ажинсан.


Лабимдан сирғалиб синган табассум,
Кўзимда жон сақлаб турган кулгумсан.
Ташлаб кетолмайсан лоақал бир зум,
Сен бор йўқ бойлигим, бор-йўқ мулкимсан.


Ташлаб кетолмайсан, тарк этолмайсан,
Манзилинг олисдир, йўлинг хатарнок.
Қандайлар кетасан? Ростини айтсам,
Сен менинг сочимга оралаган оқ.



*        *         *



Гулласам ҳар баҳор гуллаган эдим,
Ёр дея сочимни юлмаган эдим.
Аммо Мажнунга ҳеч кулмаган эдим,
Сен менинг устимдан кулдинг, муҳаббат.


Тун каби сим-сиёҳ тор бўлди кўнглим,
Бир қатим шуълага зор бўлди кўнглим.
Кимнинг қўлларида хор бўлди кўнглим,
Сен менинг устимдан кулдинг, муҳаббат.


Жону жаҳонимда зирқирар минг ўқ,
Дилнинг шул оғриқдан айрилгиси йўқ.
Аммо ёрнинг сира қайрилгиси йўқ.
Сен менинг устимдан кулдинг, муҳаббат.


Маликалар минг марта қоқса ҳам қошин
Эгмаган эдим-ку, бир бора бошим,
Воҳ, қирқни қоралаб қолганда ёшим,
Сен менинг устимдан кулдинг, муҳаббат.




*           *         *




Сизни кўриб ўтларда қолган
Жонимнинг кўп ғамин егансиз.
Аммо дилга ошиён солган
Сўзингизни билмас экансиз.


Нигоҳингиз кўкларга тўшаб
Ой - юлдузлар шоҳи дегансиз.
Асли ойни кўролган ўшал
Кўзингизни билмас экансиз.


Хушлагайдир билмаган билган
Сиз шунчалар бекўст бекамсиз:
Дунёларни минг билган билан
Ўзингизни билмас экансиз.



*       *       *



Йўлларга термулиб толдим,
Кўзимдан қомад, қаддингиз,
Оқибат мунғайиб қолдим:
Ёр, нега сиз келмадингиз?
Шамол ётди, тонглар отди.
Такрор умидим уйғотди.
Аммо йўл кўзимга ботди,
Ёр, нега сиз келмадингиз?
Ё кимлардир қошлар қоқиб
Кўнглингизга қўл солдими,
Ё биз каби ошиқларнинг
Қадри ерларда қолдими?
Хоҳишингиз бўлдими танг,
Сиғмайдими ҳеч ҳаддингиз?
Қушлар ҳам келди қайтадан,
Ёр, нега сиз келмадингиз?
Шул ғариб кўнглимга қараб,
Толларнинг сочини тараб
Баҳор келди минг марталаб,
Ёр, нега сиз келмадингиз?
Соғинчимдан кулди дунё,
Дунё кулишдан толдими?
Биздай содда ошиқлар ё
Фақат шеърларда қолдими?
Йўлларга термулиб толдим...



*         *        *



Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангиз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умаман.
Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сунмоқдадир косагул, аёллар.
Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.
Мен яхши кўряпман сизни тобора...



*        *        *



Гулга кирган боғларим қолди,
Қирчиллама чоғларим қолди,
Талқон бўлмай тоғларим қолди,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.


Ишқ келдими, қийнади бир сир,
Шул сезимга бўлмай деб асир,
Қўл силтадим барига басир,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.


Кўнглимни ҳеч этмадим бозор,
Суйганимга бермадим озор.
Мажнун мисол бўлмасдан хор-зор
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.


Юрагимни рашкларда ёқиб,
Тоҳир каби юрмай деб оқиб
Толеимга этагим қоқиб,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.


Гул фаслида қолмагай дунё.
Хайр, Лайли, алвидо, Зуҳро.
Ёшлик мени тарк этмай илло,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.



*        *        *


Сени деб билмасман тиним нима ул
Тежаб-тергаганим сеники буткул.
Юрагимни ютиб топганим сенга,
Тийинни-тийинга уриб топганим сенга.
Боболарим ётган ерларим қолар,
Шамоллар шовири - шеърларим қолар.
Узилган кунидан насибам, ноним
Сенгадир шеър ёзиб орттирган номим,
То умр ўткинчи экан - нетарман,
Эртами-кеч барин ташлаб кетарман.
Кетарман тупроққа тенг бўлиб, илло
Бу-чи парвойингга келмайди аммо.
Боиси, сен ўжар боламсан дунё.
Бўғзимга сиғмаган ноламсан, дунё.
Зорларни билмаган золим, зўримсан,
Дунё, сен энг эрка меросхўримсан.



*         *          *


Кел, эй кўнглим, милён йиллик аразларни унутгил,
Сен гуноҳкор, мен - ҳақ деган фаразларни унутгил.
Билсанг агар талош бўлган адолат бир донадир,
Сен билан мен оға-ини, у-чи бизга онадир.
Кўнгилсизлик оғу экан еганим - ёвонимга,
Йўлда ётган тош экан у ботди-ку товонимга.
Йўлларингга кўз тикиб зор нурсизланар назарим,
Асли сени чорламоқка на зўрим бор, на зарим.
Фақат сенсиз бу дунёда кўп тар қолган жойим бор,
Келсанг мудом кўлларимда бир пиёла чойим бор.
Қалдирғочдай ҳеч қурса бир баҳорларда кел, кўнглим,
Танти дўстдай эшик қоқиб наҳорларда кел, кўнглим.
Тун-кечалар чўмилиб ой кўзимдаги ёшимга,
Сутдай оппоқ шуълаларин тўкиб кетди бошимга.
Ортиқ сени қистамоққа кўп ҳам сиғмайди ҳаддим,
Шундан айтгил камон бўлмай адл қоматим, қаддим:
Ўйинқароқ болаликдай қаерларга кетгансан,
Кимларни гул-гул яшнатиб, кимни шодмон этгансан.
Келмасанг гар бу умрни билолмасман, нетурман,
Ё манзилинг айт ортингдан бошим олиб кетурман.
Кел, эй кўнглим, милён йиллик аразларни унутгил…



ОТАМНИНГ ЮРТИ


Чигит экилмайди ерига ҳеч ҳам,
Айқашиб-уйқашиб ётар харсанглар.
Лекин йиғим-терим пайти келганда
Ҳашарга кетади бор ёш-яланглар.


Дўппидай бир қишлоқ. Атрофи тоғлар...
Бошидан кетолмай юрса ҳам туман
Кўриниб туради узоқ-узоқлар,
Зерикмай яшашинг мумкин, умуман...


Ҳар гал отланганда ота юртимга,
Билмайман, негадир кўзим ёшланар.
Шовқинлар, суронлар қолиб ортимда
Оддий ва ажойиб кунлар бошланар.


Энтикиб, эмраниб борганим сари
Таниш қўйкўзларим қарар ҳавасда.
Дунёда бор майда гапларнинг бари
Чиқолмай узилиб қолади пастда.


У ерга булоқлар чиқади балқиб...
Тоғлари мўйсафид — бошлари оппоқ.
Ёлғон нималигин билмаган халқи
Ўша тоғларидай яшайди узоқ.



САМАРҚАНД


Сени керагича билмайман, шаҳар,
Адашиб юраман кўчаларингда.
Бир қўниб ўтаман гоҳ шом, гоҳ саҳар,
Шу битта жонимни парчалаб мингга.


Ишим, ташвишларим сочимдан кўпдир
Ва мудом шошилинч  бўлади йўлим.
Сен ҳам хат ёзмайсан, ўзбексан ахир,
Меҳмон кутишдан ҳеч бўшамас қўлинг.


Мен-чи, ўзинг каби-пастлик қилмайман,
Қийин жумбоқларга етмаса ақлим,
Ҳазил-ҳузил билан, ҳатто билмайман,
Сени бериб қўйдим қай куни, шаҳрим.


Шунданми сен мени танимайсан, ё
Шунчаки бепарво қарши оласан.
Ва ўзинг ўзингдан ортмасдан асло
Кетсам ҳам жимгина қараб қоласан.


Шунданми, тасодиф ёки тар қолиб
Умримни боғласам кечаларингга,
Худди бир бегона сайёҳ мисоли
Адашиб юраман кўчаларингда.



* * *


Дунё, азал азалдан меҳробларингда чаён,
Дил дилга тўғри келмас, дўсту душман намоён.
Кел, сен сулув санамлар кўнглини айла аён:
Мен Мирзони тушундим, Раъносини тушунтир.


Севги, сен бу дунёда нега минг йиллик тилсим.
Нега минг Қайс-Мажнунлар лабида учган “сим-сим...”
Ёшлик – бебошлик, дея аталган бир фаслнинг
Шаклини кўп тушундим, маъносини тушунтир.


Ҳаёт, умид-уфқларинг бўлмасин қанчалик кенг
Барибир бир жаҳаннам, бир жаннатга келмас тенг.
Вафодору бевафо бу икки умрнинг мен
Мангусини тушундим, фаносини тушунтир.



*       *         *


Ёшлик мени тарк этмай туриб,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим,
Ўйин талаб дўст-душманларни
Саволларга ғарқ этиб кетдим.



Муҳаббати ақлимни олди.
Ичларимга оловлар солди.
Кўрмай босдим тиконни мудом
Туман бўлди кўзимнинг олди.



ЖАВОБ


Каҳратон қишларнинг қаҳри нимадир,
Аччиқ аёзлари, заҳри нимадир.
Кумуш кулгуларинг эшитсам, қизим,
Ғурбату ғамларнинг наҳри нимадир.


Нимадир надомат, маломат тоши,
Саратон селию кузак кўз ёши.
Бу очиқ кунларнииг ёди олдида
Нимадир баҳорнинг қавоғи, қоши.


Доғули девлар-да, омон қолмагай,
Айёр ажиналар алдай олмагай,
Пилдираб юришинг ўйласам, болам,
Ҳеч нарса кўнглимга ваҳм солмагай.


Фақат шул айтаман, келмайди орим,
Худога етса бас, ўтимчим, зорим...
Бир бошга бир ўлим, — дейман -у бироқ,
Ўзимда эмасдир шул ихтиёрим.


Шиддатли шамоллар ўпдилар изим,
Замоннииг зўрига бермадим изн.
Гулдай кулгичларинг эслаб сўйласам
Бир бевақт ўлимдан қўрқаман, қизим.

 

 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)

 

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг расмий сайтидан  олинди.