Т.Низом-286x400 (286x400, 24Kb)

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ижодига ва ҳаётий фаолиятига бир назар.

Бўзтўрғай

(Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ижодига ва ҳаётий фаолиятига бир назар)

 


Андижонда "Бўз" деган гўзал қишлоқ бор.

Бир четида ям -яшил ўрмон барпо этилган бу сўлим -салқин қишлоқ маркази ҳозир мўъжаз шаҳарчага айланган бўлиб, кўчаларининг икки чети азим мажнунтоллар тераклар ва сарв дарахтлари шамолларда чайқалиб ётади.

"Бўз" бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўлу биёбон бўлган десалар, ишонгингиз келмайди.

Бўзликлар адабиётни, санъатни севадиган, шоир ёзувчиларни, санъаткорларни қадрлайдиган халқ.

Бу қишлоқдан халқимиз орасида ўзининг "Топишмоқ" шеъри билан машҳур, ажойиб шоир ва "Сарбадорлар" романини ёзган таниқли ёзувчи , Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али етишиб чиққан.

Муҳаммад Алини ўзбекнинг Пушкини десак, мубалоға қилмаган бўламиз.

Бўзнинг донғини дунёга танитган яна бир лирик шоир Ўзбекистон Халқ шоири Тўлан Низомдир.

Тўлан Низомнинг ўз ижодий услуби, бировларникига ўхшамайдиган алохида сози, латиф овози борки, унинг шеърларини, достонларини бир марта ўқиган одам яна қайта қайта ўқигиси келаверади.

Чунки Тўлан Низом асарларида ифода соддалиги билан ўқигувчини сеҳрлайдиган ички дард, маҳзун мусиқа бор.

Тўлан Низом шеъру достонлари ўз ўқигувчисини худди Бўзнинг чуқур ва тезоқар дарёси "Сариқ жўга" сувлари каби бешик -бешик бўлиб лопиллаб олисларга оқизиб кетиб қолади.

Гоҳо эса унинг шеърлари Бўзнинг тонги далалари, юлғунзорлари узра  муаллақ қанот қоқиб, чулдираётган тўрғайни эслатади.

Тўлан Низом нафақат гўзал лирик шоир, балки нон увоқ топса, бошқалар билан тенг бўлишиб ейдиган қўли очиқ, саҳоватли, қалби тонглар каби беғубор, барчага яхшиликни раво кўргувчи, меҳмонга жонини ҳам беришга тайёр олийҳиммат ИНСОНдир.

Унинг дастурхонидан туз тотимаган ижодкор Ўзбекистонда камдан кам топилса керак.

Ўзбекнинг Гётега ўхшайдиган истеъдодли шоири Салим Ашур Бўз Педагогика Билим юртининг меҳмонлар дафтарига дастхат қолдираркан, устози Тўлан Низомнинг адабиётимиз олдидаги буюк хизматларини эътироф этиб, "Бўз"ни шоир ёзувчиларнинг Маккаси дея атаган эди.

Тўлан Низом қизиқ латифалар эшитса, кўзларидан ёш чиқиб кетгунча қах -қаха отиб куладилар.

Баъзи бошқалар муваффақиятидан қувона олмайдиган хасадгўй, бахил кимсалар каби хунук ишшаймайди.

Мана шу бағри кенглиги, ҳалоллиги ва бировга ёмонликни раво кўрмагани учун ҳам Тўлан Низомга Худои Таоло Ва Таборак молу дунёю юксак обрў ҳурмат, мартабаларни, илоҳий илҳому гўзал асарларни ато этган бўлса не ажаб.

Ижодингизга барака, Тўланбой ака!

 

 

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон

 

Тўлан Низом

Тўлан Низом 1939 йил 17 августда Андижон вилояти, Бўз туманидаги Бешгул қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1998). Андижон педагогика институтини тугатган (1965). Биринчи шеърий тўплами — «Сенинг эртакларинг» (1970). «Ифтихор» (1982), «Ой қизлар» (1988), «Муқаддас руҳ» (1993), «Ватан туйғуси» (1993), «Чаман ичра», «Акс-садо», «Интизорлик» (1994), «Даҳр боғи» (1995), «Сайланма» (1998) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Достон ва лирик қиссалар ҳам ёзган («Чўлпон»; «Мажнунтол йиғиси»; «Руҳи равоним», 1993; «Уч сўз», 1995; «Ботмай қолган ой», 1996 ва бошқа). «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2003).

ДЎСТ

 


Қанот боғлаб бугун учмоққа шайман,

Торликда чарх учган қушга ўхшайман,

Ҳақ дебон сайрайман, ҳақ деб қақшайман.

Илҳомим фаввора, шундоқ яшайман,

Фавворалар ичра фаввораман, дўст.

 


Манзилга интилдим, ета олмадим,

Ё, бошимни олиб кета олмадим,

Юракка борини бита олмадим,

Довонлар бор ҳали, ўта олмадим,

Оворалар ичра овораман, дўст.

 

 

 

 

 

 

 


Халқимга айтмаган сирим қолмади,

Сиғиниб бормаган ерим қолмади,

Фарёд кўтармаган шеърим қолмади,

Бошимни силарга пирим қолмади,

Ошкоралар ичра ошкораман, дўст.

 


Тош кесмоқ истайман, кучим етмайди,

Такдирни бузмоққа ўчим етмайди,

Коинот бўйига бичим етмайди,

Дунё ишларига ечим етмайди,

Бечоралар ичра бечораман, дўст.

 


Темурий миллатим, наслим барқарор,

Саҳролар тилсизу тоғлар пурвиқор,

Тоғлар чўққисида бургутларим бор,

Тарих майдонида кўп туркий минор,

Миноралар ичра минораман, дўст.

 


Қуёш чарақлайди, ойлар тўлади,

Оппоқ тонг юлдузи — Чўлпон бўлади,

Улуғбек жадвали кўкда кулади,

Сайёралар ўлса, олам ўлади,

Сайёралар ичра сайёраман, дўст.

 

 

ОҚ ТЕРАК

Номаълум шоирга

 


Тун бўйи тинмадинг, билмадинг ором,

Шохларинг ғийқиллаб йиғладинг мудом,

Новдалар эшилди, улар экан хом…

Сендан учиб кетди қушлар ҳам тамом,

Тебраниб яшайсан токай бекалом?..

Тақдирми, қисматми қайдан бу инъом?..

Бугун мунгли сасинг мени қилди ром,

 

Ёнбағирда ўсган бўйчан, оқ терак.

Шамолларни тўсган ўйчан, тоғ терак.


Сени ким ўтқазган, ёшинг нечада?

Нелигингни билдим шу бир кечада…

Сенинг бу дардингни ким ҳам ечади?

Мендексан, ғанимлар кафан бичади,

Дерлар: бу қурмағур, қачон ўчади?

Тек қўйсак, савлати олам қучади,

Ёмғирга оғу қўш, чанқаб ичади…

Айт, энди ҳолимиз қандоқ кечади?

 

Ёнбағирда ўсган бўйчан, оқ терак?

Шамолларни тўсган ўйчан, тоғ терак?


Сен узоқ яшайсан, илдизинг маҳкам,

Сени тутиб турган ер ҳам мустаҳкам,

Сен каби беғубор дарахт камдан-кам,

Қаҳратон қиш фасли ўзлигинг кўркам,

Баҳорий баргингда ҳусн жамул-жам,

Сенга назар солиб ўтар дарё ҳам,

Сени кўрар, билар чўққилар ҳар дам,

Дунёда нима бор беситам, беғам?..

 

Ёнбағирда ўсган бўйчан, оқ терак?

Шамолларни тўсган ўйчан, тоғ терак?


Сен билан бу оқшом ўртоқ тутиндим,

Ниҳоят, чин дўстга энди етиндим,

О, сенга етгунча эгилдим, синдим,

Қайнар булоқ эдим, кўп йиллар тиндим…

Аллоҳдан тиладим, ундан ўтиндим,

Илҳом деб аталган тулпорга миндим,

Руҳларга ёлбордим, йиғлаб сиғиндим,

Меҳнат, захмат бўлган Сени соғиндим,

 

Ёнбағирда ўсган бўйчан, оқ терак!

Шамолларни тўсган ўйчан тоғ терак!


Фақат сен йиғлама, бағримни эзма,

Агар мен йиғласам, кел, мендан безма,

Ҳасратим англасанг айтмагил, чўзма,

Очилмоқ истайдур, ғунчамни узма,

Хаёлларим сўнгсиз, қўй, уни бузма,

Қалбим жуда чуқур, денгиз деб сузма,

Мен ғариб ошиқман, суратим чизма,

Елларга сўйлама, шеър қилиб ёзма…

 

Ёнбағирда ўсган бўйчан, оқ терак,

Шамолларни тўсган ўйчан, тоғ терак!

 

 

 

БОБУР ТАВАЛЛОСИ

 


Ишқ аро йўл қани, йўлдош қани,

Қўлламоққа қўл қани, қўлдош қани?


Дил лиммо-лим, сир қани, сирдош қани,

Бирман деган бир қани, бирдош қани?


Қонга тўлдим, шеър қани, шеърдош қани,

Қайга борай, ер қани, ердош қани?


Хунхор қани, зўр қани, зўрдош қани,

Менки ўлдим, гўр қани, гўрдош қани?


Ишқи хорман, гул қани, гулдош қани,

Бошни ёрган ул қани, ул тош қани?


Хокисорман, қон қани, қондош қани,

Бир ўзимман, жон қани, жондош қани?

 

 

ОНА ТОВУС НОЛАСИ

 


Уч кун бўлди, она товус тиним билмай йиғлайди,

Ва-ёқ, ва-ёқ дейди қақшаб, бўғилиб-биғиллайди,

Ҳар томонга ўзин уриб, кетмокдикни чоғлайди,

Ҳовли ичра югуради, тўхтамай қоқоғлайди,

Чўғ кўзлари қонга тўлиб жигарини тиғлайди,

Болам, дея нола қилур, юракларни доғлайди.

 


Уч кун бўлди ўлганига унинг учта боласи,

Қаҳратонда жон берибди уч маъсум зуволаси,

Ёмғир каби қуйилади кўзларидан жоласи,

Қулоғимдан кетмай қолди унинг аччиқ ноласи,

Дилим оғрир, яна борми йиғламоқнинг чоласи,

Оқарибди чаккамдаги сочимнинг бир толаси.

 


Уч кун бўлди фароғатим, роҳатим йўқ ўзимда,

Торлик қилур, туролмайман қучоғи кенг Бўзимда,

Боғимга ҳам сиғмай қолдим, шафқат ёши кўзимда,

Калимага келмас тилим, тутиламан сўзимда,

Раҳмим дарё бўлиб оқур ҳар тонг янги рўзимда,

Кўз тегмасин, икки кўзим ўғлимда, ҳам қизимда.

 


Мен томоша қилар эдим товусларим эрталаб,

Учаласи ўйнар эди онаси-ла эркалаб,

Ҳовлимда бир чирой эди, юрар эди ярқираб,

Минг товланиб ёнар эди, сайрар эди чулдираб,

Кўзим тўймай мен бир тараф, улар эса бир тараф,

Ё уларга ажал тегди, кўз тегдими кўп қараб.

 


Водариғо, ишқ элига доимо азоб дунё,

Энди билдим чин, ростини, шу боис хароб дунё,

Муҳаббатсиз телбаларга беради шароб дунё,

Айрилиқ жомига қонмас, кўз ёшга селоб дунё,

Яхшилар бир омонатдир, ёмонга ниқоб дунё,

Товусимга мозор бўлди қушларга сероб дунё.

 


Уч кун бўлди, она товус тиним билмай қақшайди,

Уч кун бўлди, қичқиради, кўнгилларни ғашлайди,

Болаларсиз бу жонивор энди қандоқ қишлайди,

Болам, дея фарёд чекур, оналарга ўхшайди,

Шундан руҳим туғён уриб, танҳоликни хушлайди,

Товусларим менинг билан то умрбод яшайди.

 


Товусимни билурмикан, билмасмикан кўру кар,

Нодон киши билмас эса ҳар гўзаллик чанг босар,

Элдан ҳайдаб аждод руҳин, юртни вайрон қилдилар,

Интизорлик тортиб қушим тўкар бўлди болу пар,

Аҳволини кўрмаганлар, бағри тошлар бехабар,

Оқибат шу бўлса агар мен кетайин дарбадар.

 


Товус каби товланур кўп ахди йўқ, дўсти ёлғон,

Товуссифат минг ранг ила бизни алдайди замон,

Товус мисол аҳбобларим, бормикан сизда имон,

Тўғри йўлдан оздирурлар, эс-ҳушинг олиб шайтон,

Тўлқин уриб тўлғонади юрагимда бир уммон,

Жон оғриниб чиқди яна, бу кеча чақди чаён.

 


Бу Ватанни чоҳга тортур юртфурушлар басма-бас,

Айтгил бугун, қодир Худо, улар чин банданг эмас,

Бу бинони бор айладинг, қиммати шу, бўлди хас,

Бебақо тақдирни қўй, унга ҳеч йўқдир ҳавас,

Тўлан Низом, бўзлама, ҳей, мунча бўлдинг ўтнафас,

Қанчалар зорланмагил, дунё товусга арзимас.

 

 

 

МАНБА: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.