Хосият Рустамова шеърияти ҳақида

 


Хосият Рустамова одамлар: "Старые веееещи!" дея ҳайқириб юрадиган эски тускилар бозоридан Пушкиннинг суратини сотиб олади ва ёмғир савалаётган кўчадан мамнун одимлайди. Пушкиннинг сурати, сершовқин бозор, кулранг осмон ва ёмғир. Хосият уйига бориб, Пушкиннинг суратини хонасининг деворига осиб қўяди.У ерда Пастернак, Цветаева, Ахматова.Хосият хурсанд. У энди ёлғиз эмас.Квартирада яна бир шоир сигарет тутунларининг қуюқ туманлари аро шеър ёзмоқда.У ўрилган ўтларни эшакка юклаётганда бир зум тин олиб, каккунинг ҳасратли овозига қулоқ тутган чоғларини, олис воҳани соғинган.У ўша Хосият Пушкиннинг суратини эхтиётлаб одимлагувчи кўчаларни ўйчан савалаётган  ёмғир каби қитирлатиб шеърлар ёзаётир.Бу Қўчқор Норқобил.Ҳа, Хосият Рустамова билан Қўчқор Норқобил худди Ҳамид Олимжон билан Зулфиядай, Сайид Аҳмад билан Саида Зунуновадай бир қушнинг икки қанотидирлар.Бу қанотлар қайрилмасин.Замонавий адабиётимиз деразасини Хосият Рустамова каби истеъдодли шоиралар ва шоирларнинг ёмғирли шеърлари чўқиб, ўйчан пичирлайверсин.

 

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

Роман Холдора Вулкана "Жаваронки поют над полем". Читать онлайн.

 

Хосият Рустамова.

Шеърлар

 

 

***

 

 

Энди куни бўйи юраман ўйлаб,

Оғриган бошимга соласан ғамни.

Қушча, ўзимда йўқ нарсани сўраб –

Жуда хижолатга кўйдинг одамни.

 

Жовдираб қарайсан қафасдан отсам –

Бир ҳовуч ушоқ, дон, сув ва майсани…

Олдингга ташлайман нимаки топсам –

Озодликдан бошқа ҳамма нарсани…

 

 

 

 

 

 

 

Тирикликка мактуб

 

Касалхонанинг совуқ деразаларига ўйчан тикиларканман, ташқарида эгасининг тепкисидан фарёд кўтарган итнинг аянчли вовуллаб қочгани эшитилди…

 

 

Ва менинг шу итга ҳавасим келди…

Бу хонага мўлтирар умид,

Бу хонада ҳамма нарса оқ.

Ташқарида фарёд чеккан ит —

Мендан кўра эди бахтлироқ.

Кетар эди кўчалар тўлиб,

Юрар эди оёғи билан…

Юргим келди битта ит бўлиб,

Кўчаларда калтак есам ҳам.

Сезиб турдим…

Бу чанг йўлларнинг,

Оҳ, нақадар бахтлилигини.

Итни тепган шу оёқларнинг,

Тепиш учун ҳақлилигини.

Ётиб бирдан хўрлигим келди

Шу хонанинг чироқларига.

Ўзим борар эдим…

Ит бўлсам…

Шу одамнинг оёқларига.

Не маъно бор сўнгги йиғида,

Не қайғулар бахш этар даврон.

Кел, кўзимнинг очиқлигида —

Сенга тўйиб олайин осмон.

Қушлар шошиб бошимдан учди,

Эргаштириб олганча тунни.

Ўтган умрим эсимга тушди —

Эслатмагин қолган умримни.

 

 

***

 


Қанча чуқур ташламай одим,

Оёқ тойиб борар ел каби.

Кечаги гап — менинг ҳаётим,

Шеьрим эса бугуннинг гапи.

 

 

***

 

 

Ҳовлида озгина ўйланиб турдинг,

Сўнг кўкка термулдинг —

Юлдузлар шаффоф!

Қўлингда тамаки — ёнар гугуртинг,

Нур тўла юзингдан ёришар атроф.

О, ажиб манзара касб этар тегранг,

Чекасан,

Бепарво туришинг ўктам.

Сезмайсан, кўзимга тўлдириб жуссанг—

Ойнадан кузатиб турганимни ҳам.

Аслида тамаки соғлиққа зарар,

Шу боис мен уни қиладирман рад.

Майли, чек! Чекишинг зарур бўлса гар,

Азизим, ғам-алам чекмагин фақат!

 

***

 

 


Гуноҳларим кўпми шу қадар?

Ё умидлар бўлганми барбод?

Жинояти оғир маҳбусдай

Мени ушлаб турибди ҳаёт.

 

***

 

 

Пойлайман. Оғзингдан чиқмайди бир сўз,

Қовоғинг уйилган — қиласан зарда.

Мен пиширган нонга ташламайсан кўз –

Мен пиширган овқат қолар қозонда.

Ишингга кетасан — демай ҳеч нима,

Майли, оч кетсанг кет — бузмайман

пинак.

Мени ҳам хонамда кутар Марина,

Мени ҳам хонамда кугар Пастернак.

 

 

 

 

Дарахтлар

 

 

 

Мен билгандан буён шу ахвол,

Баъзан йиғлаб қолар —

дод солиб.

Эркалатиб кўяр гоҳ шамол —

Бийдай совуқ бағрига олиб.

Бу борлиқда

ким ҳам хол сўрар,

Ўйлайверсанг кетар кўз тиниб.

Туғилгандан буён

Кун кўрар —

Япроқлари ичра беркиниб.

 

Ҳар кунгидан боғлар виқорли



Бурилиб қарайман…
Олис ўлканинг
Бепарво нигоҳи. Беруҳ йўлчилар,
Менинг биттагина ихчам сумкамни
Талашиб кетади юк ташувчилар.
Отилиб кираман.
Нотаниш вагон,
Шовқин. Кимсаларнинг хунук кулгуси.
Кимдир маст. Тентирар.
Перронда ҳамон –
Бир аёл чинқирар. Бола йиғиси.
Вагонга совуқ сув қуйилар бирдан,
Бир лаҳза, бир муддат
Ҳамма  жим қолар.
Қирғий нигоҳларин ололмас  ердан,
Калта иштон кийиб олган болалар.
Бир немис аёлни элитар уйқу,
Ёнида бир эркак тўкади савлат.
Менимча, поездга илк бор чиққан у –
Чўзилиб ётишга тортар ҳижолат.
Мўйловдор амаки
Боқиб ҳар ёнга,
Майда ўтмишидан сўзлар пайдар — пай.
Нон, тухум кўтариб чиқар вагонга,
Кўзлари ичига чўккан болакай.
О, қандай чиройли, Ватан деган сўз,
Агар ватанимда
Яшай олсанг Сен.
Тезликни ошириб бормоқда поезд –
Яқинлашиб қолдим юрагимга мен.

 

Тонг


Ҳали бошланмади бу уйда ҳаёт,
Гуллар ўз  ҳолида, тун  ўз ҳолида.
Бу кеча  эрини туш кўрди аёл,
Эри ухлаб ётар ёнида…

Тонглар томларини куйдирмасидан
Қуритар гулларнинг болишларини.
Ўзига зеб бериб улгурмасидан
Тун йиғлаб отади калишларини.

Оғилнинг уйқусин бузади секин,
Тушини айтмасдан ҳали ўзига.
Бир челак сут тўкиб юборди келин
Мудраган тонгларнинг юзига…

***

Ҳар кунгидан боғлар виқорли,
Қарғалар ҳам боқар беписанд.
Қара, жоним, кўча чиройли –
Сен  ҳам ойна олдидамисан?!
Осмон оппоқ.
Ер жуда майин,
Балки, қорқиз ясарсан қордан.
Сенга қандай етиб борайин,
Йўлларимни қор босиб қолган.

***

Кетинг…
майли, қишлоққа кетинг,
Йўлингизда сарғайди  анғиз.
Кутаяпти бир қишлоқ бетин,
Кутаяпти Сизни қўшни қиз…
Ҳазин қўшиқ куйлайди хазон,
Бежон рақс тушар супурги.
Номозшомгул чақириб азон,
Зулумотда очиб эшикни
Бир қиз…
Сизни кутаяпти…
Йўл  чанг  чалар.
Қўйбоқар бола,
Чангли йўлни беки – жарчиси.
Қўлларида кулча, бир она
Ёшли кўзин тикиб ташқари
Сизни кутаяпти…
Кўзларида соғинч сарғайиб,
Унутолмас сизни эгачи,
Дарвозадан  мунғайиб бир ит,
Секин кириб кетар ичкари…
Кетинг…
майли, қишлоққа кетинг,
Йўлингизда сарғайди анғиз…

***

Ёпиқ эшикларнинг
Ортида ким бор,
Мудом кимдир кетар,
Кимдир келади.
Дашту биёбонми,
Ё  гуллаган боғ –
Менга кимдир борга ўхшайверади.
Аммоки, сезилмас шарпа ва қадам,
Сездиргиси келмас йўғу борини.
Бу одам сабрли, тоқатли одам –
Босмайди эшикнинг қўнғироғини.
Ўйлайман, кузатиб турар тирқишдан,
Қишу баҳор бўлсин
Билмай каму кўст.
Пичирлайман секин : Мен Сенинг
билан –
Ёпиқ  эшикларнинг  ортидаги  дўст.

***

Эшик қайта очилар:  –  Киринг…
Ерга оғир чўлғонар ридо.
Сенинг эса тўхтамас  йиғинг,
Сени тўхтатолмас илтижо.
Қўшниларинг қарар дарчадан,
Эринг сенга термулар беун.
Кўзларингда минг йил асраган
Қарзларингни узасан бугун.

***

Тун жойлашар борлиққа,
Тунука том тарақлар.
Ўйчан боқар ариққа –
Чолу кампир дарахтлар.
Осмон –  сут тўла  кўза,
Синиб кетар тонг олди.
Ниҳол кўкка бўй чўзар –
Кўзгу деб ўйлаб ойни.

***

Бир тушдан уйғондим, тушларинг
Бунчалар шоирдек бир латиф.
Мен қандай ухлайин қушларнинг
Қоп-қора кўзига айланиб.

Мен сендан қўрқаман. Тонг  саҳар
Азобдан силқиса товонинг.
Қип-қизил кўйлакда тун қадар
Йиғлатиб чиқаман самони…

Юлдузлар оромин бузди ким,
Юрагим йиғлайди йўргакда.
Дардимни  ёпиниб, аста-жим
Чиқаман қип-қизил кўйлакда…
Бир тушдан уйғондим.
Тушларинг
Гулсевар шоирдек бир латиф.

 

 

Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.