Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Навоийдан ибратланмоғимиз керак

(Ҳазрат Навоийдан ҳам донишмандроқ бўлиб кетган кимсалар бу мақолани ўқимасин)

 


Пиримиз Амир Алишер Навоий ҳазратлари узоқ йиллар султон Хусайн Бойқаро саройида вазири аъзам вазифасида хизмат қилганлари тарихдан маълум.

Шу ерда бир ҳақли савол туғилади.


Нега барча бирдай ҳурмат қиладиган мулохазали, шарқ шеъриятининг баҳайбат, сўнмас қуёши, донишманд шоир Алишер Навоий подшо саройида хизмат қилдилар?


Нега унинг шеъру ғазалларида хақорат, ношукрлик, мангу норозилик, қарғишу қора фарёд, ғийбату  фисқу фасод кўринмайди, диний ва дунёвий фанатизм, миллатчилик, ирқчилик каби ғоялар кўзга чалинмайди?


Нега?


Ё Пайғамбар Алайхиссалом хадисларига арбаъинлар ёзган Навоийнинг шаръий, фиқхий маърифати, диний ва дунёвий илми, саводи етарли эмасмиди?


Нега Алишер Навоий шеърияти асрлар оша, барча даврларда,  ҳатто худосиз жамиятларда ҳам қатағонга, тазйиқу тақиқларга учрамади, лаънатланмади, аксинча,бирдай буюк ҳурматга, эҳтиромларга сазовор бўлди?


Бугунги давримизда ҳам бобомиз ҳазрати Навоий халқимизнинг энг буюк ва ардоқли шоири бўлиб қолаётганига сабаб нима?


Нега Мир Алишер Навоий ҳазратлари:

 

Олам аҳли билингиз иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир бирингизға, ки эрур ёоорлиғ иш.

 


дея ёздилар?


Нега "уммат аҳли билингиз" ёки "миллат аҳли, ёинки аҳли ирқ билингиз" дея ёзмадилар?


Лоақал "Дунё аҳли билингиз" деб ҳам қўймадилар?


Нега шоир ОЛАМ аҳлига мурожаат қилмоқда?

Олам тушунчаси чексиз галактикаларни, қуёш системларини, поёнсизликни англатадику.


Нечун Ҳазрати Навоий ИЛМИ ҚОЛга эмас, ИЛМИ ҲОЛга эргашдилар, сиёсий исломни эмас, тариқат йўлини танладилар?


Нега мутлақ ҳокимликка, подшоликка, тожу тахтга интилмадилар, маишатга, айшу ишратга, хашаматга, молу матога меҳр қўймадилар?


Нима учун уни подшо мамлакатдан қувиб чиқармади, сассиқ зиндонларида канаю битга талатиб, тириклай чиритмади, бошини жаллод кундасида кесдирмади ё дорга осдирмади?


Чунки Навоий ўз асарларида умуминсоният дарди қайғуларини куйлади, инсониятга, барча одам болаларига бирдай тегишли муҳаббат ва фалосифа мавзуларида ўз ўқувчисини ҳайратлантира оладиган даражадаги нафис, теран, руҳ билан ишланган гўзал сўз санъати намуналарини яратиш билан машғул бўлдилар.


Навоийда илоҳий истеъдод билан бирга одамзод учун энг зарур жихатлар: камтаринлик, ҳалимлик, тавозуъ ва энг муҳими, инсонни эл назаридан қолмаслигига кафил бўлгувчи фазилат - ОДОБ бор эди.

У инсонда одамни маънавий ҳалокатга элтгувчи кибр иллати, хасад, макр йўқ эди.


Навоий гарчанд сўздан ҳар қандай шакл яратиш қудратига эга бўлсада, подшоларни ёки бошқа оддий одамларни мазаммат қилмади, тахқирламади, устидан кулиб роҳатланмади.


Шу яхши фазилатлари учун Худои Таоло уни муносиб тақдирлади, мукофотлади, унга буюк илҳомлар, олий мартабалар, юксак иззату ҳурмат, элнинг, инсониятнинг қиёматгача битмас туганмас меҳру муҳаббатини ато қилди.


Дарвоқеъ, шоирнинг ёки бирор инсоннинг буюклигини, азиматини унинг айтаётган гапларидаги сўзлар залворидан осонгина билиб олса бўлади.


Қаранг, Алишер Навоий, кўриниши одми, содда сўзлари билан олам аҳлига, унсу жинсга, тамоми онгли, идрокли мавжудодларга мурожаат қилиб, душманлик келтириб чиқаргувчи фисқу фасоддан тийилишга,фисқу фасод сабаб бир бирларини ўлдириб, оний чақиндай, йилдиримдай йилт этиб ўтгувчи бу арзимас муваққат умр мобайнида оғир гунохлар ботқоғига ботмасликка, охиратини куйдирмасликка, динидан, миллатидан, ирқидан қатъий назар барча халқлар дўст -биродар бўлиб, бир оила фарзандларидай тинч -тотув, ўзаро уйғун яшашга чорламоқдалар.


Лекин биз ўзбекистонликлар бу насихатга қулоқ тутдикми, тутяпмизми?


Аксинча, ақл билан иш юритиб, мавжуд муаммоларни қиличсиз, қонсиз, муросаи мадора йўли билан хал қилиш ўрнига, асрлар оша турли бахоналар билан улусни урушга чорлаб, кўринмас душманлар тамонидан қўлимизга тутқазилган пантуркизм жадидизм туғини кўтариб, ура ура қилиб, миллион  миллион бегунох одамларнинг қирғин бўлишига, муаззам шаҳарларимиз вайрон бўлишига, юртимиз ер остки ва устки бойликларининг аёвсиз талон тарож қилинишига сабабчи бўлдик ҳалос.Кўпчилик ҳамюртларимиз, учинчи кучлар тузиб берган ғояларга алданиб, йўлдан озиб, ҳануз ўз ўзанини топа олмай, сиёсат сахросида тентираб юрганлари ғоят ачинарли.Биз ўрмонга дарахт кесгани кетаётган буратиноларга ўхшамаслигимиз, аксинча, вақт борида зулматли йўлларимизни мангу сўнмас машъала бўлиб беминнат ёритгувчи Навоийга қайтмоғимиз керак.


Биз Ўзбекистонликлар ўзимизни Амир Алишер Навоийнинг меросхўрлари дея хисоблаб юриш билангина кифояланмай, донишманд бобомизнинг шеъру ғазалларидаги ҳикматлар мағзини чақмоғимиз, улардан тўғри хулоса чиқармоғимиз, амалга оширган ҳайрли ишларидан, ҳаёт йўлларидан ибратланмоғимиз керак.




02/05/2016.

Кундуз соат 12:49.

Канада.