Поиск

Фарид Усмоннинг сурати ФБ саҳифасидан ўғирлаб олинди.



Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

Фарид Усмонга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилса, яхши бўлар эди.

Х.В.


Фарид Усмонга



Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,

Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.



Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,

Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.



Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,

Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.



Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,

Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.



Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,

Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.




16/06/2016.

Кеч соат 8:02.

Канада, Онтарио.

 

 

Андижонлик улуғ ИНСОНларни ёд айлаб


 

Андижонда кўплаб бообрў, камтарин, донишманд ижодкорлар, олимлар ўтганларки, уларнинг саноғига етиш мушкул.

Шундай улуғ инсонлардан бири буюк навоийшунос олим ва математик Омонуллохон Валихонов Боқир (Мансур Ҳалложнинг издоши, Балхда мустабид Махмуд Қатағон фармонига биноан дорга осилган Шох Машрабнинг пири Офоқхўжанинг авлоди, Саййид Омонуллохон тўра) бўлиб, мен бу инсоннинг ҳам назарига тушиш, ва дуоларини олишга мушарраф бўлганман.

 

 

Қотма қорачадан келган, нигохи фикрлари каби ўткир ва теран бу олим билан Андижон адабиёт музейида, шеърият анжуманида учрашиб қолдим ва у менинг шеърларимга юксак баҳо бериш билан бирга аруз вазнида қилган машқларимдаги айрим хатоларимни тўғрилашга ёрдам берди, архаик сўзлар маъно -моҳиятини эринмай тушунтирди.

Унинг менга сенлаб мурожаат этганидан хафа бўлмадим.Қайтага, шундай улуғ адабиётшунос олим, Пайғамбар алайҳи салоти васалламнинг авлоди мени қалбига яқин олди дея хурсанд бўлдим.

Аммо Имодиддин Улфат, Восит Саъдуллалар билан учрашиш менга насиб этмади.

 

Устоз адиб, лирик шоир Олимжон Холдорнинг дуосини олганман.

 

Олимжон Холдор шундоқ кўчада қўлларини дуога очиб: Буюк шоир бўлинг, бошқа гап йўқ, омин Оллоху Акбар дея юзларига фотиха тортдилар.

 

 

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ҳам қийналиб қолган пайтларим менга кўп ёрдам берганлар.

Ёниқ шоир Фарид Усмон эса, менга илк бор шеър ёзиш техникасини ўргатганлар.

Ул зотлардан Яратган Парвардигори олам рози бўлсин.Андижонда яна бир тилшунос олим борки, бу инсон ҳақида ҳам ёзмасам бўлмайди.

 

 

У Мухторхон Эшонхўжаевич Умархўжаевдир. Бу инсон немис тили бўйича мутаҳассис олим.У ўзининг немис тили шеваларидаги сўзлар таснифотига бағишланган докторлик диссертациясини Германияда ёқлаганлар.

Германияни бошдан оёқ кезиб, оддий немисларнинг ўзларига ҳам маълум бўлмаган шева сўзларини тўплаб, уларнинг келиб чиқиши, мазмунини изохлаб, таснифлаганлар.

Мухторхон ака Пайғамбар Алайхиссаломнинг авлоди эканлиги учунми, юзларида нур, амалида файзу баракотлар бор.

У олим билан суҳбатлашган одам ҳар доим янги, қулоқ эшитмаган ҳикматли гапларни эшитади.

Қалбида кири, кибри йўқ, доимо суҳбатдошига беғараз жилмайиб қарайдиган, хасад, кек, бахиллик, қитмирлик, макру ҳийла нималигини билмайдиган бу очиқчеҳра улуғ инсоннинг бирон марта қовоғини уйганини, бировнинг устидан кулганини, кўча кўйда майда чуйда, бачкана кимсалар билан ичкилик ичиб юрганини кўрмаганман ва нимадандир норизо бўлганини, бировни ғийбат қилганини, ёлғон гапирганини, сўкинганини эшитмаганман.

Доимо кастим шим кийиб, бўйинбоғ тақиб юрадиган маданиятли, диди юксак, камтарин,одоб ахлоқли, ҳар хил зиною маъсиятлардан, харом харишдан йироқ, қалби тонг каби беғубор, олийжаноб у инсонга ҳамиша хавас қилиб яшаганман.

Мухторхон ака узоқ йиллар Андижон чет тиллар институтида ректор бўлиб ишладилар.

Бир куни Мухторхон аканинг иш кабинетида суҳбатлашиб ўтирарканмиз, у инсон кутилмаганда: -Шоир, кеча телевизорда сиз ҳақингиздаги лавҳани кўриб, ўқиган шеърларингизни эшитиб, келин аянгизга: -Қарагин, бизда қандай зўр шоирлар бор дея фахрландим -дедилар.

Ҳа, буюк олим Мухторхон Умархўжаев бировнинг муваффақиятидан астойдил қувонадиган пок қалбли инсон.

Ҳозир невара чеваралари бағрида қарилик гаштини сураётир.

Камтарин, донишманд олим, филология фанлари доктори Мухторхон Умархўжаевнинг умрлари узоқ бўлсин, илоҳим.

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

06/07/2016.
Кундуз соат 2:27.
Канада, Онтарио.


 

Ватанда яшаб юрган пайтларим, бир кеча ғаройиб туш кўрдим. Тушимда иккита фаришта оёқлари ерга тегмай, ҳавода муааллақ турар, уларнинг бири оппоқ, тирик кабутарни ушлаб олган эди.Кабутар оёғига букланган қоғоз маҳкамланганди. Иккинчи фаришта чиройли жилмайиб, кабутар тутган фариштага қараркан, менга ишора қилиб: Бу ўзиники, бер унга деди. Кабутар тутган фаришта қуш оёғидаги қоғозни менга топширгач, уйғониб, ғалати аҳволга тушиб қолдим.Хотинимга тушимни сўйларканман, уни қўрқитиб: - Тушимда фаришталар мактуб ташлаб кетишди. Афтидан менга у дунёга жўнаш учун чипта келдиёв.Куним битган кўринади. Мабодо менга бир нарса бўлса, болаларни эхтиёт қил.Қўлёзмаларим йўқ бўлиб кетмасин.Эҳ аттанг, қанча шеър, ҳикояю романлар ёзмоқчи эдим.Наҳотки энди нийятимга етолмай, ўлиб кетсам -дедим мен, афсусланиб.

Хотиним бечора бўлса: -Э, шоир, нафасингизни иссиқ қилсангизчи - деди, йиғламсираб. Шу пайт нима учундир шеър ёзгим келиб, стол лампасини ёқдимда, бир зумда "Ватан" деган шеърни ёзиб қўйдим. Эртасига ишга борсам, йўлда мошина - пошина уриб кетиб, пўк этиб ўлиб турмай -деган хаёлда ишга бормасликка қарор қилдим.Эрта билан эса, қазоси етса, қози ўлибди деган мақолни эслаб, қазодан қочиб қутилиб бўладими дедиму, таваккал ишга жўнадим.Кечгача ҳавотирланиб юрдим, лекин фожиа юз бермади. Шундан сўнг, фаришталар келтирган мактуб "Ватан" шеъри эканини англаб етдим.Йиллар ўтиб, мен ҳорижда яшаётганимга қарамай, у шеър Ватанимда, серсаҳифа бир газетанинг муқовасида эълон қилинди. Шунда мен ўша шеърни ростдан ҳам фаришталар олиб келганига юз фойиз амин бўлдим. Шунақа мўъжизалар ҳам юз бериб турар экан бу ҳаётда, азизлар.

 

Холдор Вулқон.

 

Ватан

 

Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг, сомонингман, Ватан,

То абад бошинг омон бўлсин, товонингман Ватан.

Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,

Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг минглаб шоқол,

То саҳар гулҳан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.

Барча жим, тилсиз пусиб, мум тишлаганда ҳайқириб,

Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.

Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,

Қатл этиб ўлдирса ҳам, ўлмас омонингман Ватан.

Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,

Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!

 

 

 

 

 

 

Искандар Мадғозиев

Андижонлик истеъдодли шоир ва тарихчи олим

 

Қомусий билим эгаси

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларга Яратган бемисл ақл-заковат, тафаккур ато қилган бўлади. Уларнинг кўплаб илм соҳаларига бўлган қизиқиш ва интилиши, ижодкорона юксак истеъдоди ёшлик чоғлариданоқ тез суръатда шаклланиб, шунинг баробарида гўзал хулқ-одоб, нозик дид, фаҳм-фаросат каби фазилатлар ҳам унга уйғунлашиб боради. Бундай инсонларни кўрган, бевосита мулоқотда бўлган ҳар бир киши уларнинг “ладуний” яъни “худо томонидан ато қилинган” юксак истеъдодларига гувоҳ бўладилар.
Биз сўзимиз аввалини бундай гаплар билан бошлашимиз бежиз эмас, албатта. Чунки она Ватанимизда камолга етган бундай қомусий билим эгалари барчамизга яхши танишдир. Лекин булар ичида кўпчиликка маълум бўлмаган, номлари “бир оз” хаёлимиздан кўтарилган шундай инсонлар борки, бугунги ўтмиш қадриятларимиз қайта тикланаётган бир пайтда уларни яна бир бор ёдга олиш, ёш авлодга уларни таништириш лозим бўлади.
Шу ўринда биз етук олим, нозиктаъб шоир ва таржимон, эл орасида катта ҳурмат-эҳтиромга эга бўлган Амонуллохон Валихонов – Боқир ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Боқир деганда аввало, баланд бўйли, теран нигоҳли, камтар ва ширинсухан, нозик дид ва фаросат эгаси, ўткир мушоҳадали, айтадиган гапини салмоқлаб, турли маънолар билан бойитиб суҳбатдошига етказиб берувчи ва шу аснода уни ўз оҳанрабоси билан сеҳрлаб, лол қилиб қўювчи инсон кўз олдимизга келади.
Асли келиб чиқиши Саййид Офоқ Хожа (“Оппоқ хўжа”) авлодларидан бўлган Саййид Амонулло Боқирхон тўра 1923 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топади. 1928 йилда оталари Саййид Жўрахон тўра вафот этганларидан сўнг оналари Саодатхон пошша қўлида тарбия топади. 30-йиллар бошида қулоқлаштириш сиёсати туфайли бутун мол-мулклари тортиб олингач, қийин шароитда кун кўришга мажбур бўладилар. Шу зайлда, уруш даври қийинчиликларини тортиш билан бир қаторда, кутилмаганда “сиёсий ўйин” қурбони бўлиб, қамоққа олинадилар. Сабаби 1944 йилда Ғулжада тузилган Шарқий Туркистон муваққат инқилобий ҳукумат раҳбарлигига қонуний ҳақдор шахс сифатида у кишининг тавсия қилиниши эди.
Аммо бу лавозимни эгаллашга у киши рози бўлмайди ва совет органлари томонидан вақтинча қамоққа олинади. Орадан кўп ўтмай, у кишининг сиёсий курашларда иштироки йўқлиги исботланиб, озод этилади.
1949 йили Амонуллохон Валихонов Фарғона педагогика институтининг физика-математика факультетига сиртдан ўқишга қабул қилинади. 1954 йили институтни тамомлаб, мактабларда математика ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлайди. Дастлаб Андижон шаҳрининг 8, 18, 20-мактабларида, сўнг шаҳарнинг услубий таянч мактабларидан бўлмиш 29-ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб фаолият кўрсатади.
1958 йилда Андижон Давлат педагогика институти ректори Ғ.Х.Абдуллаев таклифига биноан институтга ишга ўтади. Институтда 20 йил давомида катта ўқитувчи, “Бошланғич таълим услубияти” (“педфак”) факультетининг декан муовини, декани, физика-математика факультети декани каби лавозимларда ишлайди.
1983 йилдан то умрининг сўнггига қадар (1986 йил 27 декабр) Андижон адабиёт ва санъат музейида мудирлик вазифасини бажаради. Бу давр мобайнида музей фонди ва экспозициясини бойитишда талай ишларни амалга оширади. Нодир қўлёзмалар ва ўтмиш шоирларимиз ижодий ва илмий меросига доир кўплаб китоблар ва ҳужжатлар тўпланади.
Айни шу йиллари Боқир домла саъй-ҳаракатлари билан Андижонда ўтган шоирларнинг таржимаи ҳолларига оид кўплаб маълумотлар йиғилади. Бу эса адабиёт ва санъат музейининг кейинги фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Табиатан серҳаракат ва изланувчан бўлган Боқир домла музейда ишлаш билан бир қаторда илмий фаолият ва ижоддан бир нафас бўлса-да тўхтамайди, доимо изланишда, ёзишда бўлади.
Ёшлик даврларидан бошлаб Навоий ижодига қизиқиш ва баҳоли қудрат уни тадқиқ этишни кўнглига тугиб қўйган олим улуғ шоир асарларининг нозик қирраларини таҳлил қилишга киришади. Буни Навоий ижодини, умуман шарқ мумтоз адабиётини ва араб-форс тилини яхши билганлиги ва бу адабиётдан етарлича маълумотга эга бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Камтарин олим бу йилларда бир қанча илмий тадқиқотлар ҳам олиб боради. “Навоий аллома”, “Навоий ва мусиқа”, “Навоий ижодида гул”, “Навоий ва Жомий” каби илмий ишлар шулар жумласига киради.
Амонуллохон домла айниқса, Навоий ғазалларида кўп учрайдиган “гул” тимсолига алоҳида аҳамият қаратади. Унинг “Навоий ижодида гул” деб номланувчи илмий иши қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: “Гул ва Навоий навоси”, “Гул ва дардлар давоси”, “Гул ва ранглар жилоси”, “Гул ва маҳбуба сиймоси”, “Гул ва севги можароси”, “Гул ва замон муаммоси”, “Гул ва дил нашъу намоси”, “Гул ва Навоий даҳоси”.
Олим Навоий ғазалларининг бадиий жозибаси, мазмун-моҳияти, оҳанги ва энг муҳими улуғ ижодкорнинг маҳорати хусусида сўз юритишга ҳаракат қилади. У ўзини олим санамайди, балки улуғ шоир асарларининг оддийгина бир мухлиси сифатида хис қилади. Бундан ташқари Навоийнинг ҳаёт фаолияти ва илмий-ижодий салоҳияти хусусида жуда қизиқ ва оригинал маълумотларни тартибга келтиради. Бугунги кунда навоийшуносликда мустаҳкам ўрин эгалловчи асарлар сирасига кирувчи – “Ғазал нафосати” (1985) китоби шу тариқа вужудга келади.
Боқир домла фақатгина Навоий ижоди билан чегараланиб қолмай, балки бобуршуносликка ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Унинг “Шоир ва шуур” номли туркум мақолалари Бобур ижодиёти ва шахсиятига оид кўплаб жиҳатларни ўзига қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.
Биз юқорида Амонуллохон домланинг шоирлиги ҳақида айтиб ўтган эдик.
Дарҳақиқат, Амонуллохон Валихонов Боқир тахаллусида ижод қилиб, юздан ортиқ жозибали ғазаллари, ўтмиш ва замондош шоирларимиз ғазалларига боғлаган элликка яқин мухаммаслари, рубоий ва туюқлари, мурабба ва мувашшаҳлари ва бир қатор ҳажвий шеърлари, бундан ташқари Жомий, Саъдий, Навоий, Умар Хайём, Паҳлавон Маҳмуд, Бедил, Гулханий каби шоирларнинг форс-тожик тилидаги асарларининг ўзбек тилига жуда моҳирлик билан қилган таржималари билан ўзбек адабиётига ўзининг катта ҳиссасини қўшганлигини эътироф этиш лозим.
Боқирнинг шоирлик истеъдодига ўз даврида катта авлод вакиллари бўлган кекса ва замондош шоирлар, адабиётшунослар муносиб баҳо берганлар. Жумладан, қўқонлик машҳур педагог Пўлатжон домла Қаюмов (1885-1964) у кишига ёзган хатида (22.12.1961 йил) шундай дейди: “...Кекса шоирлар сингари шеър сўзлаганингиздан менинг ҳануз хайронлигим бордур. Фазлий Намангоний айтганидек:


Бундайки нуктадон сен, ким эрур устодинг?
Ой касби нур қилмас, то офтоб кўрмай...”

Ёшлигидан адабиётга меҳри баланд бўлган Боқир домла 17-18 ёшлариданоқ яхшигина шеърлар, ғазаллар ёза бошлайди. 1943-1944 йиллардан бошлаб “Андижон адабий гурунги” номи билан машҳур бўлган шоирлар даврасига қўшилиши унинг кейинги ижодий фаолиятида катта аҳамият касб этади. Дастлаб Абдулҳамид Хуррам, Улфат, Мунирхон Муинзода, Сайфий, Анисий, Маҳжурий, Ҳабибий каби шоирлар билан танишган шоир кейинчалик, Ғафур Ғулом, Собир Абдулла, Бокий домла, Чархий, Т.Жалолов, В.Абдуллаев, Б.Валихўжаев каби йирик олим ва шоирлар билан ҳам дўстона муносабат ўрнатади. Уларнинг самимий ва мустаҳкам дўстлиги – бир-бирларига ёзган хатлари, муштарак мушоаралари ва шеърларида ўз аксини топгандир.
Шоирнинг 1964 йилда Абдулаҳад Анисийга атаб ёзилган қуйидаги рубоийси ўзбек адабиётида саноқли шоирлар қўллаган “мусовият тарафайн” (икки ёқли шеър) деб аталувчи шеърий санъатда ёзилгандир:

Қутлаш янги йилда Сизни менга фарҳат,
Янги йилда янги саодат ила бахт!
Сизни менга саодат этмиш эди дўст,
Фарҳат ила бахт дўст бўлсин, давлат!

Боқир домла ўз навбатида чинакам олим эди. Маълумот жиҳатидан асли математик бўлган олимнинг кўплаб фанларга қизиқиши кучли бўлиб, aниқ ва табиий фанларни пухта билиши билан бир қаторда адабиёт, тарих, фалсафа соҳаларидан яхшигина хабардор эди.
У кишининг Фузулий ғазалларига озарбайжон лаҳжасида боғлаган мухаммасларидан озарбайжон, Увайсий ғазалларининг рус тилидаги таржимасидан рус, Абдураҳмон Жомий, Навоий, Умар Хайём, Пахлавон Маҳмуд, Саъдий, Бедил, Соиб, Гулханий, Зебуннисоларнинг форс-тожик тилидаги асарлари таржимасидан форс-тожик тилларини, бундан ташқари араб, турк, уйғур ва немис тилларини яхши билганликларини кўришимиз мумкин.
Заҳматкаш олим ва шоир Боқир домла бугун жисмонан орамизда йўқ. Бироқ у кишининг қолдирган бой маънавий мероси – китоб ва қўлёзмалари, матбуотда эълон қилинган шеър ва ғазаллари, мақола ва илмий ишлари ҳамон ўзининг қадр-қимматини, аҳамиятини йўқотган эмас. Ҳалигача у кишини кўрган-билган, суҳбатида бўлган кишилар, шогирдлари ва фарзандлари Боқир домланинг самимий суҳбатларидан олган таассуротларини, ажойиб лутф ва мулойим ҳазилларини, юксак инсоний фазилатларини ҳурмат билан эслайдилар.
Бу йил Боқир домла ҳаёт бўлганларида тўқсон беш ёшни қаршилаган бўлар эди. Яхшиларни ёд этиш муқаддас динимизда ҳам хайрли саналади. Шу боисдан биз шундай инсонлардан бўлган Амонуллохон Боқир домлани эслашни жоиз деб билдик. Зеро, ўзидан яхши ном ва улкан маънавий мерос, солиҳ фарзандлар ҳамда кўплаб шогирдлар қолдирган бундай инсоннинг порлоқ хотираси ҳеч қачон ўчмайди ва қалбимизда абадий яшаб қолади.
Биз сўзимизни шоир Улфатнинг Боқир вафотига ёзган марсиясидан келтирилган қуйидаги парча билан якунлаймиз:



...Минг таассуфким, бу кун бизларни мотамда қўйиб,
Ўтди оламдан ажойиб фазл аҳлин сарвари.

Соҳиби илми ладун эрди, бағоят покрўй,
Обрў топган эл ичра илм элин сардафтари.

Эл аро номи Амонулло, ўзи покиза табъ,
Назм аро Боқир лақаб, ашъор элин тожи сари.

Олтмиш уч ёшида кўз юмди жаҳонни тарк этиб,
Айлади умрин хазон бераҳм ажал ғоратгари.

Илм қомуси эди, афсус минг афсуским,
Борди тупроқ қўйнига бундоқ билимнинг пайкари...


2018 йил, 14 июль.

 

Юқоридаги мақолага бизнинг кичик бир эътирозимиз бор. Искандар, сиз Шох Машрабнинг пири Офоқхўжани "Оппоқхўжа" дея атабсиз. "Офоқ" сўзи дунё маъносини англатади. Офоқхўжа, яний дунёнинг хўжаси, хўжайини деганидир.

Холдор Вулқон.



 

Муфавваз Абдураззоқов


Муфавваз Абдураззоқов - Фидоий (1915-1942). Муфавваз Фарғона пединститутининг 3-босқичида ўқиб турганида, 1940 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий хизматни Белоруссиянинг Минск вилояти, Слуцк шаҳрида адо этаётганида 1941 йили 2-жаҳон уруши бошланиб қолади. 1942 йили Белоруссияни озод қилиш чоғида 27 ёшида ҳалок бўлади. Унинг окопда ёзган ва Андижонга йўллаган 4 мустаҳзоди ва мухаммаси:

 

 


НУР ҚЎЙНИДА ИНСОН



Тонг отди кулиб, чиқди қуёш шунчаки равшан,
Нур қўйнида инсон,
Барқ урди ҳаёт, кулди чаман, гуллади гулшан,
Роҳатда яшар жон.

Бу мулку диёр ичра ўсиб илму саноат,
Жон кўрди ҳаловат,
Бахтнома биза келтирибон завқу саодат,
Юксалди бу даврон.

Бу гулшан аро илҳом олиб, яшнади ёрим,
Онг берди диёрим,
Турмуш менга кўп берди амал, бўлди мадорим,
Топдим шарафу шон.

Фан боғида биз ўсдик азиз мисли санубар,
Ҳижл ўлди-ку ҳулкар,
Инсон шарафи ондинки, ақл соҳиби гавҳар,
Бағри тўла бир жон.

Мадҳини ёзиб тўхтама сен, бу Ватан олий,
Равшан бунинг ойи,
Албатта жаҳон бирлашажак, билки Фидоий,
Милён тоза виждон.

Слуцк шаҳри,
6.08.1940.

 



БЎЛ МЕНГА ҲАМРОЗ



Оҳ сенга узоқ банди бўлиб ўтди ҳаётим,
Наззора қил оз-оз.
Минг йиллар ўтиб кетса-да кўрмас сира зотим,
Бир сен каби танноз.

Юлдуз ила ой бўлди ҳижил қошу кўзингдан,
Кун эрса юзингдан,
Боғлардаги булбул бўладур лол сўзингдан,
Йўқ сенча хуш овоз.

Лаъли лабинга зийнат учун тушган экан ҳол,
Бу сенгaдур иқбол,
Талҳ айлама комим менгa бер бўса билан бол,
Қилғум сени эъзоз.

Ўртанди юрак, куйди жигар соғина ҳар кун,
Раҳм айламадинг чун,
Ҳасрат-ла ўлиб кетсам агар сенга қолур хун,
Не қилғуси сен боз.

Қилғум сенга кел жонни Фидо юзни ёширма,
Дардимни оширма,
Зардоб ила тўлган бу юрагимни тоширма,
Бўл мен била ҳамроз.



Слуцк шаҳри,
30.12.1940.

 



СЎЗИ ОЛТИН



Ҳар кимни ўзин севгани ҳам ёри бўлакдир,
Дилдори бўлакдир,
Кўнглига қувонч бергуси гулзори бўлакдир,
Гулнори бўлакдир.

Севдим дема сен тишлари инжу, сўзи олтин,
Сўнг бўлма жигар хун,
Кулфатни сенга тақдим этар охири бир кун,
Иқрори бўлакдир.

Тортар кишилар юзи чиройлилар учун оҳ,
Йиғлайди тўлиб гоҳ,
Топмас у билан дил уйи ҳеч бир роҳату ислоҳ,
Бедори бўлакдир.

Кўз тоғини ҳар чўққисида юрса у оҳу,
Келтирмаса уйқу,
Дил бошқа бўлиб, ҳар лабида ўйнаса кулгу
Ҳушёри бўлакдир.

Сен излаганинг дунёда, ҳеч жойда топилмас,
Ё пулга сотилмас,
Ширин деганинг бирла асал тотли тотилмас,
Таъм хори бўлакдир.

Қўй бошқани сен, ёки Фидоий яна ёдинг,
Бўлсинки ижодинг,
Сендан не қолар дунёда, сен кyйлаки шодинг,
Ҳамкори бўлакдир.



1941



ЖОН ТОПГУСИ РОҲАТ



Ҳар чоғ кишилар бир-бири-ла бўлса яқинроқ,
Жон топгуси роҳат,
Гар бўлса нифоқ алар ичинда халқи тарқоқ,
Йўқ фан ила санъат.

Ой кўк юзида юлдуз ила шунчаки ёндош,
Бир-бирга кўзу қош,
Бирлик ила кўк кўрпасиданким чиқарур бош,
Мисли бу ҳикмат.

Устози фалак дунёни хўб яхши яратмиш,
Инсонни таратмиш,
Бирини жону жони жанонга қаратмиш,
Кўп кучли бу қудрат.

Ул юлдузи ой бирла ёруқким бутун оппоқ,
Иш эрмас осонроқ,
Ўлса не ажаб дил уйи ундан яна беҳроқ,
Ҳам ақлу фаросат.

Бу уйларингиз лаҳзада меҳмон ила тўлсин,
Мезбон била тўлсин,
Ҳам фан эгаси олиму даврон била тўлсин,
Лол ўлсин ул Суқрот.

Бу тўйларингиз бир неча йил тилда зикрким,
Ҳам бошда фикрким,
Қутлуғ сиза бўлсин эмди Фидоийда шукрким,

Бошим била ҳурмат.



Слуцк шаҳри,
8.04.1941.

 

 


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС



Ажратди менинг ўз она юртим шаҳаримдин,
Тушдимда йироқ ул лаби ширин-шакаримдин,
Кечгайман охир ёрсиз эришган зафаримдин,
Эй ким нафаси ғойиб эмассен назаримдин,
Воҳким ғаму ҳажринг оқизур қон жигаримдин.

Кўксим тўладир ғам била тошиб келадурман,
Тоғ бўлса алам мен ани ошиб келадурман,
Ҳажринг била кўп йўлдан адошиб келадурман,
Расволиқ ўти бирла тутошиб келадурман,
Эй аҳли саломат, қўпингиз раҳгузаримдин.

Не менга керак боқса неча кўзлари юлдуз,
Ё булбул ўлиб этса менга қанча ширин сўз,
Боқмамки сира ўзга агар бўлса пари юз,
Сен ғофилу мен ваҳм қилурмен кеча-кундуз,
Бу нолайи шабгир ила оҳи саҳаримдин.

Ахтар яна васл олға томон ташла қадамким,
Топсанг ани гар сенга алам мунча не ғамким,
Васл ахтара кўп жисм ила жонимға ситамким,
Ғам елидин ул навъ ўтим урди аламким,
Юз барқ ясар абри бало ҳар шараримдин.

Ҳажринг била ўз табъими инжиқладим анча,
Тоқат тугабон кўксими ҳам тиғладим анча,
Бисмил каби қон оқдики биғ-биғладим анча,
Белинг ғамидин мўя била йиғладим анча,
Ким, ўқ дуру гавҳари ўтди камаримдин.

Йўқдир менингдек ғам била ёр ғамзада ичра,
Қонлар ютамен сенсиз улуғ манзара ичра,
Оққанму кўзи ёши каби шаршара ичра,
Эй зуҳд, йўлим урмаки бу марҳала ичра,
Мақсадғача сенсен бири юз минг хатаримдин.

Бу танни яна ўтлара сен ташлаки, тинман,
Қолдики сўнгак сен ани тарошлаки, тинман,
Мардона Фидоийки кўзин ёшлаки, тинман,
Эй ишқ фано йўли сари бошлаки, тинман,
Гар топса Навоий хабар ушбу сафаримдин.

Брест шаҳри,
21.01.1941


 

Андижонлик шоир ва драматург Карим Аҳмадий (1911-1972) америкалик ёзувчи Langston Hughes билан (Тошкент, 1932-33 йиллар)

Матн ва суратлар Iskandar Madgaziyev фейсбук саҳифасидан олинди.