Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Фарид Усмонга



Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,

Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.

 


Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,

Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.

 


Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,

Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.

 


Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,

Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.

 


Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,

Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.




16/06/2016.

Кеч соат 8:02.

Канада.

Андижонлик улуғ ИНСОНларни ёд айлаб

 

Андижонда кўплаб бообрў, камтарин, донишманд ижодкорлар, олимлар ўтганларки, уларнинг саноғига етиш мушкул.

Шундай улуғ инсонлардан бири буюк навоийшунос олим математик Омонуллохон Валихонов Боқир бўлиб, мен бу инсоннинг ҳам назарига тушиш, ва дуоларини олишга улгурганман.Қотма қорачадан келган, нигохи фикрлари каби ўткир ва теран бу олим билан Андижон адабиёт музейида, шеърият анжуманида учрашиб қолдим ва у менинг шеърларимга юксак баҳо бериш билан бирга аруз вазнида қилган машқларимдаги айрим хатоларимни тўғрилашга ёрдам берди, архаик сўзлар маъно -моҳиятини эринмай тушунтирди.

Унинг менга сенлаб мурожаат этганидан хафа бўлмадим.Қайтага, шундай улуғ адабиётшунос олим мени қалбига яқин олди дея хурсанд бўлдим.

Аммо Имодиддин Улфат, Восит Саъдуллалар билан учрашиш менга насиб этмади.

Устоз адиб, лирик шоир Олимжон Холдорнинг дуосини олганман.Олимжон Холдор шундоқ кўчада қўлларини дуога очиб: Буюк шоир бўлинг, бошқа гап йўқ, омин Оллоху Акбар дея юзларига фотиха тортдилар.

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ҳам қийналиб қолган пайтларим менга кўп ёрдам берганлар.

Ёниқ шоир Фарид Усмон эса менга илк бор шеър ёзиш техникасини ўргатганлар.

Ул зотлардан Яратган Парвардигори олам рози бўлсин.Андижонда яна бир тилшунос олим борки, бу инсон ҳақида ҳам ёзмасам бўлмайди.

У Мухторхон Умархўжаевдир. Бу инсон немис тили бўйича мутаҳассис олим.У ўзининг немис тили шеваларидаги сўзлар таснифотига бағишланган докторлик диссертациясини Германияда ёқлаганлар.

Германияни бошдан оёқ кезиб, немисларнинг ўзларига ҳам маълум бўлмаган шева сўзларини тўплаб, уларнинг келиб чиқиши, мазмунини изохлаб, таснифлаганлар.

Мухторхон ака Пайғамбар Алайхиссаломнинг авлоди эканлиги учунми, юзларида нур, амалида файзу баракотлар бор.

У олим билан суҳбатлашган одам ҳар доим янги, қулоқ эшитмаган ҳикматли гапларни эшитади.

Қалбида кири, кибри йўқ, доимо суҳбатдошига беғараз жилмайиб қарайдиган, хасад, кек, бахиллик, қитмирлик, макру ҳийла нималигини билмайдиган бу очиқчеҳра улуғ инсоннинг бирон марта қовоғини уйганини, бировнинг устидан кулганини, кўча кўйда майда чуйда, бачкана кимсалар билан ичкилик ичиб юрганини кўрмаганман ва нимадандир норизо бўлганини, бировни ғийбат қилганини, ёлғон гапирганини, сўкинганини эшитмаганман.

Доимо кастим шим кийиб, бўйинбоғ тақиб юрадиган маданиятли, диди юксак, камтарин,одоб ахлоқли, ҳар хил зиною маъсиятлардан, харом харишдан йироқ, қалби тонг каби беғубор, олийжаноб у инсонга ҳамиша хавас қилиб яшаганман.

Мухторхон ака узоқ йиллар Андижон чет тиллар институтида ректор бўлиб  ишладилар.

Ҳозир невара чеваралари бағрида қарилик гаштини сураётир.

Камтарин, донишманд олим, филология фанлари доктори Мухторхон Умархўжаевнинг умрлари узоқ бўлсин, илоҳим.

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 

 

06/07/2016.

Кундуз соат 2:27.

Канада.