Азиз Саид

Шундай камтарин, дунё ҳавас қилса арзийдиган ёниқ шоирларимиз бор, Худога шукр!

 



Азизбек, шеърларингнизни ўқиб, ҳайратдан бир лахза тарашадай қотиб қолдим.Қойил!

 

Дарахтлар остида

Эриб ётар пишган ўриклар

 


Дунёда ҳали ҳеч бир шоир айтмаган янги гап, янги ташбеҳ.Вах!

 

Пулларини санаётган куз

Кўзини узмас

Теракнинг учидаги

Сўнгги япроқдан.

 


Сизнинг шеърларингизни ўқиган инсофли ОДАМ "Ўзбекнинг шундай ажойиб шоирлари бор!" деб юбориши аниқ.Ҳа, ҳақиқий шоирларгина шундай лирик шеърларни ёза оладилар.


Ахир, шундай бўлиши керакда.


Шоирдан қоп-қора қарғиш, хотинчалиш хақорату майда йиғи -сиғи, ўз бошига кул сочган қора фарёд, фитна, ғараз,гўру кафан, ғийбатлару қон -йиринг килкиллаган хандак, тупук тўла қудуқ қолмаслиги керак!

Ундай нарсалар ҳеч қачон шеър бўлолмайди.Оддий сўзлар йиғиндисини айтиш учун қофия ва мисраларни овора қилишнинг нима кераги бор?Ундай нарсаларни, шундай, оғзаки, даханаки айтса ҳам бўлади.

ҲАҚИҚИЙ ШЕЪР руҳ меваси, санъат асаридир.Санъат асарлари ақл билан ёзилмайди.Руҳ билан ёзилади.Руҳ бепоён ҲОЛ. Ақл эса, модда, ҚОЛ, яъни ҚАВЛ.Руҳ билан шеър ёзишни Худо ҳар кимга ҳам ато этавермайди.

Халқ дардини айтмоқчимисан? Унда одамни кулгисини қистайдиган даражада ёки эснашга махкум этгувчи ўта содда примитив сўзлар ва ёки бақириқ дағдаға, хақорат билан эмас Азиз Саидга ўхшаб айт, қойил қолайлик.

 

Сўзга айлана олмай қийналар
Рангли шарлар ичидаги
Нафасим

 

Азиз Саид бу шеърида гох қизил болишвой, гох жигарранг фашист, гоҳ чала демкрот бўп халқни хавоси айниб қолган шар ичида сақлагувчи жамият ва ўша шар ичида бўғилиб ўлаётган, тоза ҳавога зор инсон образини мато мойбўёқсиз, сўз билан қойил қилиб ифодаламоқда.

Мана шоир ва шеър қандай бўлиши керак.

Бу сизга аллақандай сувсизликдан қақраган ватанда фавворалар қахқахасига лаганбардорларча қасида битиш эмас.


Байрон, Пушкин, Есенин, Лоркаларнинг шеъриятига қаранг.Ҳақиқий маънодаги шоирлардан ёруғ, мангу ўлмас шеърлар ёдгор бўлиб қолади.Яхши шеърлар учун сизга минг раҳамат, Азизбек!
Доимо соғ бўлинг, дўстим!


Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.


 



***

Дарахтни зўрға кўндирдим
Бирга учишга

Қушга айланишимни
Кутамиз энди

***

Сўзга айлана олмай қийналар
Рангли шарлар ичидаги
Нафасим

***

Иккимизнинг қўлларимизга
Ёғар эди баҳор ёмғири

Шамол ҳар кун териб келтирар
Титроғимиз синиқларини

***

Томда қуриган маккапоялар
Қуёшни қитирлаб кемирар сичқон

Кўкдаги қушларга термилар
Қариган мушук

***

Туёқ тозалаётган шаҳарлик аёл
Қўлларига ёпишиб қолар

Олис яйловдаги майсалар саси

***

Соғилаётган сутнинг овози
Ўчоқдаги олов овози
Суҳбатлашар

Кутиб турар тонг бўсағада

***

Бир шода анор
Хона деворига осилган

Кўрпани бошига тортар болакай

***

Пулларини санаётган куз
Кўзини узмас
Теракнинг учидаги
Сўнгги япроқдан.

 

 

 

Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.

 


***


Шамол қўнадиган шохга

Супургидан сингган хасларни жамлаб

Тухум қўйди мусича


Мушукнинг кўзидай ялтирар юлдузлар


***


Хаёлларин ушатиб бераркан

Балиқчаларга

Ариқнинг лабида ўтирар бир қиз


Қимирламас ариқнинг лаби


***


Арранинг овози келар устахонадан


Хазонлар остига беркинар

Ўрик данаги


***


Кун бўйи

Дарахтни айланиб авради

Сояси


Мевага ўхшармиш қушларнинг ини


***


Қафасдаги рангдор қушча

Сайрамай қўйди


Пар ёстиқ кўтарган аёлни кўриб


***


Қизғиш қалпоқчали болакай

Югурарди сувсиз ариқнинг ичида


Гулзордан анқирди атиргул бўйи

***


Болалик бекинмачоқ ўйнарди

Бодринг жўяклари ичида


Тиззачалар изи кўмилди сувга


***


Осмонга ўқталган арава шотиси

Тўпга ўхшарди

Кечгача термилар бир тўп болакай


Қарғалар галаси кўринмас


***


Ғамгин қўшиқ айтар

Зардўзи қизлар


Сўлиган ўсмани ёритади ой


***


Баҳорнинг сўнгги куни

Қалдирғочлар хайрлашар

Кўзимга чизилган овозлари билан


***


Қизғиш туманлар ортида элас

Қордай оппоқ икки тепалик

Юмшоқ

Силлиқ

Ёстиққа ўхшар


Мудрайди қуёш


***


Қуёш ботмоқда


Қутқаргани отланар

Дўконини ёпиб

Намозшомгуллар


***


Ёз чилласи

Дарахтлар остида

Эриб ётар пишган ўриклар


Боғда анқир балоғат ҳиди

***


Пайкалда ёрилган қовун


Шира оқиб борар ойнинг нурида

Чумолининг инига томон


***


Чайқатиб юборишди

Тунги ҳовузни

Балиқ овига чиққан юлдузлар


***


Ой юлдузсиз қоронғу кеча

Кўринмайди ҳовуздаги сув


Узоқдан қайтарди ҳориган хаёл.

 

 

Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ижод.Уз" сайти.