Истеъдодли шоир Жонтемир шеърияти ҳақида

 

Биз ижод аҳли мақтовни яхши кўрамиз.Бизнинг ижодимиз ҳақида яхши мақолалар, илмий тадқиқодлар, рисолалар ёзилишини истаймизу, ўзимиз биронта ижодкор кўнглини кўтарадиган икки оғиз яхши сўз айтишга оғринамиз.

Бугун мен  адабиётимиз дашту далаларини ёритганича қуёшдай балқиб чиқаётган, истеъдоди Худо тамонидан ато этилган юксак дидли шоир Жонтемир ижоди ҳақида ўз таасуротларимни ёзмоқчиман.

(Унинг шеърларини сайтимиз почтасига йўллаган муҳлисга катта раҳмат)

Жонтемир(Тоштемиров) ўзининг дардли шеърларида ойдин туйғуларини санъат даражасида ифодалай оладиган ҳақиқий маънодаги шоир эканлигига чин юракдан ишонч ҳосил қилдим.

Қашқадарёмиздан яна бир буюк шоир чиқибди.У ҳозир шундай санъат асарларини ёзса, келажакда унинг инсониятни ҳайратга соладиган асарлар ёзишига бемалол умид боғлашимиз мумкин.

Қуруқ бақир чақир, йиғи сиғи, хақорат, ўпкасини чўпга илган, ўз бошига ўзи кул, тупроқ сочган қора қарғиш, оддий одми сўзлар йиғиндиси бу ерда йўқ.

Аксинча, унинг шеърларида янги гаплар, янги ташбеҳлар бор.

 

Бир қиш нарида

 

Дея ёзади у.

Ўлчов бирлигини қаранг.

Яна мазмунга путур етказмай қофия табиийлигини, туйғуни, дардни сақлаб қололганичи.

Бир сўз билан айтганда, қойил!

Унинг қишлоқ ҳақидаги ёзган шеърида  соғинч ҳам, киноя ҳам, юмор ҳам қоришиб кетганки, ўқиётган одам зерикмайди, эснамайди.

 

Ҳаво дим…

Терак соясида мизғир саратон.

Шапалоғин еб чиққан саводим

Тоға, ётгандирсиз ҳур-ҳур сўрида…

Майли, вақтим зиқ (шаҳарликман-ку),


Мен бир боди. Сизнинг эса

Сувга келган жўягингиз.

Ҳурмат билан:

Хат ёзувчи сизга ҳали кў-ўп,

Шеъриятга кириб,

Одамгарликдан чиқиб бораётган жиянингиз!

 

Жонтемирнинг ижодига кўз тегмасин.

 

 

 

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

18 январь, 2016 йил.Канада.

 

 

 

 

 

Жонтемир

Шеърлар



 

* * *


Деразамнинг тирқишларидан,

Шамол ҳайдар ёмғир ҳидини.

Шундай бўйла бир қиш нарида,

Сийлаганди мени пудина*.


…Тамакининг тутуни янглиғ,

Димоғимга сўрилган чоғи.

Ёйилдию руҳдаги танглик,

Заифлашиб қолди чарчоғим.


Маромида чайқалганча маст,

Ташқарида кўкка бош тираб.

Қўшиқ айтар беоҳанг, бесас,

Қипяланғоч бир жуфт кўк терак.


Қўноқ керак энди отарга,

Юзин тилиб ташлар дала-туз.

Шундоқ уй олдидан ўтаркан,

Поезд қичқиради: ку-у-у-з…


Август қайтар жим талқон ютиб,

Сентябрь – Аллоҳ битиги.

Нам тупроқнинг хумори тутиб,

Ер депсиниб қўяр этигим.


Пудина (пидана) — ялпиз

 

 

ЙЎЛБАРС

 


Уришқоқ эди Йўлбарс,

Йўғон эди суллонли панжалари.

Қоп-қора баданин кесиб ўтган

Оқ чизиқ – белқарс,

Уйчаси кенг. Атрофи панжарали.


Бобби чўпон айтганидек,

Думбали қўчқорни кўтариб

Икки қулоч пахса девордан

Бемалол ошиб ўтарди.


Нон емасди бегона қўлдан,

Ташланмасди ўтган-кетганга.

Ғариб кулбага қўшилиб,

Ўткир кўзларини узмасдан йўлдан

Шоди чўлоқ – эгасини кутарди.


Шоди чўлоқ ҳам етим –

Қишлоқ самоварчиси.

Ёши қирқдаю лекин

Бўйдоқ.

Биров унга қиз бермади эш билиб.

Севгилин тўйида чойга қўшиб

Жигарини-да қайнатган,

Юраги соб бўлган тешилиб.


Тўрт йил бурун кучвачча обтушди тоғдан,

“Йўлбарс” қўйди отини.

Бўрибосар итлардан экан,

Кейин билди зотини.

Ўша билан овуниб юрди,

Санчмай қўйди ёлғизлик ханжарин.

“Чўлоқ ўзин итга тенг кўрди”

Гап чайнади уч-тўрт занчалиш.


Киприк қоқмади у,

Яхшилаб тупуриб

ғийбат, гап-сўзга.

Яшайверди юзида кулгу,

Ахир

Япроқни чертсанг

Зиён етмайди-ку илдизга.


Бирор жойи қонаса,

Ялаб тузатганин кўриб,

Дерди:  Айирмагин шундан Аллоҳим.

Умрида кўрмаган ота-онасин

Соғинса,

Тунлар Йўлбарсни қучиб йиғлаб оларди гоҳи.


Итфурушлар келишди бир кун,

Шоди содда… бирга  ичишди.

Камбағалнинг даргоҳи тўкин,

Сўнг Йўлбарсга нарх бичишди.


—  Йўқ, сотмайман, менга инидек.

—  Қани овми-ин, — турди меҳмонлар.

—  Хайр чўлоқ, яхши тушундик.

Тонг азон намозга турган Шоди

Бир пой калишига бошин қўйганча

Қонига беланиб ётган Йўлбарсни кўрди…


Йиғлади!..

Худо эшитмади додини.

Кўксига бош қўяй деса на ули бор

На-да хотини.

Йўлбарсни қучиб уч кун ётди пиқиллаб,

Ҳолинг не деб сўрмади биров девор ошиб.

Тўртинчи кун итни кўмишди…

Шодига қўшиб.

 

 

ҚАРИ ОҒОЧ

 


Қиқирлашиб томчилар,

Бузар ой уйқусини.

Ҳиссиётин қамчилаб,

Жиловлар туйғусини


Ўрмонда,

Қари оғоч.


Кўк санчади ханжарин,

(О, танаси бетондай)

Ўксир сулув шамолни,

Рақсга таклиф этолмай.


Ўрмонда,

Қари оғоч.


Тутволиб ой нурини,

Ўргимчак палак тўқир.

Барг остидан суруниб

Чиқар чувалчанг сўқир.


Ўрмонда,

Қари оғоч.


Хўрсинар ён-верида,

Ёш ниҳоллар унмоқда.

Хаёл қилар қария

Тар новдага дўнмоқни…


Ўрмонда,

Қари оғоч.

 

 

ҲОЛAТ

 


Қуюқ дарахтзор.

Сўйилган шафақ қонига ботириб олинган баргларни

ёпиниб ётар йўлак.

Ҳеч вақо йўқ бунда арзирлик,

Қорамтир осмон ва жимликдан бўлак.


Қачондир ошиқлар сайр этгани рост,

Сассиз титроқларга гувоҳ бу гўша.

Жазирама асад оқшомларида,

Жонга оро кирган соясин тўшаб…


Бугун

Суюнчи келтирмас

Қарағай шохларига чувалиб ўтган телефон симлари.

Хўрсинар боғ,

Эътибордан қолган жувон сингари.


Ҳу-у қуриган сой лабидаги мажруҳ ўриндиқ

Юрагимга ўхшаб кўринди…

 

 

AЙТ-ЧИ, ЭСЛAЙСAНМИ ШОИР БОЛАНГНИ

 


Салом бедапоям,

Қадрдон далам!

Aйт-чи, эслайсанми шоир болангни?

Бир қизнинг ишқида чекканда алам,

Фақат сен эшитган эдинг ноламни.


Орадан анча вақт ўтибди, қара,

Бўйим чўзилипти, сен ўша-ўша.

Олислардан келдим ҳолингни сўраб,

Эй, менинг ёшлигим тўкилган гўша!


Чайқалиб ётибсан бир денгиз каби,

Ўримга муҳтожсан, сезаяпти жон.

Ҳозир келаманда, зўр чалғи топиб,

Сўнг сочинг калталаб қўйгум оғажон.


Деҳқоннинг боласи эмасманми, ай,

Шаҳарлик бўлишга етмади сабр.

Менга хуми билан узатгину май,

Қишлоқда рўй берган ишлардан гапир.


Шошма, тоза қисиб қўйди бўйинбоғ,

Шу бугун танимга яхшилик қилай.

Этик кийиб, бостириб дўппи, шундоқ

Елкамга кетмонни қўндириб келай.


Қишлоқ, сенга қанча бўлдима ташна,

У ёқда юрак ҳам кетди торайиб.

Ўзинг айт, не етсин ишлашга ошна,

Кун бўйи далада терлаб, қорайиб.


Бунда янтоқ каби отган илдизим,

Жаннат бедапоям, қадрдон далам.

…Фақат ҳаммадан қизғонган қизим,

Ўзганинг уйига тушгани алам…


Салом бедапоям!

Қадрдон далам!

 

 

БЕВА

 


Хўроз қичқириғин соғиб инакдан,

Тоғорада қоради тонгни.

Сўнг

Тандирдан қуёшни узиб,

Чертиб қўяр саҳарги бонгни.


Ҳовли-жаннатга қўшни,

(У жаннатга ҳар куни борар)

Ишкомдаги ҳусайнилар

Боларининг тилини ёрар.


Фаришталар оёқ ювиб кирар бу уйга,

Негаки ердан ўрлаган тупроқ бўйига

қоришиб кетган райҳон ҳидин таратиб,

Бошига булут ўраб,

Сочин ойга таратиб

Бунда бир АЁЛ рўзғор қилар.

Ёт нигоҳлардан нари,

Нурдан тоза кўнглининг қаъри…


Баҳор совға қилган ковуши

Нақадар бахтли унинг,

Шундай аёлни

Бошида кўтариб юргани учун!


13.09.2015

 

 

ХAТ

Комил тоғамга

 


Кўпқаватли уй.

Ҳаво дим,

Ҳур-ҳур шамол қайдаю

чалопжон қайда?

Сочларини ўпиб чиққан саводим,

Нима қилаётган экан Зубайда?!


Гангитиб қўйди асад шаҳарни,

Дарахтлар тушидан кетмас тоғ-адир.

Отидан қочганди Ботир дагарнинг,

Тоға,

байталимиз эгиз туққандир?


Тарвуз кесаётиб эсимга тушди,

Яна ўғирлашди шайтонлар, оббо

дея қўриб ётарди тарвузпояни,

Ҳозир ҳаётмикин Раимбой бобо?


Қўшнилар қандай юрибди экан?

…Елкамга иш юклар бошлиқ устма-уст.

Билмайсиз мингта китоб ўқигандан

Битта қишлоқдош билан гаплашган дуруст.


Эсингиздадир, бир айбим учун,

Боплаб…

Йиғлагандим

бўралаб, сўкиб.

Сал ўтмай жигар мени кечир деб,

Келгандингиз кўзёши тўкиб.


Ў, тоғам-а! Aлпомиш тоғам!

(Пилдираб қолгандир чақалоғингиз)

Ҳамон дайди,

телба руҳимга

Керак бўлаяпти (ўша) шапалоғингиз.


Ердан тувакка кўчган гулдайин,

Томир ёзолмай қолдим бу ерда.

Бафуржа гапириб бераман ҳали,

Ҳамма гапни айтиб бўлмайди шеърда.


Кўпқаватли уй…

Ҳаво дим…

Терак соясида мизғир саратон.

Шапалоғин еб чиққан саводим

Тоға, ётгандирсиз ҳур-ҳур сўрида…

Майли, вақтим зиқ (шаҳарликман-ку),


Мен бир боди. Сизнинг эса

Сувга келган жўягингиз.

Ҳурмат билан:

Хат ёзувчи сизга ҳали кў-ўп,

Шеъриятга кириб

Одамгарликдан чиқиб бораётган жиянингиз!

 

 

* * *


Соғинч — тиғи қайралган жоди,

Кесиб олаверар юракдан бир-бир.

Бўсасин қизғонган қўшни қиз ёди,

Шу тобда онгингни ғижимлаётир.


Жасур бўлсанг ҳамки йиғлайсан ҳўнграб,

Тупуриб ташлайсан ғазабларингни.

Узоқ тортиб пуфлайсан, сўнгра,

Кулдонга босасан асабларингни.


Ичикиб қарайсан у келар йўлга,

Кўриниб қоларми дея қораси.

Сўнги умидинга қўшиб бир йўла,

Тун ичиб қўяди кўзинг қорасин.


Соғинч…

 

 

ШЕЪР ЁЗИШНИ КИМДAН ЎРГAНДИМ

 


Мени туққан муштипар она,

Отам оддий меҳнаткаш, дўстим.

Aсфальт йўллар бизга бегона,

Шаҳрисабзмас, қишлоқда ўсдим.


Суягимни қотирди тупроқ,

Одам қилди нодон болани.

Дилбарлардан минг карра кўпроқ,

Севдим отни, итни, далани.


Беда ўрдим, экин суғордим,

Aриқда нон оқизиб едим.

Жанжалларда кўп бошлар ёрдим,

Безорига хос истак, дидим.


Мени манов лимузинлармас,

Тракторлар қилган катайса.

Ўша дамлар энди бир ҳавас,

Суқинг кирар қолганин айтсам.


Қандай ёза бошладинг дерсан,

Қирда боқиб юрганимда мол.

Куйиб, ёниб, қувониб, қўмсаб,

Шеър ёзишни ўргатди шамол.


Ой нурида чайиб сўзларни,

Кундуз офтоб тиғида тоблаб.

Суюнтириб содда қизларни,

Ёздим орриқ-орриқ китоблар.


Мана шаҳар кезиб юрибман,

Соқол қўйиб, сочни ўстириб.

Лабимга сигарет қистириб,

Кўзга яқин пўрим йигитман.


Танишларим казо-казолар,

Гарчи ҳали йигирма ёшим.

Қўл узатсам етар фазога,

Мақтовлардан чиқмайди бошим.


Лек негадир юрагим овлоқ,

Ёлғизликда оғриниб кетдим.

Шеър ёзишни ўргатган қишлоқ

Шамолини соғиниб кетдим.


«Қорамағиз, тўпори шоир,

Уйингга кет туриб саҳарда.

Дала-тузинг сенга интизор,

Бало борми катта шаҳарда?».


Овоз келди ғойибдан бехос,

Юнғичқанинг исини туйдим.

Тонгда жўнаб кетмоқлик учун,

Жамадонни тайёрлаб қўйдим.


Aразлама таннозой шаҳрим,

Қош чимириб, уймагин қовоқ.

Бораяпти кўзи ёшланиб,

Шоирингни кутиб ол, қишлоқ!

 

 

УМР

 


Сурат.

Мактуб.

Телефон,

Сени менга танитган.

Дилкўшкимга келибон,

Ишқинг дардни қаритган.


Кўча.

Уруш.

Рўмолчанг,

Оғриққа бўлган малҳам.

Дегандинг шунда, тажанг,

«Aлҳамдулилаҳ, алҳам…».


Шампан.

Севинч.

Гўшанга,

Шеърдай ёдладим васлинг.

Ўлай агар ўшанда,

Телбанглигим билмасдинг.


Қор.

Ҳаяжон.

Сал қўрқув,

Кўзинг ёриган кеча.

Зум ўтмай ўғилчанг, қув,

Олиб келди нинича…


Сурат.

Мактуб ва

Қабр,

Ишдан чиққан телефон.

Кўзларимдан ҳаққингга,

Тиловат ўқир осмон.

 

 

АДАШГАН ҚУШ

 


Вужудимда тешиклар ясаб,

Эзиб-эзиб руҳим най чалар.

Устига-уст қилгандек мазах,

Нигоҳимда оғриқ найчалар.


Чайқаламан азобкурсида,

Сипқорганча Моцарт куйини.

Туман чекар ҳаво бурқситиб,

Адашган қуш излар уйини.


Адашган қуш — мен етмаган дор,

Адашган қуш — рад этилган қалб.


Полда кўкси очиқ китоблар,

Бирортаси бермас тасалли.

“Қувват бўлар ҳўплаб кўр, ҳўплаб”,

Онам чой келтирар асалли.


Адашган қуш — отасиз бола,

Адашган қуш — энг дардли вола.


Умидларим Оролга эгиз,

Нигоҳимни савалар ёмғир.

Энг кулгули ҳангома – бигиз

Каби санчар, ҳолатим оғир.


Эй жавоби мавҳум масала,

Эй ҳаёга ўралган олов!

Мени севмасанг ҳам масалан,

Мен кўнглинга топганман қалов.


Бугун…

Хиёнат кесиб кетди исмимиз билан

Яшаётган бақа теракни.

Шоқоллар ғажиб кетмаса бўлди,

Сени излаб кетган юракни.


Адашган қуш — тақдири 13,

Адашган қуш — ғазаб, нафрат, ўч…

 

 

ҚОТИЛЛИК

 


Жиринглайди уйғотгич.

Соат беш!

Киприклари қовушган зич

Кўзимдан олдин

кўнглим очилар.

Ювингани етаклар ташвиш,

Кўрилаётган туш гиламга сочилар.

Чала пишган тухумни чайнаб,

Кузатаман ўлимтик ойни.

У худдики жонсарак Зайнаб,

На қоларин на кетарин билмайди.


О, бирдан рўй берар мудҳиш қотиллик,

Бундан бутун борлиқ донг қотади, донг.

Шундоқ еру кўкнинг кўз ўнгида,

Ойнинг жонига қасд қилади тонг!

Қамашиб кетади тоғларниг кўзи,

(энди у лойиқдир юз минг даррага)

Осмон бўялади ойдан сачраган

Оқимтир қон ва кўкиш заррага.


Ҳар кун ана шундай отар тонг!

Ҳар кун ана шундай (ойни) отар тонг!

 

 

ҚАЙТ

 


Кўзларинг кавсарида чайиб олай юракни,

Гуноҳлари тўкилсин,

Тўкилсин ғурбатлари.

Ичиктирмай ўчиргин ўртадаги сўроқни,

Васлинг томон буралсин

Тақдирим мурватлари.

Этагинг тегиб кетса,

Гангиб қолар ер шари,

Мен Одам эмасману

Лек сен етим қовурғам.

Исмингни такрорлаган инсон кетар яшариб,

Қайт, СЕНСИЗ бешикдан

Қиёматга довур ғам.

Атринг бўйин қўмсар уй,

Тўшагим муз бўлаги,

Шалвираб қолди руҳим,

…Итнинг орқа оёғи.

Аламдан қарзинг бўлса, мана, мени тўлагин,

Хижронга айт, оқизсин

Юрагимнинг ол ёғин.

Сим қоқаман булутга,

Ёмғирини аяйди,

Туфлигим катта гўё,

Ярашмас зарбоф кийсам.

Маҳшарда мен ҳақимда Худо атай сўрайди,

Ўшанда аразгўйим

Эгамга нима дейсан?!

Қайт…

 

 

ДAРВЕШ

 


Тошбитикни ўқимас нодон,

Овоз қўйиб айтганча ўлан.

Паналарда ўпишар шодон,

Боларилар онаси билан.


Бир кўнгли бор, минг битта иши,

Таниб борар дунё воласин.

Ноз улашса, нон жийда бир кун,

Дуо қилар «Худодан қайтсин».


Ҳакка каби сакраб юрмайди,

Одамлардек мансабга ўчмас.

Мушт тушурсанг раҳмат айтади,

Қорни очу кўзлари очмас.


Ҳазар қилмас дайди итлардан,

Ундан ортиқ нимам бор, дейди.

(Бужмайган юз момо тутлардай),

Менга Худо, Худо ёр дейди.


Гоҳ тупроқда ағанар (маза),

Гоҳ асовин миниб югурар.

У дунёга эмас аксинча,

Дунё унга эргашиб юрар…

 

 

ЖУРЪAТСИЗ

 


Саҳар.

Бекат.

Бироз шабада.

Етиб келар йигит югуриб.

Сергаклатар уни янада,

Пошналарнинг тақир-туқури.


Гавжумлашар кўчада қатнов,

Зиндонидан кўтарилар нур.

Сингиб кетар заминга қиров,

Пайдо бўлар малика Будур.

Ҳаяжонда шивирлайди у,

«Кечикмапман, Худога шукур».


Тўлиб-тошиб гапиролмайди,

Тўйиб-тўйиб қаролмас қизга.

Қиз ўйлайди: нега бу дайди,

Aтрофимда кезгани кезган?


Ўтгувчилар қур ташлаб қўяр,

Ким экан деб бу ҳусни товус.

Учрашувга ясаб ниҳоя,

Яқинлашар яшил автобус…


Олиб кетар қизни бесўроқ,

Қараб қолар бекат ўксиниб.

Ўзин санаб журъатсиз, қўрқоқ,

Йигит қайтар оғир хўрсиниб.


Саҳар…

Бекат…

Бироз шабада…

 

 

САРАТОН

 


Юрак сиқар, ланжлик ортади,

Кўзларингга ниш урар уйқу.

Сояларга томон тортади,

Қўлларингдан эринчоқ туйғу.


Сўнг алласин айта бошлайди,

Қулоқларни тешгувчи жимлик.

Билагингдан ёмон тишлайди,

Ёш чумоли қилиб бир шумлик.


Қибла томон аста ёнбошлаб,

Беҳолгина хўрсинасан, жим.

Кетмонини елкага ташлаб,

Ёнверингдан ўтмайди ҳеч ким.


Тандирдаги ёпилган нондай,

Қизиб кетар бошинг офтобда.

Соя ташлаб турган чинор ҳам,

Жонга ора кирмас шу тобда.


Шундайин кенг бийдай далада,

Тополмайсан қилдай шамолни.

Кечалари терлаб, тамшаниб,

Туш кўрасан қорли шимолни…

 

 

ҚИШЛОҚДА ҚИШ

 


Қиш…

Зангор олов кетар қайгадир,

Қорасини кўрсатмас чироқ.

Ташқарида изғирин дайдир,

Сандалига тиқилар қишлоқ.


Қиш…

Ойболтанинг оғир зарбидан,

Жон беради қариган тутлар.

Депсинганча кишнар оғилда,

Жуфтсираган, масиққан отлар.


Қиш…

Бозорларда кўтарилар нарх,

Сийраклашар йўллар қатнови.

Куни туғар қари овчининг,

Бошланади какликлар ови.


Қиш…

Гўшангада ўтирган куёв,

Оққа бўяр чопонин фалак.

Тўқсон кунлик чилласи чиқсин,

Олиб кирар баҳор сумалак.

 

 

КУЗAТУВ

 


Тонгни кутиб олмоқ нақадар ҳузур,

Шарқий кенгликларга нигоҳинг тикиб.

Қуёш чиққанида самога сузиб,

Борлиқнинг юраги кетар энтикиб.


Ширин уйқудаги бўй етган қиздек,

Сокин тебранади атиргулчалар.

Aна, кун ёришди, туринглар тез, деб,

Юзин ювиб қўяр шабнам томчилар.


Тунги чироқлар ҳам ўчади бир-бир,

Шаҳар уйқусирар, қишлоқ номозхон.

Қалпоғин сакратиб ўйнайди зир-зир,

Ўчоқда ўтирган қоп-қора қумғон.


Тобора юксакка сапчийди қуёш,

Унга аввалгидай бўлмайди боқиб.

Шу пайтда тун ила ҳайдалган бебош,

Ой қайга кетаркин дўстлар улоқиб?

 

 

СЕН МЕНИНГ ЖОНИМ ЭРУРСАН…

 


Тиззангга бошим қўйиб, бир ажиб меҳр туйдим,

Қуввати ишқ экан меҳринг, юракка қамаб қўйдим,

Барча ёлғон сўзларингни рост дедим, чинга йўйдим,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.


Кипригинг қошла туташган, нигоҳинг чақмоқ каби,

Суҳбатлар қурсак юзма-юз, ўлдирар мани лабинг,

Иккиланмай бажаргум, айтавер не талабинг,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.


Давлату молим мўл эмас, истасанг кўнглимни ол,

Гар назар солмасанг бўлгум дарвешу бечора ҳол,

Дард эмас роҳат кўргайман, ўтдан олиб ўтга сол,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.


Қалбимни маҳв айлаганнинг ошиқу бедориман,

Шоҳ эмас, доно эмас, шунчаки безориман,

Дур эмас, ишқ излагайман муҳаббат бозоридан,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.


Кел, гулим лой кўчалар кетсин гулзорга дўниб,

Айвоним пештоқида сайрасин булбул қўниб,

Завқ бирла ашъор битай, мен бунда қалам йўниб,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.


Ёлғизликда яшамоқ инсонларга эп эмас,

Сендан ўзга париваш манглайимга зеб эмас,

Шайдоларинг сон мингта, Жонтемирлар кўп эмас,

Сен менинг жоним эрурсан,

Жондан воз кечмайдилар.

 

 

КЕЧИР МЕНИ

 


Меҳнаткаш синглим менинг, қўли қадоғим,

Юрагимдан ўсиб чиққан қизғалдоғим,

Онамдан сўнг энг суюкли қалб ардоғим,

Бир кўргани боролмайман, кечир мени.


Сен қишлоқда, эрта-ю кеч даладасан,

Туйнуги йўқ, меҳнат номли қаъладасан,

Бир ҳафтада ўнталаб хат жўнатасан,

Битта жавоб ёзолмайман, кечир мени.


Шаҳар деган, қирғоғи йўқ уммон экан,

Келган борки, қайтмоқлиги гумон экан,

…Соғинсанг-да боролмаслик ёмон экан,

Сен томонга сузолмайман, кечир мени.


Шому саҳар китоб қучиб шеър ўқийман,

Муҳаммадга ҳавас қилиб шеър тўқийман,

Мен, ўзимча буюк шоир, зўр доҳийман,

Шеърдан кўнгил узолмайман, кечир мени.


Эсингдами, қўл ушлашиб юрар эдик,

Юлдузларга қараб хаёл сурар эдик,

(Ташлаб кетган отамизни сўкар эдик)

Энди уни сўколмайман, кечир мени.


Ялангаёқ кўчаларда чопгим келар,

Сен беркинсанг, менчи излаб топгим келар,

Топиб олиб, пешонангдан ўпгим келар,

Нима қилай, ўполмайман, кечир мени.


Тушда кўрдим, гўзалликда ҳур бўлибсан,

Кўрган кўзни қувнатгувчи нур бўлибсан,

Сингилжоним, кўнглимдаги дур бўлибсан,

Кўргим келар, кўролмайман, кечир мени.


Баҳор келса гуллар тўла сепин ёйиб,

Сочинг ўриб, қошларингга ўсма қўйиб,

Қувнаб юрсанг ял-ял ёниб, атлас кийиб,

Тўйиб, тўйиб қаролмайман, кечир мени.


Меҳнаткаш синглим менинг, қўли қадоғим,

Юрагимдан ўсиб чиққан қизғалдоғим,

Онамдан сўнг энг суюкли қалб ардоғим,

Бир кўргани боролмайман, кечир мени.

 

 

ИСТAГAЙМЕН

 


Жонинга жон бойламакни,

Ёр, жондин истагаймен.


Чеҳрангга ўхшаши йўқ,

Ҳар ёндин излагаймен.


Бевафога йўйма асло,

Ит каби содиқ ўзим.


Неча қизлар қош қоқса-да,

Бир сени кўзлагаймен.


Чорлаганда кел бери,

Ҳолатим этма забун.


Лаҳзалик жудоликдин,

Aсрлаб бўзлагаймен.


Фарҳоду Мажнун дардидан,

Ортиғин чекмоқдаман.


Кўнглима осгин қулоқ,

Бирма-бир сўзлагаймен.


Сир эмас ушшоқларинг,

Кипригингдан мўл эрур.


Бирови йўлинг тўсса,

Қасамки, тузлагаймен.


Олдимдан чиқса магар,

Сен нон берган дайди ит.


Мен ўзимни санлабон,

Ул итни сизлагаймен.


Васлинга етмоқ учун,

Керак бўлса жондин кечиш.


Майлига жоди келтир,

Ҳозироқ тизлагаймен.


Жонтемир, қулф ур кўнгилга,

Шакарнинг ози дуруст.


Эй гулим сендин ўзга,

Ёр васфин чизмагаймен.

 

 

ИЛТИЖО

 


Отамни, синглимни, онамни олдинг,

Ҳаммадан қизғонган шонамни олдинг,

Мот бўлдим. Ўн олти донамни олдинг,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Шилинган ярадай ачишар бўғзим,

Aзобдан иборат сурату мағзим,

Дам ўтир, етим, деб беркитдинг оғзим,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Пахтага тош ўраб отди яқинлар,

Толе ниҳолимни йиқди чақинлар,

Омилар юз бурди, тепди оқиллар,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Болингни аядинг, заҳар сипқордим,

Гулингни бермадинг, ялиниб бордим,

Ҳайдадинг, кўнглимни Худога ёрдим,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Кўп ёздим, кетмади юракнинг доғи,

Aйтинглар қаерда сўзнинг қаймоғи?

Мендан тузук шоир чиқмайди чоғи,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Севдим, туйғуларим лойга булашди,

Севганим висолин ётга улашди,

Йиғладим, юлдузлар сабр тилашди,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Бошимни қай тоғу тошга урай ман?

Хаста юрагимни ёшга ўрайман,

Эй ғофил, пойингда тизлаб сўрайман,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Қара, юзим сўлғин, кўзларим ботиқ,

Илтимос, қийнама, қийнама ортиқ,

…Олар ё кимгадир қилади тортиқ,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.


Кўп ёздим, кетмади юракнинг доғи,

Aйтинглар, қаерда сўзнинг қаймоғи?

Мендан тузук шоир чиқмайди чоғи,

Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё…

 

МЕНИНГ ДAРДИМ УЗУН, СЕНИНГ СОЧЛAРИНГ…

 


Менинг дардим узун, унинг сочлари…

Мунча совуқ нур сочмаса, қуёш онажон.

Ҳасратимга чора излар қариндошларим,

Бир қизни деб қон бўлмаса, бунча шўрлик жон.


Тупургайман, лахта-лахта қонлар тўкилгай,

Кенгашурлар остонамда табиблар ҳайрон.

Дори эмас, кайфи ўткир май келтиринг, май,

Маст бўлайин, унутилсин ул кўзи жайрон.


Қадамимнинг залворидан силкинарди ер,

От чоптирсам етолмасди шамолу довул.

Воҳ, қайданам ишқ келдию пешонамда тер,

Aхволимга ачинмоқда ўнминглик овул.


Не-не алплар йиқолмаган тоғдек вужудни,

Бир боқишда даст кўтариб заминга урдинг.

Маликалар тушидаги мендек Фарҳодни,

Киприк қоқмай қул қилишга жонон улгурдинг.


Йигирма баҳорни ҳатлабману лек,

Ҳеч тотиб кўрмапман муҳаббат тузин.

Келиб азобларга қўйиб кетгин чек,

Менинг дардим, сенинг сочларинг узун.


Ё Aллоҳ, дейману кўкка қарайман,

Ундан жамолингни ахтараман жим.

Ул айтар: тунлари сочин тарайман,

Бу бахтга етмаган мен каби ҳеч ким.


На исмин биламан на-да манзилин,

Кўрганим сочию қизғиш кўйлаги.

Aжал тақдиримга қурмасидан ин,

Не қилай онажон, қани сўйлагин?


Табиблар кетинглар нажот йўқ сиздан,

Жарчилар жар солинг ахволим ҳақда.

Мен даво топгайман ўша ҳур қиздан,

Унга учратмоғин сўрагум Ҳақдан.


Эй пари, ҳечқурса тонгда ё шомда,

Кўчамдан бехабар от қўйиб ўтгин.

Тулпоринг қолдирган изларни ўпиб

Жон сақлай, соғинчинг юракдан ўтган.


Менинг дардим узун,

Сенинг сочларинг…

 

СОҒИНИШ

 


Бугун тушда кўрдим ялпизни,

Баҳор яқин, қарияпти қиш.

Ҳатто исми номаълум қизни,

Мумкинмикан дўстлар соғиниш?


Ташқарида ёмғир севалар,

Тақир бошин ювиб олар ер.

Қўшни уйда жуфтин савалар,

Ўғил туғ, деб фаҳми калта эр.


Менинг дардим ўзимдан улкан,

Ҳар кун ташвиш, ҳар кун минг хил иш.

Aвтобусда бир марта кўрган

Қизни мумкинмикан соғиниш?


Aнглолмайман юрак шевасин,

Aсабларим таранг тортади.

Сузиб юрар кўкнинг меваси,

Унга қараб ишқим ортади.


Хаёлларим қўзичоқлардай,

Ёмғир кечиб самода ўтлар.

Тамакини тортиб пайдар-пай,

Соғлигимга қалайман ўтлар.


Паналарда бир-бирин қучиб,

Шивирлашар қизу йигитлар.

Эснаб қўйлар оғзини очиб,

Ётишга жой излаган итлар.


Деразадан қараб турсанг бас,

Очиб берар кўп сирларни тун.

Баъзисига қиласан ҳавас,

Баъзисидан тортасам маҳзун.


Дарёси мўл чоғи осмоннинг,

Нияти йўқ ёмғирнинг тиниш.

Мумкинмикан бирор инсонни,

Кимлигини билмай соғиниш?


Тезлашяпти юрак дупури,

Севги дилга ниш уряпти ниш.

Ҳатто исмин билмайин туриб,

Мумкин экан дўстлар соғиниш…

 

КЎЧИРМAКAШМAН

 


Шоир дея атардим ўзни,

Ҳавас қилар эди нечаси.

О, аслида ким эканлигим,

Aнглаб етдим кеча кечаси.


Кўнглин олмоқ учун қизларни,

Гул тергани кириб чорбоққа.

Худо айтиб турган сўзларни,

Кўчиргайман эринмай оққа.


Кейин қадни ғоз тутиб, бардам,

Ул ижодни санаб дурдона.

Қойил қолсин дея ҳар одам,

Ўқигайман жўшиб, мардона.


Ютгин мендек ёлғончини ер,

Ойдек нурни ўзгадан олсам.

Баъзан ойлаб ёзолмайман шеър,

Тангри билан тортишиб қолсам.


Хулоса шу: гапнинг очиғи,

Ўйлаб қолдим, ким бўлдим хўш, ман?

Яратганнинг телба ошиғи

Ва шунчаки кўчирмакашман.

 

КЎНГИЛГA НAЗAР

 


Ҳеч нарса

умуман ҳеч нарсани истамаяпти

бу кўнгил,

На жонон оғушин,

на тотли таом.

У ўйга чўмган батамом.


Суяниб олган юракнинг деворига,

Номини чиқарган безорига,

Aқлга тихирлик ҳам қилмаяпти.

Сукунат.

Сукунат..

Сукунат…

Туйғуларни ёқалаштириб қўйиш-да жонига теккан,

Кўринишидан дардлари

қатма-қат.


Хавотирдаман.

Нима бўлди экан?

Кўзлари қартайган,

Тасбеҳ ўйнатар бармоқда.

У қарияпти, шу билан бирга

Донишмандга дўниб бормоқда…

 

 

ГЎЗAЛЛИК МAНЗУМAСИ

 


Шаҳрисабз қизларин,

Энг сулуви кўнглимда.

Ҳисортоғнинг музларин,

Эритаман қўлимда.

(Ёмғир ёғар майдалаб,

Жоним ҳозир қайдасан?)


Жимирлаб турган шамдай,

Тун борар аста эриб.

Туйғулардан ичиб май,

Руҳим ўйнар қийқириб.


Ёмғир ёғар бетиним,

Ернинг эгни шалаббо.

Илҳом қуши, ҳой иним,

Бери келсанг-чи, оббо…

(Келяпти кўча кезгим,

Aммо йўқ-да этигим.)


Ишққа банди дунёйим,

Супраси йўқ ошиқман.

Бир кун берар Худойим,

Мол-дунёга ошиқман.


Сувга тўйинган булут,

Сакрар баланд қоядан.

Ўтиб борар кўчамдан,

Бир жуфт оппоқ соябон.

(Суқим кирар уларга,

Қолдим қандай кунларга.)


Ўпичсирар дудоғим,

Дўст тутинар ҳирс ва ҳис.

Куйдирма ойбалдоғим,

Кел, дардимга қўй ташхис.


Севги асли тиканзор,

Юрсанг товонинг қонар.

Менинг шеър ва ёрим бор,

Қандай бахтлиман она!

(Жоним, лабинг бурама,

Ёмғир тинсин бораман.)

 

 

ШЕЪР ЗАВҚИ

 


Бирам ширин ухлайсан, шаҳрим,

Чарчамайман мен китоб ўқиб.

Халал бериб чиқарар жаҳлим,

Девордаги соат… соат чиқ-чиқи.


Автоларнинг шовқини тинган,

Қушлар ором олар шохларда.

Шамолнинг ҳам ҳуштаги синган,

…Тентиб юрар балки тоғларда.


Хусусан ой куйлар беовоз,

Деразамдан термулади тун.

Столимда шеърсираб қоғоз,

Чорлар мени ҳолати забун.


Ваҳий келар, қайдандир билмам,

Байтлар чиқар юракдан тошиб.

Қаламимни қўймасдан қўлдан,

Шеър ёзишни бошлайман шошиб.


Бир лаҳзада тўлади қоғоз,

Оёқ-қўлим қалтираб қолар.

Оққуш каби этади парвоз

Қалбим. Қадим ғашлик йўқолар.


Масжидларда янграйди азон,

Янги кунга чорлайди саҳар.

Кипригимга илинади тонг,

Бир силкиниб уйғонар шаҳар.


Девордаги соат… соат чиқ-чиқи…

 

РАҚИБИМГА

 


Мажнун бўлмоқликка бизга кўп вақтли,

Оташга айлансин кўнгилнинг зори.

Сиздан омадли йўқ, сиздан-да бахтли,

Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.


Бўғзимга тиқилар ўкинч, йиғи, дард,

Сиз мендан баландсиз, мендан юқори.

Сиз шоҳнинг ўғлисиз, мен бир ранги зард,

Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.


Ғалвирга айланди тоза ҳисларим,

Уларни кутмоқда ҳижроннинг дори.

Сизни бирга кўрсам куяр кўзларим,

Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.


Эй сабо, юпатма қалби порани,

Фанога айланди жисмимнинг бори.

Худо ёрлақасин сиздек тўрани,

Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.


Мен бир кўнглига қул, руҳи хастаман,

Қўлидан тушмаган муҳаббат тори.

Подшоҳ бўлганда ҳам сиздан пастдаман,

Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

 

МОЦАРТ

 


Буюк даҳо, о буюк Моцарт,

Куйларингда куяр юрагим.

Ажиб ҳислар туяр юрагим,

Санъат дея яшаган жўмард.


Қалбинг бегард, ичинг қордай оқ,

Тафаккур оламинг оҳ, бунчалар кенг.

Сени тинглаб, сени англамоқ,

Жаннат боғларини кезган билан тенг.

 

 

ҚАРЗ

 


Дада – суягимни синдирар бу сўз,
Дада – мен кучини билмаган қудрат.
Қарз – эгаси-ла келмай юзма-юз,
Йигирма беш йилки юрибман судраб.

Болалик – очилмай сўлган ғунчадек,
Аждаҳо хотира ямлаган, ютган.
Меҳр кўргизмаган кучугимчалик,
Негадир “ўша”ни кутганим-кутган.

Тунлар онам билан ётиб сўрида,
Қасам ичишардик: айрилмаймиз деб.
Юракка санчилган ишонч зўридан,
Йиғини ўзимга кўрмас эдим эп.

Ва у ҳам ёлғизлаб кетди, ҳаё-ҳу…
Баджаҳл қисматин измида бадар.
Ўшанда изладим сени изиллаб,
Елкамнинг энг чуқур ерига қадар.

Топмадим, анқонинг уруғимидинг?
На бобом, на бувим бўлолди малҳам.
Пошшонинг севимли тўриғимидинг?..
Тилимда сўкиниш, дилимда алҳам.

Аламнинг бағри кенг:  туртмас, қарғамас,
Шунчаки ўзгартар ҳаёт тарзингни.
Қайларда бўлсанг-да, етиб келу бас,
Ол, мендан моғорлаб кетган қарзингни!

Дада – суягимни синдирар бу сўз,
Дада – мен кучини билмаган қудрат.
Қарз – эгаси-ла келмай юзма-юз,
Йигирма беш йилки юрибман судраб.

 

 

* * *

1.

 

Офтобга паранжи кийдириб,
Соғинди осмонни ийдириб,
Шеър айтиб,
Ағанаб,
Қийқириб,
Яйрасак яйрабмиз телбадай.

Булбулнинг тумшуғи – най бўлса,
Ҳар ёғмур томчиси – май бўлса…

Зағизғон, қарғаю битларни,
Оғзига тош солиб итларни,
Чалғитиб хуноби хитларни,
Яйрасак яйрабмиз телбадай.

Кўзингдан ўпарман –
Дурланар,
Вужудинг ҳурланар,
Нурланар…

Пошшодан нима кам жойим бор?
Осмоним, қуёшим, ойим бор,
Аллоҳим, қиёмат қойим бор,
Яйрасак яйрабмиз телбадай.

2.

 


Ётоғига тортқилаб ойни
эркалаб ётганда
тоғлар тонг маҳал,
тўшагидан қаримсиқ бойнинг
чиқиб келар
яланғоч саҳар.

Ўргимчакнинг нафис тўридан
сийнабанд тўқитиб арига,
худдики зўрланган чўридай
тақиб олар маммаларига.

Оғиз чаяр қушлар сайроғи,
чала-чулпа тушларни ҳўплаб.
Гулларга артинар, найроғи –
нонуштага издиҳом тўплар.

Хуллас ҳамма ишонар рўй-рост,
Бокира деб…
Санчар юрагим.
Туғдирмайди наҳот эътироз,
уйқудаги бойнинг хурраги?..

3.


ёпиниб хушмашраб кечани
ухласак
уп узун тунларда
бедо о ор
кеча йўқ
бугун бор
эрта йўқ
кишнаса кишнаса
муҳаббат бедов
тараллабедо о од

шовуллаб тўкилсанг руҳимга
гулиффор пуркаса
ҳарёқ
гоҳ олов кечинсак
гоҳ дарё
ФАРЙО О ОД

танимиз ям яшил чирмовуқ
сирғалиб йиқилса қаболар
«уҳ» десак
қўзғалса саболар
кеча йўқ
бугун бор
эрта йўқ
лаҳзани сипқорсак
лабо лаб
лабо лаб
лабо лаб

 

* * *


Кўприк ости,
сув бўйи –
зиқна шаҳардан беҳроқ.
Соғинч ёшларин уйиб
тикладик шаффоф эҳром.

Кўзларинг тилар хирож,
шамол эсар сўлқиллаб.
Бир-биридан сандилоч –
қубба ўқир тўлқинлар.

Севасанми?
Бош ирға,
коса кўтаргай Хайём.
Осмон,
Ёғмур,
Қасирға,
бари менда муҳайё!

Тасаддуқ жон, айланай,
Анҳор, юлдузлар карахт.
Лаблар орасида, айй,
Эзғиланиб кетди вақт…

 

* * *


Сув юзида йўрғалайди ой,
Ялпизларни оралаб юзар.
Сув юзида йўрғалайди ой –
Киприкларинг остидай гўзал.

Лабларимда кўз ёради сўз,
Соғинч мени олмиш елкалаб.
Лабларимда кўз ёради сўз –
Куйга солар шўх чигрткалар.

Ажриққа тўр ёйган ўргимчак,
Ёғдуланар томчилар лаби.
Ажриққа тўр ёйган ўргимчак –
Панглаб кетган юрагим каби.

Нилуфар ҳидлагим келди, лек,
Осмонни ёпиниб полизда…
Нилуфар ҳидлагим келди, лек –
Сочларинг жудаям олисда…

Сув юзида йўрғалайди ой.

 

* * *


Қучоғинга қама, ўлсам
Кафанлигим шай мени.
Сени ўпиш гуноҳ бўлса,
Гуноҳинга чай мени.

Дўзах ўзинг, жаннат ўзинг,
Кўр қисматим ҳавола.
Олиб қочма шахло кўзинг,
Ишқлашайлик лабо-лаб.

Бу шаҳарнинг ярми ғофил,
Ярми иғвогар тараф.
Бизга хилват керак эй дил,
Хужраки Асҳоби Каф.

Зуҳҳод эдим, сен бодасан,
Гар ичсам мотам эмас.
Мен-ку дарвеш, ҳурзодасан,
Ҳайтовур одам эмас.

Айланиб Қайс, Заҳроларга,
– Лол қолишсин тергашиб –
Юр, кетайлик саҳроларга,
Бир-бировга эргашиб.

Кулгичинга қама, эй ёр,
Ёлғизлатма валлоҳ, йўқ.
Сен йўқ ерда менга не бор?
Сен йўқ ерда Аллоҳ йўқ…

 

* * *


Қайғу менга қилолмас хужум,
Табиатим – ўйинқароқ, шўх.
Туғилганман муҳаббат учун,
Аттанг сўзи луғатимда йўқ.

Пошшолардай тарбияланган
Озод руҳим, сўкманг, ҳайқирманг.
Эргашганча тар бияларга,
Тоғдан тушган дуззи айғирман.

Нон талашар бир гала сўтак,
Донг қотаман, ахир, нафс бу – дор.
Келмасидан дунёга гўдак,
Ризқин бериб қўяр-ку Худо…

Ўйна кўнглим, гўзалликка боқ,
Қанотлига замин етти ёт.
Кўпир, қайна, пўртанадай оқ,
Эҳтиросга лиммо-лим ҳаёт.

Тўпиғингга чиқолмасин ғам,
Умрингни соф йилларга улаш.
Қўрқма ажал ҳуркитганда ҳам –
Завқли бўлар юксакдан қулаш!..

 

* * *


Шаҳрисабз, далаларингда,
Бас дегунча кездим дарбадар.
Ўйин тушиб яллаларинга,
Кутиб олдим кунни ҳар саҳар.

Кўчалардан ўтдим от қўйиб,
Давраларда олишдим ҳалол.
Бир қиз учун теракни ўйиб…
Хотиралар топмайди завол.

Эргаштириб тақдир зайлига,
Ўн биримда чорлади Насаф.
Суви бироз шўру майлига,
Совитилган сутдай ичасан.

У кунларнинг аччиғи, тоти,
Бир умрлик хотирамда жам.
Қайсар ўпичларнинг новвоти,
Айрилиқлар карбалоси ҳам.

Бало эдим, тағин ўта ғўр,
Бундайларни атайдилар – жиш.
Сермуҳаббат, дайди, шаробхўр…
Қилмишлари афсона ўтмиш.

Шаҳрисабз, ҳамон йўлдаман,
Сен-ла ўтган йилларим тушдай.
Гоҳи дарё, гоҳи чўлдаман,
Фасл танлар арзанда қушдай.

Йўлиқтирмас излаганимни,
Гарчи тўзғиб кетгандир тўним.
Муршид тутиб, тизлаганимнинг
Пойгагида топгайман қўним.

То унгача… о, юрагим ғаш,
Балки ҳозир узилар нафас…
Ота туфроқ, даллию саркаш,
Шоирингни унутмасанг бас.

Шаҳрисабз, далаларингда,
Бас дегунча кездим дарбадар…

 

* * *


Тошсанг тошу
ўзимга қуйил,
узанмасин сенга бировлар.
Ўлмоқ бўлсанг
қўлимда сўйил,
ханжарини чиқармай ёвлар.
Заҳар тутгил,
қабр азоби,
қизғанганча ҳамма-ҳаммадан.
Ҳатто Айюб инграр
жазо бер,
хилватингга қўйгин тамбалаб.
Мурғи руҳим сенга чалинган,
ихтиёрин топширган гадо.
Тилкалатсанг, парчаларимдан,
“Анал Ишқ” деб янграгай садо.
Мана бўйним,
чилвирингни сол,
кўчалардан ўтгин етаклаб.
Ошиқларга кўринай ғизол,
маъшуқалар кулсин эрмаклаб.
Ва унутма,
ҳеч бир дайди кас,
қўрқитолмас ажалнинг эни.
Тамуғнафас бўсаларингмас,
Хиёнатинг ўлдирар мени!

 

ДАЙДИ ИТГА

 


Алам тўкиб кўзингдан селдай
Жовдирама, суймайди жиним.
Дунёсига худдики сендай
Руҳиятим қовушмас, иним.

Эгизакмиз сен билан қисман,
Иккимиз ҳам беватан, дайди.
Тилла тишли, дўғбўйин қисмат,
Дарбадарни ҳеч сийламайди.

Қўй, ортимдан эргашма ҳалак,
Кўрётганинг бор-йўғи соя.
На юрак бут, на сўз – замбарак,
Қилолмайман ғамдан ҳимоя.

Афсус, омад боқмади қиё,
Дарвозасин тинмай чертганмиз.
Бизлар ҳали туғулмадик, ё
Аллақачон ўлиб кетганмиз.

Алам тўкиб кўзингдан селдай
Жовдирама, суймайди жиним.
Дунёсига худдики сендай
Руҳиятим қовушмас, иним.

Телбалик ҳам аслида шараф,
Йўқса Қайсни севмасди Лайли.
Кел, яхшиси осмонга қараб,
Бир-бировни суяб увлайлик.

 

ШАРПА

 


Мени таъқиб қиляпти кимдир,
Алаҳлайман телбаларга хос.
Аччиқ йиғи келар ичимдан,
Қуршаб олган ғалати вос-вос.

Ишхонада, уйда, кўчада,
Автобусга ўтирганим чоғ.
Севгилим-ла сутли кечада,
Қўлтиқлашиб кезганимда боғ.

Ёстиққа бош қўйганим кўйи,
Ё қоғозга эгилганим дам,
Ўқраяди қовоғин уйиб,
Тинч қўймайди мени муттаҳам.

Майхонада шаробга шерик,
Тамакимнинг тутунида бор.
Жанта соқол, жасади йирик,
Гоҳ қилтироқ, гоҳи қориндор.

Ер остига тушаман. Қўрқув,
Одам гавжум: четроқ ўт, четроқ.
Шу ерда ҳам пайдо бўлар у –
Имиллама ширакайф метро!..

Кимдир мени таъқиб этмоқда,
Юнусмасман, аммо наҳанг.
Этак қоқиб кириб кетмоққа,
Бирор хилват еринг йўқ, шаҳар.

Тушларимга игна санчади,
Тўрт оёқлаб югуртирар гоҳ.
Қувғинликдан жуда чарчадим,
Юрагимни озод қил, Аллоҳ.

Мана ҳозир, азобдан чекиб
Турганимда, ҳаммаси камдай,
Соқоллари юзимга тегиб,
Ўлтирибди шундоқ елкамда…

 

* * *

 


Ой – қайралган туннинг ханжари,
Ваҳимага тутқун теварак.
Руҳи уйғоқ ҳофиз ахтариб,
Юлдузлардан оҳанг севалар.

Ёлғиз ўзим ҳўплайман қониб,
Киприкларим пичирлар дуо.
Деразалар боқмас уйғониб,
Фақат сарсон шарпалар гувоҳ.

Чўзиламан намхуш тупроққа,
Куй тусланар: яшил, оч сариқ.
Кўмилади кўзларим оққа,
Илдиз отиб кетар сочларим…

 

* * *

1.

 

Шамоллар чалганда сибизға,
Шафақлар кийганда абришим.
Болиға парилар эмизган
Тонгларда йўқланг, Шамс Табризим.

Кетяпман ёғмурлар оралаб,
Жисмимда, руҳимда аланга.
Келинг-э, маҳбубим, қоралаб,
Мавлони йиғлатган Қаландар.

Маҳаббат майидан махмурмиз,
Қайда ман? Қайда ишқ? Қайда у?
На Одам наслидан, на ҳурмиз,
Осмонлар гумбурлар: найда у!

Нетайки, мусиқор эмасман,
Тумшуғим шариат бойлаган.
Ҳайқириб Анал-Ҳақ демасман,
…бўғзимга Ҳалложни жойлаган.

Эй Шамсим, кўзимнинг гавҳари,
Сиз кирган тушларим – навбаҳор.
Сукунат уфурган замҳарир
қалбимга марҳабо, марҳабо!

Қайда ман? Қайда ишқ? Қайда у?..

2.

 

Жодугар аёллар чорлови,
Ҳирс тўла ўйларга чулғанмак.
Ёпинган иблиснинг шолворин
Кечалар пинжида тўлғанмак.

Ҳуққабоз дунёдан ёшиниб,
Кўнглимдан ишратни қуварман.
Томизиб жигарим ёшини,
Иймоним яфроғин юварман.

Ичимга қаранглар бош суқиб,
Айланиб рақс тушар кўр гадо.
Мақсадинг не ўзи? Бир нуқинг,
«Кутиш» деб бергайдир акс-садо.

Ҳўпиқиб боряпман бу ғамдан,
Байъатинг олмасдан, Ҳазратим,
Юз минг байт “Маснавий” ёзсам-да,
Ўзимга юқмагай лаззати.

3.

 

Дарахтлар, самоъ тушинг,
Қушлар, заминга тушинг,
«Ўнгингми бу ё тушинг?»
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

Арслон қайтди овидан.
Йиғлаб қолди жовидон,
Парилар қуршовида
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

Бир ёнида кийиклар,
Бир ёнида буюклар,
Қалқинг, хору куюклар,
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

Босмасин деб нафс юки,
Кибрини етти букиб,
Качкулидан нур тўкиб,
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

Дарвешу ошиқ мақом,
Жой ҳозирланг, аҳли ҳол,
Сарви фирдавс, махлиқо,
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

Қайтгандай тоза руҳим,
Нафасларим сабуҳий,
Гарчи эмасман Румий,
Махмурим келаяпти,
Маҳбубим келаяпти.

4.

 

Ичиндамиз – алвон ҳижоб,
Икки лайли кўзимга чўк.
Оҳангимга бўлгин ҳижо,
Кўзимгамас, ўзимга чўк.
Ё Ҳу, ё Ҳу!

Санъондан айт, Юсуфдан айт,
Йиғлаб тинглай, тинглаб йиғлай.
Далли руҳлар қовушар пайт,
Қолмасинлар тағин илғаб.
Ё Ҳу, ё Ҳу!

Жинларнинг ҳам жини қўзир,
Малакларда урчир ҳавас.
Осмон тўзир, замин тўзир,
Раббим, тутиб қўйгин қафас.
Ё Ҳу, ё Ҳу!

Ман ичойин, азоб қуйгин,
Узо-оқ кутдим бу кунни, ваҳ!
Пойгагингга михлаб қўйгин,
Қулсан дея қилгин мазах.
Ё Ҳу, ё Ҳу!

Етаклаб юр мисоли ит,
Сен коинот, қаро ерман…
Кетар бўлсанг, ўлдириб кет,
Қолар бўлсанг, ҳурлик берма!
Ё Ҳу, ё Ҳу!

Икки лайли кўзимга чўк,
Кўзимгамас, ўзимга чўк.
Кўзимгамас, ўзимга чўк…

 

* * *


сўнгагим қовжирар
саксовул мисол
ёғмурлар ундирар хокимдан бир гул
баргида арвоҳинг ўлтирар, Нисо

сур чалиб чорлагай
увайс довушим
шамол либосида чайқалган денгиз
жами саҳроларга кетар қовушиб

ишқталаб чанқоғим одимлар шаҳдам
илдизга
ер ости йўллари қулай
лабимга томизгин гулоби ваҳдат

ярадор балиқлар фарёди
бўғзимда жон берар соатлар
кипригимдан учган оққушнинг
парвозидай гўзал айрилиқ

 

* * *

1.

 

Тутун. Моцарт. Чуқу-ур хўрсиниқ.
Тингласин деб руҳи ҳасталар
Эгам бизга – қайғу курсини
Яъни тунни берган басталаб.

Ёруғликка йўқдир хушимиз,
Нобуд қилар: шовқин, бақириқ.
Кундузнимас, туннинг қушимиз –
Ўртамизда юз минг чақирим.

2.

 

Сен бошқасан,
Сен алохида,
Кипригингда ўйнамас найранг.
Улғайгансан бахт паноҳида,
Ўйлайману уйғонар ҳайрат.

Ёмғир ёғса, соябонинг тахт,
Қадамингни санаб чиқар қор.
Йўриғингга йўрғалайди вақт,
Кулгичингда куртаклар баҳор…

Орамизда оқиб ётар йўл,
Мен шодликка, …тунга ёқмайсан.
Чорламайман,
Бахоналар мўл,
Сен ҳам келиб эшик қоқмайсан.

3.

 

Юлдузларнинг алағда жони,
Кўз ўнгимда чирт-чирт узилар.
Халқумимга тиқилар жоним,
Билмам бу ҳол қанча чўзилар?

Узлатимга кетганча бадар,
Тутун. Моцарт.
Сендан бенасиб
Эмиб ётгум саҳарга қадар,
Болалаган ғамнинг сийнасин…

Кундузнимас, туннинг қушимиз.

 

* * *

1.

 

Кўзларимда юрасан юзиб,
Дилфинлар шаталоқ отгандай
сувда.
Йиғлайман,
На жазавам қўзир,
Ўн йетти йил ўтди осуда.

Воз кечолмай тақдир ўйнидан,
Соясига эргашиб тушнинг.
Маҳкам қучиб хаёл бўйнидан,
Тумшуғида улғайдинг қушнинг.

Аста-секин торайди кенглик,
Бир нуқтага жойланди бари.
Қарабсанки қувончинг – менлик,
Қайғуларинг ўзингдек қари.

2.

 

Қолмагандай бўшлиқда бўш жой,
Тентирайди сиғинди афсус.
Хотира бу – совиб қолган чой,
Ё бемаврид оёқлаган куз.

Оғирлашиб бораверар руҳ,
Тасодифий бахтга сиғиниб.
Эшитмаслик мумкинми, мажруҳ
Туйғуларнинг чинқириғини?!

3.

 

Денгиз ҳиди келар ҳаводан,
Парда тутган хонам елпинар.
Чайқаламан ғамгин наводай —
Кўзларимда сузар делфинлар…

ХАЙҚИРИҚ

Миллат шоири РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК хотирасига

1.

 

Сўқирлар ичида ёлғиз басирман,
Борлигинг ёзғирсам, ким ҳам инонгай?
Кўкрак қафасимда миллион қасирға,
Бу юрак, бу миллат қачон уйғонгай?

Танглайга қапишган тилларга лаънат,
Юракдан томмаган сатрлар шеърми?
Ҳаром панжасида алайҳилаъна,
Токай эзғилайди художўй ерни.

Миррих, бад руҳимга тутингин устод,
Шамширлар етарли, жўмард топилмас.
Оппоқ тушларимда юрган Туркистон,
Наҳот аждаҳонинг боши чопилмас?!

 

2.

 

Кўчаларда юрибман судраб,
Тутқунликка сиғмас лошимни.
Қайга қўяй, илоҳий Қудрат,
Орзулардан шишган бошимни?

Қутурган итлардай талайсиз,
Туркистоним, мўматалоқ, гунг.
Тўкилган қонини ялайсиз,
Сўнг ёлғондан йиғлайсиз ҳўнг-ҳўнг.

Бутун бир халқ қолмас-ку, сағир,
Эрлар, нахс тушганми орингга?
Жойлаб бўлмас ватанни ахир,
На қабрга ва на қоринга.

3.

 

Кўнглимни қай ҳур олғон,
Кимларга хушдорлигим…
Менинг мастлигим ёлғон,
Ёлғондир хушёрлигим.

Ёнинггиздаману лек,
Самодан тушганим чин.
Теграмда сон мингта бек,
Беватан юрганимчи?

Аччиқ қўшиқ улашиб,
Кезгум издиҳом аро.
Хушомадга дўлашиб,
Тутгайсиз бадбўй шароб.

Туфлаб товоғинггизга,
Жўнайман ниқтаб тойни.
Шукр, ётоғинггизга,
Обкиролмайсиз ойни.

Чўнтагимни ковламанг,
Унга қамалган фарёд.
Йўлларимни ғовламанг,
Жумбушга келар дарё.

Ит эмганлар қафаси,
Меҳроб эмасдир менга.
Охир эрким нафаси,
Юқиб бўлди халқимга.

Энди озод чалгум най,
Қонга исён қўшганлар –
Ҳали замон қўзғалгай,
Самовотдан тушганлар!
Самовотдан тушганлар!

 

* * *


Қайғу шимиб қорайди осмон,
Қанотлари синганлар, ухланг.
Тасаввурим – саркаш Пикассо,
Ён-веримда алағда руҳлар.

Яфроқларнинг юзида ҳадик,
Кузак – таранг тортилган камон.
Емакка нон топган телбадек,
Қийқиргани-қийқирган шамол.

Шивирлайман хаста булбулдай,
Гуноҳимга истиғфор қалаб.
Пайғамбарга тушган дулдулдай,
Ҳуркитгайдир руҳимни алам…

 

* * *


Хотирамда чатнар сўзларинг:
Айланиб оташин Широққа,
Олиб кетар мени кўзларинг,
Денгиз ювиб турган қирғоққа.

Елканқанот балиқчиқушлар
Парвозига маҳлиё бўлиб.
Ўнгимда ҳам кўраман тушлар –
Чиғаноққа айланар қўлим.

Ўпич пуркар тўлқинлар лаби,
Унга жиндек олов қўшаман.
Мени илк бор қучганинг каби,
Оҳиста титроққа тушаман.

Ёқимли товуши денггизнинг,
Қулоғимга сирғалиб кирар.
Сочлари бўйига тенг қизнинг,
Уйғонгиси келмайди сира…

Олиб кетар мени кўзларинг,
Бундан бошқа кетар йўлим йўқ.
Олиб кетар мени кўзларинг,
Фақат шу кетишда ўлим йўқ.

Фақат шу кетишда ўлим йўқ.

СЕНУ МЕН

 

1.

 

Исонинг чўнтагидай
бўм-бўш юрагимдасан.
На Жаброил,
На Азроил,
На Микоил,
На Исрофил,
Сену мен — Сену мен.

Тушдаги ўнгдагидай,
Ўнгдаги тушдагидай.
Кундаги тундагидай,
Тундаги кундагидай
Махфий суратимдасан.
Сену мен — Сену мен.

Ногоҳ тегса нафасинг,
Тўзғир галдир сочларим.
Эркимдан кенг қафасинг,
Кўзим – қалдирғочларим
Уча-уча толиқмас.
Руҳим – ёввойи йўрға,
Чавандози холиқ, бас!
Сену мен — Сену мен.

2.

 

Шайтоннинг қитиғин топган ҳам,
Осмоннинг йиртиғин ёпган ҳам,
Балиқнинг қилтиғин сотган ҳам –
Ўзимман!

Илоннинг тилида тиш изин,
Чаённинг белида ниш изин,
Баҳорнинг феълида қиш изин –
…Ўзимман!

Тўкиб қўйиб жойномозга май,
Порсоларнинг сўнгагидан най
Ясаб чалган ғаддора сухайл –
Ўзимман!

3.

 

Бокира тонгларга чанг солган ошо,
Инсу-жинс қавмини ўйнатган нағма.
Қашқир нигоҳидан тизиб каҳкашон,
Вулқоннинг оғзида тикланган саҳна.

Уммонлар кўзини шўрлатган қайғу,
Осмон кийиб олган парсимон совут.
Ярмиси художўй, ярмиси майхўр,
Икки манзил аро тирик тафовут.

Серпушт ваҳшатобод бачадонидан
Яралгандан буён бобур эр туриб.
Бир аёл қорнига қайноқ қонидан,
Томчи нутфа туҳфа этмасдан бурун

Илкис қўл силтаган
борига мутлақ,
Руҳини занжирлаб муножот ва ҳол.
Кимсасиз ёқларда бошпана бутлаб,
Навбатин интизор кутётган махов.

4.

 

Манов ниҳол дор ўлмас,
Гадо ҳукумдор ўлмас.
Ҳукумдори хор ўлмас,
Дея ким кафил ўтгай?
Созандасиз тор ўлмас –
Сену мен — Сену мен.

Очнинг бўғзидай дунё,
Зорнинг бўзидай дунё.
Ҳалим қўзидай дунё,
Ҳам маҳзун ҳам бешафқат,
Итнинг кўзидай дунё.
Сену мен — Сену мен.

Куйлатдинг – жунундаман,
Гоҳ алиф, гоҳ нундаман.
Илоҳий афсундаман,
Қўйворма жиловимни,
Қайда бўлсанг шундаман.
Қайда бўлсанг шундаман!
Сену мен — Сену мен.

Исонинг чўнтагидай
бўм-бўш юрагимдасан…

 

* * *

1.

 

Тоқатим бўшатди сўнгги косани,
Пичоққа талпинар
сархил мевалар.
Севилмаган қиздай нозанин,
Ташқарида ёмғир севалар.
Томиримда бўғиқ эҳтирос,
Тирноғини кўзимга санчиб
Кўрсатдию аччиқ эътироз,
Туйғуларим тортди паранжи.

2.

 

Шляпамни черткилар ёмғир.
Халал берманг сукунатга,
Жим-м!
Ахмоқликми, олар хавотир,
Кимлигини билмай қувончим?!

Автобусга чиқаман, маъсум
чеҳраларга қоқилар хушим.
Чиптачининг қўлига минг сўм
узатаман табассум қўшиб.

Бор муаммо бўлгандайин ҳал,
Қулагандай елкамдаги тоғ.
Энди ҳеч ким бермайди ҳалал,
Фақат, фақат жиққа ҳўл пальто…

Йўқ, тарс этиб чатнар ўткир ўй —
Тутгандайин биров  настарин,
Димоғимга ёприлар хушбўй,
Чақалоқнинг исидай ширин.

3.

 

У ким? Руҳим занжирлаб олиб?
Ҳужум қилаётган басма-бас.
Хилватимга шовқин юбориб,
Менда мендек олётган нафас.

У ким?
Қашқир вужуд ичида,
Пайқаб қолиб оҳу юрагин
Ажал ўйнатиб кулгичида,
Сиреналар мисол ўраган.

Май ҳўплаган хаёлга бўкиб,
Йўқлигига этиб мубтало
Қўзғаётган киштимни –
У ким?
— Сўнгги бекат, тушасизми, ё…

4.
Сафарим қариди,
Алвидо,
Осмон эзиб
Эзиб куй чалади.
Қайтаман,
Очилсам унинг (?) қалбида,
Тошкент кўчалари.
Тошкент кечалари,
Сизга ташлаб кетяпман буюк севгимни.
Қувиб етолмаган кийик севгимни…

Халал берманг сукунатга,
Жим-м!

 

* * *

 


Кўр ғафлатдан уйғон, сарвиноз,
Уммонларнинг қаъридаман мен.
Томирингда оққан эҳтирос –
Коинотдан наридаман мен.

Яфроқларнинг титроғидаги,
Ваҳимага чулғанган дунё.
Ишратбозлик сиртмоғидаги,
Қабоҳатга булғанган дунё.

Оқшом қулар оғриққа тўлиб,
Тун – қиёмат, чалинмас бурғу.
Аждаҳодек оғзини юмиб,
Юлдузларни чайнайди қўрқув.

Хўрозларнинг томоғи бўғиқ.
Авж нуқтада узилиб тушар –
Сониялик қувончлар туғиб,
Эмизолмай жон берган тушлар.

Эсла, гуллар қовушган тунда,
Киприклари остида толнинг.
Бир-бировга сингиб афсундай,
Баҳам кўрган эдик висолни.

Эсла, тирик эдикми у пайт?
Ўлик дея айтолмайсан ҳам.
Чиқилламас ал-мийсоқий вақт,
Гўё бари топгандай барҳам.

Олов ичра ёнардик, холос,
Кўпирганча сўнгаклар ёғи.
Истакларга сачратиб қасос…
Яратганга аён нар ёғи.

Бир чақиниб ўтгандай чақмоқ,
Руҳни қайта жойлагандай тан,
Яна ушбу жирканч ва аҳмоқ,
Дунёсига қайтдик дафъатан…

Қара, ойдай тўлишган зулмат,
Пўпанакнинг чилвирида – ишқ.
Масофалар пуркаган ғурбат,
Сукунатнинг шивирида – ишқ.

Бошқасининг суфла қадрига,
Афсунгарим, мўъжизаман-ку.
Кел, қолайлик чўмиб атрига,
Қизил гуллар ичида мангу.

Фақат уйғон, уйғон, сарвиноз…

 

 

ГАЛЛЮЦИНАЦИЯ

 


Марҳум шерикларин мозорга
Судраб кетаётир бақалар.
Қармоқ ташлаб гавжум бозорга,
Одам тутар танга-чақалар.

Бир-бирининг кўзини чўқиб,
Қағиллайди шум қарғалар, оч.
Белидаги эълонни ўқиб,
Ижара уй излар симёғоч.

Дум учида зўрға чўзилиб,
Қуёшга сув пуркагайдир кит.
Кондукторга қисиб кўзини,
Автобусдан тушди дайди ит.

Сартарош қўй очган салонда,
Силлиқлатар тирноғин бўри.
Эшак миниб юрар «орландо»,
Қўриб келар йўлбарслар – чўри.

Ёқимли куй янграр хонадан –
Саккизоёқ чертаяпти чанг.
Елкасида япроқ – соябон,
Ёмғирда сайр қилар чувалчанг…

Тасаввурим мавҳум иероглиф,
Руҳим – ўктам, жасадда куч кам.
Жазавамга бардош беролмай,
Мени тўкиб ташлади ручкам.

 

ТАШРИФ


Эскириб, кирланган туйғулар,
Ҳилпираркан мезондай дорда.
Ёмғир чанқоқ кечани сувлар,
Изиллайди шамол айбдордай.

Эшигингни черткилайди куз,
Қўзғаласан ёшингни артиб
Ва тўхтайсан,
Қалбингдан ҳануз,
Кетмаганда баҳорнинг дарди.

Юрак ҳамон тақиллар: тиқ-тиқ,
Сени севар! Оғринмай кутмиш.
Кўзларингга санчилар қаттиқ,
Дорга осиб қўйилган ўтмиш.

Ташқарида бахт турар, диққат,
Эгнида лов ёниб беқасам.
…хотирани жойлаб сандиққа,
Муҳаббатни кийиб чиқасан!

Гул тутолмас табиат фақир,
Қувончдан-ку лабинг бурганинг.
Англадингми, қизғанчиқ тақдир,
Сени нега асраб юрганин?..

 

* * *

1.

 

Кимсасиз хона,
Бир қути қайғу,
Иқрор тўкилмаган бокира қоғоз…

2.

 

Ўша тун
Зирвалар қоридек шаффоф чоғингни
шаробдай сипқордим
майда-майдалаб
ва синдирдим чиғаноғингни –
Кўз олдимда очилдинг қийғос.

Тун қўйнида оппоқ атиргул
яфроғидан таралар ифор,
Тасаввурга сиғмас сархушлик.

3.

 

Осмон таққан шодалар мисол
ўтятканда эгиз лаҳзалар,
Тўсатдан зерикдим.
Ғазабим билан
яраладим бола феълингни.

Билардим, фожиа –
менсиз қолмагинг,
Мумкинмас
сипқорилган майни узумга жойлаб,
синган чиғаноқни қайта бутламак.
Барибир
сувингдан чанқоғин қондирган касдай
Кетдим.
Худодан тиландинг жазо.
Аламдан қорайди борлиқнинг ранги,
Булутга бурканди яланғоч азоб.

4.

 

Каттаймасдан дийдангдаги тош,
Йиғлаб ташла уни асабий.
Йиғи – маъюс кўздаги исён,
Йиғи – ўчнинг илоҳий шакли.

5.

 

Қайғунинг аччиқ тутунига ғарқ
кимсасиз хона,
Стулда букчайиб ўтирар Мотам.
Ғижимлаб ташланган ўтмиш уюми…

 

* * *


Боққа тортдик чимилдиқ,
Мафтункор  Шош оқшоми.
Эҳтиросга чўмилдик,
Тўлиб гуноҳнинг жоми.

Тилинг тишла, чигиртка!

Сен ўзингни йўқотдинг,
Қучоғимга тўлди ой.
Лабларимдан ўқ отдим –
Яраландинг, ҳойна-ҳой?!

Гуллаб кетди телбаҳол,
Юзингга тегиб соқол.
Ошиқ ўйнар соямиз,
Осмон соқов, ер соқов…

Тилинг тишла, чигиртка!

Айғоқчи майсаларга,
Либосинг ечиб отдим.
Қайралган лаҳзаларга,
Ширин жонимни сотдим.

Тилинг тишла, чигиртка!

Бу ўлим, қандай сўлим,
Гур-гуриллаб ёнамиз.
Тонг саҳарда ҳур бўлиб,
Жаннатда уйғонамиз.

Тилинг тишла, чигиртка!



* * *

1.

 

Сенсиз тунлар увласам.
Оҳу бўлсанг, қувласам.
Икки чашмимни сиқиб,
Чанқоғингни сувласам.

Гуриллар қалб – самандар,
Вужуд – пир, руҳ – қаландар.
«Кулоҳимни қабул эт»,
Чопар келса Ямандан.

Ёғдирса ҳуру ғар роз,
Тўкилсам сенга шаррос.
Тинчимни телбаликка
Алмашиб берса сарроф.

«Бундан баттар бало йўқ!»
Дор тикласа халойиқ.
Дулдулига ўнгариб,
Олиб кетса малоик.

2.

 

Қайта туғиб олсанг кўнглимни,
Қиқирласам тиззангда,
Лайло.
Дудоғингга топшир сўнгимни,
Вовайло.

Дақиқалар ўйнатгай шамшир,
Соатларга оғу-май томиз.
Қулоғингга айтмасин ғамшеър,
Ялмоғиз.

Тар руҳимни жиловла, Вужуд,
Икки дунё ўзинг сариман.
Суякларим қотгунича кут –
Қарима!

3.

 

Покланарми кулгичингда
Юракни етти чайсам?
Асов ҳисларинг овлаб
Жунун,
Ўлгудай қайсар
қайноқлигинг жиловлаб
Қатл этсам васлингни.

Сабристонни бузгай чақин.
Токай жабр ютгайсан?
Ҳукм онлари яқин,
Лайло,
Калима қайтар! –
Менга кўчиб ўтгайсан,
Қолган бари садқаисар…

Ўтдим пардани бузиб,
Бизни улғайтгай бу дор.
Сендан бу ёғи – ўзим,
Сендан у ёғи – Худо!

 

 

* * *


Менинг дардим,
Сенинг сочларинг узун…
Руҳингдан руҳланган руҳим-да сархуш.
Осмон томган кўзлар ўқийди афсун,
Соясин кўнглимга ташлаб ўтган қуш.
Кулгичларинг томир ёйган тасаввур
Кенгликларида-ей
Девона кезмак.
Туйғулар чирмашиб, тирноққа довур,
Мастона титроқлар лаззатин сезмак.

Эркингдан сипқориб коса-коса май,
Хилватим ақлимдек кетсайди тўзиб.
Яфроқларин шамол юлқиган гулдай,
Басир қобирғамдан чиқсайдинг ўсиб.
Ҳофизга айлансам,
Сочинг торларин
Чертганча дунёни бузиб куйласам.
Ном чиқарган севги ҳукмдорларин,
Жон томирларини узиб куйласам.
Куйласам –
Синдирса созин Исрофил,
Беватан арвоҳлар ҳўнграса тизлаб.
Кўзага жойланиб иблиси ғофил,
Ҳурлар-ла қовушса мужаддар ҳислар…

Ғарибман, гадонинг тўрвасидай бўш,
Кунба — кун ортади дил – хирожларинг.
Соясин кўнглимга ташлаб ўтган қуш,
Менинг дардим узун,
Сенинг сочларинг…

ХАНЖАР

 


Тоғларда улғайдим, бургутлар гувоҳ,
Барлослар ошини кўрганча баҳам.
Ҳаддимдан сал ошиб қилинган гуноҳ,
Тоғликларга хосдир муҳаббатим ҳам.

Бошқача яшашни этмангиз талаб,
Осмонни туфроққа қориб бўларми?
Ўзлигин йўқотса: нимта-нимталаб,
Жарга улоқтирар халқим уларни.

Шамол оғам бўлса, тулпорим – кенглик,
Дарёси отамдир, тошар йиқилсанг.
Меҳрибон дарахтлар опам ё синглим,
Номус – энг севимли ханжарим, билсанг.

Қоялар энгкайиб турмайди, илло,
Ўқ уз! Шу заҳоти жавоб қайтарар.
Ҳар ишин бошида айтиб бисмилло
Юрган жўмардларга макон чор тараф.

Уларга бегона занчалиш қўрқув,
Ва асло унутма, ёзиб қўй, майли.
Тоғлик ҳаётидан кечса кечару,
Ханжарин бировга бериб қўймайди!

 

* * *


Осмон қаро киймиш шойидан,
Хиёбонда сукунат – мотам.
Ҳидланмаган гуллар пойида
Туғилмаган бўсалар ётар.

Кетиб боргум овоз чиқармай,
Уйқу қўнган киприкларим маст.
Жилдир-жилдир ариқчадан най
Товушини илғайман элас.

Ситоралар улкан қафасда,
Ой-балиқнинг чеҳраси тутун.
Сездирмасдан руҳимни аста
Мовий шеърга сола бошлар тун…

* * *


…Ўкирдим,
Кўксимга урдим муштимни,
Йигитлар қутурди,
Йиғлади қизлар.
Уятга қолдириб етти пуштимни,
Тентираб юрибман пиримни излаб.

Ичдаги тўфоннинг лаззатига ғарқ,
Йўлдаман, дарбадар лўлиларга хос.
Йўқ, мени жиловлаб ололмади Шарқ,
Тулпор ҳам бермади тақдир – чавандоз.

Баҳорда кузладим,
Ёзда қишладим,
Ойдин тушларимда қашқирлар увлар.
Сизни пиширдим-у, ўзим пишмадим,
Ҳурлигини туҳфа этган сулувлар.

Ёғмурнинг сўнгги томчисидай соф,
Кетолсам қанийди туфроққа ботиб…
Ҳаётнинг кўкларга кўтаргани – лоф,
Ҳеч нарса йўқотмас мени йўқотиб…

Барибир Машрабин излар пири маст,
Телбага йўйинг-у,
Фақат ранжиманг.
Жимликка бўялган дунёдан, абас
Яшаб ўтаяпкан
Ёлғиз жангчиман!

 

***


Бу қорлар баҳордан олдинги жазба,
бу қорлар –
заминга тўкилган қўшиқ.
Куйлатиб юборар қилтомоқ сой ва
ўлимтик боғларни авжига қўшиб.
Аммо эритолмас мендаги ўтни,
Жуфтини йўқотган
илондай ўчкор
шиддати жойланган овчи бургутнинг
ичимда бўйсунмас
шайтоний куч бор.

Оҳангга тушмайди мендаги овоз,
бўкириғ,
қандайдир қалқама товуш.
Қарғага ўхшамас
эшитимли ғоз,
Олдимда булбулдай сайрайди товус.
Бу қорлар туфроққа йўлланган малай,
бу қорлар
қўрқувдан қути ўчган шаб.
Ожизлар чалиши мумкин бўлган най –
менинг юрагимда интиқом яшар!

***


Ғаразгўй шамоллар эсар асабий,
Девона шоирдек жунжикар анҳор.
Сени йўқлолмадим, пирим Насафий,
Бувим омонмикин, тўпаланг Танҳоз.

Боғларни қопламиш оғир жудолик,
Бир совуқ илжаяр тонгги қуёш ҳам.
Қаҳрига учраган чоғи Худонинг,
Аждаҳо руҳимнинг уч боши-да хам.

На ортга қайтаман, на шаҳар маъқул,
Ёввойи жазбалар қонимга ташна.
Бу йўллар измига лўлилардек қул —
лигим тобора бормакда яшнаб.

Шоирнинг дарди бут, қувончи юпун,
То туфроқ ютгунча билмайди тиним.
Синглимга салом де, елкадошим тун,
Бобомни йўқлаб тур, ёлғизлик иним.

ТЎКИЛДИМ

 


Лим-лим тошиб косадан, эй ёр,
Қайтадан узумга тўкилдим.
Сархушликдан бузилди меъёр,
Мастона сўзимга тўкилдим.

Айланиб ғамфуруш арига,
Тим қора нигоҳинг қаърига,
Тириклик, ўлимдан нарига,
Ҳам баҳор, кузимга тўкилдим.

Жилмайиб чорлаган эдилар,
Келавер, бу жаннат дедилар,
Нимталаб жонимни едилар,
Пешона тузимга тўкилдим.

Донолар оғзига қулф уриб,
Зеболар қўйнида айш суриб,
Юргандим осмонга туфуриб,
Оқибат юзимга тўкилдим.

Ёт билан висолнинг сайлига
Ёр кетди, ёшлигим – хайрия,
Қўлимда соз қолди, хайрият,
Чайқалиб бўзимга тўкилдим.

Йиртилди дунёнинг зоҳири,
Мажнуни, Фарҳоди, Тоҳири…
Томчилаб-томчилаб, охири,
Ўзимдан-ўзимга тўкилдим.

 

* * *


Бир шароб бўлсайди,
тўйгунча ичиб,
дунёни унутсам,
сени унутсам.
Бу сохта сийратим илондай ечиб,
яланғоч руҳимни
Аллоҳга тутсам.

Калтабин пошшолар тикламасдан дор,
занчалиш кимсалар қўймасдан тузоқ.
Рақибга йўлиқсам –
ўзимдай додор,
майдонни тўлдириб олишсам узоқ.

Қиёмат ажратгай
порсоми, жуҳуд,
унгача тугамай мендаги чидам.
Олиб чиқолсайдим иймонимни бут
Фаришта сийратли жинлар ичидан.

Тунлари алаҳлаб чиқаман гоҳи,
Самовий эранлар руҳи чорлагай.
Иккала жаҳоннинг олампаноҳи,
Бир кун борар бўлсам,
Ўзинг ёрлақа.

Бир шароб бўлсайди…

 

* * *


Ҳали ҳаётман…
Видога таяниб, қолмадим мункиб.
жим йиғлаётган
кўзларингдан ўпишим мумкин.
Ҳали осмон қорайгани йўқ,
шамол, қуёш, ишқ ўша-ўша.
Киприкдаги ёшингдек қуюқ
сочларингни кўксимга тўша.

Аллақайдан денгиз шовуллар –
нафасингми, юзимга теккан?
Ловуллар, чап кўксим ловуллар –
балки ажал имзосин чеккан…
Хайриятки, қучоғингдаман,
севаман де, ёқимли жилмай.
Ҳаққим борми учиб кетмоққа,
сенга, айнан сенга сездирмай.

Ҳали боғлар тўймади бизга,
Тасодифий учрашувлар мўл.
Қайғумас-ку бахтимиз чизган,
Коинотга бошлаб берган йўл.
Очилмаган бинафша сирлар,
Яшил тушлар чорлар ёлқиндай.
Ҳали шаррос-шаррос ёмғирлар,
Ўпилмаган тунлар олдинда.
Қўйгин, аччиқ йиғлаблар ётма,
Кечагидай ошиқман, чунки
Худо бўлиб термилаётган
кўзларингдан ўпишим мумкин.

Ҳали…

 

ГЎЯНДА


Миясига қурт тушган
Суяги мўрт замона.
Шайтон арава қўшган
Кетар тортган томона.
Сезмайди, йиринглаган
Елкасининг яғрини.
Ҳолига ҳиринглаган
Гўрсўхтага бағрини

Ланг очиб чорлагай, хуш,
Тепса мункимас, дўлвор.
Гарданига солиб мушт,
Чақарлар мисли кўлвор.
Сиғинган пири гўрда,
Иблисжўйга эланиб.
Ишрат суриб, майхўрдай,
Ётар наҳсга беланиб.

2.

 

Самовотдан туш, Ғирот,
Туёғингга муштоқ ер.
Энажоним, Қўнғирот,
Алпомишлар туғиб бер.
Қодирий туғ, Чўлпон туғ,
Узлатдан чиқ, Яссавий.
Етти оламда улуғ –
Рақси самоъ, “Маснавий” –
Хомиладор Румийга,
Аёлларинг қолдими?
Шолворин бошга кийган,
Дажжоллар уйғондими?!
Кунда шакаргуфторлик,
Авжига чиқар қимор.
Қўй гўштида ифторлик,
Ялло-ялло, айш, жимоъ…
Киндигимда зилзила,
Томиримга кетар зил.
Тугарми бу силсила?
Сен ғолибсан, Азозил!
Анбиёлар туғилмас,
Ё Қипчоқ, ё Ўғузда.
Аллоҳ деган нидо ҳам,
Чиқса… чиқар бўғиздан…

3.

 

Саратоннинг бетидай
дардлар ўтиб бороди,
дардлар ўтиб бороди.
Нажмиддиннинг итидай
мардлар ўтиб бороди,
мардлар ўтиб бороди.

Етмасдан чимилдиққа
сийнасини эздирган,
чеҳраси нур, шамшоди
қадлар ўтиб бороди,
қадлар ўтиб бороди.

На аёлу на эркак,
Бошдин оёғи – хато.
Издиҳом ичра ҳеза-
лаклар ўтиб бороди,
лаклар ўтиб бороди.

Шоирлари жон берса
соч юларми сулувлар?
Еру кўкдан балойи
бадлар ўтиб бороди,
бадлар ўтиб бороди.

4.

 

Яссавий, қилмишинг ҳақ,
Риҳлатнинг кўп кори бор.
Бу замоннинг на фараҳ,
На осгани дори бор.

Кўнгил айтар: маҳбуб бўл,
Пири Муғомдек солим.
Олам аҳли мағлубу
Мозористонлар ғолиб.

Ўнгмиди бундан аввал?
Ҳеч ердан чиқмади сас.
Фақат телбалик қолди,
Шундан айирмасанг, бас.
Шундан айирмасанг, бас.

* * *


Чўққилар, анҳорда чўмилган қиздай,
Қонимни маввожлаб чорлар ҳаёсиз.
Қуёшга тик қараб ўсган илдиздай,
Шимол ёғдусининг оҳанрабоси…

Ёввойи бўкириғ уйқумни кесар,
Кўпириб кетади ғужурим, шаштим.
Шаҳар сукунати, сиполик эса,
Бўрифеъл руҳимни ғижимлар ғашлик.

Мен – илвасин овчи,
Мен – додори қалб,
Наҳот чурқ этмайин, наҳот зўриқмай
Бургутлар ин қурган тоғларни ташлаб,
Илонлар ичида яшаб юрибман?!

Жазавам босилмас, тамаки шўрлик,
Зуҳрони кузатиб азон ўқилар.
Олисдан солланиб чорлар суқсурдек,
Кўзимга санчилиб қолган чўққилар…

* * *


Исфаҳоний қиличларда занг,
Сўзлар ҳаддан зиёда майин.
Бирор эрга хезлаб қарасанг,
Ожизадай ўтар жилмайиб.

Ишқ излайсан қизлар кўзидан,
Сени итдай топтагувчи ғам.
Ошиқлари олса бўғзингдан,
“Бор, йўлингдан қолма, муттаҳам!”

Девоналар учраса саф-саф,
Тилда зикру қўлида таёқ.
Бирга кезсанг Бухоро, Насаф,
Яланг тўшу ҳам яланг оёқ.

Мавлонодай (келсайди замон)
Ташвишларга ўралашмай ҳеч.
Эс-хушингдан айрилиб тамом,
Жазавада шеър ёзсанг ҳар кеч.

Ҳу-у тоғларда жангга қўшилсанг,
Шаррос-шаррос қуйса булутлар.
Душман туғин чангаллаб ўлсанг,
Жасадингни еса бургутлар.

Ув-в, дамашқий қиличларда занг,
Сўзлар ҳаддан зиёда майин.
Бошқалардай яша, яшасанг,
Сипқорганча сукунат майин…

Парвардигор, бандангни қўлла,
Йигит умрим ўтмасин бекор.
Ҳалложсифат талваса йўлла,
Менинг дорга эҳтиёжим бор!

* * *


Чанқоғингга тутаман гулоб,
Соғинчларинг тарс-тарс ёрилгай.
Жисму руҳим измингда ғулом –
Сенга шундай етиб борилгай.

Қашқирга дуч келгандай ғизол,
Сазолатиб бад-офатингни.
Кўз ёриган чиғаноқ мисол,
Ошкорлайсан латофатингни.

Сочларингни сийпалар ўпич,
Бу ваҳдатга етмас ҳеч кимса.
Томирларим шаробини ич –
Менга айлан. Ортиқ ҳеч кимсан!

Тириклигим ёлғон манинг-да,
Бари масиҳ тунга боғлиқдай.
Нафис титраб турган танингга
Жим ёйилиб кетдим оғриқдай…

* * *


Давраларнинг тўридалигим,
Ўз йўлига телбалигим ҳам.
Шоир бобом бор эди менинг –
Азон айтиб дунёни саҳар
Уйғотгувчи оғир ғафлатдан…
У кетган тун шамол тутоқиб,
Ёқасини йиртди ҳавонинг.
Чўллаб кетган боғлар ютоқиб,
Кўкракларин эмди самонинг.
Тумшуғига қўндириб ойни,
Увлаб чиқди қишлоқи бир ит.
Тизгинидан бўшалган тойни,
Тутолмади қирқ абжир йигит.

Қувноқларни жеркиб, ётсираб,
Уйиб олди қовоғин бозор.
“Менда ётсин, менда ётсин”лаб,
Гўр талашди ўн бошли мозор.
…Экиб келдик. Тинди ғалаён,
Отасига қўшни тутинди.
Авлиёлар ётган қабристон,
Мана, энди бағринг бутунми?

Шоир бобом бор эди менинг,
Соқолидан нур ёғарди, воҳ.
Нимаси пеш телбалигимнинг,
Ёнимда у бўлмаса, Аллоҳ!
Тунлар қабрин бошида мулзам
Шеър ўқийман зорланиб, ёниб:
“Шоирлари кун кўрмай ўлса,
Ким уйғотар ғофил дунёни?!..”

* * *


Ёмғирларда сайр этмоқ завқли…
Балиққа айланиш мумкин
бу пайтда.
Сув ўтлари каби дарахтлар –
Сузасан шаҳарнинг юзаси томон…
Ўпкасидан аччиқ дуд пуркаб
бир гала қанотсиз балиқни ортган
каноэлар ўтиб-қайтади.
Хомиладор чиғаноқларнинг
кўз ёришин кутгандай илҳақ
итбалиқлар ғингшир пана-пасқамда.

2.

 

Нилуфарга ошиқ балиқман.
У юксакда,
жудаям олис –
қуёш билан ёнма-ён яшар.
Ҳар ёмғирда йўлга тушаман –
Сузаман шаҳарнинг юзаси томон,
ва етиб боролмам ҳеч қачон.
…йўлнинг охирида охир йўқ
Сен бор,
Сен эса янги бир йўлнинг бошисан,
Нилуфар…

* * *


Кичрай осмон,
Кўзимдай кичрай,
Йиғлашайлик, дағи хомушман.
Ижтимоий шовқинлар ичра
Гангиб юрган қадим товушман.

На аёлга дўнди қовурғам,
На севгидан юрагим яро.
Қувватини айшга совурган
Хоқонлардан аҳволим хароб.

“Ё пирим”лаб олдга талпиниш,
Доирада айланмак малол.
Коинотга чиққан альпинист –
Жаҳонгашта тушларим ҳалол.

Қолган бари майда-чуйдалар,
Йўл-йўлакай ичилган қасам.
“Қани-қани”, “ҳуйда-ҳуйдалар” –
Илдизимни чуритган ҳасад.

Қабрнафас саволлар ичра,
Қарамагин қовоғинг уйиб.
Кичрай осмон,
Кўзимдай кичрай,
Симирайин ўзимни қуйиб.

Қолган бари майда-чуйдалар…

* * *


Тунда бошланади ҳаётим,
Телбаликка берилар муҳлат.
Деразани очар қанотим,
Аста кириб келади руҳлар…

Қоронғунинг ойдин йўли бор,
Ҳиргойиси: ингичка, майин.
Кафтлар орасидан беғубор
Тўкилаётган қумдайин…

Яна ўхшар занжи жувонга,
Қучоғингда тўлғанару маст,
Азобласанг чандон қувонгай,
Сўнг жонингга қилмайди ҳам қасд…

Тун – иқрорга энг маъқул маҳал
Издиҳомда сиғарми ҳаддинг?
Қабристонга айланар шаҳар,
Сукунати чўкар лаҳаднинг…

Кундуз. Умрим тўхтар тақа-тақ,
Қовушмайди нур-ла насабим.
Руҳлар билан кетганман, фақат
Орангизда юрган – жасадим…

* * *


Мен жоҳилман,
Ўз эркига қул,
Яшаш тарзим ғарибдан-ғариб.
Коинотни лойиқ кўрмай Ул,
Заминига қўймиш қантариб.
Алламаҳал ёввойи отлар
Кишноғидан сапчиб тураман.
Туғилсайди самовий зотлар,
Токай ёлғиз умр кўраман?!

Аён, қайта тушмайди Буроқ,
Ҳурлар, қачон бурғу чаласиз?
Ғужуримни қўзғайди мудроқ,
Енгилган жасадлар галаси.

Кимдир борми-и?
Қиламан довуш,
Гадо майли, сас чиқармас шайх.
Қуллигидан миннатдор, сархуш
Чеҳраларга тупугинг ҳам ҳайф.

Узоқ қолмам,
Келар сўнгги дам,
Бир кечада – яқин йўламанг! –
Мен ҳамманинг кўзин ўнгида,
Исо каби ғойиб бўлман.

* * *


Ижарама-ижара юрмаймиз –
Ўлимдан кейин.
Эшитмаймиз йиғи товушин.
Дор эмас,
Чимилдиқ тортар қирқ пари,
Асал қўшиб ичамиз туя сутига.
Оҳу эмиб ўсажак туйғуларимиз –
Ўлимдан кейин.
Қонли ўқлар шовқин-суронин
Босиб кетар гўдак кулгуси.
Ягона ватанда яшайди ҳамма,
Бир сўздан иборат қонун бўлар –
ЭРК!
Фақат,
Фақат ўлимдан кейин…
Азоб-уқубатлар кони – жаҳаннам,
Ундан ҳам покланиб ўтишинг мумкин.
Бироқ
Абадий роҳатга дош
берармикин у –
Заминда юрган дўзахдир шоир!

…ўлимдан кейин…

 

Шоир шеърларини сайтимиз почтасига йўллаган муҳлисга миннатдорчилик изҳор қиламиз.

Х.В.