4 (197x303, 18Kb)

Хосият Бобомуродова шеъриятидан

 

 

 

 

Бу йўллар

 


Узун узун бу йўллар, эшилиб кетаётир.
Йўлчисига бу жоним, қўшилиб кетаётир.

Изларидан тикилиб, яна қанча куёйин?
Одамлар оёқ қўйса, мен бошимни қўёйин.

Тоғ йўллари,тоқ йўллар, ҳолимни билсангизчи,
Олис кетган отлиқни  қайтариб келсангизчи.

Қайтаман деса агар, пойида йўл бўлойин.
Теграсига сочиб зар, боғида гул бўлойин.

Айтолмайин дардини сочилиб ётар тошлар.
Ювиб чиқай гардини кўзимдан тўкиб ёшлар.

Йўл туташган ерларни чаманлари бормикан.
Йўлдошимга кўз тиккан ёмонлари бормикан.

Узун узун бу йўллар эшилиб кетиб борар.
Йўлчисига қирқ жоним қўшилиб кетиб борар.

 

 

***


Сенга бунча ёниб интилдим,ё раб,
Бу қандай телбалик, бу қандайин сир
Мўъжиза кашф этдим бир тошга қараб,
Музлаган бир кўшкка бўлибман асир.

Ўзимнинг кўксимга сиғмаган дилни,
Қандай қилиб сенга қўролдим лойиқ.
Тошга топширдим-а , гулдай кўнгилни,
Ҳақлидир ҳолимга кулса ҳалойиқ.

Энг узун тунларда чека-чека ох,
Сўзладим, бўзладим, жим кетдим охир.
Балки ноҳақдирман, сенда йўқ гуноҳ,
Ҳечса ,айбсизман деб айтсанг-чи, ахир...

Сув сепгандай совуқ, жим-жит ҳамма ёқ,
Ўтмай ўтаётган кунлар бари ёд.
Юрагим вайрона, хаёллар чок-чок,
Нега бунча жимсан, қўрқоқ сукунат?!
Сенсиз ҳам баҳорлар келади, дараҳтим.

Фақат у баҳорлар бошқа бўлади,
Унда гул очади маҳзун куртаклар.
Недандир кўзларинг ёшга тўлади,
Тилингдан тўкилар узу-ун эртаклар.

Юз бор гул тутса ҳам бошқа баҳорлар,
Мен кул қилган баҳорингга қайтасан.
Осмонга қўшилиб йиғлаб, саҳарлар,
Дардларингни шамолларга айтасан...

Тахтинг билан бирга қулайди бахтинг,
Юз баҳор кўрки ҳам қилмайди таъсир.
Ёлғон, кетаман деб қилган минг аҳдинг,
Хазонрез кузларга тушасан асир.

Қўй кўкка ёлборма, чўкма унга тиз,
Бевафо ёмғирлар сени унутган.
Алдамчи гуллардан умидингни уз
Сенинг баҳорларинг мен билан кетган.



Ватан ягонадир, Ватан биттадир



Дерлар ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Ватан деб ватандан кетганлар айтсин,
Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,
Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Менинг Темур бобом соҳибқироним,
Асрларни енгиб елган бўроним,
Қонидан қўшилган бир томчи қоним,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Биров бор онасин ташлаб кетади,
Биров бор боласин ташлаб кетади
Аммо ватан ташлаб кетмас ҳеч қачон,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Нега томиримга сиғмай борар қон,
Эрларнинг жони ўн, меники қирқ жон,
Бер деса борини қиламан қурбон,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.


***


Кўксимга сиғмайди энди бу азоб,
Сўнгигача ёқар томирларимни.
Қора булутларин елдириб тезоб,
Кўзимга келтирди ёмғирларини.

Майсалар югуриб чиқди йўлимдан,
Кўрди кўзимдаги қайноқ ёшимни.
Бошимни силамоқ келмас қўлидан
Ё кўксига ололмайди бошимни.

Чопди юрагимни титиб, яралаб,
Ҳамдард бўлайин деб энг тоза сўзлар.
Кўрса юрагимни кезиб, оралаб,
Қон йиғлар соғинчинг қолдирган излар…


***


Суҳбати хуш ёнимда шукур,
Тангрим, сенинг эҳсонларинг нақд.
Нега бунча қисқадир бул кун,
Нега бизга етишмайди вақт?

Ошно бўлдик қалб сиримизга,
Бахт айланди асиримизга,
Тўймай қолдик бир биримизга
Бизга мудом етишмайди вақт.

Ҳар гал юрак очилмай қолар,
Битта тугун ечилмай қолар,
Битта кўнгил кечилмай қолар
Бизга фақат етишмайди вақт.

Ғамлар учун ҳамиша вақт бор,
Айрилиқда фурсатлар бисёр,
Этмоқ бўлсак кўнгилни изҳор,
Бизга доим етишмайди вақт.


Манба:- Xoсият Бобомуродова саҳифаси

 

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)