d2b7440a4d59cbe5735b79cf3011cefc (560x412, 37Kb)

Шухратбек Абдураҳмонов

Андижон вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси



Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида: "...ислоҳотларнинг асосий мақсади – аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир. Жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган бу сиёсат бундан кейин ҳам сўзсиз давом эттирилади," дея таъкидланди. Бу – каттаю кичик раҳбар, ҳар бир фуқаро учун дахлдор бўлган эзгу ҳаракат десак, асло муболаға бўлмайди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган олижаноб ғояни ҳаётга татбиқ этишнинг замирида ҳам мана шу бош вазифа турибди.


Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан қўйилган дадил қадамлар, бу борада фаолиятимизда рўй берган камчилик ва нуқсонлар очиқ-ошкора ва жиддий таҳлил асосида кўрсатиб берилди.

Президентимизнинг ҳар бир айтган сўзи, зиммамизга юклатилган вазифалар фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришини кафолатлашга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этишга қаратилганлиги билан ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

 

6 (700x291, 88Kb)

1473054965_0509and4 (620x458, 59Kb)

 



Одамларга фаровон ҳаёт яратиб бериш учун мустаҳкам пойдевор қуриш хусусида сўз юритилар экан, аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш ва мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш зарурлиги яна бир бор яққол аён бўлди. Айниқса, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш масаласи устуворлик касб этмоқда. Энди бошқача яшаш ва ишлаш талаб этиляпти.
Масалан, бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш кундалик қоидага айланиши даркорлиги таъкидланди. Бу, бевосита аҳоли зич яшайдиган ва ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш тақозо этиладиган вилоятимиз учун муҳим масала ҳисобланади.

Биз аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида дастлабки қадамларни қўйдик. Бироқ бундан қаноатланмасдан ишларни дадил давом эттиришимиз, ҳаракатларимизга танқидий кўз билан қараб, айрим хато ва нуқсонларни бартараф этишимиз зарур. Чунки ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ ва маҳалланинг ўзига хос хусусиятлари, ерга, меҳнатга, иш ташкил этиш билан боғлиқ муносабатлари мавжудлигидан кўз юммаймиз. Шошма-шошарлик, бепарволик ва айрим ҳолларда одамларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмаслик каби ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди. Маҳаллаларда агрофирмалар фаолиятини изчил ташкил этиш кун тартибида турибди. Банкларда бу масалага кредит маблағлари йўналтириш борасида оворагарчиликлар барҳам топиши зарур. Буларнинг барчаси аҳолининг ҳаёт даражасигагина эмас, иқтисодиётимиз ривожини таъминлашга ҳам хизмат қилишини унутмаслигимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усулларидан кенг фойдаланиш орқали пировард натижа – аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатиш кераклиги уқтирилди. Шу нуқтаи назардан олганда, бугун одамлар орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш, бу борада мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш истаги кучайганлиги оддий ҳақиқатга айланди. Демак, биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор бизнес ғояларини рўёбга чиқариш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирларга алоҳида аҳамият бермоғимиз шарт. Уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш зарур. Тўғри таъкидланганидек, бу шунчаки қоғозда рақамлар ва ҳисоботлар билан эмас, балки амалдаги ишлар орқали кўрсатилиши, айниқса, депутатлар аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга оид меъёрий ҳужжатлар ижросини қатъий назорат қилишлари лозим, деган талаб қўйилди.

Аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайдиган жиҳатлардан бири, сўзсиз бандлик масаласига бориб тақалади. Ишсиз аҳолининг муаммоларини ҳал этиш вилоятимиз миқёсида ҳам долзарб масала эканлигини барчамиз яхши биламиз. Президентимиз ўз маърузасида бу "оғриқ нуқта"ни Олтинкўл тумани мисолида эътироф этди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасидаги нохуш ҳолатлар тилга олинди. Тумандаги хўжалик юритувчи субъ-ектлар салмоғидан келиб чиқиб, ҳудуддаги коллежлар битирувчиларининг тақсимоти етарлича йўлга қў-йилмаганлиги юзасидан қилинган таҳлил биз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак.
Мана шундай мулоҳазаларни асос қилиб олган ҳолда бошқа касб-ҳунар коллежлари фаолиятини кечиктирмасдан кўриб чиқишимиз, тегишли хулосалар ясашимиз ва ишга бутунлай янгича ёндашмоғимиз шарт. Коллеж битирувчисини иш билан таъминлаш, умуман, бандлик масаласи юқори даражадаги минбардан туриб вилоятимиз мисолида тилга олинишининг ўзи масаланинг жиддий эканлигидан далолатдир.

Шаҳар ва туманларда муаммога биринчи даражали вазифа сифатида қараш талаб этилади. Битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилашимиз даркор. Шунингдек, ҳудудларда ташкил этилаётган "Бўш иш ўринлари ярмаркалари" нинг натижалари ҳақида аниқ якуний хулосаларга эгамизми? Ёки шунчаки ҳисобот учун ўтказиш ҳоллари рўй беряптими? Корхона, ташкилот, муассасалар томонидан таклиф этилаётган иш ўринлари ишсиз кишининг талаб ва эҳтиёжига мос келяптими? Янги иш ўрнига эга бўлган ёки йўлланма олган фуқаронинг келгуси фаолияти, тақдири қандай кечяпти? Мана шу масалалар ҳар бир мутасадди раҳбарнинг фикру ўйида туриши керак.
Президентимиз томонидан мамлакат тараққиётининг асосий таянчи – иқтисодий тармоқлар ривожи билан боғлиқ масалалар тилга олинганда, 2017-2021 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва инфратузилма дастурини амалда бажариш, мамлакатимиз ҳудудларига салмоқли инвестицияларни киритишга доир муаммолар борлиги, автомобилсозлик ва шаҳарсозликни такомиллаштириш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, хорижий инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар қониқарли эмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Бу борадаги дастуриламал вазифалар вилоятимизда ҳам муайян ишларни амалга оширишни тақозо қилади. Тижорат банклари билан биргаликда хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишларнинг аҳволини ҳар чорак якунига кўра чуқур таҳлил қилиб, шахсан Президентга ахборотнома киритиш вазифаси қўйилди. Шунинг учун ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимлари ҳудудлар саноати ва инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан инвестиция лойиҳаларини яна бир карра қайтадан кўриб чиқишлари, ҳудудий дастурларнинг ижросини қатъий кун тартибига қўйишлари лозим.

Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифасини белгилаб берди. Қўйилаётган талаблар ҳар бир раҳбарни, у ҳокимми ёки кичик муассаса раҳбарими, бундан қатъи назар зиммасидаги мажбуриятни виждонан адо этишга ундайди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг ишончини қозониш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб яшаш керак. Одамлар буни кундалик ҳаётда сезиши, кўриши зарур.
Вилоятимиз аҳлининг мамлакатимизда кечаётган бугунги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси кучли, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкам. Зеро, юқори даражадаги минбардан туриб айтилганидек, " бизда куч ва имконият, билим ва салоҳият ҳам, қатъий ирода, интилиш ва азму шижоат ҳам етарли."

Манба: -Андижоннома газетасининг интернет саҳифаси.

 

1456665062_7934656836_199a005cae_b-886x588 (450x298, 26Kb)

 

Бугунги Андижон