6a85a73bfb2287ce37d634bdc2bc77e1_750x300 (398x300, 32Kb)

Хуршид Дўстмуҳаммад

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 



Мен асарларини севиб ўқийдиган юксак дидли ёзувчилардан бири Ҳуршид Дўстмуҳаммаддир.

Хуршид аканинг лирик туйғуларга, жойсона онг оқимига, руҳий таҳлилларга бой, фалсафий теран асарларини ўқиб, анчагача ўша асарлар таъсиридан чиқолмай юрардим.


Ҳозир ҳам шундай.


Хуршид Дўстмуҳаммад нафақат истеъдоди Худо тамонидан ато этилган ёниқ ёзувчи, балки хасад, бахиллик ва разиллик деб аталадиган иллатлардан хазар қилгувчи, кўнглида кири йўқ, ростгўй, яхши инсон.

Адибнинг қуйида ҳукмингизга ҳавола этилаётган ҳикояси дарё ҳақида, аниқроғи, гоҳо сокин, гоҳ қирғоқларини қўпориб оқувчи талотумли ҳаёт дарёси ҳақида.

 

Холдор Вулқон

Қичқириқ

(ҳикоя)



Султон эсини танибдики, ҳар йили ёз кезлари уч ё тўрт бола-бақра, гоҳо кап-катта ёшдаги эркак Қичқириққа ғарқ бўлади. Кунлаб, ҳафталаб бутун маҳалла-кўй оёққа қалқийди, изиллаб-бизиллаб қидир ҳо қидир давом этади, ғарқ бўлгувчи ўша куни ё эртаси топилса топилди, топилмаса, орадан беш, етти… ўн кунлар ўтгач анҳорнинг кунботар томонларида ё беридан, ё наридан шишиб, дўмбира бўлиб кетган жасад сув бетига қалқиб чиқади… Тамоман дом-дараксиз кетганлари ҳам бўлган… Ана шундай пайтларда неча кунгача, “Қичқириқ қутирибди!”, “Қичқириқ қонсирабди!”, “Қичқириққа яқин йўламангле-ер!”га ўхшаш гап-сўзлар кексаю ёшнинг, эркагу аёлнинг оғзидан тушмайди. Бироқ асов ва бетизгин Қичқириқ оқимининг шафқатсизликлари ҳаётнинг оддий, осуда ва бир маромдаги оқими оғушида жуда тез унутилади, қолаверса, инсон феълининг ажаб қонуниятларидан бири шундаки, бир бора телба гирдоб комига тушмаган банда ўзининг ғарқ бўлиш эҳтимолидан ҳоли эмаслигини сира тасаввурига сиғдиролмайди.

 

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 

 

Наша қиладиган жойи шундаки, анҳорнинг азал-азалдан мана шундай серғулув феълини бинойидай биладиган кап-катта эсли ҳушли одамлар ҳам Қичқириқ ўзанини сокин оқар дарёга ўхшатадилар. Ким билсин, бир томони, ҳамиша анҳорни тўлдириб оқаётган сув юзасининг вазмин ва сокинлиги кўрар кўзни алдаши, чалғитиши, ғафлатда қолдириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас…
Султон оёқяланг оҳистагина сувга тушиб, бир-икки одим ташлаган, муздай сув тўпиғига уриб, бир текисда тўшалиб қолган бодроқ тошчалар оёғининг остини қитиқлаган дамларда буларнинг ҳеч бирини хаёлига келтирмади. Ваҳоланки, неча кундан буён бир ўй-бир хаёл унинг оромини ўғирлаган, унинг қўлларидан етаклаб бот-бот анҳор ёқасига бошлаётган, ҳатто елкасидан итариб-турткилаб қўярда-қўймай уни сувга тушишга ундаётган эди. У болалик чоғлариданоқ Қичқириқни ёқтирмаслигини,  ёқтирмасгина эмас, ҳатто ҳар сафар “Қичқириқ” деган номни эшитганнинг ўзидаёқ унинг мурғак болалик қалбига муҳрланган номсиз қўрқув ва ваҳима кўлагаси кўз очиб, сесканиб кетишини, болалик-ўсмирлик кезлари тенг-тўшларига қўшилиб Қичқириқнинг саёз соҳилларида сузишни ўрганган, қулочкашлаб сузиш машқини эплаштирдим, энди сира сувдан чўчимайман, деган ўзида ишонч пайдо бўла бошлаган кунларнинг  бирида тўсатдан оқим уни комига тортиб кетганини, Султон ҳарчанд зўриқиб чиранмасин ўзини ўнглаш, қирғоқ томон силжиш ўрнига, сувнинг остки оқимларига бас кела олмаётганини, икки-уч дафъа бошини, кифтини сувдан азот  чиқариш эпини топганига қарамай қандайдир ёввойи куч худди оёқларидан бир ёққа, белидан иккинчи ёққа тортиб анҳорнинг қаърига сўриб кетаётганини сезиб қолганини… кейин қандай ҳодиса юз берганини эслолмаслигини… ҳушига келганида эса қирғоқдаги тол остида оёқ-қўлларидан жон чиқиб кетгандек бир алфозда шалпайиб ётганини, тепасига йиғилган тумонат бири олиб-бири қўйиб ғўнғирлашаётганини, кейинчалик эсини таниб, шаҳар марказидаги сув ҳавзасига қатнайдиган бўлганидан буён қайтиб бу шум анҳорга қадам босмаганини, унда чўмилиш тугул, ҳар сафар кун-узуккун сувдан чиқмай шодон қийқиришаётган бола-бақрани кўрганда юраги орқасига тортиб кетишларини – ҳамма-ҳаммасини унутди. Султонни сувнинг сеҳрли жилдир-шилдири ҳам, эрта уйғонган қушларнинг чуғур-чуғури ҳам, хийла наридаги катта йўлдан унда-мунда елиб ўтаётган автоларнинг шовқини ҳам чалғита олмади.
Сув Султоннинг болдирига, тиззасига, зум ўтмай белига ура бошлади. У анҳорга қаердан тушишини узоқ ўйламади, ёз келди дегунча анҳор устидан ўтган ёлғизоёқ темир кўприкнинг ён-атрофи маҳалла болакайларининг, иссиқлаган эркакларининг издиҳомига айланади, чунки бу ерда сув янаям ёйилиброқ ва янаям сокинроқ оқади, чамаси, эллик-олтмиш қулоч қуйироқда эса анҳор ўзани туйқус тораяди, оқим ҳам  бир зум забтига олади. Шўрпешона келинчак  худди шу жойда челакни сувга ботиргану…
Султон анҳор ўзани тораядиган жойга етар-етмас бир шўнғиб олдию, бадани сувнинг совуқлигига кўникди, у олдинда ўзини қандай ҳолатлар кутаётганини хаёлан чамалаб кўришга тутинган пайтида бирдан оқим, аниқроғи, оқимнинг туби ғалати тарзда тезлашганини, икки томон қирғоқ дов-дарахтлари қуюқлашганини, ўзи эса бир қоғоз парчасидек, гул япроғидек сассиз-несиз оқиб бораётганини пайқади. Султон оқим шиддатига мослашишга, қандай бўлмасин, сувнинг тубига ботиб кетмасликка уринди, боши-бети аралаш пайдар-пай урилаётган  тўлқинга парво қилмай, равон нафас олиш учун бетини дам ўнг, дам сўл томонга бурар, шунинг баробарида… ахир у анҳорга сайр этиш ёхуд сув ҳавзасида орттирган сузиш маҳоратини намойиш этиш ниятида тушмади, балки ўн беш кунлик келинчакнинг жасадини топишга аҳд қилди у! Келинчак ғарқ бўлган куннинг эртасига бу ҳақда Башоратга гапириб берди. Қиз, “Вой-й, бечора-а!” деб юборди жони ачишиб. Башоратнинг сутдек оппоқ яноқлари янаям оқариб кетгандек туюлди Султоннинг назарида, қиз эртаси, индини афтидан атайин қўнғироқ қилди, келинчакнинг топилган-топилмаганини яна сўради-суриштирди, ҳаётининг мазмунига айланиб қолган севгилисининг қизиқиши ортгани сайин қонсираган Қичқириқ комига тортиб кетган жасаднинг топилиши Султоннинг саъй-ҳаракатига қараб қолаётгандек   бўлаверди.
Султон буларнинг барини бир ҳафта ўйлади, ҳар тонг уйдан чиқаётиб, ҳар оқшом уйига қайтаётиб суриштирди, бутун маҳалла аҳли қатори у ҳам умидини узмади, жигаргўшалар, таниш-билишлар, қариндош-уруғлар куну тун Қичқириқ ёқалаб зир югуришди, Султон, “Ғаввослар-чи? Наҳотки, улар ҳам ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмасалар?!” дея норозилигини яширмади, бу саволига ҳеч касдан тайинли жавоб ололмади, ғаввосларнинг каттасига ўзи йўлиқди, ғаввосбоши, лоақал унинг кўнгли учун гапига қулоқ солмади ҳам, қўй, бизнинг ишга аралашма, деган маънода энсаси қотиб қўл силтади-қўйди. Султон сув ёқалаб анҳор ўзанини, қирғоқнинг саёз-тиклигини, дов-дарахтнинг қуюқ-сийраклигини кўриб-билиб қўйиш мақсадида анча жойгача  пойи пиёда борди, кетганча кетаверди, шунда кўнглида мутлақо ўзи ўйламаган-нетмаган ҳис-туйғулар пайдо бўлди – Султоннинг қалбида анҳорга, анҳорнинг иланг-биланг илонизи ўзанига, уни тўлдириб-айқириб оқаётган сувига, бир-бирини дам сассиз-несиз, дам кўпириб-оқариб, дам беозор-мулойим шовқин солиб аллақандай заруриятдан қуруқ қолаётгандек шитоб-ла қувалашиб бораётган тўлқинларга нисбатан меҳр-шафқатга ўхшаб кетадиган яқинлик, илиқлик кўз очди. Назарида анҳор ҳам ундаги бу ўзгаришни пайқаган, меҳрга яраша майл-муҳаббат изҳор этишга шайланган сулувдек йигитни ўз оғушига чорлаётган эди. Иттифоқо Султон анҳор қаъридан чиқиб келган ғаввосга дуч келди. Теварак-атроф кимсасиз эди, Султон ўйлаб турмай уни саволга тутди.
– Бу дунёда мен тушмаган сув қолмаган, илло бунақасини кўрмаганман! – деди гирдиғумдан келган ғаввос ҳансираб, сўкиниб. Унинг афти сувнинг совуқлигиданми ёхуд қўрқувнинг зўриданми – гезариб-кўкариб кетган эди. Энди эса… Султон дам-бадам оёғига, белига алланималар урилаётгани, илашаётганини сезган замони ғаввосларга осон тутиб, чакки қилганини тушунди. Ахир қиш кезлари у ўз кўзи билан кўрган, аёз палласи Қичқириқнинг суви қурийди, ёлғизоёқ темир кўприк устидан ўтаётиб Султон анҳор ўзанига термилганича беихтиёр тўхтаб қолади, анҳор тубида чўкинди бўлиб ётган шох-шабба борми, темир-терсак, суяк-саёқ, хонадон деворлари оша итқитиллган рўзғор буюмлари, чиқинди қолдиқлари, шиша, сим… қиёфасини йўқотган қорамол, қўй, ит, мушук мурдалари… Баҳор бўтаналари уларнинг барини супириб-сидириб кетаолмаслиги аниқ! Ғаввослардан бирор-ярими энгил-бошидан темир-терсак ё шох-шаббага илиниб, ҳаёти хавф остида қолса қолгандир? Келинчак  шўрликнинг жасади ҳафта ўтиб ҳам сув сатҳига қалқиб чиқмаётганининг сабаби ҳам шундадир?.. Яна… Қичқириқнинг сувлари ўзан тубида чўкинди бўлиб ётган лаш-лушу чиқиндилардан покланиш қасдида бу қадар серзарда, асов ва телбавори оқаётгандир?..
Султон оқимга қарши қулочкашлади, у оқим шиддатини ўзи кутганидан кўра осонроқ енга олаётганидан қувонди, қирғоқ ёқалаб сувга шох ташлаб ўсган дарахт остларини кўздан кечирди. Бир пайт унинг болдирига узун тасмага ўхшаш шилимшиқ нарса чирмашди, у совуқ сувдан-да совуқроқ эди! Илонмикан, деб юборди Султон қўққисидан ва болдирини исканжага олаётган муздек тасмани бир қўллаб юлқиб тортди. Жонзотга ўхшамади, илон бўлса чақар эди!.. Сувости ўтимикан?.. Бундай деса, ҳарчанд тортмасин, тасма узилмади. Султон оёғидан осилиб, боши оқим томонга ўгирилиб қолганидан бурнига сув кириб кетаётганини, илиниб қолган оёғини тезроқ бўшатмаса бу аҳволда узоқ қолиши хавотирли эканини сездию, барча ҳаракатларини бас қилди, бутун гавдасини оқим измига берди. Бир неча сония ғарқ бўлиб оқиб бораётган жасад ҳолатига тушди. Чидади. Зум ўтмай совуқ тасма сирғалиб-сирмалиб чиқиб, оёғи сиртмоқдан бўшалди. Султон ўзини ўнглади, сув бетига азот отилиб чиқди-да, кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олгач, ҳаялламай оқимга қарши суза кетди. У нигоҳ ташлолмай қолган пана жойларни назардан ўтказди, қўл-оёқларига дам  бермоқчи эди – бўлмади, асов тўлқин Султоннинг дам ўнг, дам сўл ёнбошидан сув остига тортиб кетар, у ўзини ўнглаб, теварак-атрофга аланглаб, қаддини ростлагунига қадар зумда олислаб кетаётган, шундан оқим шиддатини чамалаётган эди. Қулочкашлаб сузишда давом этди. У Қичқириқнинг бу қадар асовлигини ўзича тахмин қилар эдию, у билан биринчи бор яккама-якка юзма-юз қолганидан, анҳор сувининг саркашликларини эндигина аниқ-тиниқ ҳис қилаётган эди!
У кўзларини катта-катта очиб олган, асов тўлқиннинг устма-уст ва аёвсиз “шапалоқ”лаб  уришига ҳам, сувнинг кўз очирмай сачрашига ҳам эътибор қилмас, анҳор ёқаларини, қирғоқдан қараганда кўз илғаши мушкул  бўлган пана-пастқам жойларни назардан қочирмасликка ҳаракат қилар, қаердадир албатта сариқ кўйлакнинг этаги ё бир парчаси кўриниб қолишига ишончи комил эди. Бироқ йўл-йўлакай у сув остини ҳам қадам-бақадам пайпаслаб ўтишга аҳд қилган, бунинг учун у  сузиб бора туриб, дам-бадам сув остига шўнғир, ғаввослар ҳам эҳтиёткорликни унутмайдиган ўзаннинг туб-тубига етишга ҳаракат қилар, қўли, боши, елкаси билан алланималарга урилиб кетар, ҳар қанча урилиб-сурилмасин, ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмас, фақат сув сатҳидан унинг энг тубига қадар тўлқин қават-қават бўлиб турли тезликда оқаётганини бутун гавдаси – елкалари, бели, оёқлари билан яққол ҳис қилаётган эди. Шу ҳолат унинг сув юзасида бир маромда мувозанат сақлашига ёки оқиб боришига йўл қўймаётган эди.
Султон ҳудди анҳор билан тил топишиб олгандек, у билан “битилган” сулҳга кўра ўзаро хиёнатга йўл қўйилмаслиги муқаррардек, яъни омонсиз оқим зинҳор йигитнинг ёш жонига қасд қилмайдигандек ғарқ бўлмаслигига аниқ ишонар, бунга йўл қўймаслик учун қурби-қурбати етишини ҳис этиб турар, фақат нафас қисиб ҳаво етмай қолгандагина ирғиб сув бетига қалқиб чиқар, ютоқиб, кўксини қондириб-қондириб нафас олганича атрофга, икки томон қирғоққа аланглар экан, анча-мунча олислаб кетганини сезар ва эътиборидан четда қолган бурчак-ўнгирларни қайта-қайта кўриб, ўзида ишонч ҳосил қилиш истагида яна оқимга қарши қулоч ота бошларди.
Қизиқ, келинчакнинг ғарқ бўлгани ҳақида ким гапирмасин, албатта унинг сариқ кўйлакда эканига урғу беришарди. Султон унга икки дафъа шекилли, тонг саҳарлаб уйдан чиқаётиб кўчани ялагудай қилиб сув сепиб супираётганида кўзи тушган, ўшанда оҳори тўкилмаган келинлик либоси ўзига бирам ярашган, файзли келинчак бир зум супиришдан тўхтаб, одоб сақлаб чеккага чиқиб бош эгиб турган, Султон ҳадемай уйланса, мана шундай алфозда одоб сақлаб турадиган Башоратойни кўз ўнгига келтириб этлари жимирлашиб кетган, шундай тотли ва масрур хаёлда келинчакнинг иболарга бурканган эшитилар-эшитилмас саломига дурустроқ алик ҳам олмаган, болаликдан ҳамма “Мавла”, “Мова” деб чақиришга одатланган қўшнисини мана шундай фусункор ва кўҳлик қаллиқ билан оила қургач,  Султон унга “Мавлон”, “Мавлонбек” дея исмини тўлиқ айтиб мурожаат қилишга ўзини, тилини кўниктираётган эди. Мавлонбек ҳам гап орасида  …сариқ кўйлакда экан, деди, кетидан, калта, енгсиз гулдор нимчаси ҳам бўлган, деб қўшиб қўйди. Куёвбола ўзини ҳарчанд босиқ-вазмин тутишга уринмасин, Султон икки-уч кунда унинг ранги сўлиш олиб, хаёли паришон тортиб қолганини сезди.
Бу гапдан Султоннинг энсаси қотдию, кулфатзада Мавлонга сездирмади, чунки бундай ҳолатга йўлиққан одам ақл бовар қилмас чўпчакка ҳам ишонади, умид-илинж излайди. “Ярим тунги сукунатда анҳорда ғарқ бўлган одамнинг фарёд чекиши эшитилармиш!..”
Куёвтўранинг сўнгги умид иплари ўрнида базўр илиниб турган “дарак йўқ, жим-жит” деган сўзлари оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи аянчли латифага ишора эди. Демак, Мавлонбек шу қабилдаги гапларга ҳам умид боғлаб, тунлари мижжа қоқмаётган, Қичқириқнинг тунги шовуллашлари орасида ўзига эндигина қадрдон бўлиб улгураётган овозни эшитиш илинжида… “Мавлонбекнинг ўзини ёрдамга чақирмабман-да” деган ўй кечди Султоннинг хаёлидан. Ахир ғарқ бўлган, бунинг устига неча кундан буён топилмаётган одамнинг ёрдам сўраб зорланишига ишонишдан кўра Мавлонбек ёнида бўлганида белидан арқон ўтказиб, бир учидан қирғоқда тутиб турар, шунда оқим Султонга бу қадар зуғумини ўтказмас, сув сатҳини ҳам, тубини ҳам қадам-бақадам қараб чиқиши бирмунча осон кўчар эди. Ёхуд ғаввосларга қўшилиб… йўқ, улар бунга изн беришмайди, буёғи, Султоннинг ўзи ҳам ўзига етганича ўйлаганидан, жазм этганидан қайтмайдиганлар хилидан!.. У атайин одамлар сийрак пайтида анҳорга тушиб, шу асов Қичқириқ билан яккама-якка олишишга хезландими, бас-да, саркаш тўлқин беҳисоб катта-кичик гирдобларга бас келаётган Султонни кунботар томонларга шиддат билан оқизиб кетмоқчи, Султон эса ундан енгилишни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ, қандай бўлмасин, бир ҳафтадан буён топилмаётган ўн беш кунлик келинчакнинг жисми-жасадани излаб топса, уни қиёматли ён қўшниси, ўн беш кунлик куёв Мавлонбекнинг қўлига тутқазса!.. Туртилиб-суртилмаган жойи қолмади, елкасининг сирқираб оғришига, болдири ва тўпиғининг ачишаётганига ҳам эътибор бермаяпти, совуқни-ку, мутлақо сезмаяпти. Гоҳ қулочкашлаб оқимга қарши сузмоқда, гоҳ ўзини оқим ихтиёрига қўймоқда, ора-чора куч йиғиб туриб, сув остига шўнғиб, ўзаннинг тубига етмоқда, қўлига илинган матоҳни тортиб-юлқиб кўрмоқда, нафаси қайтиб ё кўзлари ачишиб кетгандагина сув сатҳига қалқиб чиқмоқда. Шу топда қирғоқда Башорат, Башоратой пайдо бўлса борми!.. Қиз уни шу аҳволда кўрса ўтакаси ёрилар эди, ўзини қаёққа қўйишини билмай шошилиб қолар, ўзини анҳорга ташлагудай изтиробда қўлларнини чўзиб Султонни, Султон акасини телба гирдоблар қаърига ғарқ бўлишдан эҳтиётланишга ундар, кетидан дарҳол ўзини ўнглаб олиб, бу тенгсиз олишувда севгилисига оламга татигулик далда берган бўлур эди.
Ушбу хаёлнинг ўзи Султоннинг кучига куч қўшди. Барча машаққатларни унутди. “Башоратой далда берса, – деди бошини сувдан азот кўтариб, анҳорга тепадан қарашга уриниб. – Қичқириқда сув эмас, олов оқса ҳам келинни топиш аҳдимдан қайтмайман!..”
Қирғоқ ёқасида тўсатдан пайдо бўлган баҳайбат зотдор ит ер тирнаб, думини хода қилганича унга қараб ириллади, сўнг хиёбонни бошига кўтариб вовуллади, итнинг изидан қўлтиқлашган эркак-аёл кўринди.
Султон ўзини оқим ихтиёрига қўйди. Анҳорнинг икки томонида қуюқ қамиш-юлғун девор янглиғ қоплаган икки қирғоқ орасидан оқиб ўтаётиб сув ҳавзасида турфа сузиш машқларини бажариш чоғида асқотадиган кўзойнагини олиш хаёлига келмаганига афсусланди. Оқиб келган жасад бу қуюқ қамишзор орасида илашиб-нетиб қолган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қамишзор орасига йўлаб бўлмаса!.. Султон қўл-оёқларини эмин-эркин ҳаракатлантиролмай қолди. Ўзаннинг ўрталарига қадар узун-қисқа ўсиб чиққан қамишзор бунга йўл қўмас, Султон шундан ҳам фойдаланиб қолишга уринар, қамиш пояларини тутиб-тутиб олдинга, орқага, ён-верига силжиш осонроқ эди. Султон ўнг оёғининг кафтига жимит балиқчалар тумшуғи билан келиб урилаётганини сезди, ҳар эҳтимолга қарши оёғини силтаб тортди, балиқлар тўзиб кетди шеклли, оёғи ҳоли қолди. Султон қирғоқ томон илгарилади. Зум ўтмай оёғининг кафти, бармоқлари атрофида яна балиқчалар ғужлашди, энди уларнинг орасида йирикроқлари пайдо бўлган, улар худди Султонни оёғидан бошлаб паққос туширишга шаҳд қилган ваҳший сув жондорлари сингари устма-уст тумшуғи билан урилаётган эди. Шундагина у оёғининг ости, бармоқлари, тўпиғи ачишаётганини, бундан чиқди, оёғи шикстланганини, ундан қон оқаётганини фахмлади…
Султон қуюқ қамишзорни тарк этди, бунинг устига, сув сатҳига чиқаётиб, темирми-шохми, тирсагига қаттиқ ботди, сув сатҳига хира қон туси ёйилганини кўрди. Қамишзор сийраклашгани сайин, оқим тезлашди, Султон қирғоқ томон сузди, ер сатҳига бўртиб чиқиб, сув юваверганидан қизариб кетган дарахтнинг илдиз томири кўзига аллақандай ёвуз махлуқнинг панжаларига ўхшаб кўринди. Шу хаёлда, журъат қилиб “панжа”ларга ёпишди. Қирғоқ тик бўлганидан у кўксигача сувга ботиб турарди. У анча вақтгача нафасини ростлай олмади. Боши айланаётган эди. Султон осмонга қаради, тобора анҳор тепасига яқинлашаётган қуёш нурига умидвор термилди. Атрофни кузатди. Нариги қирғоқда қийшайиб ўсган қандайдир дарахтнинг каттагина шоҳи эгилиб сувга тегиб турар, оқимнинг забти таъсирида дам юқорига кўтарилиб-дам пастга тушар, четдан қараган одамга шох сувни беармон савалаётганга ўхшаб кўринарди. Султон сув ҳавзасида соатлаб сузиб чарчаш-толиқиш нима эканини билмас эди, бу ерда… ҳайрон қолиб бош чайқади, анҳорнинг феъл-атворини янаям синчковлик билан ўрганиб-билиб олмоқчидек сувга қаттиқ ва узоқ тикилди. Ахир у озмунча жойдан оқиб келяптими, озмунча марталаб не умидларда шўнғидими, сувнинг тубидаги қанчадан-қанча пана-пастқам бурчак-сурчакларни қадам-бақадамлаб пайпаслаб чиқдими!.. Бирон дақиқа сувни тарк этгани йўқ ва шулар асносида Қичқириқ билан, Қичқириқнинг суви билан тил топишиш, унинг дилига қулоқ солиш йўлини излади. Султон кўксигача сувга ботиб турган кўйи ҳолсиз-мажолсиз бир аҳволда ундан кўз узмас, ошиқиб-қувалашиб, кўпириб-шарқираб, чопқиллаб-югургилаб бораётган ўркач-ўркач тўлқинларга кўнглида туғилган ўпка-гиналарини тўкиб солмоқчидек эди. Анҳор ақл бовар қилмайдиган бир жондор, ҳар банда ўзига яраша феъл-атворга эга бўлгани сингари анҳор ҳам ўз феъли-хўйига кўра ҳаёт кечирарди. Ўзанни тўлдириб, лиммо-лим оқиб ўтаётган сув Қичқириқнинг ҳаёт тарзи, зеро, унинг мавжудлиги, қисмати ҳам шитоб билан оқиб боришида мужассам, у шундан маъно-мазмун топар эди.
Султоннинг анҳорга ўпка-гинали қарашлари ўрнини ҳавас, ҳатто ҳурмат маъноси эгаллади. Анҳор уни тушунмади, айниқса унинг жунунваш ва туб оқимлари Султонни не кўйларга солмади – ўнг қўл томонда оқим сустроқ туюлса, чап томон оқими тубсиз ўпқонга ютиб юборгудай тортқилайди, оёқлари осуда сузишига ёрдам берса, биқинига урилаётган тўлқин азбаройи унинг сумбатини дарахт новдасидек икки букиб ташлагудай важоҳат билан урилаверади. Султон гирдиғумдан келган ғаввоснинг гезариб-сўкиниб айтган иддаосини эслади ва… “йўқ, ундай эмас” деган маънода вазмин бош чайқади.  Унинг фикри, муносабати ўзгарди, энди у… анҳор уни тушунмаган бўлса, у анҳорни тушунади, телба оқим унга дилини очмаган бўлса, инсон телба кўнгилга йўл топади…
Султон боядан бери болдирини қандайдир майин-мулойим нарса силаб-сийпалаётганини сезиб қолди. У нарса узун эди, Султоннинг болдиридан сирғалиб бўшалди-да, унинг белига беозоргина чирмалди. Султон мўъжизага рўпара келаётганини сезди, юраги энди мутлақо ўзгача ҳаяжон, ўзгача интиқлик билан дукурлай бошлади. У салгина ножўя ҳаракат қилса, белига чирмалаётган момиқ-мулойим нарсани йўқотиб қўйишдан хавотирда ғоятда эҳтиётлик билан қўлини сувга ботирди. Тағин аллақандай жондор-пондор бўлмасин, деб юборди ичида ва шу заҳоти бу шубҳасини унутди, у фикри, фикрлаш тарзи узилиб, узуқ-юлуқ бўла бораётганини, ҳеч бир нарсани адоғига довур ўйлай-мушоҳада қилолмай қолаётганини сезди, сездию, шу ҳақда ҳам тугал бир қарорга келолмади. Фақат, белига чирмалаётган жондор… аллақандай лаш-луш ёхуд матоҳга ўхшаяпти, умуман, оқар сув остида ҳар қандай жонсиз нарсага жон киришига ва уларнинг бари кўз кўриб-қулоқ эшитмаган жондорга айланишига иқрор бўлди.
Султоннинг сув остига ботирган қўлининг учлари бели-кўкраги аралаш белбоққа айланаётган ўша жонсиз жондорга етди. “Наҳотки?!” деб юборди Султон овоз чиқаргудай қувониб, “Сариқ бўлса-я?!”, “Келинчакнинг кўйлаги бўлса-я?!” Султон ёввойи жондорнинг “панжа”ларини қўйиб юборганини бутун гавдаси билан сувнинг ўрта оқимига шалоплаб тушганидагина англади. У оқимнинг тезоб йўлига тушганидан эмас, қўлида тутиб турган… нима, нима у?! Наҳотки, Султоннинг шунча саъй-ҳаракати бесамар қолмай, жонини гаровга қўйиб излагани… сариқ кўйлак этагини топган бўлса?!
Султон оқиб кетмади, у икки қўллаб чангаллаб олган матони аста ва авайлабгина билагига ўрашга тушди, “Узилиб кетмаса бас!” деган ўйда қўлини силкитиб юбормасликка уриниб, матонинг “илдизи”га томон яқинлашаверди. “Сариқ!.. Сариқ кўйлагида эди!.. Сариқ!..” Султоннинг миясини шу топда фақат шу сўз ишғол қилган, уни топганига ишончи комил эди!..
У матони… бунчалар узун у? Бунчалар илинган жойига – тагига етиш мушкул?.. Султон жуда-жуда авайлаб, эҳтиётлик билан пайпаслай-пайпаслай унинг илинган мансабига етади, етган жойида қўлига чирмалган сарғиш мато, йўқ, сариқ кўйлакнинг кенг этаги ва… ўн беш кунлик келинчакнинг бир ҳафтадан буён сув остида ётган жаса… “Топдим, Башорат! Башоратой, жоним, топдим!” деб юборди Султон.
– Исмингиз эмас, ўзингиз султонсиз, – деган эди Башорат бир куни, унинг елкасига бошини қўйиб, навозиш билан. – Сиз ҳар қандай султонликка қодирсиз!…
“Башоратойнинг башорати, мана, ҳозир, шу дақиқа, шу телба анҳор суви остида тасдиғини топса-я!” Султон ҳаяжоннинг зўридан кучига куч қўшилди, чарчоқларини ҳам, оғриқларини ҳам унутди. Икки қўллаб сарғиш матони тутганича уни кафтига ўрашга тутинар экан, юз-кўзи олдида балиқчалар тўдаси пайдо бўлганини, тонг саҳардан бери оқаётган лойқа сув тиниқлашиб, балиқчалар аниқ-тиниқ кўз ўнгидан “лип-лип” ўтаётганини кўрди. Балиқчалар рангли эди! Қип-қизил,  сап-сариқ, ям-яшил!.. Улар Султонга йўл кўрсатаётган, қайси томон силжиши кераклигига белги бераётгандек эдилар. Елкаси, кўкси, қорни, тиззалари, оёғининг учигача жазиллаб ачиша бошлади, “Ҳечқиси йўқ, чидайман!” деди Султон тишини тишига босиб, илгарилади, қирғоқ томон силжиётганини элас-элас пайқади. Қўллари, сўнгра оёқлари ўзига бўйсунмаётганини пайқаб қолди, оёқ-қўлларига мадад тилади: “Ҳа! Ҳа-а!.. Бўш келма! Бўш келма, деяпман!.. Ҳ-ҳ-ҳ-о-ой-й!..”
“Бу анҳорга ғарқ бўлганлар ярим тун сукунатида қичқириб, одамларни ёрдамга чорлайдилар…” Султон ҳам… йўқ, у қичқирмаяпти, унинг ҳали-вери ғарқ бўлиб телба тўлқинларга таслим бўлиш нияти йўқ. Таслим бўлмайди ҳам, нажот ҳам тиламайди… У энди анҳор ва унинг сувлари билан шу қадар қадрдонлашиб кетдики, унга ётиғи билан илтижо қилади, унга тоза ниятларини тўкиб солади, керак бўлса, овозини борича қўйиб қичқиради, шу қадар қичқирадики, Қичқириқ бир зум бўлса-да, оқишдан тўхтайди, сувлари тиниқлашиб, ўзан ўзини борича кўз-кўз қилади. “Қичқириқ” деган номи ҳам ғоятда ўзига ярашимли, ноёб! Тирикларнинг гап-сўзлари ғарқ бўлганларга, ғарқ бўлган марҳумларнинг сукунати эса тирикларга қичқириқ бўлиб эшитилади. Ана, Султоннинг ўзига ўзи далда бериш мақсадида айтган сўзлари ташқарига қичқириқ, фарёд бўлиб эшитиляпти. Ваҳоланки, тун чўкишига аллақанча вақт бор, тунги сукунатга қадар эҳ-ҳе-е… Ана, офтоб чарақлаб турибди, фақат, фақат у… кимдир силкитяпти шекилли, лопиллаб, аланга олиб ёнаётганга ўхшаяпти…
Султон бирдан вазнининг оғирлигини сезмай қолди, қўл-оёқларининг мадорсизланишидан туғила бошлаган хавотир ҳам тарқади. Ҳеч бир ҳаракат қилмаса-да, оқиб кетмаётганига, нафаси димиқиб ҳаво етишмай қолмаётганига ҳайрон бўлди. Оёқларининг орасида пайдо бўлган силлиқ, майин ва беозор жондор Султонни кўтариб турар, Султоннинг фикр-хаёли кафтига, ундан билагига ўралиб-ўралиб бораётган матода эди. Султон  мутлақо ҳаракат қилмай қўйди, қўлларини ўраб-чирмаб, боғлаб ташлаганидан, ўша сариқ матони топиб, тортиб чиқариш кўйида керак бўлса, қўлларига қўшиб оёқларини-да боғлаб ташлашга ҳозиру нозирлигидан вужудини қамраган ҳайратни яширолмай, ҳаяжонланаётган эди. Ҳаяжоннинг зўридан терлаб кетди. Аъзои баданидан сув эмас, тер қуя бошлади. Бошини икки-уч қайта сув юзасига чиқариб нафас ростламоқчи эди, бунга зарурат сезмади, кўз ўнгида сувга қўшилиб кўзга ташланаётган ва зумда чир айланиб ғойиб бўлаётган хира қон доғларига ҳам эътибор бермади. Оёғининг орасига кириб, уни кўтариб турган жондор… Султон ўзини юввош отга мингашиб олгандек ҳис қилди, бу ҳолат узоқ чўзилмади, йўқ, хаёл шарпасидек жуда тез ўтди, от аста-секин сирғалиб оёқлари орасидан чиқиб ортда қола бошлади. Анҳор ичида от нима қилади?.. От эмас, балиқ, балиқ деса, отга ўхшайди. Отбалиқ!..
Султон Қичқириқ сувида бундай жониворлар мавжудлиги ҳақида сира эшитмаган эди, эшитган тақдирда ҳам ундай олди-қочди чўпчакларга ишонмасди. Лекин, мана, уни ўзи кўрди, улардан бири келиб ҳолдан тойиб ғарқ бўлаёзган Султонни кифтига миндириб олди ва… Султоннинг кўнгли ҳалимдек юмшади. Мулойим, лекин қатъият билан баралла айтди: “Қайта бошдан бошлайман! Керак бўлса, ўн марта тушаман сувга, лекин топмагунча қўймайман!..”
Султоннинг қулоғига  пайдар-пай узоқ-яқин қичқириқлар чалина бошлади. Султон уларга қулоқ солмоқчи, маъносини уқмоқчи эди, диққатини жамлай олмади. Сув қизиб кетаётганга ўхшади. Султон оёғи қаттиқ заминга текканини сезди. Бошини кўтармоқчи эди, қурби етмади. Анҳор ўзани кунботар томондаги қишлоққа етган жойида кенгайиб, суви жуда-жуда саёзлашган – сув нари борса, тиззадан келадиган жойга етган, бу ерда тумонат бола-бақра дунёни бошига кўтариб чўмилишаётган, шодон қичқириқлар билан бир-бирини қувалашаётган эдилар.
Султон бу қичқириқни ҳам элас-элас эшитди. Бу топда тиккага келган қуёш оламни чароғон қилиб юборган, Султоннинг совуқдан кўкариб кетган кифтини илита бошлаган эди…

 

Манба: Ижод.Уз. сайти.

x_15d42282 (604x453, 162Kb)