Поиск

132221451_gorod_Brempton (202x216, 31Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


Баҳор оқшоми



Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
Сўнади уфқларда оташи сўзон.
Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.

Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
Қалдирғоч ухлайди тумшуқлари лой.
Кул билан ювилган идишдай гўё,
Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.



13 май, 2014 йил.
Кундуз соат 10 дан 24 дақиқа ўтди.
Канада.



Олис оқшомлар



Шом қушлари сайрайди толда,
Балки эшик турар очилиб.
Ғамгин шуъла тўшалган полда,
Китобларим ётар сочилиб.

Кулбаларда чироқ ёқарлар,
Пахтазор жим сукутга чўмар.
Юм - юм йиғлаб искабтопарлар,
Шом ҳасратин соҳилга кўмар.

Юлғун ўсган жарлар узра жим,
Аста секин кўтарилар ой.
Ёришади менинг лабларим,
Лабларинга муҳр босган жой.

Идиш ювиб ариқ бўйида,
У дамларни эсласанг гоҳи,
Чигирткадай гулзор қўйнида,
Чириллайди севги арвохи.



9 апрель, 2011 йил.
Кундуз соат 3 дан 35 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.


Кимсасиз йўлларда



Сувга чўкиб кетди булутлар,
Кўриб кузги гуллар ибосин.
Қирғоқларда тераклар, тутлар,
Сув оқизар боғлар либосин.

Гала гала қушлар нарида,
Шиддат билан учар қайгадир.
Балки дарё соҳилларида,
Шоли пишиб ётган жойгадир?

Кўприк узра соҳибжамол қиз,
Термулади сувга, ариққа.
Кезар маъюс, ўйчан қари куз,
Сочларини бўяб сариққа.




26 август, 2010 йил.
Кундуз соат 10 дан 58 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.



Зулматларда учқунлайди қор



Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
Қўлидаги ўқилмаган хат.
Кимсасизлик, сукунат балки,
Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.

Мен бўлсам,
Кузги далаларда, тунги зулматда
Ёлғиз увлаётган қора шамолман.

Сен пастак дераза ёнида,
Қировли гулзорда булбулни кутиб,
Музлаб қолган атиргулмисан?

Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
Ёруғ ойналарга талпинаётган
Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..

Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
Сочлари қувв оқарди қишнинг?



20 август, 2012 йил.
Кундуз соат 3 дан 20 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.



Соҳилларни соғинган кўнгил



Тўрғай бўлсам тонги далада,
Чуғурлардим муаллақ сайраб.
Қарар эдинг қувнаб янада,
Кўзга кафтинг соябон айлаб.

Типратикон бўлсам, бутунлай,
Мен Ватандан кетмасдим бадар.
Ой ёритган ховлингда тинмай,
Чопар эдим то тонга қадар.

Муҳаббатнинг рубоби синди,
Шамол бўлиб йиғлади қувғин.
Биз учрашган далада энди,
Ғувиллайди қоп - қора юлғун.

Дов дарахтни кеч куз қаритган,
Боғларда бор ҳаё ва шарм.
Соҳилларни ғамгин ёритган,
Ой кўнглимиз сингари ярим.



19 июнь, 2011 йил, якшанба.
Кундаз соат 10 дан 57 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.


Биринчи қор



Оппоқ қор қоплагач далалар рохин,
Анграйганча тилдан қолибди боғлар.
Қор юки эгибди дарахтлар шохин,
Қахрли қағиллар туманда зоғлар.

Бақирмай секинроқ қағилласа ҳам,
Эшитаман ахир, эмасман гаранг.
Қоркўчки қўзғолар йўталса одам,
Қор турар дарахтлар шохида аранг.

Дарахтлар кийинган, олифта, кибор,
Оппоқ қорпўстини терсми ё ўнги?
Бу оппоқ таҳайюр, бу мусаффо қор,
Кимгадир биринчи, кимгадир сўнги...

Қор босган далалар бесадо, бесас,
Ҳеч ким ҳалал бермас хаёллар сурсанг.
Йўловчи жилмайиб қўяр, ранжимас,
Қулочкашлаб туриб, қор билан урсанг.



9 январ, 2013 йил.
Тунги соат 8 дан 17 дақиқа ўтди.
Кембридж шаҳри, Канада.



Дон Миллс



Қуёшни ҳайбатли гулханда ёққан,
Ботаргох қонталаш жарохат каби.
Сувлари ялтираб, лапанглаб оққан,
Бир азим дарёнинг қақрайди лаби.

Қийиллаб учгувчи қушларнинг лекин,
Шовқин - суронига мухтож эмас ул.
Бу дарё сувида оқади сокин,
Булбул тушларига кирган атиргул.

Кечувлардан ўтмас сигирлар мораб,
Тўлқинлари туя, тубсиз, ўзансиз.
Шундай дарёлар ҳам бўларкан, ё Раб,
Ойдин тўқайларсиз, Тулки, Кўзансиз.

Бўйнига энг оғир тошларни боғлаб,
Ғарқ бўлгиси келар ҳар кимнинг, ахир.
Ғарқ бўлган чоғимда кўксимни доғлаб,
Қуриб қолма, Шопен деб аталган наҳр!

Дон Миллс паркларида кезсам ҳайнаҳой,
Минмайман шайтоннинг аробасини.
Ўрмонлар ортидан кўтарилган ой,
Ёритар кўнглимнинг харобасини.



25 июнь, 2011 йил.
Тунги соат 10 дан 40 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.


Хирмонларни ёритганда ой



Куз хазонрез боғларни қучган,
Етим каби ёлғиз ўйнар ел.
Қўл силкитар жанубга учган,
Турналарнинг карвонига эл.

Шамолларда шовуллаб ётар,
Маслахат деб аталган қишлоқ.
Қуёш тоғлар ортига ботар,
Шом шамоллар шаштига муштоқ.

Шоли ғарам устида ётиб,
Тинглайверсанг, кимдир гапирса.
Курак билан шамолга отиб,
Ойдинда эл шоли шопирса.

Қурилласа маюс бақалар,
Тулки юрса тимирскаланиб.
Чопса ёлғиз дарё ёқалаб,
Искабтопарларга таланиб.

Куйганёрдан чинқириб ўтса,
Темир йўлнинг пўлат самани.
Соҳилларда чарақлаб ётса,
Чироқларнинг олмос чамани.



26 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 10 дан 9 дақиқа ўтди.
Канада.


Омонат япроқлар



Гоҳо ортда қолдим, гоҳида ўзиб,
Гўё бу йўлларнинг йўқдай адоғи.
Гулзорлардан нафис бўйнини чўзиб,
Менга талпинарди гуллар дудоғи.

Бугун бужмайибди, қурибди гуллар,
Гўё чаманларга теккандай қарғиш.
Дарахтлар мунғайган қадрсиз қуллар,
Шохлари ялонғоч, барглари сарғиш.

Чинор ёзган экан фаррошга хатни,
Четларига битиб хасратли хокку.
Фаррош у мактубни гулханга отди,
Энди оҳ чекмайди олисда какку.

Дарахт қир учида омонат зоғлар,
Сукунатга тўлар осмон қозони.
Секинроқ юраман мен бундай чоғлар,
Тўкилмасин дея боғлар хазони.



15 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 7 дан 57 дақиқа ўтди.
Канада.

 

 

Дўст

(Ўзбекнинг энг ёниқ лирик шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз ҳотирасига)



Гуллар ернинг табассумлари ,
Қайда ?  - дея берма саволлар .
Саф чекар дов дарахт лашкари,
Эсар ёвуз, вахший шамоллар .

Бошланаркан булут босқини,
Шаррос қуяр шиддатли жала .
Ариқларда сувлар тошқини,
Кўринмайди ёмғирда дала.

Куз келади сўнгра сездирмай,
Сукунатда хазонлар рақси.
Ботаргохда шом қушларининг,
Муросасиз шовқини, бахси.

Хувиллатиб борлиқни сўнгра,
Қушлар кетар инларин ташлаб.
Қолмагандай яшашдан маъно,
Дўст кетгандай кўзингни ёшлаб.



2003 йил , 27 ноябрь . Тунги соат
9 дан 30 минут ўтди. Андижон .



Синглим Анорага



Руҳим ойдинларда дайдиган сувчи,
Мен сени эслайман, кунда, кун ора.
Жилмайиб, йиғловчи, йиғлаб, жилмайгувчи,
Менинг ювошгина синглим, Анора.

Субҳи содиқ маҳал тақирлатсалар,
Томлар туникасин ёмғирлар чўқиб.
Ўлтирарсан балки меҳробда саҳар,
Сокин сукунатда номозинг ўқиб.

Кўзингдан ёмғирдай тирқирамасин,
Кўз ёшинг суюлган олмосдай оқиб.
Овозсиз йиғласанг, ҳувиллаб ётган,
Акангнинг кимсасиз уйига боқиб.

Кўз ёшинг бебаҳо дур каби асра,
Тинсин кузги сувлар сингари асаб.
Майли ховлимизда заъфарон ҳасрат,
Юрсин япроқлардан гербарий ясаб.



6 август, 2010 йил.
Кундуз соат 8 дан 4 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

Куз илҳомлари



Воҳ,  кузги  дарахт  шаклида  ҳайронани  кўрдим,
Ёлғиз  ва  ғариб,  бир  дили  вайронани  кўрдим.

Жим - жит  кўчада    ўйнади   раққоса    шамоллар,
Чарх  урди  ҳазон  гирвати,  парвонани  кўрдим.

Дарчам  ёнидан  ўтди  учиб  ёввойи  ғозлар,
Ҳижрон  тўла  дил   аксида    девонани  кўрдим.

Қушлар  уясин   тутди   дарахт   шохида,  ё,  Раб,
Инларга  боқиб  ғам  тўла  паймонани  кўрдим.

Заъфар  капалаклар  каби   учганда  хазонлар,
Баргларга  кўмилган  кўча ,  остонани   кўрдим.

Йўлларга  хазонлар  тўшади  кузги  Торонто,
Боққанча  чинор  баргига  Фарғонани   кўрдим.

Қалбимда  Худо,  Каъбага  ўхшайди  вужудим,
Сипқоргали  ишқ  бодаси - майхонани  кўрдим.

Дўст  топмади  Вулқон  бу  жаҳон  мулкида  излаб,
Ҳар  ерда  ғаним,  вахшати  бегонани  кўрдим.




26  октябрь,  2010  йил.
Тонги  соат  7  дан  35  минут  ўтди.
Торонто  шаҳри,  Канада.

 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)