Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


image (700x466, 48Kb)

 

Спортчимиз Мурод Хонтўраев ҳақида



Очиғини айтай, мен бу мақоламда кўпчиликка маълум бўлган, аммо юрагимизда ҳамиша фахру ифтихор туйғуларини уйғотгувчи миллий насаб тўғрисидаги қайтариқларга тўхталаман.


Лекин бу нарса сиз азиз ўқувчини зериктириб қўймасин.

Мақолани охригача ўқинг.Шунда менинг нима демоқчи эканлигимни англайсиз.


Ўзбекни илк бор дунёга танитган шонли бобомиз император Амир Темур ҳазратлари эди.


Амир Темурнинг чевараси Заҳириддин Бобур ҳам ўз бобосининг жасорат ва шижоатини инсоният кўзи ўнгида яна бир бор такрорлади.


Илму фанда эса ҳазрати Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбекнинг коинотдаги юлдузлар системасини тузиб, харита яратганлари, илк бор космосга йўл очганлари барчага маълум ва машҳур.


Дунё астрономлари Мирзо Улуғбек ҳурмати ва ҳотираси учун Ойдаги битта кратерни, яъни вулқон ўчоғини унинг номи билан номладилар.


Бобомиз Аль Беруний бўлса, қушларнинг эгма парвозига қараб туриб, демак Ер юмалоқ экан деган қарорга келди ва Ер шарининг биринчи макети - ГЛОБУСни ясаб, уни туяга ортиб, шаҳру қишлоқларда элга намоиш қилди, ўз гипотезасини одамларга тушунтирди.


Айрим ғаюр тўдаларнинг "Чиғатой тилида, яъни ўзбек тилида нафақат беш китобдан иборат "Ҳамса", балки оддий ғазал ҳам ёзиб бўлмайди" дея Она тилимизни тахқирлаб, камситганларида ҳазрати Амир Алишер Навоий она тилимизда лирик ғазаллар жамланган "Ҳазоин ул маоний"ни, ва беш китобдан иборат "Ҳамса"ни бошқа халқларнинг шоирларидан ўтказиброқ ёзди, тилимиз қашшоқ эмаслигини, аксинча, унинг имкониятлари бошқа тиллардан ортиқроқ эканини, ўзбек шоирларининг иқтидори ва қудратини дунёга намоиш қилди.


Бугун халқимизни спортчиларимиз дунёга танитмоқда.

Жаҳон чемпиони унвонини олган қаҳрамон спортчиларимиз шу қадар кўпки уларнинг рўйхати бу саҳифага сиғмайди.Шу сабаб, бугун улардан фақат биттасигагина тўхталаман.


У спортчининг исми шарифи Мурод Хонтўраев.


MMA -mixed martial arts - Микст маршал артс яккакураши бўйича жаҳон чемпиони ҳамюртимиз Мурод Хонтўраевнинг октогондаги шиддатли жангларини дунёнинг турли чеккаларида яшаётган ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳаяжон билан кузатадилар ва унинг ғалабаларидан юраклари фахру ифтихорга тўлади.

Худо илҳом берса, дунёни ҳайратда қўяётган ўзбек ва ўзбекистонлик спортчиларга бағишлаб шеър ёзиш нийятим ҳам йўқ эмас.Айниқса Мурод Хонтўраевга атаб.


Бир интервьюсида Муроджон Россия ва Қозоғистон президентлари кўзи ўнгида ўз рақибини қисқа вақт ичида мағлуб этганини айтган журналистнинг: "шунда сизнинг дилингиздан нималар кечди?" деган саволига, спортчининг ўкинч билан: - ўша чемпионат ўтказилаётган саройда менинг Президентим ҳам иштирок этганларида эди -дея айтган гапларини эшитиб, беихтиёр менинг кўзларимдан ёш чиқиб кетди.


Ҳа, Ўзбекистонимизнинг шундай ватанпарвар пахлавон ўғлонлари бор.Ватанимизда спорт тобора гуллаб яшнайверсин!


Негаки спорт дунё халқларини бирлаштиради, тоза авлодни турли касалликлардан ароқхўрлик, нашавандлик, зинокорлик, қўрқоқлик каби иллатларидан сақлайди, ёшлар ҳаётидаги бўшлиқни тўлдириб, беъмани ишлар билан шуғилланиш учун уларга вақт қолдирмайди.


Соғлом авлод спорт билан юзага келади.Спорт Ўзбекистонни дунёга танитади.


Мурод Хонтўраевга спорт сохасидаги буюк хизматлари учун "Ўзбекистон қаҳрамони" унвони тақдим этилса яхши бўларди деган таклиф билан мазкур мақолага нуқта қўяман.




09/10/2017.

Кеч соат 5:57.

Канада, Онтерио.