Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

Ўрта Осиёда экология ва сув муаммоларини ҳал қилишга оид фойдали таклиф ва мулоҳазалар



Олдиндан айтиб қўяй.Мен ушбу мақолам билан ўзимни бошқалардан ақлли қилиб кўрсатмоқчи эмасман.


Аксинча, менга нон -туз, илм бериб, ўстириб вояга етказган халқимнинг оз бўлсада дардига дармон бўлмоқ, элимнинг тузини оқламоқ мақсадидагина қуйидаги мақолани ёзмоқдаман.


Маълумки, Марказий Осиёда экологик вазият яхшиланишидан шу минтақада яшайдиган барча мамлакатлар бирдай манфаатдор.Шундай экан,Каспий денгизидан Орол денгизига сув олиб келиш учун Панама каналига ўхшаган канални хашар йўли билан қазиш ишларида Ўрта Осиё мамлакатлари жон деб бош қўшадилар ва бу ҳайрли ишни амалга ошириш йўлида улар биргаликда ҳаракат қиладилар.


Туркманистон Республикасининг Президенти, Ҳукумати ва аҳолиси рухсат барса, қўшничилик рамзи бўлган бу савобли ишга рози бўлса, мазкур ДЎСТЛИК каналини Каспий денгизининг қардош Туркманистон худудига тегишли қисмидан қазиб келинса, биз таклиф қилаётган тарихий лойиха бир мунча арзонга тушади.Негаки бу масофа Қозоғистон худудига туташ Каспий денгизи соҳилларидан Орол денгизигача бўлган масофага қараганда яқинроқ.


Ўзбекистонга қўшни қардош мамлакатлар "Бизнинг сувга эхтиёжимиз йўқ.Каспий денгизидан Орол денгизига сув олиб келадиган канални сувга мухтож мамалакат ўзи қазисин" деб бу ҳайрли ишдан бош тортадиган мамлакат раҳбарлари эса, Орол денгизининг қуриши, экологик мухитнинг бузилиши ва шамолда учадиган туз ва қум тўзони Ўрта Осиё минтақасида жойлашган барча мамлакатлар учун бирдай хавф туғдиришини, бугунги лоқайдлик эртага ўнглаб бўлмас табиат катаклизмасига айланиб, дахшатли оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини унитиб қўймасликлари керак.


Энди баъзилар: -Хўп, Каспий денгизидан Орол денгизига канал орқали сув олиб келинди ҳам дейлик.Лекин денгиз суви нафақат истеъмолга, балки дала экинларини суғоришга ҳам яроқсизку? -дейишлари мумкин.


Ҳа, тўғри.


Лекин канал орқали Каспий денгизидан олиб келинган денгиз суви махсус сув тозалаш иншоатларида фильтрдан, диатом тупроғи, (опреснитель дистилятор) қурилмасидан ўтказилиб, тузи чўктрилса ва Гидроксин кальций ёрдамида кислотаси сўндирилса, у микроблари ўлдирилган сув нафақат дала экинларини суғоришга, балки истеъмол учун ҳам яроқли сувга айланади.


Бундай иншоатлар ёрдамида денгиз сувини тоза ичимлик сувига айлантириш тажрибасини Америка, Канада ва Исроил мамлакатлари мисолида кўриш мумкин.


Исроил давлати аввал Галилей денгизидан канал орқали ўз худудига сув олиб келиб, уни фильтрлаб, хатто чўл минтақаларини ҳам экинзору боғ -роғларга айлантиргани бугун ҳеч кимга сир эмас.


Кейинчалик улар Ўрта Ер денгизидан сувни худди шу тариқа, канал орқали ўз мамлакати худудига олиб келиб, ҳозирда фильтрланган денгиз сувини тежаб, томчилаб суғориш йўли билан қақраб ётган ерларига ҳаёт бағишламоқдалар, қишлоқ хўжалигини юксалтириб, боғдорчилик ва аграр дехқон фермерчилигини юқори даражада ривожлантирмоқдалар.


Улар айнан шу йўл билан ўз мамлакатларидаги сув муаммосини бартараф қилишга эришдилар.


Биз юқорида ёзган Каспий денгизидан канал орқали орол денгизига сув олиб келиш йўлидаги қардош, қўшни мамлакатларнинг ўзаро ҳамжихатлиги аллақандай миллатчилик, ирқчиликка, пантуркизм ёки панисломизм каби радикал ғояларга мутлақо алоқаси йўқ.


Қўшни қардош мамлакатлар бир оила фарзандларидай аҳил иноқ яшашлари билан бирга Россия, Хитой,  Европа ва Ғарб мамлакатлари билан ҳам динидан ва ирқидан қатъий назар уйғунликда, (гармонияда) толерант, яъни бағри кенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстликка қурилган умуминсоний ғоялар асосида яшамоқлари жоиз.


Энди Каспий денгизидан Орол денгизига сув олиб келишнинг Ўрта Осиё мамлакатлари учун асосий фойдаларини санаймиз.


1.Орол денгизи сувга тўлади, Ўрта Осиё минтақасида издан чиққан экологик мухит яхшиланади.


2.Канал қурилиши давомида Ўрта Осиё аҳолисининг катта қисми иш билан таъминланади.


3.Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон мамлакатларининг экспорт махсулотлари каналда қатнови йўлга қўйиладиган сузувчи транспортлар ёрдамида Европа бозорига олиб чиқилади.


4.Орол денгизида балиқчилик ривожланади, балиқларни консервалайдиган,балиқ увилдириқларини, яъни икраларни қадоқлайдиган заводлар эвазига денгиз бўйида яшайдиган Қозоғистоннинг оролбўйи аҳолиси ва Қорақалпоқистон Автоном Республикаси, Хоразм воҳаси, қардош Туркманистоннинг Хоразмга туташ Ўзбекистонга чегарадош минтақаларидаги аҳолиси иш билан таъминланади.


5.Каспий денгизидан келтирилгувчи сув ёрдамида қудратли электростанцияларнинг турбиналарини ишга тушириш ва ишлаб чиқариладиган арзон электр қуввати хисобига  Ўрта Осиё мамлакатлари аҳолисини тўла ва узуликсиз электроэнергия билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.


6. Бундан ташқари денгиз бўйларида миллий боғлар, қўриқхоналар, дам олиш масканлари, пляжлар,санатория - даволаниш масканлари, дельфинариялар, океанариумлар, яхтклублар барпо этилиса, минтақада туризм ҳам ривожланади.


7.Бу ўзаро ҳамжихатлик Ўрта Осиёдаги қардош мамлакатлар дўстлигини мустахкамлайди.

Ўрта Осиё минтақасини экологик носозликдан, иқтисодий инқироздан, ўзаро жанжалу урушлардан, вайронагарчиликлардан сақлайди.


Ўрта Осиё минтақасида жойлашган қардош ва қўшни мамлакатларнинг раҳбарлари, турли кўзга кўринмас, ўртабузар ғаюр кучларнинг фитна -провокацияларига учиб, деди деди гапларни кўпайтирмасликлари, ҳар бир сўзни ўйлаб гапириб, ақл билан иш юритмоқлари, ўзаро жанжаллашмасликлари, аксинча минтақада юзага келган ва келиши мумкин бўлган экологик, сиёсий -ижтимоий муаммоларни ҳамжихатлик билан ҳал қилиш санъатини ўзлаштирмоқлари керак.




19/10/2017.
Кундуз соат 12 дан 26 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.