Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 


Фуқаролик ҳақида



Фуқаро деган сўз араби "Фақир" сўзидан олинган бўлиб, камбағал сўзининг кўплик маъносини англатади.Бугунги ўзбек давлатчилигида эса, бу сўз жамият аъзоси -граждан тушунчасини ташийди.


Хўш, бу сўз камбағаллик маъносини  англатса, нега донишманд ота -боболаримиз гражданликни фуқаро дея атадилар?


Ҳозир тушунтираман.


Маълумки фақирлик баъзи калтабин кимсалар назарида энг паст мартаба хисобланади.


Ҳудои Таоло назарида эса бунинг акси, яъни фақирлик бандаси учун энг олий мартабадир.


Аслида бойлиги банкларга сиғмайдиган бойлар ҳам, подшолару ҳукмдору ҳукамолар ҳам бир тийин пули йўқ, кийимсиз, қип ялонғоч ҳолда туғилганлар.


Лекин улар ўша чақалоқлик пайтларида ҳамма ҳавас қиладиган даражада фаришталар каби бегунох, маъсум ва пок эдилар.


Фақир эдилар, яъни Худога яқин эдилар.


Буни қарангки онадан пок туғилган инсон умр бўйи бойликка меҳр қўйиб, молу матохга, ҳойи хашамга интилиб, кибру ҳавога берилиб, фақирликдан, яъни мангу фуқароликдан ўз ҳохиши ила воз кечар экан.


Янада фожеалироғи, у охир оқибат, бойлиги банкларга сиғмайдиган бой бўладими, қудрати қавий ҳукмдор бўладими, умр бўйи минг меҳнат машаққатлар билан югириб елиб, тиришиб тирмашиб топган бойликларидан, тамоми молу матохидан айрилиб, яна фақир ҳолатда оламдан ўтар экан.


Ҳатто герметик тилла тобутга ётқизиб, энг қимматбаҳо кийимларни кийдириб, дуои фотиха ёки оркестр садолари остида кўмишса ҳам, одамзод нафақат кийим кечаги, ҳатто терисию этидан айрилиб, қурту қумурсқаларга ем бўлиб, қоқсуяк устихонга айланади.


Бехисоб бойликларию Шветцария Альпидаги олий қасрлари унга вафо қилмайди.


Аммо мен шундай бойларни биламанки, улар гарчанд битмас туганмас бойликлар, файзу барокотлар эгаси бўлсаларда, ўзларини дунёдаги энг камбағал, фақир одамдай хоксор тутадилар, мағрурланмайдилар, мақтанмайдилар, талтаймайдилар.


Шундай президентларни биламанки, улар ўз қўл остидагиларга, камхарж, камбағал одамларга қумурсқага қарагандай қарамайдилар, раийятга, яъни халққа зулму зуғум  қилмайдилар.


Аксинча донишмандларга ҳос камтарлик билан ўзларини оддий одамлар қаторида кўрадилар, ўзларини амалу мансаб мартаба васвасасидан шишиб кетган такаббур, маккор, айёр ва разил кимса эмас, балки халқнинг оддий хизматкори, чокари, батраги дея хисоблайдилар.


Инсон болалари шундай йўл тутиб ҳаёт кечирсаларгина ҳақиқий фуқаролик мартабасига эришадилар, Ҳақнинг, яъни Худонинг розилиги орқали муваққат эмас, мангу жамият фуқаролигини қўлга киритадилар.


Инсониятнинг мангу Ватани -поёни, чеки -чегараси йўқ, вақт ва ўлим нималигини билмайдиган Беҳишт, Жаннат фуқаролигидан ўчирилмайдилар.


Банда дунёнинг малъун, яъни лаънатланган харом молу матохидан юз ўгириб, нафсини тийиб, ФАҚИР бўлмагунича ФУҚАРО бўлолмайди.


Биз банда, банда деймиз.


Банда деган сўзнинг асл маъноси нима?


Бандалар Худо тамонидан вақтинча, аммо умрбод жазога махкум этилган, банди этилган, умр бўйи нима биландир банд, аммо доимо нимагадир мухтож бандилардир, бечора фақирлардир, муваққат жамиятларнинг вақтинчалик пропискада турган фуқароларидир.


Бу дунёда шохнинг ҳам гадонинг ҳам кимгадир ва нимагадир эхтиёжи бор.


Ҳамма меҳрга, шафқатга, бир садоқатли дўстга мухтож.


Мухтож одам эса фақирдир.


Нафси аммора етовида туну кун еб, ичиб, поррррррр пор кекириб, бўкиб шароб ичиб, шиша ғарибига айланган, ёки дейлик, ялқовлиги сабаб доимий яшаш жойисиз қолган уйсиз кимса эмас, аксинча нафсини тийиб, харом молу дунёдан юз ўгира олган инсонгина ҳақиқий Худо суйган Фақирдир.


Шу маънода ҳақиқий фақирликка эришиш бой бўлишдан кўра минг чандон қийин.


Мана нима учун бизнинг донишманд ота -боболаримиз жамият аъзолигини, гражданствани ФУҚАРО деб атабдилар.



22/11/2017.
Кундуз соат 10:15.
Канада, Онтерио.


x_15d42282 (604x453, 162Kb)