Поиск

Алишер Назар

 

Алишер Назар (1976-йили туғилган)

Алишер Назар 1976-йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1998-йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. "Бизга аталган тонглар" шеърий мажмуаси (1999) ва "Холислик эҳтиёжи" публицистик тўплами (2012) чоп этилган. Айни пайтда "Ёшлик" журналининг шеърият бўлими мудири лавозимида хизмат қилмоқда.


Шоирнинг шеърлари Маънавиятимиз жонкуярларидан бири Давронбек Тожиалиевнинг Зиё.Уз. порталидан олинди.

Чироқчининг сўнмас чироғи


Таъсирли, мақолалари, эшиттириш ва кўрсатувлари билан реал воқеликка холис ёндошиб, уни теран таҳлил қила биладиган, врач ташхисидай аниқ хулоса чиқара оладиган, ижтимоий онгни соғломлаштиришга қодир биронта ёниқ, юксак дидли журналисти борми ўзи Ўзбекнинг?!-дея савол берилса, бугун: -Ҳа, бор! -дея баралла айтиш мумкин.


2017 йили Бибиси Ўзбек хорижий радиосида собиқ президент Ислом Каримовнинг набираси билан, кейинроқ мухолифатчи Салай Мухаммадаминов билан суҳбат олиб борган журналистнинг ҳолис ва ҳалоллигига қойил қолганман.У суҳбат давомида фақат мавзугагина оид аёвсиз саволлар бераркан, Салай Мухаммадаминовни ёки ўша Каримовнинг неварасини ёқлаб ё аяб -суяб, хаспўшлаб ўтирмади.Уларга мойдай ёқадиган ясама саволлар ҳам бермади.


Суҳбатлар кучли таҳлил ва аниқ хулосалардан иборат бўлди.


Бугун мухлислардан бири сайтимиз почтасига журналист Алишер Назарнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган мақоласини юбориб, бу мақола юзасидан менинг фикрларимни билмоқчи бўлибдилар.Бунинг учун у инсонга миннатдорчилик билдирамиз.Чунки менинг Фейсбукда саҳифам йўқ.Шу сабаб бошқаларнинг Фейсбук саҳифасига кириш имкониятига эга эмасман.Мен адабиётчиман ва ўз саҳифаларимдагина ишлайман.


Бошқаларни билмадиму, лекин менинг баъзи бир, таъма илинжида, аниқроқ қилиб айтилса, бир пайтлар қинғир йўллар билан хорижий оммавий ахборот воситаларига "ишга жойлаб" қўйгани учун журналистиканинг холислик мезонига хиёнат қиладиган,нопрофессионал, айёр, маккор ҳамда ўз хатти харакатлари билан одамнинг кулгисини қистайдиган айрим қўлбола "журналистлар" ёзган сохта, пиарчи, узундан узоқ зерикарли мақолаларини ўқишга, бирёқлама "эшиттиришлари"ни тинглашга, "видеолари"ни кўришга тоқатим ҳам вақтим ҳам етмайди.


Лекин Алишер Назар ёзган жиддий, қуйма, бош қотиришга ундайдиган мақолаларни катта қизиқиш билан ўқиб, кузатиб бораман.Унинг "Синган кўзгу" мақоласини ўқир эканман, мақолани шундай ўзига ҳос усулда қойиллатиб ёзса ҳам бўлар эканку дея хурсанд бўлдим.


Оз бўлсада шундай виждони пок, ҳолис ва ҳалол журналистлармиз борлиги учун Худога шукур.



Холдор Вулқон

Синган "кўзгу"



Интернет сайтлари “уйғон”ди, онда-сонда бўлса ҳам миллий телевидениемиз касал одамдай “кўзини очиб” қараяпти, матбуот ҳам нималарнидир дудуқланяпти, аммо… Бу “уйғониш” унчалик ҳам кўнгилга таскин бермаётгандек! Кимнингдир турткиси билан уйғониш “уйғоқлик”ми? Ҳақ олинса, кўнгил тўлади! Берилган ҳақ билан мақтаниш ожизликдир! Ўзинг уйғонсайдинг, ўзинг ҳаққингни сўрашни билсайдинг, ҳеч бўлмаса, ҳаққини сўраганлар ёнида тура олсайдинг! Янаям пастроқ тушай, ҳаққини сўраганларга индамасайдинг!

Президент Ангренга бориб, халқнинг ночор аҳволи ҳақида жуда қаттиқ гапирди. Эртаси куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган бир журналист ёзди: “Биз шундоққина биқинимизда турган муаммони кўрмаган эканмиз, қаранг, Президентимизнинг донолигини!” “Хизмат кўрсатган” ҳалиям отда, ҳалиям бировга гап бергиси келмайди! Қани энди бир тил бўлса-ю, “Ҳазрат, сиз ана шу биқинингиздаги муаммони кўрмаганингиз учун раҳбар бўлдингиз, халққа хизмат қилмаганингиз учун “хизмат кўрсатган” олдингиз-да”, деса! Деганда энди нима ўзгаради?!

Шу одамдан кўп дакки эшитганман: “Ҳаётга қора кўзойнак билан қарайсан! Президент сиёсатига қаршимисан?!” Ўн йил олдин бу гапнинг нималигини билармидингиз? Шу атрофда юрган бўлсангиз, албатта билардингиз. Билмай кўринг-чи! Бу шундай таҳдид эдики, эшитган одам беихтиёр “биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деворарди.

Ҳа, шунақа деб юравердик. Ўтган йили қарасак, биз ҳаммадан кам эканмиз! Таълим тизими издан чиқиб кетган, соғлиқни сақлаш аянчли аҳволда, қишлоқ хўжалиги ночор, ёшлар қаровсиз, диний саводсизлик авжига чиққан! Биз нима қилдик ўзи?

Ҳеч нарса қилмадик десак, инсофсизлик бўлади. Жуда кўп ишлар қилинди, лекин аксарияти хато йўлдан кетди. Нима учун шундай бўлди, биласизми? Жамиятдан ЭРКИН ФИКР қувиб чиқарилди! Фикр айтган одам душманга айлантирилди. Матбуот “бўлмайди” деган сўзни луғатидан ўчириб ташлади. “Ҳаммаси зўр, ҳаммаси бўлади”га чиқиб кетди! Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фикрлайдиган бўлдик. Шунақа қулинг ўргулсин кадрлар ишлаб чиқдикки, бири қўйиб, бир “Ватанни севади”!

Бир одам ҳеч қачон хато қилмаслиги, мутлақ ҳақиқатни гапириши мумкин эмас. Ғойибдан келадиган ваҳийнинг тўхтатаганига 15 аср бўлган ахир! Йўқ, биз буни тан олмадик, “сизники маъқул” дедик.

Эркин матбуот, эркин фикр яшайдиган жойда ҳукумат қутириб кетолмайди. Ҳукуматнинг кўзига матбуот кўзгу тутиб туриши керак. У “кўзгу”га қарасин, ўзини тузатсин! Бир ҳафта кўзгуга қарамаган одамнинг башарасини кўрганмисиз? 25 йил қарамаган одамникини-чи?! Биз “кўзгу”га қарамадик, уни “синдириб” ташладик. Ҳукумат билан ўртамиз узилиб қолди. Шунақа бир “девор” пайдо бўлдики, ошиб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ! Пахтани териб, ғаллани йиғиб, газ, нефть, олтинни қазиб олиб “девор”дан ошириб ташлаймиз. Биз қора ботирларнинг мақсадимиз: “омбор”ни тўлдириш! Лекин бу ўлгур ҳеч тўлмайди. Тўлдиролмадик! Натижада, “дон” излаб ҳар томонга учиб кетдик. Шунда ҳам ҳеч ким “шунча меҳнат қилдинг, узр, қорнингни тўйғазолмадик”, демади. Ортимиздан: “дангасалар”, “хоинлар”, “ватангадолар” деб сўкиб қолди.

Биз соддалар билмадикки, “омбор”имизга “каламушлар” танда қўйишган экан! Буёғи Лос-А́нджелесу, буёғи Швейца́рияда миллион-миллон долларлик саройлар қурибмиз, виллалар сотиб олибмиз, шахсий самолётларимиз бор экан, Острогорский деган опанинг болаларини энг зўр университетларда ўқитибмиз… Лекин биз билмабмиз, билолмасдик ҳам-да! Чунки “кўзгу” синган эди, синдиришган эди.

Энди нима бўлади? “Кўзгу”ни бутлай оламизми?

Йўқ, чунки “кўзгу” синган куни ўқувчининг ишончи ҳам қўшилиб синган.

Яқинда бир “отахон” газета таълим тизимининг 10 йилликка қайтиши келажак учун муҳим қадам бўлганини ёзиб, исботлаб берди. 3-4 йил илгари “Коллежлар бизнинг келажагимиз” деб ёзиб, уни ҳам исботлаб берганди. Халқ бу гапнинг қайси бирига ишонсин?

Телевидениеда кўрганмисиз, ёши саксондан ошган бир онахонни залнинг ўртасига тўрғазиб қўйиб, туман прокурори бошчилигида бир зал одам “талаяпти”:

– Хоиннинг онаси!

– Шунақа бола тарбиялайсанми?!

– Юртнинг юзини ерга қаратди!

– Туманимизга иснод келтирди!

Ҳақоратнинг чек-чегараси йўқ. Бу ҳақоратларга онадан бошқа ҳеч ким чидай олмайди! Она боласи учун чидайди-да! “Бу шўрлик нима қипти?” денг, ўғли Россияга ишлашга кетиб, ўша юртлардан Туркияга ўтиб кетибди. Муаммо шу, шунга она айбдор! 20 йил олдин уни Туркияга ўтиб кетмайдиган қилиб туғиши керак эди.

Энди пластинкани алмаштирдик. “Туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла фаоллари билиб-билмай хато йўлга кириб қолган ёшларимизни соғлом ҳаётга қайтариш учун уйларига бориб суҳбатлар ўтказишяпти. Натижада, одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи тикланяпти”.

Айтинг-чи, залда қон ютиб турган 80 ёшли ўша онахон бу гапларни эшитиб нималарни ўйлаётган экан? Телевидениенинг қайси гапига ишонсин? Эртага яна бошқачароқ гап ўртага чиқиб қолса-чи!

Демак, матбуот кўрсатма асосида ишлашни бас қилиши лозим. Матбуот ҳукуматнинг оғзига қарамасин, тишлаб ўтирган мумини туфлаб ташлаб, ўзининг оғзини ҳам ишлатсин! Бугунгача келаётган йўлини ўзгартирсин, ўқувчининг ишончини қозонадиган йўлга ўтсин. Бу йўл – мустақил фикрлаш, ўз СЎЗИ ва ўз ФИКРИни айта олиш йўли бўлсин. Шунда бизнинг жамиятимизда ҳам ШАХСлар пайдо бўлади. Шахслар – миллат локомотивлари! Бутун бошли миллат китобхон, зиёли, буюк бўлиб кетиши мумкин эмас. Миллатнинг буюклигини ана шу “локомотивлар” кўрсатади.

Биз шахсларга йўл бермадик. Болаларимизни шахс қилиб тарбиялашга интилмадик. Ёшларимиздан бири ҳукуматимиздан “фахрий ёрлиқ” олган экан, қувончдан: “энди қандай яшайман” деб изиллайди. Ҳой, сенинг истеъдодингнинг нархи битта “фахрий ёрлиқ”миди ҳали?! Биттаси чиқиб, “мамлакатмизда ёшларга берилаётган эътибор дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ”, дейди. Чиноздан нарига ўтмаган қизалоқнинг гапини қаранг! Чунки у нима қилсин, ўзининг гапи йўқ, бу гапни қаердандир эшитиб олган. Аниқ билади, зарарсиз гап!

Хуллас, умумий гаплардан, шаблон гаплардан, энг муҳими, ёлғон гаплардан воз кечиб, реал ҳаётга қайтиш вақти аллақачон келди.


facebook.com

 

 

Алишер Назар

Шеърлар

ОЖИЗ ОДАМ ҲАҚИДА


Бу одамга алам қилади,
Қаршисида мудом бир тилсим:
Нега унинг душмани йўқдир,
Нега унга қаршимас ҳеч ким?

Нега унга ҳасад қилишмас?
Ёки ҳеч ким келиб урмас дўқ?
Кўчалардан карвони ўтар,
Ҳурадиган бирорта ит йўқ!

Узун-узун режалар тузмас,
Уйқу қочмас олис тунлари.
Сочларида бирорта оқ йўқ,
Юрагида йўқ санчиқлари.

Алам қилар унга шуниси,
Ўтиб борар беғалва, бесас.
Курашгиси келар унинг ҳам,
Лек арзирли ғаним топилмас.

* * *


Сизга нима бўлди, бунча бахтлисиз,
Нега бошингиздан баҳорлар кетмас?
Заминнинг фарзанди эмасмисиз ё,
Бунчалар юксакциз, овоз ҳам етмас.

Бироқ ҳар парвознинг қайтажаги бор,
Қарзга олгансиз-ку ахир бу жонни!
Тутиб қолай деса бирор қўл етмас,
Шунча юксаклардан қулаш осонми?


ЁЛҒИЗЛИК


Ёлғизликдан жуда қўрқаман,
Ёлғизликда адолат йўқдир.
Кўзларингга тикилиб туриб,
Ҳақиқатни айтар бирма-бир.

Овутмоқчи бўласан ўзни,
Самоларга тикасан кўзинг.
Ўксиб-ўксиб йиғлагинг келар,
Негалигин билмайсан ўзинг.

Олисларга термуласан жим,
Шамолларга кўнгил ёрасан.
Кетгинг келар бош олиб, бироқ
Бу бош билан қайга борасан.

Ҳеч нарсадан тўлмайди кўнглинг,
Юрагингни нимадир ўртар.
Юзларингда синиқ табассум,
Кулгуларинг йиғидан баттар.

Ёлғиз қолган одамга қийин,
Енгиб бўлмас сукунат юкин.
Ёлғиз қолган одам ҳаттоки,
Сен ҳақингда ўйлаши мумкин.

* * *


Ишонманг бу кўнгил эртакларига,
Унда хиёнатнинг кўп нишонаси.
Шу маъюс термулган нигоҳлар асли,
Қанча нигоҳларнинг оғриқхонаси.

Унинг юрагига ачинасиз сиз,
Кўнглингизни юлиб "ол" дейсиз - малҳам.
Аслида бу юрак бир мозорхона,
Битта лаҳадида ётибман мен ҳам.

* * *


Ортиқ севолмадим, мени кечиргин,
Гарчи қурбон этдим оқликларимни.
Энди ўртамизда тоғлар кўкарди,
Мен йиртиб ташладим оғриқларимни.

Сенсиз бугунларга ўрганиб қолдим,
Кўнглимни тарк этган у кунлар тафти.
Сени юрагимдан суғириб олдим,
Сенсиз ҳам тонг отиб, кун ботаяпти.

Муҳаббат сўзининг рангин унутдим,
Энди сўнгги илинж тилайман сендан.
Фақат кўзларимга осилиб қолган,
Масрур кунларингни олиб кет мендан.

* * *


Сиздан кетиш қанчалар осон,
Кетиш мумкин бесадо, беиз.
Дунё қадар кетиш ҳам мумкин,
Кетиш мумкин ҳатто кўз ёшсиз.

Эрта учган турналар мисол,
Кетса бўлар мутлақо беғам.
Сиздан кетиш шунақа осон,
Кетолмайман шунинг учун ҳам.

* * *


Нега сизнинг бунча бошингиз эгик,
Саратон тафтида кўзларингиз — муз?
Айтинг-чи, қолдими бисотингизда,
Бирорта ҳайқириқ, бирор тирик сўз?

Ўрнингизга биров яшаётгандай,
Чиқиб кетолмайсиз нега бу издан?
Бунча тинч ухлайсиз тўшагингизда,
Чўчиб тушинг ахир, илтимос сиздан!


ИЛТИЖО


Қачон ерга йиқилиб тушдим,
Кўнглим бунча лат мани.
Рутубатли туманлар аро,
Йўлим қани, осмоним қани?

Юролмайман... билмам елкамга,
Бунча оғир нималар ортдим.
Ўзинг яқин келмасанг осмон,
Бўйнимгача заминга ботдим.


ТАВАЛЛОЛАР


Ҳар неки сўрадим, бердингу фақат...
Сен менга ўзимни жуда оз бердинг.
Яшашдек жазони берган Худойим,
Куйини бермасанг, нега соз бердинг?

* * *


Келдим... кетмоғимнинг нишонаси бу,
Кетар йўлларимни кўрсатгин, Жаббор!
Ўзим бу йўлларда бош урай десам,
На девор бор менда, на пешона бор.

* * *


Бўм-бўшман, кел, Ўзинг тўлғаз,
Кўксимга кир, кўнглимга киргин.
Тангрим, ахир яшашим учун
Йўқотишга нимадир бергин.

* * *


Шундайин дард берсанг, шундай ташналик,
Дунёни бир қултум сув каби ютсам.
Ўзимга кирсамда сарҳадларимда,
Сени излавериб йўқолиб кетсам.

* * *


Қўлларим дуода, ҳовучим тўлмас,
Самон йўлларида ўлтираман жим.
Илҳақман, интизорман, лек имдод бўлмас,
Сабрим тўлиб борар, тўлмайди кўнглим.

* * *


Букун бозоримиз қизиб бородур,
Ғаддор дунё биздан ўзиб бородур.
Рўёга харидор нафси баломиз,
Икки дунёмизни бузиб бородур.

* * *


Гоҳида сиғмайди йодимга йодинг,
Бир оғриқ бошланар бағримда сим-сим.
Ахир Сенга қандай бахшида этай,
Ўзимга етмаган ўзимни, Тангрим?

* * *


Тўлиб бормоқдаман, тўкилмай туриб,
Аллоҳим, қалбимга наззора эт бир.
Ахир саҳройингда ташна бир қулман,
Мусофирман, мусофирман, мусофир!

* * *


Чарчадим, назар сол бу йўллар аро,
Ўзимни йўқотдим, Сени йўқотдим.
Ишон, йўлсизликдан қийналмадим мен,
Йўлим кўплигидан қийналиб кетдим.

* * *


Умримни бесамар кунларга сотдим,
Бунда топганларим ҳаммаси — рўё.
Сенинг омонатинг асрай олмадим,
Қимматга тушди-ку менга бу дунё!

* * *


Кўнглимда йиғлайди минг йиллик фироқ,
Сен менга яқинсан, мен Сендан йироқ.
Саҳарларда туриб сасинг излайман,
Эй дўст, айрилиқдан бағрим минг қуроқ.

 


x_15d42282 (604x453, 162Kb)