Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ёзувчи Темур Пўлатовнинг "Манқуртлар учун сохта янгиликлар конвейри" мақоласига муносабат



Аввалдан шуни маълум қилиб қўймоқчиманки, мен қуйида ёзмоқчи бўлган фикрларим билан марҳум президент Ислом Каримовга адвокатлик ёки прокурорлик қилмоқчи эмасман.


Аксарият сургунга учраган ўзбек муҳожирлари каби 2015 йили Каримов имзолаган хужжатга асосан менинг ҳам фуқаролигим бекор қилинган эди.


Шундай бўлсада, ўлган одамнинг ортидан ёмон гапирма деган халқимиз ҳикматига амал қилиб ва ўтган президентларини қораламайдиган мутараққий Европа, Осиё ҳамда Ғарб давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, мен бу адолатсиз иши учун Ислом Каримов шаънига ёмон гаплар ёзмадим ва айтмадим.


Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев яқин вақтлар ичида бу машъум адолатсиз хатони тўғрилаб, мен ва мен каби нохақ ватандошликдан махрум қилинган Ўзбекистон фарзандларини реабилитация қилиб, фуқаролик статусларини қайта тиклайдилар ва тарихий адолатни қарор топтирадилар дея ишонаман.


Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас.

Гап шоир Муҳаммад Солих, Салай Муҳаммадаминов ҳақида ёзилган ёзувчи Темур  Пўлатовнинг мақоласидаги айрим тушуниксиз жумлалар ҳақида.


"Аслида, бош русофоб И.Каримов бўлиб чиқди. Ислом Абдуғаниевичнинг яширин ва очиқ-ойдин русофоблиги барча ақл-идрокли одамларнинг хотирасида. Гапда миллий келишув ва тинчликни эълон қилиб, амалда буюк рус ёзувчилари, олимлари ва педагоглари исми билан номланган кўчалар ва майдонлар номини ўзгартириб, уларнинг ҳайкалларини йиқтириб ташган, Россияга мустамлакачи роли ажратилган ўқув китобларини қайта ёздирган, русий забонлар эса шу сиёсат тарғибчилари деб ҳисоблаган.


Ахир бекорга кўчиб кетган русий забонлар деярли ҳар куни Москвада Каримов ҳайкалини ўрнатилишига қарши митинг қилишмаяпти."

(Ёзувчи Темур Пўлатовнинг "Манқуртлар учун сохта янгиликлар конвейри" мақоласидан)


Темур Пўлатов ўз мақоласида бош русофоб дея собиқ президент кирдикорларини бирма бир "фош" этар экан, ўзи билибми ё билмай, ё атайлабми, Ислом Каримовни ўзбек халқи манфаатлари учун фидоийларча курашган буюк патриотга, ўзбекча айтсак, ватанпарварга айлантиради.

Ёзувчининг юқорида ёзган гапларига инониладиган бўлса, Ислом Каримовнинг ҳам Салай Муҳаммадаминов бошлиқ ЎХХ деган ташкилотнинг ҳам ғоявий маслаги, фарханги бир хил бўлган эканда демак.

Ўзингиз ўйланг, Агар Ислом Каримов юқорида Темур Пўлатов айтгандай кўчаларни қайта номлаб, рус ёзувчилари номини ўчирган, ҳайкалларини йиққан бўлса, уни ўзига ашаддий душман деб билган, ўзларини миллиятчи дея санайдиган миллатчи фанатлар, бўлгинчи сепаратислар асрий орзусини аллақачон амалга ошириб бўлган эканда.

Унда нега улар Ислом Каримовни ўзларига ашаддий душман деб биладилар?

Буни қандай тушунмоқ керак?

Яна мақолага бошқа призмадан  қаралса, Темур Пўлатовнинг гаплари шоир Мухаммад Солихга (Салай Мухаммадаминовга) ҳайриҳох оҳангда ёзилаётгандай туюлсада, бу ёзувчининг пойма пой фикрлари аслида Салай Мухаммадаминовни ватанга қайтармаслик учун курашаётганлар гулханига зимдан керосин қуяётгандай таасурот қолдиради.


Айниқса, унинг юзага келиши мумкин бўлган ўзаро қарама -қаршиликлардан манфаатдордай иш тутаётгани кишини ҳайратлантиради ва сергаклантиради ҳатто.


Бошқаларга қандай билмадиму ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
Муҳтарам ёзувчимиз жумладан шундай ёзадилар.


"Ахир бекорга кўчиб кетган русий забонлар деярли ҳар куни Москвада Каримов ҳайкалини ўрнатилишига қарши митинг қилишмаяпти."


Агар Темур Пўлатов айтгандай, Россияга кўчиб кетган ўзбекистонлик русийзабонлар Москва шаҳрига Каримовнинг ҳайкалини қўйдирмаслик учун ҲАР КУНИ митинг қилаётган бўлсалар, бу ўз ўзидан Ислом Каримовни Лубянканинг қўйиндиси (вставленник) дея бот бот янграгувчи иддаоларни ўз ўзидан йўққа, ёлғонга чиқаради.


Мен Темур Пўлатовни бир истеъдодли ёзувчи сифатида ҳурмат қиламан албатта.Унинг "Макон", "Кунда -шунда","Ғойибнинг қайтиши", "Тошбақа торозуси" каби асарларини ўқиганман.


Ўзбекистонда сўз эркинлиги, хурфикрлик, демократиянинг йўқлигидан қайғуриб юргувчи Темур Исхакович жаноблари бизнинг юқорида билдирган сал аччиқроқ фикрларимиздан хафа бўлмаслар дея умид қиламиз.



18/02/2018.

Кеч соат 7:55.

Канада, Онтерио.