Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ташаббуси билан Абдулла Қодирий ҳотирасига боғ - музей ташкил этиладиган бўлди.

 

Абдулла Қодирий ўзбек адабиётининг энг ёрқин, унитилмас сиймоларидан, яъни символларидан биридир.

Шу кунларда "Озодлик" хорижий радиоси Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ўзбек романчилиги асосчиси атоқли ёзувчимиз Абдулла Қодирий ҳовлисида боғ - музей ташкил этишни ваъда қилгани ҳақидаги қувончли хабарни тарқатди.

Дину диёнатсиз осий жамият далаларимизни пестицид оғусига бўктириб, халқимиз генофондига жиддий зарар етказгани, денгизимизни кўлмакка айлантиргани ҳам оздай, адабиётимиз, маънавиятимиз ўқ томирига ҳам болта уриб, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби шоирларни, Абдулла Қодирий каби буюк ёзувчиларимизни ноҳақ қатл қилди.


Абдулла Қодирий қатл этилмаганида, у Мопассан, Стендал, Александр Дюма, Жюль Верн, Лев Толстой, Эрнест Хемингуэй, Кобо Абе, Габриэль Гарсия Маркеслар қатори ўзининг "Ўткан кунлар" романиданда буюкроқ санъат асарлари яратган бўлар эди.


Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг Абдулла Қодирий ҳотирасига бағишланган мухташам боғ-музей ташкил этиш тўғрисидаги қарори барча ўзбек ёзувчилари қатори мени ҳам беҳад қувонтирди.


Ҳа, бўғзигача қонга ботган худосиз жаллодларнинг қонхўр тўдаси Абдулла Қодирийни ноҳақ отувга ҳукм қилиб, жисман қатл этдилар.


Аммо улар халқимиз юрагидан жой олган Абдулла Қодирийни, унинг мунаввар ҳотирасини маҳв эта олмадилар.


Мусофирнинг дуоси нақд дейди донишманд халқимиз.Шундан умидланиб, мен ҳам бугун  устозимиз Абдулла Қодирий ҳотирасига боғ-музей ташкил этиш қарорини олган давлатимиз раҳбарларини ўз эзгу мақсадларига, яхши нийятларига етсин дея чин юракдан дуо қиламан.


Озод ва обод Ватанимиз тинч, адабиётсевар, камтарин халқимиз мангу омон бўлсин!

 

 

Холдор Вулқон


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

 

20/02/2018.

Кундуз соат 4:06.

Канада, Онтерио.