Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 


Жасоратли журналист Муҳаммад Бекжоннинг "Алвидо, Жаслиқ!" китоби тўғрисида



Аслида бир икки жумласига кўз югиртирилиши биланоқ, дарров у ёки бу асарнинг қай даражада ёзилгани, ёзувчининг бадиий диди, истеъдод даражаси тўғрисида аниқ ташхис, тасаввур ҳосил бўлади ва у асарни ўқиш ё ўқимаслик қарори олинади.


Олтиндан ҳам қиммат вақтини ва кўз нурини бехуда сарф қилмаслик учун, ё муаллифнинг истеъдод даражаси ўртамиёнадан ҳам пастлиги сабаб, ё дейлик "асар" диний ёки дунёвий фанат тамонидан бирёқлама, зерикарли ёзилгани учунми, дидли уқигувчи дуч келган асарни ўқийвермайди.


Аммо узоқ йиллар "Жаслиқ" қамоқхонасида ўтириб, руҳан синмаган журналист Муҳаммад Бекжоннинг қамоқхоналарда чеккан ўз жабру жафолари ҳақида ёлғон қўшмай, самимий ёзган "Алвидо, Жаслиқ!" китоби бундан мустасно.


Мен бу асарни ўқиб чиқиб, нафақат асарнинг ўзи, балки унинг номиёқ ижодкор инсон табиатини, қалбини ва бадиий дид даражасини белгилайдиган бир сирли кўзгу эканига амин бўлдим.


Эътибор беринг.Муҳаммад Бекжон ўз асарини "Алвидо, Жаслиқ!" дея номлабдилар.


Одатда одам бирон қадрдон дўсти ёки яқинлари билан мангуга хайрлашаётибгина "алвидо!" дейди, видолашади, видо айтади.


Бу ерда китоб номи икки ҳил маънони англатади.


Бири ўзининг узоқ йиллик қадрдони - дахшатли қамоқхона билан ҳайрлашаётгани бўлса, иккинчиси қамоқхоналарда ўтган навқирон ёшлиги (қорақалпоқ тилида Жаслиғи)билан видолашиш.


Бошига мусибату азобу уқубатлар ёғдирган қамоқхона билан видолашаётган Муҳаммад Бекжон китобининг номи менга беихтиёр Бобраҳим Машраб мисраларини эслатди.

 

Аҳволи дилим айтғали бир маҳраме топмай,

Зулмингни қариндошу ғамингни падар эттим.

 


дея ёзади Шох Машраб.


Шоирнинг юқоридаги байтини ҳис қила олган одамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетади.


Э, Худойим!Менга жамолингни кўрсатмай қилаётган зулмингни ўзимга қариндошдек яқин олдим, ҳажрингда ғамгин бўлган бўлсам, ўша ғамни ўз отамдай эъзозладим -деган маънолар бор бу байтда.


Ҳа, журналист Муҳаммад Бекжон ҳам ўзига етган қийинчиликларга тоқат билан сабр қилди, қамоқдан қутилиш учун қамоқхона мулозимларига зимдан хизмат қилмади.Амницияга тушиш илинжида қамоқхона маъмуриятига ва катталарга ёқадиган гапларни айтишдан ўзини тийди.


"Э, халойиқ, мени ўлдиришяпти йиттиришяпти, дубина билан товонларимни уриб ёриб ташладилар!" қабилида фарёд кўтармади.

Бошига тушган дахшатли кулфатларга сабр билан миқ этмай чидади.


Ундан ҳам ҳайратланарлиси, Муҳаммад Бекжон ўз акаси, шоир Муҳаммад Солих, Салай Муҳаммадаминовга:

-Ҳаммасига аслида сен айбдорсан.Сенинг касофатинга оиламиз хонавайрон бўлди.Биз қамоқларда чиридик.Сен эса, ўз жонингни эхтиётлаб, хорижда ялло қилиб юрибсан.Ҳеч йўқ укаларимни демасанг ҳам, Каримовга қарата: -қамоқларда ноҳақ азоб чекаётган махбусларни қамоқдан озод қилиб, БМТ ихтиёрига топшир, уларнинг ўрнига мен ўз ихтиёрим билан бораман дейишга ҳам ярамадинг -дея таъна -маломат қилмади.


Шу маънода Муҳаммад Бекжон метин иродали, ҳалол , жасоратли журналист ва яхши инсондир.


Илоҳим "Жаслиқ" қамоқхонаси энди фақат ва фақат инсонларнинг мудхиш қисматларидан ҳикоя қиладиган, келажакда бундай машъум воқеалар содир этилмаслигини инсониятга эслатиб турадиган тарихий музейга айлансин!


Бундан кейин озод ва обод юртимизда одамлар ҳеч қачон қонунга зид равишда қамалмасин, азобланмасин!


23/02/2018.

Кундуз соат 10 :51.

Канада, Онтерио.