Ўзбек халқининг севикли шоирларидан бири

Шукур Қурбон

Чинобод чироқлари


Чинободликлар адабиётсевар, санъатсевар ҳалқ.Кўхна Чинобод устоз шоир Шукур Қурбон билан, ҳофизлар Фаттоххон Мамадалиев, ака -ука Исроилжон ҳамда Исмоилжон Вахобовлар ҳамда Сирожиддин Маннонов бошчилигидаги "Сўтақўзи" сайёр театри ва Зуҳриддин Исмоил каби қатор шоир ёзувчилари, қолаверса, марҳум биринчи тоифали юрист, профессионал, ҳалол адвокат, садоқатли дўст, яхши инсон Анваржон Хайдаровлар билан ҳақли равишда фахрланади.


Чинобод соғинчи Шукур Қурбоннинг ойдин шеърларида ўз аксини топган.

Шоир олис болалигини қўмсаб, Чинободнинг тупроқ кўчаларида ўз кўйлакларининг қўйнини тупроққа тўлдириб, икки қўлини қанотдай ёзганларича: -биз дори сепар самолётлармиз!-  дея тупроқ тўзғитиб, чопиб юрган болалар образи орқали мустамлака замонларида пахта далалари устидан учоқларда заҳарли меркаптапос, пестидцид оғуларини меҳнаткаш халқимиз бошига ёғдирган ёвуз кучларга ўз исёнини ўша пайтлардаёқ жасорат ва журъат билан изҳор эта олган, дахшатли фожеа кўламини ишоратлар билан кўрсатиб беролган эди.


Одатда қинғир -қилвир йўллар билан китоблар чиқаришни,  ялтоқланишни билмайдиган, унвон, дача, қалам ҳақи талашиб, уюшма раиси билан ёқалашиб, бўғишиб юришни ўзларига эп кўрмайдиган камтарин шоир -ёзувчилар баъзан бироз четда, сояда қолиб кетадилар.Шу призмадан қараб, адолатли баҳо берилса,Шукур Қурбон ўзининг одам қайта қайта ўқиса ҳам зерикмайдиган, медага тегмайдиган, мусиқага ўхшаш лирик шеърлари билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирлардан сира кам эмас.


Унинг она ҳақида, севги -муҳаббат мавзусида ёзган лирик шеърлари, "Соғинч дорвозаси" номли шеърий туркуми ҳақиқий санъат асарларидир.


Шукур ака, яхши юрибсизми?Келин аям, жиянлар тинчми?Уларга салом айтинг.Иброхим Пайдога ҳам.


Энди ажойиб шоир Зуҳриддин Исмоил ҳақида икки оғиз сўз.


Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи Зуҳриддин Исмоилнинг асли касби тиш дўхтирлик бўлиб, унинг ишхонасидан тишини пармалатаётган мижозлар оҳ -фарёди, осмонларни тилка пора қилгувчи чинқириқлари бот бот эшитилиб туради.Агар Зуҳриддин Исмоилнинг мижозлар милкидан суғирган тишларини бир жойга тўпласа, дунё харитасида янги тоғ тизмалари пайдо бўлар эди.(ҳазил).


Жиддий айтадиган бўлсак, шифокор шоир Зуҳриддин Исмоил ҳам яхши шеърлар ёзади.

Унинг ҳикоялар ёза бошлагани эса, табрикласа арзигулик қувончли воқеа.


Бугун шоирнинг битта митти ҳикоясини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.



Холдор Вулқон

 

27/02/2018.

Кеч соат 7:31.

Канада, Онтерио.

Зуҳриддин Исмоил

 

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)



- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

Андижон вилояти, Чинобод қишлоғи.

Манба: "Иқбол" сайти.


x_15d42282 (604x453, 162Kb)