Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга



Ушбу ёзаётган мактубим шомолдек шошиб, дарёдай тошиб, тез кунлар ичида етиб маълум ва равшан бўлсинким, ўшал Ўзбекистоннинг шишадек мусаффо ҳавосидан нафас олиб, ўз президентлик бурчини адо этиб юрган Шавкатбек акамга деб билгайман.


Ассалому алайкум, Шавкатбек ака.Яхши юрибсизми?Келин аям, жиянлар, невара чевараларингиз барчаси соғ ва омонми?Қийинчилик, камчиликлар йўқми?Мендан сўрасангиз, мен ҳам соғ саломат юрибман, ёзиб чизиб.Бир этак бола.Еттита фарзандим, тўртта неварам бор, Худога шукур.Бешинчи неварам туғилиш арафасида, Худо ҳохласа.


Дуо қилинг, ака, шу неварам ҳам тўрт мижози соғ, умри билан, ризқи билан дунёга келиб, сиздай улуғ инсон бўлсин.


Ака, мана сиз Ўзбекистон Республикасининг президентисиз.Мен эса оддий бир ёзувчиман.Лекин иккимиз ҳам шу Ўзбек деган халқнинг хизматкорларимиз.Сиз сиёсатда, мен эса адабиётда.Дунё шундай қурилганки, шох ҳам гадо ҳам қачондир қайдадир бир куни албатта бу фано тупроғини тарк этади.Инсондан эса фақат ҳотира, ҳаёту дунёда қилган яхши амали ҳамда санъат даражасида яратилган асарларгина сақланиб қолади.Қолган ҳамма нарса емрилишга, ўзгаришга, яъни йўқ бўлишга махкум.


Бу ҳақда менинг қачонлардир Ватанимда ёзган бир шеърим бор.Ўша шеърдан бир банд келтираман.



Юз йил аввал йўқ эдим бунда,

Йўқлигимдан қўрқмаганман ҳеч.

Қўрқмагайман йўқ бўлиб қолсам,

Юз йилдан сўнг, ёки эрта кеч.

 


Бу дунё нари борса, қўниб ўтиладиган қўналға, охират сафарига тадорик кўраётган мухожирлар, яъни инсоният учун Худои Таоло тамонидан қурилган муаллақ ва муваққат бир ҳужра ҳалос.


Тақдир тақозоси билан хорижда ҳаёт кечираётган биз каби муҳожирлар учун ватанда кечаётган сиёсий вазиятни тўла тасаввур қилиш, йўналишни тўғри белгилай олиш жуда мушкул.

Биз худди қуюқ кузги туманлар ичра, ёки ойсиз зулматда чироқсиз қолган йўловчиларга ўхшаймиз.Шу маънода ким дўст ва ким душман эканини ажратолмай, аввалги мактубларим билан, ҳаяжонда бироз шошма шошарликка йўл қўйган бўлишим ҳам мумкин.


Бу ҳатолар учун сиздан узр сўрайман.


Яқинда денг, бир қизиқ воқеа содир бўлди.Сизнинг вертуал қабулхонангизга кириб, мактубимни яна бир текшириб қўйиш учун саҳифани очсам, у ерда СНБ раҳбари ўринбосари Б.Ходжаев деган одам имзоси билан мактуб турибди.Мактубда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги қошидаги Ўзбекистон Элчихонасидан менинг муаммоларини ўрганиб чиқиб, чора кўриши сўралган экан.


Менга энди авваллари ҳеч бунақа мактуб келмагани учун, хурсанд бўлиб, бола чақаларимга, қариндош уруғларга бу "ҳушхабар" ҳақида телефон қилиб юборибман.

Ватандаги укамга; -Мана, Шаробиддин, сен ичкиликни ташлаб, масжидга қатнаб қолганинг учун дуоларинг ижобат бўлиб, менинг Ватанга қайтишимга Давлатимиз ижозат берди - деб юборибман.Э, ишонсангиз, укам бечора, уч тўртта болали хўкиздай йигит, хўрлиги келиб йиғлаворди.-Худога шукур, Худога шукур, ака! -дейди ҳалос, ҳўнг ҳўнг йиғлаб.Мен у билан телефонда суҳбатлашяпману, укамнинг йиғлаётган ҳолатини, хўрликдан махсининг қўнжисидай бужмайган афтини ғойибона тасаввур қиламан.

Ҳуллас, укам тушмагур ҳамма қариндош уруғларга, маҳалладагиларга: - Акамнинг Ватанга қайтишига Давлат рухсат берибди! -деб тарқатворибди.

Қариндош уруғлар мени Ватанга қайтяптикан деб, хурсандликларидан жўр бўлиб, чуввос солиб йиғлашибди.

Мен бўлсам, ҳалиги СНБ чиқарган хатни вертикалигаю диагналига қайта қайта ўқийвериб, уни худди бир муқаддас сурадай ёдлаб олдим.Адолат бор эканку -дейман нуқул, кўзларимда жиққа ёш билан.Ўша куни дўкондан торт, кўка кўля, ҳар ҳил ширинлигу егуликлар ҳарид қилиб, уйда катта байрам ташкил қилдим.

Комедия.

Насриддин афандиям менинг қаршимда бир жиддий одам.

Айниқса, менинг стол атрофида, оила даврасида кўка кўляни курушкага қуйволиб айтган гапларимни эшитсангиз, кулавериб қотиб қолариттингиз.

Энг қизиғи эртасига бошланди.Яшин тезлигида бутун Ўзбекистонга тарқалган менинг Ватанга "қайтаётганим" ҳақидаги хабардан сергакланиб, нужели?!наҳотки?! -дея, атрофга ҳавотирли аланглаб, менга умрида телефон қилмаган айрим дингқулоқ стукачлар бирдан фаоллашиб денг, кўриб гаплашадиган замонавий телефонларида бирин кетин алоқага чиқа бошладилар.Улар ўзларини худди самимий табриклаётган ҳайриҳох кишилардай тутсаларда, менга худди тергов изоляторларида терговчилар тамонидан бериладиган саволларга ўхшаш илмоқли саволларни беришар, мендан информация олишга зўр бериб уринишарди.

Мен бўлсам, ҳаёлан осмонларда учиб юрардим.

Ширин ҳаёллар суриб, Ватанга қайтганимни, Тошкент Халқаро аэропортида мени казо казо раҳбарлару ёзувчилар делегацияси, қариндош уруғларим, синфдош дўстларим, узун узун чўпакларга микрафонларини осиб олган халқаро ва маҳаллий журналистлар, ҳокиму ҳукамо, олиму уламо, шоиру шуаро, ҳофизу ҳузало, фозилу фузало, ноғораи калон, карнай сурнай садолари остида кутиб олаётганларини тасаввур қиламан нуқул.


Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси менинг адабиёт соҳасидаги озми кўпми қилган камтарин хизматларимни хисобга олиб, унвон билан тақдирлагани ҳам оздай, умр бўйи меҳнат машаққатлар билан ёзган китобларимни бир неча жилдли сайланма кўринишида қалин муқовали қилиб, юқори сифатли қоғозга юз минг, баъзан икки юз минг тираж билан бепул нашр этганларини ўйлаб юрагим хапқириб кетарди.


Ҳатто бир телекўрсатувда журналистнинг: - ёш ёзувчи шоирларга қимматли маслахатларингиз -деган саволига; - Ёшлар яхши шоир ёзувчи бўлишни ҳохласа, ҳеч қачон ҳеч нарса ёзмасин -деганимни, ва бу гапдан журналистнинг ҳайрон бўлганини кўз олдимга келтираркаман, ҳаёлан сўзларимга шоша пиша аниқлик киритардим.


-Ҳа, ҳеч нарса ёзмасинлар.Уларнинг асарлари ўз -ўзидан ёзилиб қолсин.Шундагина улар ҳақиқий шоир ёзувчи бўлиб етишадилар -дейман.Ўша кунлари шундай ўй ҳаёллар билан осмонларда учиб юрдим гўё.


Бир куни яна вертуал қабулхонага кириб, саҳифамни очиб, СНБнинг мактубини ўқирканман, пастда "жавоб" ва "кўчириб олиш учун" деган таблицаларга кўзим тушди.Шундоқ очсам, у жойда Ўзбекистон Ташқи ишлар Вазирлиги қошидаги Ўзбекистон Элчихонаси чиқарган, менинг 2015 йил собиқ президент Ислом Каримов имзолаган қарорга биноан фуқаролигимни йўқотганим ва энди Ўзбекистонга фақат виза билангина киришим мумкинлиги ёзиб қўйилган эски мактуб турарди.


Менинг аҳволимни бир тасаввур қилинг.Йиғлашни ҳам кулишни ҳам билмайман.Энди қариндош уруғларга, укаларимга, менинг Ватанга қайтаётганим ҳақидаги хабарни эшитиб қувонган дўстларимга нима дейман, қандай телефон қиламан? -деган ўй менга тинчлик бермасди.


Бу маҳал ҳамон чор тарафдан менга кўриб гаплашадиган антиқа замонавий телефонлар орқали овозли қўнғироқлар бўлиб турар, ҳамма хурсанд.

Айниқса ҳўкматдан гап тегиб қолмасин деб, мен билан телефон орқали сухбатлашиш тугул, ҳатто мен ҳақимда ўйлагани қўрқадиганлар ҳам жонланиб қолгандилар.


Кейин мен бу телефондаги суҳбатлар самимийлигини текшириб кўриш учун бир мақоламда 2015 йили собиқ президент Ислом Каримов тамонидан фуқаролигимни йўқотганим тўғрисдаги хабарни сиздирдим.


Ўша мақола эълон қилиниши биланоқ, стукачларнинг ҳам, қариндош уруғ, ёру дўстларнинг ҳам телефонлари худди шудринг тушган тунги бедазордаги чигирткалар овозидек ўчди қолди.

Ҳатто укаларимнинг телефонлари ҳам жим.

Ҳаётимни яна зулмат қоплади.


Яхшиям денг, ака, бахтимга китоб бор, адабиёт бор, шеър бор.Адабиёт бўлмаганида, мен аллақачон хором қотган бўлардим.

Худога шукурларким, хориждаги умрим бекорга ўтмади.Мен шунга хурсандман.


Ҳурматли президент, менинг сизга ёзаётган ушбу мактубим асрлар оша тарих сахифаларида қолишига ишонаман.Унинг салбий ёки ижобий жавоб топиши эса, энди сизга боғлиқ.Мен ва менга ўхшаб, Ватанда демократия, сўз ва фикр эркинлиги бўлишини истаб, ўша пайтдаги сиёсатни танқид остига олгани учунгина бола чақаси билан ноҳақ хорижга қувилган, адолатсизларча фуқаролиги бекор қилинган Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик статусларини қайта тикланишига, Ватанга қайтишларига ёрдам беринг.

 

13/03/2018.

Тонги соат 8:10.

Канада, Онтерио.