Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга



Яратганга шукурларким, бугун ҳатто хаддимиз сиғиб, баъзан Мамлакатимиз Президентига ҳам самимий ҳазил қилсак, хафа бўлмасликларига одамнинг ишонгиси келадиган, миллатидан, ирқидан ва динидан қатъий назар барча ўзбекистонликлар сабр -тоқат билан узоқ кутган умидларга тўла озод замонларда яшамоқдамиз.


Қайсидир йиғилишда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев "Президент бўлмаганимда, мен албатта шоир бўлардим" деган гапни айтибдилар.


Шавкат Миромоновичнинг Халқимиз тамонидан Президент этиб сайланганлари яхши бўлди.


Негаки, Шавкат Миромонович шоир бўлсалар, албатта жамиятдаги порахўрлик, адолатсизликларнинг астар пахтасини чиқариб, золимларга қарши ҳукмдай янграйдиган исёнкор, муросасиз шеърлар ёзган ва алалоқибат бизга ўхшаб Ватандан қувилиб, собиқ президент Ислом Каримов тамонидан имзоланган машъум фармонга биноан фуқароликларини йўқотиб, бу тарихий адолатсизликка барҳам берилишини, фуқароликларининг тикланишини сўраб, Вертуал Қабулхона порталига хатлар йўллаб юрган, яхши хабар илинжида кунда кун ора порталга кириб, умид билан натижани текшираётган бўлардилар.


Ким билади, балки порталга юборган мактубларида:


"Ҳурматли Президент, сиз олиб борётган одилона сиёсат Ватанда демократия, сўз ва фикр эркинлигини истагани учунгина сиёсий сургунга учраган биз каби Ўзбекистон фарзандлари қалбини умид - ишончга, қувончларга тўлдирмоқда.Биз ёмон одамлар эмасмиз.Ҳатто сургунда юриб ҳам, қариндош уруғлар дийдоридан, ижодкор дўстлар суҳбатидан, адабий мухитдан узилган ҳолатда ҳам, ўн йилдан ортиқ уй қамоғида ўтириб, она тилимизда ва ўзга тилларда, назмда ҳам насрда ҳам бирдай пишиқ -пухта асарлар ёздик.Қўл қовуштириб ўтирмадик. Кечасию кундузи ўзимизни аямай, тинимсиз ишлаб, шу ёқларда ҳам ўзбек адабиётига қўлдан келганича хизмат қилдик.


Фуқаролик статусларимизни қайта тиклаб, Ватанга қайтариб, бирон қўлимиздан келадиган иш билан таъминласангиз, ёнингизда туриб, бор истеъдодимизни ишга солиб, топширилган вазифани талаб даражасида бажариб, Ватанга, Халққа ҳалол хизмат қиламиз.Юксак дид билан дунё халқлари севиб ўқийдиган, инсониятни ҳайратга сола оладиган етук асарлар ёзиб, халқаро миқёсда адабиётимиз обрўсини янада юксалтирамиз.


Мактубим охирида қачонлардир ёзган шеъримдан тўрт мисра келтираман.



Гул эмас, йўлимга сочилгандай чўғ,
Ғурбатда оқарди соч -соқол, муртим.
Мен сени бир зум ҳам унитганим йўқ,
Мени ҳам унитиб юборма, Юртим! "



дея ёзган бўлармидилар.

Нима бўлганда ҳам, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.Ватанимиз обод, Халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

 

 

 

08/04/2018.

Тунги соат 11:57.

Канада, Онтерио.