Юксак ва масъулиятли мартаба муборак бўлсин!


Ўзининг "Ўзбегим" қасидаси билан ўзбекка ўзлигини танитиб кетган марҳум устозимиз Эркин Вохидов шоир одам ўзини тўрт мисрадаёқ кўрасатади дея айтган эдилар.

Мен эса, шоир одам ўзини бир мисрадаёқ кўрсата олади дея баралла айтаман.Бунинг исботи учун шоир Сирожиддин Саййиднинг:

 

Соч толасидай чоки гирибонида куйдим

 

деган мисрасини эсламоқнинг ўзи кифоя.


Қаранг, Сирожиддин Саййид махбубанинг чоки гирибонида, яъни ёқалари орасидаги мармардай нафис бўйнида, эхтироснинг ўтли хароратига дош беролмай куйиб, қорайиб кетган соч толаси каби ёр ишқида жизғинак бўлган ошиқ дарду ҳасратларини ҳали ҳеч ким истефода этмаган янги ташбеҳлар ёрдамида рассомона маҳорат билан тасвирламоқда.


Баъзи ўзини ҳазрат Навоийни меросхўри дея хисоблайдиган, минбарларга чиқиб, Навоий ҳақида ҳаммадан кўп гапирадиган халқ шоирлари аруз вазнида дурустроқ бир нарса ёзолмайдилар.

Ёзса ҳам сўзларни қийнаб, саёз, баҳрга тушмаган сакта мисраларни битиб, у нарсаларни асар дея вақтли матбуотда эълон қилиб,  ҳатто китобларда нашр этишлари жуда аянчли.


Сирожиддин Саййид истеъдоди Яратган тамонидан ато этилган шоир бўлиши билан бирга Навоий, Бобур, Машраб, Фурқат, Муқумий, Ҳазиний, Мужрим Обид(мужрим дегани жарима тўлагувчи дегани.Яъни қилган гунохлари учун Худо олдида жарима тўлагувчи маъносида) каби боболаримиздан қолган аруз сўз санъатига садоқатли, Навоий ҳазратларига нисбатан эҳтироми чексиз ёниқ шоирдир.


Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб тайинлангани муносабати билан чин дилдан муборакбод этамиз!

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

 

11/04/2018.

Кундуз соат 5:28.

Канада, Онтерио.