Суратда, чапдан ўнга: Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, ўртада раҳматли Қобил Мирзо.

Девордаги ромда эса Ўзбекистон халқ рассоми Обиджон Бакиров тамонидан мойбўёқда ишланган устоз шоир Фарид Усмоннинг портретини кўриб турибсиз.

 

 

Андижонлик истеъдодли шоир Қобил Мирзо ёди



Андижонда эсласа арзийдиган яхши шоир - ёзувчилар, рассомлар, созандалар, ҳофизлар, олимлар, зиёлий инсонлар кўп.

Ахли дилларни чироқ каби ўзига чорлаб, анжуманларда шамдек порлаб, ижодкорлар бошини бириктиришга қодир, чин маънодаги истеъдодли, диди юксак шоир ёзувчилар: Абдулҳамид Чўлпон, Комил Яшин, Султон Жўра, Худойберди Қорабоев, Қурбона, Жасур, Ҳабибий, Омонулло Боқир, Восит Саъдулла, Имодиддин Улфат, Олимжон Холдор, Тўлан Низом, Муқимжон Қодиров, Фарид Усмон, Шукур Қурбон, Муҳаммад Юсуф, Набижон Боқий, Абдунаби Бойқўзиев, Сотволди Ражабов,Аҳмаджон Далиев, Нусрат Абдусаломов, Муҳаммаджон Ниёзмуродов, Каримжон Қобилов, Ҳалима Қорабоева, Замира Рўзиева, Хуршида Қўчқорова, Хабибулло Турсунматов, Ўтбосар Мирзаев, Одилжон Олимов, Одил Абдурахмон, Исмоил Тўлак, Усмонжон Шукуровлар қаторида Қобил Мирзонинг ҳам ўз алохида ўрни бор.


У андижонлик қалби беғубор шоир ва ёзувчилар: Турсунбой Тилсим, Ғайрат Асронов, Ҳалим Карим, Дилмурод Шокиров, Машъал Хушвақт, Соҳиба Ашурова, Хабиб Сиддиқ, Восит Аҳмад, Абдуғулом Қозоқов, Ҳабибулло Исомиддинов, Рафиқ Мухтор, Зухриддин Исмоилов, Зиё Нажмий, Адҳам Шерматов, Аъзамжон Мусаев, Икромжон Аслий каби кўплаб ижодкорлар ижодини айниқса қадрлар эди.


Шундай эээъъъжаткаллар борки, улар ўзбек шоириман дея ўз кўкракларига муштлайдилару, худди бармоқ вазнида ҳеч нарса ёзолмаганларидай, ота боболаримиздан ёдгор аруз вазнида ҳам эплаб бирон нарса ёзолмайдилар.


Баъзилари эса аруз техникасини билсаларда, қуруқ сўзлар йиғиндисидан иборат ўта одми, аянчли даражада саёз, примитив, бадиий бўш, хом -хатала нарсаларни ёзадики, у нарсалар деворий газетада эълон қилишга ҳам нолойиқ.


Қобил Мирзо эса, ундайлардан фарқли ўлароқ, аруз вазнида ўзига ҳос, санъат асарлари деса арзийдиган дардли, юзлаб гўзал лирик ғазаллар ва муҳаммаслар яратди.


Шоир кўзлари ожиз бўлса ҳам, кийиниш маданиятини ўрнига қўяр, соқолларини доимо қиртишлаб, бўйинбоғ тақиб, кастюм шимда юрарди.


У одам боласининг кулгисини қистатадиган, истеъдодсиз кимсаларга ҳос бўлган бемазакериклик, каттазанглик, ёлғончилик, ичиқоралик, бахиллик, маҳаллийчилик, жиззакилик, маккорлик каби иллатлардан йироқ юрар, бировни ёмонламас, ғийбат қилмас, устидан кулмас, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб дегандай, барчага бирдай яхши муносабатда бўларди.


Энг қайғулиси ва ҳайратланарлиси, шоир ўз асарларини игна билан ёзар эди.


Қобил Мирзони доимо садоқатли ва севимли аёли Ёқутхон етаклаб юрар, юзларидан нур ёғилиб тургувчи у фариштадай аёл шоирнинг ҳам турмуш ўртоғи, ҳам котибаси эди.


Шоирнинг Андижон ўлкашунослик музейи биносидаги иш кабинети доимо рассому ҳайкалтарошлар, ҳофизу композиторлар, шоир -ёзувчи ва актерлардан иборат ижодкорлар билан гавжум эди.


Деярли ҳар куни у ерда мушоиралар бўлар, янги асарлар муҳокама этиларди.


Бугун энди Қобил Мирзо орамизда йўқ.Унинг порлоқ ҳотираси яқинлари, дўстлари, шогирдлари ва муҳлислари юрагида умрбод сақланиб қолажак!


Шоирнинг жойлари Жаннатдан бўлсин!

 

 

Қобил Мирзо

Кеча



Хўб ажойиб дам эди ёнимда ёр ўлғон кеча,
Толеим, бахтим кулиб, дил лолазор ўлғон кеча.


Шодлигим кўксимга сиғмас бу юрак ўйноғида,
Фош ўлиб пинхона ишқим ошкор ўлғон кеча.


Зулфи кўксига тушиб, холини беркитди шошиб,
Дил қуши хаддин ошиб, қалб беқарор ўлғон кеча.


Лаъли ёқутлар сочиб, сўзларда ҳар дамда чўчиб,
Хушларим бошдан учиб, тил йўғу бор ўлғон кеча.


Ошнолик бахтидан ўз севгилимнинг ахдидан,
Ёр висолин нақдидан дил беқарор ўлғон кеча.


Сен шукр қилғилки Мирзо, телбалик ҳам энди бас,
Бу кўнгил ахдида турмоққа қарор ўлғон кеча.

 

-------------------------   ----------------------  -------------------  --------------------


Қобил Мирзо шу ғазалини менга ўқиб берган эдилар.Шунда шоирнинг дафтарини кўриб, ҳайратдан анграйиб қолганман.Кўзи ожизлар дафтарининг варақлари юпқа картондан бўлиб, унга худди тамбур чертадиган созандаларнинг нохунига ўхшаган игнали қурилмани бармоғига кийиб олиб, ўша картон саҳифани тешиб ёзилар, битта харфни ёзиш учун картон тўрт - беш марта тешилар экан.У харфлар хитой иероглифларидан ҳам мураккаброқ туюлганди менга ўшанда.

Қобил Мирзо шундай захматкаш ижодкор эди.

 

Шоирнинг юқоридаги ажойиб ғазалини фарғоналик ҳушовоз хонанда Камолиддин Раҳматов қўшиққа айлантирганлар ва қиёмига етказиб ижро этганлар.



Холдор Вулқон

 

2018 йил, апрель.

Канада, Онтерио.