Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ой порлаган оқшомлар

(қисса)


16 боб

Тишсиз арра



Қиличбек Қоплонович қизи Илтижога тўйдан бир неча кун аввал шундай деб насихат қилган эди.

-Қизим, биз сени ҳеч нарсадан кам қилмай, авайлаб ўстирдик.Сен бизнинг ёлғиз, эрка фарзандимиз, кўрар кўзимизнинг нури, оқу қаросисан.Мана, вояга етиб, катта ҳаётга қадам қўйяпсан.Ўзинга муносиб, Ашрапилло деган ўқимишли, маданиятли, тадбиркор куёвни топдик.Илоё қўшганинг билан қўша қари.Ўзларингдан кўпайиб, бахтли бўлинглар.Лекин қизим бу ҳаёт деганлари жуда мураккаб жараён.У дунёда оловли лава булкиллаб қайнаб турган жаҳаннам жарлиги узра тортилган пулсирот бор деб эски китобларда келади.Билсанг, ўша қилдан ингичка, қиличдан ҳам ўткир пулсирот бу дунёнинг ўзида ҳам бор.Тубсиз ҳалокат жарлари устига қурилган, туғилишдан ўлимгача таранг тортилган бу сиротнинг номи ҳаётдир!Кимки нозик кўприкдан ўтаётиб, нотўғри қадам ташласа, ўша тубсиз ҳалокат жарлигига қулайди.Ҳам жисмонан, ҳам маънавий ҳалок бўлади.Жисмоний ҳалокат оқибатида киши нари борса, жони узилиб, оламдан ўтар.Лекин маънавий ҳалокатга йўлиқса, қалби ўлса, у абадий азоб уқубатларга маҳкум бўлади!Чунки жисм муваққат, руҳ билан қалб эса абадийдир!Бу дунёни бевафо ёлғончи дея хақоратлаш ҳам гунох!Негаки одам боласи у дунёдаги мангу ҳузур -ҳаловатни ҳам, абадий жаҳаннам азобини ҳам шу дунёда, ўзи ҳали ўлмай туриб топади, тайёрлаб қўяди.Шунинг учун бизнинг бу дунёда фақат тўғри юришдан бошқа йўлимиз йўқ.Тўғри йўлдан адашма, қизим.Борган жойингда тиниб, тинчи.Қайнона, қайнотангни ҳурмат қил!Куёвингнинг измидан чиқма.Уларга гап қайтарма.Сендан илтимосим, агар бизни рози бўлсин десанг, у оиладан бу уйга гап кўтариб келма.Чунки “деди деди” сўзлари билан оилалар вайрон бўлади.Қуда андалар ўртасига совуқлик тушади.Сенинг энг ашаддий душманинг ҳам, энг яқин дўстинг ҳам ўз тилинг.Тилга ҳушёр бўл, болам.Ёмон гаплардан, ғийбатлардан тийилиб, одамлар ҳақида фақат яхши гапларнигина гапиришни ўрган.Жон бор жойда жанжал бор дейдилар.Ҳатто подшоларнинг уйида ҳам ўзаро тушинмовчиликлар, муаммолар, оилавий можаролар бўлиб туради.Бу табиий.Ҳамма гап ўша юз бериши мумкин бўлган жанжалнинг олдини олишда, муаммоларни қизишмай, яхши гаплар билан ҳал қила билишда, муросаи мадора билан оила мувозанатини сақлаб қолишда.Жамият тинч –тотувлигини, одамлар ва халқларнинг ўзаро аҳиллигини аввало жамиятнинг энг кичик ячейкаси ва модели бўлмиш оиладан бошлаш керак, оилада аввал тартиб -интизомни ўрнатиш ва уни мустахкамлаш керак.Бу шунчаки чиройли гаплар эмас, бу ҳикмат!Мен шу пайтгача бировга насихат қилмаган эдим.Бугун сенга насихат қилмоқдаман.Чунки сен менинг жигарбандимсан.Шу гапларимни доимо ёдингда тут –деди у.Дадасининг ўша гапларини ёдида сақлагани учун ҳам Илтижо эрининг ва қайнонасининг зулмларига чидаб, тош тишлаб яшайди.Табиатан ўта жиззаки ва инжиқ қайнонаси ҳар куни нимадандир камчилик топиб, тўхтовсиз жағиллайверади, йиғлаб, қарғаб, Илтижонинг жисму жонини эговлайди.

-Э, картошканинг пўчоғини ҳам шунча қалин арчадими одам?!Кеча сиз арчган пиёз пўчоғини қайта ажратиб, бир паловга етгулик пиёз паррак йиғиб қўйдим!Ашрапилло болам бечоранинг қийналиб топганини бундай ҳавога совуриб, исроф қилаверсангиз, эртага бори буддимиздан айрилиб кафангадо бўламизку!Э, Худо!Шунақаям келин учрайдими бизга!Бою босомон, амалдор одамнинг қизи деб алданиб, қаёқдан ҳам шу сиртини силаган, молфахм қизни келин қилдима!Вой пешонам қурсин манинг, пешонам қурсииин!Ҳа, аттанга!Аттаааанг!Менинг ўғлимга кимлар қизини бермасди!Бу жодугар ўлгур онаси билан бахши пархон қилиб югириб, сеҳру жоду қилиб, охири ўғлимниям мендан совутди.Боламнинг бурнидан ип ўтказиб олди, жувонмарг.Биламан, биттани бекорга туққани йўқ бу писмиқ!Боламнинг бошини айлантириб, бор бойлигини ўзига хатлатиб, охири ўғлим иккаламизни кўчага хайдамаса гўрга эди!Э, ҳамма айб ота онада! Уйда боласига тарбия бермаса қийин эканда!Унақа одамларнинг бойлиги, гариллагани итнинг кетига!Бу яшшамагур кечаси нима билан шуғилланади билмайман, қачон қарасанг ухлагани ухлаган!Оламни сув босса, тўпиғига чиқмайди!Ҳа, келин деган саҳарда туриб, ховлини, кўчани ёғ тушса ялагундай қилиб супуриб қўймайдими!Онаси супурги ушлашни ҳам ўргатмаган эканда!Ҳамма ёқни чангитиб, шатиллатиб супириб, сотиб олганимизга ҳали бир йил ҳам бўлмаган ойим супургини асфальтга ишқаб, ейилтириб, адойи тамом қилибдия! Э бу келинмас, бизнинг оиламизни хонавайрон қилиш учун келган ёвуз душман экан! Шу зодинга ўт тушкур шумқадам келдию оиламиздан барака кўтарилди!Вой, менинг ўғлимга кимлар қизини бермас эдия!Бундай шошилмай, ҳокимлар, банкирлар ва бошқа казо казолар билан қуда анда тутинсам бўлмасмиди?! Хапгина сани!Қараб тургин!Яқинда думингни тугиб, ўғлим Ашрапиллога онаси ўпмаган 15 яшар қизни олиб бераман, рашкдан куйиб, жизғанак бўлиб, тўппа тўғри жаҳаннамга равона бўласан!-дея тинимсиз жаврайди у.

Бир гал ҳатто ўғли Ашрапиллога: -Сен сўтак, эр эмас, латта экансан, латта!Бўш қўйсанг бу жувонмарг эртага бошинги чиқиб олади!Эркак деганнинг сал қамчисидан қон томиб туриши керак!Хотинини итоатда ушлаб туриш учун уни ҳеч йўқ бир кунда беш ўн дарра уриб туриш керак!Э, ётқизволиб қорнига тепмайсанми?!Ҳе, ўғил бўлмай ўл, хайвон!Хотининг мени урсаям қараб тураверасанми?! –дея йиғлаган эди, ғазабдан Ашрапиллонинг тепа сочи тикка бўлиб, кўзлари қонга тўлди ва шахд билан Илтижога юзланди.

-Нима?!Вой харомией!Сен ҳали онамга қўл кўтарадиган бўлдингми?!Мени туғиб, дунёга келтирган, ўзи емай едириб, киймай кийдириб улғайтирган меҳрибонимга, муқаддас Каъбамгая?!Вой онагинангни осма кўприкка осиб... сука!Мен онамнинг олдида сендақаларнинг миллионтасидан кечиб қўяман! Хотин йўлда, фарзанд белда, онам эса битта! -дея Ашрапилло Илтижога ташланди ва уни уриб, ерга йиқитиб, дуч келган жойига дод дегизиб тепаверди.Илтижо зорланиб: -Ашрапилло ака!Мен онангизни урганим йўқ!Бу тухмат!Худо ҳаққи урганим йўқ!Менинг бу бақувват аёлга кучим ҳам етмайди!Етган тақдирда ҳам ўз онамни ураманми?!Наҳотки мени шундай пасткаш деб ўйласангиз?!Мен ахир, онажонни сиздан ҳам қаттиқроқ ҳурмат қилман!Ишонинг! –деса ҳам, ялиниб ёлборса ҳам тўхтамади.У бечора Илтижони чарчагунича дўппослади.

-Қанақа тухмат, а, қанақа тухмат!Вей, беш вақт номоз ўқийдиган, рўза тутадиган менинг иймон эътиқодли онажоним сочлари оқарганда ёлғон гапирадиларми?Ҳозир талоқ паттангни қўлинга тутқазайми а?!Қумталоқ қўйиб ташлайми?!Вой аблах ношукур, нонкўўўўр!Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, сенга яна нима етишмаяпти а?! -дея бақирарди у ҳамон Илтижони тепкилаб.

-Урса дедим, ахмоқ! Ургани йўқ ҳали! Қўл тегизиб кўрсинчи, ўзим уни уриб, оёқ қўлларини синдириб ташлайман! –деди Илтижонинг қайнаси.

Шундан кейингина Ашрапилло уришдан тўхтади.

 

 

 



Илтижо ўрнидан аранг турди ва гандираклаганича бориб, деворга ҳолсиз суянди.Унинг сочлари тўзғиб, юз кўзлари тепки ва муштлар зарбидан ёрилиб, қонаган, йиртилиб кетган усти боши чанг, тупроққа беланган эди.У юзларини ювганича думалаётган аччиқ кўз ёшларини рўмолига артиб, йиғларди.Шу маҳал ичкаридан ўғли Машрапиллонинг йиғлаётганини эшитдию, оғриқ, аламни ҳам бир лахза унитиб, уйга кириб кетди.У боласини манеждан олиб, бағрига босаркан, уни эмизганича ўпкаси тўлиб, юм –юм йиғлайверди.Илтижонинг илиқ кўз ёшлари марварид доналари каби дувиллаб тўкилиб, кўкрагини миққа миққа эмаётган Машрапиллонинг юзларига томарди.

Шу пайт хонага Ашрапилло кириб келди.Эрим яна ургани келяпти дея ўйлаб, Илтижонинг қўрқувдан юраги ёрилай деди.У калтак ейишдан эмас, яна дўппослаш бошланса, боласига, Машрапиллога шикаст етишидан қўрқарди.Лекин Ашрапилло Илтижога яқин келиб, худди айб қилган боладай бошини эгди.Кейин: -Кечир, Илтижо.Мен онамни урибсан деб ўйлабман. Ўзинг бир фикрла, хотини онасини урган ҳар қандай эркак шу йўлни тутмасмиди?Айб мендан ўтибди.Онамнинг гапларини нотўғри тушунибман.Кечир, хотин.Мен нима қилай ахир?У ёққа қарасам, онам.Бу ёққа қарасам, сен севикли жуфти ҳалолим.Боламиз Машрапилло.Эҳ, сенларнинг шу жанжалларингдан тўйдим.Бир куни ўзимни ўзим осиб нетиб қўймасам бўлдида ишқилиб.Нега индамайсан, Илтижо? Кечирдингми? Агар кечирмасанг, ҳозир шундай чиқиб, қазноқдан болтани оламанда, сени урган шу лаънати қўлимни кундага қўйиб, шартта чопиб ташлайман.Ишонмаяпсанми? –деди у, хонадан чиқишга тараддудланиб.

Бу гаплардан Илтижо бадтар қўрқиб кетди ва шоша пиша:-Йўқ, йўқ, Ашрапилло ака!Асло ундай қила кўрманг!-деди.

-Унда кечирдим де.Қани бир жилмайчи –деди, Ашрапилло хотинининг тўзғиб кетган сочларини силаб текислаб, унинг кўз ёш тўла кўзларига худди қудуқлар тубига қарагандай қараб.

-Аҳа, кечирдим –деди Илтижо, бош ликиллатганича, кўзларида жиққа ёш билан жилмайиб.

-Раҳмат, асалим.Билардим кечиришингни.Сени шу кечиримлилигинг учун ҳам севаман –деди Ашрапилло Илтижони бағрига босиб.




17 боб

Мазлуманинг кўз ёши





-Дадаси, бижутерий тақинчоқларимни кўрмадингизми?Уларни сизнинг суратингиз туширилган чинни вазага солиб қўйгандим.Вазани улфатларингизга кўрсатганингизда, тақинчоқларни бирон ёққа олиб қўймовдингизми мабодо? –деди Соддагул.

-Йўқ, мен вазага қўлимни ҳам текизмадим –деди Қиличбек Қоплонович, газетага термулганича, нонушта қилиб.

-Товба, ким олдийкина?Айтгандай, дадаси, кеча қишлоқдан бир танишим, Бибисувайдо деган тадбиркор аёл дугонаси билан келувди.Ҳалиги қовункапалик рассом йигитнинг таг - тугини суриштиргани борганимда у йигитнинг яхши одам эмаслигини айтган аёл бор эдию.Ўша аёл келганди. У дугонаси билан бирга қишлоқ аёлларини иш билан таъминлайдиган касаначилик кичик корхонасини очмоқчи экан.Ишни юритиб олгач, пулни фойизсиз, қайтариш шарти билан савоб умидида ва бир пайтлар менга қилган яхшилигини қайтарай деб уйдаги бор пулларни қириштириб ўша аёлларга ёрдам тариқасида бериб юбордим.Улардан бири тахорат вожиб бўлиб қолди дея хожатхонага кириб чиқувди.Наҳотки ўша аёл... Э, йўғе, тахорат оладиган имон эътиқодли аёл шунақа ишга қўл урадими?Бўлиб ҳам тадбиркор, қолаверса дидли аёл бижутерий билан ҳақиқий тилла ва олмосларни сал бўлса ҳам фарқига боради –деди Соддагул.

-Э, онаси, қўйсангчи шунақа гапларни.Неварамиз Машрапиллонинг суннат тўйини ўтказиб олайлик, сенга ҳақиқий, энг қиммат тилла тақинчоқлардан олиб бераман –деди Қиличбек Қоплонович.У нонуштадан кейин кийиниб, ишга отланаркан, хотини билан ҳайрлашиб, ташқарига чиқди.Соддагул эрини ишга кузатиб қўйгач, ҳобхонага кириб яна қўлбола тақинчоқларини излай бошлади.Шу маҳал қўл телефони жирингладию шоша пиша телефонни ёқди.Қўнғироқ қилаётган қизи Илтижо экан.Соддагул қувониб кетди.

-Илтижо, сенмисан қизим?Ва алейкум ассалом.Яхши юрибсанми?Неварагинам қалай?Куёвинг Ашрапжон, қайноналаринг ҳаммаси тинчми? –ҳол аҳвол сўради Соддагул.

-Раҳмат, ая, яхши.Фақат кейинги пайтларда мазам бўлмаяпти.Анчадан буён бир қўлим билан ўнг оёғим қандайдир толиб юрарди, энди улар худди менга бўй сунмаётгандай туюляпти.Ишонсангиз, поликлиникага оқсоқланиб бориб келдим.Одам ҳижолат чекар экан.Ўзинг дўхтир бўлсангу... Ишқилиб, бориб –бориб юролмай қолмасам гўрга эди –деди Илтижо йиғлаб.

-Э, нафасингни иссиқ қиле!Ҳар гапга фаришталар омин дейди.Вахима қилма, Худо ҳохласа, ўтиб кетади.Ҳаммаси яхши бўлади.Ҳали ёшсан.Бу тумовнинг оғирроқ асорати бўлиши ҳам мумкин –далда берди қизига Соддагул.

-Вой аяжон, ахир мен шу медицина сохасида ўқидим.Ўзим биламанку.Бу фалажланишнинг бошланғич симптомларига ўхшаяпти.Қўрқяпман!-деди Илтижо яна йиғлаб.

-Э, нималар деяпсан, қизим?!Худо сақласин!Мени қўрқитма, болам?!Бу дўхтирларга бир қатор текширтирдингми?Улар нима деяпти?-фиғони фалакка ўрлади Соддагулнинг.

-Текширтирдим.Улар ҳам кўнглимни кўтаришдан нарига ўтмаяптилар.Сиз яқинда шол бўлиб қоласиз демайдиларку!Улар бу касаллик аломатлари сиқилишдан, стресслардан дейишяпти –тушунтирди Илтижо.

-Тўғри айтишибди.Сиқилмада ахир!Нимага сиқиласан?Ҳамма нарсанг етарли бўлса.Ҳурмат қилиб, бошига кўтарадиган, гаҳ десанг қўлинга қўнадиган эринг бор.Буёқда Худойим сенга қўчқордай ўғил берди.Қайнонанг бўлса жаннати хотин.Яна сенга нима керак а?!Ё ҳалиям анави қишлоқи рассомингни унутолмаяпсанми?!Э, йиғиштир унақа севги певгини!Ўрисларда бир мақол бор.Зачем любить и страдать, когда все дороги ведут в кровать –дейди улар.У рассом сен ўйлагандақа яхши йигит эмас экан.Сендақа қизларнинг нечтасини бошинии айлантириб... Ҳуллас, бизни ундан Худонинг ўзи асрабди.Яхшиям унинг найрангларига учмабмиз.Ўрганиб, таг тугини суриштирибмиз.Бўлмаса, тамошани кўрардинг.Ана стресс ўшанда бўларди.Шундай экан, Худога шукр деб, ўша оиланинг ўтидан кириб, кулидан чиқ. Ҳаёлингни бўлмай, маза қилиб яша!Тушундингми?!Нега индамайсан?!.. Ҳа, кейинчи, бу духтирлар ҳамма касални ҳам даволайвермайди.Инси жинс илашган бўлса, домла хўжа дегандай, ўқитиб, дам солдириб, синиқчига силатиб, мозор буваларга чироқ ёқиб, расм русимини қилиш керак.

Лекин сохта синиқчилардан эхтиёт бўл.Бир аёл номоз ўқийман деб рукуга эгилган маҳал тос суяги қуймичидан чиқиб кетибди.Бечоранинг эрига одамлар маслахат бериб, маҳаллаларидаги синиқчига кўрсатишни таклиф қилибдилар.Эр жонвор синиқчи хотинни айтиб келибди.Синиқчи хотин оғриқдан инграб ётган беморни бадтар дод дегизиб, эзиб тиззалаб юриб тос суягини жойига туширибдию, тахтакач билан оёғини боғлаб қўйибди.Тасаввур қилаяпсанми?!Ҳеч қандай оғриқни қолдирувчи уколсиз, дорисиз шу муолажани амалга оширган.Эртасига аёлнинг оёғи симёғочдай бўлиб шишиб, қорайиб кетган.Синиқчи хотинга аҳволни тушунтирган аёлнинг эри тез ёрдам чақирмоқчи бўлади.Аммо, синиқчи хотин: -Агар дўхтир чақирсангиз, мен муолажани тўхтатаман.Ё дўхтирлар даволасин, ёки мен –деган.Натижада чидаб бўлмас оғриқдан додлаб ётган аёлни касалхонага олиб бормайдилар.Аёл бечоранинг оёғи гангренага, қора сонга айланиб, азоб уқубат билан оламдан кўз юмган.Кейин травмотологлар, нейрохирурглар жасадни текшириб: -Синиқчи хотин суякни жойига соламан деб, оёқдаги магистрал қон томирлардан бирини узиб юборган ва оёққа қон уюлиши оқибатида қора сон юзага келиб, бемор оламдан ўтган –дея хулоса чиқарганлар.Шунинг учун, эскича қиламан экан деб тўғри келган одамга учрайвермаслигимиз керак.Энг муҳими одамда ихлос, ўзининг тузалиб кетишига ишончи бўлиши керак.Тушкунликка тушма, болам.Бир йўлини қиламиз, Худо ҳохласа дарддан қутилиб, кўрмагандай бўлиб кетасан, йиғлама, она қизим –деди Соддагул.

Илтижо эса ҳамон эзилиб йиғлар эди.Анчадан кейин у яна гапира бошлади.

-Аяжон, мен энди ортиқ чидолмайман!Эшитяпсизми, чидолмайман!Шу пайтгача сизлар сиқилмасликларинг учун тортаётган зулмларим ҳақида ло мим демай, яшириб келдим.Қайнам ёмон!Мени ўғлига айтиб урдиради!Қилдан қийиқ ахтариб, тергаб, қарғаб, пастга уриб, ўтирсам ўпоқ, турсам, анақа... сўпоқ деб, қонимни ичади!Ахир мен ҳам одамман, ая!Ердан чиққан қўзиқорин эмасманку!Дадам у оиладан гап кўтариб келмайсан дегани учун, қайнонамнинг барча хақоратларига, эримнинг уриб, тепкилаб, сўкиб, тахқирлашларига чидаб келдим!Лекин кечагиси ошиб тушди.Қайнонам ўғлига: -Мен ҳам қайнона бўлиб, елиб –югириб, хизматимни қиладиган эпчил, чаққон келин олармиканман деб орзу қилгандим!Бу сволочнинг эса боши касалдан чиқмайди!Энди бўлса оқсоқланиб юрибди!Ҳа, биламан, ўзи соппа соғ!Атайлаб ўзини касалликка солмоқда бу доғули ер юткур!Йиғиштир бу зоди пастни!Шартта уч талоқ қўйгинда, паттасини қўлига тутқаз!Мен сенга онаси ўпмаган ўн беш яшар қизни олиб бермасам Шазо исмимни бошқа қўяман! –деди.Эртага, Худо кўрсатмасин касалим кучайиб, ётиб қолсам нима бўлади?!Булар мени ётган кўрпам билан судраб кўчага олиб чиқиб ташлашдан ҳам тоймайди, аяжон!Дадамга ўзингиз тушунтириб айтинг!Мени болам билан бу дўзахдан олиб кетинглар! –деди у юм юм йиғлаб.

Бу гаплардан Соддагул ўтирган жойида тошдай қотиб қолди.Кейин ўзига келиб, шартта ўрнидан тураркан:

-Вой эси пас қиз!Нега шу пайтгача бу ҳақда айтмадинг?!Биз сени бахтли яшаяпти деб ўйлабмиз!Вой зулм қилмай ҳар нарса бўлгур, шум кампир, ялмоғиз!Оқ рўмол ўраб, ҳожи онага ўхшаб турса, дину диёнатли, фариштадек аёл экан дебмана!Заҳарли илон эканку, қирилгур!Йиғлама, қизим!Мен ҳозироқ даданга телефон қиламан ва биз тез сенинг ёнинга етиб борамиз!Бизнинг кўчада тушиб қолган қизимиз йўқ!Сени у итларга талатиб қўймаймиз! –деди.Сўнг телефонда гаплашишни давом этдирган куйи, шошиб кийина бошлади.


18 боб

Нортожининг портрети



Нортожи ховлини супуриб сидириб юрганди, қоғоздан ясалган самолётча айланиб учиб унинг ёнига келиб тушди.Қўшни болакайлар қоғоз қирғий қилиб учириб ўйнаяпти шекилли дея ўйларкан, Нортожи уни супуриб, ахлатга қўшиб, хандакка улоқтирмоқчи эди, қоғоз самолётнинг қанотидаги ёзувга кўзи тушди.Кейин нима ёзилган экан дея уни қўлига олиб, ёзувни ўқиди.Қоғоз самолёт қанотига шарикли ручкада:


Самолёт, самолёт, қанотингни пастлаб ўт!

Мактубимни севгилим Нортожига ташлаб ўт!


деб ёзиб қўйилганди.

Нортожи ҳайрон бўлиб, атрофга аланглаб қараркан, самолёт ясалган қоғозни очиб, текислади.Варақ ортида майда харфлар билан ёзилган мактуб бор эди.

Салом, Нортожи!Яхшимисиз?Мени кечиринг.Сиз трасса ёқасида менинг йўлимга интизорлик билан кўз тикиб кутган пайтларингиз вақтида етиб келолмадим.Тўғриси улгуролмадим.Чунки йўлда ушланиб қолдим.Ой ёритган тоғ довонида қорли чўққилар аро чўзилган илонизи йўллардан машинамни қушдай учириб, сизни эслаб келарканман, шу бир хафталик чет эл сафарим давомида жонажон Ўзбекистонимни, Ватанимни нечоғли қаттиқ соғинганимни ҳис қилдим.Чуқур жарликлар, ҳайбатли нишабликлар узра узала тушган тасмадай асфальт йўллар четида худди менга қўл силтаётгандай узун узун ўт –ўланлар, мойчечагу, оқбошлар шамолда чайқалиб, мени шодон кузатиб қолишаётгандай туюларди.Мен қўлимнинг тирсагини ойнадан чиқариб, катта тезликда кетаётган машинам рулини бир қўлда бошқарганимча бир машхур ҳофизнинг ватан ҳақидаги қўшиғини хиргойи қилиб келардим.

дея келаётсам, бирдан денг, машинамнинг балони танғиллаб отиб юборса бўладими.Машина жонвор қайиққа ўхшаб у ёқдан буёққа сирғалиб бораракан, назоратдан чиқиб, жарлик сари қулашига сал қолди.Тажрибали дальнебойщиклигим қўл келиб, покрышкаси ёрилиб, қуруқ дискда асфальтдан ўт чақнатганича, сандиқ сандиқ бўлиб бораётган машинани бир илож қилиб йўл четига тўхтатдим.Ҳалиги иккимиз ёмғирда суҳбатлашиб ўтирган кабинадан сакраб тушиб, бундай қарасам, машинанинг диски қийшайиб кетибди.Бахтимга запаска балон бор эди.Ўшани кузовдан олиб, ғилдиратиб келиб, уни болтларга илиб, тарцовый ключлар билан гайкаларни бураб, қотира бошладим.Бир маҳал маҳобатли қоялар устида бўрилар галаси шундай улий бошладиларки, томирларимдаги қон музлаб қолгандай бўлди гўё.Қарасам, кулранг бўрилар галаси дағал юнгларини хурпайтириб, тишларини иржайтириб мен тамон шиддат билан чопиб келишяпти.Мен гайкаларни апил тапил қотирдимда, иккимиз шаррос қуяётган жалага термулиб ўтирган ўша қадрдон кабинага ўзимни урдим.Лекин бўриларнинг энг бақуввати бир сакраб оёғимдан тишларкан, аёвсиз пастга судрай бошлади.Ерга қулашим билан бошқа оч бўрилар ҳам ёприлиб келдилар.Мен қўлимдаги тарцовый ключ билан бўриларни уриб, ўзимни ҳимоя қилганимча бор овозда: -Ёрдам беринглааааар! –дея бақирардим.Овозимга ой ёритган қорли довонлар сукунати акс садо қайтарарди.Бир маҳал уйғонсам, тушим экан.Ҳуллас, гап бундай, Нортожи. Бугун кундуз соат 11 -00 да қадрдон трасса четига келинг.Сизни интизорлик билан кутаман.Агар келмасангиз, уйга кетмай, хафталаб, ойлаб машина кабинасида ўтиравераман.Муддатсиз очлик эълон қиламан.Уволимга қолмай десангиз, келинг.

Соғинчли саломлар билан, дальнебойщик Холбўри.

Хатни ўқиб, Нортожи елкаларини силкитиб узоқ ва унсиз кулди.Кулавериб кўзларидан ёш чиқиб кетди.Шу пайт ичкаридан онаси Каполатхон чиқиб қолди ва ҳайрон бўлиб: -Қизим, сенга нима бўлди?Томи кетган одамдай нега ўзингдан ўзинг куляпсан? –деди.Нортожи дарҳол жиддийлашиб, хатни яширар экан,

-Ўзим, шунчаки, бир латифа ёдимга тушиб кетди –деб қўйди.Кейин ўрнидан туриб, яна ховлини супуришга киришди.Ховлини супуриб бўлгач, оғилхонага кириб, сигирни соғди.Иш ишга уланиб учрашув соатлари яқиншаларкан, Нортожи даладан ўт ўриб келиш бахона ўроқ билан арқонни олиб, учрашув белгиланган жойга, дала четига, ғилдираксиз, аравасиз, ораларидан буталар ва ўт ўланлар ўсиб чиққан ташландиқ юк машинасининг кабинаси тамон йўл олди.

У дала четига яқинлашган маҳал ташландиқ юк машинасининг кабинасида ўтирган Холбўрини кўрди ва олд тамонга ўтиб, худди машина тўсаётган йўловчи каби қўлини юқори кўтарди.

Кейин кабина эшигига энкайиб: -шопир ака, “Қовункапа” га ташлаб қўёлмайсизми? –деди кулиб.

-Нега элтиб қўймай? Албатта элтиб қўяман.Ўтиринг машинага-деди Холбўри.

Нортожи раҳмат айтиб, кабина эшигини очаркан, шалоғи чиққан ўриндиққа ўтирди.

-Шопир ака, кейин бўғишиб юрмаслик учун аввалдан йўл кира ҳақини келишиб олсак яхши бўларди –деди Нортожи.

-Ҳа, энди кира ҳақи от билан туя бўлармиди.Юз доллар берсангиз бўлди.Энди сиздай чиройли қизни пул олмай манзилга элтиб қўйишим ҳам мумкин эди.Аммо, қарамайсизми, онам уйлангин деб сира қўймаяптилар.Уйланишим керак.Шунга пича пул тўплай деб, трасса четида тўхтаб, жонимни хатарга қўйиб бўлса ҳам йўловчи оламан.

-Намунча йўл кира ҳақи арзон?Ҳеч йўқ беш юз доллар бўлганда ҳам чидаса бўларди.Бунақада қандай пул жамғарасиз уйланишга?Ҳа, майли, юз доллар бўлса ҳам харна.Қани, кетдик! –деди Нортожи жилмайиб.

Холбўри тезликни улаб, оғзаки ғинғиллаганича двигательни газлар экан, Нортожига ҳар замонда кўз қири билан қараб, йўлдан нигохини узмаганича яна гапира бошлади.

-Биласизми, менинг дальнебойщикликдан ташқари яна бир хунарим бор.Бўш пайтларда расмлар чизиб тураман.Баъзан довонларда тўхтаб, қорли тоғ чўққиларини, қовунлардай терилган тошларга урилиб, шалдираб оқувчи саёз, сувлари одам илигини музлатиб қўйгувчи сою жилғаларни, қизилиштонлар тақиллатгувчи қарағайзор ўрмонларини, шамолларда тебранаётган ромашкаларни, сариқ ва қизил лолаларни, оқбошлару ўзбек новвотини эслатгувчи улуғвор қоя тошларни тиззани кўмгувчи узун узун ўт ўланлар ичида туриб, шоша пиша матога мойбўёқ билан мухрлайман.Узоқ узоқларда сайраётган попишакларнинг ҳасратли овозларига қулоқ тутаман.Мен ҳатто машинамга чиққан айрим йўловчиларнинг қиёфаларини ҳам матода бўёқ билан тасвирлайман.Истасангиз, ўшандай йўловчилардан бирининг суратини сизга кўрсатишим мумкин –деди у рулни қалтис буриб.

-Майли, агар кўриш бепул бўлса –деди Нортожи.

-Хафа бўлмангу сиз ўлгудек хасис, битини сиққан қурумсоқ йўловчи экансиз.Албатта кўриш бепул бўладида.Э, товба қилдимей! –деди Холбўри, худди машинани йўл четига олиб, тўхтатгандай ҳаракатлар қилиб.

Кейин ёнбошидан чиройли рамкага махкамланган планшетни олиб, Нортожига узатди.Нортожи ромни оларкан, унга ўралган газеталарни йиртиб очдида, асарга қараб ҳайратдан оғзи очилиб қолди.Чунки у Нортожининг матога мойбўёқ билан ишланган гўзал портрети эди.

-Қалай? –деди Холбўри, гўё машинани яна юргизиб, тезликни ошираётгандай ҳаракатлар билан оғзаки ғинғиллаб.

-Вой товба!Худди ўзимни ўхшатиб қўйибсиза!Қайдан чизақолдингиз бу суратни?!Ҳотирадан ўйлаб чиздингизми?Қиёфамни эслаб қолганингизни қаранг!Қўлларингиз дард кўрмасин илоё!Қандай яхши!Энди бу портретни менга совға қилмасангиз, шу катта тезликда кетаётган машинангиздан ўзимни ташлаб юбораман!-деди Нортожи, бир қўли билан кабина эшигини очишга ҳаракат қилиб.

-Йўқ, йўқ, асло сакрай кўрманг!Майли, мен розиман, розимаааан!Шу портрет сизга совға бўла қолсин!-деди шошиб, Холбўри.У шундай дер экан, Нортожи ўзини кабинадан ташлаб юбормаслиги учун, уни махкам қучоқлаб олди.Шу маҳал ҳар икки вужудга хароратли туйғу, ўтли, оловли эҳтирос ҳисси югирди.Ҳаяжондан томоғи қақраб кетган Нортожи, уялиб, қизариб, юлқинганича йигитнинг қучоғидан чиқишга уринди.

-Вой, нима қиляпсиз?!Қўйворинг!Биронтаси келиб қолса нима бўлади?! –деди у.

-Ахир ўзингиз трасса бўйлаб ўқдай учиб кетаётган машинам кабинасидан йўлга сакрайман деяпсизку!Сизга жон керак бўлмаса, менга керак, ойимтилла!Сиз топ этиб ўзингизни ташлаб юборсангиз, эртага мен ишдан қолиб, судма суд юришим керак!Судланиб, беш ўн йилга кесилиб, сассиқ баракларда каналарга таланиб, бит ўлдиришга менинг тоқатим йўқ, яхши қиз! –деди Холбўри.

-Иииий, йўлга қаранг, йўлга!Рўпарадан камаз келяпти! –деди Нортожи кулиб.

Шундагина Холбўри Нортожини қучоғидан бўшатди ва рулни у ёқ бу ёққа буриб юборар экан: -Ўўўҳ!Сал бўлмаса, жарга қулардик!Худо бир сақлади –деди.

Нортожи уст –бошини тартибга келтирар экан Холбўрига кулиб қараб: -Жинни!Бу ташкилотлар жинниларни ҳам ишга олаверар эканда а?!Хозир шу портрет билан бошига қаратиб солайми?! –деди.

-Ҳа, уринг, Нортожи!Портрет билан бошима уринг! –деди Холбўри.

-Ҳоооо, жинни бўлибманми?Шундай портретни расво қилайми?!Мен бу портретни уйимизнинг тўрига осиб қўяман –деди Нортожи, портретни махкам бағрига босиб.

Холбўри хохолаб, хандон отиб кулди.

-Э, қойиле! Иккаламиз биронта театрга актер бўлиб ишга кирсак ҳам бўларкан. Лекин ҳазил ўз йўлигаю, Нортожи, менинг мақсадим жуда жиддий, қарорим қатъий.Онам ростдан ҳам уйлан деб ҳоли жонимга қўймаяпти.Онам сизларнинг уйингизга совчи бўлиб борсалар, қарши эмасмисиз?-деди.

Нортожи уялганидан қип қизариб, нима дейишини билмай жимиб қолди.

-Нега индамайсиз?Совчиликка борсалар дастурхони қайтмайдими? –деди Холбўри.

-Вой, мен нима дейман?Ўзлари биладиларда –деди ниҳоят Нортожи ўроқ арқонини олиб, ғилдираксиз ташландиқ юк машинасининг кабинасидан сакраб тушаркан.У портретни махкам бағрига босганича дала сўқмоғидан қишлоқ тамон чопиб кетди.

 

 

19 боб

Ғишт




-Қани, Ғишт, қуй вискидан!Қўлга киритилган бу бехисоб бойликларни ювмасак, гунох бўлади.Учоқ чипталар тайёр, икки кундан кейин, насиб бўлса, Дубайда юрган бўламиз.Бир мавсумни олсак, бойлигимиз банкларга сиғмай кетади.Бир кун келасанда, бу бостирмага ўхшаган чалдиворхона кулбангни алкаш эринга қўшиб бульдозерда суриб ташлаб, ўрнига қаср қурасан, қаср!Шаҳар марказига эса барча замонавий қулайликларга эга хашаматли ишратхона барпо қиласан!–деди сувга чўкмайдиган нарса устидаги пашша каби кафтларини бир бирига ишқаб Бибисувайдо.

Ғиштхон жарангдор рюмкаларга шотланд вискисидан қуяр экан, қопқоғини бураб, беркитиб, мийиғида кулиб қўйди.

-Йўқ, Бибишка, Дубайга бир ўзинг кетавер.Шериклик тезакни ит емас деган эски машойихлар.Мен ўз юртимда, шу қишлоқда камтарингина бўлиб, жуда унақа осмонўпар хашаматли ишратхона қурмасам ҳам, биронта притон очиб, қоши камон, мўрча миён, офатижон, сарвиравон фохишаларни йиғиб, элимга, халқимга хизмат қилавераман.Билса болиқ, билмаса, Холиқ дейишадику эскилар.Мен ўз фидокорона меҳнатларим учун туманимиз раҳбарларидан мукофоту унвонларни қўй, ҳатто фахрий ёрлиқ ҳам умидвор бўлмайман.Булар билмаса, келажак авлодлар билар –деди кулиб, шотланд вискиси қуйилган рюмкаларнинг бирини Бибисувайдога узатаркан Ғиштхон.

-Нима?Сен мен билан кетмоқчи эмасмисан ҳали, Ғишт?! –деди, рюмкани “ҳамкасбининг” қўлидан оларкан, Бибисувайдо, ҳайрон бўлиб.

-Ҳада!Нимамни йўқотиб қўйибман мен у араб амирлигида?Қолаверса чет эл.У ёқларда ўзбек қизларини, аёлларини авраб Арабистонга олиб бориб хайвондай сотиш, одам савдоси билан шуғилланиш хавфли.Ҳар қадамда полиция.Бир чўқиб, юз қараб юраманми, қачон полиция мени арава тутди қилиб қувлаб, хибсга олиб, топганимни тортиб оларкин деб?Бу ерда участка нозири Қоғозқоп Қорбобоевнинг кафтига киши билмас беш тўрт долларни каплама қилсам, космик щит, самовий қалқон қуриб беради!Текширувчилар тўдаси тақ тиниб, нима қиляпсан деб бу тамонларга ит ҳам ўрмаламай қўяди.Алкаш эрим ароққа шерик бўлиб, “иш”ларимга халақит бераверса, уни анов қилиб, аллаб, узоқ элларга жўнатиб юбораман.Жуда бўлмаса, йўлини қилиб, уч тўрт сўм узатиб, беш тўрт йилга қаматтираман, вассалом.Давай, олдик!-деди Ғиштхон ва вискини бир кўтаришда шахд билан оқ урди.

Бибисувайдо ҳам.Кейин рюмка тутган қўлининг муштини лабларига босиб, бир паррак лимонни еб, газаки қиларкан, яна гапира бошлади.

-Ндаааа! Сен Ғишт, кейинги пайтларда ҳаддан ташқари донишманд бўлиб кетмаяпсанми а?Мақолларни қалаштирасан!Э, “Бўлинганни бўри ер”, “Тенг бўлишиб емаган тиқилиб ўлади” деган мақолларни ҳам унитма!Молу дунё одамни кўр қилади дегани ҳаққи рост экан.Қўлинга беш тўрт сўм тушиши билан сен узоқ йиллик дўстлигимизни дарров унутдинг.Худбинларча ўзингнинг ўчоғинга кул тортяпсан.Майли.Унда гап бундай.Мен Дубайга кетиб, ўша ёқларда савдо фирмаси очаман.Ну, сама наверно догадываешься о том, чем я там буду торговать, да?Короче, сен менинг фирмамга сифатли товар етказиб берадиган поставщица бўласан.Чиройли, чиройли, сутга чайилгандай оппоқ, лўппибет, дўндиқ қизларни виза чипта қилиб юбориб турасан, долянгни элдан кам қилмайман.Савдо билан шуғиллансак, Худо ҳохласа, кам бўлмаймиз.Савдода барака бор деб келади эски китобларда.Қани, босиб –босиб қуй анави шотландларнинг ароғидан –деди Бибисувайдо, Ғиштхонни қистаб.

-Сен, Бибишка, менга насихат қилма, хўпми?!Ўзинга боқ, ноғорангни қоқ –дейди эскилар.Сен дўстга вафоли экансан, нега унда бирга бизнес қиламиз демасдан Дубайга сурмоқдасан? Кечирасану сенда заррача юрт қайғуси йўқ экан. Ахир шу жойда астойдил ишлаб, биргаликда қўшма ишратхона очсак, валюта ўзимизда қоладию!Наҳотки шу ҳақда ўйлаб кўрмаган бўлсанг!Шу калланг билан қандай қилиб, чет элда одам савдоси билан шуғилланасан а?!Қисқаси, мен шу ерда қоламан.Молу дунё топган бўлсам, фақат ўз тадбиркорлигим, уддабурролигим билан топдим.Сендан бир сўм сўраганим йўқ.Менга бировнинг сариқ чақаси керак эмас –деди Ғиштхон яна вискидан рюмкаларга тўлатиб қуйиб.

Дугоналар яна ичдилар.

-Майли, Ғишт, ўзинг биласан.Қолсанг қолиб, шу киндик ковакларда юравер хору хароб бўлиб.Лекин билиб қўй, шаҳар бедорвоза эмас.Бу ерларда полиция йўқ десанг хато қиласан.Бир куни притонинг бошинга етиб, Товоқсой турмасида менинг гапларимни эслаб, қон йиғлайсан ҳали.Ҳа, аттанга, аттанг! –дейсан лекин ўрнига келмайди.Ахир мен сени бирга кет демаётган бўлсам.Бизнес ҳамкор бўл деяпман ҳалос.Ишларни яхши йўлга қўйиб олгач, беш тўрт юз долларнинг бахридан ўтиб, анави муттаҳам Исканақул Каркидонувучнинг ёшгина хоинчасини, менинг кундошимни қимматбахо совға салом ва зиёфатлар билан йўлдан уриб, киши билмас притонинга тортиб, гўзал ҳаёт, битмас туганмас бойлик вадалари билан мега юборардинг.Менинг одамларим уни прибори чириб –ириб кетган биронта эркакка қўшиб, спид юқтирардилар.У узоқ муддатли иш сафаридан келдим деб уйига қайтган куни Исканақул Каркидонувучга ҳам спид юқарди.Спидга чалингач, табиийки Исканақул Каркидонувуч севикли котибасини, жонажон хотинини ё сўярди ё қўярди.Қовункапаликлар эса: - бизга бунақа спидга чалинган зинокор раиснинг кераги йўқ деб, кетига тепиб, мансабидан тушириб қўйишарди.У итемганни шу йўл билан хор қилардик.Агар шу ишни муваффақиятли амалга оширолсак, мен ҳатто итингнингда итялоғини олтин қилардим! Қара, менда қанақа гениальный лойиҳалар, бизнеспланлар бор.Сен бўлсанг, менинг ақлу заковатимга, фахму фаросатимга шубҳа кўзи билан қараяпсан.Ҳалиям кеч эмас, яна тананга бир яхшилаб ўйлаб кўр... Ие, шиша бўшаб қолибдику!Тез янгисини оч.Қуй юзтадан.Бу дунёда одамни хурсанд қиладиган шу ароқдан бошқа яна нима қолди?Давай, давай, налевай быстрее.Че ты стоишь как этот самый? –деди Бибисувайдо Ғиштхонни шоштириб.

-Может хватит? –деди Ғиштхон.

Унинг бу гапидан Бибисувайдо астойдил хафа бўлди.

-Ие, бу уй сенинг хонадонингми ё қовоқхонами?Қовоқхона бўлса, пулини тўлаб ичайлик.Э, қуе, пулсиз одам билан бўғишаётган тирриқ барменга ўхшамай! Кетар жафосига бир маза қилайлик! Ўйнаб кулганимиз ўлжага қолади.Эртага бу жойлардан менинг изимни ҳам тополмай қоласан!Мен эса чет элнинг ойнабанд ресторанларда ўтириб, сени эслайман –деди у.

-Майли.Лекин шу охиргиси.Шу шишани бўшатгандан кейин бир грамм ҳам ичмаймиз! –деди Ғиштхон.У шундай гаплар билан янги шишани очиб, ўткир вискини қадахларга қуйди.

Улар ичдилар.Кейин яна ва яна.Охири мастликдан кўзларининг жилди чиқиб, гўлайиб, бир бирларига суяниб қолдилар.

Айниқса, Ғиштхон маст бўлиб, ялқовлик билан ҳаракатланар, кўзларини аранг очар ва бир нарсалар деб валдирарди.Охири у столга юзтубан ётиб, хуррак ота бошлади.Бибисувайдо уни судраб, минг машаққат билан кроватга ётқизди.Кейин сумкасидан газетага ўралган пишиқ ғиштни оларкан, жаррохлар қўлқопини кийиб, ғишт билан Ғиштхоннинг бошига бир неча бор зарба берди.Ғиштхоннинг боши ёрилиб, оппоқ жилдли пар ёстиқлар қонга бўялди.Дугонасининг ўлганига ишонч хосил қилган Бибисувайдо, Соддагулнинг уйидан ўғирланган тақинчоқларни истаб, уйни тинтув қила бошлади.У тақинчоқларни топгунича уйдаги жихозлар ағдар -тўнтар бўлиб кетди.

Ниҳоят Бибисувайдо топилган тақинчоқларни титроқ қўллари билан сумкасига соларкан, Ғиштхоннинг уйига ўт қўйиб, шошиб ташқарига чиқди ва зулмат қаърига кириб, кўздан ғойиб бўлди.

 

20 боб

Балиқ ови




Холбўри билан Нортожи икки ёни юлғун буталари ва ўт –ўланлар билан қопланган илонизи сўқмоқдан қиялаб, соҳилга, дарё дельтасига тушиб бордилар.Сувлар шолоплаб, бир моромда чайқалиб турган дарё лабига етишгач,Холбўри аввалдан тайёрлаб қўйилган, ўқувчиларга таниш ёғоч қайиқни секин суриб, сувга туширди.Қайиқда балиқ овлаш учун иккита қармоқ ва бошқа анжомлар ҳам бор эди.Нортожи қайиққа ўтиргач, Холбўри жимгина эшкак эша бошлади.У қачонлардир худди шу тарзда қайиққа ўтириб, Илтижо билан саррин шамолларда яшил тўлқинлар ҳосил қилиб шовуллагувчи қамишзорлар аро сон саноқсиз нилуфарлар, кўзагуллар очилиб ётгувчи шу дарё дельтасида сайр қилган эди. Бугун эса Нортожи билан сайр қилиб юрибди дея асаримиз бош қаҳрамонини койишга, ундан нафратланишга шошилманг.У бугун Нортожига ўз ўтмиши ҳақидаги бор ҳақиқатни рўйи рост айтмоқчи.Нортожи ҳам гарчанд шу Қовункапа қишлоғида туғилган ва шу дарё соҳилларида қўй-сигир боқиб вояга етган эсада, дарё соҳилидаги саёз сувларда дугоналари билан чўмилиб ўсган бўлсада, бўзчи белбоққа ёлчимабди деганларидай ҳеч қачон соҳилдан узоқлашмаган, кўза гуллар ва нилуфарлар очилиб ётадиган кенгликларга чиқмаган эди.Белигача сувга ботган ва тарвақайлаган шохлари сувларга тегиб тургувчи қари ва букри толлар, попук чиқарган узун узун ям –яшил қамишлар девордай бўлиб ўсган дельта бўйлаб қайиқда охиста сузганича кетиб бораётган Нортожи нилуфарлар ва кўзагуллар очилган кенгликларга чиққан сари ўзини худди ибтидоий, ёввойи, афсонавий бир оламга ўтиб қолгандай ҳис қилар, ҳайрати, ҳаяжони тобора ортиб борарди.

-Вуй, анави нилуфарларнииии!Ям-яшил шалпанг қулоқ барглар, ғунчаларининг кўплигини, уларнинг гўзаллигини!-деди у ҳис –ҳаяжонини жиловлай олмай ҳайрат ичра!Шундай дея Нортожи қайиқдан узаниб, нилуфарларнинг оппоқ гулларини бирин кетин узаркан, гулдаста тузиб, уларни роҳатдан кўзларини юмиб, хидлаганича , бағрига босди.

Нортожининг завқланганини кўриб, Холбўри ҳам ўзида йўқ қувонар,лекин Илтижо билан ўрталарида кечган ишқий саргузаштларни унга қандай қилиб айтсам экан дея ўйланар, ишқий саргузашт ҳақида эшитган Нортожи хафа бўлиб қолсачи деган фикр уни қийнар эди.

-Нортожи –деди у ниҳоят ва давом этди: - менга тўғрисинии айтингчи, авваллари сиз ҳеч қармоқда балиқ овлаганмисиз? –деди Холбўри ҳамон бир маромда эшкак эшаркан, Нортожига кўз қири билан қараб.

-Йўқ десам балки ёлғон бўлар.Балиқ овлаганмиз.Аммо қўл билан.Бунга ҳам анча йиллар бўлди.Ҳар йили баҳор пайти дадам, аям ва мен соҳилдаги ўзимизга ажратилган 25 сотихли шолипоямизни шоли тупчикларидан тозлаб, полларга сув қамардик.Ўзингиз яхши биласиз, сувсиз полга шоли уруғини сочсангиз, уларни чумчуқлар галаси шу ондаёқ еб битиришади.Шоли уруғи сув остида ётса, ерга осон илдиз отади ва уларни қушлар еёлмайди.Ҳуллас, ўша йили баҳор серёғин келиб, дарёда сув кўтарилиши оқибатида кучли талотум сепояларни ювиб кетиб, шолипоялар сув остида қолди.Сув қайтгач, шолипоямизга борсак, сувлари кўзгудай ялтираган шолипоя полларида катта -катта балиқлар қирини сувдан чиқариб потраб сузиб юришган экан.Ўшанда дадам, аям ва мен уччаламиз:- Ийи, ана, ана! Кетди!Ушла! –дея бақириб –чақириб, типирчилаётган балиқларни қўл билан тутганмиз.Бир маҳал, ярим қоп балиқ ушладик деб севиниб турсак, дадам шатра шутр сув кечиб, югириб, ҳаяжондан бақириб, ўзини сувга отиб, минг машаққатлар билан уриниб, суриниб, лойларга беланиб юриб, нақ бир метр келадиган сазан балиқни ушлаб олганлари ҳеч кўз олдимдан кетмайди.Балиқни ушлагунча дадажонимнинг усти боши, юзлари балчиққа беланиб кетган.Биз аям иккимиз қопдаги балиқларни, дадам эса ҳалиги бир метрли сазаннинг ойқулоғидан ушлаб, кўтарганларича елкаларига ортиб, намоишкорона қишлоққа қайтганлар.Балиқ жонворнинг тангалари катта –катта бўлиб, сузгичлари, думлари қип қизариб кетган эди.Дадам у балиқни болта билан ёрганларда ўзиям.Ишонсангиз, ичидан бир килоча қизил увилдириқ чиққан.Роса балиқхўрлик қилувдик ўшанда –деди Нортожи, тотли ҳотираларни ёд этганича, маҳзун жилмайиб қўяркан.

-Қармоқда балиқ овлаш ундан ҳам қизиқарли бўлади –деб қўйди Холбўри, эшкак эшишда давом этиб.Қайиқ сув юзини қоплаган нилуфарларнинг, кўзагулларнинг, лотосларнинг шалпанг баргларини тумшуғи билан ёриб оҳиста илгарилар, икки ошиқ ўтирган қайиқ устида сув қушлари чарх уриб учиб, асабий чийиллашар эди.

Ниҳоят улар сув гуллари ва қамишлардан ҳоли, мовий осмоннинг бир парчаси каби шаффоф сув юзасига чиққач, Холбўри эшкак эшишни тўхтатди.

-Мана шу жойдан иккаламиз қармоқда балиқ овлаймиз –деди у. Кейин қармоқларга хафсала билан хўрак иларкан, узун узун бамбук дастали қармоқлардан бирини Нортожига узатди.Улар хўрак илинган қармоқ лескасини ҳавода визиллатиб сувга отганича, пўкакларга термулиб ўтиришаркан Нортожи яна ҳаяжонланиб кетди:

-Вой, балиқларни қаранг!Тиниқ сув остида худди аквариумдагидай бемалол лапанглаб сузиб юришибди! –деди у ҳайрат ичра.

-Ҳа, оқим кучли бўлмагани учун бу жойларнинг суви тиниқ.Агар оқим тез бўлса, ундай сувлар нилуфарларнинг, кўзагулу лотосларнинг тинчгина илдиз отиб, япроқ ёзиб, ғунча очишларига йўл қўймаган бўларди.Бу ерларда инсон руҳига осойишталик бағишлайдиган илоҳий осудалик бор –тушунтирди Холбўри.

-Товба!Шу дарё бўйларида шунча йил яшабману, бу жойларга бирон марта ҳам келмабман.Одамзод “фалон мамлакатда, пистон тоғлар бағрида гўзал дам олиш масканлари бор экан дея ҳавас қилиб, у ерларга боришни бир умр орзулаб юрар экану, ўша жойлардан сира қолишмайдиган гўзал табиат ўзининг шундоққина ёнида эканидан бехабар ўтаверар экан!Қаранг, қандай гўзал ватанимиз, Ўзбекистонимиз бор бизнинг!Эҳ, олдингдан оққан анҳорнинг қадри йўқ деб шунга айтсалар керакда –деб қўйди Нортожи.

Холбўри ҳам гапирмоқчи эди, шу маҳал кутилмаганда Нортожи дастасидан тутган қармоқ пўкаги лик этиб сув остига кириб кетди.

-Ийи, қармоғингизни балиқ тортяпти!Лескани ўранг чиғириққа!Тезроқ! Бўлинг тезроқ!-деди Холбўри.Нортожи ҳаяжон ичра шошиб ўрнидан турган эди, қайиқ шундай лапангладики, иккалалари қармоқ пармоғи билан сувга қулашларига оз қолди.

-Э, эхтиёт бўлинг!Ўранг лескани! Чиғириқни тезроқ айлантиринг!Катта балиқ экан, бамбук лескани эгиб, синдирвораман деяптия!Вау!Лескани узиб кетмасинда ишқилиб! –деди Холбўри ҳаяжон ва қувончли ҳавотир ичра.

Нортожи Холбўрининг айтганларига амал қилиб, чиғириқни айлантирар, қармоқ лескасини тўхтовсиз барабанга ўрарди.Ниҳоят балиқ қири билан сув юзини ёриб, қайиқ тамон яқинлаша бошлади.Нортожи қармоқ дастасини баланд кўтарган маҳал қармоққа илиниб қолган балиқ ҳавода типирчилай бошлади.Унинг қизғиш тангалари қуёш нурида товланар эди.Холбўри балиқни қармоқдан ажратаркан, уни қайиққа ташлади.Кейин иккаласи ҳавосизликдан типирчилаётган балиққа завқ билан қараб туришди. Нортожи қизиқиб, балиқни қўлига олган эди, кутилмаганда балиқ шилт этиб унинг қўлидан чиқди.Агар у қайиққа қайтиб тушмаганда ва Холбўри уни ўз вақтида ушлаб қолмаганда эди, балиқ шолоп этиб сувга сакрарди ва уни бутунлай қўлдан чиқаришган бўлардилар.Ҳа балиқ айни пайтда ўзининг азалий макони, сувга қайтиш учун уринарди.

Балиқ бироз тинчлангач, Холбўри гапира бошлади.

-Нортожи, сиз Вулқон деган шоирнинг балиқ ҳақида ёзган шеърини ўқиганмисиз?Айтишларича у ҳозир тақдир тақазоси билан Канадада яшар эмиш –деди у.

-Чет элда яшаса, ватангадо эканда.Канадада яшайдиган одамнинг шеърларини мен қаёқдан ўқийман.Қишлоғимизда интернет бўлмаса.Ишонсангиз мен ҳатто компьютерни қандай ишлатишни ҳам билмайман –деди Нортожи.

-Йўқ, Нортожи, тақдир тақозоси билан хатоларга йўл қўйиб, адашиб, ё бизнинг юртимизда ҳам сўз ва фикр эркинлиги, демократия бўлишини истаб, танқидий фикрлари учун сиёсий қувғинга учраган, чет элга кетиб қолган одам, агар у муқаддам оғир жиноятлар содир этиаган бўлса, халқаро жиноий қидирувга берилмаган бўлса, ундай фуқарони ватангадо, ватан хоини дея атамоқ адолаьсизлик ва ҳатто гунох!

Бир ўйлаб кўринг, халқимиз ҳар йили туғилган кунларини нишонлаб, ардоқлайдиган, фахрланадиган ҳазрати Алишер Навоийнинг мозори Хиротда, шох ва шоир Бобурмирзонинг қабри Қобулда, элимиз қўшиқларини Маъмуржон Узоқов ижросида севиб тинглайдиган Фурқат бобо Ёркандга дафн этилганлар. Ибн Сино эса Эронда вафот этган.Тақдир тақозоси билан чет элга кетиб қолганларнинг барчаси ҳам ватан хоини, ватангадо эмас.Кейин қишлоқи эканман деб анқайиб ўтиравермай, ҳар биримиз компьютер илмини ўрганишимиз керак.Ахир мустақил мамлакатимизнинг янги Президенти цензура симттўрларни узиб, халқимизга эркинлик бердилар.Ҳамма ёқда демократия баҳори кезиб юрибди!Компьютер илмини ўрганиб, интернетдан фойдаланишга бугун тўсиқлар йўқ.Фақат, ғоя ва мақсадлари демократияга, мамлакатимиз ҳавфсизлигига тахдид солувчи радикал кайфиятдаги фашистик сайтларга кирмасангиз, улар билан алоқа қилмасангиз бўлди.Замондан ортда қолиш яхшимас, Нортожи.Масалан мен шаҳардаги интернет кафеларнинг компбютерлари ёрдамида ўзбекча форумларга, Давронбек Тожиалиевнинг “Зиё.уз” порталига, Тўлқин Эшбекнинг “Уч илдиз”, “Мувозанат” сайтларига кираман, ўзбекча ва русча асарларни мириқиб ўқийман.Бунинг нимаси ёмон? –деди Холбўри.

-Ҳўп, гапни чўзмай ўша балиқ ҳақидаги шеърни ўқингчи қани – деди Нортожи.

- У шеърнинг бир мисрасини айтиш билан кифояланаман –деди Холбўри.

Хўракка алданиб нодон балиқ дарёдин айрилди.

Шоир балиқларнинг хўракка алданиб, қармоққа ишинишлари ва дарёдан айрилишлари ҳақида ёзар экан, бу мисрада Қорадарёни эмас, ХУДОнинг қирғоқсиз, поёнсиз РАҲМАТ ДАРЁСИни назарда тутмоқда.Одам эса феълан балиққа жуда ўхшайди. У ҳам шу балиқ каби тотли хўракка алданиб, гуноху маъсиятлар қармоғига илинади ва РАҲМАТ ДАРЁсидан маҳрум бўлади.Шунинг учун халқимиз марҳумлар ҳаққига “ғариқи раҳмат бўлсин” дея дуо қилади.Яъни РАҲМАТ ДАРЁсида чўмилиб, ғарқ бўлиб, гунохлардан поклансин дейдилар.Мен эса одам боласининг хўракка алданиб, қармоққа илинишини сираям истамайман.Жумладан сизнинг ҳам.
Нортожи, сизларникига совчиликка борган онамнинг дастурхони қайтмаганидан хурсандман.Лекин иккимизнинг ҳаётимиз ёлғон устига қурилмаса дейман.Яқин ўтмишда пахта териш учун хашарга келган Тиббиёт Институтининг талабаси Илтижо исмли қизни севганимни, у қиз билан ўртамизда кечган ишқий саргузаштларни яширмай, бугун, шу ерда, сизга рўйи рост айтмоқчиман –деди Холбўри.
Бу гапларни эшитиб, Нортожи ўрнидан сакраб туриб, Холбўридан ҳимояланиш учун шошиб эшкакни қўлига оларкан, қайиқ яна хунук лапанглаб кетди.
-Нима?!Талаба қиз?!Ишқий саргузаштлар!..Э, Худо!Нималар деб валдираяпсиз?!..Қандай хаддингиз сиғди мени алдашга, лақиллатишга а?!..Аблах экансиз, Холбўри ака! Лекин мен сиз ўйлаган қизлардан эмасман!..Қани тезда мени соҳилга элтиб қўйингчи!Акс ҳолда ҳозир шу эшкак билан уриб, бошингизнинг қатиғини чиқараманда, жасадингизни сувга улоқтириб, қайиқда ёлғиз ўзим сузиб кетаман! –деди Нортожи, гольф чимзорида тўпчани човган билан қулочкашлаб уришга шайланган миллиардер каби.
-Ие, ана ҳалос!Ўзим ҳам ўйловдима, тўғри гап нафақат бошқа одамга, ҳатто туққанинга, яъни онанга ҳам ёқмайди деб!Мен энди, ҳаётимиз ёлғон устига қурилмасин, тўйимиз ўтгач, эшитиб, нега ўшанда бир оғиз айтмагансиз деб жанжал кўтарманг дегандимда.Сиз бўлсангиз дарров қизишиб...Ўзингизни қўлга олинг, Нортожи! Майли, йўқ десангиз, зорим бору зўрим йўқ.Қирғоққа элтиб қўяман –деди Холбўри.
Бир маҳал Нортожи эшкакни елкасига қўйган куйи, қийқириб кула бошлади.
-Юракдан ҳам бор эканку а, ўтто дальнебойщик!Ҳазиллашдим! -деди, ҳамон хандон отиб кулганча.
Кейин жиддийлашиб, давом этди:
-Ҳазил ҳазилу, Холбўри ака, жиддий айтадиган бўлсам, менинг ўша Илтижо деган хашарчи қизни севганингиздан, ва ҳатто унинг портретини чизганингиздан ҳам хабарим бор.У қизнинг қачон ва нима сабабдан сизни ташлаб, бошқа йигитга турмушга чиқиб кетганини ҳам жуда яхши биламан –деди у, эшкакка таяниб, нилуфарлар, кўзагуллар ва лотослар очилиб ётган жаннатий кенгликларга ўйчан термулганича.
-Э, юракни ёрай дедингизку, Нортожи!Мен эшкак билан уриб, бошимнинг қатиғини чиқаришингиздан эмас, сиздан айрилиб қолишдан ўлгудай қўрқаётган эдим –деди енгил тортиб, Холбўри.
-Тўғриси, мен ўзим сиздан шу гапларни кутаётган эдим.Агар бугун шу ҳақда айтмаганингизда, сизга нисбатан ишончим сўнарди ва қайтиб сизга яқин йўламасдим.Мана энди кўнглим ҳотиржам бўлди.Демак сиз алдамайсиз, ёлғончи, хиёнаткор эмассиз.Энди сизга ишонсам бўлади- деди Нортожи, эшкакни жойига қўйиб.
-Уфф!Ҳудо бир сақлабдию а! О, меҳрибон Парвардигорим!Сен мени тўғрисўзлигим учун мукофотладинг, ўзинга шукр! -деди Холбўри осмонга қараб.
Шу пайт Нортожи яна ҳаяжон ичра бақира бошлади:
-Вой, Холбўри ака!Қармоғингиз пўкаги йўқолиб қолди!Тортинг қармоқни! –деди у.
Холбўри қармоқ дастасини тез қўлига оларкан, чиғириқни айлантириб, таранглашган лескани барабанга шахд билан ўрай бошлади.

 

21 боб

Бутазордаги одам




Зулмат ибн Қулмат бозордаги пуллик хожатхонада мижозларга чипта сотиб, газета ва китоблардан торат қоғоз тайёрлаб, кесак ушатиб, бир чиройли ишлаб юрувди, унга кўз тегди.Табиийки пуллик ҳожатхона директори имтиёзларга эга бўлгани учун у бола –чақаларию қариндош уруғи билан хожатхонага бепул қатнаш ва бўшаниш хуқуқига эга эди.Зулмат эса хожатхона директори келганда унга ушатилган сифатли кесакларнинг чангини “касакуса касакуса касакуса” деб уч марта пуфлаб, ғазал айтиб узатиши керак эди.Зулмат ибн Қулмат мастликда хожатхона директорига сифатсиз кесакни узатган ва оқибат кесакдаги шиша синиғи каттанинг кетини кесиб кетган.Олий мижоз кўп қон йўқотиши оқибатида хушидан кетиб, етиб келган врачлар бригадаси уни замбилга солиб касалхонага олиб кетишган. Шундан кейин: -Сан боланинг ичкилик ичейкон ёмон одатинг бор экан, кейин чиптадан тушган пуллардан қайриб, эллик граммга масруф этайкон қўли эгри, нопоклигинг жонга тегди деб бахона қилиб, уни эгаллаб турган лавозимидан четлатишди.Ўшандан бери бедананинг уйи йўқ, қайга борса битбилдиқ деганларидай, дарбадар юриб, гоҳ бозорда арава судраса, гоҳо бекатларда маршрутка автобусларга то овози бўғилиб қолгунча бақириб одам чақиради.Кайф берса керосинни ичадиган бу майхўр кимсанинг топган тамоми тангасини тўплаб, қовоқхонага кириб, бир истикон, ярим истикон ароқ ё вино ичишдан бошқа қизиқарлироқ машғулоти йўқ.Фикру ёди ичкиликда.Зулмат ибн Қулмат бармен майда қилиб тўғраб қўйган турпдан сузмага белаб еб, газаки қилганича кун бўйи оч - наҳор юраверади.Унинг ичадиган чойи ҳам ейдиган таоми ҳам ичкилик.Тинимсиз ичкилик ичавериши оқибатида Зулматнинг оғзи (Худоё товба қилдим) қари чўчқанинг оғзига ўхшаб қолган.
Айниқса ташландиқ бинонинг ертўласида, оқшомлар остига картон каробкаларни тўшаб, уйқуга кетиш олдидан ясама тишларини олиб, сувли банкага солган маҳал.Бир гал у тўнқайиб, ёмғирдан кейинги кўлмакдан сув ичмоқчи бўлганда, кўлмакдаги ўз аксини кўриб, қўрқиб, ўзи шундоқ ҳам ҳар замонда санчиб турадиган юраги ёмон бўлиб қолай деганди.Зулмат ибн Қулмат бугун ўзининг туғилган куни муносабати билан ҳамшишаларига ҳақ бермоқчи.У алкаш шишадошларини ортидан эргаштириб, Қовункапа қишлоғи тамон, дала йўлидан гандираклаб бораркан, йўл йўлакай бижир –бижир жавраб келарди.

-Дўстларим!Бугун менинг худди юпун одамларга раҳми келиб, гўридан ўз кафанини чиқариб берган ҳазрати Хотамуттоъи каби олийҳиммат, саҳий ва мурувватли алкаш эканимга гувох бўласизлар!Бир ёстиққа бош қўйган вафоли ёрим билан кўришмаганимизга ҳам анча йиллар бўлди!Бечора мени кутиб, деразадан маъюс термулганича йўлларимга интизор боқиб, соғинч, айрилиқ изтиробига чидолмай юм юм йиғлаган онлар, атрофида парвоналар гир айланиб учган ҳижрон шамчироғи дувиллаб тўкилган кўз ёшларидан ўчиб қолса керак.У менга кўп яхшиликлар қилди, аммо мен нонкўр у яхшиликларни тез унутдим.Аслида шу хотиним туфайли шаҳардаги пуллик ҳожатхонада бош чипта сотувчи фаррош лавозимини эгаллагандим. Мен ношуд ўша, лавозимни ҳам қўлдан бой бердим!Ичкиликка берилиб, сизларнинг сафингизга қўшилиб кетдим!Лекин ишончим комил, мен туфайли шунча йиллар ёстиғи яримта бўлган қоши камоним, ғунча даҳоним, боғу баҳорим мени яна кечириб, оҳ чекиб йиғлаганича:-келдингизми, дадажониси!-дея қучоғимга ўзини отади!Мўминим келди деб, қўни қўшниларни чақириб, нақ икки юз кишилик дастурхон ёзиб, киши бошига биттадан арақ тортади!Оёғимнинг тагига чўчқа сўяди!Араққа чўмиламиз, ароққа!Эҳ, мен аблах шундай хотиннинг қадрига етмадима!Эсимда, бир куни хотиним капаратипдан яримта ароқ олиб келай деб кўчага чиқиб кетувди.Мен ярми ичилган чўлоқ ароқни майдалаб, ахлатхонадан олиб келинган бир оёғи йўқ, йиртиқ диванимизда кайф қилиб ётувдим.Бир маҳал эшик тақиллаб қолли.
Мен ўрнимдан тургани эриниб, ётган жойимда: -Ҳа, қизилиштон, яна келлингма?!Қайдан ҳам мастликда нонни уватиб ебмана!Нонушоқларга мазахўрак бўлиб қоллингма, текинхўр қуш?!Бир бундай бошқа қизилиштонларга ўхшаб сен ҳам қуриган дарахтларни, қарағай симёғочларни тақиллатиб, ҳалол меҳнат билан, пешона тери қилиб, қурт қумурсқаларни териб есанг бўлмайдими, паразит!Йўқол баттан! –дедим.
Десам, эшик ортидан биров: -Гражданин Зулмат ибн Қулмат!Хаддингиздан ошманг! Нега давлат хизматчисини хақорат қиляпсиз?!Мен участка нозири лейтенант Қоғозқоп Қорбобоев бўламан!Қўлимда тинтув ўтказиш учун прокурорнинг ордери бор! Ширкат омборидан катта миқдорда дориланган уруғлик чигит ўғирланиб, қўлбола пахта мойи ишлаб чиқарадиган кичик корхоналарга сотиб юборилган!У дориланган чигитдан олинган пахта мойи инсон саломатлиги учун хавфли дейишмоқда!Қисқаси шу жиноий иш бўйича гумонланувчи сифатида сизни ҳам сўроқ қилишимиз керак!
Эшитяпсизми?!Зудлик билан эшикни очинг!Акс ҳолда йигирма метр ортга тисарилиб туриб, бор кучим билан югириб келиб, елкам билан уриб, эшикни синдириб кираман! деди.

Мен ўрнимдан туриб, батинкаларимни товушсиз кийдимда, Қоғозқоп Қорбобоевни чалғитиб, вақтдан ютиш учун гапни айлантирдим:

-Ҳа, сал йўталиб нетиб, шарпа қилиб келадида, одам деган!Қизилиштон деганимга хафа бўлма, начанник!Қизилиштон бўлсанг қания, ярмингни ёзга, ярмингни қишга қўярдинг!Қизилиштонлар бўлмаса, дов -дарахтларни қурт -қумурсқа босиб, ютаминга бой мевали боғлар қуриб қоларди!Бир гал ўзинг айтувдингку, “Баъзан дала даштда, дарё соҳилидаги юлғунзорларда, пистирмада ўтирган чоғларим узоқ узоқларда дарахтларни тақиллатаётган қизилиштонлар овозини эшитиб, болалигим ёдимга тушади, кўзларимга ёш келади” деб!-дедим мен ва югириб бориб, деразадан пастга сакрадимда, ўзимни жўхоризорга урдим.Лекин мен галварс тўппа тўғри Қоғозқоп Қорбобоевнинг шогирдлари пистирмада ўтирган жойга қараб югирибманда.Оёғимдан чалиб йиқитишиб, қўлларимни қайриб, бир зумда қўлга олишди, аблахлар. Яхшиям, шу пайт хотиним дўкондан қайтиб келиб, мени хижолатли вазиятдан қутқарди.У ўша дориланган чигит ўғирланган кеча, эрим уйда эди дея мени қамоқ жазосидан қутқариб қолли.Участка нозири Қоғозқоп Қорбобоев мендан ноқонуний хибсга олинганим учун узр сўради –дерди у тўхтовсиз валдираб.

Зулмат ибн Қулмат дала йўли четидаги толга суяб қўйилган байкер рулли велосипедни кўргандагина гапиришдан тўхтади ва шишадошларига ўгрилиб, паст овозда: -Тсс! Жим!-деди.Майхўрлар таққа тўхтаб, жим бўлдилар.Зулмат ибн Қулмат паст овозда гапира бошлади:
-Худо берман деса шунақа бўлади.Мана, бош оғриқ дорига пул топилди.Мен ҳозир анави великни миниб қочаман.Сизлар ортимдан чопасизлар.Агар эгаси чиқиб қолса, шунчаки ҳазиллашувдик деймиз қўямиз.Эгаси йўқ бўлса, уни йўлда биронтасига сотиб юборамиз.Ёки ароққа алмаштирамиз –деди у.
Шундай гаплар билан Зулмат ибн Қулмат велосипедга яқинлашувдики ҳамки, юлғун буталари ортида кимгадир гапираётган одам овозини эшитиб, тўхтади.Бошқа алкашлар ҳам бир бирларига қараганларича қотиб қолдилар. Кимдир юлғун буталари ортида ширакайф овозда кимгадир гапирар, майхўрлар ўзларига ўхшаган шиша ғариб одамлар яримтани майдалаб суҳбатлашиб ўтирибди шекилли дея ўйлаб, уларнинг мийясида ароққа шерик бўлиш фикри туғилди. Лекин улар ширакайф одам гапларини тинглаб, ҳайратдан бадтар анграйиб қолдилар.Чунки у юлғун буталари орасида беғам ўтлаб юрган эчкига гапирар эди.

-Яғир эшак, сен менга эътибор бермай, гапларимни жимгина тинглаб, ўтлайвер-дея гапира кетди юлғун буталари ортида ўтирган одам.Сўнг давом этди: -Менинг валдираётганимдан ҳам ҳайрон бўлма.Ҳа, озгина отиб олганман..Худо ҳохласа, қизимни узатган куним, тўйда бир тўйиб ичаманда, шундан кейин ичкиликни бутунлай ташлайман.Нега десанг, қизим Нортожи ўз бахтини топди.Яхши нийят ярим мол деб тўғри айтишган экан.Мен ўзим шу рассом Холбўри бизга куёв бўлса деб нийят қилиб юрардим.Мана, нийятимга етдим шекилли.Хотиним Каполатхон ҳам, қизим ҳам хурсанд.Ичкиликни ташласам, улар янада хурсанд бўладилар.Тўғриси, ичкилик ичмайдиган одамларга ҳавасим келади.Бир гал, дегин, гузарда улфатлар билан яримтани майдалаб ичиб ўтирсак, маҳалла масжидининг мутавалиси Камаридин қори домла сигир етаклаб ўтиб қолдилар.Шунда менинг қори домлага ҳазил қилгим келиб, тилим қичиб: -Ҳа, қори ака, йўл бўлсин?!Сигирингиз тўхтовсиз марайверганидан уни чорвачилик фермасидаги тўрт оёқли  “дўхтир”га кўрсатгани опкетяпсизми дейман?! –дедим.Ҳамшишалар гурр этиб кулиб юборишувди, Камаридин қори домла тўхтаб, мийиғида жилмайиб қўяркан, бизга танбех берди:

-Ҳа, эси йўқлар!Куппа кундуз куни, ўрта кўчада, ҳеч кимдан уялмай ароқ ичиб ўтиришларингни қара.Ҳе, аттанг!Ҳаммангнинг сочи соқолинга оқ оралаб, ёшларинг ҳам бир жойга бориб қолли.Бола чақаларинг катта бўляпти.Бу умр деганлари шув этиб ўтади кетади.Қиёмат куни Худонинг оллига борганда нима деб жавоб берасанлар?!Бунинг ўрнига охиратни ўйлаб, масжидга чиқиб, ҳеч йўқ бомдодни ўқиб туришсанг ўласанми, а, эй жойномоз устида жонинг чиқиб кетгурлар! –деди у.

Мен суҳбатни давом этдирдим.

-Гап йўқ, оқсоқол!Масжидга чиқманган номард!Фақат битта шарт билан.Шу ароқдан юз грамм ичиб юборсангиз, эртага саҳар туриб, тахорат олиб, ҳаммамиз масжидга чиқиб, бомдод номозини сизга иқтидо қилиб ўқиймиз! –дедим.

Қори ўйланиб қолди.Кейин: -Ростдан масжидга чиқасанларми? –деди ишонқирамай.Биз жўр бўлиб, бир овоздан: -Ҳа! –дедик.
Шу гапдан кейин Камаридин қори домла сигирини ариқ бўйида ўсган теракка боғлаб: -Опке, ароғингни! –деди.Биз бир биримизга қараб, бир зум ҳайратланиб қолдик.Кейин шишадаги ароқ билан, пиёлани олиб, қори домла турган жойга югирдик.

Мен,оббо қори акае, деганимча пиёлага ароқдан қуйиб, Камрадин қорига узатдим.Қори пиёлага менсимайгина назар ташлаб: -Мен сенларга қалдирғочмидим, олис Африкада чанқаб Нил дарёси сувидан бир қултимдан ичгани.Бор анави пожарный щитдаги қизилга бўялган пақирни олиб келиб, ўшанга қуй ароғингни –деди.

Бизнинг ҳайратдан бадтар оғзимиз очилди.

-Э, қойиле!Бу дейман, қори домласи тушмагур, ўзлари ҳам а?.. Биз пиёлада ичсак, сиз бира тўла... –дедим мен ҳамон ҳайратимни яширолмай.Кейин кимдир челакни олиб келди.Мен уни ариқдаги сувда яшилаб чайқадим.Сўнг бор ароқни челакка қуйиб, қорига узатдим.
Қори челакни оларкан: -Аввал бу ароқни сигирга тутиб кўрайчи –деди ва ароқ қуйилган пақирни сигирнинг тумшуғига яқин олиб борди.Сигир ароқнинг бадбўйидан жирканиб, ортига шундай тисарилдики, унинг бўйни чўзилиб, кўзлари чаноғидан чиққудай бўлиб, азбаройи таранглашган арқон узилиб кетай деди.

Шундан кейин Камаридин қори домла ароқ қуйилган челакни менга қайтариб бераркан: -Йўқ, бўталарим, ҳатто хайвон ҳам хазар қиладиган бу ичкиликни мен ичолмайман! –деди.Кейин сигирининг арқонини ечиб, индамай йўлига равона бўларкан, бу воқеа бизга жуда қаттиқ таъсир қилди.Эртасига саҳарда дўппи чопонларни кийиб, масжидга чиқдик.Бир чиройлик номоз ўқиб юрувдим.Хотиним Каполатхон, қизим Нортожи ҳам бехад хурсанд эди.Лекин кўп ўтмай менга кўз тегдими, билмайман, ҳайтовур яна ичкилик ичишни бошлаб юбордим.Яна шиша ғарибига, ичкиликнинг қулига айланиб қолдим.Бу ичкилик жуда ёмон нарса бўлар экан.У инсонга ва унинг оиласига фақат кулфат келтираркан.Мана, яқинда олис ва сўлим шаҳарда ахлат титиб юрадиган алкаш Зулмат ибн Қулматнинг хотини Ғиштхон шу ичкиликнинг орқасидан, мастликда оғзида сигаретаси билан ухлаб қолиб, уй пуйи билан ёниб кетди.Жасади куйиб кетган экан, ҳамқишлоқлар уни аранг танидилар.Ҳеч кими йўқ ғариба эди, раҳматли.Ким билади, балки яримта ароққа имонини сотадиган Зулмат ибн Қулмат унинг пулларини ўғирлаб, ўзини ўлдириб, уйга ўт тортиб юборганми?..Яхшиям раис Исканақул Каркидонов Ғиштхоннинг дафн маросимига пича маблағ ажратиб, уни маҳалла аҳли чиройли қилиб, дафн этдик.Унинг қабрига белги сифатида бир дона пишиқ ғишт қўйилди.Эҳ, шунақа гаплар, яғир эшак! –деди чуқур хўрсиниб, буталар ортидаги одам.



22 боб

Ойдин далалар сукунати




-Вақт деган сирли хилқатнинг қачон бошланганини ва унинг қачон тугашини бандаси билмаганидай бу оламда уни тўхтатиб қоладиган кучнинг ўзи ҳам йўқ.Вақт бугун ўз ортидан баҳорни эргаштириб келиб, ўт –ўланлару, дов дарахтни яшнатса, эртага у ўйчан куз эпкинлари билан ўт-ўланларни қовжиратиб, сўлдириб, боғлар бағрини хазонга тўлдириб, яна ҳеч нарса бўлмагандай йўлида беғам давом этаверади.Кечагина кўчада ўйнаб юрган болалар, бир қарасанг, соч соқоли қувв оқариб, хассага таяниб юрган бўлади.Мана, Холбўри билан Нортожининг турмуш қурганларига ҳам бир зумда уч ой бўлибди.Одамзоднинг хурсандчилик онлари нисбатан тезроқ ўтар эканми, ҳар ҳолда у тотли уч ой ёш келин куёв учун худди уч секунддай ўтди кетди.Тўйлари бўлиб ўтган кунданоқ Холбўрининг онаси: “Болам, оқшом ташқарига ёлғиз чиқманглар, чиллалисизлар.Чиллали одамларга жинлар, оч арвохлар илашиб олади.Қаллиғинг саҳар туриб, ховлини, кўчаларни супураётган маҳал бирга чиқиб, унга қараб тургин” дея қирқ кунгача уларга насихат қилишдан чарчамади.Холбўри онасининг айтганини қилиб, то Нортожи кўчаларни супуриб бўлгунича унга қараб турар, сўлим тонги шаббода нафис ва шаффоф кўйлагининг узун этакларини судраб кўчаю боғлар аро оёқ учида рақс тушиб юрган маҳаллар, сўлим салқинликда, шовқинлардан ҳоли осуда жимлик ҳукм сурган субҳи содиқда муздек тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас оларкан, асаблари созланиб, умри узаяётгандай туюларди гўё. Ғира шира пайт симёғочларда маюс порлаган хорғин чироқлар, кимсасиз кўчага уйларнинг деворларига тушиб турган дарахтларнинг соялари, тонги сукунатда одатдагидан қаттиқроқ эшитилаётган супургининг шатиллаши ҳам салқин саҳарларга нақадар ярашарди.Чиллалари чиққач, Холбўри билан Нортожи даладаги ижарага олинган пайкалга биргалашиб қовун экдилар, уларни суғориб, қўшқулоқ кўчатлар остини кетмончалар билан юмшатиб, меҳнат қилиб чарчасалар, юлғун буталари аро узун узун ўт ўланлар узра чўзилиб, бепоён осмонларга термулганларича хордиқ чиқаришар, шўхлик қилиб, ҳазил ҳузул билан куннинг қандай ўтганини ҳам сезмай қолишарди.Гоҳ ям –яшил шолилар тиззага уриб, бўқоқ тортган дарё соҳилидаги ўзларининг хусусий шолипоясида ишлашар, шоли ўтаб, сув кечиб, юлинган курмакларни балчиқли томири билан шолипоя полининг қирғоғига отишар, улар отган курмак ўсимлиги томиридаги оғир лой билан худди кетидан яшил олов чиқариб парвоз қилаётган комета каби учар ва шолоп этиб шолипоя қирғоғига ёпишиб қоларди.Бир гал Холбўри битта бақани тутиб, Нортожининг кўйлагига солиб қўйганди, унинг қўрқувдан юраги ёрилгудек бўлиб, воой! –дея бақириб юборди.У бақадан ҳалос бўлиши биланоқ “Жинни!” дея Холбўрини қувлай кетди.Холбўри қочаман деб, балчиққа тойилди ва шолипояга ағанаркан, уст –боши, юз кўзлари балчиққа беланди.Ўшанда иккалалари ичаклари қотиб, буралиб кулишганди. Бугун улар қовунпоядаги тол ходаларидан қурилган капада жимгина порлаётган ойга термулиб ётибдилар. Жим жит ойдинликда кападан қаралса, полиз кафтдагидек кўриниб турар, чигирткалар бир моромда чур –чур куйлаб, осуда, кимсасиз ойдин кечага янада тароват бағишларди.Холбўри билан Нортожи туғилиб ўсган бу қишлоқнинг номи ҳам аслида бежиз “Қовункапа” дея аталмайди.Бу ерларда “Бўрикалла”, “Босволди”, “Обиноввот”, “Шакарпалак”, “Қирқма” каби тилими тилни ёрадиган қовунларнинг деярли барча тури етиштирилади.Бу қишлоқнинг қовунқоқилари тоза асал каби минг дардга даво. Қовунни бозордан эмас, шундоқ полизнинг ўзидан узиб чиқиб, сўйиб ейишнинг гашти бўлакча бўлади.Ойдинда баргу палаклар орасида тўрлаган пўстини шудринг қоплаган қовунларни кўздан кечириб юриш ундан ҳам завқли.Ҳаво ҳушбўй хандалаклар хидига тўйинган.Мана, охиста кўтарилган ёлғиз, етим ой полизларни ёритиб, дала устида жимгина кезиб юраркан, баъзан тўхтаб, кападаги кўрпага ўраниб ётган келин куёвга, Холбўри билан Нортожига ҳавас билан термулаётган ёстиғи яримта, рангпар  бева хотинга ўхшар, дарё тамондаги осмон этакларида эса сон саноқсиз юлдузлар чарақлаб ётарди.Холбўри тунги муздек шабодадан совқотиб қолмасин дея, Нортожининг очилиб қолган елкасини кўрпа билан ёпиб қўйди.Улар кўрпадан бошларини чиқарган куйи порлаётган ойга термулиб ётишарди.Холбўри бир қўли билан Нортожининг бўйнидан қучоқлаб, бағрига босганича ўйчан гапира бошлади.

-Нортожи, мана турмуш қурганимизга ҳам уч ой бўлибди.Баъзи янги турмуш қурган келин куёвлар каби асал ойини чет элларда ўтказолмаганимиздан афсусдамасмисиз?Қани энди, шароит кўтарса биз ҳам Парижга бориб, Эйфел минорасига чиқардик.Ёмғир ёғаётган пилла Сена дарёсининг қирғоғида иккаламиз қўлтиқлашиб, бир соябон остида сайр қилиб юрардик.Сояларимиз кўхна Парижнинг ойнадек ялтираган ёмғирли кўчаларида, шаффоф кўлмакларда худди кўзгудагидек акс этарди.Сена дарёси юзасида ёмғир томчилари чимчилаб ҳосил қилаётган ғамгин халқаларга ўйчан термулиб, сўзсиз ўйга чўмардик.Ёки Венецияга борсакимиди а?Оҳ, Венеция!Кўчалар ўрнига бинолар акси жилва қилгувчи каналлар!Чироқларнинг олмос чамани акс этган ўша каналлар бўйлаб, ойдинда иккимиз қайиқда жимгина сузиб юрсак!Осуда тунлар меҳмонхона деразасидан ой оҳиста мўраласа, ой шуъласидан кўзларимиз қамашса, ойдинда ялтираётган сувларнинг шалоплаётган товушларини тинглаб ётсак!Эҳ!..Ростини айтинг, Нортожи, асал ойини чет элда ўтказолмаганимиз сизга армон бўлиб қолмадими? –деди Холбўри.

-Йўқ, асло!Мен ҳаётимизнинг фақат бир ойигина, ёки бир йилигина эмас, Худо бизга неча йил умр берган бўлса, барчаси асал бўлишини ҳохлайман.Одам асал ойини Парижда, Венецияда ёки Швецариянинг Алп тоғ тизмалари этагида ўтказсаю, бир йилдан кейин уруш жанжал қилиб, қўйди чиқди бўлса, унақа дабдабали асал ойининг кимга кераги бор.Қаранг ойдин кечани!Шундай гўзал Ватанимиз бўлса, бизга Парижнинг, Венециянинг, Швецариядаги Алп тоғларининг, қорли чўққиларнинг нима кераги бор? –деди Нортожи.

-Тўғри –деб қўйди Холбўри, Нортожини янада махкамроқ бағрига босиб, меҳр билан кўзларидан ўпиб қўяр экан.Кейин давом этди.

-Тўйимизни ўйладим дегунча, бир воқеа ёдимга тушаверади.У пайтлари шаҳарлик бир мижознинг уйида бўяш -чизиш ишлари билан банд эдим.Мижоз кираверишдаги айвон деворига қалин қарағайзор ва қайинзор ўрмонларни, кейин дарё четида сув ичаётган кийикни ва қоя устидан кийикка ташланмоқчи бўлиб турган йўлбарс расмини чизииш керак дея тайинлади. Деворий манзарани хафсала билан ишлар эканаман, мижоз менинг санъатимни мақтаб, ўзининг навқирон ёшлигини эслаб кетди.Қандай қийинчиликларни бошидан кечирганини, қандай қилиб Тошкент Давлат Университетида ўқиганларию, қай тарзда уйлангани ва қандай қилиб хашаматли уйни қурганини гапириб бера бошлади.Унинг ҳикояси аввалига мен учун зерикарлидай туюлсада, ҳикоядаги кейинги воқеалар динамикаси кутилмаганда менинг диққатимни торта бошлади.

-Тошкент Давлат Университеда ўқирдим –дея гап бошлади у.Сўнг давом этди: -Курсдошларим орасида Ургутлик Очил деган дўстим бўлар, биз у билан талабаликнинг қаттиқ нонини тенг бўлишиб ер эдик.Онда сонда юз бериб турадиган муштлашувларда бир бирмизни ҳимоя қилиб, илм олишда ҳам, молиявий масалаларда ҳам бир биримизга кўмаклашиб яшардик.Мен у маҳаллар самбодан борман, боксдан борман, қўл жангидан борман, пишиқ ғиштни десангиз, шундоқ ҳавога отиб, бир уриб кепакка айлантирворадиган бақувват, нўрғил пайтларим. Очил бўйи унчалик новча бўлмаса ҳам, самбо бўйича спорт усталигига номзод эмасми, юз килоли одамни ҳам даст кўтариб, айлантириб ерга уриб, чалпак қилиб ташларди.Мен ўша пайтлари, кутилмаганда курсимиздаги Ғазалкентлик бир гўзал қизни телбаларча севиб қолдим.Ишонасизми, ўша қизни кўрсам, оёқларим ўзимга бўйсунмай, бир урсам алюминий тоғорани тешиб ташлайдиган бақувват қўлларим худди увададан қилингандай жонсизланиб, шалвираб қоларди.Бамисоли узоқ вақт касалхонада ётиб, тузалиб, биринчи бор баҳор офтобига чиққан бемор каби, гандираклаб, йиқилиб тушмаслик учун деворга суяниб қолардим. Ўша қизга термулганимча, узоқ йиллар кимсасиз оролда ёлғиз бир ўзи яшаган ёввойи одам сингари батамом тилдан қолардим.Аудиторияда ўтирардиму профессорнинг лекциялари қулоғимга кирмас, фикру ёдим, кўзларим ўша қизда эди.У ҳам ҳар замонда менга кўз қирини ташлаб қўяр, ўшандай онлар  ҳаяжондан жоним бўғзимга тиқилиб қолгандай туюларди.Мен у қизни шундай қаттиқ севардим.Мен ҳатто унинг дардида жин чалиб кетган одамдай касалланиб, кўрпа тўшак қилиб, ётиб қолганман.Йиллар ўтди.Биз ўқишни тугатгач, мен онамни ўша соҳибжамол қизнинг уйига, Ғазалкентга совчиликка юбордим.Тўй куни белгиланди.Тўйга курсдошлар ҳам келишди.Ургутлик дўстим Очил ҳам.Бир маҳал Очил озгина ҳалигиндан урволган эканми, ўртакашдан сўз сўради.

У бизни табрикларкан, жумладан шундай деди:

Дўстим, Козимжон ва курсдошим Латипахон!Мен сизларни катта ҳаётга қадам қўяётганларинг билан чин юракдан табриклайман.Сизларга узоқ умр, оилавий бахт тилайман...Дўстим, сен дунёдаги энг бахтли одам экансан.Сенга хавасим келяпти.Шундай гўзалликда тенги йўқ, қалби чўққилар қори каби беғубор, ҳаёли ва иболи қизга уйланмоқдасан... –дедию кутилмаганда у аччиқ оҳ тортиб, елкаларини силкитганича йиғлаб юборди.Буни кўриб, мен ўрнимдан туриб кетдим.

-Ие, меҳмон, нега йиғлаяпсиз?Йиғламанг, одам деган тўйда ўйнаб кулиши керакку! –деди ўртакаш Очил дўстимни юпатиш учун.Очил кўз ёшларини артиб, бироз ўзига келаркан: -Кўнглинга келмасин дўстим, сенга ҳавасим келади!Билсанг, мен ҳам Латипахонни севардим!Лекин унинг билагини ҳам ушламаганман!Худо ҳаққи, ишон, Козимжон! –деди.Бу гапдан тўйхонадаги ғала –ғовур тиниб, давра музлаб қолди гўё.Одамлар, Козимжон ҳозир сакраб, салта қилиб, ўртага чиқадию, Очилни бир зарба билан асфаласофинга жўнатади қўяди деб туришарди.Мен эса, бир Латипахонга, бир садоқатли дўстим Очилга қараганимча ҳамон серрайиб турардим.Латипахон юзларини қўллари билан тўсганича йиғлаб юборди.Кейин бирдан тўйхона тўс –тўпалон бўлиб, келин тарафдан келганлар Очилга ташланишди.Очил энди, юқорида айтганимдай самбодан бор.У ўзини ҳимоя қилиб, унисини у ёққа, бунисини бу ёққа улоқтира бошлади.Ноз –неъмат тўла столлар ағанаб, рюмкаю вазалар, чинни косаю лаганлар ерга тушиб, чил парчин бўлди.Охири мен микрафон ёнига келиб, одамларни тинчлантира бошладим.
–Азиз меҳмонлар!Муштлашишни бас қилинглар! Илтимос сизлардан!–дея бақирардим мен.Шундан кейин жанжал тўхтаб, одамлар жим бўлди.Мен дўстимни қучоқлаб бағримга босарканман: -Очилбек, дўстим, мени кечир.Сен ҳам Латипани севишингни билмас эканман, оғайни!Агар билганимда онамни Ғазалкентга совчиликка юбормаган бўлардим!Худо ҳаққи, ишон!Сен ҳам Латипани севар экансан, нега бу ҳақда авваллари менга айтмагансан?!Бир оғиз айтсанг бўлардику! –дедим мен.

-Козимжон, мен аблахни кечир, дўстим.Айтай, айтай деб, айтолмагандим.Журъат этолмаганман...Шунақа, ичкилик ичсам йиртқич хайвонга айланиб қоламан.Мастликда оғзимдан чиқиб кетди!Кечир, оғайни, тўйингни ҳам расвосини чиқардим!-деди Очил, ҳамон кўз ёшларини тиёлмай.

Мен даврага юзланиб, микрафонга қарата: -Азиз меҳмонлар! Гап бундай!Мен Худонинг гувохлигида айтаманки, шахвоний мақсадда Латипахонга ҳатто бармоғимни ҳам текизмаганман!Талабаликнинг бир бурда нонини тенг бўлишиб еган жонажон, қиёматли Дўстим ҳам мен уйланмоқчи бўлган қизни севсаю, мен у қизга қайси виждоним билан уйланаман!
Очилбек, дўстим, бахтинг ўзинга буюрсин! Бу қизга сен уйлан!Бахтли бўлинглар! –дедим.
Бу гапни эшитиши билан Латипахон шилқ этиб ҳушидан кетдилар.Мен Латипахон ётган жойга югирдим.Бечоранинг гирра бўлиб қолган тишларинии қошиқ ёрдамида очиб, аранг ўзига келтирдик.Келин тамондан келганлар мени нима деса деди.Онам бечоранинг ҳам юраги ёмон бўлиб қолди.Тўй шу тариқа тарқаб, келин тамон мени сўкиб, қарғаб, қон йиғлаётган келинчакни автобусга чиқариб, уйига, Ғазалкентга қайтариб олиб кетишди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кўргиликларга чидай олмаган ота –онам бирин кетин оламдан кўз юмдилар.Опаларим, тоғаларим, холаларим, медан юз ўгириб, ёлғиз қолдим.Шундан кейин аламимни ичкиликдан ола бошладим.Охири, ароқнинг қулига, хақиқий алкашга айланиб, ўсиб кетган соч –соқолимнинг патаги чиқиб, ёввойи одамга ўхшаб қолдим.Маҳалла оқсоқоллари ўртага олиб, менга насихат қилдилар.Ниҳоят, насихатлар кор қилиб, ичкиликни ташлаб, мен ҳам одамга айланишга қарор қилдим.Соч –соқолимни тартибга келтирдим.Аммо ишга жойлашай десам, ҳеч қайси ташкилот мени ишга олмади.Бу алкаш яна ичиб юборса нима қиламиз дея ўйлаган бўлсалар керакда.Лекин мен ростдан ҳам ичкиликни йиғиштириб, ҳаётга қайтган эдим.Бир куни альбомни варақлаб ўтириб, Ургутлик дўстим Очилнинг уй адресини топиб олдим ва ўша дўстимнинг ёнига борсамчи? –дея ўйлай бошладим.Шундай қилдим.Ургутга, Очил дўстимнинг уйига бориб, дорвоза қўнғироғини босиб, узоқ кутдим.Анчадан кейин Очилнинг дорвозаси очилиб, ичкаридан бир қизча чиқдида: -Амаки, сизнинг исмингиз Козимжонми? -деди.-Ҳа, ҳа –дедим мен шошиб.Қизча бўлса: -Мен Очилбек самбистнинг қизиман.Дадам сиз билан гаплашишни истамас эканлар.Кетаверар экансиз –дея дорвозани ичкаридан беркитиб олса бўладими.Бу гаплардан қулоқларим шанғиллаб, оёқ –қўлим шол бўлиб қолди гўё.Ўша жойда узоқ серрайиб турдим.Кейин жиққа ёш тўла кўзларим билан осмонга қараб: -Э, Худо!Бу қанақаси?!Бу дунёда энг ишонган дўстим ҳам мендан юз ўгириб, сўнги умидимни пучга чиқардику!Мен энди қайга бораман, қандай яшайман, Парвардигорим?! –дея йиғладим.Сўнг бошим оққан тамонга кета бошладим.Энди менга барибир эди.Автобус бекатига бордим.У ерда ҳеч ким йўқ эди.Шу маҳал бекат ўриндиғида кимдир унитиб қолдирган сумкага кўзим тушдию мийямга “Бу кимнинг сумкаси экан? Сумка ичида пуллар ва хужжатлар бўлса ва биронта ноинсоф сумкадаги пулларни олиб, хужжатларини ахлат қутисига ташлаб кетмасин.Бу эгасиз сумкани мелисахонага олиб бориб топширсам савоб бўлади”деган фикр келди ва сумкани ўзимнинг елкага осиб юрадиган йўл хуржунимга солиб қўйдим.Шу маҳал бекат ёнига келиб тўхтаган машинадан бир аёл тушдида, шошиб мен тамон юрди.
–Ука, яхшимисиз?Бу, халиги... мана шу жойда қора сумкага кўзингиз тушмадими? –деди у.

-Ҳаааа, сумка сизникимиди? Энди мелисахонага олиб бориб топширмоқчи эдим –дея хуржунимлан сумкани олиб аёлга узатдим.
–Мана, опа, сумкангизнинг ичини очиб ҳам кўрганим йўқ.Марҳамат, олинг –дедим, сумкани аёлга узатиб.

Аёл сумкани шоша пиша очиб, кўздан кечираркан, уни махкам бағрига босиб, хурсанд жилмайганича: -Вой, укажон!Менга қанчалар яхшилик қилганингизни билсангиз эди!Бу сумка ичида жуда муҳим банк хужжатлари бор!Йўқолмабди!Ҳаммаси жойида!Худога шукр!Сал бўлмаса уйим куяёздия! Паришонхотирлик ўлсин...Қилган яхшилигингиз мендан қайтмаса, Худодан қайтсин, ука!Бу кўринишингиздан ургутликка ўхшамаяпсиз, бошқа вилоятдан келувмидингиз?! –деди.

Ҳа, Андижондан келдим.Очилбек Рабғузов деган дўстимни излаб келувдим, уйида йўқ экан –дедим мен.

-Вой, Андижонданми?Мен Андижонга жуда кўп борганман.Истироҳат боғида кааатта бургутнинг ҳайкали бора?!”Семурғ” кафеси.Андижон жуда чиройли шаҳар.Айтгандай, ука, исмингиз нима? Қаерда ишлайсиз? –деди аёл қизиқсиниб.

-Исмим Козим.Энди. нима десам экан сизга...Тўғрисини айтсам, иш қидириб юрибман-дедим мен.

-Шундайми?Менинг исмим Танзила.Сиз, укажон, кўп ҳам қайғураверманг.Иш масласида ўзим сизга ёрдам бераман.Мен шаҳардаги ресторанлардан бирида ишлайман.Ҳохласангиз ўша жойга ишга жойлаштириб қўяман.Уй топгунингизча меникида яшаб турасиз –деди аёл, саммий жилмайиб.

-О, қанийди.Жуда яхши бўларди - дедим мен.

-Унда нега қараб турибмиз?Қани, ўтиринг машинага –деди аёл.Биз машинага ўтириб, тасмадек йўлдан жўнаб кетдик.

Шундай қилиб мен Ургутдаги ресторанларнинг бирида идиш ювувчи бўлиб ишлай бошладим.Буни қарангки, Танзила опа ўша рестораннинг директори эканликларини камтаринлик қилиб айтмаган эканлар.Мен билан бирга Саидахон деган камсуқум, чиройли бир қиз ҳам идиш ювувчи бўлиб ишлар эди.Бора бора ўша қиз менга ёқиб қолди.Саидахон ҳам менга бефарқ эмас эди. Охири биз пул тўплаб, турмуш қурмоқчи бўлдик.Бу ҳақда ёрилган эдим, Танзила опа яна менга далда бердилар.
-Ташвиш қилманг, ука.Сиз менга бир пайтлар тенгсиз яхшилик қигандингиз, назаримда ўша яхшиликни қайтарадиган вақт келганга ўхшайди.Мен битта ховлимни сизга совға қиламан ва тўй харажатларини ҳам ўз зиммамга оламан –деди у.

Тўй куни белгиланиб, таклифномалар тарқатилди.Тўйга барча курсдошлар келишди.Бахтли бўлганимни бир кўриб қўйишсин деб, собиқ дўстим Очилбекни ва унинг хотини - ғазалкентлик Латипахонни ҳам тўйга таклиф қилгандим.Келишмаса керак десам, йўқ, етаклашиб тўйга келишибди.Дўстим Очил озгина ичиб олган эканми, ўртакашдан сўз сўради.Мен ўртакашга: -Анави Очил деган меҳмон микрафонга чиқиб гапирсинда, кейин хотинини етаклаб тўйхонадан даф бўлсин, айтиб қўй! - дедим.

Очил сўз олиб, микрафонга гапира бошлади.

-Дўстим, Козимжон!Ўртани олиб бораётган дўстимизнинг айтишича, сен мени тўйхонадан чиқиб кетсин дебсан!Тўғри, сенинг олдингда айбдорман!Уйимга излаб келганингда ёнинга чиқмадим! Қилмишларим учун сендан уялдим!Сен ҳафа бўлиб, автобус бекати тамон кета бошладинг ва ўша жойдан сумка топиб олдинг.Кейин сумкани яширмай эгасига топширдинг.Ўша сумканинг эгаси Танзилахон менинг онам бўладилар!Биз сени синаган эдик!Кейин сени ресторанга ишга жойладилар.У жойда манашу келинчак бўлмиш қиз билан танишдинг.Бу қиз, сен севган мана шу Саидахон менинг туғишган синглим!Бахтли бўлинглар, дўстим!Энди тўйхонадан чиқиб кетсин дебсан, начора, Латипахон билан қандай кириб келган бўлсак, шундай чиқиб кетамиз –деди у ва хотинини етаклаб чиқиб кета бошлади.Қарасам, келинчак либосини кийиб ёнимда ўтирган Саидахон жилмайиб турибдилар.Мен сакраб ўрнимдан турдиму дўстим тамон югирдим.Уни тўхтатиб, махкам қучоқлаб, кечирим сўрадим.Дўстим ҳам мендан қайта қайта узр сўради.Биз бир биримизни кечирдик.Саидахон янгангизга шу тарзда уйланганман, художник.Энди ўзимнинг хусусий ресторанларим бор.Очил ҳам хотини Латипахон билан бизникига тез –тез меҳмонга келиб туради –деди Козимжон ака, ҳикоясини тугатиб.
Мана шунақа воқеалар ҳам бўлар экан ҳаётда –деди Холбўри.

-Жуда қайғули ҳикоя экан –деб қўйди Нортожи.

-Ҳаааа –деди Холбўри.

Бу маҳал ой мағрибга оғиб борар, узоқ узоқлардан тун итларининг хорғин акиллаган овозлари эшитилар эди.

 

23 боб

Тўппиқул Телбатўзонов




Илтижонинг фалажлик дардига дучор бўлгани ҳам бир бўлдию, қайнонасининг заҳар заққум тўла таънаю дашномлари, хақоратлари ҳам бир бўлди.У онасига арз қилиб қўнғироқ қилгач, Соддагул ўша куниёқ эри Қиличбек Қоплонович билан бирга етиб келиб, жанжал кўтарди.Илтижони уйга олиб кетишмоқчи эди, маҳалла кўй ўртага тушиб; -Жон бор жойда жанжал бор!Ҳаммамиз ҳам шу.Муроса қилиб яшаш керак.Дард меҳмон.Илтижохон ҳадемай соғайиб, кўрмагандай бўлиб кетадилар.Неварангиз Машрапиллони тирик етим қилиб, бировларнинг этагига солманглар -деган мазмунда насихат қилишаркан, охири улар ёш оилани сақлаб қолишга кўндирдилар.Лекин Илтижонинг ота -онаси қайтиб кетиши билан қайнонаси худди офтобда қолиб, қийшайиб кетган елим мусиқа лаппагини кўхна патифонда айлантиргандай, эски дийдиёсини келган жойидан яна қайта бошлади.Илтижо оёқ -қўли соғ пайтларини, Холбўри билан кечган ўша унитилмас дамларни кўзларида ёш билан эслар, ўша пайтлар қанчалар бахтли бўлган эканман -дея хўрсиниб қўяди.Оёқ -қўли соғ бўлса эди, ишга ё бирон ёққа даф бўлиб, чакаги тинмайдиган бу вайсақи хотиндан узоқроқда юрарди, хақоратлардан қулоқлари тинчирди.У қўлтиқтаёқда юрадиган бўлдию худди ўргимчак тўрига ўралашиб қолган капалак каби тили заҳар қайнонасининг асирасига, қурбонига айланди қолди.Бир оқшом қайнонаси ўғли Ашрапиллони Илтижога қайраб, шундай гапларни айтдики, у хақоратларга чидаш учун Илтижода ортиқ тоқат деган нарсанинг ўзи қолмаган эди.

-Ҳой бола, сен эркакмисан ўзи, жувонмарг?!Намунча раҳминг келмаса бу зоди пастга?!Қум талоқ қўйгинда, йиғиштир бу касофатини!Пулинг, молинг, Худога шукр, бор!Одамлар онаси ўпмаган ёш -ёш қизларини мухтожлик туфайли 70 га кирган ҳожиларга тўртинчи хотинликка беряпти!Сен ҳам ол, биттасини, маза қилиб яша!Бу ергина ютгур ялқов кашмирининг касалман деганига ишонма!У жўрттага ўзини касалга солиб, ишга бормай, ховли жойни супурмай, овқат -озиқ қилмай, идиш -оёқни ювмай, хонзода бўлиб, уйда, етти қават кўрпанинг устида ётмоқчида, текиндан еб ичиб!Э, илойим тешиб чиқсин!Еганинг елим, кийганинг кафан бўлсин сен қанжиқ итнинг! -дея жавради у.

-Онажон, ундай деманг!Ахир, у ростдан ҳам касал!Дўхтирларнинг бу ҳақда тиббий хулосаси бор!-деди аламидан бироз ичиб олган, ширакайф Ашрапилло.

-Ҳа, ўшанинг ёнини ол!Онангдан кеч!Сенга хотин керак -да, а, хотин керак!.. Э, халойиқ!Мен ўғил уйлайман деб битта жиннини иккита қилиб олибман!Аппатига шаппати деб шуни айтишса керакда!Вой сени туғмай мен ўлай!Негаям туққан эканман сени?!Ўша пайтда болиш билан димлаб ўлдириб қўя қолмаган эканман!Тўққиз ой қорин кўтариб, туғиб, оқ сут бериб, эмизиб, ювиб -тараб, ўзим киймай, кийдириб, емай едириб, касал бўлса, табибларга югириб, дори -дармон қидириб, бешигининг бошида тонгача ухламай алла айтиб, уйқумни харом қилибмана, ўстирибмана, улғайтирибмана!Э, аттанг, аттанга!Мана оқибат!Хотиним ростдан ҳам касал деб турибдию!Э, касал бўлса отамдан нари!Бадтар бўлсин!Менинг назаримдан қолган, қарғишимни олган одамнинг аҳволи шундай бўлади!Ана шунақа! Қайнонасига зулм қилган золим келинни Худойим шунақа тўрт оёқда юрадиган қилиб қўяди!Бу ҳали ҳолваси!Яқинда бу шол бўлиб, тўшакка михланади!..Мен суриштирдим.Ҳа, ҳа, суриштирдим!Бу севикли хотинчанг қизлигидаёқ битта Холбўри деган рассом йигит билан дон олишган экан.Сен сафарда юрган пайтларинг бу иштонбоғи бўш сатанг пана -пастқам хилватларда ўша рассом ўйнаши билан яшринча учрашиб юрган дейишса, сира ажабланмайман!Худо билади, анави боласи ҳам ўша Холбўридан бўлганми?Бундай афти ангорига синчиклаб разм солгина, отасининг тайини йўқ у валади зино сенга унчалик ўхшамайди! -деди Ашрапиллонинг онаси, ҳамон тўхтамай вайсаб.

-Онажон, бас қилинг!Худонинг қаҳридан қўрқмайсизми?!Ҳозир сиз айтган замонлар эмас!Мен фарзандимни текширтирганман!Махсус тиббий тафтиш ҳайъати сўлагимни ва қоним таркибини солиштириб, Машрапилло ҳақиқатан ҳам менинг ўғлим эканини тасдиқлайдиган расмий хужжатни тақдим этишган!-деди Ашрапилло, фиғони фалакка ўрлаб.

-Ароқ ичволиб, Худо ҳақида гапирганига ўлайми бунинг!Дўхтирлар эмиш! Э, ҳозирги дўхтирлар пул деса ўзини томдан ташлайдиган қасамхўрларку!Улар озгина пул берилса, ҳали у хужжат қилиб бериш экан, керак бўлса одам тана аъзоларини ҳам тириклай кесиб олиб, сотиб юборишаверади.Ана, нечтаси пулсизликдан ўз буйрагини сотяпти!Битта буйрак билан яшаб, ногирон бўлиб қолганлар қанча!Дўхтирларга ишониб юрибдия, сўтак!Йўўўўқ, афтидан, бу касофати анави жодугар онаси ва дажжол отаси билан сеҳру жоду, илму амал қилиб, сен болани эшак қилиб, миниб олганга ўхшайди!Кўзларинг кўр, қулоқларинг кардай!Менинг гапларим сен учун бир тийин!Биламан, хотинчанг билан анчадан бери мени қариялар уйига элтиб қўйишни, сўнг уйни унинг номига латарис орқали тасдиқлатиб олишни режалаштириб юрибсанлар!Мени билмайди дейсанми?!Чучварани хом санайсан!Мен ернинг тагида илон қимирласа биламан!Қариялар уйига ўзим кетаман, ҳа, ҳа, ўзим!Бу чаён тўла зиндондан, дўзахдан кетаман!Уйни эса давлат хисобига ўтказиб юбораман! Мана, оласанлар уйни! -деди Ашрапиллонинг онаси, қўлини олдинга чўзганича, бош бармоғини кўрсаткич ва ўрта қўл бармоқлари орасидан ўтказиб.

-Э, онажон, ҳамма дўхтирлар ҳам порахўр эмас!Уларнинг аксарияти ҳалол ишлайдилар!Уй жойингиз эса ўзингизга буюрсин!Менга фақат битта нарса - тинчлик керак!Биз ҳам одамларга ўхшаб, уриш -жанжалсиз, аҳил -иноқ яшасак бўлмайдими?!Хотиним ҳам тузалиб қолар!Қанақа сеҳру жоду ҳақида гапиряпсиз?!Қайна -қайнотам ундай нарсалардан хазар қиладилар!Илтижонинг ҳам сизга ёмонлиги йўқ!Сизни қариялар уйига элтиб қўймоқчи ҳам эмасмиз!Наҳотки бизни шу қадар пасткаш деб ўйласангиз!-деди Ашрапилло.

Шу пайт Илтижо қалтираганича қўлтиқтаёқларга таяниб ташқарига чиқдида, деворга ҳолсиз суянди: -Онажон, Ашрапилло ака, илтимос сизлардан, жанжаллашманглар!Бақир -чақиримизни қўни қўшнилар эшитади, ахир!Агар сизларга халақит бераётган бўлсам, майли мен уйга, ота -онамникига кета қолай!Болам ҳам бир кунини кўрар!Ризқимизни Олло беради!Фақат менга тухмат қилманглар!Худо ҳайрингларни берсин! -деди йиғлаб.

-Э, бадтар бўлларинг?!Бир –бирингни ғажи, ўлдир!-деди кутилмаганда Ашрапилло ва рўпарада турган пақирни бор кучи билан тепган эди, пақир даранглаганича девор оша учиб, қўшниларининг ховлисига ўтиб кетди.Ашрапилло хозир қўшним айниб -ачиб сўкиниб, мен билан муштлашиш учун девордан ошиб ўтса керак деб ўйлади.Унга айнан шу нарса керак эди.Ҳозир ким биландир муштлашиб, бор аламини ўша одамдан олишни истарди.У уйга кириб, совутгичдан битта ароқни олдида, шиша қопқоғини тишлари билан ғажиб очди.Кейин ароқни пиёлага ҳам қуймай, шартта кўтарганича шишанинг бўғзидан ғилқиллатиб ича бошлади.У то шишада ароқ қолмагунча нафас олмай ичаверди, ичаверди, охири шишани қоқлади.Бир маҳал унинг девор дармиён қўшниси Тўппиқул Телбатўзонов боя Ашрапилло тепиб, девордан ўтказиб юборган пақирни кўтариб кириб келаркан, Илтижога: -Келин, мана бу пақир сизларникими?Бирдан бақир чақир бўлиб кетувди, ҳайрон бўлиб турсам, шу пақир учиб ўтдида, қаранг -деди.

-Ҳа, бизники... Раҳмат, Тўппиқул амаки.Ашрапилло акамларнинг бироз жахллари чиқиб турувди, шунга... Ҳамма айб менда... -деди Илтижо эрининг қилмиши учун қўшниларининг ёнида хижолат чекиб.

Шу пайт ичкаридан Ашрапилло чиқиб келдида, қўшниси Тўппиқул Телбатўзоновнинг кўксига туртиб: -Ҳа, нима дейсан, а?!Нима дейсан?! Гап борми?!Э, сен, юргина, уйдан чиққин, кўчада солишамиз! -деди, ҳамон Тўппиқул Телбатўзоновни турткилаб.Тўппиқул Телбатўзонов кўчага чиқаркан: -Ашрапилло, қўшни, ўзингизни босинг!Мен тинчликсевар одамман!Сиз билан муштлашмоқчи эмасман!Қўни қўшни одаммиз, ахир!Уришиш сиз билан бизга ярашмайди! -деди.
Ашрапилло эса унинг гапларини эшитишни ҳам истамасди. Илтижо қўлтиқтаёқларга таянганича бориб, эрининг енгидан тортар, ялиниб, ёлбориб, инсофга чақирарди.Лекин кайфи ошиб қолган Ашрапилло Илтижони силтаб ташлади.

-Сен эркакларнинг ишига аралашма!Уйга кир!Ҳозир бир уриб бўйнингни узиб ташлайман! -деди.Кейин яна қўшнисининг ёқасига ёпишиб, унинг юзига мушт туширмоқчи бўлди. Тўппиқул Телбатўзонов Ашрапиллонинг зарбаларига чап берар, ҳамон ялиниб, ёлборар, аммо Ашрапиллони тўхтатиб бўлмасди.

Илтижо ва қўшни хотин, қизлари билан додлай бошладилар.

-Ҳой мусулмонлар, нега қараб турибсизлар?!Ажратиб қўйсангизлар бўлмайдими?! -дея бақирарди Илтижо.Тўппиқул Телбатўзоновнинг хотини эса: -Войдоооод, Ашрап эримни ўлдириб қўяди!Мелисага тилпон қилинглар! -дея фарёд чекарди.

Бу маҳал Тўппиқул Телбатўзонов яшин тезлигида турли чалғитувчи ҳаракатлар қилиб, Ашрапиллонинг қўлларини усталик билан қайридида, ерга ётқизиб, тиззаси билан унинг бошини босди:

-Қўшни, яхши гапни тушунасизми, ё йўқми? Мен "Айкидо" бўйича спорт устасиман.Лекин мен бу спорт турини одамларни уриш учун эмас, шундай пайтларда ўзимни ҳимоя қила олишим учунгина эгаллаганман."Айкидо" мен учун бир гўзал санъат, филасофия!Лекин уни сизга қарши қўлламоққа мажбур бўлдим!Мен бу билан мақтанаётганим йўқ, огоҳлантириб қўймоқдаман ҳалос-деди.

Шундай гаплар билан Тўппиқул Телбатўзонов Ашрапиллони ўрнидан турғазиб қўяркан, усти бошларининг чангларини қоқиб қўйди.Кейин гапира бошлади:

-Уришиш яхши эмас.Одамлар бир бирлари билан бир оила аъзоларидай аҳил иноқ яшамоқлари керак.Негаки, бутун дунёда яшаётган одамлар миллатидан, ирқидан ва динидан қатъий назар бир ота -онанинг -Одам Ато ва Момо Ҳавонинг болаларидир.

Вақтлар келади, инсоният ақли балоғатга етиб, Ер юзидаги барча халқу элатлар қўриқлаш, реконструкция қилиш учун ҳар йили миллиардлаб доллар пулларни сарф қилинадиган давлат чегараларини қўпориб ташлаб, битта, ягона мамлакатга бирлашадилар.Ер сайёрасида битта давлат, битта парламент, битта паспорт, битта пойтахт ва битта президент бўлади.

Дунё халқлари планетамизда мавжуд барча ер остки ва устки маъданларни талашмай ўртада баҳам кўрадиган бўлади ва моддий манфаатлар ҳамда геополитик мақсадлар йўлидаги қонли урушлар ўз ўзидан тўхтайди, йўқолади.

Терроризм, уруш, вайронагарчиликлар барҳам топади, миллионлаб одамлар бола –чақаси билан қочқинларга айланмайди.Бегунох инсонларнинг, болаларнинг қони тўкилмайди.

Ядровий қуролларга, армияга, разведкаларга, турли харбий амалиётларга, сарф қилинадиган миллиардлар, триллярдлар ободончиликка, халқ фаровонлигини оширишга, инфраструктурани яхшилашга, илму фанга сарф қилинади.

Одамлар битта паспорт билан дунё бўйича визасиз, тўсиқсиз ҳохлаган мамлакатида эмин -эркин,бемалол юраверадилар.

Бу нарсалар амалга ошиши учун бутун дунёдаги одамлар ишни қуйидан, ўз оилаларидан бошлашлари керак.

Оилада болалар тинчликсеварлик руҳида тарбияланиб ўссалар, қўни -қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ҳам яхши бўлади.

Маҳаллалар тинч -тотув бўлса, бутун шаҳар ёки вилоят тинч бўлади.

Мамлакатлар, халқлар ўртасида аҳиллик, тинчлик тотувлик бўлса, дунё тинч бўлади -деди Тўппиқул Телбатўзонов.

Сўнг, Ашрапиллодан узр сўраб, хотини ва бола -чақаларини эргаштирганича уйига кириб кетди.

 

24 боб

Куз ёмғири




Ўргимчак тўрлари илашган узун узун заъфарон ўт ўланлар дайди шамолларда дарғазаб арслон ёлидай хурпаяркан, дарахтлар шамоллар шаштида кўзларини юмиб, тамом ўзларини унитиб, баян чалаётган созандалар каби маҳзун чайқаладилар.

Кунлар ҳам қандайдир қисқа. Улар худди оппоқ қоғоздай уфқлар гулханида лов этиб ёнадию шом ўчоғида қорайиб сўнади.Осмонлардаги юлдузлар ҳам гўё юлдузлар эмас, ўша бир вароқ қоғоздай уфқ алангасида ёниб битган куннинг осмонларга учган учқунларимикин дея ўйлаб кетади одам.

Холбўри билан Нортожи қовунларни сотиш учун бозорга олиб бормадилар.Қовун тарвуз сотишга бозордан кўра автотрасса чети қулайроқ.Катта йўл бўйида қовун -тарвузларнинг харидори сероб бўлади. Йўловчи машиналарнинг ҳайдовчилари йўл четига бир ров тўхтаб, бир -иккита эмас, биратўла машина юкхонасини қовун -тарвузга тўлдириб кетадилар.Холбўри билан Нортожи то қовунларни сотиб бўлгунларича нафақат кунларни, балки тунларни ҳам серқатнов катта йўл ёқасида бирга ўтказдилар.Кечалари эр-хотин, қовунларнинг устини брезент билан ёпиб қўйиб, эски, шалоғи чиққан каровотда то кўзларига уйқу илингунча очиқ осмон остида, сон саноқсиз юлдузларга, далалар устида паришон кезиб юрган порлоқ ойга термулиб ётишарди.Бир куни тонгда Холбўри Нортожини уйғотаркан: -Нортожи, тур, тур ўрнингдан, асалим, мен биттасини сўйиб қўйдим -деди.

Бу гапни эшитиб, Нортожи сакраб ўрнидан тураркан, сесканиб кетди: -Вой, нега сўясиз!Жинни пиннимисиз?!Нималар деяпсиз, Холбўри ака?Мени қўрқитманг! Э, қовун ўғирлаган одамни ҳам сўядими!Беш ўнта қовунни олса олиб ўлсин эди!Вой, энди нима қиламиз?!Энди онамга нима деймиз!Қандай тушунтирамиз?!Юраклари ёмон бўлиб қоладику!Э, Худо!Энди бахтли бўлдим десам, бу яна нима кўргилик?!-деди дахшат ичра ранги қув оқариб, йиғлаганича.

-Шундай бўлиб қолдида, асалим.Энди нима қилишни ҳам билмайман! -деди саросимали овозда Холбўри.

-Э, Худойимей!Энди нима қиламиз а?Энди нима қиламиз?!Ахир сизни қамаб қўйишадику!Пичоқни қайга ташладингиз?!Балки жасадни одамлар уйғонмай туриб, эшакка юклаб олиб бориб, дарёга чўктирармиз?Гапирсангизчи ахир, нега жим турибсиз?! -дея йиғлашда давом этди Нортожи, қўрқувдан қалтираб, қақшаб.

-Нортожи, ўзингни бос.Энди бўлар иш бўлди.Жасадни дарёга чўктирсанг, эртага кўкариб, шишиб, сув юзасига чиқади.Ҳозир тараққий этган замон, жасадни ерга кўмсанг ҳам, ёқиб юборсанг ҳам, бир куни барибир топишади.Эксгумация ДНК деган нарсалар бор.Бирон ёққа қочиб кетиш, беркиниш эса жазони оғирлаштиради ҳалос.Агар сенга йигирма йил беришадиган бўлса, қочиб яшринганинг учун умрбод қамоқ жасига ҳукм қилинишинг ҳам ҳеч гапмас.Энди гап бундай.Мен ўзим тўппа тўғри мелисахонага бораманда, шундай шундай деб очиғини айтаман.Қамаса ўн йилга қамар.Ўн йил ҳам дўппини айлантиргунча ўтади кетади.Лекин сен, Нортожи, қамоқдан келгунингизча бошқасига турмушга чиқиб кетмайман деб вада бер, севгилим!..Эҳ, аттанг, қанча орзу нийятларимиз бор эдия!-деди Холбўри.

-Йўқ, Холбўри ака, йўқ!Мен сизнинг қамалишингизни истамайман!Яхшиси, пичоқ дастасида ўз бармоқ изларимни қолдираманда, мен сўйдим дейман.Хотин кишига қаттиқ тартибдаги жазо тайинланмайди -деди Нортожи.

-Йўқ, йўқ, севгилим, асло ундай қила кўрма!Сени қаматиб, озодликда юргандан кўра ўзимни бир ёқлик қилганим яхши! -деди Холбўри, Нортожини махкам қучоқлаб.Бир пайт кутилмаганда у ўзини тутолмай, бутун танаси билан силкиниб кула бошлади.

-Вой, нега куляпсиз? -дея ҳайрон бўлди Нортожи.
Холбўри кула кула: -Ҳазиллашдим, асалим.Қовунлардан биттасини сўйиб қўйдим -деди.

Бу гапни эшитиб, Нортожи Холбўрини болиш билан ура бошлади.

-Жинни!Томи кетган жинни!Юрагимни ёрай дедингизку! -деди у, Холбўрини пар ёстиқ билан уриб. Холбўри ёстиқ зарбаларидан ҳимояланганича ҳамон ҳузурланиб куларди.

Нортожи то чарчагунча Холбўрини қувлаб, болиш билан ураверди, ураверди, охири болиш йиртилиб, парлари тўзғиб кетди.Шу -шу эр -хотин қовун сўйилди дегунча кула бошлайдиган бўлдилар.
Холбўри савдодан қўли бўшаган дамлар, сўйилган қовунлар акс этган бир нечта натюрмртлар ишлашга ҳам улгурди. Улар шу тариқа қовунларни сотиб бўлишлари билан шолига ҳам ўроқ тушди.Шоли ўрими бошланишидан то тугагунча Холбўрининг онаси ўроқда шоли ўраётган келин куёвга чой қайнатиб, овқат -озиқ тайёрлайдиган ошпаз ролини ўтади.Дарё соҳилига жойлашган шолипоялардаги шолилар олтиндай оғир бошоқларини кўтаролмай бир -бирига суяниб қолган.Юлғунлару жийдалар ўсиб ётган қияликлардаги ўт -ўланлар, дельта томондаги сувга эгилган ёввойи толлар сарғайиб ётар, кузги осмонда гурас -гурас учаётган қушларнинг телба галалари ҳавода ўз парвозларини тез -тез ўзгартириб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа бўрондай гувиллаб ёприлар, узоқ -узоқларда минглаб қора нуқталар булутига айланса, гоҳ у нуқталар катталашиб, қушларга айланиб, шоли ўраётган дехқонлар тамон яқинлашар эдилар.Шолипоя қиридаги дўнгликда қуриган юлғун шох- шаббаларини ва тезакларни қалаб гулҳан ёқаётган Холбўрининг онаси, баъзан кафтини куз қуёшидан қамашган кўзларига соябон қилганича гуриллаб учаётган ўша қуш галаларига маҳзун термулар, умридан яна бир куз кетаётганини ўйлаб, чуқур хўрсиниб қўярди. Дўнгликдаги гулҳан эса қарс -қарс этиб ёнар, кузнинг ғамгин эпкинлари гулҳан тутунини гоҳ у ёнга гоҳ бу ёнга эгар, алвон учқунларни осмону фалакка шопирарди.Гулҳанга ўрнатилган қоп -қора қумғон чор тарафдан ялаб юлқаётган оловнинг тилидан қитиғи келиб, кулиб, қах -қаха отар, қайнарди.

Шу маҳал жийда шохига илиб қўйилган транзисторли радиодан Ўзбекистон халқ ҳофизи Бобомурод Ҳамдамов ижросидаги бир дилрабо қўшиқ янграй бошларкан, Холбўри билан Нортожи қўлларида ўроғу шолилар тутами билан қўшиқ оҳангига мос ҳаракатлар қилиб, ўйинга туша бошладилар.


-Галди галам гашлы яр, ишва билан яныма!
Киприклариии дааам ба дам наштар қадар жаанима!
А -аааай, галды галам гашлы яр...

Холбўрининг онаси ёнбошга ташлаб ўйнаётган келини билан ўғлининг бахтли ҳаётига қараб туриб, унсиз йиғларкан, жилмайганича севинч кўз ёшларини рўмолининг учига артди ва кўз ёшларини кўрсатмаслик учун гулҳан тамон ўгрилди.Қўшиқ тугаб, келин куёв рақс тушишни тўхтатаркан, Холбўри онасининг ёнига яқин келиб:-Онажоним, йиғлаяпсизми? -деди уни юпатмоқчи бўлиб.

-Йўқ, нега йиғлайман болам?Кўзимга гулҳан тутуни кирди шекилли -деди она, қумғондаги қайноқ сувга қуруқ чой ташларкан.Шундан кейин улар дўнглик устида ўтириб, Худо юборган неъматлар билан чой ичган эдилар.Кейин Нортожининг дадаси Ғойиб тракторчи ўриб, боғлаб, ғарамга босилган шолиларни ўз тракторида баланд жарликлар устидаги хирмонга бепул элтиб берди.Холбўри шоли боғларини боғламлардан ечиб, хирмонга доира шаклида ёйиб чиқаркан, кайфи ошиб қолган қайнотасидан калитни олиб, тракторни ўзи хайдашга қарор қилди.Ғойиб тракторчи тракторни куёвига ишониб топшириб, уйга жўнади.Шундан кейин Холбўри билан Нортожи трактор кабинасида ўтирганларича худди цирк гумбази узра айланаётган мотоциклчилар каби хирмонда шоли бошоқларини янчиб айлана бошладилар.Шоли янчиб бўлингач, улар донни похолдан ажратдилар.Энди тўплаб, уйиб қўйилган шоли донини шопириб, донни ҳас -хашакдан тозалашлари керак эди.Бу орада Холбўрининг онаси қалин дастурхонга ўралган кечки овқатни олиб келди.Баланд жарликлар устидаги, юмшоқ похол устида ўтириб, ботаётган қуёш нурларида сувлари қизариб, ёйилиб оқаётган дарёга термулганича овқат ейишнинг завқини ҳеч нарса билан тенглаб бўлмаса керак.Айниқса қуёш ботиб, нариги соҳилда қорайган дарахтзорлар ортидан ой оҳиста кўтарилаётган палла!Кечки овқатдан кейин Холбўри латта боғланган узун чўпакни топ - тоза супурилган хирмон марказидаги дон уюми устига санчди.Қўлбола флюгер шамолнинг қай тарафдан эсаётганини белгилаб бераркан, Холбўри ёғоч куракни қўлига олдида, дехқонлар удумига кўра Бисмилло деб, дуо ўқиб, шолиларни ҳавога отиб, ойдинда шоли шопира бошлади.Шоли донлари ҳавога отилган маҳал шамол кераксиз қипиқларни бир томонга учирар, тозаланган дон хирмонга қайтиб тушарди.Нортожи жийданинг тиконли новдаларидан қилинган жоруб супиргида ҳас ҳашакларни, қипиқларни супириб сидирар, Холбўри шопираётган дон ерга худди савалаб ёғаётган куз ёмғири каби шивирлаб тушарди.Охири Холбўри шоли шопиришдан чарчаб, хордиқ чиқариш учун похол ғарамга хорғин суянган куйи дарё делтаси устида порлаётган шулаафшон ойга термулиб қолди.Нортожи ҳам жоруб супиргини ташлаб, Холбўрининг ёнига келиб ўтирди.Холбўри Нортожини бўйнидан қучиб, унинг юз кўзларидан ўпиб қўяркан, иккалалари сўзсиз юлдузли осмонга, порлаётган ойга узоқ термулдилар.Энди улар ўша кузги ой порлаган шомлар ҳасратини бир умр ёдидан чиқаролмасалар керак.Ўша кузги завқли меҳнат -машаққатлар чоғи Холбўри, қўлларига пул тушиши биланоқ шаҳарга бориб, Хотини Нортожига биронта яхши тилла узукми, сирғами совға қилишни нийят қилиб қўйган эди.Мана, нийятига етиб, у хотини билан шаҳар кезиб, тилла тақинчоқлар сотадиган дўконларни айланиб юрибди.У нарсаларни танлашда юксак дидга эга бўлган рассом эсада, аёл тақинчоқларини танлашда хотинининг райига қарар, витрина ортидаги у ёки бу тақинчоқни кўрсатиб: -Мана буниси ёқадими? Бунисичи? дея сўрарди.Ниҳоят улар битта бриллиант кўзли тилла узукни харид қилдилар.Холбўри узукни ҳар тамонлама айлантириб кўздан кечираркан, сотувчига қараб: -Оғайни, узук тилласи 583 пробалик экан.Кўзидаги бриллиант тоши ҳақиқийми?Тағин эртага сур -сур қилиб бўғишиб юрмайлик -деди кулиб.

-Э, нималар двоссиз, ока?Биз мижозлардан айрилиб, банкрот бўлмоқчи эмасмиза.Одам алдаган барака топадими? Мана манинг визиткам.Узукка юз фойиз гарантия!Ман шу дўконнинг эгаси Шишрылда бўламан.
Машҳур Исмигунна заргарнинг ўгай ўғли Шишрылда Исмигуннаювгуч десангиз шаҳарда, борку, ҳамма танийди мани- деди дўкондор.

-Энди хафа бўлмайсизда, Шишрылда.Биз харидор, сиз сотувчи.Замонни ўзингиз кўриб турибсиз.Одамлар манфаат йўлида бирининг дўпписини бошқасига кийдириб кетишяпти.Камбағални туянинг устида ит қопибди дегандай, қишлоқ қиримдан келиб, озиб -ёзиб битта узук сотиб олиб, оғзимиз ошга етганда бурнимиз қонамасин дейманда -деди Холбўри.

-Гап йў, ока.Бу сизнинг хуқуқингиз -деди Шишрылда, ҳушмуомалалик билан.

Холбўри дўкондорнинг гапларига ишонсада, ҳар эхтимолга қарши Шишрылдадан кафолат хати ёздириб олди.Бу маҳал ташқарида магазин, ресторан ва кафеларнинг ойналарини ювиб, куз ёмғири ёғар эди.Эр -хотин етаклашиб ташқарига чиқаркан, Холбўри улкан қора соябонни очиб, қўлтиғидан тутганича пинжига кирган хотини билан ёмғирда ойнадай ювилган йўлак бўйлаб кета бошлади.Йўловчи машиналар уюри манглай ойнаювгичларини тинимсиз ликиллатганича кўчани тўлдириб турнақатор кетиб борар, йўлаклар эса соябон тутган йўловчилар билан гавжум эди.Бекатларда улов кутиб турган йўловчилар ёмғирли йўлга ўйчан термулишган. Холбўри билан Нортожи худди осмонлар устидан сакраб ўтгандай кўлмакларни ҳатлай -ҳатлай иссиқ қахва ичиш мақсадида кафелардан бирига ўзларини урдилар.Холбўри ёмғир ёғаётган палла кафеларда, кенг мўл ойнага яқин стол теварагида ўтириб, қахва ичишни яхши кўргани учун, бу гал ҳам кафе ойнасига яқин жойни танлади.

Улар официант келтирган қахвани иссиқ иссиқ хўплаб, кафе ойнасидан ёмғирли кўчага хаёлчан термулиб ўтиришди.Кафе томидан тушаётган ёмғир суви шаршарадай шариллар, ойнага яқин бўлган кўлмак устида пуфакчалар жонли мавжудодлар каби тез тез ҳаракатланаркан, ёмғир суви ховуздаги бақалар сингари вақиллар эди гўё.Тортинчоқ, ялонғоч кузги дарахтлар қунишиб, ёмғир пардаси ортида совуқ душ олаётгандай, ювинаётгандай.

-Нега одамзод ёмғир ёғаётган маҳал ғамгин жимирлаётган кўлмакларга соатлаб термулса ҳам тўймайди?Нега бундай пайтлар теварак жавониб жимиб, одамлар бир нуқтага термулади?Борлиқ ибтидоий қиёфа касб этиб, ёмғирнинг қадимий, ҳеч қачон медага тегмайдиган илоҳий қўшиғига қулоқ тутаётгандай, бу мангу шлягерни берилиб тинглаётгандай туюлади менга -деди Холбўри, қахвадан хўплаб, худди ўзига ўзи гапиргандай.

Нортожи бир нима демоқчи эди, кутилмаганда қўшни столда ўтирган ёшгина чиройли бир аёл ўрнидан туриб: -Вой, Холбўри ака, бу сизмисиз?Ассалому алайкум!-деб юборди.

Бу гаплардан Нортожи ҳайрат ичра бир лахза қотиб қоларкан, бироз ўзига келгач, Холбўрига савол назари билан қаради.Холбўри ҳам қўлидаги кофе финжонини стол устига қўйиб, ўрнидан турди.

-Ие, Сайёра сизмисиз?!Ва алейкум ассалом!Қалай, яхши юрибсизми?Келинг, бизнинг столга ўтинг, ёлғиз ўтирманг! -деди.Сайёра столга яқин келаркан, Холбўри у билан қўл бериб кўришиб, хотинини таништирди.

-Ҳа, айтгандай, танишинг, бу менинг турмуш ўртоғим Нортожи -деди.

-Вой, уйландингизми?Қандай яхши!Кенейим билан танишганимдан жуда хурсандман!Бахтли бўлинглар! -деди Сайёра Нортожи билан ҳам қўл бериб кўришаркан.Кейин Нортожининг ёнидаги курсига ўтирди.

-Нортожи, эсингдами, мен сенга Илтижо деган қиз ҳақида гипириб бергандим?Бу Сайёра ўша Илтижонинг яқин дугонаси бўлади -деди.Кейин Сайёрага савол бериб:-Қалай, дугонангиз ҳам яхши юрибдиларми? -деди.

Сайёра нима дейишини билмай, бироз ўйланиб тураркан, хомушланди.Кейин чуқур хўрсиниб қўйди.

-Ҳа, тинчликми?Нима, Илтижо... -деди Холбўри Сайёранинг олиб қочаётган кўзларига ҳавотирли қараб.

-Илтижо ҳам юрибди... Сизга нима десам экан... У шол бўлиб, фалажланиб, узоқ вақт касалхонада даволанди.Лекин дардига Худо шифо бермади... Ота онаси ҳам топган тутганини Илтижонинг соғайиши йўлида сарф қилди.Ҳамкасблармиз, манаман деган профессорлар ҳатто унинг умуртқасидан укол қилиб ҳам кўришди.Аммо натижа чиқмади.У ҳозир ногиронлар аравачасида ҳаракатланади.Анчадан бери ота онасининг уйида яшаяпти.Қайнонаси ёмон хотин экан.Менга шол келиннинг кераги йўқ деб уйидан хайдаб юборибди.Айтишича эри касалхонага ҳам бормай қўйган экан.Ҳозиргача ҳам уни йўқлаб келмабди.Ҳатто битта хўрозқанд кўтариб боласини кўргани келмаган отани қандай тушиниш керак?Тошбағир одамлар экан.Мен тез тез бориб, Илтижодан ҳабар олиб тураман.Талабалик даврларимизни, айниқса "Қовункапа" қишлоғига хашарчи бўлиб борган дамларни соғиниб эслаймиз.Илтижо ўша чоғларни эслаб йиғлайди... Ҳаммадан ҳам бечоранинг боласига раҳмим келади.Дадасига ичикканиданми ё онасининг аҳволини тушуниб, изтироб чекадими, ҳар ҳолда озиб, калиддай бўлиб қолган бечора.Ховлиларида бир ўзи ўйинчоқ машинасида қум ташиб ўйнаб юради... -деди Сайёра, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун дераза тамонга ўгрилиб.

Бу гапларни эшитиб, Нортожи билан Холбўри бир бирларига термулиб, ўйланиб қолдилар.Нортожининг кўзлари кўз ёшлардан ялтирар эди.

 

 

25 боб

Тумандаги одамлар




Холбўри одамзод руҳига осудалик, ҳаловат бағишлайдиган қалин кузги туманлар аро кимсасиз яйдоқ далаларда севимли этюднигини елкасига осганича ёлғиз бир ўзи дайдиб юришни яхши кўради.У туманларда ғира шира кўринадиган дарахтларнинг ўйчан силуэтларига соатлаб термулса ҳам тўймайди.Туманлар қамраган кузги ўтлоқда жимгина ўтлаётган сигир ё отни кўрса, тамом. У ўша манзарадан нигоҳини узолмай, тизза бўйи ўсган ўт -ўлан ичра ағрайганича даштдаги юмронқозиқ сингари қаққайиб тураверади.Туманлар жимлиги донишманд одамлар сукунатига ўхшайди.Бу сокин сукунатни танасига қулоч етмас бақатеракларнинг қир учидаги новдаларида ўтирганича тумшуқларини охиригача очиб, боғларни бошига кўтариб, бор кучи билан қағиллагувчи қарғалар товушигина бузади.Туманли боғларда чирт чирт жони узилиб ерга охиста қўнаётган хазонларнинг илоҳий шивирику Холбўрининг жони дили.Айниқса, куз оқшоми унда туманли далалар қаърида ер шудгорлаётган ёлғиз тракторнинг хорғин товушлари билан хуррак отаётгандай таасурот қолдиради.
-Қайнотамнинг трактори -дея фахр билан ўйлаб қўяди ўшандай пайтлар Холбўри.Унинг қайнотаси гарчанд ичкилик ичсада, ўзи яхши одам.Эсида, Холбўри билан Илтижонинг тўйида у ажойиб табрик сўзи айтганди.

-Ассалому алайкум, узоқ -яқиндан келган азиз меҳмонлар! -деди у кепкасини тўғрилаб кияркан. -Мен бугун қизим Нортожининг шундай рассом йигит билан турмуш қураётганидан жуда мамнунман.Куёвим Холбўри билан бизни боғлаб турган муҳим бир кўринмас ришта бор.Мен ижозатларингиз билан шу риштага тўхталмоқчиман.У ришта нима деб сўрасангиз агар, мен табиатга, гўзалликка бўлган меҳр дея жавоб бераман.Мана мен трактор ҳайдайман ва баҳорий далаларда ер бағирлаб учгувчи қалдирғочлар парвозини кузатиб: -ишқилиб шу шиддат билан учаётган қалдирғочлар ердаги кесак -песакка урилиб кетмасинда дея ўйлаб, ҳавотирланаман.Тонги дала ва ўтлоқлар устида тўрғайлар чийиллашини, икки ёни ўт -ўланлар билан қопланган сўқмоқлар устида тентираб сассиз -садосиз учиб юрган капалакларни, узоқ узоқларда сайрайдиган попишакларнинг ҳасратли овозини севаман.Бу нарсаларни кўриб, эшитиб завқланиш учун рассом бўлиш шарт эмасдир балки.Биз оддий тракторчилар табиат манзараларини руҳ билан туйсак, рассомлар бўёқда акс этдирадилар.Шоирлар эса у гўзал туйғуларни сўз билан ифодалайдилар.Манабу шаҳарлик машҳур отарчи укамиз Запарғанига ўхшаганлар у гўзалликларни ўз қўшиқларида тараннум этадилар.Шахсан мен емоқ ичмоқдан, ухлашдан бошқани билмайдиган тўпори, туйғусиз одамни жинимдан бадтар ёмон кўраман.Унақа одамни кенг бедопояга хайдаб, ортидан КА -700 русумли тракторда қувлаш керак.Етай деганда уни циркда ҳайвонларни урадиган узун қамчи билан шундай савалаш керакки, ҳар зарба текканда унинг пуфайкаси ёрилиб, пахтаси чиқиб қолаверсин.Қамчи зарбидан дўпписи ҳам титилиб, пилтаси чиқиб, тўзғиб кетсин.Мен шундай ҳасратлар тўла юрагимни ёзиш учун баъзан далада ўтлаб юрган эшакками, сигиргами, эчкигами гапириб, хуморимдан чиқаман.Чунки одамлар мени тушунмайдилар, мен эса одамларни.Улар мени алкаш деб ўйлайдилар.Бир куни ишонсаларинг, атайлаб тракторимда шаҳарга бориб, зоопаркка кирдим.Қафаслардаги маймунлар билан саломлашиб, уларни конфет, олмалар билан меҳмон қилувдим, бечаралар хурсанд бўлиб, қафасда у ёқдан бу ёққа сакраб, "У у! И-и! А-а!" дея шовқин солдилар.Маймунлар бир -бирларига жуда меҳр -оқибатли бўлар экан.Улар бир -бирининг битини қараб, тутилган битлар увол бўлмаслиги учун уларни худди писта чақаётган одам ўхшаб еб ўтиришаркан. Шундан кейин мен бўйни беш олти метр келадиган жирафа билан баланд овозда суҳбатлаша бошладим.-Жирафа, ҳой жирафа!Сенинг бўйнинг узун.Бундай қарачи, далада аграном билан михайник мени излаб юрмаганмикин?! -дедим.Шу маҳал битта мелиса бола келиб: -Ака, озгина ичиб олибсиз.Унақа жамоат тартибини бузиб, зоопаркимиздаги хайвонларни буйтиб қўрқитманг -дея мени кўчага хайдаб чиқарди -деди у.

Меҳмонлар тўйга қизиқчи ҳам келибди дея, роса кулиб қотишди.Кейин Ғойиб тракторчи оғзидаги 32 та тишининг ҳаммасига тилла қоплатган шаҳарлик отарчи Запарғанига қараб: -Запарғани, шўхига чал қани!Қизимнинг тўйида бир ўйнаппее -деди алкашлар киядииган катак кўйлагининг енгларини шимариб.Запарғани ансамбли шўх музикани чаларкан, Холбўрининг қайнотаси этигининг қўнжиларидан гайка қотирадиган ключларни олиб, уларни:

-Чаққир чуққур - чаққир чуққур, чах чақа чум -чум! -дея шиқирлатиб, ўйинга туша бошлади.Унга қўшилиб хотини Каполотихон ҳам ер тепиб, чанг - тўзон кўтариб, қуюндай чирпираб рақсга туша кетди. Холбўри шулар ҳақида ўйлаб ўтирганди, кутилмаганда уни Нортожи чақириб қолди.

-Холбўри ака!Қандайдир нотаниш одамлар келиб, сизни чақиришяпти!Ишлари бор экан сизда!Тезроқ чиқинг! -деди у туманли ховлида куйманиб юраркан.Холбўри пуфайкасини тез кийиб, ташқарига чиқди.Сўнг дорвоза тамонга борди.У ерда бир аёл ва эркак турарди.

-Ассалому алайкум! -деди аёл салом бериб.Сўнг давом этди: -Сиз рассом Холбўримисиз? -сўради у негадир Холбўрининг кўзларига тик қаролмай, ийманиб.

-Ҳа, мен.Келинглар, қани ичкарига марҳамат -деди Холбўри меҳмонларни уйга таклиф қилиб.

-Раҳмат, укажон, бошқа сафар.Агар шошиб турмаган бўлсангиз... вақтингиз бўлса, шу ерда бир -икки оғиз гаплашиб олсак дегандим.Биз бир зарур иш билан келувдик.Лекин, узр, сизни эрталабдан безовта қилдик -деди аёл, хижолат чекиб.

-Ҳечқиси йўқ.Хўш хизмат?Нима гапларингиз бор эди менда? -деди Холбўри.

-Биласизми?.. Сизга қандай тушунтирсам экан.Биз Илтижонинг ота-онасимиз. Аввало сиз ва онангиз олдида бизнинг юзимиз шувит.Онангиз бизни кечирсинлар.Мен ёмон одамларнинг гапларига ишониб, алданиб қолдим...Ҳалиги нима десам экан...Келинг, яхшиси, бошидан тушунтирай...Менинг исмим Соддагул, эримнинг исмлари Қиличбек.Ҳамма айб менда.Қизимни мен бахтсиз қилдим.Онангиз бизникига совчиликка боргач, сизнинг қандай йигит эканлигингизни суриштириш учун шу қишлоққа келгандим.Ўшанда менга Бибисувайдо деган бир аёл тасодифан рўбарў бўлдию, мақсадимни айтсам, у сиз ҳақингизда жуда ёмон гапларни айтди.Мен соддагина ўлгур бўлсам, ўша аёлнинг гапларига лаққа тушиб, қайтиб кетаверибман.Кейин сиз ҳақингиздаги гапларни эримга айтгандим, у ҳам тўнини терс кийиб олди.Илтижо бизга сиз ҳақингизда фақат яхши гапларни айтганди.Ўша воқеадан кейин биз Илтижони бир бизнесмен болага турмушга узатдик.Кейинчалик ўша Бибисувайдо деган аёл бизнинг уйга Ғиштхон деган дугонаси билан бориб, тадбиркорлик ишларини юритиб олишлар учун мендан молиявий кўмак сўради.Бир пайтлар менга яхшилик қилувди, кел, шу яхшиликни қайтарай деб мен уйдаги бор пулларни қириштириб, ҳеч қандай тилхатсиз ўша аёлга бериб юборибман.Яна Илтижонинг тўйига айтолмаганимдан хижолат чекиб, ундан узр ҳам сўраганимчи.Э, Худо!Энди билсам, қизимнинг бахтсиз бўлишига айнан ўша аёл айбдор экан.Ўша касофатининг ёлғон гапларига лаққа тушиб, биз сиздан юз ўгирибмиз.Қизимни бахтли қиламиз деб бир нобакор, ёвуз қайнонанинг зулм зиндонига ташлабмиз. Бечора Илтижо, балки кейинчалик ҳаётим яхши бўлиб кетар деган умидда сабр қилиб, қайнонасининг зулмларига, эрининг хақорату дўппослашларига сабр қилиб юраверган.Бизни аяган -да.Ғам аламни ичига солавергач, дарди чипқонга айланиб, сиқилишлар охири уни шол касалига гирифтор қилди.Биз уни эридан ажратиб олмоқчи ҳам эдик, лекин ўртада битта бола бор.Шу норасида неварамиз тирик етим бўлмасин, ёш оилани сақлаб қолайлик, қайнонасига ҳам эрига ҳам бир кун Худо инсоф бериб қолар деб қуда тамоннинг қилмишларига кўз юмдик.Мана оқибат... Шол бўлиб ётиб қолган Илтижони улар уйидан ҳайдаб солишди.Бечора қизимни даволатиш учун учрамаган дўхтиримиз ҳам қолмади хисоб.Ахир бизнинг шу Илтижодан бошқа фарзандимиз йўқ.Унга бирон нарса бўлса, бизга дунёда яшашнинг ҳам қизиғи қолмайди.Шунинг учун Илтижони дўхтиру табибларга кўрсатиб, топган тутганимизни сарф қилдик.Машинларимизни, ҳатто уйдаги жихозларни ҳам шу йўлда қурбон қилганмиз ва биз бундан сира афсусланмаймиз.Бизга қизимиз тузалса бўлди.Бу йўлда дадаси иккимиз номусдан бошқа барча нарсани, ўз буйрагимизни, жигаримизу юрагимизни сотишга ғам тайёрмиз.Ишонсангиз, ҳозир сизнинг ёнингизга таксида келдик.Бу ёқда хўжайиним оғир инсультни бошидан кечирганлар.Бунинг устига соғлиги туфайли ишдан кетди.Битта менинг топганим рўзғорга урвоқ ҳам бўлмайди.Лекин, Худога шукур, Илтижонинг ва дадасининг ногиронлик пенцияси, неварамиз Машрапиллонинг ҳукумат тамонидан бериладиган нафақа пули бор.Кунимиз ўтиб турибди.Фақат ногиронлар аравачасида ўтирган қизимга ва рангпар неварамга қараб туриб, қон йиғлайман, кечалари уйқум қочиб, ухлолмайман.Касалланиб, дори -дармон билан юрадиган бўлиб қолдим, айланиб кетай, ука!Яқинда денг, ҳалиги Бибисувайдога берган пулларим ёдимга тушиб, шу пулни қайтарсалар, бир кунимизга яраб қолар дея яна қишлоқларинга келдим.Келиб, суриштирсам, қишлоқда ҳеч қанақа кичик корхона очилмагани, Бибисувайдонинг эса Дубайга кетгани маълум бўлди.У яшшамагур айтишларича раис Исканақул Каркидоновнинг собиқ хотини бўлиб, кўп иш кўрсатган экан.Унинг бизнес ҳамкори Ғиштхоннинг эса уйи ёниб, ўзи ҳам ўша ёнғинда ҳалок бўлганмиш.Э, фоний дунё!Лекин ҳамқишлоқларингиз сиз ҳақингизда фақат яхши гапларни айтишди.Мен нодон ўша одамларга учрашиш ўрнига қаёқдаги бир енгилтак аёлнинг гапларига ишонибмана.Қизимни бахтсиз қилгани оздай, пулимни ҳам олиб, менга қоғоздан қалпоқ кийдириб кетибди.Энди қилмиш қидирмиш дейдику машойихлар.Бировники бировда қолиб кетмайди.Тепада Парвардигори Олам қараб, кўриб, билиб, ҳаммасини кузатиб турибди.Бибисувайдо ҳам ахир бир кун жазосини олар, бу дунёда бўлмаса, у дунёда, ўчоқдай ерда тортади.Ҳеее, каллам қурсина!Майли, бўлар иш бўлди, пул -мол топилар.Бизга шу қизимиз соғайиб кетса бас.Бунинг учун уй -жойимизни сотишга, кўчада қолишга ҳам тайёрмиз.Сизнинг эса бу ишларда заррача айбингиз йўқ.Аксинча, сизнинг ёнингизга оғир айбдорлик ҳисси билан келиш биз учун осон кечмади.Аммо биз шунга мажбурмиз, сизнинг ёрдамингизга мухтожмиз, укажон.Биласизми, биз яқинда бир машҳур руҳшунос олимга учрагандик, у қизим Илтижонинг ҳаётини таҳлил қилиб, ундаги сиқилиш -стресслар фақат қайнонаси ва эри билангина боғлиқ эмаслигини, ўтмишда чин юракдан севган ўша рассом йигити билан тақдирини боғласа, бирга яшаса, балки шунда унинг соғлиги яна аста секин тикланиши, изига тушиши мумкин деди.Тушунамиз, бунинг асло иложи йўқ.Чунки сиз уйлангансиз.Бизнинг эса хотинингиз бахтини яримта қилиш мақсадимиз ҳам йўқ.Сиздан ва хотинингиздан бизнинг биттагина илтимосимиз бор ҳалос.Агар келин рухсат берсалар, Худо учун ва одамгарчилик юзасидан қизимга кўриниш бериб, уни йўқлаб, ҳол -аҳвол сўраб турсангиз.Шоятки ўша руҳшунос олим айтгандай қизим Илтижо ҳаётга қайтса, шифо топса унинг соғлигида ижобий ўзгаришлар содир бўлса.Бу яхшилигингизни то ўлгунимизча унутмасдик - деди Соддагул йиғлаб.

Шу пайт туманли ховли ўртасида суҳбатни жимгина эшитиб турган Нортожининг қўлидан супиргиси тап этиб тушди.У йиғаётган эди.Холбўри Нортожини ёнига чақираркан, унинг бўйнидан қучиб, эркалаб, намоишкорона бағрига босганича, гапира бошлади.

-Эҳ, холажон!Бу гапларингизни тинглаш мен учун нақадар оғирлигини билсангиз эди!Мен икки ўтнинг орасида қолдим.Ҳа, мен қизингиз Илтижони жуда қаттиқ, телбаларча севганман.Ҳозир ҳам ва бундан кейин то ўлгунимча севаман.Мен бу ҳақда хотиним Нортожига ҳали уйланмасданоқ яширмасдан очиқ айтганман.У мени тушунади.Шу тушунгани учун ҳам мен уни севаман.Илтижо "Мен ота онамнинг райига қарши боролмайман.Уларнинг бахтини ўз бахтим йўлида қурбон қилолмайман" деган гапларидан сўнг, қанчалар қийин бўлмасин, мени ўзимни ўз севгим учун курашдан тўхтатдим.Чунки мен Илтижонинг бахтли бўлишини истардим.Яна ҳам тушунарлироқ қилиб айтсам, мен ўз бахтимни Илтижонинг бахти йўлида қурбон қилдим.Лекин бугун, менга ишониб, мен билан ўз тақдирини боғлаган умр йўлдошим Нортожининг ҳам бахтини қурбон қилишга менинг ҳаққим йўқ.Агар Нортожи рози бўлсагина бу борада бирор қарорга келишим мумкин -деди Холбўри.

-Албатта, албатта!Мен ҳам айнан шундай вариант тарафдориман.Агар келин йўқ демасалар... -шундай дедию Соддагул хўрлиги келиб, йиғлаб юборди.Сўнг кутилмаганда кўзлари тўла жиққа ёш билан Нортожининг пойига тиз чўкди.Унинг кўзларига илтижоли қараб, ёлбора бошлади:
-Келин, Худо ҳайрингизни берсин!Биз асло сизнинг бахтингизни яримта қилмоқчи эмасмиз, ишонинг!Фақат қизим Илтижонинг соғайиб, оёққа туриб кетиши учун эрингиз билан қизимга маънавий ёрдам, руҳий кўмак беринглар, илтимос!Ҳеч бўлмаса кичкина боласи ҳаққи! -деди ва худди малика қаршисидаги қулдай қаддини эгиб, мук тушганича аччиқ аччиқ ўксиниб йиғлай бошлади.Шу пайтгача суҳбатга аралашмай жим турган Қиличбек Қоплонович хотини Соддагулни юпатиб, унинг елкаларини силай бошлади.У бўғзига тиқилган хўрлик сабаб гапиролмас, зўриқишдан бўзариб, бўйин манглай томирлари бўртиб, унсиз йиғлар эди.
Шу пайт Нортожи шошиб, Соддагулни ўрнидан турғазаркан, уни худди ўз онасидай қучоқлаб бағрига босди:

-Туринг, холажон, тиз чўкманг!Йиғламанг, кўнглингиз тўқ бўлсин.Биз Холбўри акам иккимиз албатта қизингизни йўқлаб, унга бу оғир руҳий ҳолатдан чиқишида қўлимиздан келганича ёрдамлашамиз.Иложи бўлса Илтижони ва унинг ўғилчасини ва сизларни ҳам шу ёққа, уйимизга олиб келамиз, ҳаммамиз бирга яшаймиз!Мени кесатяпти, киноя қиляпти деб ўйламанг.Ростдан ҳам шундай қиламиз.Ахир, шундай қилмасак бизнинг одамгарчилигимиз қаёқда қолади?Ўзингиз фараз қилинг, Илтижонинг ўрнида мен бўлишим ҳам мумкун эдику.Одамзод бировнинг дардини ҳис қилиши учун аввало унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриши керак.Ҳозир сизларга, айниқса Илтижога жуда қийин.Йиғламанг,  холажон, йиғламанг. Худо ҳохласа Илтижо дарддан ҳалос бўлиб, соғайиб кетадилар.Қани йиғлашни ҳозироқ бас қилингчи, кулинг, табассум қилинг!  -деди у Соддагулнинг кўз ёшларини меҳрибонларча артиб.

-Йўқ, қизим, аксинча биз сизларни уйимизга олиб кетамиз!Шаҳарда, бизнинг уйимизда ҳаммамиз бирга яшаймиз!-деди Соддагул кўзларида кўзёшлар билан жилмаяркан.У айни пайтда умидбахш сўзлар қайғу кўз ёшларини севинч ёшларига айлантириб юбора оладиган мўжизавий кучга эга эканини ҳис қилиб турарди.

Улар шу тариқа суҳбатлашиб туришаркан, туманда яқинлашган Холбўрининг онасини сезишмади ҳам.Ҳалитдан бери суҳбатга қулоқ тутиб турган она гапира бошлади:

-Йўқ, яхшиси график чиқариб қўямиз.Бир ҳафта шаҳарда, бир хафта қишлоқда яшаймиз! -деди у жилмайиб.Бу гапдан беихтиёр ҳаммалари кулиб юбордилар.Соддагул қучоқ очганича Холбўрининг онаси билан кўришмоққа шошилди.У ўзини онахоннинг қучоғига отаркан, уни махкам бағрига босиб йиғлай бошлади.

-Опажон, мен нодонни кечиринг!Хато қилдим!Катта хатога йўл қўйдим!Сиздай онанинг дилини ранжитиб, дастурхонини қайтарганим учун ҳам Худо мени қаттиқ жазолади!Қизим бахтсиз бўлди, опажон!Қизимнинг ҳаққига дуо қилинг!Шояд дарддан ҳалос бўлиб, соғайса, аслига қайтса! -дерди у йиғлаб.

-Йиғламанг, айланай, йиғламанг.Мен сиздан сираям хафа эмасман.Бу ҳам бўлса пешонага ёзилган тақдир насиб, қисмат.Кўп қайғурманг, синглим, Худо ҳохласа, ҳаммаси яхши бўлади.Мана мен айтди дерсиз.Илтижохон дардлардан қутилиб, кўрмагандай бўлиб кетадилар ҳали -деди Холбўрининг онаси Соддагулга далда бериб.

-Илоё айтганингиз келсин, опажон -деди Соддагул кўз ёшларини артиб.У онахонни ва Нортожини қучиб, юзларидан ўпиб, ҳайрлашаркан, қайта қайта раҳмат айтиб, Холбўрига уй адреслари ёзилган қоғозни тутқазди.Сўнг уйга кириб, бирор пиёладан чой ичиб кетсангизлар бўларди дейишларига ҳам қарамай, эри билан бирга ҳалитдан бери уларни  кутиб турган таксига ўтирди.

Такси туманлар қаърига сингиб, кўздан ғойиб бўлгач, Холбўри, онаси ва Нортожи Соддагулнинг гапларини узоқ муҳокама қилдилар.Илтижога раҳмлари келди.Айниқса унинг ўғлига.

-Майли.Мен туманларда бир дайдиб келай -деди Холбўри ва этюднигини елкасига илиб, кўчага чиқди.Туманлар қоплаган қишлоқ кўчалари деярли бўм -бўш эди.

 

28 боб

Севгитерапия




Гарчанд Холбўри учун Илтижо билан учрашиш истаги чидаб бўлмас даражада кучли бўлсада, унга бу учрашув худди Нортожининг олдида бир хиёнатдай, Худонинг олдида эса кечириб бўлмас гунохдай туюларди.Илтижонинг ёнига кириш ва унга Нортожи бозордан ўзи танлаб олиб берган гулдастани тутқазишга унинг виждони йўл қўймаётган эди.Илгарилари Холбўри бир кун келиб шундай оғир руҳий изтиробларга, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоблару қийноқларга дуч келаман деб сираям ўйламаган эди.У ҳозир, айни пайтда худди ўз муҳаббатининг мозорига гулчамбар қўяётган одамга ўхшарди.У Илтижоларнинг дорвозаси ёнига яқин келаркан, бамисоли қайтиб чиқиб бўлмайдиган қадимий шахтага, ғорга кириб кетаётиб, ортига сўнги бор ўгрилган одамдай:

-Нортожи, мен шу тобда сенга очиқдан очиқ хиёнат қилаётганга ўхшаб қоляпман –деди, бир қўлида гулдастани тутиб, иккинчиси билан бўйинбоғини тўғриларкан.

-Ие, қанақа одамсиз ахир?Мен ўзим рухсат беряпманку.Шундай қилмасак бўлмайди.Кулиб, худди соғлом одамни йўқлаб келгандай, кириб боринг -деди Нортожи.

Холбўри Учинчи Жаҳон Уруши олдидан қитъалараро учадиган ядровий ракета кнопкасини босаётган навбатчи офицердай дорвоза қўнғироғини босди.

-Ичкаридан, Соддагулнинг: -Вой, дадаси, меҳмонлар келишди шекилли! –деган таниш овози эшитилди.

Кейин у дорвозани очиб: -Келинглар, келинглар, айланиб кетай меҳмонлар!Қани марҳамат, марҳамат, ичкарига киринглар –деди Холбўри ва Нортожилар билан кўришиб.Қиличбек Қоплонович ҳам уларга пешвоз чиқди ва Холбўри билан худди эски қадрдонлардай қучоқ очиб кўришди.Улар ҳол –аҳвол сўрашгач, Соддагул Холбўри билан Нортожини Илтижо ётган хонага бошлаб кираётганди,Нортожи ўзини четга олиб,деворга суянди.

Холбўри ялт этиб Нортожига савол назари билан қаради.Нортожи ҳолатни изохлади:

-Йўқ, Холбўри ака, бирданига иккаламиз кирсак, яхши бўлмас.Мени сизнинг ёнингизда кўриш унга оғир.Яхшиси, сиз олдин киринг -да, ҳол –аҳвол сўранг, Илтижо сал ўзига келгач, мен ҳам кираман –деди Нортожи Холбўрининг қулоғига шивирлаб.

Холбўри Соддагулга юзланди: -Хола, Нортожи бироздан кейин кираркан.Бу, Илтижони огоҳлантириб қўйганмисизлар ишқилиб?Тағин, қўққисдан кириб борсам... –деди у.

-Ҳа, ҳа, огоҳлантирилган.У сизни кутиб ётибди...Сизларни ҳам овора қилдик...Мен ахмоқ ўз қизимнинг бахтини ўзим боғлабман...Ҳа, бечорагина болама... Шунақа кунларга ҳам қоламизми... Э, Худойим... Ўзинг қизимнинг дардига шифо ато эт!..Киринг, кираверинг, болам.Сизни кўриб, шоятки Илтижогинамнинг дарди енгилласа... Умрингиздан барака топинг, илойим... –деди йиғлаб Соддагул.Қиличбек Қоплонович ҳам дераза тамонга ўгрилганича унсиз йиғлар эди.

Холбўри таваккал қилиб хона эшигини очганича ичкарига кирди.Ичкаридаги кроватда ранги олиниб, озиб кетган Илтижо ётар унинг тим –қора, ипакдай майин, узун ва қалин сочлари оппоқ пар ёстиқни қоплаб ётар, кроват ёнидаги тумбочка устида Холбўри бир пайтлар ишлаган, Илтижонинг портрети ўрнатилганди.Илтижо Холбўрига жилмайганича қараб, худди соқов каби унсиз йиғлар, узун –узун қайрилма киприклари пирпирар, кўзларининг қиридан оқаётган кўз ёш юзларидан думалаб, ёстиққа томарди.

Холбўрининг ҳаяжондан тамоғи қақраб, юраги худди бўғзига тиқилиб қолгандай бўлди.У базўр ўзини қўлга олиб жилмайганича: -Салом, яхшимисиз?Лекин кўринишингиздан ёмонга ўхшамайсиз.Айтгандай, шу атрофда менинг Илтижохон деган бир синглимга кўзингиз тушмадими мабодо?–деди.

Илтижо кўзи тўла жиққа ёш билан аччиқ аччиқ ютинар, бир оғиз ҳам гапиролмас, фақат кўз ёшлари аро жилмаярди. Холбўри қўлидаги гулдастани тумбочка устига қўяркан, шартта тиз чўкиб, Илтижонинг ёнига тиззалари билан юриб борди.Сўнг унинг ҳолсиз, нозик қўлини ўпиб, юзига босганича: -Мен сизга гул олиб келдим –деди.Сўнг давом этди: -Йўлда келаётсам денг, бир тўп одамлар оркестр садолари остида “Дуп –поп - поп! Дуп –поп –поп!” деб вальс мусиқасини чалиб, қандайдир ҳайкал пойига гуллар қўйишаётган экан.Улардан бири бақириб, чақириб: -У халқимиз миллий мустақиллиги йўлида бошини жаллод кундасига қўйган, тирикилигида чет элларда саргардон бўлиб, сургунда яшаб, сўнг қамалиб, ўз бармоғини ўзи тишлаб узиб, қони билан қамоқхона деворига шеърлар битди!Кейинчалик лагерларга этап қилингач, баракларда бит босиб, каналарга ем бўлиб, охири силга чалиниб, ўлай ўлай деганда озод этилган ўртамиёнадан ҳам пастроқ одми оддий шохер бўлишига қарамай, руҳий касалликлар бўлимида ўзини ўзи чойшаб билан осиб бу телба дунёни тарк этди!Тупроғинг пардай енгил бўлсин!Палон –пистон! – дея шовқин кўтаришди. Бошларидан яғир дўппиларини олиб, марҳум ҳотирасини ёд этиб, бир минут сукут сақладилар.Сўнг дўппиларини манглайларига қайта бостириб кийиб, шахдам қадамлар билан қайтиб кетишди.Мен секин у ёқ бу ёққа алангладимда, ҳайкал пойига қўйилган гулдасталардан бирини олиб, шу ёққа келавердим –деди у.

Илтижо ҳамон севинч ёшлари аро жилмаяр, бир сўз деёлмасди.Анчадан кейин у бироз ўзига келаркан, гапира бошлади.

-Йўқлаб келганингиз учун раҳмат, Холбўри ака... Мен сизни келмаса керак деб ўйловдим.Сиз ҳалиям ўша –ўша, қувноқ, ҳазилкаш, қалби беғубор, яхши одамлигингизча қолибсиз.Бундай одамларни ғам –қайғу енголмайди.Мен сизни кўрмай ўлиб керамиканман деб қўрқаётган эдим.Мана, Худога шукр, яна кўришдик.Бундай ўйлаб қаралса, сиздай ажойиб инсоннинг дилини ранжитганим, ташлаб кетганим учун мен ўз жазомни олдим шекилли.Кейинги пайтларда сизни бир бора кўриб, сиздан кечирим сўраб, сизнинг азиз қўлларингизни тутиб, жон таслим қилишни Худодан кечаю кундуз сўрар эдим.Нийятимга етдим... Эшитдим, ойим айтдилар.Нортожи деган гўзал қизга уйланибсиз.Бахтли бўлинглар.Сизни нега уйландингиз дейишга эса менинг заррача ҳаққим йўқ.Чунки, ҳамма айб ўзимда...Мени кечиринг, Холбўри ака –деди Илтижо оғир –оғир нафас олиб.

-Ҳая, Нортожи деганингизга бир нарса ёдимга тушди.Кеча денг, туш кўрибман.Тушимда Нортожи менга: -Сиз ҳам бошқаларнинг эрларига ўхшаб, Россияга бориб ишлаб, беш - тўрт сўм топиб, Вестрен Юнион орқали менга пул жўнатмайсизми?Манабу бостирмага ўхшаган уйларимизни ўнглаб, мошина –пошийна олмаймизми?Далама дала расм чизиб юраверасизми?Бўлмаса сиз уйда ўтиринг, мен Россияга бориб, ишлаб, пул топиб келай! –деди.

Шундан кейин мен нарсаларимни қопга солиб, самолётга миниб, Россияга учдим.Танишларим мени Ёқутистонга юборишди.У ердан вертолетда Тундрадаги бир шаҳарчага бордик.Вертолётдан тушсам, шунақа изғирин шамол эсяптики, қулоқни учириб кетаман дейди.Увиллаган буюқ товуши бир бирлари билан уришаётган минглаб мушуклар вағиллашини эслатарди.Совуқ минус 50 даража!Қарасам, бош чаноғим ичидаги мийям секин музлаяпти.Яхшиям денг, рўпарадаги томи икки метр қор остида қолган қовоқхонага кўзим тушиб қолди.Каллама келган фикрдан билдимки, ҳали бош чаноғимдаги мийям батамом музлаб қолмабди.Одам бўйи чуқурликдаги қор акоплар ичидан югириб бориб, ўзимни қовоқхонага урдим.Кира солиб, қовоқхоначидан яримта ароқни сотиб олдимда, қопқоғини очиб, бир кўтаришда шишани қоқладим.

Кейин ўша ерлик бир буғубоқар чўпон билан танишиб қолдим.Исми Нгдуат экан.

-Сен Шимолий муз океанига кит овлагани кетяпсанми? –деди у ингичка узун дастали трубкасини чекканича менга синовчан назар ташлаб.

Мен йўқ дедим.

–Ҳа, тушунарли.Демак сен ё оқ айиқ ё тюлень овлагани кетяпсан.У ёқларда моржлар ҳам бор.Пингвинларни айтмайсанми.Қушлар бозорини кўрсанг!Айниқса океанда сузиб юрадиган айсбергларнинг ёрилиб, сувга қулашини кузатиш завқли.Узоқ узоқлардан атом музёрар кемаларининг ҳасратли бўкиргани қулоғинга чалинади.Эҳҳ! –деди у чуқур хўрсиниб.

Бу орада менинг кайфим ошиб, ароқ хароратидан аъзойи баданим қизиб, исиб кетдим.Қолаверса кашанда ҳамсухбатимнинг трубкасидан чиқаётган бадбўй тутундан қовоқхонани туман қамрагандай бўлиб кетгач, тоза ҳаводан нафас олиш учун ташқарига чиқдим.Чиқсам, кимдир шимол буғуларига қўшилган ченасини симёғочга боғлаб қўйибди.

Кайфиятим аъло!Бир маҳал шайтон йўлдан уриб, мийямга ўша шимол буғулари қўшилган чанада катайса қилиш ғояси келди.Шундан кейин буғуларнинг симёғочга боғланган арқонларини ечдимда, бир сакраб ченага ўтирдим.Ченада ётган узун қамчини олиб, уни бошим узра худди вертолёт паррагидай ғувиллатиб айлантирарканман, бир шохи йўқ буғунинг сағрига қарсиллатиб туширдим.Қўрқиб кетган шимол буғулари ўқдай учиб, мен ўтирган ченани бошлари оққан тамонга судраб кетишди.Мен қор қоплаган бепоён ва жим жит Тундранинг кимсасиз кенгликлари бўйлаб кетиб борарканман, зақу шавқ ичра: -Ҳайт!Ҳайт! Хирррр –рриххув!дея ҳайқирганимча, чопиб бораётган буғуларни узун қамчи билан аёвсиз савалардим.Кенгликларда бўрондай елиб борар эканман, қўшиқ хиргойи қила бошладим.


-Ота мерос анжирли боғлар,
Оқланган уй, тандир, ўчоқлар,
Шаҳрихоний тақиб пичоқлар,
Юришади анжанчасига,
Юришади анжанчасига!


Савдогарлар пулни сақа деб,
Юрт кезишар бола чақа деб,
Э, ишаноовринг, бизга ака –деб,
“Кийдиради” анжанчасига,
Кийдиради анжанчасига!


Қўшиқ оҳангига мос айланаётган қамчи билан буғуларни саваларканман, буғулар осмонида шимол ёғдуси товланаётган бепоён қорли тундрани туёқлари билан ларзага келтириб, янада шиддатлироқ чопа бошладилар.Бир маҳал бўриларнинг улигани қулоқларимга чалингандай бўлдию томирларимда қоним музлаб қолгандай туюлди гўё.Қайрилиб қарасам, қордай оппоқ юнгли қутб бўриларининг дарғазаб галаси чена ортидан изма из қувиб келаётган экан.Қўрқувдан жон –поним чиқиб, тик турганимча буғуларни бор кучим билан савалайвердим.Бўрилар оч бўлишларига қарамай, чарчаш нелигини билмай, чена ортидан тинимсиз қувиб келишар, мен уларнинг асабий ириллаганини, нафрат билан иржайтирган сўйлоқ тишларининг такиллаётганини аниқ эшитар эдим.-Э, Худо! Негаям шу ченани олиб қочдима!Наҳотки энди қорли тундрада қутб бўриларига ем бўлиб кетсам! –дея ўйлайман нуқул, ўзимни ўзим койиб.
Бир маҳал чена музга қоқилиб, осмону фалакка худди денгизда сакраган китдай кўтарилиб, анча жойгача учиб бораркан, қор –тўзон кўтариб, гурсиллаб қулади.Кўзларимни очсам, буғу териси ёпилган конуссимин ўтовда ётибман.Ё пирай! –дейман ўз кўзларимга ишонмай.Бир маҳал бундай қарасам, шаҳарчадаги қовоқхонада танишган улфатим Нгдуат ингичка ва узун мундштукли трубкасини тутатиб, бош тамонимда ўтирибди.Мен олиб қочган чена ўша Нгдуатга қарашли экан.
-Тамом, энди Нгдуат мени буғу қўшилган ченага чилвирлар билан чирмаб боғлаб, посёлкадаги мелисахонага элтиб берса керак десам, йўқ у мени қаматмади.
-Яхшиям ортингдан итлар қўшилган ченада йўлга чиққаним.Бўлмаса қор остида музлаб қолар экансан, оғайни.Буғуларимни қутб бўрилари еб кетишибди.Энди етказилган моддий зарарни қоплаш учун бир неча йил шу жойда ишлашинга тўғри келади.Зарар қоплангач, тўрт тамонинг қибла.Ўзбекистонинга кетаверасан –деди у беғамгина трубка тутатиб.
Шундан кейин музлатилган балиқларни болта билан чопиб, Нгдуатнинг итларини боқиб юрдим.Чор тараф қор қоплаган бепоён тундра.У ёғи шимолий муз океани.Мағриб қаёқда, машриқ қаёқда билмайман.Қочиб кетсам, Нгдуат барибир мени тутиб келади.Конуссимон ўтовда телевизорни қўйинг, ҳатто компьютер ҳам йўқ.Теваракда фақат гирдобдай айланиб чопгувчи пода буғуларининг шохлари бир бирларига урилиб тақирлагувчи қор саҳроси.Зерикиб, ақлдан озиб қолмаслик учун теридан тўқилган арқонни отиб, шимол буғуларни тутаман.Шохларини арра билан арралайман.Шу тариқа неча йил ишладим билмайман, бир маҳал уйғонсам тушим экан –деди Холбўри.
Бу гаплардан Илтижонинг кайфияти очилиб, кула бошлади.

 

27 боб

Хобби




"Қовункапа" ширкат хўжалигининг трактор парки шундоққина чўчқахонанинг ёнида жойлашган.Очиқ осмон остида қатор терилган турли хил тракторлар туманларда хира кўзга ташланади. Кўлмаклар юзаси юпқа муз билан қопланган.Одам юрса, оёқлари остида муз синиб, қарсиллайди.Ҳаво шундай совуқ бўлишига қарамасдан, тракторчилар ўз тракторларини таъмирлаб, баҳорги мавсумга тайёрлашлари керак.Айниқса ширкат хўжалиги раиси Исканақул Каркидонов тракторини ўз вақтида таъмирдан чиқармаган механизаторларга қатъий чора кўриш тўғрисида қарор чиқаргандан кейин тракторчилар оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолишди.Бош механик Заманбалиқ Йўлдашязарип эса трактор паркида ҳар тонг йиғилиш ўтказиб, меҳнат интизоми мустахкамлаш тўғрисида маъруза ўқийди.Тракторчилар давоматини аниқлаш учун у ҳатто йўқлама дафтарини ҳам ташкил қилдирди.Ғойиб тракторчи ўз бульдозерини таъмирлаб, мавсумга ҳозирлаётган жойда битта трактор щинаси қасраб ёнмоқда.Эгнига фуфайка, бошига қулоқчин телпак, оёқларига этик кийган Ғойиб тракторчи қўли совқотиб, қақшаб, ключ ушлолмай қолди шекилли, трактор остидан чиқиб, ёнаётган щина гулханида исинганича, оловни кучайтириш учун гулханга салярка қуйди.Пилиги кўтарилган тошфонардай олов гур этиб кучаяркан, тракторчининг сояси ва аланга акси музлаган кўлмакда жилва қила бошлади.Ғойиб Т-28 тракторининг ёрилиб кетган катта ғилдирак щинасига тўртбурчак ямоқ солиб, таъмирлаётган табиатан камгап Карвон тракторчини чақирди.

-Эй, Карвон, ишлайман экан деб, биратўла совуқда муз асридаги мамонтдай музлаб қолмагин тағин!Кел буёққа, исиниб нетиб ол! -деди.
Анчадан кейин Карвон тракторчи мумланган ип билан бигизни ташлаб, исингани гулҳан ёнига келди.Табиатан камгап ва жиддий феъл атворли, бўйи пастак, семиз, қориндор, бўйни калталиги сабаб букчайиброқ юрадиган кўккўз бу тракторчини ҳамкасблари призрак, яъни арвох дейишади.Фуфайка ва қўпол пахталик шимда у бадтар юмалоқланиб, худди хоккей командасининг дорвозабонига ўхшаш бесўнақай кўринарди.У ғишт устига ўтираркан, гулҳанга ўйчан тикилиб, исина бошлади.Ғойиб тракторчи эса гапга тушиб кетди.

-Совуқ ҳам тириштиряптию а, Карвон?Бундай совуқда одамзод аввало ўзининг қадрига ўзи етиши керак.Мана мен наҳорда яримта ароқни уриб олганман.Тўғри, бу касофат ичкиликнинг фойдасидан зарари кўп.Аммо у ичарманнни ичидан қиздиради, уни совуқда тўнғиб қолишдан сақлайди.Ичиб олсанг, олам кўзинга бошқача кўринади.Яхшини эслаб, йиғлагинг, ёмон ёдинга тушса, ғажиб ташлагинг келади.Кеча дегин, кутилмаганда қизим Нортожи телефон қилиб қолди.Қўл телефонимни шошиб этигимнинг қўнжидан олиб: -Ҳа, қизим? -десам, у дада, ойимни олиб шу оқшом бизникига келинглар, шаҳардан меҳмонлар келди -деди.
-Хўп, қизим -дедим.Кейин бўйнимни яхшилаб кир совун билан ювиб, оқ кўйлакка бўйинбоғ тақиб, кастим -шим, пальтоларни кийиб, хотиним Каполотхон билан тракторимда қудамларникига бордик.Борсак, Соддагул деган аёл, эри Қиличбек Қоплонувуч деган одам, уларнинг Илтижо исмли ногирон қизи ва Машрапилло деган невараси меҳмонга келишибди.Кейин билсам, ногиронлар аравачасида ҳаракатланадиган Илтижо исмли ўша жувон бизга куёв тўра бўлмиш Холбўрининг биринчи муҳаббати экан.Куёв қайнотага тортади деб тўғри айтишганда ота буваларимиз.Унинг ёшида менинг ҳам девор ошадиган ярамас одатим бор эди.Келин аянг Каполатхонга уйлангач, унақанги одатларни йиғиштирганман.Қудам бечора мендан эмас, кела солиб, тўпалон кўтармасалар бўлди дея, кўпроқ хотиним Каполатхондан қўрқиб ўтирган эканлар.Лекин хотиним воқеа тафсилотларидан қизимиз орқали аллақачон хабар топганини айтиб, меҳмонларни тинчлантирди.Аксинча: -Э, қудажон, нега қўрқасиз?Мени Соддагул опамнинг қудаларига ўхшатманг.Шунақаям золим қайнона бўладими?Қаранг, қандай неваралари бор экана!Болада нима айб?Ҳе, бола бечорая... Қизимнинг айтишича Соддагул опамнинг куёвлари ҳам онасининг гапига кириб, Илтижохонни дўппослар экан.Касалхонга тушиб қолганларида бир марта ҳам келиб хабар олмапти.Илтижохон, қизим, сиз сира қайғурманг.Золимларни Худонинг ўзи жазолайди.Ҳали Худо ҳохласа ҳаммаси изига тушиб кетади-деди.Мен болакайнинг кўнглини кўтариш учун: -Машрапилло, бу, хотининг кўринмайди?Нега хотинингни олиб келмадинг?Эҳа, ишга кетганмилар?-дедим.У бувисининг юпкаси ортига беркинаркан, менга ҳайрат тўла кўзлари билан қаради.Ҳаммамиз кулдик.Мен яна давом этдим.

-Сен энди бизнинг ҳам неварамизсан.Баҳор келиб, ердан қор кетсин, ўзим сени тракторимга миндириб, шаҳарга олиб бориб, каратэ мактабида ўқитаман.То қора белбоғ соҳиби бўлмагунингча трнопкага қатнайверамиз.Тракторим билан Америкада, Канадада ўтказиладиган спорт мусобақаларига олиб бораман сени.Чегарадан қандай ўтамиз деб ташвишланма.Айрим порахўр, қўштирноқ ичидаги чегарачилар арзимаган пул эвазига атом бомбасининг жанговар каллагини қопга солиб кўтариб юрган қўпорувчи террористларни ҳам, замбилда ётган, дарди бедаво вабога, эболага, ўлатга чалинган касални ҳам ўтказиб юбораверади.Уларга пул бўлса бўлди.Шаҳарлар портлаб, халқ юқимли эпидемия сабаб қирилиб кетиши билан уларнинг иши йўқ.Агар улар қонунни рўкач қилиб: -Ғойиб ака, мумкинмас, сиз ичиб олибсиз -дея бахона қиладиган бўлса, баҳор келяпти, яқинда томорқамни шудгор қилиб беринг деб ишинг тушиб қолар, ука -дейман.Шуйтиб чегарадан ўтгач, тракторни сувқоғоз билан яхшилаб ўраб, сувости тракторига айлантирамизда, Атлантика океанининг остидан сузиб, Америка қитъасига ўтамиз.Кейин сен турнирларда қатнашиб, ғалабани қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўласан.Пулларимиз кўпайса менга компьютер ёрдамида ишлайдиган йилт янги трансформер трактор сотиб олиб берасан.Кейин тарелкага ўхшайдиган учар трактор сотиб оламиз ва ҳайё ҳайт деб фазога учамиз.Мистер Ғойиб, менинг ой сайёрасидаги 1 квадрат километрли томорқамни шудгор қилиб беринг, Марсдаги фермер хўжалигим далаларига пахта экувдик шуни культивация қилиб беролмайсизми? -дея буюртма берадиган миллиардерлар чиқади ҳали.Ҳа, у ёғи ё насиб, биронта вақт трактори харид қилсак, ўтмишга экспорт махсулотларини ташиймиз, ёки бўлмаса ғир этиб келажакка бориб, импорт махсулотларини олиб келамиз-дедим.Десам, бувисининг юпкаси ортига беркинган болакай бадтар ҳайратланди.Менинг гапларимни эшитиб, ногиронлар аравачасида ўтирган ўша болакайнинг бемор онаси ҳам кула бошлади.Лекин болага қараб, раҳминг келади.Қарагин энди, Карвон,шундай болани увол қилишсая!Вой номардлар!Шунақа одамларни трактор билан қувлаб, ё шиқмоланинг ўрнига боғлаб, шудгорма шудгор, далама дала судраб юраверсанг.Лекин куёвимиз Холбўри, ҳам ўзимга ўхшаб қўли очиқ тилло болада.Ўзи ичмаса ҳам ичган одамни тушунади.Секин келиб қулоғимга: -дада, анави рўпарадаги чойнакда оқ чой бор -деди, айёрона кўз қисиб.Мен дарров уни тушуниб, -раҳмат, яшанг, ўғлим -деб елкасига уриб қўйдим.Кейин хотиним Каполотхонга сездирмай оқ чойдан пиёлаларга қуйиб, шаҳарлик меҳмон Қиличбек Қоплонувучга секингина: -Миймон ака, бу сўраганнинг айби йўқ дейдилар, ўзимизнинг шамаси йўқ оқ чойга тоблари қалай? -дедим.

-Ие, ўзлари ҳам оқ чой ичадиларми?Мен ҳам шу чойдан анов қиламан, ичаман.Дўхтирим айтган.Агар дарддан мангуга қутилмоқчи бўлсангиз наҳорда, тушда ва оқшом оқ чойдан юз -икки юз грамм ичиб туринг деган.Кейин Ибн Сино бовомиз ҳам "Узоқ яшай десанг, қаттиқ ич" деган экан - деди шаҳарлик меҳмон Қиличбек Қоплонувич.
-Йўғе, қатиқ ич -деган бўлсалар керак -дедим мен.
Лекин шаҳарлик Қиличбек Қоплонувуч фанатларга ўхшаб икки оёғини бир этикка тиқиб, "Йўқ, қаттиқ ич деганлар!" дея туриб олди.Биз бахслашиб, ёқалашиб кетай дедик.Охири Қиличбек Қоплонувуч асабларини тинчлантириш учун пиёлага симидан қилиб қуйилган оқ чойни бир кўтаришда оқ урди -деди Ғойиб тракторчи.

Карвон тракторчи ҳамон гулҳанга термулганича миқ этмай ўтирарди.

Ғойиб тракторчи яна давом этди: -Энг қизиғи дегин, кейин бошланди.Қиличбек Қоплонувуч оқ чой ичса сўзамол бўлиб қоларкан.У невараси ҳақида гапира бошлади: -Машрапилло шаҳарнинг  киндигида туғилган.Бу қишлоқ -қиримнинг оғир шароитларига кўникармикан?Бийдай дала, дарё соҳилларидаги қадимий тўқайларда маугли бўлиб кетмасмикан?Энди шаҳардаги ҳаёт барибир бошқачада.Кечасию кундузи чироқ ўчмайди.Ҳамма жойда кулги, қўшиқ, мусиқа.Қишлоқда эса на чироқ, на газ бор.Мана сиз ҳам эртадан кечгача далада чанга ботиб, трактор ҳайдаб, чарчаб келсангиз, уйда чироқ йўқ.Сериал -периал кўраман десангиз, на телевизор на компьютер бор.Айтгандай, мулла Ғойиб, сиз кўпроқ нимага қизиқасиз?Ҳалиги, биров қулф йиғади, яна биров сигарет қутиси дегандай...Сизга қандай тушунтирсам экан...Сизнинг қизиққан машғулотингиз нима? -деди у.

-Ҳа, хобби демоқчисизда.Бор, ака, бор.Мен мусиқани севаман.Тракторимдаги радиомагнитолада Жузеппе Верди, Сергей Рахманинов, Пётр Ильич Чайковский, Фредрик Шопен, Иоганн Себостян Бах, Вольфганг Амадей Моцартларнинг Давид Ойстрах ва Яша Хейфецлар ижросидаги мусиқаларини тинглаб юраман.Хотиним Каполатхон эса Франц Шуберт, Ричард Вагнер,Людвиг Ван Бетховенларнинг мусиқаларига ўч.Албатта сиз шаҳарлик одам бу гапларимни эшитиб, дидсизлигимдан кулишингиз ҳам мумкин.Энди нима қилайлик, қишлоқичиликда.Шунақа итнинг кейинги оёғидай судралиб, тараққиётдан орқада қолиб, ҳалиям ибтидоий жамоа тузимидаги неандертал одамлар каби ҳаёт кечирамизда, ака.Шу ҳамқишлоқлар кўрса, устимиздан кулишмасин, ё жинни -пинни бўлиб қолишибди деб, псих бригадани чақириб, оёқ -қўлимизни арқон билан боғлаб, жиннихонага жўнатиб юборишмасин дея ҳавотирланиб, хотиним Каполатхон иккимиз шунақа қиш -қаҳратон пилла, ой порлаб ётган кечалар, яхоб берилган, ойнадай музлаб ётган кимсасиз, жим -жит далаларга чиқамиз ва тракторим радиомагнитоласидан таралаётган биронта симфоник куй оҳанги остида муз устида фигурали учамиз -дедим мен.Десам, шаҳарлик меҳмон Қиличбек Қоплонувуч қалин линзалари дарз кетган кўзойнаклар ортидаги чақчайган кўзлари тўла ҳайрат билан менга термулганича оғзи ланг очилиб қолди -дея ҳикоясини якунлади Ғойиб тракторчи.

Карвон тракторчи ҳамон гулҳанга ўйчан термулганича миқ этмай ўтирарди.

 

28 бобо

Ибн Илайчибин




-Опажон -қизимиз Илтижо Холбўри билан учрашгандан буён ўзини яхши ҳис қилиб, анча тетикланиб қолди.Лекин унинг бу уйда вақтинча бўлса ҳам яшаши маҳалла кўй олдида бироз ноқулай эмасмикин?Бизга яхшилик қиламан деб маломатларга қолмасанглар бўлдида -деди Соддагул йиғлаб.

-Вой, бу нима деганингиз, Соддагул?Сира хижолат бўлманг.Бировлар билан бизнинг нима ишимиз бор?Ўзимизга тўғри бўлсак бўлдида.Бизни ноҳақ ғийбат қилишса, қайтага гунохимиз тўкилади.Ҳа, энди, бировнинг қариндоши, таниш -билиши меҳмонга келади дегандай, бошқаларнинг биз билан нима иши бор?Ё бизга савоб керак эмасми?Қолаверса, уйимизда хоналар кўп, бўм -бўш, ханқайиб ётибди.Илтижохон ўша хоналардан бирида ўғилчаси билан, яшайверади.Бу ёқда Машрапилло ҳам бизга кўникиб қолди.Уни ўз неварамдай яхши кўраман.Илтижохон эса ўз қизимдай.Энди уларни сизларга осонликча бериб қўймаймиз, ўргилай.Ўзинглар кетаверинглар.Улардан сира ҳавотир олманглар -деди Холбўрининг онаси.

-Эҳ, негаям ўша совчиликка борганингизда хўп деб қизимни шу Худонинг нури ёғилган хонадонга узатиб қўя қолмаган эканмана!Шундай қилганимда бу кўргуликлар йўқ эди -деди эзилиб йиғларкан, Соддагул.

-Йиғламанг, Соддагул.Буни тақдир насиб дейдилар.Тақдирга қарши бориш Яратганга исён қилиш билан баробар.Кўп куюнманг, ҳаммаси яхши бўлади -деди Холбўрининг онаси.

Шундай қилиб, Илтижо ўз ўғилчаси Машрапилло билан Холбўриларнинг уйида вақтинча яшай бошлади.

Нортожининг "Қўйинг, уринманг " дейишига қарамай, Илтижо ногиронлар аравачасида чаққон ҳаракатланиб, Нортожига уй ишларида кўмаклашишга ҳаракат қилади.Ҳозир ҳам у ошхонада картошка арчиб, унга кўмаклашмоқда.

-Нортожи, раҳмат сизга.Олийжаноб аёл экансиз.Тўғриси, сизнинг ўрнингизда мен бўлсам, эримнинг бир пайтлар севган қизи касалланганини эшитсам, уни эрим билан йўқлаб бориш у ёқда турсин, рашк қилиб, жанжал кўтарган бўлардим.Сиз эса менга ва менинг ўғлимга ўз уйингиздан жой бердингиз.Яратган Парвардигор сиздан рози бўлсин.Ўлгунимча сизни дуо қилиб ўтаман -деб қўйди, бир қўлида пичоқ, иккинчисида картошкани ушлаганича, ошхона деразасидан ташқарида бўралаб ёғаётган лайлак қорга ўйчан термулиб, Илтижо.

-Илтижо, ахир неча марта айтдим, хижолат бўлманг деб.Бу дунёда сизни ҳеч ким тушунмаса ҳам, мен тушунаман.Холбўри акам менга сиз ҳақингизда айтиб берганлар.Сизнинг ёмон аёл эмаслигингизни яхши билганим учун ҳам сизга кўмаклашишга қатъий қарор қилдим.Биз сиз билан қалбан қариндошмиз.Негаки иккимиз ҳам Холбўри акани севамиз.Шундай экан,  ота -онам, эримдан кейин менга сизданда яқинроқ яна ким бор? -деди пиёз тўғраганича Нортожи.

-Раҳмат, Нортожи, раҳмат -деди Илтижо, қўлидаги арчилган картошкани сувли идишга ташлаб.Шу маҳал уй эшиги очилиб, Холбўри кириб келди.У кела солиб, қўлларини гувиллаб ёнаётган печка трубасига тоблаб исинаркан: -Ухх, совуууқ! Қор жонвор шундай айлан капалак қилиб уряптики, дала ва дарё тамонлар умуман кўринмай кетди -деди у.

Кейин бир палён ўтин билан печка эшикчасини очаркан, энкайиб, оловга яна ўтин қалади.Шу пайт унинг қўл телефони жиринглаб қолди.Холбўри телефонини ёқиб: -Алло! -деди.Кейин телефоннинг микрафонини беркитаркан, ҳайрон бўлиб қараб турган Нортожи билан Илтижога: -Тсс!Жим, синфдошим Ибн Илайчибин Америкадан телефон қиляпти -деди.

-Телефоннинг овозини кўтариб қўйинг -деди пичирлаб Нортожи, эрининг амиркони синфдоши билан суҳбатини тинглашга қизиқиб.Холбўри телефон овозини баландлатиб, синфдоши билан суҳбатлаша бошлади.

-Ибн Илайчибин, сенмисан?!Вей, тирикмисан?Қалайсан?Бола чақаларинг ҳам тинчми?!-деди у.

-Раҳмат, дўстим, юрибман.Ўзингчи, ўзинг?Стил алайф?(ҳалиям тирикмисан?) -деди Ибн Илайчибин.

-Худога шукр, ошна, юрибмиз Худонинг панохида -жавоб берди Холбўри.

Кейин гапида давом этиб: -Бу, Америкада нима иш билан машғулсан?Йирик бизнесмен бўлсанг керак а? -деди.

Ибн Илайчибин кула кула  гапира бошлади: -Қанақа бизнес?Эсинг жойидами ўзи?!Бизнесга катта пул керак!Мен ҳозир бекорчиман...Бошидан тушунтирмасам, бўлмайдиганга ўхшайди. Қисқаси, аввалига ёлланма итбоқар бўлиб бинойидек ишлаб юрувдим.Бир кампирнинг итини ҳар куни кўчага олиб чиқиб, айлантириб келардим.Ит жонвор ҳар бир дарахт, ҳар бир симёғоч остига алохида тўхтаб, орқа оёғини кўтаришга одатланган эди.Унинг суякка ўхшаган ўйинчоғини қулочкашлаб туриб, ооотиб жуборсам, у холлослаб бориб олиб келарди.Қоронғи тушганда ёнадиган коптоги ҳам бор эди, шуни отардим.Кечқурун уни махсус гўштли консерва билан овқатлантирардимда, ваннада чўмилтириб, тишларини тиш чўткада паста билан яхшилаб ювиб, юнгини фен билан қуритиб, кейин уйга кетардим.Бир куни қиш қировли кунлар туманда кампиршонинг бульдогини иссиқ кийинтириб, айлантириб, уйга келсам, итнинг бир пой патинкаси йўқда.Оббо! -дейман фиғоним чиқиб. Йўлда тушиб қолибди.Йилт янги патинка эди.Туманда излайвериб жинним чиқиб кетди.Шундан кейин кампир мени ишдан хайдаб юборди.Уйга жуда хафа бўлиб қайтдим.Мен қора танли хотиним билан Фицжералд деган бир чолнинг ертўласида ижарада тураман.Хотиним овқат қилишни билмайди.Кўчада овқатланиб келамиз.Баъзан пул қўшиб, пица чақиртирамиз.Пицанинг қирғоғини чойга бўктириб еб, ертўламизнинг бир парча хира ойнасидан ташқарига термулганимизча суҳбатлашиб ўтирамиз.У ердан йўлак ва тинимсиз тапир тупур қилиб ўтаётган йўловчиларнинг оёқлари кўриниб туради.Қор ёғса, тамом, ўша бир парча ойна ҳам баҳоргача тўсилиб қолади.Булбулнинг кетидай кичкина хона.Бунинг устига хотинимнинг жағи ёмон.Бир зумда уришиб қоламиз.-Айл бит ю ап, энайм гана кийк юр фейз! -дейман бақириб.Лекин урмайман.Бу ерларда болаларни, айниқса хотинни уриб бўлмайди.Шунинг учун аламимни эшикдан оламан.Мушт билан бир уриб, эшикни тешиб ташлайман.Кейин тепсам, эшикнинг тавақаси узилиб тушади.Шундан кейин хотиним войдод деб полис чақиради.Полис мени олиб кетаётганда хотиним ортимдан югириб чиқаркан, менинг оёғимни қучиб: -Айм апалажайс, хани!Айм сори!Ай лов ю, со мач, Ибн Илайчибин! -дея йиғлайди.Мен қулоқчин мўйна телпагимни жахл билан бошимга бостириб кийиб, полициячилар билан машинага ўтирман.Эртасига полиция маъмурий чора кўриб, мени қайта тўпалон қилмаслик ва эшикни таъмирлаб қўйиш шарти билан озодликка чиқаради.Мен яна уйга, қадрдон ертўламизга қайтаман.

Бу жойларда тузукроқ иш топиш учун одам ўқимишли бўлиши, ўқиш учун эса, инглиз тилиси яхши бўлиши керак.Уйда ўтирсанг, хотин билан уришиб ўйнайсан.Кўчага чиқсанг, иш йўқ.Охири депрессияга учраб, жон қанчалик ширин бўлмасин, ўзимни бир ёқли қилмоқ пайига тушдим.Аввалига "Озодлик маъбудаси" ҳайкали қўлидаги машъалага чиқиб, ўша жойдан ўзимни пастга отсаммикин дея ўйлаб юрдим.Кейин бу фикримдан қайтиб, Ню Йўрк билан Манхеттенни туташтирган Бруклин кўприги остидан оқувчи Ист ривер дарёсига ўзимни чўктирмоқчи бўлдим.Қирғоқдан бўйнимга боғлагани тош ахтариб юрсам, баногох, бир дарахтга ёпиштирилган эълонга кўзим тушди.Ўқисам, бир ташкилотда бўш ишчи ўрни бор экан.Севиниб кетдим.Қувонганимдан хўрлигим келиб, хунук титраётган остки лабим туянинг лабидай осилиб, унсиз йиғлайвердим.Кейин тиз чўкканимча осмонга қараб: -Раҳмат, Худойим! Бу дунёда менинг сендан бошқа ғамгусорим йўқ-дедим, севинч кўз ёшларимни кўйлагимнинг хаддан ташқари узун енгига артиб.Сўнг адресни телефоним фотоаппаратида суратга олиб, шошилинч йўлга чиқдим.Ташкилотни топиб бориб, шунақа шунақа, мен Ўзбекистондан келганман.Сизларда мен боп иш бор экан деб эшитиб келятувдим-дедим, инглиз тилини қийнаб, хўрлаб, тиконга судраб.

-Нима иш қўлингиздан келади, жаноб?Чим қирқийдиган комбайнни бошқара оласизми? -деди мененджер ҳушмуомалалик билан.

-Чим қирқийдиган комбайн?! Дик Господи!Шуям ишми! Э, товба қилдимей!Керак бўлса вертолет, самолёт ҳатто космик кемаларни ҳам кўзимни юмиб, бир қўлим билан бошқараманку мен! -дедим.

-Ў, унда сизни зудлик билан ишга олмасак бўлмайди-деди мененджер.Кейин омборхонадан битта чим қирқийдиган комбайнни олиб чиқишди.Бензинга ишлар экан.-Мана, мана бу чилвир арқонни кафтингизга ўраб туриб, бир тортсангиз, комбайн юради.Кейин чимларни бир бошдан қирқийверасиз.Лекин анави чаман бўлиб очилиб ётган анвойи гулларга, Жўландиядан махсус келтириб экилган лолаларга ҳамда арча ниҳолларига эхтиёт бўлинг -тайинлади мененджер.

-Окей!Донт вори! -дедим мен.Кейин чилвир арқонни кафтимга яхшилаб ўраб, бир тортган эдим, комбайн тарр! -этиб юрди.Бир маҳал чим қирқийдиган комбайн мени судраб кетса бўладими?У йўлида учраганки нарсани парча -парча қилиб, майдалаб, силос қилиб, осмонга отаверар экан.Бир зумда чимзорда чанг тўзон кўтарилиб, чим қирқигич гулларни ҳам голландиядан келтирилган сариқ қизил лолаларни ҳам, ям -яшил арча ниҳолларини ҳам майда майда қилиб, осмонга отиб, тариллаганича айлана бошлади.Шовқинда мененджернинг узоқдан бақирган овозлари қулоғимга чалинарди.

-О, Жизееес!(Жизес дегани Исо мағанасини билдиради)Торнедо!Кол де полис!(Ўрама шамол кўтарилмоқда!Полицияга қўнғироқ қил! ) -дея бақирарди у.

Мен нодон у вахший агрегатни қандай тўхтатишни сўраб олмаган эканман."Хелп ми!Хеееелп!"(Ярдам беринар!Ярдам берсенарўмейдими?!) дея бақираман нуқул инглиз тилида.Мен аллақачон чим қирқигич комбайн тутқичини қўйиб юборган эдим.Лекин унинг мотовиласи менинг яккаю ягона, ошга киядиган жинси шимим пойчасини ўраб кетган эдида.Чим қирқийдиган агрегат мени судраб, чанг тўзон ичида то бокида бензин тугагунича чимзорда судраб юраверди.Шундан кейин бир ой хоспиталда ётдим.Кейин мени яна ишдан хайдашди.Ҳозир бекорчиман.Бекорчиларга хўкмат тамонидан бериладиган нафақа  эвазига яшаб юрибман. Фицжеральднинг ертўласига ҳам қайтгим келмаяпти.

Айтишларича янги Президент мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришлар қилаётган эмиш.Виртуал қабулхоналар очилибди.Мен ҳам ватанга қайтишимга рухсат беришларини сўраб, виртуал қабулхонага мактуб ёзсаммикин деб юрибман.Бу ерларда сарсон саргардон бўлгандан кўра, ўз ватанимда арава судраганим яхши эмасми?Бунинг устига онам ҳам қариб қолдилар -деди Ибн Илайчибин.

Холбўри ҳалитдан бери дўстининг гапларини тинглаб, кулиб қотаётган эди.Аммо унинг охирги гапларидан жиддийлашди.Кейин эхтиёткорлик билан:

-Дўстим, ҳабаринг йўқми? -деди.

-Нимадан? - ҳайрон бўлди Ибн Илайчибин.

-Э, кечир, оғайни.Мен сенинг хабаринг бор деб ўйларканман.Бардам бўл.Бандачилик.Бир йил бўлди холамнинг вафот этганларига.Жанозаларига минглаб одамлар келди.Бечора сенинг йўлларинга термулиб, оламдан ўтдилар.Бир куни йўқлаб кирсам, холам йиғлаб, менга: -Холбўри, дўстинг Ибн Илайчибинни бир кўриб, кейин ўлсам, унинг қўлларида жон берсам, бу дунёдан армонсиз кетардим -дедилар.Онангнинг дафн маросимида синфдошлар ҳаммамиз эгнимизга тўн, бошларимизга дўппи кийиб, кўчада саф тортиб турдик.Холамни ҳалиги, қабристондаги қайрағоч бор эдику, ўша жойга дафн этдик.Тобутларини синфдошлар қўлма қўл кўтариб бордик.Тобутлари енгил экан.Кейинги пайтларда овқат емай қўганлари учун озиб кетган эканларда.Тобут олдида тоғанг билан уканг хассакаш бўлиб, қабристонгча йиғлаб боришди -деди Холбўри.

Кейин жим бўлиб қолди.

Линиянинг у тамонида Ибн Илайчибин оҳ чекиб йиғлар эди.Шундан кейин алоқа узилди.Холбўри кўз ёшларини аёлларга кўрсатмаслик учун ўгрилиб, ташқарига чиқиб кетди.

У ўзини овутиш учун бостирмада ўтин ёра бошлади.Ёрилган палёнлар талак -талак этиб ҳар тамон учар, лайлакқор эса гуппа гуппа ёғар эди.

 

 

29 боб

Қовункапа баҳори




Қовункапага яна баҳор келди.Баҳорий жалалар ва тоғларда эриётган қорлар эвазига дарёда сув кўтариларкан, далаларнинг айрим қисми сув остида қолди ва саёз, кўзгудай шаффоф кўлларга айланди.Кўлоблар кўзгусига ўйчан термулган дов дарахтлар шохидаги қушларнинг бултурги инлари узоқ -узоқлардан қорайиб кўринади.Бу шаффоф селобларда бўғзигача сувга ботган қамишлар худди чўкаётиб ёрдам беринглар дея унсиз ҳайқираётган соқовларга ўхшар, сувдан чиқиб турган қиёқлар сўлим - салқин баҳор эпкинларида титраб, қалтирар эдилар.Оппоқ -оппоқ лайлаклар баҳор шаббодаларида парлари хурпайганича, аччиқ қалампирни эслатувчи қип қизил тумшуқлари қонли гурпундай бўлиб, юзасини шаббодалар шудгор қилаётган кўлоблардан егулик излаб юришарди.

Нортожи Илтижо ўтирган ногиронлар аравачасини суриб, ортидан Машрапиллони эргаштирганича "Қовункапа" ширкат хўжалиги бошқарув идораси тамон борар, ҳар замонда тўхтаб, капалак қувлаётган болакайни ортда қолмай юришини илтимос қилар, йўқса бўжилар келиб қолишини айтиб қўрқитарди.Узоқда оқариб кўринган дала шийпонини ва тўп -тўп ўсган қари толларни кўриб, Илтижонинг юраги орзиқиб кетди.У бир пайтлар ўз курсдошлари билан ўша дала шийпонида яшаган, хашарчи талаба бўлиб шу далаларда пахта терган ва илк бор Холбўри билан учрашган эди.Хув нарида Қорадарё жарликлари!Оҳ, дов дарахтга кўмилган у дарё соҳиллари! Холбўри билан қайиқда сузиб, бирга сайр қилган ўша минг минглаб нилуфарлар, лотос ва кўзагуллар очилиб ётган қамишли дарё дельтасини, мовий осмонлар акс этган шаффоф сувлар остида билтанглаб юрган балиқларни у осуда дамларни Илтижо унита олармиди?Ўша пайтлари у дугоналари билан шоду хуррам, ўз оёқлари билан бемалол юрарди, югирарди.Энди бўлса Холбўрининг кўнглини чўктиргани учун Худонинг қаҳрига учраб, ногиронлар аравачасида ўтирибди.Бировнинг бахтига шерик бўлгани ҳам оздай, унга оғир юк бўлиб қолди.Нортожининг ўрнида Илтижо бўлганида у шундай қила олармиди?Йўқ албатта.Ким билади, балки эски китобларда ёзилганидай рашк туфайли у Нортожини аллақачон заҳарлаб ўлдирган бўлармиди?Энг ёмони, бағри кенглик билан шунча яхшиликлар қилаётган Нортожига нисбатан унинг юрагида баъзан хасад ва рашк туйғулари уйғонаётгандай бўлар, Илтижо у туйғуларни аранг тизгинлар эди.У ҳатто кечалари Холбўрининг Нортожига сездирмай, секин эшикни тақиллатишини, "Илтижо, жоним, эшикни оч, сени соғиниб кетдим" дея шивирлашини, у эса пичирлаб: -эшик очиқ, кираверинг деса, Холбўри оёқ учида юриб келиб, секингина унинг ёнига, кўрпага суқилиб кириши ва ўз ўлжасини ғажиётган оч бўридай уни махкам қучиб, худди аввалгидай лабларидан, юз-кўзларидан аёвсиз ўпиб, эхтиросли шивирлашини, тонгача бирга бўлишини ҳохлар, сўнг шу заҳоти васваса қилаётган шайтонга хай берар, чорасизликдан ёстиқни тишлаб, унсиз, ўксиб ўксиб йиғлар эди.Уни бир зум кўрмаса соғиниб қолгувчи, Холбўрининг хотини Нортожига бўлган вафосини, садоқатини, поклигу ҳалоллигини кўриб, Нортожига ич ичидан ҳаваси келар, шундай эрни қўлдан чиқаргани учун ўзини ўзи ношудликда айблаб, койир, ўзини ўзи шаппатилаб уриб, ўзидан нафратланиб кетарди. Бу кунимдан кўра ўлганим яхши эмасми дея ҳатто ўз томирларини писка билан кесмоқчи бўлар, лекин норасида фарзандининг етим қолишини ўйлаб, бу шум фикрдан қайтар эди.Уни қониқтиргувчи фақат бир нарса бор эди.У ҳам бўлса, Холбўрини ҳар куни кўриб, у билан ёнма -ён, бир уйда яшаётгани.Илтижонинг фикрлари шу ерга келганда узилди.Хаёлини Нортожининг гаплари пароканда қилди.

-Вой, йўлларни ҳам сув босибдику!Аравача лойга ботиб қолса нима бўлади?Оббо, энди йўлнинг бу узилган қисмидан қандай ўтдик? -деди, дала йўлининг сув босган қисмига ўйчан термулиб Нортожи.

Илтижо ҳам йўлнинг сув остида қолган қисмига боққанича ўйланиб тураркан: -Нортожи, балки қайтиб кетармиз? -деди.Кейин қўшимча қилиб: -Эҳ, шу лаъанти оёқларим ишласа, ўзим бемалол юролсам, сизга оғир юк бўлмас эдим - деди йиғлаб.

-Йўқ, Илтижо, унақа тушкунликка тушманг.Худо ҳохласа, яқинда югириб юрадиган бўласиз.Овчарка итлар ҳам сизни қувлаб етолмайдиган бўлади -деди Нортожи кулиб.

Унинг кулигили гапидан Илтижо ҳам беихтиёр жилмайиб қўйди.Бу орада Нортожи муаммони қандай ҳал қилиш йўлини топди.

-Ҳуллас, гап бундай, Илтижо.Мен аввал Машрапиллони, кейин сизни, ундан кейин аравачани сувга текизмай кўтариб олиб ўтаман -деди у.
Илтижо хўп дегандай бош ирғади.

Нортожи ўзи айтганидай аввал болани сувдан олиб ўтиб: -Машрапилло, сен шу ерда қилт этмай ўтир, ўғлим.Капалакларни қувлаб кетмагин.Мен ҳозир қайтиб келаман, хўпми? -деди қаттиқ тайинлаб.

Машрапилло ҳам хўп дегандай бош ирғаб қўяркан, Нортожи ортига қайтди.Сўнг Илтижони опичладида, сувдан олиб ўта бошлади.Илтижонинг хўрлиги келди ва яна йиғлай бошлади.

-Ие, нега яна йиғлаяпсиз, Илтижо?Ахир келишгандикку.Йиғлашни ҳозироқ бас қилмасангиз, сувга ташлаб юбораман -деди Нортожи кулиб.
Шу тариқа улар йўлнинг сув босган қисмидан муваффақиятли ўтиб, йўлда давом этдилар.Нортожи Илтижо ўтирган аравачани суриб бораркан, йўл -йўлакай гапира бошлади.

-Қайтиб кетайлик дейсиза, товба.Ахир Холбўри акам худди ўзининг рингдаги жангини кузатиш учун қариндошларини таклиф қилган боксчидай бизларни очиқ осмон остидаги тамошога, ўзи расм чизаётган идора биносининг ёнига боришимизни илтимос қилдиларку.Бу тарихий воқеани яқиндан кузатиш учун албатта боришимиз керак -деди у қатъий.

-Мен сизга қийин бўлмасин деган маънода айтган эдим, Нортожи.Тамошога албатта борамиз.Рассом одамнинг расм чизаётган пайтини кузатишдан ҳам завқлироқ иш борми?Холбўри ака ажойиб инсон -да.Кеча денг, боғда ўтириб, Машрапиллонинг суратини чизиб қўйибдилар.Унинг қуёш нурларидан қамашиб қисилган кўзларини, тиши тушган оғзини, илжайиб турган ҳолатини ўхшатиб қўйибдилар-деди Илтижо.

Икки қалбан қариндош, муҳаббатдош дугоналар шу тариқа суҳбатлашиб, ширкат хўжалиги бошқарув идорасининг ёнига бордилар.Идора пештоқи рўпарасига баланд хавоза тикланган бўлиб, Холбўри ҳавозадаги қалин тахталар устида юриб, идора пештоқига Тянь -Шань тоғининг этакларига туташ чаман бўлиб очилган пахтазорлар суратини чизарди.Пастда куймаланиб юрган унинг қийиқ кўз, қорачадан келган бақалоқ шогирди Толибжон бўёқларни тайёрлаб, арқонга боғлаганича юқорига узатар, Холбўри бўёқларни эхтиёткорлик билан тортиб оларди.

Кутилмаганда Машрапилло юқорига қараб: -Рассом дада, биз келдик!- деб юборди.Холбўри ортига ўгрилиб қараркан, унга жилмайиб қараб турган Нортожига, Илтижога ва Машрапиллоларга қараб, худди космик кемага минаётиб, космодромдагилар билан ҳайрлашаётган Юрий Гагариндай табассум қилганича қўл силтаркан;

-Келдиларингми?!Ҳа, маладес! -деди у хурсанд бўлиб.

-Холбўри ака, эхтиёт бўлинг! -деди Нортожи.

-Ҳушёр бўлинг! Арқон билан белингиздан боғлаб, уни ҳавозага махкамлаб қўйинг!-тайинлади Илтижо ҳам.

-Э, ҳавотир оламларинг!Ўрганиб кетганмиз! -деди Холбўри.Кейин Машрапиллога қараб: -Микаланджело, қалайсан, ўғлим?! -деди.

-Яхши! -деди Машрапилло қуёш нурларидан қамашган кўзларини қисиб, юқорига қараганича.

Нортожи Машрапиллони эркалаб бағрига босаркан, унинг сочларини меҳр билан силаб қўйди.

Шу пайт брезент ёпқичли "Виллис" хизмат машинасида ширкат хўжалиги раиси Исканақул Каркидонов келиб, машинадан тушаркан, кафтини кўзларига соябон қилганича Холбўри ишлаётган ҳавоза тамон қаради.
-Хорманг, Художник, хорманг!Ҳа, яшанг, отангизга раҳмат!Мана бу бошқа гап.Ўзимизнинг пахтазор далаларимиз турганда, қолаверса мамлакатимиз мустақил бўлган бир замон идора пештоқида ўроқ - болғанинг барельефига бало борми?Қаранг, қандай ажойиб дала манзарасини чизяпсиз!Қўлингиз дард кўрмасин, ука! -деди раис Исканақул Каркидонов.

-Раҳамат, раис бува! -деди мақтовларга миннатдорчилик билдириб Холбўри.

Раис Исканақул Каркидонов идорага кириб кетгач, Холбўри яна ишни давом этдира бошлади.

Бу пайт ҳавоза пояларига яқин жойда тамошабинлар оломони тобора кўпая бошлади.Улар орасида "Қовункапа" қишлоғида туғилган сал найновроқ, ўзини хашоратшунос олим хисоблаб юргувчи Вақваққул Доно юқорига қараганича Холбўрига мурожаат қила бошлади.

-Холбўри, Хорманг!Қалай чарчамаяпсизми, ука? -деди у.

-Раҳмат, Вақваққул ака!Севимли иши билан шуғилланаётган одам чарчамайди! -деди Холбўри, бир зум тўхтаб.

-Мен сиздан бир нерсани сўрамоқчи эдим!Шу, десангиз, сочларимни қора бўёққа бўяб юраман!Ҳар хафтада бўямасам сочларимнинг оқи кўриниб, худди жайранинг тиконларидай ола була бўлиб кетяпти!Бўяйвериб, тўғриси, хориб, чарчадим, тинкам қуриди.Соқол мўйловнику қирсанг, арчилган тухумдай лўппибетдондук бўлиб қоласан одам.Аммо сочимни қирдирсам, бошим ўлгур бехининг ғазанагига ўхшаб қоладида.Хашоратшунос олимлар симпозиумига шу аҳволда бораманми?Бу пардоз андознинг иши қийин бўлар экан, ука!Сизда умрбод ўчмайдиган қора бўёқ йўқми? -деди ҳаваскор хашоратшунос олим Вақваққул, юқорига умид билан кўз тикиб.

Холбўри бир зум ўйланиб қолди.Сўнг: -Йўқ, Вақваққул ака!Тўғри, менда қора мой бўёқ бор.Лекин у қора бўёққа бўяганингиз билан сочингиз ўсган сари яна оқи чиқиб қолаверади.Кейин мойбўёқ сочларингизни қотириб, сув ўтказмай қўяди.Энди сув тегмаса, таралмаса, унақа сочлар остида битлар тухум қўйиб, болалаб кетиши мумкин -деди.

-Э, унда ёмон экан -деди ҳаваскор хашоратшунос олим Вақваққул Доно ва Чикателонинг портфелига ўхшаш сумкасини кўтарганича сочлари қорага бўялган бошини қуйи солиб, уйига жўнади.

Холбўри мижғов ва сергап сохта олим Вақваққулнинг тузсиз суҳбатидан ҳалос бўлгани учун енгил тортиб, расм чизишда давом этаркан, шогирди Толибжонга: -Толик, радионинг овозини баландлатиб қўй, Анвар Ғаниев куйлаяпти!  -деди.
Толибжон радионинг овозини баландлатди.Радиодан халқимизнинг энг севимли хонандаларидан бири  Анвар Ғаниевнинг севги ҳақидаги дардли қўшиғи янграр эди.


Оҳ, севаман кўзларингни, оҳ севаман сўзларингни, севаман жооним сени сенииииии!

Шу пайт Холбўри ўтирган тахта чириб қолган эканми, кутилмаганда қааарс этиб синиб, у ҳавозадан учиб, айланганича пастга қулади. Буни  кўриб, қўрқиб кетган Илтижо билан Нортожи дод деб қичқириб юбордилар.Оломон ҳам дахшатдан қотиб қолгандай эди.Яхшиям пастда уйиб қўйилган алебастр бор экан, Холбўри гуп! этиб, чанг тўзон кўтарганича ўша алебастр уюми устига чалпак бўлиб тушди.Бу орада тепадан учган бир банка қизил бўёқ Холбўрининг бошига қулаб, тўкиларкан унинг усту боши қип -қизил бўёққа беланди.Холбўри шошиб ўрнидан туриб, тамошабин оломон тамон худди зомбилар каби ёнбош ёнбош юриб бора бошлаган эди, одамлар рассомнинг боши ёрилиб, қатиғи чиқиб, ҳамма ёғи қонга беланибди дея ўйлаб, дуч келган тамонга урра қочдилар.Нортожи дод деганича эри тамон югирди.Илтижо эса, қўрқувдан ўзи билмаган ҳолда ўрнидан туриб кетди.У ногиронлар аравачасини қолдириб, худди янги йўлга юрган боладай атак -чечак одим отарди.Нортожи югирганича бориб, Холбўрини қучоқлаб, бағрига босаркан:-Холбўри ака, ёмон тушмадингизми?!Бирон жойингиз лат еб, майиб бўлмадингизми?! -дер эди нуқул.

Холбўри эса Илтижога қараганича ағрайиб қолган эди.

-Қара, Нортожи, қара!Илтижо юряпти! -деди у ҳаяжон ичра.

-Э, Худога шукур!Худойимга шукур! -деди Нортожи, кўзлари жиққа ёшга тўлиб, Илтижони суяшга шошилар экан.

Илтижонинг фалажланган асаб толалари қурқув натижасида ишлаб кетган эди.

 

30 боб

Тракторчининг кўз ёшлари




Ёз оқшоми.Қишлоқларда кеч кириши билан автоуловлар шовқини тиниб, борлиққа осуда жимлик чўкаркан, сукунатда узоқ узоқлардаги овозларни ҳам бемалол эшитиш мумкин бўлади.Саррин шаббода топ -тоза қилиб супурилган, сув сепилган озода ховлилар аро оёқ учида кезиб, райҳонларни тебратиб, дайдиб юргандай таасурот қолдиради.Холбўри искабтопарларни хайдаш учун темир замбилғалтак аравасида хас -хашак ва тезакларни тутатиб, дуд солмоқда эди.Нортожи билан Илтижо ховли ўртасидаги чорпояда ўзаро суҳбатлашиб ўтиришар, Холбўрининг онаси номоз ўқир, Машрапилло эса уйда телевизордан "Оқшом эртаклари" кўрсатувини тамоша қиларди.Шом зулматида қорайиб кўринган азим тераклар ортидан олтин патнис каби ой кўтарилиб чиқаркан, ҳавода шодон кўршапалаклар галаси унсиз парвоз қилар, чигирткаларнинг гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаётган босиқ товушлари тунни зириллатарди.

Холбўри дуд солар экан, нималигини файласуф олимлар ҳам айтиб беролмайдиган ҳаётнинг мураккабликлари, унинг кутилмаганда юз берадиган мўжизалари ҳақида ўйлар, ўзи жондан севган Илтижонинг соғайиб, юра бошлагани, ёнгинасида юрсада, қўшни хонада ётсада, унга қўлининг учини ҳам текиза олмаслиги, севимли хотини Нортожига бўлган ҳурмат, кўзга кўринмас, аммо мустахкам садоқат девори борасида хаёл сурарди.У кечалари Нортожи билан бир ёстиққа бош қўйиб ётсада, деярли ҳар кеча ўзи билмаган ҳолда Илтижо ҳақида ўйлай бошлар, ҳатто Нортожи уйқуга кетган маҳал сездирмай оёқ учида юриб, Илтижонинг хонасига кирсаммикин, у билан бирга тонг отдирсаммикин деган шайтоний фикрлар унга тинчлик бермас, аммо бунга унинг виждони йўл қўймаганидан қийноқларга, руҳий изтиробларга сабот билан чидаб яшайверарди.Ўзбек халқининг энг севимли ҳофизларидан бири айтган дардли мисралардаги:


Бири бирисига ўхшамас, ёраб,
Кўзимнинг ёшлари тўхтамас, ёраб.
Қўярман бир унга бир бунга қараб…
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр.

Бирин ҳур дейинми, бирин гулойим,
Суймаганим суйганимдан мулойим.
Бу қандай кўргилик экан, Худойим,
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр.


деган сўзлар нақадар топиб айтилган экана, дея ўйлаб қўяди.

Илтижонинг тузалиб бораётганидан Соддагул опа билан Қиличбек Қоплоновичнинг қувонганларини кўриш, уларнинг миннатдорчиликларини эшитиш Холбўри учун қанчалар мароқли экани фақат унинг ўзига ва Яратгангагина аён.

-Раҳмат, опажон!Яхшиям қизимни шу ёқларга олиб келганима!Руҳшунос олим тўғри айтган экан.Мана, болагинам тузалиб, оёққа турди.Мен бу яхшиликларингизни у дунёю бу дунё унутмайман! -деди Соддагул кўзлари жиққа севинч ёшларига тўлиб ва Холбўрининг онасини қучоқлаб, бағрига босиб, қўлларини ўпиб, кўзларига суртаркан.

-Соддагул, сиз менга эмас, Яратган Парвардигори Оламга шукроналар айтинг.Бу барчаси Худои Таолонинг ҳикмати, мўжизаси! -деди Холбўрининг онаси.

Холбўри ҳавозадан учиб ерга йиқилган маҳал Илтижонинг шартта ўрнидан туриб кетиши эса унинг Холбўрига бўлган муҳаббати чин ва кўз илғамас даражада юксак эканини яна бир бор исботлади.

Холбўри шу воқеадан кейин "Энди одамлар мени паралични ҳам даволаб юборадиган буюк табиб дея эълон қилиб, дардга чалинган ўз яқинларини даволатиш учун дарёдай оқиб келишаркан, мени ҳар куни уч тўрт марталаб баланд ҳавозадан сакрашга мажбур қилишмаса бўлди" дея Нортожи билан Илтижони кулдириб юрадиган бўлди.

Холбўри шулар ҳақида ўйларкан, қўлларини ювиб, сочиққа артганича чорпояга чиқиб, кўрпача устига ўтирди.Кейин хонтахта тирсаклари билан таянганича овқатлана бошлади.

-Машрапилло уйда маза қилиб "Оқшом эртаклари"ни кўриб ўтирибди.Биз билан иши ҳам йўқ -деди Нортожи.

-Ҳа, биз ҳам яқиндагина шунақа болакайлар эдик.Ҳудди кечагидай.Гўё бир зумда ўсиб, улғайиб қолгандаймиз.У замонларда бунақа шароитлар йўқ эди.Эсимда, бизнинг деворга осиб қўйиладиган беш сўмлик кичкинагина радиомиз бўларди. Ўша радиодан оқшом пайтлари бир аёл эртак сўйлар, эртак тугагач, скрипкада ижро этиладиган, одамнинг ўй -хаёлларини узоқ узоқларга олиб қочиб кетадиган бир маюс ва маҳзун куй таралар, эртакчи хола эса ҳазин овозда алла айтар эди.


-Жон болам, дўндиққинам, аллаё алла!
Ширин қўзичоғим, аллаё алла.

Болагинамнинг боласиё алла!
Қантак ўрик донасиё алла!
Кеча тўйиб ухласанго алла,
Қувноқ ўтар кундузинго алла.

Аллаё алла.Ааалллаа...


Эртак адоғидаги ҳазин аллани дарахтлар ортидан балқиб чиқаётган ойга, олис юлдузларга темулганимизча тинглар эканмиз, кўзларимизга уйқу илиниб, қандай ухлаб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмай қолардик -деди Холбўри.

Кечки овқатдан кейин у красовкаларини кия бошлаган эди, онаси уни саволга тутди.

-Ҳой бола, кеч кирганда яна қаёққа отланяпсан?Завол пайти Худо деб уйда ўтирсангчи? -деди у Холбўрига.

-Овқатни хазм қилиб, бирор километр масофага югириб келаман -деди Холбўри ва кўчага чиқиб кетди.

-Ҳа, қулоқсиз болая.Шомдан кейин кўчага чиқма десам, сира қулоқ солмайди, солмайдида -деди жонамоз устида тасбех ўгириб, саловот айтаётган она, чарчаганидан эснаб қўяркан.

Нортожи идиш -товоқларни, Илтижо эса дастурхонни йиғиштирди.Дастурхонни бир четга қоқаркан, Илтижо олам жаҳонни нурга кўмиб, жимгина порлаётган ойга бир зум термулиб қолди.

Шу маҳал кутилмаганда ер қимирлай бошлади.Уйлар ғижирлаб, айвонлардаги шнурларда осилган лампочклар маятникдай у ёқдан бу ёққа бориб келар, одамлар дахшат ичра бақириб, итлар безовталаниб, асабий хура бошладилар.Кампир қўрққанидан калима қайтарарди.

-Илтижо қўрқувдан турган жойида қотиб қолган, нимадир демоқчи бўлардию аммо унинг овози чиқмасди.

Нортожи эса:- Войдод!Машрапилло уйда қолиб кетди! -дея бақирганича болакай телевизор кўриб ўтирган уйга қараб чопди.У Машрапиллони кўтариб айвонга олиб чиқаркан, айвондаги полосга оёқлари ўралашиб, юзтубан йиқилди. Қўрқувдан ранги охакдай оқарган Машрапилло ўрнидан дик этиб туриб, ховлига қараб чопди. Шу маҳал уй бир тамонга хуник қийшайиб, гурсиллаб қуларкан, Нортожи дод деганича чанг -тўзон ичида кўринмай кетди.

Илтижо югириб келиб бўйнига осилган боласини бағрига босиб, дахшат ичра дағ дағ титрар, дод деб йиғлар, Холбўрининг онаси ҳам бор овозда фарёд чекарди.

Шу маҳал кўчадан Холбўри югирганича кириб келаркан, онасининг: -Болам, бизни Худо уриб қўйди!Нортожини уй босиб қолди! -деган фарёдини эшитиб, бир зум тошдай қотиб қолди.Сўнг ўзига келиб:
-Қани?!Қаерда?!Нортожи!Асалим! -дея қулаб ётган уй вайронаси устида телбаларча эмаклай бошлади.У қўлига кирганки нарсани олиб четга отар, айни пайтда у одамдан кўра, кўпроқ оёқлари билан ер қазиётган тўрт оёқли махлуққа ўхшарди.Ниҳоят у минг машаққатлар билан Нортожини тўсинлар, гувалаклар ва тахта бўлаклари остидан қазиб, суғириб чиқарди.Бу маҳал ер силкиниши тўхтаган эди.

Чанг тупроққа, қонга беланган Нортожининг юрагини шошилинч тинглаб кўрган Холбўри бақириб юборди:

-Тирик, тирик! Худога шукур!Худога шукур! Нортожи, асалим, мени эшитяпсанми?!Кўзларингни оч! -дер эди у.Лекин Нортожи кўзларини очолмай бехуш ётарди.У жуда оғир жарохатланган эди.

Нортожининг тирик эканини кўриб, Холбўрининг онаси ҳам, Илтижо ҳам қўрқувни унутиб, изиллаб йиғлаганларича Худога шукрона айта бошладилар.Бу орада ҳамма ёқни "Тез ёрдам" машиналарининг чинқириғи тутиб, Қовункапа қишлоғи осмонида вертолётлар учиб айлана бошладилар.Нортожини "Тез ёрдам" машинасида касалхонага олиб бордилар.Касалхонага Ғойиб тракторчи билан унинг хотини Каполатхонлар ҳам етиб боришди.Каполатхон дод деб йиғлаб, бир неча марта хушини йўқотди.Ғойиб тракторчи ҳам кўз ёшларини кепкасига артиб: -Худойим, қизим ҳали ёш.Унинг ўрнига менинг жонимни олақол! Чунки, унга бир нарса бўлса, энди менга бу ҳаётда яшашнинг ҳам қизиғи йўқ!-дея елкаларини силкитиб, унсиз йиғларди.У дўхтирларга : -Барака топкурлар, агар болам тузалиб кетса, умримнинг охиригача томорқаларингни бепул шудгор қилиб ўтаман -дер эди.Шу кеч одамлар касалхона ховлисида мижжа қоқмай тонг оттирдилар.Фақат онасининг қучоғида ётган Машрапиллогина донг қотиб ухларди.Эрталаб дўхтирлар Холбўрига Нортожининг ўзига келганини хабар қиларкан, Каполатхон билан Ғойиб тракторчи бу гаплардан қувониб, тиз чўкканларича осмонга қараб, Яратганга қайта қайта шукроналар айтишди.Айниқса Ғойиб тракторчи осмондан кўзларини узмай, худди Худони кўриб тургандай, унга мурожаат қиларкан: -Парвардигорим, ўзинг менга шу биттагина фарзандни ато этган эдинг, уни ҳам мен ғариб қулинг Ғойиб тракторчидан олиб қўймай дебсанда!Раҳмат, Худойим!Қизим тузалиб кетса, ишон менга, ичкиликни ташлайман!Масжидга қатнаб, сенга ибодат қиламан! -деди.Дўхтирлар фақат беморни толиқтириб қўймаслик шарти билан Нортожининг ёнига киришлари учун рухсат беришди.Биринчи бўлиб палатага елкасига оқ халат ташлаган Ғойиб тракторчи хотини билан, уларнинг ортидан Холбўри, Илтижо ва Машрапиллони етаклагинча Холбўрининг онаси кириб бордилар.
Илғор тиббий аппаратуралар билан жихозланган палатадаги кроватда боши оппоқ бинтлар билан ўралган, қўл- оёғи гипсланган Нортожи турли шнурлар билан сунъий нафас олиш аппаратига улаб қўйилганича ётар, у шу ётишида миср эхромларидаги мўмиёланган жасадларни, худди капалак ғумбагининг пилласини эслатар эди.Каполатхон қизининг ёнига қоқилиб, суқилиб, деярли эмаклаб бораркан: -Қизим! -деди ва Нортожининг мадорсиз қўлини беозор силаб, юзларига босганича бошқа биронта сўз деёлмай юм -юм йиғлайверди.Ғойиб тракторчи кепкасини мижғилаб кўксига босганича қизига термулиб унсиз йиғлар, кўз ёшлардан унинг кўзлари кумуш тангалар каби ялтиллар эди.Қолганлар ҳам йиғлар, Нортожининг хорғин очилган кўзлари қиридан кўз ёшлар симоб донасидай думалар экан, юзларини ювиб, ёстиққа томарди.Ғойиб тракторчи худди меҳроб қаршисидаги диндор каби тиз чўкиб, тиззалари билан юриб бориб, қизининг юзларини меҳр билан силади.Тракторчининг лаблари титраб, кўзларидаги омонат кўз ёшлар дув этиб палата полига тўкилди.Нортожи хорғин овозда: -Аяжон, дадажон, йиғламанглар, илтимос -деди.Эр -хотин шошиб, хўп дегандай бош ликилатишаркан, Каполатхон овози чиқмаслиги учун остки лабини узилиб кетгудай қаттиқ тишлаб, унсиз йиғлашда давом этди.Ғойиб тракторчи хотинининг бошини бағрига босиб, кўз ёшлари тўкилиб кетмаслиги учун шифтга қараб йиғларди.
Бир маҳал Машрапилло юлқиниб чиқиб, Нортожининг ёнига югириб бордида, уни оҳиста бўйнидан қучоқлаб:-Аяжон! -деди.У юзини ҳудди Нортожининг юрак уришини тингалётгандай унинг кўксига юзини босиб ётарди.

Нортожи кўзлари тўла ёш, ҳиёл жилмайганича мадорсиз қўли билан Машрапиллонинг бўрининг юнгидай дағал сочларини силаркан, пичирлаб дуо уни қилди: -Бошинг тошдан бўлсин.Катта йигит бўлгин.Мен сени яхши кўраман -деди у базўр.

Бу гапларни эшитиб, ҳаммалари жўр бўлиб, унсиз йиғладилар.Айниқса Холбўри ўзини тутолмай йиғларди.Шундан кейин Холбўрининг онаси келинининг ёнига борди.

-Айланай, қизима.Бизни кечиринг, ғафлатда қолдик, ғафлатда -деди у йиғлаб.

-Йўқ, аяжон, ундай деманг.Аксинча сиз мени кечиринг.Мен сизга яхши келин бўлолмадим-деди Нортожи, қайнонасининг қўлини оҳиста силаб.

-Оҳ, Нортожи, сиз менинг келиним эмас, ўз туққан қизимдек жигарбандим, фарзандимсиз -деди силкиниб, тўкилиб йиғлаб Холбўрининг онаси.

Нортожи Холбўри билан Илтижонинг яқинроқ келишларини сўради.Илтижо билан Холбўри Нортожи ётган кроватга яқин бордилар.

-Нортожи, нега бу дунё бунчалар, адолатсиз, бунчалар ғирром экана!Сизнинг ўрнингизда мен бўлишим керак эди!Чунки бу кўргуликларнинг барига мен сабабчиман, мен!Ҳа, ҳа, мен шумқадам сизларникига келмаганимда балки бундай бўлмасмиди?!-деди Илтижо қон йиғлаб.

-Йўқ, Илтижо ундай деманг.Буни тақдир дейдилар.Пешонамга ёзилгани шу экан.Менинг сиздан бир илтимосим бор.Менга бирон нарса бўлгудай бўлса, сиз кетиб қолманг, хўпми?Холбўри акам ёлғиз қолмасинлар.У жуда яхши одам.Илтимос сиздан, кетиб қолмайман деб менга сўз беринг -деди Нортожи.

-Нега ундай дейсиз, Нортожи?Тушкунликка тушманг ахир.Худо ҳохласа соғайиб, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасиз ҳали.Унақа васият қилманг, бизни қўрқитиб.Бахтингиз ўзингизга насиб этсин.Холбўри акам билан бирга яшашга фақатсиз сиз ҳақлисиз ва лойиқсиз.Мен эса уни ташлаб кетганман.Сиз тезроқ соғайинг ва Холбўри акам билан бахтли бўлинглар -деди Илтижо.

-Йўқ, сиз менинг сўнги илтимосимни ерда қолдирманг, Илтижо.Холбўри акамни ташлаб кетмайман, у билан бир умр бирга яшайман деб сўз беринг.Сиз ҳам, Холбўри ака, Илтижонинг кўз ёшини оқизмайман, Машрапиллони ўкситмай, ўз фарзандимдай тарбиялайман дея сўз беринг.Илтимос -деди Нортожи.

Бу сўзлардан сўнг Холбўри билан Илтижонинг хўп дейишдан бошқа чоралари қолмади.Улар Нортожи ётган кроват ёнида тик турганларича хўп дегандай бош ликиллатиб аччиқ аччиқ йиғладилар.

Шундан кейин навбатчи доктор ва ҳамширалар, бемор толиқиб қолади дея уларни хонадан деярли суриб, ҳайдаб чиқариб юборишди.

Эртасига Нортожи оламдан кўз юмди.



Тамом.



03/06/2017.
Кундуз соат 1 дан 24 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.

 


x_15d42282 (604x453, 162Kb)