Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Гўлахи



Қовурғаси кўринган чиллашир печка
куйларди қандайдир махзун қўшиқни.
Оғзида титрарди оловли тили.

У эса лахча чўғ устида рақс тушаётган
алвон алангага термулиб ғамгин,
Жаннатга тушишни ўйлаганича,
Дўзах оловида исинар эди.

Айниқса печканинг устида турган
қора қурум босган, букилиб кетган,
жўмраги кеккайган туника чойнак
ҳаммасидан кулгили эди.

Оловнинг тилидан қитиғи келиб,
чойнак, кулар эди узоқ қиқирлаб.
Сўнг ўзини локомотив дея ўйлабми,
чинқира бошларди паравоз каби.
Ҳар ҳолда шундай эди у.

Дарча ортидаги зулматда эса,
бўкириб, гувиллар эди қорбўрон.
Қорзарралар капалак галаси каби,
осма фонус теграсида айланар экан,
гўлахихонанинг ёруғ дарчаси
урилаётган қор зарраларидан
жаранглаётгандай туюлди унга.

У тунги дарчадан жимгина, ўша
момақаймоқ тўзғоғидай тўзғиётган
Қор зарраларига сўзсиз ва ўйчан
Жимгина термулиб, завқланар эди.

Қулоқ тутар эди кимсасиз зулматда,
ойналарни тирнаб, шивирлаётган
оппоқ учқунларнинг ғамгин оҳига.

Зулматда қорлардан оқарган боғлар,
гувиллаётган дарахтлар эса,
тезроқ баҳор келақолсайди -дея
ўйлар эди гўё.

Баҳор эса ҳали узоқда, аммо
унинг бир кун албатта келиши тайин
паспортсиз визасиз одамдай гўё.
Уни тўсолмайди тиконли симлар
у момоқалдироқларни танкдай гулдиратиб,
еру кўкни зириллатиб,
селлар шовқинидан дилларни
қувончларга тўлдириб келади, келса-
дея, у муттасил ўйлайверарди.

Нечун қорбўронда йўртиб бораётган,
йўловчининг сочу соқоли, қошу киприги
момақаймоқ тўзғоғидай оқариб кетган? -
деган ўй ҳам тинчлик бермасди унга.

- Кимсасиз, қор босган дала қўйнида,
қўриқчи ёлғиз қолган бўлсачи?
Шафқатсиз қорбўрон унинг омонат
яғир қалпоғини бошидан юлқиб,
учириб кетган бўлсая аллақаёққа?
Қўриқчи эса, қорзарралар тўзони аро
қушлар нега келмаяпти дея ҳавотирланиб,
ўйлаётган чиқар?
Тўғри -да, ахир.
Қўриқчи нимани қўрийди энди?
Гурас - гурас учгувчи озод қушларнинг,
гувиллаган телба галаси
бу ёқларга энди келмаса қайтиб
- ўйлар эди у.



15/02/2011.
Кеч соат 8:30.
Торонто шаҳри, Канада.