avtor (146x180, 31Kb)

Фахриддин Парпиев

 

Истеъдодли ёзувчи, "Олтинкўл" газетасининг редактори.

Бировнинг ҳаққи

(ҳикоя)



Ёз кунларининг бирида хизмат сафари билан Тошкент шаҳрига борадиган бўлиб қолдим. Эрта тонгда йўлга чиқиш мақсадида машиналар турар жойига келдим. Бу ерда одам гавжум, машиналар ҳам кўп эди. Ҳали ичкарига кирмасимдан бир йигит ёнимга келди-да «Ака, Тошкентгами?» деб сўради.

–Машинада учта йўловчи бор. Сиз чиқсангиз бўлди, кетамиз,–деди у. Биз йўлкира баҳосини келишдик-да машинага чиқдим. Ҳалиги уч йўловчи дегани эр, хотин ва уларнинг ёш боласи экан. Машинанинг орқа ўриндиғига жойлашдилар. Мен эса олд ўриндиққа, ҳайдовчи ёнига ўтирдим.

Биз Аллоҳдан сафаримиз бехатар бўлишини тилаб йўлга тушдик. Тез орада гавжум шаҳар ортда қолиб, далалар бошланди. Атроф гўзал. Ям-яшил пахтазорлар ўтиб боради. Ойнадан кираётган майин шаббода сочларни ўйнайди. Радиодан ёқимли оҳанг таралади. Машина салонида кўтаринки кайфият ҳукм сурарди.

–Исмим Икромжон, Андижон шаҳрида яшайман,–гап бошлади ҳайдовчи йигит. –Тирикчилик мақсадида мана шу машинани ижарага олганман. Худога шукр, шуни орқасидан рўзғор тебратяпман.

–Яхши-да ука,–деди орқа ўриндиқда келаётган киши,–одамларнинг узоғини яқин қилар экансиз.

Шу тариқа суҳбат бошланиб кетди. Икромжон очиққина йигит экан, турли қизиқарли воқеалар, ҳангомаларни сўзлаб берди. Суҳбат билан олис йўл ҳам яқин бўларкан. Биз бу пайтда Наманган шаҳридан чиқишдаги ёнилғи қуйиш масканига келиб қолган эдик.

–Мана шу жойдан бензин қуйиб олсак,–деди Икромжон. Бизнинг розилигимизни олгач, машинани шахобча томонга бурди.

–Энди акалар, менда пул озроқ эди, пулдан бериб туринглар,–илтимос қилди у.

Мен йўлкирага ажратиб қўйган пулимни узатдим. Орқадаги ака ҳам йўл ҳақини тўлади. Икромжон машинага бензин қуйдириб, ҳисоб-китоб қилди ва биз яна йўлга тушдик. Суҳбат узилиб қолган эди. Шунда мен:

–Икромжон, Шералининг кассетаси борми?–деб сўрадим. У «ҳа, бор эди», деб қидира бошлади. Лекин, кассета ҳеч кўзга ташланмас эди.

–Балки бу ёққа қўйгандирман,–ҳайдовчи шундай деб машина ғаладонини очди. Fаладонда бир боғлам беш юз сўмлик пуллар ётарди. Икромжон пулнинг остида ётган кассетани олди-да магнитофонга солди. Менинг кўнглим ғаш бўлиб қолди. «Пули бор эканку, нега ёлғон гапирди? Ёки бизда пул борлигига ишонмадими?» дея ўйланиб қолдим. Мендаги кайфиятни сезди шекилли, Икромжон хижолат бўла бошлади. Биз анча жойгача сукутда кетдик.

–Ака, сезиб турибман «пули бор экан, ёлғон гапирди-я», деб ўйлаяпсиз,–гап бошлади Икромжон йўлдан кўзини узмай. –Тўғри машинада пул бор, лекин у меники эмас, ишонинг.

Мен ҳам нимадир деган бўлдим. Орага яна жимлик чўкди.

«Бу воқеага икки йил бўлди,–шошилмай сўз бошлади Икромжон. Унинг овозида дард, мунг бор эди.

–Ўша пайтларда ҳам машина минардим. Тошкентга бормаган кунларим шаҳар ичида таксистлик қилаверардим. Бир куни ҳозир сиз билан учрашган жойда Тошкентга борсамми ёки шаҳар ичида юравераймикан, деб ўйланиб турсам бир йигит шошилиб келиб қолди. Унинг шевасидан қайсидир тумандан келгани сезилиб турарди.

–Ука, болалар касалхонасига элтиб қўйинг,–деди у. Мен рози бўлдим. Ўша йигитни айтилган жойга олиб бориб қўйдим-да машинани ювдирмоқчи бўлиб, шаҳар четига йўл олдим. Машина ювувчи болага калитни топширишдан олдин салонни бир қур кўздан кечириб чиқдим. Шунда ҳалиги йигит ўтирган жойда қолиб кетган бир даста пулга кўзим тушди. Олиб санасам – роппа-роса эллик минг сўм. Мен гумроҳ ўшанда жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки, менга пул жуда зарур эди. Ҳамкасблар билан ўтиришимизда шунчадан пул йиғиларди. Ўша куни машинани ювдирдим-у уйга кетдим. Керакли пулни топган эдим. Шунинг учун яна ишлагани эриндим.

Эртаси куни ишга чиқдим, машинани кечаги жойда қолдириб нонушта қилгани кетдим. Қайтиб келсам, кеча мен касалхонага олиб бориб қўйган ўша йигит машинам олдида турарди.

У мени кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Афтидан кеча машина рақамини эслаб қолмаган-у шунчаки тахмин қилиб кутаётган эди. Биз саломлашдик.

–Ука, мени танияпсизми? Кеча болалар касалхонасига олиб борган эдингиз,–деди у. Яхши таниб турсам-да худди эслолмаётгандай елка қисдим. У кеча неча пулга келишганимизни, қўлида қанақа юк халтаси бўлганини айтди. Мен «эслагандай» бўлдим, бироқ, безрайиб туравердим.

–Кеча машинангизда пулим қолиб кетибди. Мен буни аниқ биламан. Илтимос, қайтариб беринг,–деди у. Мен ҳеч қанақа пулни кўрмаганимни айтдим, чунки уни қайтариш ниятим йўқ эди. Йигит ялинишга тушди. У деди, бу деди, мен эса ўша алфозда туравердим.

–Қизим касал, жон ука, менга пул жудаям зарур,–унинг кўзида ёш йилтиради. Сездимки, у ҳозир йиғлаб юбориши мумкин».

Икромжон чуқур «уф» тортди. Сездирмасликка ҳаракат қилиб кўзларининг ёшини артиб олди-да давом этди.

«Лекин, мен беэътибор сигарет тутатиб туравердим. Кейин жаҳлим чиқди:

–Эй, менга қаранг. Нима, менинг қўлимга пул бердингизми ёки манави пул сизда турсин, деган жойингиз борми? Нимага менга туҳмат қиляпсиз. Қани гувоҳингиз?–дедим.

У ҳеч нарса дея олмай қолди.

–Агар тезда бу ердан кетмасангиз, ошналаримни чақираман. Улар сиз билан ҳисоблашиб ўтиришмайди,–дедим-да машинага ўтириб олдим. У ўша ерда туриб-туриб кейин кетди. Мен ундан қутулганимдан хурсанд эдим. Эсимда, ўша куни Тошкентга бориб қайтадиган мижоз топдим-да йўлга тушдим.

Эртаси куни эрта тонгда машиналар бекатига келсам, яна ўша йигит турарди. У кечаси уйга ҳам бормай касалхонада қолган шекилли, кўриниши жуда ҳорғин эди.

–Икромжон (у отимни ҳайдовчилардан сўраб билган бўлса керак), қизимни операция қилишлари керак. Ука, яхшилаб эслаб кўринг,–деди. Мен унга кечагидан ҳам совуқроқ муомала қилдим. Бечора менга тикилганича туриб қолди. Унинг кўзлари кечагидек эсимда. Йигитнинг нигоҳида чуқур қайғу ва чексиз нафрат бор эди. У бошқа ҳеч нарса демади. Шартта бурилиб, кетиб қолди. Мен одатдагидай йўловчилар билан Тошкентга отландим. Ўша сафар қайтишга одам бўлмади. Мен пойтахтда қолиб кетдим. Эртаси куни кечга томон Андижонга келдим. Автовокзал ёнида бир таниш ҳайдовчи мени тўхтатиб, кечадан бери уйимиздагилар қидираётганини айтди. Хавотирланиб қолдим. Чунки, деярли доим йўлда бўлишимни билгани учун авваллари ҳеч қидиришмас эди. Шошилиб уйга бордим. Уйда аям менга қизим Мафтунанинг касал бўлиб қолгани ва кечадан буён касалхонада ётганини айтди. Энди уни кўргани кетмоқчи эдим, аям «тўхтаб тур, овқатни солиб олай, бирга борамиз», деб қолди. Аямни кутиб туриб ўтган беш-ўн дақиқа ичида жуда сиқилиб кетдим. Мен тезроқ бориб Мафтунани кўришни хоҳлардим. Хавотирим тобора кучаярди. Қизчам икки ёшга кирган бўлиб, жуда ширин, энди гапира бошлаган вақтлари эди. Уни ҳаддан зиёд яхши кўрардим. Ниҳоят, аям тайёр бўлди. Биз касалхонага жўнадик. Палатага кирганимизда Мафтунанинг кўзлари юмуқ, иситмаси баланд эди. Аяси уни кўтариб олганича йиғлаб юрарди. Мен уни қўлимга олдим, чақирдим. Лекин у кўзини очмас, аҳён-аҳёнда сесканиб кетарди. Унинг юрак уриши шунчалик тез эдики, мен қўрқиб кетдим. Аяси унга нима бўлганини билмаслигини айтди. Мен даволовчи врач ёнига кирдим. Ёш врач йигит Мафтунага аниқ ташхис қўя олмаётганлари, бироқ, барча керакли чоралар кўрилаётганини айтди.

–Қанақа дори-дармон керак бўлса айтинг. Ҳаммасини топиб келаман,–дедим мен. Врач хотиржам овозда деярли лоқайдлик билан ҳозирча ҳеч нарса керак эмаслигини айтди.

У шунчалик бепарво эдики, мен уни ёмон кўриб кетдим. Эртаси куни мен Мафтунани текширтиришга кучлироқ врач топиб келишимни айтганимда унинг жаҳли чиқди. Биз тортишиб кетдик. Касалхонадан чиқиб, жаҳл билан машинага ўтирдим-да қаёққалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда жадал юргизиб кетдим. Мен хаёлан анави врач йигит билан олишардим. «Намунча аблаҳ бўлмаса. Бировнинг боласига заррача ачинмайди-я», деб ўйлардим. Таниш шифокорларни бирма-бир эслай бошладим. Аксига олиб бирорта ҳам жўяли фикр келмасди калламга. Мен жуда ҳаяжонланардим. Рулда эканим эсимда ҳам йўқ. Ўша пайтда ҳаракат қоидаларига риоя қилмай кетаётган эканман. Бир вақт кучли сигнал товуши қулоғимга кирди. Мен газни босдим... Тормоз овози эшитилди... Бошимни кўтариб қарасам, рўпарамда каттакон юк машинаси кўндаланг турарди. Мен тормоз босдимми ёки йўқми, эслай олмайман. Қарсиллаган овоз ва синган ойналарнинг жаранглаши эшитилди. Кейин яна нимадир

қарсиллади. Бирдан ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Миям худди ишламаётгандай ҳеч нарсани ўйламасдим. Орадан қанча вақт ўтди, билмайман. Бир пайт мени машина ичидан кимлардир тортиб олаётганини билдим. Улар нималардир дейишар, мен эса ҳеч нарсани эшитмас эдим. Атрофимни одамлар ўраб олди. Мен карахт бўлиб қолган эдим. Кейин бирдан «Эй, Худо, нима қилиб қўйдим?» деб ўйладим. Машинам ёдимга тушди. Не кўз билан кўрайки, яқинда кредитга олган яп-янги машинам пачоқ бўлган эди. Кейин яна ҳушимни йўқотдим. Ҳеч нарсани англамас эдим. Шунда бирдан қизим Мафтунанинг касаллиги ёдимга тушди-да ўзимга келдим. Энди тезроқ бу ердан кетишни хоҳлаб қолдим. Ўша кунги умрим бир совуқ тушдай ўтди. Аввал шифокорлар, сўнгра милиция ходимлари мен билан суҳбатлашдилар. Кейин англадим-ки, энг гавжум чорраҳада светофор чироқларига амал қилмаганим учун юк машинаси остига кириб кетган эканман. Бу ҳам камлик қилгандай, ўнг томондан келаётган машина менинг машинамга урилган экан. Лекин ўзимга ҳеч нарса бўлмаган эди.

Шом вақтида касалхонага етиб бордим. Қизим ҳамон ўзига келмаганди. Шифокор кириб аямни олиб чиқиб кетди. Бироздан сўнг аям қайтиб кирди-да ҳаммамиз уйга кетишимизни айтди. Мен, хотиним ҳам ҳайрон бўлдик. Аям кўзимизга қарамасдан нарсаларни йиғиштира бошлади. Мен Мафтунани кўтардим. Биз уйга етиб келганимизда қоронғу тушган эди. Йўлда аямга «машинани устахонада қолдирдим», дедим. Лекин, уйга келгач, дадамга тўғрисини айтдим. Мафтунанинг оғир касаллиги боис машина ҳақида ҳеч ким оғиз очмади. Бу вақтга келиб, Мафтуна сесканмай қўйган, анча тинчиб қолганди. Бир кунда бошимдан ўтган оғир уқубатлар чарчатганми, ухлаб қолибман. Йиғи овозидан уйғониб кетдим...»

Икромжон йиғлар, кўз ёшларини яширишга уринмай ҳам қўйган эди.

«Мафтуна шу ухлаганича, қайта уйғонмади. Кетма-кет зарбалардан эсанкираб қолдим. Мен учун ҳаёт ўз маъносини йўқотган эди. Анчагача ўзимга келолмадим. Тушларимда Мафтунани кўтариб юрсам машина бостириб келаверарди. Қизим бечорани ҳар куни янгидан йўқотгандай бўлардим. Шундай кунларнинг бирида бирдан «қизим касал, жон ука...» деган ўша йигитни эслаб қолдим. Шу билан гўё барча бахтсизликларим сабабини топгандай эдим. Ич-этимни ея бошладим. Лекин кеч эди.

Тирикмисан, демак ҳали мағфират эшиклари очиқ, деганларидек, аста-секин ўзимни қўлга олдим. Кейинчалик танишларим мана бу машинани ижарага беришди. Биринчи ишлаб топган пулларимдан эллик минг сўм жамғариб, машина ғаладонига солиб қўйдим. Мақсадим ҳалиги йигитни топиб, пулини қайтариш. Ҳалигача мана шу пул ёнимда юради, бирор тийинини ҳам ишлатмайман. Чунки... чунки, у бировнинг ҳақи. Мен буни тушундим. Лекин ўша йигитни тополмаяпман».

Бу вақтда машина тоғлар оралаб юқорига кўтарила бошлаганди.

Икромжон ҳикоясини тугатди-ю сукутда қолди. Орқа ўриндиқда келаётган аёл йиғлар эди. Мен ҳам хаёлан ўз ўтмишимни тафтиш қила бошладим.


2005 йил.

Олтинкўл.

 

 

 

О, юртим шамоли, юртим шамоли!

Абдулла Орипов

 

 

 

 


Оқибат

(ҳикоя)



Туни билан давом этган шамол булутларни олиб келди чоғи, тонгга яқин шаррос ёмғир қуйиб юборди. Кун бўйи жазирима тафтида ҳолсизланган табиат қайта жонланди, гўё.

Томчиларнинг бутун борлиқ - дов-дарахтлару экинзорлар, уй томларига келиб урилиши, тарновлардан тўлиб оқаётган сув ва аҳён-аҳёнда кўк бағрини қиличдек кесиб, ойналарни зириллатаётган момоқалдироқ товуши қўшилиб ваҳимали манзара ҳосил қилганди. Қоронғи уйда ёлғиз ётган чол инқиллаб ўрнидан турди-да ташқарига назар ташлади. Ёмғир тобора кучайиб борар, ҳовли юзасини томчилардан ҳосил бўлган пуфакчалар эгаллаганди. Осмон ҳудди минглаб ҳарсанг тошлар бир-бирига урилаётгандай гумбурлар, ҳали у ер, ҳали бу ерда лаҳзага узун из қолдириб чақмоқ чақарди.

Бир неча дақиқа давом этган жала бирдан тўхтади. Атрофга сукунат чўкди. Бир оз ўтгач, булутлар орасидан чиқишга уринаётган тўлин ой шуълалари атрофга ёйила бошлади. Энди боягина қулоқни қоматга келтираётган шовқин тинган, фақат тарновдан томаётган сўнгги томчиларнинг чаккиллашигина эшитиларди. Чол ёстиқ остидан кўкрак соатини олди. «Одам кексайганида қуш уйқу бўлиб қолади, деганлари рост экан, тавба» ғудранди у соатни жойига қўяр экан. Ҳали тонг отишига икки соатча вақт бор эди. Бироқ мана шу икки соатни ўтказиш жуда қийиндек туюлди унга. Чол деразани очиб юборди. Димиққан хонага мусаффо ҳаво кирди.

Бутун тун давомида чолнинг кўзи бир-икки бор илинди холос. Унда ҳам қандайдир дақиқаларга. Шу тобда чолнинг туришини кўрган одам кўзларидаги аллақандай безовталик, илинжни сезмай қолмасди. У аниқ нимадандир изтироб чекарди.

 

 

* * *


Узоқ йиллар гаражда чилангар бўлиб ишлаган Даврон тоға нафақа ёшига етгач идорага қоровул бўлиб ўтди. Меҳнати дарҳол кўзга ташланадиган, бироқ ўзининг бор-йўқлиги сезилмайдиган бу одам тез орада идора ҳовлисини гулдек қилди қўйди.

Чарос хола чолининг деярли уйда бўлмаслигига кўникиб кетганди. Қолаверса, яккаю-ягона қизларининг бебошлиги туфайли чол-кампир айтишавериб, кам сўзлашадиган бўлиб қолган эдилар. Суҳбатнинг охири бориб қадаладиган жанжал «айбдор эмассиз, намунча ич-этингизни еяверасиз» қабилидаги таъкиддан иборат бўларди, одатда.

Чарос хола ёшлигида жуда шаддод, тутган жойини узиб оладиганлар хилидан эди. У қошларига қалин ўсма суришни сира канда қилмас, қулоғига садарайхон шохини қистириб оларди. Эпчил ва саришталигидан Даврон тоға «дарахтдан узилган барг ерга тушгунича етиб борасан-а» деб қўярди. Тақдир - насиб, деганларидек, узоқ қариндош бўлган икки ёш бир-бирини кўрмай туриб турмуш қургандилар. Ота-онасининг ёлғиз фарзанди бўлган Чарос хола тўйдан бир йил ўтар-ўтмас бўш-баёв куёв бола - Даврон тоғани ўз уйига ичкуёв қилиб олиб келган ва улар шу ҳовлида яшаб қолган эдилар. Аввалига Даврон тоға ўз юртига қайтиб кетишларини айтиб юрди. Бироқ, аввал ота-онаси, кейинроқ акаси оламдан ўтганидан сўнг жиянларига қолган ҳовлига қайтишни хоҳламади. Кетма-кет фарзандлар туғилди, аммо, катталарининг умрлари қисқа экан, ёшлигидаёқ нобуд бўлдилар. Фақатгина кенжа қизлари яшаб қолди.

Ҳаётда ёлғиз дилбандлари учун яшаётган бу икки муштипар зот ўксинмасин, дея қизнинг кўнглига қарар ва бирор марта бўлса ҳам қаттиқроқ сўз айтмаган эдилар. Уни ёзда офтоб уриши, ёки қишда шамоллашиб қолиши мумкинлигидан ташвишланар хуллас, еру кўкка ишонмасдилар. Негаки, эр-хотиннинг барча умидлари, орзу-ҳаваслари мана шу қизда эди.

Оқибат эса аксинча бўлди. Қиз эрка, бемеҳр ва худбин бўлиб вояга етди. Аввалига унинг инжиқликларини ёлғиз қизнинг кичкина эркаликлари сифатида завқланиб қабул қилаётган ота-она бора-бора ташвишга тушиб қолдилар. Ташвишлар қиз вояга етгани сари у билан бирга ўсиб, улғайиб борарди. Энди унинг ташқаридан сезилмайдиган ўжарлиги, бировнинг гапига қулоқ солмай қўйгани оилада доимий дилхираликни келтириб чиқарар, бу эса чол-кампир бечораларни адойи тамом қиларди.

...Қиз битирувчи синфга ўтган йили эди. Ёзнинг илиқ оқшомларидан бирида у қўшни қишлоқдаги дугонасининг битирув кечасига бориб келишини айтиб уйдан чиқиб кетди-да тонгда қайтди. Шу кеча ота-она шамдай куйиб битдилар. Қизни қидира қидира тополмай қайтган

Даврон тоғанинг сочлари бир кечада оқариб кетди ҳисоби. Чарос хола йиғига зўр берди-ю хушини йўқотиб йиқилди.

Қиз кириб келганида кун ёйилиб бўлган, далага мол боққани кетган болалар кўчани тўлдириб қайтаётган эдилар.

-Қаерда юрибсан... қизим? Нима бизни ажалимиздан беш кун бурун ўлдирмоқчимисан?- Тоға ўйлаб қўйган аччиқ гапларини айта олмади.

-Дугонамнинг ўртоқлари келган экан. Улар билан шаҳарга бордик. Қайтиб келганимизда кеч бўлган эди, шунинг учун дугонамнинг уйида ётиб қолдим. Ҳа, нима... мен ёш боламанми?- деди у ялинчоқ оҳангда.

Қизни кўрган Даврон тоғанинг кўнглидан «хайрият соғ-омон экансан», деган фикр ўтди-ю кўзларига ёш югурди.

-Бор, уйга кириб бувингдан кечирим сўра. Бечора сени ўйлайвериб касал бўлиб қолди,-деди-да ўзи ишга отланди.

Қиз эрка бўлгани билан мактабда яхши ўқирди. Қолаверса, сулувлиги билан ҳам дугоналаридан ажраб турар, қизларни ўз ортидан эргаштириб юрарди. Мактабни тамомлаганидан сўнг шаҳарга, тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Аввалига бинойидай ўқиди, тез-тез уйга келиб турди, бироқ кейинчалик ўзгариб кетди. Уйга кам келарди. Бир гал узоқ қолиб кетганидан хавотирланган Даврон тоға уни қидириб йўлга тушди. Борса, дарсларга қатнашмаётгани учун уни ўқишдан ҳайдашаётган экан. Тоға билим юрти раҳбарларига ялиниб-ёлворди, йиғлаб-сиқтаб сўнгги огоҳлантириш шарти билан қизининг ўқишини сақлаб қолди. Қиз ҳам тавба-тазарру қилиб, яхши ўқишга ваъда берди-да отасини қишлоққа жўнатиб юборди. Даврон тоға «Нега дарсларга қатнашмадинг?» деган саволга бирор жўяли жавоб олмаганидан кўнгли ғаш йўлга тушди.

Қиз ўзидан ҳам баттар эрка, енгилтакларга қўшилиб қолган эди. Қишлоқдан ойма-ой келиб турган пул фақат маишатларгагина сарфланарди.

Даврон тоға кейинги гал қизини қидириб шаҳарга келганида, у ўқишдан ҳайдалиб кетган экан. Тоға минг чиранмасин уни ўқишга қайта жойлай олмади. Шундан сўнг қизнинг кўнглига ҳам қараб ўтирмай, қўлидан етаклаганича қишлоққа олиб кетди.

Бетартиб ҳаёт қизга ўз таъсирини ўтказган эди. Унинг кўзлари бежо боқадиган ва муомаласи қўрс бўлиб қолганди. Тўғри баъзида у негадир хушмуомала, хушчақчақ бўлиб «дадажон», «онажон» деб қолар, тинимсиз куларди. Бироқ ўша пайтларда унинг кўзлари ола-кула бўлиб, қўрқинчли тус оларди. Қиз бир неча марта уйдан қочиб кетмоқчи бўлди. Ҳар сафар бир сабаб билан сир ошкор бўлар ва уни тутиб қолардилар.

Бир сафар «дугоналарим билан бироз суҳбатлашиб келаман» дея кўчага йўл олди. Орадан бир-икки соат вақт ўтгач, маҳалладаги тижоратчи аёл кириб келди.

-Хола, билагузугингизни ололмас эканман. Эрим рухсат бермади. Узр, а?-деди у Чарос холанинг келинликдан севган тақинчоғини узатар экан.

Даврон тоға ва Чарос хола ҳангу-манг бўлиб қолдилар: тақинчоқ қаердан бу аёлнинг қўлига тушиб қолди экан?

Барбод бўлган бу режа қизнинг қочиб кетишга бўлган яна бир уриниши эди. У Чарос холанинг қадимий билагузуги борлигини билар ва кўпдан бери унга кўз тикиб келарди. Шу куни онасининг намоз ўқишга ўтиришини кутди-да сандиқни очиб, тақинчоқни ўмарди. Ўша пайтнинг ўзида кетиб юбормоқчи эди-ю отаси ишдан келиб қолди. Тезроқ чиқиб кетиш керак эди. Чунки кампир намоз ўқишни тугатгач сандиқ устидаги кўрпа тахлами бузилганини сезиб қолиши мумкин.

Найранг билан минг хил туслана оладиган қиз отасига дугоналарини баҳона қилиб кўчага чиқди-да режага кўра тўғри тижорат дўконига йўл олди. У тақинчоқнинг қиммат туришини биларди, бироқ ҳозир савдолашиб ўтиришнинг мавриди эмас. Шунинг учун билагузукни жуда арзон сотиб юборди. Тўсатдан кутилмаган муаммо чиқиб қолди: савдогар аёл пулнинг ярмини бугун, қолганини эртага тушдан кейин беришини айтди. «Ўл, қурумсоқ. Эртага бозордан тушадиган фойда ҳисобидан тўласам, текинга олган бўламан, деяпсан-да» ўйлади қиз. Бироқ, рози бўлишдан ўзга чора йўқ эди.

Хотинининг билагида янги тақинчоқ пайдо бўлиб қолганини кўрган эр тафсилотларни эшитгач, қатъий бош чайқади.

-Бўлмайди. Олиб бориб бер.

-Нега бўлмас экан? Пулга зориққандирки, сотаётгандир. Нима, арзон сотаяпсиз, мен сизга кўпроқ пул берай, дейишим керакмиди?-бидиллади тижоратчи хотин.

Касби ўқитувчилик бўлган бу кишининг жаҳли анча-мунча нарсага қўзийвермасди, одатда. Бироқ бу сафар шундай ўшқирдики, гердайган хотин бечора мушукдай мўлтираб қолди.

-Гап тамом,-мавзуга нуқта қўйди эр,-ҳозироқ олиб бориб берасан. Ўша бечораларни қақшатиб барака топармидинг, товуқмия!

Чол-кампир аёлга айтилган пулни бердилар-да билагузукни қайтиб олдилар.

Шу куни кампирнинг тоби қочиб қолди. Хуфтон маҳали кўчадан қайтган қиз хонтахта учтида турган билагузукни кўрди-да онасининг нега ётиб қолганини тушунди. Чол қизининг юз-кўзида онага ачиниш эмас, балки қандайдир бир бефарқликни кўриб, юраги зил кетди. Вақт ўтганини англади.

Тонгга яқин кампир узилди.

Марака ўтганидан сўнг чол қизининг кўринмай қолганини сезди. Кампирнинг нарсалари турадиган қутидаги тилла билагузук ҳам ғойиб бўлганди. Негадир бу нарса Даврон тоғага қаттиқ таъсир қилмади.

 

 

* * *

 


Даврон тоға иш билан овунди. Идора ҳовлисини боғу бўстонга айлантириш билан бирга дарахтлар орасига сабзовот ва зираворлар экди. Раҳбарлар кўмагида қоровулхона биносини таъмирлаб, ошхонага мослаштирди. Аста-секин ишчи-ходимлар ўртасида тушлик навбати пайдо бўлди. Иссиқ овқат учун зарур барча сабзавотлар шу ернинг ўзида етиштирилгани учун тушлик ишчи-ходимларга арзонга тушар, қолаверса, жамоа тобора аҳиллашиб бораётганидан ҳамма хурсанд эди. Даврон тоға ҳар кун эрта тонгда атрофни чиннидай тозалаб, сув сепиб бўлганидан сўнг чой дамлар, ишга эртароқ келганлар билан чойхўрлик қилардилар. Сўнг тушликка уннаб кетарди.

Идора ҳовлисининг бир томонида-катта йўлнинг бўйида савдо расталари жойлашган эди. Раста дўконларида ишловчи йигитлар ора-сира идора ҳовлисига кириб турар, Даврон тоға билан муносабатлари яхши эди.

Бир куни растанинг озиқ-овқат дўконида ишловчи йигит «Даврон тоға, шу бизнинг раста олдини ҳам гулзор қилиб берсангиз ажойиб иш бўларди-да», деб қолди.

Эртасидан бошлаб тоға идора ҳовлисидаги ишларни тамомлагандан кейин раста олдига чиқадиган бўлди. Экишга мўлжалланган майдончани чопиб, ўтлардан тозалади. Гул экиб суғорди. Ҳар тонг йўлакни супуриб, сув сепиб қўядиган бўлди. Тез орада бу ерда ажиб манзара ҳосил бўлди. Барқ уриб очилган турфа гуллар, киши баҳрини очарди. Дўконларга файз кириб, савдо ҳам юришиб кетди.

Даврон тоға юмуш билан андармон бўлиб, ўз дардларини бироз унутди.

Кунларнинг бирида растадаги хўжалик моллари билан савдо қилувчи дўкон сотилганмиш, деган гап чиқиб қолди. Дарҳақиқат, тез орада янги кишилар иш бошладилар. Дўкон таъмирланди. Энди бу ерда қозон-товоқ, кетмон-ўроқ эмас, замонавий либослар сотила бошлади. Сотувчи эса бир танноз, сатанг хоним эди.

Даврон тоға одатдагидай йўлакни супураётган вақтда сатанг хоним келиб қолди.

-Бобой,-деди у тоғага,-агар яна шунақа кеч уборка қилсангиз, сизни уволит қилдираман. Кейин, бир кунда бир марта тозаласам бўлди, деб ўйлайсиз шекилли. Эртадан бошлаб обедда яна бир тозаланг.-У шундай дея дўконга кириб кетди.

Эртаси куни Даврон тоға идора ҳовлисидаги ишларни барвақтроқ якунлади-да расталар олдига келди. Одатдаги ишларни бажаргандан сўнг, кечаги аёл билан суҳбатлашмоқчи бўлиб дўконга кирди. Ичкарида магнитофон ишлаб турар, электрчойнакда чой қайнар, аёл эса кўринмасди. Даврон тоға бироз кутди-да орқага қайтди. Эшикдан чиқар экан, қўшни дўкондан келаётган сатанг хонимга кўзи тушди.

-Сизга нима керак?-сўради у.

-Қизим, сизда гапим бор эди,-жавоб берди тоға.

-Кейинроқ келинг, ҳозир вақтим йўқ.-Аёл шундай дея дўконга кирди-да эшикни ичкаридан беркитиб олди.

Орадан бир кун ўтди. Тоға эрта тонгда чой дамлаётган эди профком йигит келиб қолди. Хушмуомала, одобли бу йигит одатда ишга барвақт келарди. Салом-аликдан сўнг дуо-фотиҳа қилинди. Тоға йигитга чой узатди. Улар у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдилар.

-Тоға,-деди йигит,- кеча анави аёлнинг дўконига нега кирган эдингиз?

-Қайси аёлнинг дўконига?- ҳайрон бўлди тоға.

-Анави-чи, кийим-кечак дўкони очди-ку.

-Ҳа-а, ўзим, шунчаки.

Йигит ўйланиб қолди. Афтидан у нимадир демоқчию, айтишга ботинолмаётгандай эди.

-Кеча ўша аёл раиснинг қабулига кирган экан,-давом этди йигит.

-Ҳа-ҳа,- тасдиқлади тоға,- кирган эди.

-Шу десангиз,-чайнала бошлади йигит,-ўша аёл раисга «Даврон тоға дўкондан пул ўғирлади» депти-да, қаранг.

Ё, алҳазар! Тоға бирдан оёғининг остидаги ер ўпирилиб кетгану, тубсиз жарликка қулаётгандай ҳис қилди ўзини. «Бу қандай гап, нима дегани бу?». Тоға бир томондан саволлар исканжасида, иккинчи томондан уялганидан ўзини қўйгани жой тополмай қолди.

-Айтишича, сумкасида юз минг сўм пул бўлган экан. Сиз чиқиб кетганингиздан сўнг йўқолиб қопти,-деди профком йигит.

Тоға унинг гапидан яна шу нарсаларни тушундики, аёлнинг дўконида ҳеч ким йўқ пайтда Даврон тоғанинг кирганини кўрганлар бор экан... Аёл бева-бечора экан... Ёлғиз боши билан иккита боласини вояга етказаётганмиш.... Собиқ эри ўлгур эса, алимент тўлашдан қочиб юрганмиш...

-Тоға.

-...

-Тоға.

-...

-Даврон тоға?!

Тоға йигит учинчи бор чақирганидагина эшитди. Унинг гапиришга ҳам мадори йўқ эди.

-Ўша аёл, менинг тоға билан жанжаллашишга тоқатим йўқ. Гувоҳларим эса етарли. Шунинг учун унинг иш ҳақидан бўлса ҳам менга юз минг беринглар. Бўлмаса, милицияга мурожаат қиламан, депти, раисга.

Одатда, ёш бола нажотсиз қолса, катталардан мадад кутади. Биров ноҳақ ранжитса, уларга арз-дод қилади. Бироқ кап-катта одам ноилож қолса-чи? Уни ноўрин ранжитсалар-чи? У кимга арз қилсин?

-Майли болам, иш ҳақларимни бериб юборинглар,-аста сўз бошлади тоға.-Лекин мен... мен бировнинг ҳақидан қўрқаман.

Тоға чуқур тин олди-да давом этди:

-Раисга айтсангиз, менга энди рухсат берсин...

 

 

* * *

 


Қаердадир хўроз қичқирди. Аста осмон ёришиб, яна янги кун бошланди. Мана, бир ҳафтаки, Даврон тоғанинг кўзлари йўлда. У ишхонадан келишлари ва хатолик ўтганини айтиб олиб кетишларини кутарди. «Профком болада одамгарчилик кучли, албатта келади» деб ўйлар, шу кунларда унинг муҳим ишлари чиқиб қолганига астойдил ишонарди. «Айтганча, анави савдогар йигитлар келиб қолса ҳам ажабмас».

Тоғанинг ёдига идора ҳовлисига экилган икки туп хурмо келди. Кўчатлар шу баҳорда экилган эди. «Саратондан эсон-омон ўтиб олса, тутиб кетади. Бироқ бунинг учун уларга тез-тез сув бериб, остини юмшатиб туриш керак. Бировнинг ёдига келдимикан-а?» кўнгилдан кечирди у.

Ниҳоят тоға чақириб келишларидан умидини узди. Шунда юраги ҳувиллаб қолганини сезди. «Анави бебош қиздан ҳам дарак йўқ. Қаерларда юрган экан?»

Тоға бомдод намозини ўқиб бўлгач кўпдан бери қаралмаган ҳовлини тартибга келтирмоқчи бўлди. Бироқ энди икки қадам босган эди, бирдан чайқалиб кетди-да ўзини зўрға тутиб қолди. Боши айланиб, кўнгли алағда бўла бошлади. Гўё вужудида ғалаён бошлангандай эди. У бир амаллаб уйга кириб олди, ўринга чўзилди. Шунда кўз олди қоронғулашиб, бошида қаттиқ оғриқ турди...

Кўзини очганида бош томонида... Чарос хола турарди. У кулимсираб нималардир дер, қандайдир имо-ишоралар қиларди. Кейин эса бирдан ғойиб бўлиб қолди. «Менга шундай туюлди», ўйлади чол ва калима келтира бошлади. Оғриқ бироз босилгандай бўлди.

Шу кўйи пешингача ётган чол секин ўрнидан қўзғолмоқчи бўлди. Бироқ унинг бошида тўсатдан пайдо бўлган чидаб бўлмас даражада кучли оғриқ қайта ётқизиб қўйди. У оғир-оғир хансирай бошлади...

 

 

* * *

 


Даврон тоға тупроққа қўйилганидан уч кун ўтиб, профком бошчилигида идорадагилар ва савдогар йигитлар таъзияга келишди. Улар фотиҳа ўқиб қайтаётганларида профком йигит сўз бошлади:

-Мен келиб тоға билан гаплашмоқчи эдим. Анави санаторияга йўлланма оламан, деб ушланиб қолдим-да...

-Меҳнати эвазига пул йиғиб берсак «мени савобдан бебаҳра қўйманглар, илтимос» деб олмаган одам ўғрилик қилганига қандай ишондик-а?!-деди озиқ-овқат дўконида ишловчи йигит.

Гапга идора хизматчиларидан бири қўшилди:

-Мен бошиданоқ ишонмаганман. Тоға унақа одам эмасди,-у бир оз сукут қилди-да давом этди,-қўйинглар энди, бўлар иш бўлди. Соат ҳам ўн иккига яқинлашиб қолди. Хўш, тушликка қаерга борамиз?..



2006 йил.


Олтинкўл.