Турсун Али



1952 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини тамомлаган.

“Зангори овоза”, “Юракдаги сўзлар”, “Ёруғ кунлар”, “Ёлғизим”, “Уйғоқ сукунат”, “Туйғулар ранги”, “Сокин ҳайқириқ”, “Сайланма”, “Қуш пати”, “Қор шуъласи”, “Турналар йўли” каби китоблари нашр этилган.


Накурт

 

1

 

(Накуртлик Оллоёрбой
ота руҳига бағишланади)




Қутурган тўлқинда сузаётган кемадек

Чайқалиб-чайқалиб борар йўловчи.

Тошлар айқаш-уйқаш.

Ўйилган кўзлардек ўнқир-чўнқир йўл.

Икки тараф тепалар – гўё ўлик туялар.

Адир қоялари –

Бамисли лангарлар.

Ҳар ер – ҳар каваклар

Оғизлари ланг очиқ.

Қай бир ерин чирмаб олган чангаллар,

Худди ўсиб ётган чипқонлар.

Асрларни қаритган

Сертирноқ тошларни борар босиб йўловчи,

Гўё дорда кетаётир у.

Теграсида эсар шамоллар,

Турар ўлим ёнма-ён.

О, йўловчи шиддаткор,

Худо унга мададкор,

Бешбармоқ қояларин қучмоққа.

Орзу қанотида учар у.

Ана,

Манзил кўринар алҳол,

Шундоқ яқиндан

Чангалларин чўзар қоялар…

Не тонг,

Тўрт тараф тоғ ўрмони –

Ёввойи дарахтлар сурони.

Тўлғаниб ётар қамишзор…

Уни илонлар,

Чаёнлар,

бақалар,

бўрилар,

айиқлар,

тулкилар айлаган макон.

Ўйлар гирдобига чўмар йўловчи,

Тин оладир пўлат каби оғир.

Бешбармоқ қояларига тикилар Йўловчи,

Меҳри товланар Қуёшдек.

Ичида уйғонар овчи,

Бас, кўнгли сари борар у…

Адо бўлар тўқайзор,

ва чекинар ёввойи махлуқлар.

 

 

Илонлар дўст бўлур,

Товушқонлар бўлур дўст.

Бешбармоқ қоялари олар бағрига.

О, Накурт тортадир сеҳрига.

Тортадур ғаройиб меҳрига.

Бас энди,

Бас, энди Йўловчи эмас, у.

Унга макон,

Унга жон Накурт!

Унга жон Накурт!


 

Шоир болалиги


2

 


Жавзо қуёши остида,

Эгнида терлик,

Жиккаккина бола

Тошлардан тошларга сакраб,

Қўй-қўзилар ортидан учар.

Соябон бошида оқ булут,

Оппоқ булут.

Қариган тоғларни қучар

Лабидан таралган най садоси.

Ҳув, пастда эса,

Бош уриб тошларга

Қайгадир ошиқар телба сой,

Чўққилардан қайтур акс садоси.

Чўпон бола,

Тоғлар адоси.

Сурув ҳайдар,

Йўқдек Вақт ибтидоси.

Ана,

Қуёш ёнбошлар уфққа,

Сочиб алвон лолалар.

Қўнар оқшом Борлиққа,

Қанот ёзган қарғадек.

Четан девор ичига

Чўпон бола қамар қўй-қўзиларин.

Энди,

Ойнинг ойдин ёғдусида

Тоғлар ила сўзлашур,

бўзлашур.

Ажаб,

Ҳар сўзига тирмашур қофия

Мисоли занжир.

Вужуд-вужудидан қайнар туйғу,

У балки

бахш этиб она тоғларга

Тўқир шеър.

У балки

Бобоси ёдлатган Яссавий,

Навоий,

Машрабдан ўқир шеър…

Тун ярмидан оққанда,

Юлдузлар ҳайрат-ла боққанда,

Бош қўйиб тошларга

Тоғдек орзулари оғушида ухлар.

Унинг-ла тонггача кафтида ухлайди илон.

Капалаклар,

Тўрғайлар,

Ғурраклар қаноти сасидан уйғонар саҳар.

Яна чўққилар сари,

Қуёш нурин симириб сутдек,

Сурув ҳайдар.

О, унинг қалбида тоғларга бошқача меҳр

Ва чирмаб олган ғаройиб сеҳр.

Бир кун машҳур шоир бўлар у,

Кўзларида кўрдим Шеърият қасрин.

Бир кун юрагининг туб-тубидан отилгай вулқон,

Шеърга чўмар Накурт тоғлари буткул.





Ёз

 

 

1

 


Саратон…

Ўт-ўланлар сарғайган,

Тоғлар боқар мунғайган кўйи.

Қўй-қўзилар маърар,

Сукунатнинг бузилган уйи.

Қанотларин қоқади каклик,

Балки чўққилардан топади ором.

Сояда мудрайди ит шўрлик,

Тушовда от депсинар беором.

Иссиқнинг дамидан чатнайди тошлар,

Накуртсой бўйида гуллаган ялпиз.

Яктакда нуроний бош қашлар,

Қум йўлакда илон қолдирган ёрқин из.

Ажаб,

Бир тароват ила кечар тоғларда ёз,

Матога сиғмайди манзарасин чизсам гар.

Мен ўтли нафасим ростлаб бир оз,

Ёз сувратин юрагимга кўчиришим муқаррар…

 

 

2

 


Ёз,

Ёмғир қуйди шаррос.

Ё фалак,

Кўнглим осмонини босди

Қора булутлар.

Руҳим тоғларидан учди бургутлар.

Жилдираб чўққидан сариқ жилғалар,

Саратон ифорин таратди.

Сўнгра,

Осмон нилий рангларга бўяла,

Чўғли қуёш кўрсатди бўй-бастин…

Ажабо,

Кўнглим ҳам ёришди осмондай

Тоғ ҳавосин туйиб.



3

 


Накурт.

Ҳансирайди ҳаво.

Ҳансирар тоғу тошлар…

Бунда Қуёш ёнар.

Сукунатга чўмган боғлар

Тилла меваларин кўз-кўзлар.

Ҳассага таянган дарахтлар пойида

Қирмизи олмага қўл чўзар

Яланғоч болакай энтика.

Бироқ етмай интиқ қўллари

Қичқириб уйғотар Накуртни.



4

 


Накурт оқшомлари…

Бўлурман ошиқ,

Сержило юлдузлар рақсга чорлар.

Ғариб юракларда уйғотади ишқ,

Ёзги кечалар, о, кундуздай порлар.

Нақадар гўзалдир тоғлар сояси,

Шаббода кўксимга бош қўяр майин.

Тонггача тугамас тоғ ҳикояси,

Азим сой чарчамас чалишдан найин.



Сеҳрга боғланди ошуфта кўнглим,

Ичимдан вулқондай тошар ҳайқириқ.

Учиб чўққиларга қуш каби руҳим,

Сайрайдир,

севгидан куйлайдир қўшиқ.



5

 


Тоғлар қучоғида дуркун чўзган бўй,

Оқ тераклар,

Гўё ям-яшил дунё.

Япроқлари чалар бир ғаройиб куй,

Тунлар оғушига тушар Сурайё.

Ёз…

У тоғлиқларга берар кўланка,

Ёнаётган офтоб селида ўктам.

Тераклар бўйлари адл ва тикка,

У тоғлиқ йигитлар сингари кўркам.



6

 


Қари харсанг паноҳида

Бўй чўзибди,

Ёзги булут –

Оппоқ гул.

Бахш этар

Эпкинлар унга ҳаловат.

Ёз нафаси

Бахш айлар жон.

Зеро,

Гўзаллик улайди тошларга Гул.



7

 


Офтобнинг ўтли нафасида

Тоғлиқ бола йўртар эшагин.

Воҳ,

Пойида харсанглар.

Қаёққа кетмоқда, ёҳу?

Эргаштириб соясин

Кўнгли сари бораётир у!



8

 


Накуртда

Ёнғоқзор ўсар тоғлардек баланд,

Шохлари залворли,

Япроқлари ям-яшил.

Ором олар қўйнида ёз шамоли.

Тошларни чирмаган томирлари бақувват.

Шунданми,

Тошлардек бадани ҳам метин.

Шунданми,

Ашаддий бўронлар синдиролмас.

Шунданми,

Новдаларин уролмас чақмоқ.

Шунданми,

Тик тепасида Қуёш ҳар куни,

Шунданми,

Ой бағрида қувнар ҳар туни.

Шунданми,

Устида булутлар йиғлар.

Шунданми,

Пойида ариқча жилдирар.

Шунданми,

Шохида беланчак –

Қиқирлар болакай!

 

 

Манба: "Ёшлик" журналининг сайти.