Чироқчининг сўнмас чироғи



Тошкент Давлат Университетида ўқиб юрган кезларим курсдошлар орасида Муроджон, Шербек деган Чироқчилик болалар ҳам бор эди. Муроджон ўрта бўйли, қорачадан келган йигит бўлиб, манаман деган профессионал қизиқчилардан сира кам эмасди.Муроджон бор жойда ичакузди латифалардан кулиб қотар эдик.Унинг бир ҳаётий латифасини сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.

- Ишонсангиз - деди бир куни Муроджон - уйимизнинг томи ҳам, эшик - деразаси ҳам йўқ. Эшик - дераза ўрнига чипта қоп осиб қўйганмиз.

Кечалари хотиним, болаларим билан осмондаги юлдузларга термулганимизча, кўзларимиз йилтиллаб ётамиз.Мен болалар тезроқ ухласин деган эзгу мақсадда, уларга астраномиядан дарс ўтаман.Ҳув анави "Катта айиқ юлдузи" нарёғда "Қирқ қароқчи" дейман, юлдузли осмонга қараб. Бир куни қайнам келди. Едик - ичдик, суҳбатлашдик.Бизнинг кечки овқат қачон пишишини биладиган типратикон ковакдан чиқди.Унга ҳам паловдан консерва қутисига солиб бердик.Типратикон овқатдан кейин ҳазми таом қилиш учун бир икки уй ичини айланиб, инига кириб кетди.Кейин шайтончирағди ўчириб, ҳаммамиз уйқуга кетдик. Ярим кечаси тўс - тўпалондан уйғониб кетдим. Қарасам, қайнам "Вой! Войдод! Ёрдам беринглар!" дея ўзини ўзи шаппатилаб, бақиряптилар.  Шошиб -пишиб шайтончирағди ёқсам, катта кўршапалак қайнамнинг ичига кириб олибди. Уни аранг қутқардик. Шу - шу қайнам қайтиб бизларникига меҳмонга келмайдиган бўлдилар - деди у, латифасини тугатиб.


Шербек новча бўйли, қоратўри йигит бўлиб, у Шерали Жўраев айтган "Ўзбегим" қўшиғини севиб тинглар, бу қўшиқ майда бўлгинчиликларга, маҳаллийчиликка барҳам бериб, халқимизни бирлаштиради деб қўяр, ўзининг ўзбек экани ва Шаҳрисабзда туғилган Амир Темур билан чексиз фахрланар эди.


Мен маҳаллийчиликни жинимдан бадтар ёмон кўрганим, қолаверса шеър ёзганим учунми, курсдошлар ҳар қандай тадбирни менсиз ўтказишмас, старостамиз бўлишига қарамай, мен уларга бошлиқдай бўлиб қолган эдим.


"Чироқчи" десалар, олис - олисларда хорғин ва ғамгин порлаётган чироқларнинг олмос чамани кўз олдимга келар, нақадар чиройли ном - Чироқчи! - дея ўйлардим.


Бугун бу номни чуқур қайғуга ботиб эсладим.

Чунки бугун чироқчилик истеъдодли шоира " Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти " совриндори, Бахтинисо Маҳмудованинг ҳаёт чироғи сўнди.


Лекин шоиранинг мингларча муҳлислар юрагига ёқиб кетган ижод чироғи сўнмади, қайтага, қадимий араб эртакларидаги Алоуддиннинг сеҳрли чироғи каби бир пилиг баландлаб, янада ёрқинроқ порлай бошлади.


Умри ёлғизликда, ғам - қайғуда ўтган, илоҳий истеъдод эгаси, ёниқ шоира Бахтинисо Маҳмудованинг жойи Жаннатдан бўлсин!


Янги ёзган шеърларини Ҳавзи Кавсар соҳилларида ҳуру ғилмонларга ўқиб, Яратганнинг раҳмат дарёсидан баҳраманд бўлсин!


Марҳума шоиранинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз.



Холдор Вулқон