Поиск

Саломат Вафо

Таниқли ёзувчи Саломат Вафо ёзган қуйидаги ҳикояларни ҳеч иккиланмасдан санъат асарлари дея аташ мумкин.

Ҳақиқат, адолат, инсоф, диёнат, жасорат, курашчанлик, ватанпарварлик ҳақида ҳаммадан кўп гапирадиган, ҳаммага ақл ўргатадиган донишманд, аммо бағоят эхтиёткор адабиётшуносларимиз Саломат Вафо ижоди ҳақида бирон нарса ёзгани қўрқадилар.

Ваҳоланки Саломат Вафо бугунги замонавий  ўзбек адабиётининг энг ёрқин юлдузларидан биридир.

У баъзи бир "ёзувчилар" каби Жойсга, Беккетга ва яна аллақайси ёзувчиларга кўр кўрона тақлид қилмайди, овози ва услуби уларнинг соясида қолиб кетмайди.

Саломат Вафо бадиий ижодда ўзининг алохида овозига, услуби ва созига эга.

Унинг асарлари бугунги манаман деган жаҳон ёзувчиларининг асарларидан сира кам эмас.

 

Холдор Вулқон.

Денгиз қушлари

(ҳикоя)



Ҳориган вужуди, мияси уйқуга кетар чоғида машина шовқини, сигналлар, кабобчилар, балиқхона официантлари шовқини, қаҳвалти кафеси фаррошлари ғовури, сув қушларининг уйқусираган  қичқириқлари ва олис туманли бўшлиқларда сузаётган Босфор бўғози сувларида  ўтиш газзикини  беклаётган  улкан чироғи ёниқ  кемаларнинг вупиллашини эшитиб ётди.

 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)

 

Дунё шовулларди: океанларнинг туб-тубида уйғонган ваҳимали тўлқинлар, тўлқинларда адашган кемалар янғлиғ сузиб юрган чайка қушларининг чинқириқлари..минг йиллардан бери бир оҳангда шалоплаб қирғоққа урилаётган тўлқин  товушларга кўмилиб кетарди. Шаҳарнинг аллақаерларида  паркка йўл олган ва  рангли рекламалар билан безатилган Туркия ой ўроғили қизил байроғини ҳилпиратган трамвайнинг сўнгги нолакор жиринг-жиринги  атрофга таралади. “Нима эди, қандай эди,айт, айт, Сафохон” дея фарёд кўтаради вужудининг уҳламай қолган хужайралари. Кўп қаватли уйнинг кодланган ойнаванд эшиги сассиз очилиб, уни кимдир  зарб билан  орқасидан ташқарига итариб юборди. У икки – уч қадам югуриб,қоқилиб  сурилиб  бориб, сархуш одамдай бетон ерга юз тубан йиқилди. Ёнига тапиллаб сумкаси тушганидан сўнг ўзига келди. Ҳаво совуқ атроф  ёруғ бўлса ҳам, у ётган жойга кўп қаватли уйнинг қаронғи сояси  тушиб турарди.  У Тошкент  учоғидан тушиб, қизини тополмагач, машиналар тирбанд йўллардан  Истанбул шаҳри Аташеҳер полициясига борди. “Ярамас лўттибозлар сумкасидан паспортини ҳам олиб қўйишган экан. Уст дишида ўзининг қизил кўйлак кийган  маюс суврати аксланган “Номсиз кема” китобини кўрсатиб,  Ўзбекистондан келган ёзувчиман.Менинг Истанбулда яшайдиган қизим уйида йўқ” деб маҳкама идорасига кириб шикоят ёзганди.Турк полициячилари балки ўзбеклигини, балки ёзувчилигини иззатлаб ичкарига киритишганди. Мана шунинг оқибати.. уни.. қишнинг совуқ кунлари боис, қаронғи тушиб одам оёғи чекилиши билан кўчага улоқтиришди.Зулмат бағридаги  кўп қаватли уйлар кўзлари ёнган, қанотларини ёйган ўлаксахўр қушлар каби уни ўраб олган эди.  Деразаларида яккам-дуккам чироқ милтиллаётган  уйлар орасидан сершовқин кўчага чиққанидан сўнг, туйқус ёнидаги бор – йўғи  400 лира пулни ҳам  тортиб олишганини эслади...Энди қай тамонга юради..пулсиз бегона шаҳарда қаёққа боради?. Бу 24 соат уҳламайдиган.. бир тамони Қора денгиз, бир тамони Эгей денгизи қирғоқларини ювадиган...гарчанд Султон Сулаймондан қолган бўлсада..бу  қадимий Истанбул шаҳрида..

Сафохон кундузги югур- югурлардан ҳориган танаси, зарбалардан қақшаган мияси, шуури содир бўлган воқеаларни элас-элас  эслаши билан бутун вужуди оғриқдан қақшаб кетди. «Имм..имм..воҳ жоним. Бу қандай ҳолат?». Ён  -атрофидан йўлаклардан, майдон четларидан одамлар ўтар, тунги клуб тамонлардан шамол гоҳ ғола-ғовур, гоҳ йиғлаган, гоҳ кулган одамлар “алингни чак,улюрсин” демиш сасларини олиб келарди.

“Уйқу, уйқу..қоч нари..” дерди мудраётган вужуди кундузги бўлиб ўтган ишларни ўйлашдан чўчиб. Унга недир бўлган эди. Эски одеялнинг йирик- майда  тешигидан совуқ  шамол денгиз ва балиқ исини олиб киради.Миясининг қай буржларидадир Тошкентдаги иссиқ ўрни қирмизи гулдор,наформон тусли кўрпа –тўшак, ёстиқлари ёришиб кетарди.Иссиқ ўрин ва иссиқ қаҳва деган ўй миясида тўҳтаб қолди. Шовқин кўтарган, кулган- ўйнаган..туркларнинг ноғорага ўҳшаган мусиқа асбобини дунг – дунг урган   ёш- яланг..ненидир тафсилотини сўйлаганича  афтидан идишли  кофе кўтариб  унинг ёнидан ўтишди.Ҳавода муаллақ туриб қолган  кофенинг ёқимли бўйи Тошкентда ҳар кун эрталаб  қизи Истанбулдан юборган турк ва Nacekofeларни ичиб, газета ёки китоб ўқиб ўтирарди..ёё.. оҳ..оҳ..бу ўйлар ва туйғулар Мармара денгизи қирғоқларига йиғилиб қоладиган оппоқ кўпиклардай бир зумда ғойиб бўлди. 

Худо рози бўлгур қайси турк меъмори суянчиқли қилиб, умрининг қайси замони ва палласида  дайди хотин тунни денгиз қушлари билан ўтказади деб  ўриндиқ қурган экан, Сафохон суяниб, ғужанак бўлиб мудраб, ўзича атрофни эшитиб ўтирди. Кўпдан буён ҳатто..  Тошкентдаги уйида ҳам, тақдир елкасига оғир лошини ташлаганидан сўнг, худонинг байрамлари, қўни-қўшни хайт кунлари бир-бирига бўғирсоқ улашганда, худди шундай спартанларча ҳолатда сергак уҳларди.

Ғалати бир ҳолат эди,  майдон атрофида турли тотли турк емаклари хидлари, косметика дўконлардан анқиётган атир, совун хидлари, қаҳвахоналардан таралаётган  кофе бўйлари негадир хотирасида қолмас, шу яқин орадаги чечак дўконларидан атрофга кишини маст  қилувчи жийда гуллари исига монанд аллақандай тропик гулларнинг иси  ҳукмрон эди.Бу ис айни ҳозирги ҳароп аҳволига қарама- қарши ҳолатда рухини аллалар, ўзига қачонлардир оқ кўйлак кийган, қора, қизил ранг галстук таққан депутатлар, министрлар, президент маслаҳатчилари  туҳфа этган қучоқ- қучоқ оқ ва қирмизи атир ва чинни гулларни эслатарди. Мудраётган миясининг бир четида денгиз қушлари, чироғи ёниқ кемалар, қаҳвахоналарда ишлайдиган  сочини жайра нишидай кўтариб  ялтиратган хоразмлик официант болалар қиёфаси ва исмлари аралаш – қуралаш бўлиб кетар, аммо нотаниш гулнинг ўткир хиди атрофга укпар этакларини ёйгандай эди. Официант қизларнинг “опа, бошқа кўмак қўлимиздан келмайди” деб  берган эски одеялни бошига яҳшироқ тортди.Илма- тешик одеял кафе омборхонасида сабзавотлар остида қолганми: ачимсиқ пиёз, карам, бақилажон, қоришиқ лимон хидлари келарди. “Апишшу..апишу..йўқ, йўқ..Сафохон майдоннинг  пана жойида денгизнинг  қуш қанотида келган ширр этгган шабадасида шамоллайдиган анойи эмас.У спортчи..соғлом овқатланувчи хотин. Аапишу..минг ланъат..” деди ўзига гапиргандай. Номаълум турк меъмори яратган, аммо қиш кунлари уйсизлар уҳлашини ҳисобга олмаган  ёғоч ўриндиққа ўнғайроқ  суянди. Ўриндиқ суянчиғи  темирлари баданига ботиб совуқ жонидан ўтарди.

Олисда туманлар бағрида мудранаётган  Тинч  океанида бўронлар уйғонарди.Бахри уммонда 21 аср  кимё  дорилари чиқиндилари билан чуқурларда   қизил тилли аждарҳога айланган кокилли илонлар, дунёнинг энг катта  ўттиз етти тонналик, йигирма – ўттиз метрлик    китнинг боласини айёрлик билан онасидан айириб, тўдалашиб ҳужум қилиб  фақатгина болакай китнинг  тилини ейдиган касаткалар, рифлар остида чиқинди кимёвий  дорилар билан  ёмғир  булутларидай улканлашган саккизоёқлар, шамолда шишган  думалоқ пашшахоналардай сузиб юрадиган  жонсарак чавақ балиқлар тўдаси билан   Қора денгиз  кўкида  пар ёстиқдай тўзғиган  булутлари билан, шарқу –ғарб, мағрубу – машриқ тамонларга  камон ёйидай тортилган уфқлари билан ўрнидан қўзғолиб  Истанбул қирғоқлари  сари оёқланарди. “Ҳей, илонлар, чаёнлар қайга борасиз?”.”Минг  йиллик сукутдан нега  уйғондингиз  ..”. “Ҳой, Қиз кулеси бир силкиниб ўрнингдан сижидингми?”..”Қора денгизнинг қора тоғлари, қора тўлқинлари бағрингизда не сир бор, аҳир..  ”..”Ҳой, бир  зум кўпикли тўлқинлар узра қўшиқ куйлаб  ҳоримайдиган Атлантика  уммони, худойи таоло “бўл, бўл..” деганида бўлган, яралганингдан бери неча юз, минг, миллион одам боласини ютиб тўймадинг. Араб денгизлари, Миср қирғоқларида..балки ҳув анови байроқлар ҳилпираган Босфор бўғозлари ортида очкўзларини қирғоққа  тикиб, одам боласи қон  исини минг хидни ажратадиган итлар каби сезадиган акулалар, Юнус балиқлардан не фарқинг бор сени, эй Қора денгизнинг онаси..Атлантика уммони ”.

Афтидан у  энди чуқурроқ уҳларди, бир зум атрофдаги саслар эшитилмай қолди. Аммо денгиз тамондан   тўлқин шовурлари,шамоллар, ёмғир шовуллаши аро, Ағри тоғлари тамониданми гуррос - гуррос  одим ташлаётган хотинларнинг фиғони, йиғиси, балки эски қаҳвахона  омборларида қолиб кетган пластинкалар Заки Мурен қадим туркуларининг йиғи ва  табассум  орасидаги оҳанглари элас-элас эшитилиб..шаҳар устида айланиб – айланиб   кўкка ўрларди.

Шатир – шутур бўлди. Бир бало шувиллаб учиб, ўнг елкасига қаттиқ урилиб  ёғоч ўриндиқдан ошиб ўтиб кетди. Сабохон  жон ҳолатда ўриндиққа ёпишиб жойига чиқиб олди. Асли шу майдонда китоб  ва гул  дўконлар  оралиғида жойлашган  ўриндиқлардан жой топишнинг ўзи бўлмаганди.  Шу яқинда ҳансироқлар, занжирнинг шиқирлаши, мушукнинг  елим ҳалталарга ўралашиб  тапирлаб қочгани   эшитилди. Бурнига зах иси ва гул, девор ўсимликларининг шудрингга қўшилган бўйлари урилди. Ҳар ер, ҳар ерда тапирлаш, мушукнинг биғиллаши эшитиларди. Юраги вужуди хужайраларини тебратиб қаттиқ уриб турди. Уйидан бўшалиб чиққан улкан бўлдуқ ит  занжирини судраб уни туртиб ўтиб кетган эди. Бу бадбахт ит унинг одамлигини билмади.Ланъати ғижим  тумшуқ эски калиш  бўлдуқ.Эртага эганг сени дайди итлар итхонасига топиширмаса рози эмасман. Ўшанда қутуриб, ўзингдан заиф мушук боласини ғажиш..тушларингга кириб чиқади. Бир қоп нажас, касофат.Ўзидан заифларни топташ одам боласига ҳам хос,бу ҳали ҳайвон экан.

Сафохон  ҳеч нарса бўлмагандай гўё Тошкентда ўзининг  иссиқ, озода, қимматбаҳо атир хидлари анқиб турадиган тунги чироқ нурларига тўлган  ётоқхонасида  ётгандай яна осойишта  уйқуга кетди.  Шаҳарнинг турли тамонидан, балки Арзирум, балки Кўнё, балки Арзинжондан  юзлаб хотин – қизлар гуррос -  гуррос  юриб "Тақсим"  майдони тамон отланишарди.

“Абла, журналистлар ўзи ғалати халқ бўлади-да. У 49 ёшигача шаҳар газеталарга хабар ёзиб юриб, эрга ҳам тегмаган эди. Лайло майдон портлаган  куни “Тақсим”га келган..Балки Лайлонинг газетаси ходимларидан чиққандир туфлиларни майдонга қўйиш фикри. Лайло вафот этгач, газета журналистлари  хур қиз Лайлонинг уйида.. бир уй туфли борлигини  кўриб ҳайратда қолишган  экан ”.

Тутун ва буғ сузиб юрган Истанбулнинг қаерларидадир даранглаб урилган занг  соат тунги 3 бўлганини англатарди. Тунги клубнинг ёпиқ деразаларидан французча ретро қўшиқ сизиб чиқарди. Балки  саксафон оҳангида бу қўшиқни бир вақтлар  Мерлин Манро, Жо Дэссен, Патрисия Кас кўйламишди. Бу туркларга не энди.. французча куйлаб, бутун дунё севадиган турк тилида куйласангчи, туркча шаркиларингни сўйласангчи..пул урсин ҳаммани, дерди ичида Сафохон.

Олам сукутга чўккан, паркка  отланган трамвайларнинг  сўнгги нолакор жиринги аллақаердан денгизга яқин  жойлардан эшитиларди. Дунёга келиб 50 йил яшаган бўлса ҳам, вужудининг миллион - миллион томирлари, миллион - миллион хужайралари исмсиз қайғу ва хўрликдан бу қадар қақшамаганди. Туркияга эрга теккан қизининг августь ойининг 19 кунида фарзад дунёга келтирганидан сўнг,  йўқолиб қолганлиги унинг шок ҳолатга тушириб, онгу-шуурини  фалажлаб ташлаган эди. У ўтган кун  Истанбулга келган ва  келгунга қадар қизининг йўқлиги ҳақида хабар беришмаганида ёвуз ҳолат мавжуд эди. Полиция маҳкамасида бу ғаддорларнинг уйлари, иш офесларида  тинтув уюштиринг дея илтижо этганидан сўнг, кўчага улоқтиришди. Ана энди у  “Тақсим”майдони четидаги ўриндиқда совуқдан ғужанак бўлиб, ҳаёт ва мамот  учун олишишга мажбур эди. Сирли эркак ва хотиндан иборат уй эгалари уни кўчага улоқтиришганида “Тошкентга бугун учиб кетмасанг, қолган умринг турк рухий хастахоналарида ўтади. Дели ёзар кадин. Бу ер сенга Ўзбекистон эмас. Бу ердаги жинни хотинлар сени ялонғочлаб ўртага турғизиб, офтобрўяда оёқларингни ликиллатиб Каяхоннинг  “Масхарабоз”шаркисини айтишга мажбур қилишади. Ўзинг яҳши кўрадиган маржимак шўрванинг ювиндисини қошиқлаб, ҳасратдан “она, она” деб йиғлаб ичасан” дейишди. У миясини тарк этаётган ёруғликка, “тўҳта, тўҳта.. ўлишим мумкин эмас..агар ..мен ўлсам  қизимнинг топилиши  кимга керак бўлади” дерди тушида ҳам кўз ёшлардан буғилиб.

Осмонинг майдонга жуда яқин жойида қанотларнинг  шовуллаши, қушларнинг  ҳадикли товуши, тўлқинлар саси, қанотлар  қоқилиши  шамоллари гўё унинг юзига тегиб ўтди.Балки...энди ўлганмикан, аҳир..шаҳарнинг қоқ ўртасида қайдан пайдо бўлди бу қушлар?. Балки, ҳасратларда ёнган онанинг бошига тушган қайғу ва ҳасратлар учун бошқа дунёлардан етиб келдимикан?. Боши устида  тизилиб ўтирган жонзодларнинг ичида бўрон қушлари,балки  ариқларида сув ўрнига бол оқадиган, сув ичса тамоғидан кўринадиган парилар.. сув ичишга кўкдан энадиган,  жаннат боғларидаги жаннат  қушларидир..Воҳ, жоним.. қизимнинг тақдири не бўлар?.  Қандай қушлар бўлди булар.Бориққа..  қушларнинг қанотларига муз парчаларига қоришиқ қор ёққанга ўҳшайди..Денгиз балқчиси  ёки бўрон  қушларимикан, ундай бўлса бу қушлар майдонда нетади?. Қушларнинг орасида тунги фонарларга яқин масофада  ҳар жой, ҳар жойда  300 йиллик қаҳрли қарғаларнинг  кўзлари ялтираб кўринарди. Ўрдаклар океанларнинг тўфонли осмонидан  ўтишда бирон фалокатга учраган чоғи уларнинг оқ патлари кирчиккан   “ғақ-ғақ” саслари  буғилиб,чиғиллаб  чиқарди.  Ўрдаклар ҳали ҳануз учиб кетишга ҳозирлангандай  қанотларини ёйиб тап – тап сас чиқарарди.  Босфор бўғози кечиш жойида кунлаб навбат кутадиган балиқчи кемалардан, қирғоққа яқин ресторанлардан ташланган балиқ қилтаноқлари, нон, озиқ бўлаклари еб  ўрганган йирик, сурбет бакланлар тўйиб  кекирган бойдай атрофга лоқайд қарайди.  Бўрон қушлари, чайкалар оч қолган чоғи  узун тумшуқли бошини жонсарак буриб, егулик илинжида йўлаклар ва майдонларда озиқ -  овқат ва нон бўлакларини излашарди.  20 миллион одам яшайдиган Истанбулнинг қоқ ўртасига  денгиз қушларининг учиб келишида недир тилсимот бор эди. Оғочлар шохидаги қушлар тўпида,майдонлар, оҳири кўринмайдиган машиналар тирбандлиги ва тунги клублар, ресторанларнинг ёруғ деразаси,қаҳвахона  айвонларида  осойишта  сафрбарлик ҳаракатлари бошланган эди.

Шу онда Сафохоннинг кўзи ҳиёл очилиб кетди. Аёл ҳайратга тушиб  ҳали уҳлаётган, мудраётган шуури билан атрофга боқди: чор атроф оғочлар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар, тунги клублар томи, майдоннинг  кафелли  йўлаклари ва  ҳатто мағрур ҳилпираётган Туркия байроғи  усти ҳам  қор рангидаги қушларга тўлиб кетганди. Қушлар олис йўлдан учиб келиб  ҳоригандай атрофга сокин жавдираб  боқар, уларнинг қанотлари ва кўзаридан атрофга кумуш тус ёғдулар тараларди. Улар шу ўтиришларида қайин уйи бўсағасидан ўтолмай,  йиғинга келиб ковушини ечиб ичкарига киролмай турган    андишали ўзбек келинларига ўҳшарди.

“Уҳла, уҳла болам..Сафохон. Эй, болам, сенга не дейин,  қандай одамсан ўзи, одамлар Туркияга  Қора денгиз, гўзал Анталияда дам олиш, мазали турк  таомларига  тўйиш ва  беш юлдузли мехмонхоналарда хаз этиш учун келишади. Сен бўлсанг.. қизим йўқ  деб турк полициясига бориб ўтирибсан. Одам бўлмадинг сен, гоҳ эринг билан ажрашасан, воҳ,воҳ, ё, худойим, ёлғиз бошинг билан атом станцияси қурилишига қарши чиқасан?. Сенга нима, Ўзбекистонда сендан ташқари 33 миллион одам яшайди.  Аҳир, бу одамлар сени қаматишса, ёки ўзлари айтгандай телбалар уйига тиқишса, қўлингдан не келади, болам?. Ёқдинг, мени, ёқдинг. Қандай юрак ва журъат билан келдинг бу ерга.Сабр қилсанг бўлмайдими?. Сенга не бўлди, ёки ростдан ҳам тақдир зарбалари сени йиқдими, болам?. Менга тўғрисини айт, болам..” дерди  муаллима онаси  хотираси  қат – қатларида осойишта оҳангда .

“Онажон, аҳир ўзингиз ўргатгансиз..оғир бўлса-да ҳам чекинма ..йиқилсанг-да бир қисм тупроқ олиб тур.Аҳир,  сизнинг ёмон болангизман, Сафохон ҳар жойдан ҳақини олади деб, ўзингиз ёмонлар тўпига қўшгансиз ” деб ғулдираниб Сафохоннинг тош осилгандай оғир қабоқлари яна юмилди.

Кундуз куни зарба олган шуури осойишталик, ҳорғинлик  ҳис қилиши билан  яна уйқуга кетарди.  Уйқу шундай ширин эдики,қулоғига хотинлар, қизларнинг  шивирлагандай  “бомба портлаганда  ёнидагиларга  қўшилиб Наримон  портлаб кетди. Шундан бери онам  савдойи бўлиб ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлди” дейди йўловчилар.”Ким шундай бўлибди, кимнинг боласи ёнидагиларга қўшилиб портлаб кетибди” дея мудранаётган идроки заиф фикрлардан ҳаракатга келгандай бўлади. Оёқ товушлари издеҳоми “шит-шит” юриб  жавобсиз сукут билан узоқлашади.

Афтидан ҳали полиция маҳкамасидан қизининг уйига келганида.. унинг овқатига  уйқу дори қўшиб беришган эди.  Боши  Чингизхоннинг самон тиқилган  ёлғончи лашкарларидай бўм-бўш ва карахт эди. Дори ёки эм  ичмаган одам бу каби оғир транс ҳолатга тушмасди. Мудраётган миясига  денгиз тўлқинлари монанд шовуллашлар, қуш сайроқларига қўшилиб, қироат билан ўқилган  “Қуръони карим” суралари уриларди.Тонг сахардан Туркиянинг чет бўлгаларидан етиб келган..  жигаридан айрилиб қайғудан буғилган эркак овози нолакор оҳангда “..атта ҳиёти вассаловати ..ваттайибот..амин..амин..ётган жойинг ёруғ бўлсин.Биздан рози  бўл..” дерди ҳорғин ҳолатда.

“Тақсим” майдоннинг қоқ ўртасидан Мустақиллик ҳайкалининг ёнларидан ғаройиб бир оҳанг тараларди. Майдонни қоплаб олган қушлар ҳам  мусиқа монанд  ора- сира чуруқлаб товуш чиқариб қўйишарди. Аллақайларда йиғилган одамлар  оҳангга қўшилиб қарсак чалишади. “Ваҳҳ..ваҳҳ..” демиш  саслар тараларди. Сафохон турк давлатчилик тарихини ўргангани учун туркларни дунёнинг бошқа миллатларига ўҳшамайдиган қатъиятли,жўшқин феноменал, қўшиқчи, эрксевар  хоразмликларнинг авлодлари деб  биларди. Мусиқа  авж пардаларига чиқиб, энди   қўшиқ бўлиб  таралди, ким эди, ким эди,бу Иброҳим Татлисас, Аҳмад Кая,Заки Муренмиди,  Ферди Тайфур..воҳ..айни шу қўшиқ янграганда оғочлар, дунёнинг қалби бўлган Истанбулнинг 1871 чи йиллардан бери..чарчаш нелигини билмай  кезадиган кекса трамвайлар,тунги клублар, ресторанлар гиламлари, ипакли оғир дарпардалари  уҳларди. Кир ювиш кукунлари, Кадикўйдаги саёҳат кемалари, мазаси оғизда қоладиган турк ҳалволари  рекламалари билан безатилган ичи  жуда ёруғ трамвайлар шу кетишда Туркия байроқларини ҳилпиратиб  Султан Аҳмед жомеси, Кабаташи ва Баязит бекатларидан ўтарди. Жиринг..жиринг..Осмонлар, юлдузлар, ҳув кўпқаватли уйлар, қитъаларни боғлайдиган чироқлардан белбоғ таққан Султон Мехмет Фатих  кўприги, тепаликлар ортида шовуллаётган денгиз, чироқлари ёнган улкан кемалар, чиғаноқларда тўлқинларни  туш кўраётан марваридлар... совуқ сувлар орасида юнусбалиқ ва  ёмғир  булутидай саккиз оёқлардан қўрққан ёлғиз Қизкулеси сувга чўккан малика тилида тинмай чинқирарди. “Қизинг қани, манглайи шўр Сафохон”.  Беором Қора денгиз,тонггача чироқлари ўчмаган  йўловчи кемалар.. қирғоққа туташиб кетган Босфор, кун бўйи ҳориган Истанбул йўллари   уҳларди. Нозик, бир оз уйқусираган хофиз товуши..ноғорами,хинд таблосига ўҳшаган  товуш оҳангида  қадим ўғиз қабилаларининг тоғлар, дарё-денгизлар оша  Турон юртларидан эниб  Константинопол, Визинтия  ерларига шонли юришлари  ҳақида куйлашарди. Қўшиқ жуда яқиндан тараларди. Энди билди, энди таниди буларни..Булар  “Тақсим” майдонининг  ўнлаган созандалардан тузилган  фахрли  кўча мусиқачилари дастаси ..нағмаси эди. Сал олисроқда Бейўғли кўчаларида тонготар миллий мусиқа оқшомлари давом этарди,қарс- қарс этиб, ёш- қари турклар бирлашиб  ғаройиб бирдамлик рамзи бўлмиш  “халай” рақсини ижро этишарди.

Ё, қодир эгам, бу қандай халқ, бу қандай миллат ўзи?. Чой ичса ҳам оёққа қалқиб, бирлашиб бир-бирининг бармоғини занжир этиб “ай..ай..” деганича  “халай” ўйинига рақс тушади.Еру -осмондан ҳавф келганида қип-қизил байроғига кўксини тутади.

Дунё сукутга чўкиб, Истанбул ресторан, тунги клуб саргузаштлари, дўндиқ қизлар маскани  гуноҳлари залворидан оғирлашиб қолганда...барча жимлик, ҳорғинликлар чок – чокидан сўкиб “аллоҳу – акбар..аллоҳу – акбар..” дея азон садолари янгради. Шаҳарнинг ўнлаб, юзлаб масжидлари минорлари, айвонларида  яратганнинг тонгига олқиш саловотлар  айтиб, азон саслари янграрди. Дунёнинг барча жойларида, Тошкентдаги “Гўзал” маҳалласи масжидида-да бир хил айтиладиган азон саси... аҳволи ҳароп, ташландиқ, уйсиз ва қувилган Сафонинг қулоғига “қизингиз  топилди Сафохон Вафо” деган хушхабар бўлиб эшитилди. Яна бу азон ўзининг тириклиги, ҳаётлиги, ҳали юраги уриб турганини тантана этарди. Сафохон  уйқуга тўймаган кўзларини аранг очиб, ўрнидан турди. Совуқдан ва ҳаракатсизликдан увишиб қолган оёқ – қўлларини қимирлатиб ҳаракатга келтирди. Ёлғиз дарахтдай бутун вужудини  минг кўзли элакдай совуқ шамоллар тешиб ўтарди.    Оёғи остига пўп  этиб қоғозга ўралган  бир нарса тушди. Қараса кимдир  сув қағоз билан  қадоқланган ширинлик ва  бир дона иссиққина кофе қўйиб кетибди.  Кеча ёнидан кофе кўтариб ўтган ёшлар совуқда қалтираб ётган уйсиз кимсанинг ёнига кофе қўйиб кетишган эди. Кофе ёпиқ пластик идишда бўлгани учун ҳали қайноққина эди. Қайноқ кофе совуқдан  тиришган  танасига ҳаёт нафасидай оқиб  кирди. “Оҳҳ..оҳҳ..ҳаёт нақадар гўзал..”. У яна турк кафеси билан тирилиб минг хил тирикчилик билан  юрган одамлар сафига қайтди.

У  қаддини ростлаб уст- бошини қоққанича   майдонга қараб юрди. Манзилга етиб келган хабарчи каптарлардай  қатор – қатор тизилиб, йўлаклар ва майдон ўрталарига таҳланган   катта – кичик туфлиларни кўриб  Сафохон ҳайрон қолди.  “Тақсим” майдонининг паст –баланд супачаларига терилган арзон – гаров сандаллар, туркиянинг машҳур “Alaz”,”Alberto Rоssi”,”All go”,  “Alpino”,”Analpac”,”Inca”  фабрикалари тоза чармдан  тиккан паст-баланд пошнали, экстровагант, мультфильм қаҳрамонлари киядиган тумшуғи қайрилган  кемадай баланд... кулгули ковушлар, оқ, қора, қизил қайишли, гулли, мунчоқли, узилган ва баъзиларининг пошналари сингган туфлилари тизилишиб турарди.Туфлилар ҳам инсоният ривожланиш босқичларининг..намуналари, гувоҳлари эди. Пойафзалларнинг баъзилари кўп кийилганидан бош бармоқлар ўрни ботиб кетган  ва оёқ терлаганидан ичи қорайиб, туси билинмай қолган эди. Сон- саноқсиз туфлилар турли бичим, турли размер, турли рангда эди.Туфлилар карвонининг энг чеккасида эртаклардаги, гўё Сулаймон девининг  сеҳрли кўзасидан чиққан 45-50  ўлчамли, девларга мослаб тикилгандай қўпол сариқ этиклар, ярим газлик боғичли ковушлар турарди. Шўр сувдан этик,ковушларнинг усти, қўнжи  оқарган ва ичида яшил сув ўтлари, чингуллар, қурбақабўқлари ва чиғаноқлари қолдиқлари кўринар,афтидан оёққопилар асрлар давомида денгиз остида ётганга ўҳшарди.

Майдонга тўрт тамондан  яъни “Истиқлол” жаддаси, Султон Аҳмед жомеси ва трамвайлардан тушиб келаётган оломон дупур –дупур юриб майдонга оқиб келишарди. Баъзи одамлар бақириб – чақирар,майдонда  шиорлар, байроқлар кўтариб келаётган, кекса одамлар ниқобини кийган  сафлар  ва ола- қуроқ кийинган ёш –ёш қизлар, бир қарашда Шимолий муз океанидаги император пингвинларини эслатадиган кенг шалворлар кийиб,рўмол ўраган кўйи қишлоқ  хотинлари, ҳижоб ўраган ўрта ёшли  оналар... сўзсиз..сукут билан  кўз ёш тўкишарди.

“Сурайё Ўқон. 1989 – 15 июль 2016  йил”.

“Боқ, бунга Эже, бу ковушнинг эгаси ҳали 25 ёшига ҳам кирмаган экан..”.

“Бу ерда ўғил болаларнинг оёқ қопилари ҳам бор экан..” дейди  олтмишидан ошган қора қош ҳижобли хотин.

“Сўна Дамирдош. 1972 – 15 июль 2016 йил ”

“Анне анне..бу крассовка. Буни аркак ҳам, кадин, қийиз-да кияди ”..

“Вой, 84 ёш анне ҳам келган экан майдонга..Ипак Кўсеўғлу..Мана туғилган кунини қаранг”.

“15 июль  2016 йилда бўлган  урушларида..балки Отатурк байроқларини баланд кўтариш учун..кўчаларда, майдонларга танкларга қарши чиққан ёши улуғ оталар ва оналарни телевизорда кўрсатишганди”..

“Баҳор Довуд. 15 июль 2016 йил”.

2016 йилги  давлат тўнтаришига уринишда ...246 одам ҳалок бўлди. Ҳамма замоннинг давронлари.. тирик  одамларни қалқон қилди. Ҳамма замоннинг одамлари.. ўз адолат ва ҳақиқатлари учун қурбон бўлди.

Қора денгиздан отланган барча вақт- замонларда дунёдан ўтган, уруш жангоҳларда турк юрти учун шахид кетган ёш-қари, оқ – қора, узун – қисқа, озғин – семиз хотинлар аллақандай оҳанглар монанд ҳалай чекиб денгиз тўлқинлари бағридан  чиқишарди.  “Ҳой, Қора денгиз ..этакларимиз, оёқларимизни қўйиб юбор..йўлимиздан наҳангларни, улкан одамхўр  пирания балиқларини, заҳарли илонлар- чаёнлар гизланган қора тошларингни ол..тўфонларинг йўлини қопқоларинг билан беркит ..ҳой Қора денгиз ” дея сув томган узун сочларини силкитиб, осмон акс этган кўзлари ёғдуланиб  ҳайқиришарди. Қора мазутдай денгиз зулматидан аранг ажраладиган сув хотин лашкарнинг қўлларида  олис хоразмшоҳларнинг бўри боши акс этган қора ранг  байроғи, дунёга 650 йил хукмронлик қилган шавкатли Усмонийларнинг оловли  байроқлари ҳилпирарди.

Майдонга тўпланаётган хотинларнинг қора издеҳоми  аста-аста сўйланиб, сон –саноқсиз туфлилар денгизи  оралаб узоқ жим қолишарди. Майдон четида Бейўғли кўчаларида қадим туркуларни тинглаб  нон ва тузсиз оч қолгандай озғин, тиришиқ юзида соч-сақоли,  тирноқлари  ўсган ва .. узун бармоқларига катта кумуш узук таққан эркак, кўз ойнагини тўғирлаб шеър ўқирди. “Ассалом – алейкум “Тақсим” майдони, Тахтингда туради эркнинг  султони”..кимлардир шоирнинг олдига 5 лира, 10 лира ташлаб кетибди. Аммо..шоирнинг дунё билан иши йўқ..Оқ оралаган бароқ қошларини чимириб, кўзларини юмганича  шеър оҳангига чайқалиб ғулдирарди.

“Тақсим” майдонига денгизларнинг тўрт тарафидан учиб келган оппоқ чайкалар, сирли қора қарғалар, парлари кир- чир лоқайд бакланлар, қаҳратон совуқ, ўн, ўн беш метр баландликда пишқирган ваҳшатли тўлқинлардан қутурган бўрон қушлари ҳаракатларида  аллақандай  жонсарак сафарбарлик  сезиларди.

“Биласанми Баҳор,  онам шу ерда қони тўкилганига мамнундир, балки, қара майдонларда, кўчаларда пиёда  юришини билса-да,  яҳши кўрадиган баланд пошнали мунчоқ занжирли туфлисини кийиб келибди. У гўё ўзининг шахид бўлишини  билган лашкардай тантанали ҳолатда  ясаниб келибди”.

Сафохон туфлиларнинг ғаройиб намойишни киприк қоқмай  кузатарди. Кимнинг ҳаёлига келган экан ғоя?. Эгалари ҳалок бўлганида туфлилар оёқларидан тушиб   майдонда қолган.Бу туфли, ковуш, оёқ қопи, пойафзалнинг сони қанча бўлди экан. Юз, икки ...юз..уч юзми..воҳ олис турк  овулларида яшайдиган... “Тақсим”га келишган куч тополмаган сочлари оқ турк онаси 300ми, 400ми нафар фарзандидан, қизидан айрилибди. Бу ёмғирлар ёғаётган, денгиз қушлари айланаётган, шудринглар тушаётган кўҳна  дунёда.. Сафохондан-да толесиз, бахтсиз эналар бор экан..

Қизининг  йўқолгани ҳақида Истанбул Аташаҳар полициясига шикоятидан сўнг,  кўчага улоқтиришган бўлса-да...бирор кимса қизинг ўлди демади..Худога шукур..Балки, полициядаги зобитлар бугун -  эрта “қизингиз тирик” деб қўнғироқ қилиб қолишар..Оҳ, қани эди...

“Тақсим” майдони атрофи..мустақиллик монументи ёни..узун – узун ялтироқ ойналарда акс этаётган... ҳаяжонли мусиқачилар  скрипка,зурна, саксафон,ноғораларни, сазларини чалишга шайланишди. Гул дўконлар, машҳур турк кўзмунчоқлар совғалари, қора денгиз, Қизкулеси акс этган мойбўёқ расмлари,тақсимчалар, сачоқли гиламлар,  турк ёзари Орхан Памукнинг кутубхона фонида тушган  расмли  асари    жой олган китоб дўконлари, қаҳвахоналар эшиклари очилди.Истанбулнинг осмонўпар  хотеллари, банклари, тижорат марказлари томига ўрнатилган турк байроқлари тонгги гўзалликда янада мағрурроқ ҳилпиради.

Бирдан Туркиянинг, дунёнинг ҳар жойидан келган хотин – қизлар, хижобли оналари..  қўлларида байроқлари, шиорлари, юзларида ниқоблари билан қотиб қолдилар.Тун бўйи  Истанбул осмонини  қоплаган Қора денгиз  чайкалари, қарғалари, ўрдаклар, бакланлари ва бўрон қушлари  бир вақтнинг ўзида ҳавога кўтарилган эди. Бир зум атрофни кумуш тус  ёғдулар қоплади. Уйқуси учмаган “Тақсим” мусиқачилари  тиринг – тиринг созлари,зурналарни мослаб,узун сочларини  силкитиб,  Туркиянинг миллий  гимнини бошлаб юборишди. Шоир Меҳмет Эрсўй ўзининг турк юраги билан дунёга, эриниб кўзларини очаётган оламнинг қалби бўлган Истанбулга ҳайқирарди.


Korkma! Sönmez bu şafaklarda yüzen al sancak,

Sönmeden yurdumun üstünde tüten en son ocak.

O benim milletimin yıldızıdır, parlayacak;

O benimdir, o benim milletimindir ancak.



“Дунёнинг қалби Истанбул..” деди ичида ҳаяжонланибми, қалтирабми Сафохон. Бошини баланд кўтариб  туфлилар денгизида сузиб юрган ёш-қари, сочлари ёйиқ, жингалак, ҳижобли,аллақайси ташкилотнинг яшил ранг  хизмат либосидаги  намойишчи хотинлар тамон юрди. Сафохоннинг юзида тоғларни қулатадиган мағрур ва қаътиятли  бир ифода бор эди.

Улкан майдон ғаройиб кумуш нурга тўлган эди.Сон-саноқсиз денгиз қушлари улкан  учар диназаварлар  каби майдон узра учиб айланиб,  мақсадига етгандай Босфор бўғози, Қора денгиз тамонга йўл олишди. Майдонга келаётган хотин-қизлар туфайли тобора кўпаяётган эгасиз туфлилар расталари  нур, ёғдуга беланарди. Ҳаводан   денгиз қушлари  патлари мисоли баҳор ёмғирларидай ёғиб, эрта етилган тоғ  мамақаймоқлардай уча –уча сон – саноқсиз туфлилар устига қўнарди.Балки, шу йўсин денгиз қушлари-да, ўзлари  асрлар оша олиб келган туфлиларми, мактубларми, шонли байроқларними, нишоналарини ташлаб кетишарди.

Январь –февраль 2019 йил. Тошкент.


Лайлак хотин

(ҳикоя)



Оқ, сариқ, қизғиш чироқлардан мунчоқ шодалари таққан  гўзал Истанбул атрофини қуршаган   Мармара денгизининг олис -яқинига жойлашган тўққиз оролдан иборат  “Шаҳзодалар ороли” тамонда недир содир бўлган эди. Ороллар устида ёпинчиқдай осилиб турган бутлутлар қирмизи, қонталаш тусга кирганди. Осмонда  катта Айиқ юлдузлар тизимининг ердаги аксидай тўққиз оролдан иборат ҳудуд шимол тарафдан жуда узоқда  бўлса-да, Буюк Адалар осмони Шимолий қутб нурланишидай алвон рангга кирганди. Денгиз шамоллари ороллар  тарафидан йиғи –сиғи, дод-фарёд, кемаларнинг вупиллаши ва итми, бўриларнинг увиллашини олиб келарди.

Мармара денгизи ҳаддидан ошиб йиллар давомида оролларга келиб жойлашиб ўтироқлашиб қолган тўрт минг нафар одамнинг ўтакасини ёрарди. “Эй, ғафлат босган бандалар тур, тур, уйғон..бу ерга бадарға қилинган сон – саноқсиз шаҳзода ва маликаларнинг аҳволи не кечдики, сизники не бўлар.. Увв..увв..мени Мармара денгизи дейди.. сувимда ҳатто..денгиз қушлари, очўз бўрон қушлари ҳам музда сирғалгандай сирғалади..Буюк Адалар не бўлибди... Мен қолган Хиналиада, Садаф адаси, Яссаада, Сивриадани кемаларга йўл кўрсатадиган маёқ –паёғи, Х асрда қурилган монастири ва  гала-  гала  бўрига дўнаётган итлари билан киприк қоқмай ямлаб юраман..Увв.. мен Мармараман..бағрида поезд вагонлари каби келадиган китлари,  йиртқич акулалари, тиним билмас овсар чавақ балиқлари, бугун ва қадим замоннинг чўккан кемалари тўрларини қиийналмай ютадиган Мармара денгизиман..”дерди.

Сабиҳа Султон бегойимга энага бўлиб яқинда  Қора денгиз орқали яширин сувлардан ўтган  ўттиз ёшларидан ошган  Анжеланинг ўтакаси ёрилаёзди. “Саби..саби хоним..эй хола..Худоё, ўзинг сақла..” дерди уйқусираб хизматчи аёл, ним қаронғилик бағридаги қаронғи уйда. “Тинчлан, тинчлан Анжи Ой туғди ана кўрмаяпсанми, қандай гўзал..сув тортилаётир...ҳозир денгиз соҳилдаги қисқичбақа, тошбақа, балиқлари  билан изига  қайтади..Мармаранинг шалоплашини кўрдингми Ойга бўйсунмай... ҳозир ҳаммаси тинчийди..”.

“Бу увиллаётган, йиғлаб, фарёд чекаётганлар ким бўлди Сабиҳа хоним..”. Қўшни хона тамонда бир оз сукунат чўкади. Мармара  ишвагар хотиндай тўлғониб, бегойим ва энага қизнинг деразаси олдида ипак этакларини кўтарарди.  “Бу товушлар қирғоқдаги хотел ёки кафедан келаётир...уҳла, уҳла эртага  сени зўр қаҳвалти ейиладиган жойга олиб бораман, Уҳла..”

Чор атрофини денгиз қуршаб олган Буюк одалар  ороли соҳилидан уфқ чизиғига туташиб кетган  мовий борлиқ узоқ-узоқларгача кўринарди.Байроқлар  ҳилпираётган, турли туман мусиқа таралатган, уч –тўрт қаватли уйлар ва кўм-кўк оғочлар қоплаб олган Буюк Адалар, яқин орадаги “Шахзода” ороллари тизими осмонини  тўлдириб, учиб юрган бўрон қушлари чайкалар оролга келиб кетиб турган    Туркиянинг ой ўроғи акс этгган қип-қизил байроқларини ҳилпиратган сайёҳ кемаларга харбий самолётлар каби ҳужум қилишарди.Улар ҳавонинг ўзида чиғиллар, бир –бири билан  чўқишар, емак илинжида қирғоқ бўйи кафеларига вақт –бевақт ҳужум қилиб туришарди.Ҳар сафар қўнганида гўё энг сўнгги бор патлари шамолда учиб оёғи ва қуйруғи ҳар тарафга соллониб, ўзи йиллар давомида ўрганиб қолган турли тотли емаклар пишадиган кафеларнинг яқинига бориб қўнарди. Анжела оролга илк келган кунлари оппоқ кичик булутлардай кўкка кўтариладиган денгиз қушларини яҳши кўриб, уларнинг фонида расмга тушиб юрарди.Кўзлари билан тунги шовқин –суръон қайси хотел ва кафелар тамондан келди экан деб изларди. Аммо хашаматдор мехмонхоналар мовий борлиққа қараб қад кериб турар,”Balikxana” ,“Isparakofte” каби ёзувлар битилган, баъзиларида тунги  чироқлари ўчирилмаган соҳилбўйи тамадди кафелари сахнини  кўпиклаб ювиб юришарди.

Сабиҳа султондан изн текканда,  бир вақтлар миллий колоритни кўрсатиш учун орол эгалари тамонидан қурдирган ердан икки уч метр баландликдаги зинали лайлак уясига чиқиши билан чуқур нафас оларди. Негадир шу  баландликка чиқиши билан  кўз олдига Моноқ элатидаги Шовот кўприкдан тушиладиган йўл ва унинг ўнгидаги дарахтзор келарди. Уйдаги уруш – жанжаллар, келини билан келишмовчилилар  сабаб элат хотинлари билан Қозоғистонга жўнади. Ундан яна Хоразмлик хотинлар билан Россиянинг Самара вилоятига бориб карам полизида ишлагани ўртада турган ўзбек хотинлар буларнинг пулини бермагани..бир ҳафта давомида кўчада қолишгани ит куни солишгани, полиция изоляторида беш кун ўтиришгани...сал кам бир йил қиш давом этадиган совуқ  Россиядан сўнг, иссиқ тропик иқлимга яқин Мармара денгизидаги Буюк Адалар бамисоли жаннат боғларидай эди.  Ҳозир ҳатто дўкон витренасида турган карамни кўриши билан кўнгли ағдариларди.Яна қушларнинг саси қулоғига киради, гўё бўрон қушлар унинг осмонига, эркига даҳл қилаётгандай “қанотларинг узилиб тушсин сени учар динозовлар, ит тўяди, мушук тўяди, бу ялмоғизлар тўймайди, илойим товушинг..Қора денгизнинг остидан чиқсин, илойим қанотларинг чингул ва чаловларга илашиб сувга чўкиб ўўл..”деб қарғарди чайкаларнинг бир –бирини чорлган кучли овозини эшитмаслик учун қулоғини  беркитиб. Қайси бир севишган эркак ва  аёл тўпими инга кириб овқатланган ва ҳар сафар нон, қоврулган лимонли балиқ, катта –кичик пишлоқ  бўлакларини қолдириб кетган ялмоғиз чайкалар энг моҳир исковучдай шу ерни ҳам топиб келганди.

Болалигида ҳовлида  “ку..ку”лаб юрадиган қумриларни “хуббининг қуши, хуббининг қуши” дери дейишарди. У даврда гўё баҳорнинг келиши қушларнинг рангига ҳам боғлиқ эди. Кўк қарға келиши билан ўриклар гулларди. Қалдирғоч  жуфти билан келиб айвонларга уя сола бошласа, онаси "энди сени қулоғингни тешдириб бўлмайди, тешилган қулоғинг яра бўлиб кетиши мумкин", дерди. Ҳар йили чиройли сирғалардан қолиб кетадиган қиз айвон, даҳлиз, уй шифтларини айланиб, орада “чиир” этиб овоз чиқарадиган қалдирғочларни койирди. “Сал эртароқ келсанг, не бўлар..” дерди қалдирғочни ёзғириб.

Аму дарёни қирқ дарра уриб ҳам ўзига итоат эттира олмаган ўз ўзанини бузиб, ўзгартириб оққани учун телба Жайхун дея номлаган дунё дарё –денгизларининг шоҳи  Сулаймон пайғамар  даррасини бир уриб ўз измига бўйсундирган мулойим  Қора денгиз не –не тақдирлар, Султон Аҳмад Фотиҳ кўпригидан денгизга ташлаб ўлган одамлар, дунёнинг ҳар жойидан  уруш бўлган Сурияга йўл олган қурол ортилган кемада  кимлардир чўкдириб юборган қуроллар, бомбалар, узоқларга отадиган замонавий замбараклар маржон қоялари остида ўзлари билан содир этилмаган қотиллик, ўлимлар солномасидай осилиб ётарди.У куни туш пайтида кечаси билан қутурган тўлқинлар соҳилга болаларнинг кийимларини, шапкача ва кичик туфли, крассовкаларини чиқариб ташлабди. Эгалари қаерда экан буларнинг деб ўйлади. Аммо барча сир- синоат, ҳайқириқлар, жон талвасасидаги қичқириқлар, она деган нидолар, кулгулар ва ҳасратлар тунлари Ой тамон тортилиб кўтариладиган тонгда чекинадиган денгиз сувлари оралиғи масофаларида қолиб кетарди.  Шу сувларнинг қайси тарафидадир, балки ғарб тамонида денгиз ўртасида қолиб кетган, балки инсониятга мангу армон бўлиши учун сув ўртасида  қаққайган   “Қизкуле”си бир кунмас, бир куни сувга ботиб кетмай дея фарёд чекади.Кўм –  кўк осмон, мовий кўкдаги оқ булутлар ортида, қуёш нури а борлиққа кўкрак кериб турган мағрур турк байроқлари ортида Истанбул гўзал  хотиндай ястланиб ётарди..Бир тунда Анжелани катта миқдордаги пул эвазига  Гурузия орқали Туркияга ўтказиб қўйишганди. Уни олиб келган кемада йигирма чоғли қочқинлар бўлиб, уларнинг аксарияти ёш-ёш чиройли қизлар эди. Тунда чироқларини ёқмаган кемада аёллар бир-бирига бошдан кечирганларини, уйдан қувилгани, эри калтаклагани, уч ёшли боласини онасига ташлаб келаётганини айтиб ҳасратлашишарди. Аммо шу улкан сувликлар, яширин ҳолатда сузаётган кема, серсақол одамлар, кўчага чиқмай беркиниб ётгани очлигидан ҳам  баланд туйғу бор эдики, бу Истанбул сўзи  эди. Гўё бу хўрланган янги ҳаёт истаб келаётган  хотинлар тўпи учун Истанбулда  жаннат дарвозалари очилар эди. Уларни қимматбаҳо ресторанлар, фаранг атирлари иси, ним қаронғиликда роҳатбахш ялтираётган момиқ кўрпа-тўшаклар, қаерлардадир яхталарда сузиб юрган, ҳув анов осмон ўпар биноларни қураётган, ҳар сайловда Туркиянинг бир қарич тошли зилзилалар титратадиган ери ва  кафеларда мазали емаклар пиширадиган   мўйловдор  турк ошпазлари овози учун ёқа буғишадиган сиёсатчиларнинг, бойлар,санъат, телеюлдузларнинг белбоғига  боғланган жингалак соч мовий кўз турк болачаси ва сепкилдор қизчалар уруғ -  спермалари кутарди. Қаронғи ялтироқ денгиз ва зулмат орасида бўйнига мунчоқ таққан аёлдай чироқларга кўмилган Истанбул эди. Улар Истанбулга кетишаётганди. Хотинлар Истанбулга етиш учун ҳар қандай хўрлик, таҳқирлаш, топташларга чидашга рози эди. Истанбулга етса бўлди...у ерда жаннат дарвозаси очилади. Ҳали эсида тун қўйнида соҳилга тушгач хотинлар хўррандалари оз бўлган кафеларга ўзларини  уришди. Гўё эртага Исрофил сурнайи чалиниб бутун инсоният қирилиб кетадигандай  “кўфта кебаб, ..” дейишарди аёллар тўтиқушдай уйқусираган официант болаларга.. Ярим тун бўлсада соҳил кафеларида юзларча канали бўлган Туркиянинг машҳур радиоларида турку оҳанглари янграб турарди. Қувноқ бошловчининг “Севгили севинжилар Бурсадан  Ўрда Қора  гелиёёоор” деган саслари эшитиларди. Сўнг радиодан тантанавор серенада саслари тараларди.  Анжела турклар “маржимак чўрба” дейдиган шўрвасини олиб ичганди . Қуюк шўрванинг иссиқлиги ва лимон таъми вужудига худдики Истанбул сўзидай роҳатбахш ёйилган эди. Гўё у бошқа хотинлар каби ўз -  ўзидан жилмаяр  ўзини бегона шаҳарга эмас, онасининг уйига келгандай фароғат туярди.

Уясида ўтирган пайтлар ялмоғиз бўрон қушлари билан қирғоққа келиб кетаётган сайёҳлик кемаларини ёмон кўрарди. Миясидан кечаётган фикрлардан бир оз чўчийди ҳам, балки у энди ўзини эркин ва озод  қуш мисол ҳис қилиб, Буюк Одалар осмонини безбет ва олғир бўрон қушларидан қизғанаётган эди.Гўё кемалар келтираётган минглаб сайёҳлар, таътилга келган елкалари қуёшда қизарган хотинлар, шўртик ва сандал кийган эркаклар унинг ҳузурини бузар, эркинлигига даҳл қиларди. Шу дупур –дупур келаётган оломон бир – кунмас бир куни..умрининг гўзал хотираларига боғловчи  лайлак уясини бузадигандай..

“Тумшуғинг қирғоққа сунчилиб пачақ бўлганини гўргайман..” дерди Анжела сайёҳлик кемаларини туркча хоразмча қарғаб.

Кема мачтаси, очиқ деразаси, палубага чиқиб турган юзлаб одамларнинг ортидан ойналари ялтираётган, қора, яшил, паст – баланд 20-30 қаватли уйлари тилсимланган кентдай қотиб турарди.

У буғ ва  булутлар ортида ястланган шаҳарга боқиб, нега   турк дунёси  Истанбул дея ҳасрат чекади деб ўйларди.

Ёдида  бундан ўн беш йиллар олдин жами Марказий Осиё мамлакатларини ларзага солган “Куртлар  водиси” си номли фильмини кўрган эди. Кинонинг кўча ҳаёти етиштирган қаҳрамонларидан бири Чақир Истанбулга бир гўзал ёрдай мурожаат қилади. Ва Қора, Мармара,Эгей денгизи орасда ястланиб ётган Истанбулга “О, Истанбул санго на бўлди?..” дейди. Туркларнинг  улкан ёзувчиси Ўрхан  Памуқ ҳам  ёшлиги ва муҳаббати  кечган Истанбулни йўқлаб ҳасрат чекади. Сезен Аксу “Оҳ, Истанбул..”нола чекади ўзининг залворли овози билан.Ҳатто сўнгги марта Истанбулдан қайтишида янги аэропортдан “Туркияда энг кўп ўқиладиган китоб”дан беринг деганда унинг қўлига “Гўлгалар” деган китобни тутказишди. Шу китобнинг муқовасига ҳам “Истанбул силиниюр..” яъни Истанбул   баҳорги  мойчечаклардай  тўзғиб кетмоқда деган фикр бори эди. Истанбул бундан йигирма йил..ўттиз йил  олдин, бу осмонларга қад ростлаб турган қушлар ва булутларга қўшни уйлар қурилмасидан олдин қандай бўлган экан?.

“Истанбул..оҳ..Истанбул”..

Қизларнинг қаҳ-қаҳаси қулоғига кириб чўчиб ўзига келди. Кимдир паст овозда эзилиб –эзилиб йиғларди. Бошини кўтариб гуллар ва оғоч япроқлари  орасидан ишдан қайтаётган қизларнинг  қора, яшил ва чечакли капрон жўрроп кийган ҳам хоналарини ялонғоч болдирларини кўрди. Апил- тапил ўрнидан қўзғолиб ёғчдан ясалган, ростмона чўп – чарлардан қурилган уянинг зиналаридан югуриб  ерга тапиллаб сакради.

“Ия, Лайлак хоним ўз инларида экан-да..”..

“Анжела сеники, зўр кун узун кун  уядан ўтиришдан бошқа ишинг йўқ..Биз..”..

“Биз ишқалашда давом этамиз..” дейди Ўзбекистоннинг  чирчиқ шаҳридан келган  баланд бўйли калта сочли собиқ спортчи Роза кулиб.

“”Бугун буюк одамизда не янгиликлар, Анжела”.

“Янгилик сизларда-ю,  Сабиҳа  хонимнинг кўтини ювиб, тооза ҳавога чиқиб – чиқмай ёки уяга етиб етмай телефоним жиринглайди. “Анжи нерни газиюрсан, очдан ўлдим ” дейди қадимги турк пашшоларининг эналарига ўҳшаган, бармоқлари кумуш узукларга тўла оқ сочли келбатдор кампиршо ярим соат олдин еган емагини унутиб. Унинг устига кунига икки марта кафеларда тамоқ еб бухчадай семириб кетган мушукларга “”Бор, Анжи кадиларга емак вер..онлар оч..”деб бир тўрҳалта емак билан  ташқарига чиқариб юборади.

“Ҳаҳа..сенга шу  Анжи деган яъни туркча Эжа деган номга оҳангдош ном ҳам ярашар экан. Анжела деганда менинг кўз олдимга мамалари хандалакдай хандалакдай, сочлари жингалак,юрганда ерлар зириллайдиган бўйдор қиз келади. Сен эса  илм уриб эрга теголмай қолган чўзинчоқ юзли, қирра бурунли  туркманми,хоразмли хотинга, қариқизга  ўҳшайсан.Ҳаҳа..  ”.

“Бугун ёғли ўрис клиентлардан яҳши ишлабсан чоғи.. вақтинг  ҳўш Розалинда..”.

“..буни биласан-ку..ўзини  тили билан айтганда  жисмоний ҳаракатлари  юқори даражада спортчи бўлганидан сўнг тўрт – беш маротабасини кўрдим демайди. Мени 3 тага белим чиқиб кетади.” дейди ҳар хил ҳолатда гоҳ денгиз, гоҳ қирғоқда турган кемалар фонида расмга тушаётган Камола.

“Ўлайми..шунга..буун тепсанг ҳам кетидан бир танга тушмайдиган ўзимизни қирриқ уч –тўрт йилдан бери Истанбулда ишлаётган ўзбек болалар келди.Кўписи доимий клиент. Аммо яқинда келгани сочлари типратикондай йигирма беш ёшларидаги сувсардай пишиқ  йигит ёмон сассиқ экан. Бутун баданидан, тер билан шиптирнинг хиди келади.Яна шунисининг пули йўқ сенга айтсам..Жавдат илтимос қилди, шуни кредитга ол, қилиб турмаса  бу ўлиб қолади..кейинги сафар ошиғи билан 200 лира ташлаб кетади..  ”деди.

“Ҳаҳаҳа..буюринг, буюринг бейларим..ўзбек синдикатининг  кредитга секс хизмати..бажарамиз”.

“..э..туркланг келмайди..бизга.. рус қизлар биздан беш ҳисса кўп олишса-да, паравоздай сигарет бурқситса-да, шуларга боради, бирга раки ичади., бирга виски ичади. Бир иккитаси бой туркларга эрга тегиб олибди.”.

“О, Наташа, Наташа қўйдинг бени оташа..” деб тонготар қўшиқлар айтади турклар.

“Ўўлларинг..кредитчилар...буюк одалар ороли  ишратлар тарихида ҳали ҳеч ким кредитга секс хизматини  кўрсатмагандир”.

Қизларнинг кулгуси айвон олди дасторли гуллар ораси, кенг зиналар, бир оз қуёш олган байроқлар узра акс –садо беради.

Уч нафар хотин кулишиб ..банан, авокада, ананас мевалари, нон ва пишлоқ солинган елим ҳалтани кўтариб айвончасига қизил бўлиб очилган гуллар чирмашган уйга киришди. Ўзбек қизлар  Анжела боқадиган Сабиҳа  хоним уйининг иккинчи қаватида ижарага туришарди.

“..ўзбекларинг жуда кўп куларкан-да, Анжи..дунёдаги энг қабиҳ ишларни этиб яна кулади.я. Оллоҳ –оллоҳ..” дерди Собиҳахоним ўзи юрар аравачасида виқор билан.

“Хоним..энди улар..”.

“Сан сўйлама, Анжи..сен сўраганинг  учун у икки қизни эвда қўйибман. Бўлмаса  ўғлим полиция чақириб депорт қилдирарди..”.

Анжела саксон ёшидан ошган Собиҳа хонимнинг жаҳлдор бўлиб қолганига дарров унинг аравасини  хожатхона тамонга  бурди. Хоним  юролмаётгани ва кам ҳаракатлилиги учун қабзиятга учор бўлар, бундай пайтларда орқадан келганни тепиб, олдидан келганини тишларди. Аёл унга мойли ҳуқна қилиб деворга суяб турғизиб қўйди..Беш дақиқа ўтар – ўтмас...хоним енгиллашиб куларди. Анжела  ванна шланкасини тортиб олиб бир вақтлар кўркам жувон  бўлган Собиҳахонимнинг терилари бир оз салқиган оппоқ оёқларини, серрайган елкасини, узун қўлларини кўприк билан кўпиртириб илиқ сув билан  ювди. Кампир ёш болалардай кулиб тоза бўлаётган баданига қараб севинарди. У хонимнинг баданига хушбўй гелларни суриб, ювилган оппоқ футболка ва шимларни кигизиб ваннахонага ҳам  ёқимли бўй дезодарантларини сепиб..”кетдик, қочинглар, қочинглар Сабиҳа  султан гелиюр..” деганича аравачани  ғилдиратиб деворларига хонимнинг беш нафар фарзанди, набиралари, Истанбул эминият бўлимидан олган ташаккурнома ёрлиқлари, орден ва медаллари осилган катта залга олиб кириб телевизорни қўйди.  Ошхонадан хоним яҳши кўрадиган зархал чашкада олмали чой келтирди.

“Дамлашга қачон улгурдинг, Анжи. Сени онанг қандай меҳрибон қилиб тарбиялаган.Мен болаларимни университетда ўқиши, яҳши жойда ишлаши учун нелар ёпмадим, амма бири- да сенга ўҳшамайди. Бир газетачи тўриним билан  беш вақт намоз  ўқийдиган оҳтиқимни ҳисобга олмаганда.. Шу юқорига чиқмасанг ўзинг жуда яҳши қизсан ва чиройлисан..”.

“Емак буюрганман. Шуни ол..”.

Одатдагидай эшик телефони жиринглайди. Одатдагидай “галсин” дейди. Авваллари  музхонадаги овқатларни хоним аҳлатга ташла дегани учун.. Анжела таомларни кампирдан сўраб  бир елим ҳалтани тўлатиб олиб қўярди. Анжела турли  хил қимматбаҳо таомлар тўла елим ҳалтани олиб юқорига йўналганда “аллоҳ қаҳр этсин шу дугоналарингни..”дея вайсарди кампир Анжелани юқоридаги қизлардан қизғаниб..

У юқори қаватдаги қизларнинг хонасига кириб борганида қизлар гиламли катта хонада диванга ястланганича ётар, бири телефон ўйнаб, Роза эса  кўзларини юмиб ётарди. Унинг яноқларида кўз ёшларнинг изи бор эди. Роза спортчи бўлиб мусабоқаларда кўп қатнашган ва ҳар мусобоқада ғолиб чиқиши учун кўп маротаба допинг олган экан.Оила қуриб фарзанд кўрмагани ва оиласининг барбод бўлгани ҳам шу допинг сабабли экан.

“Салом, кридитчилар союзи..қани туринглар..онангиз ўтлоқдан елини сутга тўлиб келди. Сен, эй Роза..Розалинда қани бориб ваннага кириб типратиан кридитчининг шилимшиқ сўлакларини ювиб кел-чи..”.

“Ювиндим, уч –тўрт маротаба ювинмасам ўзимга келмайман..атир ҳам сепдим”..

Анжела чаққонлик билан столни артиб, Сабиҳа хоним музлаткичидан олиб келган турли хил кабоблар, салат, ширинликлар,қутиларда лаҳмажун, пидье, мева сувларини  чиройли қилиб териб қўйяди. Шақир –шуқур этиб тақсимча, қоғоз сочиқлар  ва санчиқларни қўяди. Телевизор ёнида турган узун - узун кумуш идишдаги шамдонни олиб келиб ёқиб қўйди. Хонани  хушбўйлар қоплаб олди. Ошхонаининг очиқ деразасидан денгиз шовури, кемалар вуппилаши ва чайкаларнинг ғалати овози эшитиларди.

“Ана, сизларга оқшомги романтик овқат..Қани туринглар.”.

“Ўҳҳў, сизлар бундай зўр яшайсизлар..Шунинг ҳаммасини кампиршо буюртма қиладими?..Энг зўр рестораннинг дастурхонику..Ўтир ўзинг ҳам..Раки йўқмиди..”.

"Қизлар, Сабиҳа хоним ичкилик ичишларингизни билса..".

"Билса, нима ўз пулимизга ичамиз. Бизга рус ароғи яҳши ҳам  кайф беради, ҳам дизинфекция қилади".

“Қизлар мен кетдим. Агар сизларни ёнингизда 10 дақиқадан кўп қолсам Сабоҳат хоним  уриб ўлигимни денгизга отиб чайкларга ем қилади..”.

“Э, нега уради..ёлғиз қолади-ю” деган сўзларини Анжела йўлакда эшитади. Қизларга емакларни берганига қувониб, хонага аста киради. Хоним ваннада ювингач бўшашган чоғи, олмали чойни ичиб уҳлаб қолган эди. У креслонинг оёқ тарафини кўтариб хонимнинг бақувват оппоқ оёқларига юпқа кўрпа  ташлайди.

Анжела уяга чиқиб олисдан мавжланаётган денгизга тикилиб ўтирарди.  Буюк одалар оролига илк келган кунларида денгизни мовий  кўкка ирғишлаётган кўпикли тўлқинларни соатлаб кузатиб тўймасди. Энди тунлари уйқу орасида денгиз шовурини, Босфор бўғозида  тирбанд турадиган кемалар вуппиллаши ва уйқусираган чайка қушлари товушини эшитиб юрагига қўрқинч кирарди. Қора денгиз  Таиланд тарафлардагидай цунамилар билан   қутуриб икки –уч метргача кўтарилса бўлди. Буюк Адаларнинг сайёҳлари, емакхоналари, қирғоққа лангар ташлаб турган кемалари, уйқуда ётган Сабиҳа султон ва шўрлик Анжелани денгиз қарига тортиб кетади. Агар шундай ҳол юз берса Анжела кампирни қандай кўтариб олиб  қутқаришини ўйлаб асабийлашар, сўнг бир оз  ўзига келиб “астофурулло ” деб қўярди. Телефони жиринглаб кридчилар уюшмаси аъзоси  Розанинг овози ҳаяжонли эшитилди.

"Анжела, Камола ускударлик йигит билан кетиб қолди.Энди Ускударда яшар эмиш"дейди тушкун товушда.

Янгиликларни ҳамиша Анжела  Сабиҳа хонимнинг адолат  торозусида тортиб кўрарди. Уйқудан уйғониб иккиси денгизни, учиб юрган оқчорлоқларни тамоша қилиб ўтирганда “Камола усткударлик йигит Нежат билан қочиб кетибди. Улар бир-бирини севармиш”деди. Кампиршо ўзини яна Туркия буюк миллат мажлиси минбарларида нутқ сўзлагандай қатъият билан тутиб “гетсин, эркак севмиш ўлса гетсин..ўшанда рўмол ўрамади..ёёё..” деди қошини чимириб.Аёл ҳайрон қолиб, Розанинг  бир ўзи қолди, уйидагилар Камолани эрга текканини билмайди, деди.”Анжи у ганч қиз ҳар кун Розанинг оёқлари орасига қараб умрини ўтказмайди-ку. Гетсин..Ана кафеларда сон мингта ўзбек хотини уй тополмай юрибди. Шуларнинг бирисини олади..”.

Сабиҳа хоним Пушкин эртагидаги шоҳ Салтаннинг онасидай оппоқ қўлини юқорига кўтариб қўйди.Бу унинг  кўп сўзламай йўлга туш дегани эди.  Анжела бегойим ўтирган аравачани ғилдиратиб кетди. Аввалги ҳафта ҳам қовун туширганини ўйлади. Хоним шунга ишора қилаётганди.Қизлар Роза, Камола ва Анжела дам олиш куни Истанбулни  айланишга кетаётганида Сабихоним кўпроқ пул берди. "Аё Софияга керинг, уларга рўмол олиб бер, масжитнинг ичида икки ракат намоз ўқинглар", деганди. Анжела, қизлар сизларга рўмол оламан, сўнг ичкарига кириб намоз ўқиймиз, деди. Икки қиз ҳоҳолашиб кулиб, “энди биз ҳам Туркияга келиб хижобга кириб, анови пингвинг нусҳа шаловор кийиб юрган хотинларга аланайликми,  тирикчилигимиз нима бўлади...Бор ўзинг ўқийвер..” деб кулиб қочиб кетишганди.

Шамоллар унинг қулоғига "Анжела..Анжела.." деган товушни олиб келарди. Шу он қиз икки довангирдай полициячи эркак Розани судраб кетаётганига кўзи тушди. У бугун ишдан сўнг ўзбек хотинлар йиғиладиган  кафега бориб  Камоланинг ўрнига одам олиб келиши керак эди. “Тўҳта..тўҳта..” дея бақирди. Икки ҳатлаб зиналардан ошиб,  бўронда қоолган балиқчи қушлардай у ёқдан  бу ёққа югурди. Ва  бирдан Сабиҳа хоним эсига тушиб уйга қараб чопди. “Хоним Розани полициячилар олиб кетаяпти..”.деди ҳаллослаб. Сабиҳа хоним кумушдек оқ сочларини турмаклаётган экан.  “Нега олиб кетади, юр, юр..аравани ҳайда..”.Анжела ҳали уйқуси учмаган кампиршони совуқ денгиз шамолларига юзма-юз этиб, полиция кемалари турган тамонга чопиб кетди. Йўлда оёқ остида оролнинг балиқларга тўйган мушуклари, эринчоқ сайёҳлар, шўҳ кўча мусиқачилари қоларди.  Улар яқинлашгани сайин  қирғоқдан ажралган полициячиларнинг кемаси денгиз сари вариллаб юриб кетди. Сабиҳа хоним ва хизматчи ҳаллослаб соҳилга етиб келганларида кема қирғоқдан узоқлашганди. Туйқус  атрофда “оҳ,  боқ..боқ..кадин дениза гирди..дениза гирди..” деди. Воҳ, шу он қирғоққа етиб келган  Сабиҳа хоним ва Анжелани кўрган Роза спортчиларча чапдастлик билан полицияларни ҳар тарафга ирғитиб ўзини денгизга отган эди. Унинг калта сочлари шамолда паҳмайганди. “Рўза, Рўза” дея Анжела иҳтиёрсиз қўлларини олдинга  узатиб чинқиирарди. “Қўрқма, у спортчи ҳало сувдан чиқар..” деб кампир уни юпатарди. Кемадаги одамлар ҳар тарафга югуриб, шовқин –суръон солиб, телефонда кимларнидир ёрдамга чорлаб бақириб чақиришарди. Атрофдаги кемалар вупиллаб ҳавфдан огоҳлантириб сигнал чалишди.Кема сувдан беш –  олти метр баланд эди. Полициячилар Рўза тушган жой кетма кет қутқариш чамбаракларини ташлашди. Аммо, Рўзанинг эркакалардай бақувват танасини денгиз ости гирдоблари ўз қарига тортган  эди. У беш дақиқа ва ўн дақиқа ўтганидан сўнг ҳам чиқмади. “Ааа..Рўза..” фарёд чекди..бу ёруғ оламда  сувга чўккан қизни қайғуриб яқини сифатида қайғуриб.

“Ланъатлар ўлсин, сан шарафсизлара..надан  менга айтмадинг..Минг ланъат хирссизлар..”. Сабиҳа хоним денгиздан қайтган полициячиларга  туркчалаб сиёсатсиларга хос оғир сўз айтарди. Негадир улар индамасди. Сабиҳа хоним гўё  аравачасидан туриб кетадиган важоҳат билан оппоқ  сочлари шамолда ёйилиб полициячиларни ҳақоратларди.

"Ланъат ўлсин..".

Роза  Калонова  "Соҳил бўйи 24" уйда туриб сувга чўкиб ўлгани учун полициячилар уйга келишди. Маълум ҳужжатларга қўл қўйдириб "аф..эдерсиниз" деб чиқиб кетишди. Уйда  чироқлар ёнмаган, гўё ўлик чиққандай оғир сукутга чўккан эди. Уйнинг иккала истиқомадчиси сўзсиз ўз жойларига ётишди.

Тонгда Анжела денгизга қаради. Барча чайка ва сувчи қушлар сайрамай..гўё қулоғига "Рўза қани, Рўза қани" деб чинқираётгандай бўлди. У денгиз ва уфқ туташиб кетган жойга қарар, ўша оралиқда аллакаимнинг қорасини кўргандай бўлар ва Рўза сузиб келаётганмикан деб денгизга қарарди. Уни ўйлаган сари кўз ёшлардан буғиларди. Улар Камола билан Россияда ишлаганида бир куни бир гуруҳ мастлар уларни ўрмонга олиб бориб қорда иш бажаришган экан. Ўшанда Роза қаттиб шамоллаб, оёқ –қўллари увишадиган бўлиб қолган экан. Демак, у ўзини сувга ташлаганидан кейин омирлари тортишиб, оёқ –қўллари увишиб қолган эди. Ёнгинасига баҳайбат чайка учиб келди, ва ғалати буғиқ овоз чиқарди. Гўё у Розани  канопгулларга ўралиб сув юзига чиқа олмай қолди. Ҳозир унинг ўлиги тўн бўйи голфстрим оқими билан оқиб Атлантика океанининг  бошқа океанлар билан туташ очиқ денгизида сузиб юрибди, дерди.”Анжела..Шодмонбика мени қутқар.” дерди..у отини қайдан билди экан.

Анжела ўрнидан сакраб туриб “вааа..ааа..” деганича ҳўнграб йиғлаб  уйга чопди.

Бўрондай отилиб кирган сочлари ёйиқ Анжелани кўриб, ҳали у тайёрлаб кетган нонуштани еб ўтирган Сабиҳа хоним қотиб қолди. "Хоним... менга руҳсат беринг кетаман, бу ерда жини бўлиб қоламан, Роза қуш тилинда Шодмонбика меени қутқа дейди..мени қутқар дейди. Қани мени чемадонларим..

Кампир умрида биринчи  маротаба бегойимлик мартабасидан тушиб аравани ўзи ғилдиратиб келди. “Шодмонбика ким..у ҳам ўлдими?”. “Шодмонбика мен..мени номимни Россияда рус дугоналарим " номинг  эски...ўзбеклигингни билиб ишга олишмайди деб ўзгартиришганди..”..

"Ким дединг.Шодмонобика қиз..".

Сабиҳа хоним аравачадан узун қўлларини узатиб совуқ  ва ҳаяжондан қалтираётган Розанинг бағрига босди. “Тинчлан, тинчлан..қани иссиқ чойдан ич..”. Анжела Шодмонбика Сабиҳа хонимга итоат этиб ўргангани учун қалтираб, тўкиб –сочиб лимонли чойни ичди.

“Ҳеч қаерга кетмайсан, сенинг карточкангга 10минг доллор ташлайман.Бу иш ҳақи эмас. Хайр учун..”.

Роза  қошларини  баланд кўтариб кампирга боқди. “Кечиринг, кетаман, мен энди бу денгизарга, қушларга, кемаларга қарай олмайман. Уларнинг ҳар бири денгиз тубида чингуллар, маржонларга ўралиб қолган Рўзанинг фарёд ва илтижоларини олиб келади". 

Собиқ амалдор Сабиҳа Султоннинг деворларига портрет, оилавий расмлар, орден, медаллар, усмонийлар саройи емак тавоқларини эслатадиган тақсимча, лаганлар осилган музей залига оний сукунат чўкди. Очиқ деразадан денгизнинг шовури, балиқчи қушлар товуши ва сайёҳларнинг вағир – вуғури келарди.Кемалар чайқатган денгиз тўлқинлари...спортчи Розанинг туғилмаган ўғил –қизлари кўйлаклари, мактаб сумкалари, маккажўҳори қутичалари, пойма – пой спорт оёқ қопиларини қалқитиб олисларга қуёш чиқаётган тамонларга олиб кетарди.

“Шундайми..” деди бегойим қўли билан ҳали ҳам қалтираётган Шодмонбиканинг қўлларини ушлаб.

Кампиршонинг бирдан  туркий ватанпарварлиги қўзиб яна ўзини Буюк миллат мажлиси минбарида ҳис этиб    қаддини мағрур  ростлади.

“Унда биз эртага Истанбулга қараб йўлга тушамиз. Шунда сен кўп қаватли уйлар ортида денгизни кўрмайсан..Анжи Шодмон бика... боқ. Мен сени қандай қўйиб юборай,   беш фарзандимда кўрмаган инсоний меҳр ва саховатни кўрдим. Ҳади геталим..”.

Денгиз кўринмаслиги учун пардаларни тортиб қўйган  Шодмонбиканинг кўзларида қувонч порлади. Қалбининг миллион хужайралари “Истанбул, Истанбул..” дерди.

“Аллоҳ, қаҳр этсин булар..а..боқ..Истанбули...миллатни  на ёпиёор бунлар..бунлара боқ, бунлара  боқ.. ўн – шў икки ёш жўжиклара ўрич..рўза тутдириб..манглайина “илк рўзамни тутдим деб ёздириб “TRTHeber”да гўстариюр..Валло..Ататуркин йўли қани.. шу ишни этганинг учун сени манглайига худо Қашиқадаси билан урсин..ё” дерди Сабиҳа Султон столдаги финжон, санчқи ва қошиқларни асабий шақирлатиб.

Шодмонбеканинг йиғидан қизарган кўзлари билан синиқ кулди. Жуда ғалати халқ бу турклар: мактаб ўқувчиси, фаррошидан тортиб, энг бойигача  аллақандай жазавий телбалик зоҳир..Туркияни севиш жазаваси..

9-26 май 2019 йил. Тошкент.



Манба: адибанинг "Nurzamon.Uz" сайти.

 

eb23ebae4e2f0a5747a3836a73a792433eb756231883193 (700x510, 39Kb)