Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Шахсий фикр


Сўкмак ўтганлар ишин нотовонлар расмиким...

Омон Матчон



Биламан, бугунги ўзбек ёш ижодкорлари бизнинг насихатларимизга мухтож эмаслар.Аммо бу ёзаётганларим насихат эмас, балки бир дўстона маслахат.


Ҳурматли, ёш ижодкорлар!


Ёзган асарларингиз жаҳон адабиёти ғалвирларида, инсоният тарихида мангу қолсин десангиз, асарларингизни ўткинчи, муваққат, яъний вақт ўтиши билан ўз таъсирини, мазмун - мохиятини йўқотадиган, ўзгарувчан ижтимоий - сиёсий мавзулар билан кир қилманг.


Қофияли гаплар, қора қарғиш тўла ёзғавалар хандаги, гўру кафан, доду фарёд ва ғийбатдан иборат одми, примитив сўзлар йиғиндиси ҳеч қачон санъат асари бўла олмайди.

Мангу ўлмас, боқий мавзуларда ёруғ, сувли селли асарлар ёзиб қолдирмоғимиз керак.

Айтилавериб, ёзилавериб увадаси чиқиб кетган сийқа гаплар дидли ўқувчининг медасига тегади ва ғашини келтиради ва ё кулгисини қистайди.Ўз шеърида ҳали биров ишлатмаган янги ташбеҳлар билан инсонлар шуурида ҳайрат уйғота олган ижодкоргина ҳақиқий шоир ҳисобланади.

Ким билади, балки қофияли гаплар ва енгил - елпи лапар ёзиб юрган, адабиётимиз қонини миққа - миққа сўриётган каналар ўзларининг саёз ЁЗИНДИлари билан ёш авлоднинг, халқимизнинг бадиий дидини ўтмаслаштириб, туйғуларини ўлдириб, руҳсизлантириб, шуурсизлантириб, ўзлари сезмаган ҳолда ёвларга зимдан хизмат қилаётганларини балки билмаслар ва бу хатти ҳаракатлар миллат олдидаги кечириб бўлмас оғир жиноят экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаслар?

Бадиий адабиёт - бу сиёсатдан юқорида кечадиган илоҳий жараёндир.

Ҳақиқий санъат асарлари, юксак шеърият эса - инсон қалбидаги ойдин туйғуларнинг сўз ёрдамида ишланган гўзал шакли шамоилидир.

Шеър - бу ходиса ва у юз беради.Астойдил ўтириб, ўйлаб ёзиладиган нарса эмас у.Туйғу эса илоҳий. У илми ладун каби ақлга бўйсунмайди. Ақл билан ёзилган асар руҳсиз жасад кабидир.Бундай "асарлар", қофияли гаплар менда ҳам мавжуд эди.Худога шукур, мен уларнинг ҳаммасини битта битта териб, ўз вақтида ахлат қутисига улоқтирганман.

Устоз шоир Ҳамид Олимжоннинг "Ўрик гуллаганда", "Кўм -кўк" шеърлари ва "Кўлга отилган кесак парчаси каби уфқлар бир карра липиллаб қолар " дея поезд ойнасидаги оний манзарани буюк маҳорат билар акс этдирган Ғафур Ғулом шеърлари адабиётимизда ёруғ туйғу лирикасига асос солган эди.Туйғу лирикаси Рауф Парфи, Рўзимат Отаев, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Усмон Азим, Абдували Қутбиддин, Равшан Файз, Ҳалима Аҳмад, Азам Ўктам, Эшқобил Шукур, Зебо Мирзаева, Хосият Рустамова, ва "Икки кўзим бўм -бўш уя, Бу уяга икки севги сиғмаскуя.Оч тўлқинлар ғаюр эди, Сени еди , мени еди, Ҳайр дединг, ҳайр дедим" дея шеърлар битган Ғулом Мирзо каби қатор истеъдодли шоирларнинг шеърларида мавжудлиги ғоят қувонарли.

Биз шундай шоирларга эргашмоғимиз, лекин ўз овозимизда, ўз услубимизда куйламоғимиз даркор.

Ёш ижодкорларга яна бир муҳим маслахатим шуки, улар ичкилик кўчасига яқин йўламасинлар.Ижодкор деган дарвеш бўлади, ичкилик ичса илҳом келади, у ўз асарлари билан сиёсат майдонида жавлон уриб, курашиши керак деган кимсалар ижод аҳлининг ашаддий душманларидир.Негаки, ичкилик ижодкор ҳотирасини заифлаштириб, тафаккур кўзгусини хиралаштиради ва охир -оқибат унинг соғлигига путур етказаркан, кафангадо қилади.Ичкилик ичган ижодкор маишатнинг қулига, шиша ғарибига айланиб, ялқовланади, баракали ижод қилолмайди.Ундай "ижодкор" оила аъзоларининг боши кулфатдан чиқмайди, бири икки бўлмайди, косаси оқармайди.Ёзилган асарлар бирёқлама бўлиб қолмаслиги учун эса, миллатчилик, ирқчилик ва фанатизмнинг ҳар қандай кўринишидан узоқроқ юрмоқ жоиз.

Ҳукмдорларнинг сиёсий фаолиятидаги камчиликларни эса, фақат факт ва рақамлар билан асослаб, ҳадеб қоралайвермасдан, яхшисиниям айтиб, холисона, адолат меъзонида, сиёсий одоб ва ахлоқ нормалари доирасида, шахсига тегинмай, орқаворотдан ғийбат қилмай, тириклигида юзига айтиш санъатини ўзлаштирмоғимиз, сиёсий маданиятни ўрганмоғимиз даркор.


Устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон айтганлари каби, нотовонлардай ўтганлар ишини сўкманг.

 

Сўкмак ўтганлар ишин нотовонлар расмиким


дея ёзадилар Омон Матчон.


"Нотовон" сўзи, балки кимларгадир оддий сўз бўлиб туюлар.Аммо бу сўз замирида ҳикматли ва ибратли мазмун ётибди.

Қадим замонларда ўзгалар молига тажовуз қилган, ёки, дейлик бировни ноҳақ ўлдирган одам, ё қатл этилган, ё ундан жабр кўрган одамлар учун қозият ҳукмига кўра, катта миқдорда тавон тўлатдирилган.

Товон тўлашга арзимайдиган одам ўлса, унинг яқинларига бир дирхам ҳам товон пули тўланмаган.


Ҳудди харом ўлган хайвонга товон тўланмагани каби.

Нотовоннинг маъно -мазмуни шу.


Ўзбек халқининг донишманд шоирларидан бири Омон Матчон ўзининг Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз ғазалига боғланган муҳаммасида мана шундай улуғ ҳикматли ва ибратли сўзларни ёзганлар.


Энди марҳамат қилиб, АҚШ, Канада, Европа ва Осиёдаги мутараққай мамлакатларга қаранг.Уларнинг биронтасида ўтган ҳукмдорларини сўкадими? Сўкмайдилар.Танқид қилсалар, ҳукмдорнинг тириклигида, фақат сиёсий фаолиятини ҳолисона, шахсини тахқирламай, адолат билан танқид қиладилар.

Мен бу сўзларим билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга адвокатлик қилмоқчи эмасман.

Ваҳоланки унинг фаолиятидаги камчиликлари ҳақида биз бугунги тили чиқиб қолган "қаҳрамонлар" дан фарқли ўлароқ, тириклигида юзига баралла айтганмиз.


Ҳа, у қаттиққўл президент эди.


Лекин у Ўзбекистонни уруш ўчоғига, қурол бозорига айланишига йўл қўймади.

Мамлакатда яхшими ёмонми, қўлидан келганича автомобил саноатига асос солди.

Тоғларни тешиб, водию вохаларимизни пойтахт билан боғлайдиган замонавий йўллар қурдирди.

Рекету қуролли тўқнашувларнинг, қонли урушларнинг, қирғин баротнинг, вайронагарчиликларнинг олдини олди.

Мен бу гапларни фақат одамгарчилик, инсоф ва диёнат юзасидан ёзмоқдаман, гарчанд экспрезидент Ислом Каримов мени ноҳақ фуқароликдан махрум этган бўлсада.

Демократия шаббодалари эса бошлаган бугунги кунларда, Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга нисбатан ҳам онда сонда танқидий фикрлар билдирилмоқда.Аммо у танқидлар бир ёқлама ва ноҳолис.Масалан баъзиларнинг:

"Нега президент Мирзиёев мамлакатда фундаментал сиёсий ислохатлар ўтказмаяпти?" дейиши, худди янги экилган дарахт ниҳоли нега мева бермаяпти? - дегандай янграйди гўё.


Инсоф билан айтилса, бугун Ватанда журналистларимизнинг оёқ - қўлларидаги кўринмас кишанлар секин - аста ечилаётгандай.

Турли оммавий ахборот воситаларида ижтимоий ҳаётдаги, сиёсатдаги хато ва камчиликлар қўрқмасдан баралла айтилаётгани, кишига мамлакатимизда демократия эпкинлари эсмоқда дея хулоса қилиш хуқуқини беради.


Президент Мирзиёев мамлакатимизда бошланган демократик ислохатларни босқичма босқич ривожлантириб, ноҳақ фуқароликдан жудо қилинган Ўзбекистон фарзандларининг фуқаролигини қайта тикласа, уларни ватанга қайтарса,фундаментал сиёсий ислохатларни амалга оширса, Ўзбекистонни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқса, унинг номи инсоният тарихидаги одил президентлар рўйхатига олтин харфлар билан ёзиб қўйилади.

Мен бунга ишонаман.



16/07/2019.
11:01 дня.
Канада, Онтерио.