Зебо Мирзаева


Замонавий ўзбек адабиётида давр ўтиши билан ўзгармайдиган, ўз моҳиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган мангу мавзу - муҳаббат лирикаси ривожига улкан хисса қўшган ёниқ шоиралардан бири - бу шубҳасиз нафис, юксак шеърият эгаси Зебо Мирзаевадир.Унинг ўрик гуллаётган ойдин кеча каби осуда, қорли далалар тонгидай ўйчан шеърларида ҳамма айтавериб увадаси чиққан сийқа жумлалар, ўқувчининг медасига тегувчи оддий, одми, газетавий сўзлар, макр, ғийбат, шовқин сурон, бақир -чақир, шеърни овора қилиб ўтирмай, шундай, оғзаки айтиб қўйса ҳам бўладиган примитив ёзғавалар йўқ. Зебонинг янги ташбеҳларга бой, руҳ билан битилган шеърлари ҳақиқий санъат асарларидир.Унинг шеърларини ўқигувчи юз марталаб қайта - қайта ўқиса ҳам зерикмайди, қайтага, яна ўқигиси келаверади, у шеърларни муттасил соғинаверади.


Зебо Мирзаева қалби Қашқадарё тўлқинларидай жўшқин, умрида ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган, разилликнинг, қабохатнинг остонасидан ўтмаган, бировнинг дилини оғритмаган, Худо раҳматига лойиқ ва ёниқ шоир, устоз Муҳаммад Раҳмон бешигини тебратган, гулларга бурканган гўзал диёр - Китоб, Кифти об шаҳрида дунёга келган.У Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетини битирган, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Холдор Вулқон


20/11/2019.
Тонги 9:41.
Канада, Онтарио.


Зебо Мирзаева

***

 


Юрагимга босиб ухласам
Ёдингизни, дийдорингизни.
Болам каби қучиб йиғласам
Менга берган озорингизни.
Кафтингизда очилсам гулдай.
Тунингизнинг моҳи мен бўлсам,
Ҳеч кимсага билдирмай чеккан.
Кўксингизнинг оҳи мен бўлсам,
Нигоҳингиз паноҳларида
Ойдиндаги майсадек ўссам.
Нафасингиз титроқларидан
Оқиб кетса минг йиллик ғуссам.
Арш устида ўқилса номим,
Дарвозасин очса фалаклар.
Кўкдан тушса ғайб инъоми,
Никоҳимиз қийса малаклар…
Севаверсам сизни билмасдан,
Севилсаму ўзим билмасам..
Бағрингизга бориб ўлсаму
Бағрингиздан қайтиб келмасам…
Шундай севсам,
шундай яшасам,
Дилга етса пичоқларингиз.
Кетай десам икки дунёда
Қўйвормаса қучоқларингиз…

 

 

Саратон

 


Офтоб нурларига
Тобланиб ётар
Дарёнинг оқбадан, гўзал тошлари.
Тўш уриб, ялтирар
Куннинг тиғида
Балиқлар — қушларнинг қариндошлари.

Юксакдан; яланғоч
Сувлар бошига
Қуёш ёғдираркан олтин найзалар,
Вужуди қизиган
Дарё қошига
Югуриб чиқади чанқоқ майсалар!

Бу ёниқ ҳисларга
Бера олмай тоб,
Осмон ҳансирайди лабларин тутиб.
Борлиққа аланга қўйганча офтоб
Кетар уфқлардан нарига ўтиб…

Яланг оёқлари
Лойларга тойиб
Энтикиб-ентикиб келаркан шамол,
Узун сочларини
Сувларга ёйиб
Аста кечиб ўтар дарёни ҲИЛОЛ…

 

 

***

 


Азизим,
Не учун майса эмасмиз,
Еллар ўпганида суйкалиб ўтган.
Не учун, не учун дарахт бўлмадик,
Илдизи, шохлари чирмашиб кетган..
Ариқлар бўйида гиёхдек ўссак,
Сувларда тушимиз эшилармиди?
Адирлар ортида шамол бўлсайдик,
Кўкларда руҳимиз қўшилармиди?
Нечун мавжудмизу, нечун ё‘қдаймиз?
Бармоқлар учида нозик бир титроқ..
Нафаслар қўшилиб турганда, нечун
Оловлар ичида жим кутиб турмоқ.
Нечун пичоқларга тиралар кўзим
Кўкка суянгандай суянолмайман..
Нечун қўлингизда лоладек ухлаб,
Кўксингизда тонгдек уйғонолмайман...
Не учун ҳаётим бу қадар саҳро,
Нечун юрагимда бу қадар зорлик,
Қаршимда шовуллаб оқар бир дарё,
Бир томчи сув сўраб ўтинолмайман...
Азизим,
Не учун инсон яралдик,
Кўнглимиз сиғмаса еру самога?
Оҳ, энди шу қадар муҳаббат билан
Биз қандай яшаймиз бу тор дунёда?..
Биз нечун яралдик ёлғон дунёда?
Азизим, не учун майса эмасмиз?..

 

 

***

 


Эҳтимол, ўлдирар бир куни кўрлар,
Томирингда олов қонинг бўламан.
Жонбахш қучоғингга жимгина синган
Бир ҳалол қурбонинг бўламан.

Отамдай рози бўл,
онамдай севгин,
Мен ҳам сеникиман, ўксик қизингман.
Бағрингда минг йиллик тошлар тўсиғин
Ёриб чиқаётган бир илдизингман.

Ҳайқирмадим пасту баландда туриб
Аммо тола нурдек ўтаркан ёдим,
Кўкка олиб учар озод Руҳимни
Кўксимни қиличдай кесгай фарёдим!..

Яшайман энг сўнгсиз дардларинг билан,
Ҳеч ким юрагимга бўлолмас қози!
ҳали мудраб ётган дунёларингни,
Ўйғотиб учади руҳим овози!

Мен кимман?
Ғамингга ғамдош бўлмасам,
Оғримасам ёруғ қийноқларингдан?
Бошига осмонни кўтарган тоғдек
Ўсиб чиқолмасам тупроқларингдан?

Узоқ-узоқларга қараб англадим:
Қайданман, қаёнман ва кимникиман?
Кўнглимники эдим ва бир кун билдим,
Ундан ҳам олдинроқ раббимникиман.

Ҳукм эт, шаҳидинг бўлмоғим учун
Жаннат боғларини ташлаб келурман.
Чорласанг. отимдан бутун бир халқни
Ҳисор тоғаридек бошлаб келурман.

Севмасанг ҳам қаттиқ севавераман,
Чидайман орларнинг таъна тошига.
Шунчаки ўлмайман,
Шунча ишқ билан
Кўтариб ўлурман сени бошимга!

Бир оз кўнглимники бўлдим-ўксиган,
Раббимники эдим, шубҳасиз, бироқ
Борим-йўғим билан сеники эдим,
Сеники бўлурман, эй она тупроқ!..

 

 

***

 


Деразани чертиб...

Деразани чертиб ёмғирлар ўтди
Кечагина бизлар қолдирган издан.
Паришон боғларни туманлар ютди,
Севгилим, не кечди хаёлингиздан?

Ташлаб кетганида маъюс турналар,
Ичида йиғларкан ҳатто тоғлар ҳам.
Севгилим, нечундир бағрим тирналар,
Кўзингиз ногаҳон тортмадими нам?

Дарахт шохларига қўнади бир қуш,
Ёмғирлар тагида ивиб, жунжиккан.
Балки у мендирман, кўраётиб туш
Яна олислардан сизга кўз тиккан.

Бир гўзал ишқ эди бизнинг севгимиз,
Ёруғ лаҳзаларнинг овози тинди.
Қўшилиб келганда хазонлар сели,
Севгилим, ким билан йиғлайсиз энди?

Мен-ку, ўлиб бўлдим,
шудир ишқ расми,
Аммо сиз ғамларга чидайсиз қандоқ?
Севгилим, севгилим, оғир эмасми
Бир гўзал севгини топиб, йўқотмоқ?

....Севгилим, ким билан йиғлайсиз энди?...

 

 

* * *

 


Саҳролар бағрида адашган,
Илиқ ёмғирлардай ёғсайдинг.
Намиққан тупроқлар кўксида
Маҳфуз гиёҳлардек уйғонсам...
Исминг хуш бўйлари тўкилса,
Руҳинг титроғида оқсайдим,
Оловли уммонни сипқорган
Тунги осмон каби тўлғонсам...
...Соянг тушиб ўтса нигоҳларимга!..
Қўлинг топиб борса қалбимни.
Овозинг сачраган ҳавога
шивирлаб боссайдим лабимни!
...овозинг ўпсайдим, овозинг...
Сукунат бўғрикқан тунлардан
суғуриб олсайди овозинг!
Дилимни ечсайдим беҳадик,
Кўрсайдинг қўлларим парвозин!
Нафасинг ўтидан яралсам,
тушларимдан тушиб келсайдим.
Бир лаҳза ўзимни унутсам,
бир лаҳза ўзимни билсайдим...
Берсайдинг руҳимга тириклик
кўзларинг бир тола нурини,
эллар оғушида чайқалган
беҳуш майсаларнинг умрини...
...йиқилсам, бағрингга йиқилсам,
Юрагингга етарми йўлим?
Оқиб бораяпман умрингда,
Қўлларимдан ушла, севгилим...


***

Нигоҳингни ўпиб, уйғонар олам,
Исмингдан гуркираб яшайди дунё.
Сен менинг самога чўзган қўлимсан,
Умидим тонгида порлаган зиё...
Сенинг кўнглинг - осмон,
Сенинг руҳинг - Нур.
Орзум - юлдузларинг қўярсан ёқиб,
Мен эса юксалиб бораман мағрур,
Осмонлардай ўтган умрингга боқиб...

 

 

***

 


Йўқ,
Энди кўнглингдан чиқаролмайсан,
Умрингда қуёшдай порлайвераман.
Минг йиллар қаърига кетганингда ҳам,
Мен сени самодай чорлайвераман.

Исмингни тонгларга ёзаман маҳтал,
Ғунчалар баргида ухлайвераман.
Йўқ, бахтинг менингсиз бўлолмас тугал,
Мен сени ҳар лаҳза йўқлайвераман.

Оташман,
Денгизман,
Самоман,
Нурман,
Жисму жаҳонингни ўрайвераман,
Айт, қандай топасан, қочмоққа имкон -
Мен сени Худодан сўрайвераман.

Мен - сўнги томчиман,
Ягона нажот.
Фақат сен ичгин деб қистайвераман.
Қўлларимда қолди
Энг сўнгги ҳаёт,
Ўлсам ҳам ишқингни истайвераман!

 

 

* * *

 

СИЗНИ ЖОНДАН СЕВГАН ЭДИ У,
Севган эди ҳаддан ташқари.
Боқмадингиз бирор марта ҳам,
Қолиб кетди бахтлардан нари.

Қолиб кетди Тангри қўлида
Ва ҳеч кимга бермади қайтиб.
Зулматларнинг олис йўлида
Ўтди ойдин қўшиқлар айтиб…

Ёлғизликнинг маъюс қаърида
Аталганди у Сизга ахир.
Ўша Турна Аёл бағрида
Очиларди дунё кутган сир!

Бермадингиз унга бир имкон,
Ё бир назар, ё сокин сурур.
Ғоратларнинг комида бежон,
Мангуликка сўнди ўша Нур!

Аммо тағин тушларингизда
Излаяпсиз не учун, ё-ҳу!
…Чақирасиз энди бир умр,
Қайрилиб ҳам қарамайди У!..


Манба: - Telegram-канал zebo_mirzo.