Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Дўстлик ҳақида



Дўст билан обод уйинг гар бўлса у вайрона ҳам,

Дўст қадам қўймас эса, вайронадир кошона ҳам.

 

Эркин Воҳидов


Ривоят қиладиларким, бир донишманд дунёда уч нарсани ўлдиришга буюрган экан.


Биринчиси, чақадиган газандани, иккинчиси қутурган итни, учинчиси, дўсти йўқ кимсани.Негаки, дўсти йўқ кимса чақадиган газандаданда, қутурган итданда ёмонроқ бўлар экан.


Лекин ўша донишманд дўст деганда сиз билан бир стол теварагида ўтириб, ароқ, коньяк ичиб, дўстлик ҳақида алёр айтадиган, аммо шишадаги шароб тугаши билан дўстлиги ҳам поёнига етиб, еб - ичилган дастурхонга (кечирасизу) кетини артиб кетадиган, бойлигингиз, мансаб - мартабангиз борида кунда шунда, амалдан кетсангиз, бошингизга бирон иш тушса, шу захоти сувга тушган тошдай ғойиб бўлгувчи, кўчада сизни кўрса, кўрмаганга олиб кетгувчи сохта дўстларни эмас, сизга ҳеч қачон хиёнат қилмайдиган, сотиб кетмайдиган, ҳатто уй -жой қасрлардан, мансабу мартабалардан, миллиард - миллиард доллар пулларингиздан жудо бўлиб, ҳеч кимга керак бўлмай қолиб, ёлғиз ўзингиз беш қулоч матога ўраниб, лахадга кирганингизда ҳам ҳолингиздан хабар олгувчи, гунохларингизни кечириб, савобингизга яраша ажр тайинлагувчи, қоронғу қабрингизга раҳмат чироғини ёқиб қўйгувчи садоқатли ДЎСТ - яратган Парвардигори Оламни назарда тутган албатта.


Қаранг, устоз Эркин Вохидов байтларидаги ҳикматлар ўша донишманд фикрларига нақадар ҳамоҳанг!


Дарҳақиқат, қалбида Худоси, яъни ДЎСТИ бор одам гунохлардан пок, кўнгли эса, доимо ҳотиржам. У донишманд банда ҳалолу пок бир тўғрам нонга қаноат қилиб, муваққат ва малъун, яъни лаънатлаган молу мулк, зебу зийнатга, ҳойи ҳашамга икки дунёлик бебаҳо бойлиги - имон гавҳарини алмаштириб юбормагани учун жаноби Ҳақ Субхонаху Ватаолога шукрлар айтиб, вайрона кулбада ҳам худди қасрда яшаётгандай хурсанд ҳаёт кечираверади.


Дунё молига харис, пул, мансаб, мартаба ишқида ақлдан озиб, кўзлари олма кесак териб, тезак еб, теларсиб, нафси амморага, айшу ишрату маишатнинг қулига айланган, алдашни касб, ёлғонни қурол қилиб олган, қаноатсизлик дардига мубтало бўлган бадбахт, кибрли, еб тўймас, очофат, таппаталар кимса кўзлари эса, то тупроқ билан тўлмагунича молу дунёга тўймайди, кошона қасрларда яшаса ҳам, ўзини вайронада яшаётган бойўғли каби ҳис қилади.

 

Интизор ҳар уй диловар дилкушолар базмига,

Гар оёқ қўйса қабохат йиғлағай остона ҳам.

 


Ҳар уй, ҳар хонадон дилкаш, яхши дўстларнинг суҳбатига маҳтал, интизор бўлар экан. Аммо, қабохат хатласа, остона ҳам ётволиб йиғлар экан. Қабохат дегани қобиқ ичида, яъни яширин тарзда бировга ёмонлик қилиш, шум нийят маъносини англатади.

 

Қочма ростгўй дўўстларнинг кохишу озоридан,

Қадди рост шамнинг тилидан ўртанур парвона ҳам.

 


Эй, одам камчилигингни айтган дўстларнинг конструктив танқидидан қочма.Қарагин, шамнинг тили қанотларини куйдирса ҳам, парвоналар гир айланиб, ёруғликка, нурга талпинмоқдалар - дейди Эркин Вохидов.

Яхши шеър осон ёдланади. Худди Алишер Навоийнинг олтин қафас ҳақидаги, Бобурмирзонинг ҳар кимки рубоийлари каби.Мана мен Эркин Воҳидовнинг юқоридаги байтларини ёдаки келтирдим.


Устознинг жойлари Жаннатдан бўлсин.




02/12/2019.
Тунги соат 2:38.
Канада, Онтерио.

Ташқарида бўралаб лайлак қор ёғяпти.