Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

 

Таъзия


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, аммо, элимиз орасида халқ артистларидан ҳам юз марта ҳурматлироқ ва севимлироқ, шу билан бирга камтарин актер, пок қалбли инсон Абдурайим Абдувахобов оламдан ўтди.


Қуйидаги мақола шум бола роли билан халқимиз меҳри муҳаббатига сазовор бўлган Абдурайим Абдувахобовнинг порлоқ ҳотирасига бағишланади.


Марҳумнинг яқинларига, дўстларига ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор қиламиз.

Жойлари жаннатдан бўлсин.

 

Ғафур Ғуломни ёд этиб



Биз кейинги пайтларда Комил Яшинни ҳам, Ҳамид Олимжонни ҳам, Уйғунни ҳам, Саййид Аҳмадни ҳам, ҳатто Ғафур Ғуломни ҳам сотқин дейишгача бориб етдик ва бу билан тарихий ҳақиқатни ўрнига қўйдик гўё.


Хўп, улар қиличидан қон томган НКВДнинг дахшатли тергов изоляторларида ўз жонларини қутқазиш учун билганларини ёзиб бергандирлар. Яъни бизга ўхшаб ботир бўлмаган улар.

Лекин бизчи?

Ўзимиз ҳамкасб ёзувчи шоирлар қамоқларда қийноқларга солиниганида, ҳатто ўлдирилганларида ёки сибирга сурилганларида уларнинг ҳимоясигв чиқмасак ҳам, лоақал юқорига хат ёзиб, хатни имзолаб: - Ҳой, жаноблар, нима қиляпсизлар?! Инсоф борми сизларда?! Худонинг қаҳридан қўрқмайсизларми?! - дейиш тугул, ҳатто қўрқувдан пусиб, дағғ - дағ титраб, юрагимизни ҳовучлаб, Дўрмондаги сокин чорбоғлар чироғини ўчириб, қоронғуда кўзларимиз йилтиллаб, сас - садо чиқазмай ўтирдикку.


Бу сотқинлик эмасми?


Фақат Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайлангачгина, димиққан Ватан деразалари қия очилиб, тоза ҳаводан энтикиб нафас олиб, энди сал тилимиз чиқиб қолди.


Шубҳасиз, репрессив жамият тамонидан қатл қилинган Абдулла Қодирий ўзининг "Ўткан кунлар" романи билан халқимиз меҳрини қозонган улуғ, истеъдодли ёзувчи сифатида тарихларда қолди.


Кейинчалик у "Обид кетмон" асарини ёзаркан, обид, яъни ибодатли инсон бўла туриб, худосизлар жамиятига, колхозга аъзо бўлгач, хаддан ташқари катта, баҳайбат кетмони билан туну кун ишлаб, баланд баланд қир - адирларни ҳам текислаб, пахта далаларига айлантирган афсонавий қизил қаҳрамон Обид Кетмон ҳақида ёзаркан, шу тариқа колхозлаштириш устидан кулиб, НКВДнинг жиғига тега бошлади.


НКВД тишини тишига қўйиб, бунга ҳам чидаб юрди.


Лекин Абдулла Қодирий "Уруш бўлса, Хитлер енгади" дея фашизмни очиқдан очиқ қўллай бошлагач, унинг боши узра ажал қиличи ярақлай бошлади ва НКВД бошқа ўзбек ижодкорларини ҳам тафтиш қилишга, астар пахта, бити сирка қилиб, бирин кетин уларнинг шўрини қуритишга киришди.


Алалоқибат Абдулла Қодирийнинг: - Мен марксистман! - дейишига ҳам қарамай, Юнусобод дахасида, эл донг қотиб ухлаётган субҳи содиқ маҳал вахшийларча қатл қилдилар.Унинг эгасиз, қаровсиз жасадини чумолию қурт - қумурсқалар еб кетди.


Кўплар сотқинга чиқараётган Ғафур Ғуломнинг эса, ўзбек адабиёти ҳазинасига қўшган хиссаси беқиёс.

Унинг ҳажвияларини ўқиган одам, шубҳасиз, кулиб, қотади.

Ғафур Ғулом шеърияти юксак ва бебаҳо.

Шоирнинг "Турксиб йўлларида" номли қофиясиз шеърини одам юз марта қайта ўқиса ҳам зерикмайди, маза қилади, у шеърдаги сўзларнинг сеҳрли жозибасидан, ҳазин ички мусиқасидан, ажойиб ташбеҳларидан шеърият ихлосмандлари ҳали ҳануз ҳайратланадилар.


Бу йўлдан беш миллион, ўн миллион, юз миллион нафар,

қуллар ва туллар, гарданида чўяндан қуйилган занжир,

ерларда ҳашарот каби, очликдан, хорликдан,гезариб лаби,

оч махкум, хор ва бетадбир, нон дея, нон дея суриниб кечмишдир.



дея ёзади буюк Ғафур Ғулом.

Шеърни ўқир экансиз, кўз ўнгингизда ҳолсизликдан юролмай, ерда ўрмалаётган, озиб тўзғиган, кўзлари косасига ботиб, гўлайиб, лаблари гезарган оч одамларнинг, очарчиликнинг қиёфаси худди кинодагидай яққол кўз олдингизга келади. Тасвир аниқлигидан ва тиниқлигидан таҳайюр туйиб, беихтиёр шоир санъатига тасанно айтасиз.

Ўша шеърда яна:

Кўлга отилган кесак парчаси каби

уфқлар бир карра липиллаб қолар


деган мисралар билан шоир, поезд ойнасидан липиллаб ўтаётган манзараларни юксак дид ва оригинал ташбеҳлар билан ифода этаркан, унинг рассомона маҳоратига яна бир бор қойил қолади одам.

"Сен етим эмассан" шеъричи?

Бу ерда аждар халқумли вахшат тўпларининг қахқахаси йўқ.


Қандай ажойиб образли ифодалаш санъати!

Ҳа, Ғафур Ғулом ҳам худди Абдулла Қодирийлар каби Ватан қайғуси, Халқ дарди билан яшаб, ижод қилган забардаст шоирлардан биридир.


Фақат унинг турмуш тарзи, ўрисча айтилса, "С волками жить - по волчьи выть", ўзбекча айтсак, "Бўри галаси ичида қолсанг, бўри бўлиб ули" қабилида кечди. Агар шундай қилмаса, НКВД унинг ҳам бошини ғажир эди ва Абдулла Қодирийдек, унинг ҳам жуда кўп ажойиб асарлари ёзилмай қолиб кетган бўлар эди.


Ғафур Ғулом устози Владимир Маяковский сингари, диний инквизиция тахдид солиб турган, "Ер юмалоқ ва у айланади" деган олим гулханда ёқиладиган тахликали замонларда "Ер юмалоқ, у қуёш атрофида айланади" дея айтиб, кейинчалик гелиоцентрик ғоялар устида олиб борилган илмий тадқиқодларини яна давом этдириш учунгина, ўз сўзидан қайтган, илму фан ривожи учун ҳатто қўрқоқ, сотқин номини олган, шогирдлари юзига туфлаб кетган буюк немис олими Галилео Галилей йўлини тутди.


Эсланг, Галилео Галилейни барча шогирдлари ташлаб кетади.Фақат битта Ганс деган шогирдигина у билан қолади. Йиллар ўтаркан, Галилей ўз илмий тадқиқодларини ёзиб, яшириб, улкан глобус ичига ташлайверади. Охири унинг кўзлари кўрмай қолади.Бир куни Галилей шогирдининг юзларини пайпаслаб: - Ганс, раҳамат сенга. Ҳамма шогирдларим мендан юз ўгиришди, мени ташлаб кетишди.Фақат сен қолдинг. Анави глобусни ағдар, ичидаги менинг илмий тадқиқодларим бор, уларни тартибга келтир -дейди.


Ганс глобусни ағдариб, илмий тадқиқодлар битилган вароқларни қучганича, ҳўнг ҳўнг йиғлайди.Воқеадан хабар топган бошқа шогирдлар ҳам келиб, юзига туфлаганлари учун йиғлаб, буюк олимдан кечирим сўрайдилар. Оламдан ўтаётган Галилей шогирдаридан хафа эмаслигини айтади.Мен шундай йўл тутмасам, гулханда куйиб кетардим ва бу илмий тадқиқодлар ўзим билан кетган бўларди дея шогидларидан кечирим сўрай сўрай, бу оламни тарк этади.


Энди, юқорида айтганим, Ғафур Ғуломнинг халқ дарди, Ватан қайғуси билан ижод қилгани тўғрисидаги гапларимни мантиқан асослашга ҳаракат қиламан.


Тадқиқодни Ғафур Ғулом нега ўз поэмасининг лирик қаҳрамонига Кўкан дея ном қўйганидан бошлай қолайлик.


Хўш, "Кўкан" дегани нима ўзи?


Кўкан бу "Кўх", "Тоғ" маъносини онглатгувчи форсий сўздан олинган "кўхи кан", яъни теша билан тоғу тошларни пароканда қилиб, ариқлар қазиб, водию вохаларга сув элтгувчи афсонавий қаҳрамон дегани.


Хўш, нега Ғафур Ғулом ўз поэмасини "Кўкан батрак" дея атади? Бошқа ном қўйса бўлмасмиди? Нега айнан, Кўхикан батрак?


Ҳа, Ғафур Ғулом тузумга қарши сўз айтганнинг боши сапчадай учадиган қаттол замонларда КЎКАН БАТРАК дея тоғни урса толқон қиладиган, инсониятнинг тафаккур саҳроларига илму маърифат дарёларини олиб келган Фарходкелбат пахлавон ўзбек халқи охир оқибат ўзлигидан жудо бўлиб, қимматбаҳо пахта етиштирадиган энг арзон ишчи кучига, қулга, БАТРАККА айлантирилганини авлодларга англатмоқ учун шундай консператив ишоратлардан фойдаланган эди.


Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" повестини ўқиб, ёки киносини кўрар эканмиз, Қоравой тандирга ўт қалаётган маҳал, харпана учун ўғирлаб липпасига урган бир бўлак ёғ тандир оловининг тафтида эриб кетганда онаси : - Ҳа жувоннамак!Кап катта бола иштонинга сийиб қўйдингми? - дея косов билан бошига ургач, пилтаси чиққан яғир тўппи остидаги тухум синиб, миясининг қатиғи чиғиб қолган эпизоддан кулавериб, ичагимиз қотади.


Айниқса, бойнинг қўрғонида юз берган дахшатли ёнғинни ўчириш учун бричкада сув ташиш оқибатида хомлик қилиб, харом қотган қашқа тўриқ гўштига бўкиб ўлган итнинг терисини шилаётганларида синган дондон сопли пичоқ, бойваччанинг фожиали ўлими, "Вой жигарееем!Вой жигареееееем!" дея саннаб, хачир устида ҳўнг ҳўнг йиғлаб, ўйнашининг уйидан келаётган золим, мешқорин, ебтўймас, таппаталар бой эпизодларини тамошо қилиб, кулиб қотамиз.


Аслида эса, ўз халқини жондан севган Ғафур Ғулом, биз китобини ўқиб, ёки фильмини кўриб, кулиб қотадиган бу асарини йиғлаб ёзган.


Яхшилаб эътибор беринг.Повесть бош қахрамонининг исми Қоравой.


Нега Оқбой эмас, айнан Қоравой? Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрдикми?


Асрлар мобайнида ҳақ - хуқуқсиз итоаткор қулга айлантирилган, жазирама иссиқда меҳнат қилавериб офтобда қорайган қоратўри халқимизнинг аянчли портрети эмасми бу?


Ёки дейлик бугун тирикчилик илинжида ер юзига тариқдай тарқаб, совуқ подвалларда, кўприкларнинг остига картон каробкалар тўшаб, бошига газетага ўралган ғиштни ёстиқ қилиб, тунаб, ота - онасига, аёлига, болаларига юбориш мақсадида пулни тежаб, қуруқ бўлка нону пиёз билан озиқланаётган, кўп қаватли биноларга раствор тўлдирилган пақирларни қўлда кўтариб ташиб, зинадан юқорилаётиб, ҳолсизликдан боши айланиб, пастга қулаб, боши тарвуздай ёрилган чоғида ҳам, ишдан хайдалмаслик учун яна тиришиб тирмашиб юқорига интилган, азбарои зўриқишдан бўйнининг томирлари ўқловдай бўлиб лой ташийдиган, баъзан уйига қуруқ қўл билан ва хатто фанеркадан ясалган қутида қайтгувчи қоравойларимизнинг ўша замондаёқ Ғафур Ғулом тамонидан қойиллатиб чизиб қўйилган қайғули қиёфаси эмасмикин мабодо?


Айтгандай, нега Ғафур Ғулом ўзининг "Шум бола" асарида дўппи остидаги тухум ҳақида ёзди?


Бу тасодифий эпизод эдими?


Йўқ албатта.


Қўпол бўлса ҳам айтишга мажбурман. Бу дунёда тамоми жонли мавжудод тухумдан чиқади. Хатто одамзод ҳам. "Тухум" деган сўз "уруғ" маъносини ташийди.

Уруғ бирламчи ва усиз дунёда ҳаёт тўхтайди.


Ғафур Ғулом айнан шу кулгили эпизод ёрдамида ўз фарзанди кийган дўппи остидаги тухумни косов билан уриб абжағини чиқариб, яна вой боламлаб йиғлайдиган она, ўз фарзандларининг уйдан, ватандан кетиб қолишларига сабаб бўлгувчи қаттол жамият образини яратди.


Она дўппи остидаги тухумни синдириб қўйди.


Дўппи кийган жамиятнинг абжағини чиқарди!


Арзимаган хатоси учун ўз боламнинг бошини косов билан уриб, ёриб қўйдима! - дея ўйлаб, дахшатга тушаётган она ҳали фожеа кўламини англаб етганича йўқ. Тухумнинг, дўппи остидаги жамият келажагининг пачоғи чиққанидан мутлоқо бехабар.


Қоравойнинг ҳам парвои фалак.


У ўзига ўхшаган, мактабда ўқимаган бир саводсиз, дайди дўсти билан бойларнинг уйларида ўз қорнини тўйдириб, хизматкор бўлиб юраверади.

Она эса, ўғлининг йўлларига кўз тикиб, изтироблардан,қайғу ҳасратлардан силласи қуриб, касалланиб, тўшакка михланади.


Ниҳоят Қоравой уйига қайтади. Синглиси Қоравойнинг қучоғига отилиб, йиғлаб, бечора ойиси унинг йўлларига интизор кўз тикиб, кута кута охири оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни айтади...

Ҳа, Ғафур Ғулом шубҳасиз даҳо шоир ва буюк ёзувчи.

 

Бундай буюк адиб ҳақида бирон нарса дейиш ёки ёзишдан олдин, ўзимиз ҳеч йўқ бирон арзигулик асар ёзолган бўлмоғимиз керак.



Абдулла Орипов айтганларидай:


Жуда ёмон деймиз манабу нарса,

Гўё ҳукм каби янграр сўзимиз.

Ўйлаб кўрганмизми бирон бир марта,

Киммиз ўзимиз?




01/01/2020.
Тонги 7:38.
Канада, Онтерио.