Хуршид Даврон

Ўзбекистон халқ шоири

"Шаҳардаги олма дарахти"

китобидан шеърлар.

 

ЁЗ ЭРТАГИ


Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи — сулув,
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.

Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайратларга тўлдириб қучоқ.
Онасига ўхшатиб ойни,
Тамшанади ойдай чақалоқ.

Ва меҳрдан ийиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол.
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,
Беланчакни тебратар шамол.

ЁНАЁТГАН ГУЛХАНЛАР


Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилларанг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.

Шитирлаган тунги ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган дала-ю қир ҳам
Бари менга таниш, қадрдон.

Дарахтларда ловуллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.

Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай, бу он
Мен жимгина қўлим чўзаман,
Ёнаётган гулханлар томон.

ДАРАХТЗОР ҚОШИГА КЕЛАР БИР АЁЛ


Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар. ,
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

КУЗ ЭРТАГИ


Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматли — хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.
Улар
Тўлиб кетган армонлар каби
Эгатларга сочилган,
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ-оппоқ учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.
Ҳув… Бўғилиб сайраган
Қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…

 

 

 

АЁЛ, ҚАЙҒУ ВА МУҲАББАТ ҲАҚИДА

 

1. Аёл


У аёлнинг қўллари дағал,
У аёлнинг кўйлаги дағал.
Уни ҳар кун калтаклар эри,
Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.

Кеча ногоҳ йўлнинг четида
Кўриб қолдим ўша аёлни:
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марварид гулни.

2. Қайғу


Латтани ҳўллар экан
Қотиб қолади,
Ерга эгиб бошини
Ўйга толади.

Ажин босган юзларида
Акс этар қайғу –
Кимни ўйлаб, кимни эслаб
Ғам чекади у?

3. Муҳаббат


— Мен севаман, — шивирлар аёл –
Кирларингни ювиб бераман.
Дазмоллайман кўйлакларингни
Сени қучган қўлларим билан.

Бир кун тонгда тўшакда ётиб,
Қулоғингга шивирласам, бас:
«Юрагимнинг остида кимдир
Худди сендек олмоқда нафас».

ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…


Эриб кетар хира туманлар,
капалақдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар,
ўтлар узра чопқиллайди кўз.

Қайрағочнинг гули — митти жом –
жаранглайди — таратар атир.
Тушларимга кирар бу оқшом
майсаларни қучоклаб адир.

Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб,
деразалар очар кўксини.

Ёритганча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.

ОЙБЕК

 

1.

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак
Ва сокин шивирни — оҳангни ўқиб,
Ойбекми? Майсами? — деб толсин юрак.

Ойбекнинг шеърини бедазор аро
Сой саси аралаш тингламоқ зарур,
Билмай қолсин юрак сув узрами ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўкдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек — бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек — бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек — бу улкан бир чорбоғ остида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида,
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек — бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар.
Барча ҳасратини, жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар.

2.

Шеър — фақат қуш тили, деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър — юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгга дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.

* * *


Юлдузларин кўкка сочди ғайб,
Ой ҳам чиқди сочлари тўзиб,
Гўё қилиб қўйгандайин айб,
Шол рўмол-ла юзини тўсиб.

Сукут аро ухлайди дала,
Ой сутини ичиб гўдакдай –
Қайлардадир, қилганча нола,
Бўзлаётир ғамдийда қўшнай.

Тиниқ тортиб боради осмон,
Аммо сирин очмас мавжудот.
Поёни йўқ адирда бу он
Ўтлаб юрар киртиллаб бир от.

От ёнида чўзала тушиб,
Кўкатларни силайди қўлим.
Юлдузларнинг тафтида яйраб
Бундай пайтда исинар ўлим.

Ҳув, пастлиқда шағиллар дарё,
Қирғоғида қамишлар қалин.
У яшириб тургандай гўё
Бу дунёнинг ҳасратли қалбин…

"Шаҳардаги олма дарахти"

китобидан шеърлар.

* * *


Мовий рангли осмонга боқдим,
Осмонимга айланди осмон.
Зумрад дала меники бўлди
Боққанимда чексизлик томон.

Пишиб ётган боғларга боқдим
Ва кўксимга бошин қўйди куз.
Тонг нурининг тўлқинида жим
Юрагимга киради юлдуз.

Ичдим ўтли шамолларни мен,
Шамолларга айланди бағрим.
Севдим гулу аёлларни мен
Ва ҳаётни ёниб куйладим.

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,
Ўт гуллари бўлсин қалбининг.
Эркдай улуғ Ўзбекистони,
Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг…

1973

* * *


Океан ёқасида ўтларга кўмилиб,
Чўзилиб ётган ўлка – Пабло Неруда.
У гўё ҳозиргина уммондан чиқиб
Қуёшда тобланган буюк Эстебан¹
Тўлқинлар урилар оёқларига,
Сочларида ухлар чағалай.
Қўлларининг қадоқларида
Қуёш нури қуш каби ўйнар…

Мен Чили ҳақида ўйлаганимда
Шу манзара кўзни йиртади
Ва кўзимга сиғмаган қисми
Сингиб кетади юрагимга.

Узоқ-узоқларда сув ёқасида
Чўзилиб ётар Пабло Неруда –
Зиндонларга сиғмаган орзу –
Армонларни
жамлаган Ватан…

1978

¹ Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Уни Эстебан деб атардилар” ҳикоясининг қаҳрамони

 

* * *


Табиатдир менинг давомим,
Туташ эрур бағрим бағрига.
Умрим боғлиқ ою офтоби
Дарё, дала, дарахтларига.

Ялпизларни қучоқлаб сархуш,
Муҳаббатга чулғанар қалбим.
Бошим узра учиб ўтар қуш,
Хаёлимнинг давоми каби.

Тунлар нафас олмай ётаман,
Мени қучар қувончу алам…
Дарахт кулгусини кўрганман,
Кўрганман кўз ёшларини ҳам.

1978

 

* * *


Ҳаммани унутиб қўйибман…
Ҳеч кимни танимай ва билмай
Қишлоқни мен кезиб юрибман.

Бу мен-ку, қадрдон жўралар!
Бу мен-ку, онажон, дадажон!
Овоз йўқ… Кўксимда йиғлар қон.

Ва шунда бошимда айланиб,
Ярми кўк, ярми оқ ва қора,
Қўлимга талпинди битта барг.

“Мен сени танийман”, деди у.
Кўзимда тирқираб кетди ёш,
Бағримга босдим мен энтикиб…

1977

* * *

Бу дунёда орзу қилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳайратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда азобланиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳасратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда севиш, севилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Хаёлни қучоқлаб ётганда,
Ҳаётни қучоқлаб ётганда,
Аёлни қучоқлаб ётганда.

1976

* * *


Эшиклар тўсатдан бир қучоқ нурни
Сочиб юборади туннинг кўксига.
Эшикни ёпаман, тинч кўчаларни
Кезиб термиламан ойнинг рақсига.

Кейин далаларга чиқиб кетаман,
Мен билан боғларда тентирайди тун.
Булутлар оқади. Кўзни тутаман,
Пойимда майсалар шивирлар афсун.

Тун шаҳарни қучган.
Бахтли аёллар
Эркаклар кўксига қўядилар бош –
Ухлар чойшабларга ўралган гуллар,
Кўрпани тоблашиб мушукдай юввош.

Фақат узоқларда, тунги қирларда
Кўзлари қора қиз, қоши қора қиз
Йигитнинг кўксига эмас, далада
Уватга бош қўйиб ухлайди ёлғиз.

1977



* * *


Сен келасан…
Сел келганда
Тошган дарё бўламан.
Беда ортган аравадай
Хушбўйдирман сен билан.

Сен кетасан…
Ортингдан мен
Боқарман чўл йўлида
Аравадан тушиб қолган
Хушбўй беда гулидай…

1978

* * *


Туш кўраман олис қишлоқни,
Тун сутини ичар у мудраб
Ва тишланган, ярим пишлоқни –
Ойни ўпар дарахтлар титраб.

Ҳали жуда олисда Зуҳра,
Аммо бу дам титрар мисли қуш
Супадаги беланчак узра
Ҳилол сочган олтин ва кумуш.

Мен ухлайман хотиржам, ёлғиз,
Юрак эса бўлади карахт –
Тушларимга киради ялпиз,
Қўриқлайди тушимни дарахт.

1978

МИРТЕМИР ХОТИРАСИГА


Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Йиғилишдик. Жиддий ва маҳзун –
Улғайганин сездим дўстларни.
Куй оқарди ғам каби узун,
Қўзғатганча дилда ҳисларни.

Дафндан сўнг қайтдик букчайиб,
Эзар эди кўринмас тобут.
Қор сувида юзларни чайиб
Шивирладик: юрак, ёдда тут!

Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Шунда кимдир, ким у, эсда йўқ,
Деди ғамгин эгганича бош:
“Тобутини кўтарган чоғим
Қабоғида кўрдим томчи ёш.

Оҳ, дўстларим, юрагим сезди –
У кузатар эди бизларни.
Қабоқда ёш, у йиғлар эди,
Қийнаб қўйдим дея сизларни”.

1978

* * *


Шеърият – бу қийин иш эмас,
Ёзсанг агар юракни асраб.
Бироқ шеърнинг бир сатрини деб
Қон тупирган тунлари Машраб.

Шеърият – бу қийин иш эмас,
Етар топсанг қофия: “ёз”, “соз”.
Шеърда баъзан ҳаводек зарур
“Эрк” сўзига қофия “қасос”.

Сен қўрқувни қанчалик яшир,
Шеър қилади бари бир ошкор.
Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър,
Мардман, деб жар солмоғинг бекор.

Она  юртни куйламоқ учун
Худди шеърга бергандек юрак,
Уни юртга бермоқ учун ҳам
Доим тайёр турмоғинг керак.

Тўмарисдек аёл қўлларин
Қадоқлари тиларкан кеч куз,
Қоғоздаги шеърим йўллари
Юрагимда қон қолдирган из.

Заҳар ичиб ўлган актёрдек
Пардадан сўнг тирилмоқ бекор.
Шоир шеърнинг олдидан тирик,
Шеър сўнгида ўлмоғи даркор.

Шеър – туймоқдир ногоҳон дилдан,
Сен қўлингга олганда нонни,
Буғдой дони ердан симирган
Эрк деб жангда тўкилган қонни.

1979

СЎНГГИ ХАТ


Қор кечиб, боғчани кезаман,
Кўзимни яшириб ёруғдан.
Мен балки қочишни истайман,
Юракда уйғонган оғриқдан.

Боғчага очилган дераза
Таратар навони – ёғдуни.
Мен эса тушаман ларзага,
Йўқотиб қадрдон туйғуни.

Қўлимда сен ёзган сўнгги хат,
Вужудда кезади қалтироқ.
Мактубинг шу қадар қисқаки,
Оғриқнинг азоби узунроқ…

1976

Рассом Шуҳрат Абдурашидовга


Биз шундай яшаймиз!
Севиб май, чоғир,
Қонуну расмга телба-тескари.
Биз минг кутишга розимиз, ахир,
Дарахт шохларида баргдек ўсгани…

Сапчиб туради у
Кеч куз ярим тун,
Соғинчми, армонми юракни қийнар.
Кўзини очганча ётади маҳзун,
Юракни қийнайди безовта ўйлар.

“Сизни тушунмайман” – дейди хотини,
У жавоб бермайди, шошмай қимирлар,
Елкасига илар ёмғирпўшини,
Остонада тўхтаб ғамгин шивирлар:

“Кечиргин, ўртанар юрак неча кун,
Неча кун-ки, ахир, мен қийналаман.
Албатта, боришим керак. Мен бугун
Хайрлашмоғим шарт турналар билан”.

1978

* * *


Саҳна узра порлади чироқ,
Ноталардан қўзғалди Моцарт
Ва актёрнинг қўлида титроқ
Кўзин очди.
Энди ўлмоқ шарт…

Ёш режиссёр худодай якка,
Душман каби бешафқат, беқалб.
У актёрни тираб деворга
“Ишонтиргин”, — деб қилар талаб.

“Шундай ўлмоқ керакки…” Қўлин
Силкиб-силкиб уқтирди у.
Саҳна узра бошланди ўлим –
Саҳна каби золим, бетуйғу.

Яна Моцарт ва яна ўлим
Такрорланар, ўнми, ўн учми.
Актёр фақат сезар вужудда
Совиётган қўлларин учин.

Сўнг равоқда бармоқларини
Тоблар экан қуёшда бир-бир,
Актёр секин шивирлаб дейди:
“Қўрқинчлидир ўлмоқ бари бир”.

1978

* * *


Қора мавр ўғли – телба Отелло
Буюк садоқатдан бермоқда сабоқ.
Қўлини артди у: “Мадад бер, Оллоҳ…”
Бутун зал гўёки улкан бир қабоқ.

Уят бу! Даҳшат бу! Ютолмай нафас,
Аёллар юлади зар мунчоғини.
Эркаклар чангаллар… Йўқ, аёлнимас,
Курсиларнинг илиқ суянчиғини.

“Уят бу! Даҳшат бу! Наҳот, азизим,
Ажойиб муҳаббат деганлари шу?!” –
Уйга қайтиб энди юмолмай кўзин
Неча аёлларнинг бузилар туши.

Фақат зал четида йиғлайди бир қиз,
Оппоқ рўмолчани юзига босиб.
Узилган япроқдек қийнайди бир ҳис,
Шабнамлар балқийди кўзини тўсиб.

Энди у бир умр – тонгу шом пайти
Шивирлар, қизариб ичган каби май:
“Мени ҳам бир йигит шундай севсайди,
Севиб ўлдирсайди мени ҳам шундай”.

1978



ҚИЗ ВА ШАМОЛ ҲАҚИДА ЭРТАК


Дарддай узун-узун кўчани
Оёқларинг саси ўпади.
Ухлаб қолган ойдин кечани
Уйғотади сочларинг ҳиди.

Узоқлардан сенга изма-из
Шамол секин сирғалиб келар,
Ёлворади у сенга унсиз,
Ёлворади тунги майсалар.

Кўзларингга ой боқар қониб,
Кўзларинг ой нуридай тоза.
Мана келдинг. Бўғилиб, ёниб
Сени ютар кўҳна дарвоза.

Шамол эса кўчада қолар,
Қилт этмайди, қанотлари тинч.
Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч

Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.

1976

ЧЮРЛЁНИС ¹


Денгиз бўлса… Денгиз…
Ярим тунда бўлса…
Юлдузлар қўлларинг етгудай яқин.
Чидолмасанг, тўлиб куйлагинг келса,
Ўкириб йиғлагинг келса… Ва тағин…

Қуёшни қўлингга олсанг тонг пайти,
Унинг кўзларига тикилиб, алқаб,
Дўстим деб, атасанг қайта ва қайта,
Денгизда чўмилса сўнг қуёш ва қалб.

Мовий кўзли сукут ва ой йўлингга
Тўшаса тилларанг сочлар ўримин.
…Мен ишонмайман ўлимга,
Мен ёмон кўраман ўлимни.

1978

¹ Машҳур литвалик рассом

 

* * *


Боғ кезаман.
Борми бунда сир,
Бирор афсун борми ё, бунда
Ҳаяжонга тўлган мусаввир
Уйғонади менинг қалбимда.

Қоп-қорайган боғларни кезиб
Чекинаркан кузнинг қўшини,
Ранг излайди мусаввир кўзи,
Дарахтзорга баргдек қўшилиб.

Заъфар хазон қуш каби учар,
Ва рутубат – кеч куз чалган соз.
Унинг кўзи гоҳ титраб тушар,
Гоҳ қувонар мисли олтин ёз.

У Левитан сезмаган рангни
Танийди-ю, кўзи жавдираб,
Юрагида кечган оҳангни
Бўяй бошлар шу рангга қараб.

Сезар – япроқ юракка ўхшар,
Ҳа, шу оддий асалранг япроқ
Тош йўлакка айланиб тушар,
Қўзғатганча юракда титроқ

Ва шу титроқ уйғонган маҳал,
Нимагадир бўлиб мунтазир,
Кечган умрин этмоқчидек ҳал
Уйғонади кўксимда шоир.
1978

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ОДДИЙ САТРЛАР

Жамшидга


Мен биламан,
У мени жуда яхши кўради.
У менинг тушларимга кирмоқ истайди,
У мени бағрига босмоқ истайди,
Кўрмоқ бўлар менинг соғинчимни.

У боболарим тушини сўйлаб бермоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.
У менинг барча орзуларимни билмоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.

У менинг онамга ўхшайди –
Кўзлари хаёлчан унинг ҳам.
У менинг болалигимга ўхшайди –
У ҳам менга ёзолмайди хат.

1978

* * *


Руҳимда бир соғиниш кезар,
Юрак дардга бормоқда тўлиб.
Тошойнага тикилди кўзлар,
Ўз дардини кўрмоқчи бўлиб.

Кўзларимда бир ун: “Омонми,
Бугун у қиз кимнинг юлдузи?”
…Синдиришдан олдин ойнани
Мен жилмайдим ўзимга ўзим.

* * *


Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

1978

ШУКУР БУРҲОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ


Шукур Бурҳон ҳам қариб қолди,
Ўхшаб қолди қадим қалъага.
Чўккан девор қаддин тиклайди,
Шукур Бурҳон чиққач саҳнага.

Энди ундан кучли одам йўқ,
Енгар ман-ман деган йигитни.
У куйлади мисоли қўшиқ
Сўзлараро ётган сукутни.

Танаффусда яна ҳорғинлик
Елкасига ташлайди кучин.
Юрагида ухлар Улуғбек,
Сўнг саҳнада ҳайқирмоқ учун.

…Шукур Бурҳон тунда туш кўрар,
Тонгга қадар чўзилади туш.
Хўжа Аҳрор тасбеҳ ўгирар,
Аббос ханжар ўқталар эмиш.

Ёлғиз фонус нур тарар синиқ,
Тўкилармиш юлдузлар ғужғон.
Юрагидан қайғудек тиниқ
Сочилармиш зах тупроққа қон.

Шукур Бурҳон чўчиб уйғонар,
Босолмайди у ҳаяжонни
Ва бақувват қўллари билан
Кўкрагидан артади қонни.

1978

ЙЎҚОТГАН ДЎСТИМ ҲАҚИДА ҲИКОЯ


Ҳаво очиқ эди қучоғим каби,
Боғларда мудрарди қари саратон.
Соғиндимми ёки кўргим келдими,
Йўл олдим дўстимнинг кўчаси томон.
Дўстимни анча вақт кўрмаган эдим.
Мен жуда севардим, ахир, дўстимни.
Мен уни хаёлан кўп бор йўқотдим,
Хаёлан қайтадан кўп топдим уни.
Балки у ҳам қўмсар, ташнадир менга,
Балки юрак сўзи бордир мен учун.
Мана шундай ўйлар билан зинадан
Кўтарилиб борар эди қувончим.
Эшик очиқ эди. Мен қолдим ҳайрон.
Чақирдим, ҳеч кимса бермади овоз.
Дўстимнинг уйи-ку, қўрқмасдан кирдим
Кирдиму йўлакда тўхтадим бехос.
Шундоқ ёнгинамда – оппоқ деворга
Ван Гогнинг қулоғи михланган эди
Ва унда бамисли илгакли дорга
Осилиб ётарди авто калити.
Деворда бир сурат: мармар ҳовузда
Оққушлар сузади йиғлаб қайғули
Оққушга ўхшамас эди аслида,
Балки хонаки бир рассом маҳсули.
Меҳмонхона эди кейинги хона,
Саранжом буюмлар қотиб турарди.
Оёқ босмоқликнинг ўзи ваҳима,
Паркет ҳам ойнадай ялтирар эди.
Рангли телевизор узра беқайғу
Ганч мушук дам олар, тортганча хуррак.
Ичи тўла танга. Бефарқ боқар у,
Бўм-бўш чўнтагимни қилгандай мазах.
Жавондан термулар жавон қуллар –
Концлагернинг беҳол маҳбусидай оқ,
Энг тоза хрусталь, гўдак қўллари
Ҳеч қачон тегмаган маъсум қўғирчоқ.
Не учундир уни бағримга олиб,
Қучоқлаб, эркалаб кўтаргим келди
Ва лекин юрагим кетди-ку тўлиб.
Кўзимдан бир томчи армон тўкилди.
Энди мен дўсимни кўргим келмади
Ортимга бурилиб чиқдим хонадан.
Қарсиллаб ёпилди ортимда эшик –
Гўё уни кимдир ёпди зарб билан.
Дўстим эдими у?
Билмадим, чунки
Мен ўзим дўстимни топа олмадим.
Ё уни кўрмасдан қолдимми?
Балки…
Хуллас қолган ишлар бари номаълум.
Қоронғи йўлакдан кўчага чиқдим,
Ҳаво очиқ эди, яшириб кўзни
Энг яқин боғ томон шошмай жўнадим
Елкамда кўтариб кўнган юлдузни.
Ва лекин мен ҳозир қайтиб кираман,
Шошиб чиқаман-да мармар зинадан,
Бостириб кираман ва ҳайқираман,
Ван Гог қулоғидан қонни артаман.
Тўқмоқдек кўтариб олиб муштимни
Кираман безовта, ёниқ қалб билан.
Ичи тўла танга безбет мушукни
Уриб парчалайман кучли зарб билан.
Жавонинг ойнасин синдириб у чоқ
Қутқаргандай эркка ташна маҳбусни,
Қутқараман сени, гўзал ҚЎҒИРЧОҚ,
Болаларга элтиб бераман сени.



* * *


Қачон бўлар, билмайман, бироқ,
Кетганимни сезмай қолар боғ.
Менинг совуқ хонамга эса
Ўзга келиб яшайди хурсанд.

У ҳам балки мен севган гўша –
Боғ тўрини севиб қолади.
Маъюс тортиб қолганда ўша
Бурчакларда йиғлаб олади.

Балки мендан эслироқ чиқиб
Мебель билан безар хонасин.
Балки мендек тунлар ичикиб,
Соғинади қари онасин.

Ё мендан ҳам ботир чиқар у –
Қоровул ҳам сезмас, тун пайти
Маъшуқасин олиб келару
Лабларидан ўпиб тўймайди.

Балки ёлғиз михга осилган,
Мен севган ул ялпиз гулларин
Улоқтирар қорнинг устига
Унинг бахтдан кучли қўллари.

1977

 

Борис Пастернак
ҚИШ КЕЧАСИ
Хуршид Даврон таржимаси


Мен узоқ йиллар Борис Пастернакнинг айрим шеърларини ўзбек тилига таржима қилишга уринганман. Неча маротиба кучим етмаётганини сезиб, нафас бағишлайдиган лаҳза ва илҳомнинг вақти-соатини кутганман. Айниқса шоирнинг «Қиш кечаси» шеъри таржимасини юзлаб карра қоралаганман десам, ишонаверинг. Фақат шу йил қиш кечаларининг бирида иш столим устида шам ёқиб, оқ қоғозга эгилишим билан керакли оҳанг қуйилиб келди.



Қор ёғарди рўйи заминда,
Қор ёғар эди.
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Ёзда чивин ёприлгандек
Шамчироқ сари,
Деразамга ёғиларди
Қор зарралари.

Қорбўрондан ойнага зар
Нақш инар эди,
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Ёритарди шифтда ёғду
Соялар аксин,
Чирмашган қўл-оёқлару
Тақдирнинг рақсин.

Бир жуфт башмоқ пол устига
Дукурлаб тушар,
Кўйлак узра томар шамдан
Оққан кўз ёшлар.

Борлиқ сингиб оқ зулматга,
Бўзга дўнарди,
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Гоҳ ногаҳон эсган елдан
Шам қувват туяр,
Худди хочдай, фариштадай
Қанотин ёйар.

Бутун феврал қор инарди,
Қор инар эди.
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

 

Манба: Шоирнинг шахсий вебсайти.