Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

Миннатдорлик туйғуси



Худога шукур, мен ҳам умрим давомида бир қанча бадиий асарлар ёзишга улгурдим. Озми кўпми, муҳлислар ҳам йўқ эмас. Албатта менинг бадиий асарлар ёза олиш даражасига етишимда устоз Фарид Усмоннинг хизматлари беқиёс. Мен илк бор устознинг столи устида қалам билан ёзилган шеърларга кўзим тушиб: - Домла, бу шеърлар кимники? - дея сўрадим. Фарид Усмон у шеърларни ўзи ёзганини айтганларида, мен ҳайратдан анграйиб қолганман ва: -Ие, сиз шоир бўлиб ҳам ишлайсизми? - дея савол берганман.Шунда устоз кулиб, ҳеч ким шоир бўлиб ишламайди. Шеърни оддий одам ҳам, министр ҳам ёзаверади -дея тушунтирганлар. Бироз ўйланиб туриб: -Мен ҳам ёзсам бўладими? -дея савол бердим. Ҳа - дедилар Фарид Усмон.Шу куни мен шеър ёзишга ахд қилдим, аммо юз бора уринсамда, бирон мисра ёзолмадим. Эртасига келиб, домлага, ҳарчанд ҳаракат қилсамда, бирор мисра шеър ёзолмаганимни афсус билан маълум қилдим. Шунда устоз менинг шууримда илк бор манзара туйғусини уйғотиб: - Мана, ҳозир баҳор. Дейлик, шаббода ҳақида тахминан мана бундай ёзиш мумкин дея, тўрт мисра шеър ёздилар. Ўша мисралар ҳамон ёдимда.

 

Эй шаббода, майин шаббода,

Елганингда рақс этар барглар,

Ўйноқласанг кўкда, ҳавода,

Қанот қоқиб силкинада пар.



Эртасига домланинг ёзиб берган юқоридаги мисраларини давом эттириб, шеър

ёзиб келдим.

 

Тунда эссанг кўкда тўлин ой,

Табассумла беради далда.

Тўлқинингга чидолмасдан сой,

Ўз кучини синар амалда.


Янги чиққан момақаймоқ ҳам,

Саломинга алик олади.

Бу ҳаммаси, чексиз яйлов ҳам,

Оғушингда ўйга толади.

 


Бу менинг биринчи бор ёзган шеърим эди. Шеърни ўқиб чиққач, устоз менга бир лахза ҳайрат билан термуларканлар, шеърни чин юракдан мақтадилар. Шундай қилиб мен, буюк бир шоирнинг назаридан ўтдим.Бугунга келиб, шу устоз туфайли адабиётда униб, ўсиб, ҳатто рус тилида ҳам, қўлдан келганича кўплаб насрий асарлар ва манзара лирикаси билан суғорилган юзлаб туйғули шеърлар ёздим. Фақат бир нарса менга армон бўлиб қолмоқда. Устозга, ҳеч йўқ битта чопон кийдиролмадим. Бу дил сўзларимга кўзи тушган инсофли яхши одамлар устоз Фарид Усмонга менинг салом ва дуоларимни етказишларидан умидворман.

Қадрли устоз, мен океанлар ортида, Америка қитъасида яшасамда, сизни ҳар доим миннатдорлик билан эслаб юраман.Сизга таъзим қиламан. Умрингиз узоқ бўлсин. Адабиётимиз бахтига доимо соғ бўлинг. Илоҳо, яхши кунларда учрашиш насиб этсин.Қуйида сизга бағишлаб ёзган шеъримни илова қилмоқдаман.

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

19/06/2020.
Кеч соат 7:32.
Канада, Онтерио.


 

Фарид Усмонга



Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,

Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.

 


Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,

Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.

 


Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,

Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.

 


Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,

Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.

 


Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,

Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.




16/06/2016.

Кеч соат 8:02.

Канада, Онтерио.