Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Нормурод Нарзуллаевни ёд этиб


Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев нафақат устоз шоир, балки кўнглида кири йўқ, ҳалол, ҳақиқатпарвар инсон эдилар.

Бир куни китобим нашри учун ҳомий топилиб, қўлёзмани қўлтиқлаб Тошкентга, "Янги аср авлоди"(собиқ "Ёш гвардия") нашриётига бордим.

Нашриёт директори Нормурод Нарзуллаев (Нарзий) экан. Катта шоир мени танимаса ҳам керак дея ўйлагандим ўшанда.

Аксинча, у мени кўрибоқ, ўрнидан туриб, менга пешвоз чиқаркан, сенлаб: -Ие, кел, шоири замон, қалайсан? Яхши юрибсанми? Ижодларинг яхшими? - дедилар. Мен шоирга раҳмат айтиб, муддаога кўчдим. Суҳбат адоғида, ишонқирамай: - Китобим чиқармикин ўзи? - дедим. Ие, нага чиқмасакан, жуда чиқадида. Сандай шоирларни китобини чиқармай, кимнинг кимнинг китобини чиқарамиз? -дедилар Нормурод ака, менинг кўнглимни кўтариб.

Ўша куни калкульяцияланган қўлёзма нархини аниқлаб, ҳомийга қўнғироқ қилдим. Китоб нашри учун пул ўтадиган бўлди.

Бир куни уяли телефонимга Нормурод ака ўзлари шахсан қўнғироқ қилиб: - Шоири замон, қаёқларда юрибсан? Пулинг нашриёт хисоб рақамига тушди.Корректурани ўқиб, имзо чекиб кетгин, китобни нашр қиламиз - дедилар.

Бордим. Корректировкани ўқиётсам, Нормурод ака: - Шоир, қўлёзмада "Ҳотиржам одам" деган бир шеър бор экан. Ўқиб, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Шунақаям ёзасанми? Нега энди санинг қўй сигир эчкиларинг бўлмаслиги керак? Яхши нийят қилгин. Сан унақа ҳотираларда яшашга шошилма, бола. Кел, яхшиси, биронта бошқа шеърингни қолдиргинда, ўша тушкун кайфиятдаги шеърингни тўпламдан чиқариб ташлайлик -деди. Мен таклифга рози бўлдим.

Шундан кейин китоб "Тунги лайлакқор" номи билан Ватанимиз пойтахти Тошкентда, "Янги аср авлоди" нашриётида чоп этилди.

Ўша пайтлар "Холдор Вулқон Чўлпондай қораланди, энди унинг китоблари ҳеч қачон нашр қилинмайди" дея ўзича башорат қилиб, ич ичида севиниб юрган ёғийларнинг, дастхат ёзиб, бепул совға қилган китобимни титроқ қўлларида тутиб, хасаддан кўкариб кетганларини кўрганман ва Худонинг қудратига яна бир бор қойил қолганман.


Нормурод Нарзуллаев шунақа ҳалол, бировнинг дилини ранжитмайдиган, ҳаммага бирдай яхшиликни раво кўргувчи, қалби пок, меҳрибон инсон ва улуғ шоир эдилар.

 

Ўша инсоннинг панду насихатлари билан кейинчалик яхши нийятли, ёруғ шеърлар ёзадиган бўлдим.


Устознинг жойлари Жаннатдан бўлсин.




17/07/2020.
Кеч соат 7:42.
Канада, Онтерио.