Поиск



Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

 

Ўзбекистон Республикаси президенти Мирзиёев Шавкат Миромоновичга

 

 

Ассалому алайкум, ҳурматли президент!


Мен Ватанимизнинг Қорақалпоқистон ва Хоразм воҳалари жойлашган оролбўйи худудларда вужудга келган оғир экологик вазиятни яхшилаш йўлида бир муҳим стратегик лойиҳа билан сизга мурожаат қилмоқдаман.


Менинг таклифим, шўр қум кўчкилари тахдид солаётган бу худудларда кактус ўрмонларини барпо этиш, шу тариқа қум кўчкиларини тўхтатиб, экологик вазиятни яхшилаш.

Маълумки, кактуснинг тиконли ва тиконсиз минглаб турлари мавжуд ва бу сувсизликка, иссиққа ва совуққа чидамли, қулоғини кесиб, тувакка ўтқизса яна кўкариб кетаверадиган беор ўсимликдан шўрхок қум тўзонларини тўхтатиш йўлида фойдаланиш билан бирга, ундан чорва хайвонлари учун тўйимли озуқа - силос тайёрласа бўлади.


Қолаверса, кактус таркибида витамин ва микроэлементлар, протейин, яъни тўйимли моддалар кўп бўлган ўсимликлар сирасидан.


Кактусдан тайёрланган дорилар билан қанд касалини, зотилжам, яъни сил, ўпка касалликларини, қорин дам бўлиш, пешоб тўсилиб қолиши каби дардларни даволашда ишлатилади, жарохатлардаги қонни тўхтатишда фойдаланилади.


Шунингдек бу ўсимлик қайнатмасидан шифобахш шарбат ва қиёмлар тайёрланади.


Бундан ташқари кактусдан, спирт, экологик тоза бўёқ, ҳатто совун ишлаб чиқарса бўлади.


Хозир дунё олимлари кактусдан бензинга муқобил автомобил ёқилғиси ишлаб чиқариш устида ишламоқдалар.


Кактусга ўхшаган, иссиққа ва сувсизликка чидамли, қумда ўсишни севадиган ўсимликлардан яна бири бу Алоэ.


Бу ўсимлик шарбати ичак яллиғланиш, тери таносил касалликларини даволаш билан бирга, иммунитетни ҳам мустахкамлайди, одам организмини зарарли вирус ва бактериялардан ҳимоя қилади.


Ибн Синодек улуғ зот туғилган юртимизда кактус ва алоэдан дори тайёрлайдиган фармацевтика, спирт, бўёқ, совун махсулотлари ишлаб чиқарадиган заводлар курилса, кактус етиштирадиган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари барпо этилса, Қорақалпоқистон ва Хоразм аҳолисининг катта қисмини иш билан таъминлаш имкони туғилади.


Кактус ва алоэдан ишлаб чиқарилган маҳаллий дори дармон экспортини йўлга қўйсак, Ватанимиз ғазналарига миллиардлаб доллар пул келиши мумкин.


Кўпчилик компютерлари ёнига тувакда ўстирилган кактусларни қўядилар ва бу бежиз эмас.


Кактус нафақат қора энергияни, балки радиацияни ҳам ўзига ютиб, ҳавони тозалаш хусусиятига эга.

Энг муҳими, бизда кактус плантациялари, ўрмонлари пайдо бўлса, Мамлакатимизнинг бошқа худудларидаги тоза экинзор далаларимизга шўр қум тўзонлари ёприлмайди, тупроқ балл бонитетига, унумдорлигига, путур етмайди.

Чўл зоналарида барпо этилган кактусзорлар Ватанимизнинг соғлом ўпкасига айланади, экологик вазият яхшиланади, мелиорацияга, парваришга, ўғитга кетадиган пул маблағлари тежалади.

Ҳатто чўл худудларидан ҳам хосил оламиз, оз маблағ сарф қилиб, кўп даромад топамиз.

Мен бу мақолани, шоят шу лойиҳа ишга тушиб, менга нон туз берган, ўқитиб, вояга етказган она Ватанимга, халқимизга озгина бўлса ҳам нафим етса, деган эзгу мақсадда ёздим.


Менда бундай фойдали лойихалар жуда кўп.


Вақт бўлганда, шу арзимас лойиҳа тўғрисида ҳам бир ўйлаб кўрилса яхши бўлар эди.


Мақолам сўнгида Сизни ва камтарин, меҳнаткаш Халқимизни кириб келаётган янги 2021 йил билан чин юракдан муборакбод этаман.


Илоҳим янги йил юртимизга тинчлик, ҳотиржамлик, халқимизга мустахкам соғлик, бахт - саодат олиб келсин!

 


28/12/2020.
Кундуз соат 2:35.
Канада, Онтерио.