Поиск

 



Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


Ёш ўзбек шоирларига доим бир нарсани айтгим келаверади.


Укаларим! Шоир ичади ва исён қилади деган ахмақона сўзларга учманг.


Ойдин ва ёруғ шеърлар ёзишга ҳаракат қилинг. Мағзава хандагига эмас, тоза булоқларнинг зилол сувларига интилинг.


Мен ушбу гапларни қора шеъриятнинг тубсиз хандакларини айланиб ўтган, ва исён йўли, охири боши берк кўчага олиб боражагини амалда англаб етган оддий бир ижодкор сифатида айтяпман.


Ўзбек шоирлари ва ёзувчилари Бобораҳим Машраб, Завқий, Ҳамза, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носирлар, буюк рус шоирлари Пушкин, Есенинларнинг ҳалокатли, аянчли қисмати айнан журми исён билан боғлиқ.


Француз шоири Женье ўз замонида сарой аёнларини ўз шеърларида масхара қилиб, тахқирлар экан, бир шеърида уларга қарата: "Оламдан ўтсангиз, ер сиз учун пардек юмшоқ бўлсин ва бу пардек юмшоқ тупроқни ёввойи итлар осонгина титкилаб очиб, мурдангизни тортқилаб чиқариб, ғажиб тилка пора қилсин!"дея ёзади.


Алалохир, Женьенинг аччиқ тили ўз бошига етади, уни аламли қийноқлар остида қатл қиладилар.


Пушкин ҳам мудхиш хатоларга йўл қўйиб, Женье юрган йўлга киргани, айрим шеърларидаги хақоратлар учун ҳукмдорлар тамонидан махфий ва пухта уюштирилган дуэлда ўлдирилганини, унинг тўфангидаги ҳақиқий ўқ сотқин, ғирром секундантлар тамонидан пахтавон ўққа, қуруқ порохга алмаштириб қўйилганини ҳамма ҳам билавермаса керак.


Исёну қатллар ўз йўлига.


Сиз асрлар оша, ҳатто худосиз жамият ҳам ижодини тахқирлашга, таъқиқлашга жазм этолмаган илоҳий истеъдод соҳиби Алишер Навоий бобомизнинг ҳаёт йўлларига бир назар ташланг.


Унинг асарларида, подшоларга, аъёнларга, раийятга, яъний халққа нисбатан биронта хақорат, гизли киноя борми?


Нега шундай буюк донишманд шоир исён йўлини тутмади?


Нега Навоий қуёши абадий?


Нега Пушкин қуёши олдида манаман деган рус шоирлари ижоди шамдай?


Нега уларнинг қора кросворд шеърлари харчанд юксак кенг ва тубсиз бўлсада, Пушкин шеърлари каби инсон шуурини сеҳрлай олмайди, қалбини ҳасратли, ўйчан, ойдин шуълаларга тўлдиролмайди?


Нега ўзларини шеърият реформаторлари дея хисоблаган рус символизми, авангардизми ва акмеизми вакиллари Велимир Хлебников, Хармс, Осип Манделштам, Маяковскийлардан тортиб то Лев Лосеву Иосиф Бродскийгача ҳали ҳануз Пушкиннинг битта куз ҳақидаги шеъричалик юксакликка кўтарила олмадилар?


Нега ҳали ҳануз инсоният Навоийни, Байронни ва Пушкинни севади, ардоқлайди?


Нега?


Шулар ҳақида бироз фикр юритиб кўрсак, фойдадан ҳоли бўлмас дея ўйлайман.




13/02/2021.
Эрта билан соат 9:40.
Канада, Онтерио.


 

 

Эй насими субҳ

(Ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)




Дил қушим аҳволини соч толаси домимға айт,
Кулбама бир бор қадам қўймасми, меҳмонимға айт,
Қилмаған лаълин лабидин ҳайру эхсонимға айт,
Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимға айт,
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландонимға айт.

Интизор бу кўзларимға, ёр келиб, қўйсин қадам,
Эгнида гулгун матою, сув каби нозик бадан,
Сочи ғарқ этгувчи дарё, тишлари дурри адан,
Буки лаъли ҳасратидин қон ютармен дам бадам,
Базми айш ичра лабо-лаб бода ошомимға айт.

Ҳажридин тун кеча бедор, ухлаёлмай тўлғониб,
Сарғариб барги хазондек ранги рўйим сўлғонин,
Бир кўрай деб, лахта лахта қона кўнглим тўлғанин,
Ком талху бода заҳру ашк рангин бўлғанин,
Лаъли ширин, лафзи рангин, шўхи худкомимға айт.

Не сабабдин кўзларинг кўз ёшига лиқ тўлди, деб,
Не учун ҳолинга ёв, ёғий ғанимлар кулди, деб,
Боди ҳижрон оҳ чекиб, боғларда сочин юлди, деб,
Шоми ҳижрон рўзғоринг тийра нечун қилди, деб
Сўрмағил мендин бу сўзни, субҳи йўқ шомимға айт.

Бир қиё боққайми деб, доим йўлингни пойладим,
Тош қотиб, кўрганда, гул, хуснинга асло тўймадим,
Бўлмасанг ёнимда дунё дунни нетдим, найладим,
Ул пари ҳажрида нангу номким тарк айладим,
Кўнгил отлиғ ҳажр водийсида бадномимға айт.

Тун ярим, олис кавокиблар тўла осмон эди,
Кимсасиз ойдинда хурган итларинг хушёр эди,
Бирга бўлсак, сенга айтар гапларим бисёр эди,
Эй кароматгўй, ишим оғози худ исён эди,
Шамъи раҳмат партави етгайму анжомимға айт.

Чирпираб учган хазондек боғ аро рўйим ақиқ,
Чўлу саҳролар маконим, бўлмади даврон шафиқ,
Ёлборур Вулқон саҳарлар, эй сабо, севгим ҳақи,
Йўқ Навоий бедил ороми ғам ичра, эй рафиқ,
Ҳолини, зинҳорким, кўрсанг дилоромимға айт.



13/02/2021.
Тонги соат 6:58.
Канада, Онтерио.

 

Ey nasimi subh



(Hazrati Amir Alisher Navoiy g‘azaliga Xoldor Vulqon muhammasi)



Dil qushim ahvolini soch tolasi domimg‘a ayt,
Kulbama bir bor qadam qo‘ymasmi, mehmonimg‘a ayt,
Qilmag‘an la’lin labidin hayru exsonimg‘a ayt,
Ey nasimi subh, ahvolim diloromimg‘a ayt,
Zulfi sunbul, yuzi gul, sarvi gulandonimg‘a ayt.

Intizor bu ko‘zlarimg‘a, yor kelib, qo‘ysin qadam,
Egnida gulgun matoyu, suv kabi nozik badan,
Sochi g‘arq etguvchi daryo, tishlari durri adan,
Buki la’li hasratidin qon yutarmen dam badam,
Bazmi aysh ichra labo-lab boda oshomimg‘a ayt.

Hajridin tun kecha bedor, uxlayolmay to‘lg‘onib,
Sarg‘arib bargi xazondek rangi ro‘yim so‘lg‘onin,
Bir ko‘ray deb, laxta laxta qona ko‘nglim to‘lg‘anin,
Kom talxu boda zahru ashk rangin bo‘lg‘anin,
La’li shirin, lafzi rangin, sho‘xi xudkomimg‘a ayt.

Ne sababdin ko‘zlaring ko‘z yoshiga liq to‘ldi, deb,
Ne uchun holinga yov, yog‘iy g‘animlar kuldi, deb,
Bodi hijron oh chekib, bog‘larda sochin yuldi, deb,
Shomi hijron ro‘zg‘oring tiyra nechun qildi, deb
So‘rmag‘il mendin bu so‘zni, subhi yo‘q shomimg‘a ayt.

Bir qiyo boqqaymi deb, doim yo‘lingni poyladim,
Tosh qotib, ko‘rganda, gul, xusninga aslo to‘ymadim,
Bo‘lmasang yonimda dunyo dunni netdim, nayladim,
Ul pari hajrida nangu nomkim tark ayladim,
Ko‘ngil otlig‘ hajr vodiysida badnomimg‘a ayt.

Tun yarim, olis kavokiblar to‘la osmon edi,
Kimsasiz oydinda xurgan itlaring xushyor edi,
Birga bo‘lsak, senga aytar gaplarim bisyor edi,
Ey karomatgo‘y, ishim og‘ozi xud isyon edi,
Sham’i rahmat partavi yetgaymu anjomimg‘a ayt.

Chirpirab uchgan xazondek bog‘ aro ro‘yim aqiq,
Cho‘lu sahrolar makonim, bo‘lmadi davron shafiq,
Yolborur Vulqon saharlar, ey sabo, sevgim haqi,
Yo‘q Navoiy bedil oromi g‘am ichra, ey rafiq,
Holini, zinhorkim, ko‘rsang diloromimg‘a ayt.



13/02/2021.
Tongi soat 6:58.
Kanada, Onterio.