Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Гуллаб, яшнайвер, жонажон Ўзбекистон!


Бу дунёда қурилган йўллар, кўприклар ўз ташаббускорларига, молияловчи ҳомийларига, ҳамда қурувчиларига то рўзи қиёмат савобу ажру азимлар йўллаб туради дейдилар ҳурматли уламоларимиз.


Дарҳақиқат, собиқ иттифоқ замонида Андижон вилоятига раҳбарлик қилган, сою анҳорлар, каналлар устига бетон кўприклар солиб, замонавий йўллар қурдирган Бектош Раҳимовни андижонликлар ҳали ҳануз катта ҳурмат билан ёдга оладилар, ҳақларига дуо қиладилар.

Андижон вилояти собиқ ҳокими Қобилжон Обидов даврида вилоятнинг Асака туманида илк бор Ўзбекистон автомобилсозлигига асос солинди.


Афсуски авваллари онда сонда бўлсада, кечгача курсисида ялпайип, қулоғини қоғоз қисқич скрепка билан ковлаб, телефонда валақлаб, ишониб топширилган мансабини суйистеъмол қилиб, халқ мулки хисобланган иншоатларни ноқонуний йўллар билан қоқи баҳосига ё сув текинга хусусийлаштириб олгувчи нопок, қўли қинғир, пихини ёрган порахўр раҳбарлар ҳам учраб турар эди. Ўз киссасини ўйлайдиган ундай сохта раҳбарчалар "фаолиятидан" бирон эслашга арзигулик нарсанинг ўзи қолмаган.

Бугун янги, озод, демократик Ўзбекистон дунё ҳамжамияти кўзи ўнгида бутун бўйи басти билан юксалиб, гуллаб яшнамоқда.Чорак асрдан ортиқ вақт давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилмоқда. Жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган замонавий йўллар барпо қилиниб, мамлакатлараро иқтисодий ҳамкорликларнинг гарови бўлмиш, йўл коммуникация тармоқлари янгиланиб, кўприклар қурилмоқда, шаҳар ва қишлоқлар ободончилиги йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, айнан Андижон Вилояти ҳокими Шухрат Абдураҳмонов раҳбарлигида Андижон шаҳри ва вилоятдаги бошқа шаҳру қишлоқлар таниб бўлмас даражада обод бўлгани инкор қилиб бўлмас тарихий ҳақиқатдир.


2003 ё 2004 йиллари эдими, валлохи аълам, ҳозир  аниқ эсимда йўқ, журналистик суриштирув ишлари билан мен Андижон вилояти, Избоскан тумани, "Чувама" қишлоқ фуқаролар йиғинига бордим.


Ёшлигимда болалар билан кўча чангитиб ўйнаб, деярли Чувамада катта бўлганим учун ҳам, бу қишлоқ менга бегона эмас эди ва унинг муаммоларига бефарқ қарай олмасдим.


Муаммоларни ўрганиш жараёнида менга қишлоқнинг ҳурматли оқсоқолларидан бири Нўмонжон ҳожи ака ҳамкорлик қилдилар.

Эшитишимча, у улуғ инсон бундан бир икки йил аввал боқий оламга сафар қилибдилар, жойлари Жаннатдан бўлсин. Ҳожи ака умр бўйи халқ ғами билан яшаб, жамиятдаги айрим муаммоларни кўтариб, хал этиш йўлларини қидиргувчи ҳақиқатпарвар, жасоратли инсон эдилар. Маълум бўлишича, ўша пайтлари Пастқишлоқ деб аталган маҳаллани катта ер билан боғлайдиган, Тентаксой устига қурилган омонат ёғоч кўприк шалоғи чиқиб ётар, Пастқишлоқдан мактабга қатнайдиган мактаб ўқувчиларидан айримлари ўша кўприкдан ўтаётиб, Тентаксойга тушиб кетар, ҳатто ўлим ҳоллари ҳам юз бериб турар экан.


Биз ҳожи ака билан ўша лапанглаб тургувчи, баҳорда сел тошқинларидан қутурган сой ярим ёлчисини ювиб, қийшайтирган омонат кўприкдан аранг ўтарканмиз, Пастқишлоқдан катта ерга қатнагувчи одамлару ўқувчиларнинг сабр тоқатига қойил қолганман ва уларга ич ичимдан ачинганман.


Қани энди етарли маблағим бўлсаю, шу кўприкни таъмирлаб, ёки янгитдан қуриб, ажру савобларга эга бўлсам, чувамаликларнинг дуоларини олсам дея ўйлаган эдим ўшанда.


Ҳожи ака билан югирдик, елдик, аммо ўша пайтдаги ҳокимлар берган вадаларининг устидан чиқмадилар ва бу муаммо муаммолигича қолиб кетди.


Куни кеча ўша Нўмон ҳожи ака раҳматлини ўйлантирган муаммо хал бўлганини, одам ўтгани қўрқадиган қилкўприк ўрнида шахсан Андижон Вилояти ҳокими Шухрат Абдурахмоновнинг ташаббуслари билан оғир юк машиналари ҳам бемалол қатнайверадиган мухташам янги бетон кўприк қурилгани эшитиб, чин дилдан қувондим ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев тамонидан белгиланган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислохатларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида ўзининг фидоий, ҳалол меҳнатлари билан Андижон вилоятини гуллатиб, яшнатаётган Шухрат Қўшоқбоевичга нисбатан ҳурматим янада ортди.


Ахир, ҳоким деган шундай ғайрат шижоатли, ҳалол ва адолатли бўлиши керакда.



01/03/2021.
Эрта билан соат 8:50.
Канада, Онтерио.



Холдор Вулқон

 

Ойдин сукунат
(Тоғам Ҳурмуҳаммад Кенжаевнинг порлоқ ҳотирасига)



Тоға, Чувамада ҳозир ҳойнаҳой,
Оқшом тушиб, қуёш ботгандир.
Оппоқ чинни товоқ каби ой,
Тентаксойда чўкиб ётгандир?

Тошқин бузган кўприк ходаси,
Тахталари ётгандир кўчиб?
Сув кечарди сигир подаси,
У кўприкдан ўтгани чўчиб.

Қуриллайди балки бақалар,
Қирғоқларда қамишлар оҳи.
Дайди тулки сувлар ёқалаб,
Қулоқ тутар жимликка гоҳи.

Сўқмоқ уни соҳилга бошлар,
Ғир ғир эсар тунги шабада.
Кўринар сув остида тошлар,
Боғбон эса ухлар капада.

Юлдузларни жимлик хоритар,
Олис осмон -овоз етмас жой.
Қабрингизни ғамгин ёритар,
Жим -жит, сокин сукунатда ой.


22/10/2017.
Тунги соат 1 дан 21 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.


Андижон шаҳрига ўрнатилган шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёдгорлиги. Буюк ўзбек ҳайкалтароши Равшан Миртожиев асари. Бронза.