Поиск


 

Ёзувчининг қуйидаги сурати адабиётимиз жонкуярларидан бири, Нигора Умарованинг ФБ саҳифасидан олинди.


Таъзия


Бир куни "Шарқ юлдузи" журнали идорасига кирсам, шоир Икром Отамурод: "Холдор, укажон,"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида менга бағишланган шеърингиз эълон қилингач, шоир ёзувчилар сизни сўрайвериб, менга тинчлик беришмаяпти.Жуманиёз Жабборов ҳам "Холдоржон Тошкентга келса, айтинг, бизнинг ишхонага бирров келиб кетсин" дегандилар деди у.


Мен Маданият вазирлигига бориб, раҳматли Жуманиёз Жабборов билан учрашдим.Биз узоқ суҳбатлашдик.


-Холдоржон, биласиз, Худойберди Тўхтабоев бизнинг қудамиз бўладилар. Абдулла Орипов ҳам. Куёвимиз, яъни Худойберди Тўхтабоевнинг ўттизга кирган ўғиллари кутилмаганда вафот этдилар. Бу мусибат Худойберди аканинг қоматини эгиб қўйди.Илож топсангиз, Худойберди аканинг уйларига бориб, дуои фотиха қилиб, ҳол -аҳвол сўраб қўйсангиз, кўнгиллари кўтарилади -дедилар.Менинг ўша куни зарур ишларим чиқиб, Худойберди Тўхтабоевга таъзия билдиргани янаги келганимда кирарман дебман.Қолган ишга қор ёғар деб машойихлар бекорга айтмаган эканлар. Ўғилларининг вафоти муносабати билан Худойберди Тўхтабоевга таъзия изҳор қилолмадим.


Мана неча йилларки Ватанимдан узоқда, Америка қитъасида яшаётганимга қарамай, ҳамон устоз Худойберди Тўхтабоевни яхши ҳотиралар билан эслайман.Ахир, шу ёзувчининг ажойиб асарларини ўқиб, улғайганмиз.Қолаверса, Худойберди Тўхтабоевнинг камтарин, кичиккўнгил, одамохун инсон эканликларига у ёзувчи "Ёш куч"журналида бош мухаррир бўлиб ишлаётган пайтлари амин бўлганман ва Худойберди Тўхтабоевга янада ҳурматим ортган.Ўшанда "Ёш куч" журнали Қатортол кўчасидаги 64 уйда жойлашган эди, адашмасам.Мен бир попка шеърларимни қўлтиқлаб, ўша бинога бордимда, "Ёшлик" журнали редакциясини ахтариб, "Ёш куч" журнали идорасига кириб қолибман.Шунда журнал бош мухаррири
Худойберди ака ёшлари улуғ, таниқли ёзувчи бўлишларига қарамай ўринларидан турдилар ва мен билан самимий кўришдилар.Сўнг мени эргаштириб, коридордан юрарканлар, "Ёшлик" журнали редакциясига олиб кириб, мутасаддилар билан таништирди.Кейин узр сўраб, яна ортларига қайтдилар.Дилида кири кибри йўқ,камтарин бу ёзувчини шу шу ҳурмат қиламан, бот -бот эслайман.

Бугун устоз оламдан ўтибдилар. Эшитиб, қайғуга ботдим. На чора, бандачилик. Худойберди Тўхтабоевни Худо раҳмат қилсин. Ётган жойлари обод, руҳлари шод бўлсин.Марҳумнинг оила аъзоларига, дўстларига ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этамиз.


Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси