Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 


Баёнотга муносабат



Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловлари арафасида Россия Оммавий Ахборот воситаларига берган интервьюсида Давлат раҳбари, яъни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бирмас, бир неча марта хорижда истиқомат қилувчи мухолиф кайфиятдаги ва турли сабабларга кўра Ватандан хорижга кетишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар фикрини эшитишга, агар улар Ўзбекистонга қайтиб, Ватанга хизмат қилишни хоҳлашса, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини, Ўзбекистонда уларга нисбатан ҳеч қандай таҳдидлар йўқ эканини кенг жамоатчиликка маълум қилди.


Бу жиддий баёнот.Негаки президент Мирзиёев менинг ўйлашимча, ўз айтган сўзининг, вадасининг устидан чиқадиган инсон.


Қачонлардир Жаноб Мирзиёевнинг бир нутқида хатоларни тўғрилаймиз деган гапи қулоғимга чалинган эди. Мана, Президент ўша вадасининг устидан чиқиб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тўғрилашга киришган кўринади.


Вахоланки, хорижда юрган ўзбекистонликларнинг аксарияти Ватанига, халқига сидқидил хизмат қилишга тайёр одамлар. Шу ўринда бир нарсани алохида таъкидлашни истардимки, одамзод турли сабабларга кўра ўз Ватанини мажбуран тарк этиши мумкин.Лекин Ватан уни ҳеч қачон тарк этмайди.У одам қаерда бўлмасин, халқи ва ватани уни юрагида яшайди.Ватанни тарк этиш эса, жуда қийин, жуда оғир. Одам фақат шунга мажбур бўлгандагина, ўшанда ҳам ўзининг эмас, фарзандлари, ахли аёлининг тинчлигини, хавфсизлигини ўйлаб, учинчи давлатга чиқиб кетади. Худди боболаримиз Абу Али Ибн Сино, Абурайхон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқатлар каби.Ҳазрати амир Алишер Навоий ҳам ичкиликка муккасидан кетган, мамлакат бошқарувига бепарво, ҳатто мастликда ўз валиахд набирасининг қатл этилиши учун мухрнома имзолаган, охир оқибат, суякка тиқилиб, қон қусиб ўлган Султон Хусайн Байқаро сиёсатига қарши чиқиб, салтанатдан қувғин қилинган эдилар. Мурдани ёриб, кўричакка шифо топган Ибн Сино эса, "Худо яратган инсон хилқатига ўзгартириш киритган кофир" айблови билан қувғинга юз тутганлар, Эрондан бошпана топиб, ўша ёқларда, ғурбатда оламдан ўтганлар.


Улардан яна бири шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шайбонухон томонидан қамал қилинган Самарқанд аҳолиси бегунох, норасида болалар очликдан қирилиб кетмасликлари учунгина Самарқандни топшириб, "Тахти қорача" довони орқали 200 чоғли аскари билан Авғонистонга йўл олади ва буюк саркарда ўша 200 чоғли аскари билан бутун бошли Авғонистонни ишғол қилади. Унинг золим ҳукмдорлар зулмидан мазлумларни озод этишини кўрган ерлик авғонлар, ўзлари кўнгилли равишда Бобурмирзони қўллаб қувватлаб, унинг лашкарлари сафига қўшилди. Энди, ўзингиз яхшилаб ўйланг, 200 аскари билан бутун бошли мамлакатни ишғол қилган, 100000 аскарию, минглаб филлари билан бостириб келган Лўдийни 10000 аскар билан тору мор этиб, хинд халқини золимлар зулмидан озод этган истеъдодли саркарда Бобурмирзо Шайбонухонни енголмас эдими? Енгар эди, янчиб ташларди. Лекин ўз халқини севган шоир, халқ қирилиб кетмасин,  бобокалони Амир Темурдан ёдгор Самарқанд вайрон бўлмасин дея ўз туғилиб ўсган Ватанини тарк этишга мажбур бўлган эди.Бобур шундай мард инсон эди.

Бу энди тарих.


Лекин, Жаноб Абдулазиз Комилов ўз интервьюсида таъкидлаганларидай, хорижда мухолифатчиман деб юрганлар орасида, шоли курмаксиз бўлмайди деганларидек, амалдаги ҳукумат фаолиятини факт ва аргументларсиз, бирёқлама, ноконструктив танқид қиладиган, сиёсий маданият нормаларига зид фисқу фасод , хақоратни ўзига касб қилиб олган, ўз манфаатини халқ манфаатларидан юқори қўядиган айрим такаббур ва худбин кимсалар билан музокараю мулоқот бефойда.


Лекин уларнинг орасида юқорида таъкидлаганимдек, сиёсий маданияти юксак, тафаккури теран, интеллектуал билимга эга, ўз конкрет таклиф мулохазалари билан мамлакат тараққиёти ривожига хисса қўша оладиган сиёсий этикадан хабари бор, анча жиддий инсонлар ҳам йўқ эмас.


Агар Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири жаноб Абдулазиз Комиловнинг баёнотидаги гаплар амалга ошса, бир нарсани унутмаслик керакки, мухолиф кайфиятдаги гурухлар аввало ўз партияларини давлат рўйхатидан ўтказиш пайига тушишлари, партиялари рўйхатдан ўтгандан кейин парламент таркибидан квота, эркин фаолият юритишлари учун партияга алохида офис талаб қилишлари табиий. Яъни бундай баёнот ортидан амалдаги ҳукумат шунақа жиддий сиёсий ислохатларга ҳам тайёр турмоқлари керак демоқчиман.


Албатта бу баёнот Ватанимизда ҳақиқий маънода демократик жараёнлар бошланганидан, яқин ўтмишда йўл қўйилган хато ва камчиликларга бархам берилиб, жамият жарохатлари секин аста тузалаётганидан дарак бераётгандай илиқ тааасурот қолдиради.


Айрим сабабларга кўра Ватанни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф фикрли ватандошларимизнинг фуқаролиги бекор қилиниши эса, айнан ўша яқин ўтмишимизда йўл қўйилган энг қўпол сиёсий хатолардан бири деб хисоблайман.


Шу мудхиш хато ҳам тўғриланса, собиқ президент И.А.Каримов буйруғига асосан фуқаролигини йўқотган ўзбекистонликларнинг фуқаролиги қайта тикланса, ўзлари реабилитация қилинса, юқоридаги баёнотнинг жиддий эканини исботловчи яна бир  улуғ тарихий иш амалга оширилган бўлар эди.


Ҳар қандай ўзини ва халқини хурмат қилган Давлат раҳбари агар мамлакат тарихида келажак авлодлар хотирасида то абад адолатли ҳалол президент сифатида  қолишни истаса, жамиятда шундай фундаментал сиёсий ислохатларни амалга оширмоғи керак бўлади.


Сўзим сўнгида шуни таъкидлагим келадики, бугун амалга оширилаётган бу  сиёсий ислохатлардан амалдаги хукумат ҳам, халқимиз ҳам, жамиятимиз, мамлакат иқтисодиёти ҳам фақат ва фақат фойда кўради. Негаки демократик жараёнлар биринчи навбатда бюрократияга бархам бериб, жамиятда қонун устиворлигини таъминлайди ва мустахкамлайди.


Қонун ишлаган давлатга эса хорижий инвесторлар ёприлиб келади, қўрқмай маблағ ётқизадилар.
Бу борада президент Мирзиёев ва унинг ҳукумати олиб бораётган сиёсатни, амалга оширилаётган ислохатларни жуда тўғри дея баҳолайман.

 


6/11/2021.
Кундуз соат 2:12.
Канада, Онтерио.