Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Янги шеърлар

 

Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
-----------------------

Холдор Вулқон 1959 йили Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида туғилган. Тошкент Миллий Университетини тамомлаган.У 1975 йилдан буён бадиий ижод билан шуғилланади. Шу кунгача у рус ва ўзбек тилларида тўртта шеърий тўплам, қатор ҳикоялар, бешта повесть ва иккита роман ёзган. Шунингдек Холдор Вулқон кўплаб япон шоирларининг шеърларини ўзбек тилиган таржима қилган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Тақдир тақозоси билан Канадада яшайди. Мукофот ва унвонлари йўқ.



------------------------

Турли йилларда ёзилган шеърлар

 

 


------------------------

Мақсад
-------------------



Том устида ғамгин порлаётган ой,
Гапирсангчи ахир, нимасан, кимсан?
Нечун телефонга жавоб беролмай,
Унсиз йиғлаётган аёлдай жимсан?

Дарёга сакрама, бу йўлдан қайтгин,
Далаларни ёрит, ҳунаринг ишлат.
Боқиб дарчадан у аёлга айтгил,
Тунлар йиғламасин, ёстиқни тишлаб.

Бир кун кўзларига боқарман тўйиб,
Сакраб ўтиб, пахса девордан боққа.
Сўнгра, тиззасига бошимни қўйиб,
Топшираман жонни жаноби Ҳаққа.



--------------------
23/06/2022.
Кундуз соат 10:45.
Канада, Онтерио.

 

 

-----------------
Кузги соҳилда.
------------------



Ойдин соҳилларни кўтариб бошга,
Бақалар жўр бўлиб, вайсар, валақлар.
Осмон юзин юлдуз сепкили босган,
Жим сукут сақлайди сомеъ дарахтлар.

Шамол шоли ғарам қилинган жойга,
Бориб, дехқон билан шоли шопирсин.
Бир зум сўз навбатин беринглар ойга,
Ой ҳам гапирсин.



--------------------
25/06/2022.
Кундуз соат 10:45.
Канада, Онтерио.

 

 

-----------------------
Субҳи содиқ
------------------------


Топталди бепоён осмон гулхани,
Милтиллайди юлдуз чўғлари ҳамон.
Ўз нурига хорғин ўзи чулғониб,
Ой сузар оҳиста мағрибга томон.

Ғира шира зулмат, тонг саҳар пайти,
Сокин сукунатга тутаман қулоқ.
Буғдойзор томонда қайта ва қайта,
Бедана хотинин қўяр қумталоқ.



---------------------------
15/02/2020. Канада, Онтерио.

 

 

------------------
Капалак бўрони
-------------------



Эсингдами, бир кун, сайр қилиб юриб,
минг - минглаб оппоқ калакларнинг
қуршовида қолиб кетгандик иков?
Бир бирини қувлаб, учарди улар
гулларга қўнишни сира истамай.
Фақат қўнар эди чарчаса, сенинг
сочинга ва қайрилма киприкларинга.
Айрилгимиз ва уйга кетгимиз келмай
узоқ вақт сайр қилгандик бирга
оппоқ капалаклар бўрони аро.
Дов дарахт, кўчалар, одамлар, уйлар
кўринмай кетганди капалаклардан.



-------------
24/06/2022.
Кундаз соат 3:51.
Канада, Онтерио.

 

 

-----------------
Ёз оқшоми
-----------------



Ўт -ўлан кокилин авайлаб тарар,
Дайди шаббоданинг кемшик тароғи.
Буғдойзор устида беғам, безарар,
Ярақлайди ойнинг ўткир ўроғи.

Хомуш порлар дарё ортида чироқ,
Сўлим салқин боғлар, ёзнинг ҳавоси.
Қўл етмас юлдузлар сен каби йироқ,
Пўкиллар зулматда кўппак овози.

Ой борлиқни оппоқ нурга белади,
Тинди автоулов ғовур ғувири.
Очиқ дарчалардан кириб келади,
Бақаларнинг маҳзун шивири.



--------------
24/06/2022.
Кундуз соат 11:57.
Канада, Онтерио.


 


------------------
Қахқаха
--------------------


Боғларда санғийди дайди шаббода,
Юлдузлар осилиб турибди аранг.
Ой, мени кечиргил, билмай, мободо,
Тирноқлаган бўлсам дилдаги яранг.

Сочинг устарада таглаб қирибсан,
Мўйчинакда юлиб, кипригу қошинг.
Осмон саҳросида ёлғиз юрибсан,
Арчилган тухумга ўхшайди бошинг.

Кезасан, кимнидир тополмай, истаб,
Бақалар соҳилда сафсата сотар.
Тақир бошинг кўриб, кулгиси қистаб,
Булбуллар ойдинда қахқаха отар.



-------------------
24/06/2022.
Кундуз соат 11:35.
Канада, Онтерио.

 

 

-------------------
Таппи
------------------



Ўтин, кўмир қиммат, қувирда газ йўқ,
Дов дарахтни кесиб, тугатдим ёқиб.
Қорин очу, аммо доим кўнгил тўқ,
Шукр, яшаяпман, увадам оқиб.

Мўрилардан асло ўрламас тутун,
Қор қоплаган йўлда кўринмас биров.
Ғувиллар елвизак, кийимим юпун,
Кулбам дарчасини қоплабди қиров.

Ишонмассиз балки, свет йўқ десам,
Чироқ ёнмасмикин то рўзи махшар?
Юлдузлар эслатар чўғни, ой эса,
Деворга ёпилган таппига ўхшар.


23/06/2022.
Кундуз соат 1:34.
Канада, Онтерио.





--------------
Дуо
--------------



Талпингандай азиз авлиёларга,
тонгда йўл оламан ёлғиз бир ўзим,
олмоқ учун, ҳеч ким йўқламай қўйган
кимсасиз, туманли боғлар дуосин.
Дуо қилар мени маҳзун пичирлаб,
ғариб, кузги ярим ялонғоч боғлар,
ўраниб туманлар увадасига.



---------------------
21/06/2022.
Эрта билан соат 7:23.
Канада, Отерио.





-------------------
Қиш кечаси
------------------



Деразам ортида қашқирга ўхшаб,
Изғирин шамолда увиллайди сим.
Йўлда гоҳ интилиб, гоҳида тўхтаб,
Қорларга беланиб, борар аллаким.

Кўчага қарайман пастак дарчадан,
Зулмат - қор қоплаган ибтидоий ғор.
Шаҳар ухлаб ётар, итдек чарчаган,
Фонус, мунғайганча майдалайди қор.



--------------------
18/06/2022.
Кеч соат 5:56.
Канада, Онтерио.




-------------
Август
-------------



Ёлғиз ўзим билан ўзим кенгашиб,
Дала даштни кездим, феълимга кўра.
Йўл менинг ортимдан келди эргашиб,
Қайт! -десам, ортига қайтмади сира.

Тўрғай вижирлади, овози тиниқ,
Тутиб олгим келди, қўлим узатиб.
Дайди капалаклар галаси мени,
Уйга етгунимча қўйди кузатиб.



---------------
18/06/2022.
Кундуз соат 3:47.
Канада, Онтерио.




-----------------------
Ўрик гуллаган кеча
-------------------------



Юлдузлар босирқаб, қайгадир учар,
Тўлин ой тўшайди йўлакларга бўз.
Одамзод кўринмас бўм бўш кўчада,
Шуълалардан қамашади кўз.

Шаббода ховлидан ховлига шошар,
Тунни зириллатар чирилдоқ оҳи.
Талпинар кўчага деворлар оша,
Ойдинда гуллаган ўриклар шохи.



-------------------------
13/03/2020.Канада.



------------------
Кўклам чақинлари
--------------------



Боғларга очилган дарчалар роми,
Сукунатга чўмган ўтлоғу дала.
Шивирлар баҳорнинг ёмғирли шоми,
Оҳиста, ҳеч кимга бермасдан ҳалал.

Ёмғирли зулматда узоқ яқинлар,
Хаёлга ботгандай чароғон кунсиз,
Чақнайди олисда ғамгин чақинлар,
Осмон билан ерни пайвандлаб унсиз.



---------------------------
16/03/2020.
Эрта билан соат 8:43.
Канада, Онтарио.




----------------
Нийят
-----------------



Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Одам бўлиб, элнинг корига яраб,
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Юлдуз инсон кўзи илғамас жойга,
Найзадай саросар учса овозсиз.
Соатлаб термулсанг порлаган ойга,
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.



------------------------------
7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1:56.
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

Холдор Вулқоннинг "Больше не умирай" номли шеърий китоби Ўзбекистонда, азиз Ватандошлар қўлида.

 

 

 


---------------------
Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги
---------------------------

Хорғин куз ёмғири ёғиб, чарчаган,
Ёмғирда ойнадек ювилган туйғу.
Одамлар хаёлчан қарар дарчадан,
Ўйчан кўзларида исмсиз қайғу.

Кўлмак кулгичида кумуш халқалар,
Пичирлар дуогўй ёмғирнинг лаби.
Бир юпун мажнунтол маҳзун чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.

Охир тамом бўлди ёмғир кўз ёши,
Табиат йиғидан тўхтади, тинди.
Гулларнинг ер қадар эгилди боши,
Борлиққа сукунат, ҳаловат инди.

Хаёлчан, тортинчоқ боғлар бир ёнда,
Мармардай ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.

--------------------------
9 июл, 2011 йил.
Тунги соат 2:36.
Торонто шаҳри, Канада.



----------------------
Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши
----------------------

Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.

Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўкиб ётар кўзгуга гўё.

Фироқ жисму жоним қиймалар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм - юм.

----------------------------
31 июл, 2011 йил.
Кундуз соат 1:29.
Торонто шаҳри, Канада.



----------------------
Хазонларга кўмилди йўллар
---------------------

Ловуллаб ёнаркан кузги гулханда,
Гув урар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Қағиллар сукунат қўйнида зоғлар.

Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинганда аёлга ўхшаб,

Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?

---------------------------
13 август, 2011 йил. Кундуз соат 3:23. Торонто шаҳри, Канада.




-------------------
Ёлғизлик
-------------------

У стол устида ётган қоғоз марказига
қалам билан нуқта қўяркан, деди:
- Бечора, қанчалар ёлғиз у
қоғознинг қор босган далаларида!..
Сўнгра шоша пиша ўчиргич билан
ўчираркан нуқтани, ўзига ўзи:
-Энди қорбўронда кўринмай кетди -
деди, қайғу билан чуқур хўрсиниб.
Сўнг дераза ортида бўралаб ёғаётган
тунги лайлакқорга термулди узоқ.

-------------------------
05/02/2020.
Кеч соат 5:55.
Канада, Онтарио.



----------------------------
Зулматларда учқунлайди қор
-------------------------

Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
Қўлидаги ўқилмаган хат.
Кимсасизлик, сукунат балки,
Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.
Мен бўлсам,
Кузги далаларда, тунги зулматда
Ёлғиз увлаётган қора шомолман.
Сен пастак дераза ёнида,
Қировли гулзорда булбулни кутиб,
Музлаб қолган атиргулмисан?
Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
Ёруғ ойналарга талпинаётган
Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..
Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
Сочлари қувв оқарди қишнинг?

-------------------------------
20 август, 2012 йил.
Кундуз соат 3:20.
Торонто шаҳри, Канада.



---------------------
Художўй одам
--------------------

У Худога ишонади, лекин Худо ишонмас унга.

-----------------------------------
2021 йил, Канада.




--------------------
Шом ҳасрати
--------------------

Олис океанлар ортида қолган,
Уй эшиги балки турар очилиб.
Ва ғамгин шуълалар тўшалган полда,
Китобларим ётар сочилиб.

Пастак кулбаларда чироқ ёқарлар,
Далалар осуда сукутга чўмар.
Сўнгра юм - юм йиғлаб искабтопарлар,
Шом ҳасратин соҳилга кўмар.

Юлғун ўсган баланд жарлар узра жим,
Сас - садосиз аста кўтарилса ой,
Ёришиб кетади менинг лабларим,
Лаълин лабларинга мухр босган жой.

Ёдга тушса ногоҳ дарёнинг лаби,
Ёлғиз у дамларни эсласанг гоҳи,
Тунни зириллатиб чирилдоқ каби,
Узоқ чириллайди севги арвохи.

-----------------------------
9 апрел, 2011 йил.
Кундуз соат 3:35.
Торонто шаҳри, Канада.



---------------------
Ипи қўлдан чиққан пуфак каби ой
--------------------

Поёнсиз самолар сахросида қуёш,
Думалар ёнаётган шувоқ сингари.
Далаларга қўнар шом хасрати ювош,
Чўкар дарёларга ойнинг лангари.

Чирилдоқ гоҳ жўшиб, гоҳида тўхтаб,
Чириллар, тополмай беркингани жой.
Ипи қўлдан чиққан пуфакка ўхшаб,
Осмонга оҳиста кўтарилар ой.

-----------------------------
25/01/2020.
Эрта билан 9:51. Канада, Онтарио.



-------------------
Тунги қўнғироқ
------------------

Йўловчи туртиниб борар кўчада,
Қорзарралар аро, кўзлаб уйини.
Қайсидир дарчада чироқ ўчади,
Чирпирайди телба қорлар қуюни.

Қор ҳамон қиялаб ёғади тинмай,
Халойиқ донг қотиб ухлаган пайти.
Зулматлардан менга сўнги трамвай,
Қўнғироқ қилади қайта ва қайта.

---------------------------
24/02/2020.
Эрта билан соат 9:56.
Канада, Онтарио.



-------------------
Қатъий қарор
------------------


Етар дайдиганим, қайтаман уйга,
Кечиргандир мени ҳоким ҳукумат.
Соғинтирди шамол капалак қувган,
Қадрдон далалар, сокин сукунат.

Бошда яғир дўппим, қўлтиғимда қоп,
Жўнайман ўрилган буғдойзор томон.
Тиғдай ярақлаган паншахани об,
Эл билан далада тўплайман сомон.

Қайлардадир эшак ханграйди узоқ,
Майналар қўнади сигир шохига.
Тўхтаб кенг далада, тутаман қулоқ,
Узоқдан ҳасратли какку оҳига.

Қадрдон сўқмоқни излаб топаман,
Менга бош ирғайди ўтлоқда бия.
Ҳайратдан очилган оғзим ёпаман,
Ари-пари кириб кетмасин дея.

Ёлғиз, "Чўчқахона"* томонда юрсам,
Дил қушим қутилган каби тузоқдан.
"Зилолмос"* тарафда хайқириб, хурсанд,
Поезд гудок берар менга узоқдан.

-------------------------------
19/02/2020. Канада.



-------------------
Ландавур дарахтлар
--------------------

Зулматда лайлакқор ёғар бўралаб,
Пичирлайди дарча, алахлар.
Оппоқ қорлар кафанига ўраниб,
Менга бундай боқманг, дарахтлар.

Қарайсиз қор босган йўлга интизор,
Кафандай оқарар қор босган дала.
Кезаман, пойимда хуррак отар қор,
Қорбўрон уйларнинг ойнасин ялар...

Яланг шохингизда қиров ярақлар,
Чиқмайди кулбангиз томидан тутун.
Кўмир бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, дарахтлар,
Наҳот тополмайсиз бир боғлам ўтин?..

-------------------------
29/02/2020.
Кундуз соат 12:20.
Канада, Онтарио.



-----------------
Кузатаман мағрибга ойни
-----------------

Шудрингларда чўмилди ўтлоқ,
Еллар билмам чопади қайга.
Хурар хориб, чарчаган итлар,
Том устида порлаган ойга.

Саёқ шамол, девона, дайди,
Кезиб юрар мен билан бирга.
Ой узоқроқ хаёл сурсайди,
Шууримни тўлдириб нурга.

Қизаради дарчалар кўзи,
Илғаб зўрға бир метр жойни.
Ярим кеча, ёлғиз бир ўзим,
Кузатаман мағрибга ойни.

---------------
18/06/2022.
Кундуз соат 11:25.
Канада, Онтерио.



----------------------
Юлдузлар дарёга тўкилди тутдек
----------------------

Буғдойзор томонда сўқмоғу йўллар,
Чизиқларга жуда ўхшар кафтдаги.
Шафақдан қизарди дарёю кўллар,
Ботар уфқларга қуёш лаппаги.

Шом лангар ташлаган ўтлоқда айғир,
Жимгина ўтлайди, кўтармай бошин.
Ой аста юксалар беғам, беқайғу,
Ёритиб, сувдаги соҳиллар тошин.

Юлдузлар синиғин бўлмайди бутлаб,
Шамоллар ортимдан эргашди итдек.
Қадам товушимдан юлдузлар титраб,
Дарё сувларига тўкилди тутдек.

----------------------
17/06/2022.
Кеч соат, 8:17.
Канада, Онтарио.



------------------
Ёлғизлик
-----------------

Гоҳо узоқлашар, гоҳ келар яқин,
Шамол ўпкасини илганча чўпга,
Қилич ялонғочлар зулматда чақин,
Қалдироқ осмонни тутади тўпга.

Куз келса, кенг дала қолар хувиллаб,
Қушлар ҳам йўл олар жанубга томон.
Дарбадар, эгасиз итдек увиллар,
Яйдоқ далаларда савдои шамол.

Хочпарчин қилинган Исодай юпун,
Қўриқчи йўлларга боқади илхақ.
Койийди ўзини,  олмагани учун,
Қайтишга муҳожир қушлардан тилхат.

Узун енгларини силтаб галага,
Қўриқчи рақс тушар, кўйлаги бўздан.
Бечора, бир ўзи бийдек далада,
Ёлғиз яшайвериб ақлдан озган.

--------------------
15/06/2022.
Кеч соат 8:14.
Канада, Онтерио.

 

-------------------
Тазарру
-------------------


Бўлар бўлмас гапларни айтиб,
Озор бердим дилинга чоғи.
Кечир энди, ортинга қайтгин,
Шоирларнинг бўлмайди соғи.

Ёлборсамда, ортга қайтмадинг,
Етолмадим, ортингдан қувлаб.
Чурқ этмадинг, бир сўз айтмадинг,
Бошин урди қирғоққа сувлар.

Қалбинг тошдан эмас, ҳойнаҳой,
Кечир мени, ранжитган бўлсам.
Сен ҳам кетсанг, шуълаафшон ой,
Ким бошимда йиғлайди, ўлсам?


---------------
20/06/2022.
Кундуз соат 3:59.
Канада, Онтерио.


 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)