Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

 

Қорақалпоқ халқига мурожаат



Бу дунёда ҳамма катта фожиалар кичкина нарсалардан бошланади. Худди, бир дона гугурт чўпи ёниши оқибатида бепоён ўрмонларга ўт кетгани каби.Биз Ўзбеклар Қорақалпоқ халқи билан асрлар оша бир худудда, худди бир оила фарзандларидай аҳил иноқ яшаб келганмиз ва бирга яшамоғимиз керак. Мен бир ёзувчи сифатида ҳамиша сизларнинг маданиятингизни, миллий урф одатларингизни ҳурмат қилиб келганман. Ҳатто ўз асарларимда ўзим туғилиб ўсган олис қишлоғимиз аҳолиси орасида тинч тотув яшовчи Қорақалпоқлар ҳақида кўп ва хўп ёзганман.Болалик чоғларим Қорадарё соҳилига жойлашган Қорақалпоқлар хуторида қорақалпоқ болалар билан ўйнаб, катта бўлганман.Шамолларда шаршарадек шовуллаган толзорлар, танасига қулоч етмас азим теракларда шом қушларининг қулоқни батанга келтиргувчи шовқини, ариқларда тўлиб тошиб оқадиган сувлар, бошига Қорақалпоқларнинг миллий бош кийимини кийиб олиб, сувлари кўзгудай тип - тиниқ шолипояларда шоли ўтаётган Йўлчибой тоға, Сотиболди тоға, Мирзабой тоғаларнинг қиёфалари, соҳилдаги жийдазорлардан эшитилгувчи каккуларнинг ҳасратли оҳи ҳамон ёдимда. Бир вақтлар марказий телевидения орқали ҳаво мавжларига узатилган Қорақалпоқ телеспектаклида ҳушомадгўй аёл образини яратган бир истеъдодли қорақалпоқ актрисасининг калондимоғ, кибрли бошлиққа ҳар икки гапнинг бирида:- Ниёзпатиллаевич! О, Ниёзпатиллаевич! -дея мурожаат қилиб, бутун Ўзбекистон халқларини кулдириб қотирганини жуда кўп эслайман. Кейин билсам, Ниёзпатиллаевич дегани Ниёз Патхиллаевич дегани экан. Шуурим тахтасига балиқ тангасидай ёпишиб қолган ўша сўз ёдимга тушса, ўзимча кулиб қўяман. Қишлоғимизда Қорақалпоқлар кўп. Улар қувноқ, ҳазил ҳузулни яхши кўрадиган, очиқчеҳра, кўнглида кири йўқ одамлар. Ёшлигимда Бекмирза деган Қорақалпоқ синфдошимдан расм чизиш сирларини ўрганганман.Ҳамқишлоғимиз, Қорақалпоқ миллатига мансуб ёши саксонни қоралаган Ўлжабой исмли овчи акамиз ҳозиргача оёқларининг бош бармоқларига леска ипини илиб, маҳорат билан тўр, матрап тўқийди, ойдин кечалар Қорадарёнинг чуқур сувларига тут новдаларидан тўқилган газа, гажавани ташлаб, қоп қоп балиқ тутади.Мен Ўлжа акамга бағишлаб, бир нечта шеърлар ҳам ёзганман.Бизнинг қишлоқда яшайдиган Қорақалпоқларнинг миллий манфаатлари ҳеч қачон оёқ ости бўлмаган, урф одатларию маданияти асло камситилган эмас. Улар ҳозиргача ўзаро қорақалпоқ тилида гаплашадилар ва биз уларнинг тилини ҳеч қандай қийинчиликсиз бемалол тушунамиз. Демоқчиманки, ёнғин дахшатли тус олмаслиги учун учқуннинг ўз вақтида ўчирилгани яхши. Донишманд халқларимизда "Душман иши бошлангунча" деган ҳикматли гап бор. Фақат бизнинг мустақил Ўзбекистонимиздагина эмас, бутун Марказий Осиё минтақасида кечаётган давлатлараро дўстона интеграциялашиш жараёнини, тинчлик тотувликни, ҳамжихатликни, осойишталикни, кўролмайдиган, ғаразли нийятдаги ғаюр кучлар йўқ дея ҳеч ким кафолот беролмайди. Азиз Қорақалпоқ Ватандошларим!Сиз билан биз дини, тили, маданияти, урф одатлари бир бирига эгизаклар каби ўхшаш икки халқ фарзандларимиз. Сиз билан биз, тинч, тотув ҳаётимизни кўролмайдиган кўзга кўринмас, писмиқ ёвларнинг, ғаюр ёғийларнинг провокацияларига, фитналарига учмай,ўз уйимизга ўзимиз ўт тортмай, тинч тотув, сиёсий гармонияда, яъни уйғунликда, бағрикенгликда ягона оила фарзандаридай аҳил иноқ яшашимиз керак.  Ёвларнинг "Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил" деган шум нийятларини дастаклаб, ўзимизни махв этишларида уларга кўмаклашмайлик. Ҳар қандай муаммони сиёсий музокара йўли билан ҳал қилишга одатланайлик.Ёв тутқазган машъала билан ёнувчан бензин тўла цистернага бош суқиб қарамайлик. Ҳамиша юртимиз тинч, халқларимиз Яратган Парвардигорнинг панохида бўлсин!




03/07/2022.
Кеч соат 9:10.
Канада, Онтерио.