Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Яшасин, Миллий Мустақиллигимиз ва Ватанимизнинг худудий яхлитлиги!

 



Машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэй ўзининг "Чол ва денгиз" повестида фақат қартайиб қолган чолнинг матонатинигина куйламади. У жамиятдаги муаммоларни кубалик балиқчи чол Сантяго образи орқали очиб берди. Эсланг,  қариб қолган балиқчи "Гольфстрим" маторли қайиғида бир ўзи очиқ денгизга чиқади ва минг меҳнат, машаққат билан тутиб олган узунлиги беш метр, оғирлиги 800 килограмм келадиган улкан балиқни қайиқнинг қуйруғига боғларкан, қирғоққа қараб сузади. У қирғоққа етиб борганда, улкан балиқнинг скелети қолган эди ҳалос. Балиқни очофат акулалар хомталаш қилади. Ҳа, агар қўйиб берилса, ёвлар турли қилвир, қинғир йўллар билан ўша акулалар каби оз оздан хомталаш қилиб, сохта референдумлар ёрдамида аннексиялаб, суверен бир давлатнинг худудий яхлитлигига путур етказадилар. Айнан шу кунларда писмиқ ва аламзада ёғийлар, бир худудда асрлар оша ўзбек ва бошқа халқлар билан ягона оила фарзандларидай тинч, тотув, аҳил иноқ яшаб келаётган қардош Қорақалпоқ халқини бошқа халқларга гиж гижлаб, йўлдан уришга ҳаракат қилмоқда. Юқоридаги ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, тахликали вазиятда биз Ўзбекистонликлар ўша кубалик балиқчи каби ёлғиз ҳаракат қилмай, ҳар доимгидан ҳам махкамроқ, мустахкамроқ бирлашиб, жипслашиб, бир тан, бир жон бўлиб, жонажон Ватанимиз Ўзбекистон ҳимояси учун тайёр турмоғимиз, Ватанимизнинг  бир сантиметр эмас, бир миллиметрини ҳам айёр ва маккор ёвларга олдирмаслигимиз керак. Эй азиз Ўзбекистонликлар! Ватандошлар, донишманд ота - боболаримизнинг "Бирлашган ўзар" деган ҳикматли сўзларига қатъий амал қилайлик! "Бўлинганни бўри ер" дейди халқимиз. Ватан муҳофазаси ўртага чиққанда, дунёнинг қайси четида яшашимиздан қатъий назар, гина кудуратни четга отиб, бирлашиб, ягона қудратли кучга айланайлик, нафақат ўзимиз, балки тилимиз ва дилимиз ҳам бир бўлсин. Бундай жиддий вазиятларда аравани турли тамонга тортиш, ёвларга кўмаклашишдай жирканч бир иш, бизга нон, туз бериб, улғайтирган халқимизга, ватанимизга хиёнат, туз еб туздонга туфлаш, кўрнамакликдан бошқа нарса эмас! Арзимаган манфаат учун ёв тутқазган тутантириқ билан ўз уйимизга ўзимиз ўт қўймайлик!
Яшасин, Миллий Мустақиллигимиз ва Ватанимизнинг худудий яхлитлиги!




04/07/2022.
Кундуз соат 12:49.
Канада, Онтерио.